Ҳушёрхонага тушмаслигим ҳам мумкин эди, тил қурғур панд берди. Йўл четида гаплашиб турган иккита милисани кўриб, мен учун гўё вақтнинг аҳамияти бордек, соат неча бўлганини сўрадим. Ўн икки, деб бепарво жавоб қилди биттаси. «Тунги ўн иккими, кундузгими?» – деганимдан кейин улар менга алоҳида эътибор билан тикилишди. Бир пайт қарабсизки, икки тирковуч билан оёғим ерга тегмай кетиб боряпман. Энди бу ёғи – «Фарғона тонг отгунча …»
Бахтимга ҳушёрхонадаги сув қувурлари таъмирланаётган экан, мени чўмилтириб ўтирмасдан, тўғри ётоққа олиб киришди. Навбатчи: «Анови олтинчи каравотга ағдарил», деб четдаги бўш жойни кўрсатди.
– Мўмай иштараф олишни биласанлар, – деб навбатчига зарда қилдим мен. – Алоҳида хона беринглар.
Навбатчи индамасдан ташқарига чиқиб, эшикни шарақлатиб ёпди. Тўртинчи ўриндиқдаги мешқорининг хуррагидан қулоқ батанг бўлганича гандираклаб бориб, ўзимни каравотга ташладим. Шу вақт биқинимдаги бешинчи каравотдан момақалдироқдек овоз янгради: «Ҳов, умрингда кўрпа кўрганмисан? Оёғни ёстиққа узат-динг-ку, палид».
Чап кўзимни қия очиб қарасам, районимизнинг энг обрўли пиёнистаси Юнус-градус рўпарамда ёнбошлаб ётибди, кайфим ёзилиб кетди. Гавдамни аранг кўтариб, илжайганимча унга қўл чўздим. У кафтимни қаттиқ тутамлаб, кутилмаганда мени ўзига тортди.
– Кечадан бери бошоғриққа даво тополмай ётибман, – деди у ёқамдан ғижимлаб. – Қани оғизни оч, ҳидлаб бир хуморбосди қилайлик.
Юнус-градус булғор қалампирга ўхшаш бурнини оғзимга тиққудек бўлиб, усма-уст чуқур нафас олди. Ҳар нафас олганда чеҳраси бир шамдан ёришиб борди. Ниҳоят ёқамни қўйиб юбориб, ҳузур қилганича пича сархушнамо тебраниб турди: «Оҳ, оҳ, оҳ! Свежий экансан!» – деди. Охирги юз элликтани отганимга ярим соат бўлгани йўқ, дея фахрланиб жавоб қилдим мен. Яна нимадир демоқчи эдим, тўртинчи каравотдаги хурракбоз уйқусираб, эрсак-терсак алжирашга тушди:
– Алдама! Биламан, ўйнашинг бор! Ё бир сўм бер, ё уч талоқсан !
Юнус-градуснинг қўллари асабий титраб, тишлари ғижирлади. Оғир гавдасини бесўнақай юмалатиб, нариги ёққа ўгирилди-да, хурракбознинг курагини мўлжаллаб мушт туширди. Мана сенга «уч талоқ»! Хурракбоз қашқирнамо чўзиқ ғингшиб қўйди-ю, уйғонмади. Мен фурсатдан фойдаланиб, секингина кўрпа орасига кирдим, «балодан ҳазар», дея бошимни буркаб олдим. Юнус-градус бир зум ўзича ғудраниб ётди, кейин қироат билан шеър ўқишга тутинди:
Жаннатда ҳам ҳуру ҳам май бўлармиш,
Ҳаммаси мўл-кўлу мўмай бўлармиш.
Биз маю маъшуқни севсак арзийди,
Чунки оқибат ҳам шундай бўлармиш…
Сўнг у каравотимни қаттиқ тепиб, дағдаға билан сўради:
– Ҳов, палид! Буни ким ёзганини биласанми?
Индамай ётганимдан жаҳлланиб, каравотимни бу гал ағдаргудек қилиб тепди:
– Билмайсанми? Шундай машҳур шоирни-я?!
«Машҳур шоир» деганини эшитиб, тезда ўзимни ўнглаб олдим.
– Нега билмас эканман, – дея кўрпамдан дадил бош чиқардим мен. – Эркин Воҳидов ёзган.
Шундай дея, «…кўкси осмо-о-н ўзбеги-и-и-м», деб хониш қила бошлаган эдим, у узалиб туриб гарданимга муштлади.
– Мана сенга ўзбегинг!
Кейин: «Умар Ҳайёмдек зотни билмасанг, ичиб нима қиласан, палид», деб бўралай кетди.
Бекордан-бекор калтак ейиш менга жуда алам қилди. Ҳеч бўлмаганда эллик граммни талашиб ёқалашсанг бошқа гап. Ўргилим сендақа олимдан! Ҳайёмовлар билан нима ишим бор? Мендан райондаги буфетларни сўра…
– Сен-чи? – энди тўртинчи каравотдаги хурракбозни туртиб уйғотди Юнус-градус. – Умар Ҳайёмни биласанми?
Хурракбоз «ҳм-м, ғм-м», дея пича алаҳсираб тургач, қатъий бош тебратди:
– Йўқ! Бу ерга кўп тушганман, аммо-лекин Умар деган билан ётмаганман.
– Мана сенга Умар!
Юнус-градус хурракбозни бир зарбдаёқ каравотга михлади.
– Чаласаводлар! Маданиятсиз палидлар! – Юнус-градуснинг фиғони фалакка чиқиб, ўрнидан туриб кетди, хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. – Умар Ҳайёмни билмаган кўр бўлади! Кўрсан иккаланг! Кўрсан! Ё ёлғонми?!
– Кўрман, – дея шумшайиб боқди хурракбоз.
– Тўғри, кўрман, – дедим мен ҳам чақчайиб туриб.
– Мана ҳозир кўзингни очаман! – деб қаршимга келиб ёнбошлади Юнус-градус. – Қани, Умар Ҳайёмнинг кимлигини топмай кўр-чи? Сени барибир маданиятли қилмасдан қўймайман!
– Яна зўравонликми? Намунча хўрлайсизлар? – дея туйқус йиғлаб юбордим мен. – На ташқарида кун беришади, на ичкарида. Қани ҳақиқат?
Юнус-градус полдаги маймоқ ботинкасини олиб, аямасдан бетимга урди:
– Мана сенга ҳақиқат!
Кўзим олдида ўт чақнаб, увиллаб юбордим. Пешанамнинг пошнадаги нағал теккан жойидан шириллаб қон оқа бошлади. Қичқириқни эшитиб, хонага кирган навбатчи нима бўлганини суриштирди.
– Пешанам-ку ўзи шўр эди, – дедим мен. – Ҳақиқатни талаб қилсам, баттардан пачоқлашди.
– Ким урди ўзи? Нима билан урди?
– Мажбурий маданиятнинг дастидан дод! – деб бақирдим мен. – Маймоқ ҳақиқатдан дод!
– Бас қилинг, гражданин! – дея пўписани бошлади навбатчи. – Нималар деб валдираяпсиз? Қанақа ҳақиқат?
Тўртинчи каравотдаги хурракбоз тиржайиб туриб, менинг ўрнимга жавоб қилди:
– Ве-ҳа-ҳа… Маймоқ ҳақиқат! Нағалиям бор!
1976 йил