Чакалакзор султони Фил эртак китобни варақлаб ўтириб, қадимги ҳукмдорлар саройида ўқтин-ўқтин мушоиралар ўтказиб турилгани, шеърхонлик баҳсида ғолиб чиққан шоирлар тақдирлаб борилгани ҳақидаги жойига беихтиёр кўзи тушиб қолди.
«Наҳотки, менга тобе бўлган жониворлар ичида шеър ёзишни уддалайдиганлар топилмаса? – дея ўзига-ўзи савол берди султон. – Мабодо шоирлар бўлса-ю, мен мушоира ўтказиб турмасам, унда ҳукмдорлигим қаёқда қолди?»
Бақироқ жарчилар бутун чакалакзорни кезиб, султоннинг мушоира ўтказиш тўғрисидаги фармонини эълон қилиб келгач, орадан кўп ўтмай саройга шоир сиғмай кетди. Бунча меҳмонга зиёфат бериш жуда қимматга тушишидан ташвишланган Фил: «Ҳар тоифадаги ҳайвондан биттадан энг зўр шоир қолсин-у, бошқалари кетаверсин!» – деб амр қилди. Лекин «мен ўзгалардан пастроқ ёзаман», дейдиган биронта шоир топилмади, ҳаммалари қимирламай туравердилар. Охири қуръа ташлашга тўғри келди. Қуръада омади чопган шоирларни ичкарига таклиф этиб, қолганларни тарқатиб юбордилар.
Қуюқ зиёфат тортилиб, ҳамма баҳоли қудрат овқатланиб бўлгач, султон ҳар кимнинг обрўйига қараб навбат беришини дилига тугиб, ён-верига аста кўз ташлади.
– Адашмасам, сен бошқалардан анча баднафсроқсан,– деди у ниҳоят Бўрига қараб. – Мушоирани ўзинг бошлай қол!
Бўри Филга сиполик билан таъзим қилгач, тишларини иржайтириб шеър ўқишга тушди:
– Қўй жуда ҳам кўп маъраса,
Тилгинасин тийиш керак.
Тилгинасин тийиш учун
Уни шартта ейиш керак.
Теварак-атрофдагилар: «Э, қойил!», «Яхши ёзилибди!» – дея жаврай кетишди. Бўри жойига бориб ўтиргач, навбат Айиққа берилди.
Айиқ бўкириб ўқий бошлади:
– Асалари ухлаганда, бў-бў,
Асалини ўғирлайман, бў-бў.
Асалимга биров тегса, бў-бў,
Суробини тўғрилайман, бў-бў-бў!
«Чаккимас!», «Тузук ҳарҳолда!», «Асалингни ким оларди!»– деган товушлар эшитилди.
Ўртада Сиртлон пайдо бўлди. У мўйловини қимирлатиб, бир оз чайналиб тургач, минғирлаб ўқий кетди:
– Мушоира бўлган жойда, жўралар,
Тўпланиб шеър ўқиш яхши,
Менимча.
Чакалакда ёлғиз юриб, жўралар,
Кучсизларни бўғиш яхши,
Менимча.
Сиртлоннинг шаънига ҳам пойма-пой мақтовлар айтилгач, Тулки жойидан туриб, югуриб борганича Филнинг оёғини ўпди. Кейин кўзларини юмиб олиб, ёддан ўқишга тушди:
– Баъзи аҳмоқ ҳайвонлар бор,
Кавшар кўнгли тортганини.
Мен-чи, тоқат қилиб юриб,
Ейман шоҳдан ортганини.
Филнинг мамнун жилмайиб қўйганини кўриб, атрофда ўтирганлар бир-бирларига гап бермай, Тулкини мақтай кетдилар.
Зиёфат пайтида ҳаммадан чаққонроқ ҳаракат қилиб, қорнини аллақачон қаппайтириб олган Шоқол кўзларини сузиб султонга таъзим бажо келтирди. Сўнг унинг чийиллоқ товуши бутун хонани тутиб кетди:
– Мен Шоқолман, билиб қўйинг,
Менга ҳазил кетмайди.
Ҳазил қилса ҳатто ошнам,
Уйига соғ етмайди,
Менга ҳазил кетмайди!
«Ҳе, қуруқ бўлмай ўл!», «Дўқингдан ўргилдим!»– дея ўзаро шивирлаб қўйишди атрофдагилар.
Навбат ёш Қуёнга келди. У қаерда ўтирганини унутиб қўйгандек шахдам одимлаганча ўртага чиқиб, ёзган шеърини баралла ўқишга киришди:
– Атрофимда йиртқичлар кўп,
Гоҳ хавфсираб ухламайман.
Лекин, мени тинч қўйинг, деб
Зўрларга ҳеч йиғламайман.
Фил «Ҳм!» деб хартумини пешанасига тиради. Ҳамма бирдан индамай қолди.
– «Зўрлар» дейиш билан кимларга шаъма қиляпсан ўзинг? – Султонга маънодор қараб қўйиб, Қуённи сўроққа тутди Тулки. – Янглишмасам, сен фақат Бўрини назарда тутаётган бўлмасанг керак?
– Ким қандай тушунса тушунаверсин, – дадил жавоб берди Қуён.
– Тилингни суғуриб олмайин тағин! – дея ўтирган жойидан ғижиниб хитоб қилди Бўри.
Шоқолнинг кўзлари совуқ чақнади:
– Бунақа ҳазил кетмайди бизга!
Филнинг буйруғи билан ясовуллар Қуённи ушлаб, деразадан ташқарига улоқтирдилар. Уни бундан кейин ўтказиладиган мушоираларга қатнаштирмайдиган бўлишди.
Чакалакзор султони мушоиранинг бош ҳаками сифатида энг зўр шеърни Тулки ёзган деб топди ва уни мукофотлаш тўғрисида фармон берди…
1981 йил.