Бекорчиликдан зериккан Хуррам танишларига қўнғироқ қилиб, биридан Маман банкирнинг ити Вилгельм нима еб ўлганини, иккинчисидан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан бугунги қийматини, учинчисидан Пирхон терговчининг қайнанаси қайси жиннихонада ётганини эзмаларча суриштириб чиққач, сигарет қолдиғини кулдонга дўнқайтириб босди-да, дивандан лоҳасгина турди. Ялқовланиб керишаркан, шаллақиларча янграган қаҳқаҳадан сергак тортиб, аста ортга ўгрилди.
Телевизорда кўрсатилаётган «Сеними, шошмай тур» мультфильмида бўри қуённи тинимсиз қувалар, креслонинг суянчиғига қўниб олган тўтиқуш эса, экрандан кўз узмай, қанотларини пирпиратиб-пирпиратиб кулишда давом этарди.
Хуррам ўзига бошқа эрмак топиш илинжида энди тўтиқушга ёпишди:
– Бабангида! Бу ёққа кел! Ҳушт!
Тўтиқуш гоҳ Хуррамга, гоҳ телевизорга жаланглаб, жойида қўнқайиб тураверди. Хуррам дўқ урган оҳангда қайта чорлаганидан кейингина, ҳафсаласизлик билан учиб келиб, унинг елкасига қўнди.
– Телевизорга муккангдан кетма! – тўтиқушга дашном берди у. – Бошни керакли нарсага ишлат.
Хуррам «Дунё атласи» деган китобни олиб, жавончанинг устига қўйди. Унинг ўрта варағини очди ва харитага бармоқ тираб сўради:
– Хўш, бу қайси юрт?
– Тур-р-кия… Тур-р-кия, – елкада туриб жавоб қилди тўтиқуш.
– Балли, Бабангида! Буниси-чи?
– Австр-р-ралия! Чакалакзор-р! Вах-хах-ха, вах-хах-ха…
– Туғилган юртингни кўриб суюниб кетдинг-ку, олакўз. Лекин, мен сенга айтсам, ватан-патан деганлари умумий бир гап. Тирикчилигинг қаерда ўтса, ана ўша ҳақиқий ватан…
Тўтиқушнинг ғарғарадор кулгиси таралди дегунча, танасида тутқаноқ касаллигига мойиллик сезадиган бўлиб қолган Майнахон қўлида пичоғи билан ошхонадан чиқиб келди. Тўтиқуш уни кўрибоқ, пир-р этиб бориб, дераза токчасига қўниб олди.
– Бўлди-да, дадаси. Шу тўтиқушниям жинни қипқўйманг энди.
– Жинни қилаётганим йўқ, илм ўргатяпман бунга, – ўзини оқлаган бўлди Хуррам. Сўнг эшик қўнғироғининг жиринглаши жонига ора кириб, хотинини тезда ўша ёққа бадарға қилди. – Бор, эшикни оч!
Майнахон эшикни очишга борганича, Хуррам кутганидек, ошхона томонда қораси ўчиб қолиб кетди. Хонага куйдирилган калладек тиржайиб Одамҳожи кириб келди.
– Ассаломалайкум, Хуррам Товоғивич!
Хуррам нохушгина қўл чўзаётиб «Неччи марта айтаман сенга? Одмигина қилиб Хуррам ака деявермайсанми», деб зардаланди.
Столга ўтириб, юзларига фотиҳа тортишлари биланоқ, Одамҳожи: «Бир хизмат чиқиб қолди, хўжайин», дея гап бошлаган эдики, Хуррам пешанасини тириштириб, унинг оғзини чаплади:
– Э-э, олдин нафасингни ростла, Америкаликка ўхшаб дарров ишдан гапирмагин.
Дераза токчасидаги тўтиқуш шу заҳоти гапни илиб кетди:
– Амер-р-рика… доллар-р… доллар-р…
– Ие! Тўтиқушингиз зўр-ку, Хуррам ака, – қушга завқланиб тикилди Одамҳожи. – Тўғри топдинг, тўтиқуш. Доллар бу Американинг пули.
Тўтиқуш учиб келиб, Одамҳожининг ёнидаги бўш стулга қўнди, унга қиялаб разм солди.
– Мар-р-ка… мар-р-ка… Гер-р-мания.
– Ёпирай! Бунисиниям тўғри топди-ку! – ёқа ушлади Одамҳожи.
– Р-рубл… р– рубл…
Одамҳожи ҳўпланган чойини шошилинч ютиб, тўтиқушни тилидан илинтиришга ошиқди:
– Хўш, рубл қайси юртнинг пули?
– Р-россия… Р-россия, – ҳозиржавоблик билан ариллади тўтиқуш ва кўксига қанот босиб, кўзларини сузди.– Мар-р-рия… Мар-р-русия… Вах-хах-ха, вах-хах-ха…
Хуррам тўтиқушга қўшилиб, шарақлаб кулди-да, уни бармоғида ўдағайлаб илжайди:
– Ҳе, суюқ! Сенда иш кўп.
– Балони ўзи-ку бу қуш, – тан бериб ҳиринглади Одамҳожи. – Қойилман.
– Нима деб ўйловдинг? Бунга шахсан ўзим илм ўргатяпман.
Пича у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришгач, Хуррам: «Хўш, хизмат, Одамҳожи?» – дея ниҳоят меҳмоннинг дардини суриштирди.
– Аввало, безовта қилганим учун узр, – дея сипо гап бошлади Одамҳожи. – Сизни дам олиш куни уйдан ушламасак, бошқа вақтда панд бериб кетяпсиз.
– Ўша куни сеникига бораман деб турганимда, бош буғолтиримиз туғилган кунини нишонлаб қолди. Ресторандан эртароқ жилай десам, давра совийди деб ҳеч қўйворишмади. Кейин секретарим Маржонахон рақсга тортиб, кайфчиликда ўйнайверибман, ўйнайверибман…
Хуррамнинг оғзига тикилиб турган тўтиқуш яна гурунгга суқилди:
– Р-ресторан… Р-ресторан… Мар-р-жона…
– Калласи зўр буни! – тўтиқушини мақтаб керилди Хуррам. – Кўрдингми, шу гапниям тезда илволди. Хи-хи-хи…
Одамҳожи ҳам тўтиқушнинг шаънига олди-қочди таҳсинлар айтган бўлди-ю, яна писмайиб мақсадга кўчди. Яқин мижозларидан ҳужжатсиз хорижий молни арзонроққа олиб, омборнинг бир четига босиб қўйган экан. Текширувчилар келиб, таппа босишибди.
– Ҳамма жойда танишларингиз бор, – мўлтираб ялинди Одамҳожи. – Шу ишга аралашмасангиз бўлмайди, ака.
– Ҳужжатсиз молни омборда сақлаб бўларканми, каллаварам, – танбеҳ берди Хуррам. – Ҳужжатсиз мол нима дейилишини биласанми?
Тўтиқуш гердайиб, дарҳол билимини пеш қилди:
– Контр-р-рабанда! Интер-р-пол!
– Ие! – бир сесканиб тушди Одамҳожи. – Бу қушми, ё айғоқчими?
Хуррам: «Юракни урдириб қўйибсан-ку, бола. Бу, шунчаки, телевизордан ўрганган бўлса керак», дея елка учириб кулди. Сўнг жиддийлашиб, текширувчиларнинг кимлигини сўради. Одамҳожи текширувчиларнинг исми ва иш жойлари ёзилган қоғозни узатгач, унга апил-тапил кўз ташлаб, димоғланиб деди:
– Бўпти. Чорасини топамиз.
Одамҳожининг чеҳрасида чироқ ёниб, Хуррамнинг бошидан ташаккур ёғдира кетди. Хуррам эса қуруқ раҳматлар билан қониқадиган ёшдан аллақачон ўтиб бўлган эди. Пайтдан фойдаланиб, энди ўзининг ишини битиришга чоғланди:
– Ҳалиги, кичик корхонаси бор божангга айтиб қўй. Келиб, ўринбосаримга учрашсин. Заводимиздаги баъзи ускуналарни ҳисобдан чиқариб, арзонроққа берворади. Божанг билан кейин ҳисоблашармиз.
– Бир оғиз гапингиз, ака.
Дам Хуррамга, дам Одамҳожига аланглаб, суҳбатни зоғланиб тинглаётган тўтиқуш бирдан қанотида бошини чангаллаб қичқирди:
– Кор-р-рупция! Кор-р-рупция!
Буни эшитиб, Хуррамнинг кўзлари олайди:
– Ҳей, нималар деяпсан? Ўчир!
– Айтдим-ку, Хуррам ака, – куйиниб чинғиллади Одамҳожи. – Бу қушдан яхшилик чиқмайди.
Тўтиқуш Хуррамга кўз ўйнатиб, қанотини осмонга бигизлади:
– Кор-р-рупция! Тур-р-ма! Карамшўр-р-ва!
– Оғзингни юм, аблаҳ! – бўкирди Хуррам. – Турма нималигини кўрсатиб қўяман сенга! Ҳозир ўзингни қафасга тиқаман! Ушла уни, Одамҳожи!
Иккаласи стулларни ағдар-тўнтар қилиб, тўтиқушни қувлай кетишди. Тўтиқуш ўзини у бурчакдан-бу бурчакка уриб, тўхтовсиз айюҳаннос сола бошлади:
– Ёр-р-да-а-м! Ёр-р-да-а-м!
Қўлида капгири билан хонага ҳалпиллаб кириб келган Майнахон аҳволни кўриб, бир муддат донг қотиб турди. Сўнг бир эрининг, бир Одамҳожининг олдини тўсиб, уларни шаштидан туширишга уринди:
– Ҳой, нима бўлди кап-катта одамларга? Тўхтанглар! Тўхтанглар дейман! Ба-а-с!!!
Охирги қичқириқ янгради-ю, Хуррам билан Одамҳожи генералнинг овозини эшитган аскардек таққа ғўдайиб тўхташди. Патлари тўзиб кетган тўтиқуш учиб келиб, Майнахоннинг елкасидан паноҳ топди ва иккала таъқибчига галма-гал бақрайиб боқди.
– Ҳа, дадаси? Нима гап?
– Кўрмайсанми бу маразни. Тузимни ичиб, тузлиғимга тупуряпти.
Ўз навбатида тўтиқуш ҳам бўш келмади. Қанотини оғзига тираб, Майнахоннинг қулоғига ариллади:
– Мар-р-жона… Секретар-р…
Майнахон тўтиқушни авайлаб қўлига олди, кўзларига синчковланиб тикилди:
– Нима дединг? Қайтариб гапир-чи, Бабангида.
Тўтиқуш бу сафар батафсилроқ қилиб уқтиришга тиришди:
– Хур-р-рам… Мар-р-жона… р-ресторан… р-рақс… р-рақс…
– Вой, иғвогар-ей! – ғазаби қайнаб типирчилади Хуррам. – Энди гапни бошқа ёқдан кавлашини қаранглар!
Одамҳожи ҳам тўтиқушга тиш ғижирлатди:
– Ҳе, харомгўшт! Чет эллик сотқин!
Майнахоннинг юзи гезариб, эрига чимрилди:
– Ҳа-а, гап бу ёқдамиди? Тунов куни ўтиришда бўл-дик деб, ресторанда Маржонахон билан рақс тушганаканлар-да?
– Бош буғолтиримиз туғилган кунини ўтказувди. Ресторанга ҳамма борган.
– Ўша куни туришингиз бошқачалигини сезувдим-а! Хотинжон, сенга битта зў-ў-р совға мўлжаллаб қўйдим, деб қийшанглашингизда гап боракан-да, а?
Хуррам масовсираб пўнғиллади:
– Қўрқма, эртагаёқ опкеламан ўша совғани.
– Раҳмат!– терсланиб, биқинига қўл тиради Майнахон.– Совғани олиб бўлдик. Ўзларига қайтаришимиз қолди, холос. Хўш, кўнгиллари қанақа совға кусаяпти?
Хуррамнинг кўзлари пилдираб, пайсалланганича туриб, қолди. Унинг ўрнига тўтиқуш жавоб қилди:
– Тар-р-саки! Тар-р-саки! Вах-хах-ха, вах-хах-ха…
Майнахон нафратомуз лаб жимириб қўйиб, ошхонага кириб кетаётганида ҳам елкасидаги тўтиқуш қаҳ-қаҳ уришдан тийилмади.
Аммо, кар-карахт тусга кирган Хуррамнинг қулоғига энди бу қаҳқаҳалар чалинмас, унинг миясида раҳматли Масирқори айтган бир гап қайта-қайта жаранглаётган эди: «Аҳмоқ билан шаллақини илмга аралаштириш яхшиликка олиб бормайди».
2000 йил.