Райимбойнинг шу йил ёзда уйланиш нияти бор эди. Лекин мўлжалга тўғри келадиган қиз ҳадеганда топилавермади. Боши қотиб, қўшни маҳаллада яшайдиган кайвони аёл — Роҳила опа олдига маслаҳатга борди.
— Сенга ўзи қанақа қиз керак? — сўради Роҳила опа уни тинглагач. — Семизи бўлсинми ёки ориқроғими? Новчасини ёқтирасанми ёки ўрта бўйлигини?
— Семиз, бўмбиллаганини топаверинг, — деди Райимбой. — Феълим ўзимга маълум. Менга семизгина, полвонгинаси мос. Бундай қиз менга тегса, кунда ёнимда юрса ҳамманинг ҳаваси келадиган бўлади.
— Маълумоти қандай бўлсин?
— Олий маълумотли бўлгани яхши-да. Эр-хотиннинг маълумоти тенг бўлса, гулни гулга қўшган бўласиз.
— Дидингга балли! Сен излаган қиз мен ишлайдиган шифохонада бор. Яқинда у тиш дўхтирликни битириб келди. Сен хоҳлагандай семизгина, полвонгина, тагли-зотли… Хўп десанг, ўша қиз билан таништираман.
— Бўлди! — деди Райимбой. — Сизга ёққани — менга ёққани. Таништиринг.
Шундай қилиб, Роҳила опа аввал қиз билан гаплашиб, учрашувга розилигини оладиган, сўнг Райимбойга хабар қиладиган бўлди. Райимбой уйига хурсанд бўлиб қайтди.
Тасодифни қарангки, орадан икки кун ўтгач, худди атайлаб бўлганидек, Райимбойнинг жағ тиши оғриб, тун бўйи мижжа қоқмай чиқса бўладими! Эрталаб ёрдам истаб яна Роҳила опага қўнғироқ қилди. У воқеадан хабардор бўлгач, суюниб деди:
— Вой, яхши бўлибди тишинг оғригани! Ҳар бир ёмон нарсанинг яхши томони ҳам бўлади, деганлари шу-да. Соат тўққизга шифохонамизга келавер. Ҳам тишингни даволатасан, ҳам қиз билан танишиб оласан. Ўзиям жуда қўли енгил дўхтир. Мен унга сен ҳақингда айтдим. У учрашувга рози бўлди.
Бу гапдан Райимбойнинг кайфияти яхшиланиб, тиш оғриғи ҳам пасайгандай бўлди. Жағини жун рўмол билан боғлаб, шифохонага шошилди.
— Севарахон! — деди Роҳила опа йигитни дўхтир қиз ҳузурига олиб кириб. — Сизга кеча айтганим мана шу йигит. Фақат ҳозир тиши оғриб қолибди. Ёрдам берсангиз. Ҳам тишини даволанг, ҳам икки ёш танишинглар. — Кейин қўшимча қилди: — Юлдузингиз юлдузингизга тўғри келиб, турмуш қуриб кетсанглар, бу ҳам бир эсдалик бўлади.
Қиз жилмайиб ерга қаради. Райимбой эса оғриқ азобини зўр-базўр енгиб:
— Танишганимиздан хурсандман! — деди. Севара қизариб:
— Раҳмат! — деди.
У йигитни курсига ўтқазиб, оғриқ тишини анча кўрди. Кейин қўлига кумушранг, жажжи пармалаш дастгоҳини олиб, тишни пармалашга тутинди. Шунда жағидаги оғриқ илгаригисидан ҳам кучайиб, Райимбойнинг назарида бир эмас, бир нечта тиши зирқираб оғрий бошлаганга ўхшади. Пешонасидан совуқ тер чиқиб, «дод» деб юборгиси келди. Лекин номус кучли, чидади. Ахир қиз бирдан: «Иродасиз йигит экан-ку, менга куёвликка ярамайди бу», деган хаёлга борса, ҳаёт нима бўлади кейин…
Қиз пармалашни тугатгандан сўнг тиш кавагига маргимуш қўйди. -Кейин: — Бугунги ишимиз тугади, — деди. — Эртага келсангиз, маргимушни олиб, касал тишингизни пломбалаб қўяман.
Райимбой енгил тортиб:
— Раҳмат! — деди ва имкониятдан фойдаланиб қўшимча қилди: — Мени мана шу азобдан қутқарсангиз, бир умрлик вафодорингиз бўламан.
— Менга биринчи навбатда сизнинг соғлигингиз керак, — деди қиз камтарлик билан.
— Раҳмат!
Райимбой уйига қайтди. Лекин тиш оғриғи заррача ҳам пасаймай, аксинча, кучайиб кетди.
Эртаси Райимбойдан «Қалай, оғриқ қолдими?» деб сўради Севара жонсарак бўлиб.
— Йўқ, аксинча, оғриқ кучайди.
Севара йигитнинг оғзини очиб, яна қараган бўлди-да, деди:
— Кечаги маргимуш эскиб, кучи қолмаган кўринади. Касал тишнинг нерв толаларини ўлдирмабди. Бугун янгисини қўяман.
— Майли.
Райимбой тишининг оғриғи пасайиш ўрнига кучайиб, яна туни билан -ухлолмай чиқди.
Эрталаб дўсти Холматни учратди ва унга бўлган гапларни айтиб берди.
— Бектемирда Солижон ака деган тажрибали тиш дўхтир танишим бор, — деди Холмат. — Ўшанинг олдига олиб борай. Унинг бўй етган қизи ҳам бор.
— Менга ҳозир хотин олиш муҳим эмас, тиш оғриғидан қутулиш муҳим, ошна, олиб бор танишингга, — деди Райимбой. — Ахир уч кундан бери мижжа қоққаним йўқ. Бугун ҳам ухлолмасам, чўзилиб қолсам керак…
Икки ўртоқ такси ушлаб, Солижон дўхтирникига боришди. У Райимбойнинг оғзини очиб, тишларини диққат билан кузатгач:
— Тишингизни даволаган шифокор ўзи бирор жойда ўқиганми? — деди.
— Ҳа, институтни битирган.
— Шундайми?.. Ундай бўлса, институтнинг равоғида сайр қилиб юриб битирган экан.
— Нега?
— У оғриган тишингизни эмас, соғини кавлабди-ку!
— А?!
— Ҳа, шундай.
— Вой, бақалоғей!..
Роҳила опа эртаси ундан «Энди кимга уйланмоқчисан?» деб сўраганда шундай жавоб берди:
— Солижон дўхтирнинг қизига…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 19-сон