Барчиной томорқада ўйнаб юриб, чап қулоғидаги сирғачасини йўқотиб қўйди. Дадаси яқиндагина олиб берувди. Жуда чиройли эди, ям-яшил баргга ўхшаб ясалган эди. Балки, анави ариқчанинг бўйида ётгандир-у, Барчиной унинг тусини ўт-ўланлардан ажратиб ололмаётгандир. Балки, беркинмачоқ ўйнагиси келиб, шунчаки яшириниб тургандир.
Аям билиб қолса, роса аччиғи чиқади, энди нима қилсам экан, деб ўйлади Барчиной. Сабзи уруғи сочилган анғизда дикир-дикир сакраб, тинимсиз тупроқ титкилаётган чумчуқчани кўриб, унга яқин борди.
– Чумчуқча, чумчуқча, – деди Барчиной, – менга бозордан сирғача опкелиб бер.
Чумчуқча эса: “Чириқ-чириқ-чириқ… Бозорга борсам, дон-дун сотаётганлар менга тош отишади. Бозорга боришдан қўрқаман”, деди-ю, пир-р этиб учиб кетди.
Барчиной она товуқнинг ёнида чий-чийлаб юрган сап-сариқ жўжаларни кўриб, уларни чорлашга тушди:
– Жип-жип-жип, буёққа келинглар. Менга бозордан сирға опкелиб берсаларинг-чи, маллатойларим.
– Жип-жип… Жажжи жўжа бозорга боролмайди, – деб жувиллашди жўжалар. – Онамизга жиппа-жиппа ёпишиб юрмасак, жичча-жичча калтак еймиз.
Кейин Барчиной молхона туйнугининг устидаги кавакдан мўралаб қараётган мусичага ялинди:
– Мусичахон, мусичахон, менга бозордан сирға опкелиб бер.
– Қуққу-ғув, қуққу-ғув… Мен бола очаман деб тухум босиб ётибман, бозорма-бозор санғишга вақтим йўқ, – дея жавоб қилди мусича ва инига янада биқиниб олди.
Шу пайт тепадан: “Ҳей, қиз!” – деган овоз келди. Барчиной қараса, ёнғоқнинг баланд шохида семиз бир ҳакка кўзини чақчайтириб турибди. У митир-митир одимлаб ёнғоққа яқинлашаркан, мени “ҳей, қиз” дема, отим Барчиной, деб ҳаккага танбеҳ берди.
– Мен ҳаккавойман, шақ-шақ-шақ, – деди ҳакка. – Анави мусича билан нимани гаплашаётган эдинг, Барчиной?
– Сирғамдан биттасини йўқотиб қўйдим, – дея яна арзини айта бошлади Барчиной. – Мусичахонга бозордан сирға опкелиб бер десам, ҳозир бола очяпман, вақтим йўқ, деб унамади.
Шунда ҳакка: “Бунақа ишга, мана, биз вақт топамиз. Сен менга ёнғоқ чақиб тур, мен сенга олтин сирға олиб келиб бераман”, деди-да, шохдаги ёнғоқларни чўқиб-чўқиб тўка бошлади.
Барчиной ёнғоқларни чақиб бўлгунча, ҳакка қаёққадир бориб, тумшуғида бир жуфт сирға кўтариб келди. Сариқ-қизғиш бу сирғалар ростдан ҳам олтин бўлиб, қуёшда ялт-юлт товланиб турарди. Барчиной бу сирғаларни кимнинг қулоғида кўрганини дарҳол эслади.
– Йў-ў-қ, – деди Барчиной, – ўғирлик жудаям-жудаям ёмон нарса. Эртаклардаги ўғрилар доим жазосини тортишади. Қинғирқўл бўлсанг, сен ҳам охири бир балога йўлиқасан.
Барчиной бу сирғаларни таниб, митиллаганича қўшни ҳовлига кириб борди, бўлган воқеани айтиб, келинчак опасига тақинчоғини қайтариб берди. Узумлар соясида бош юваётиб, ҳўл бўлмасин деб ечиб қўйган сирғалари писмиқ ҳаккага ўлжа бўлганини ёш келинчак шундагина англаб етди.
Бу воқеани эшитиб, Барчинойнинг каттададаси ниҳоятда севиниб кетди, “балли, Барчиним, доим шунақа ақлли бўлгин”, деб пешанасидан ўпди. Кейин: “Бозор куни шаҳарга бориб, ўзим сенга зўр сирғача опкелиб бераман”, деди.
– Ойгулга-чи? – деб сўради Барчиной, амакисининг кулоғич қизчасига ҳам илиниб.
– Ойгулгаям албатта опкеламиз, – деди каттададаси ва Барчинойни бағрига босиб, “ҳалол қизим, сахий қизим”, дея мақтай бошлади.
Қаердадир яшириниб ётган қайсар сирғачасини эслаб, ҳануз юраги сиқилаётган Барчинойнинг кўнгли, бу мақтов-алқовлардан сўнг, бирдан ёришиб кетди.
1995 йил