Али Ниёз. Тақдир қўнғироғи (қиссадан парча)

ҒОЙИБДАГИ ОДАМ

I қисм

Телефон яна жиринглади. Гўшакни кўтариб, “Ал­ло”, дедим – жимлик… Мен гапира бошладим. Телефон қилган одам менинг гапимни эшитиб турарди.
Ҳар куни худди келишилгандай айнан соат учларда қўнғироқ бўлади. Мен ҳам қадрдон дўстимга гапиргандай, тинмай жаврайвераман. Миямга қандай фикр келса, гапиравераман, гапиравераман. У жим тинглайди. Сас чиқармайди. Мен бу ҳолатга ўрганиб қолган эдим. У гўшакни қўйиб қўйишидан қўрқаман. Шунинг учунми, қизиқ-қизиқ воқеаларни гапираман. Беихтиёр гўшакни қўйиб қўймасин деб, кулдирадиган ҳангомалардан ҳам айтаман. У нима учундир кулмайди ҳам. Гапириб-гапириб чарчаганимдан сўнг, энди бўлди, бугунча етар дейман. Унга соғлик тилайман. У гўшакни қўяди, қисқа «дуд-дуд-дуд» деган овоз келади.
Хонамда қолиб, ўзимга тааллуқли ишларни ба­жараман-да, асосан, эртанги кунга тайёргарлик кў­раман. Эртага нима десам бўлади. Режа туза бошлайман. Янги-янги ҳангомаларни топишга ҳаракат қи­ламан, чунки у гўшакни тўсатдан қўйиб қўйиши мумкин.
Эртасига яна янги иш куни бошланади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ходимлар билан саломла­шиш, бошлиқнинг хонасига кириб топшириқ олиш, қо­ғозлар ичига кириб рақамларни ахтариш – касбим шундай. Бу касбни Худо раҳмат қилгур опам танлаб берган.
Иш билан овора бўлиб соат уч бўлганини сезмай қолибман. Бирдан телефон жиринглади, гўшакни олдим. Яна жимлик…
Саломлашиб, аҳволини сўрадим. Иложи бўлса бир оғизгина гапиришини, бу ҳолат узоқ давом этмаслигини, фақат менинг гапиришим билан иш битмаслигини тушунтириб, уни ҳам гапиришга ундадим. “Мен жуда чарчадим”, – дедим, овозимни баландлатиб. У чуқур нафас олди. Аниқ ҳис қилдим, миямга ҳадеганда қизиқ фикр келавермади. Ўйлай бошладим: “Узундан-узоқ ҳангомаларим унга нима учун керак? Нега ўзини таништирмайди? Ким ўзи телефон қилаётган? Аёлми? Эркакми? Нега энди ҳадеб унга ёқадиган ёлғон-яшиқ воқеаларни тўқиб, унинг кўнглини овлашим ке­рак? Нима учун? Ахир уни танимасам?” – деган са­вол бошимда тинимсиз айланади. Гўшакни столим устига қўйиб қўйдим-да, унга қараб гапирмасдан ўтиравердим…
Энди телефон соат учда жирингласа ҳам, гўшакни олмайман, хонамдан чиқиб кетаман. Соат тўртдан ке­йин гўшакни қўлимга олдим, узун “дуд-дуд” деган овозни эшитгач жойига қўйдим.
Ишни якунлаб уйга кетар эканман, соат учда бўладиган қўнғироқнинг жаранги миямни тарк этмасди. Мени эшитиб жим ўтирадиган одам турли қиёфада гавдаланиб, баъзан у келишган йигит, зум ўтмай чиройли қиз ёки гўзал аёл қиёфасида кўринса, гоҳида қандайдир менинг устимдан кулаётган телбасифат одам, дарвеш бўлиб, гоҳо бадбашара, исқирт махлуқ устимга бостириб келаётгандай туюларди. Хуллас, адоғи йўқ бу ўйлардан қочишнинг иложини тополмадим. Уйга хаёлим паришон бўлиб кирар эканман, ўзимни чалғитиш учун қўлимга дуч келган китобни олдим. Машҳур ёзувчининг маймун етаклаган одам ҳақидаги ҳикоясини ўқий бошладим. Бу воқеалар хаёлимни жамлашга ёрдам бермади. Балки тескари таъсир қилди. Қандайдир қўрқинчли махлуқнинг ҳамласини қайтаришга шайланган одамдай ўзимни ҳимоя қилиш учун кўчага чиқдим.
Шаҳарга тун чўккан. Ҳаво тоза, осмон тўла юлдузлар, бири-биридан чиройли. Ана у юлдуз Ҳулкар, Зуҳро, Катта айиқ, буниси Темирқозиқ, Тарози, Беш оғайни, униси Етти оғайни. Қаранг, уч оғайни юлдузлар ҳам бор экан, осмоннинг кўркига кўрк қўшиб, безаб турган бу юлдузлар тўғрисида бир вақтлари момомдан эшитганман.
Юлдузлар бирин-кетин ярқираб осмон гумбазида тартибсиз ва тартибли жойлаштирилган нималарнидир эслатар, назаримда улар зимдан ерни кузатаётгандай туюларди. Қайсидир журналда ўқиган эдим, осмон очиқ бўлганда август ойлари кечаси беш мингтача юлдузни санаш мумкинлиги, кейин одам адашиб кетиши ҳақида ёзишган эди. Эринмай санай бошладим. Бир, икки, уч, тўрт, беш… мингларга борганимда чалғиб кетдим.
Сомон йўлини томоша қила бошладим. Тангрининг бу қудратига, табиатнинг ҳеч ерда такрорланмас мўъжизасига қойил қолмай иложинг йўқ. Осмон худди катта бир денгиз, унга юлдузлар шундай жойлаштирилганки, коинотдаги бу ажойиб манзарани томоша қилиб, инсоннинг ақли бу ҳукм олдида нақадар ожиз эканлигига беихтиёр ишонасан. Яратганга шукроналар айтасан…
Яна иш. Корхонанинг барча асосий ҳисоб-ки­тоб­лари менинг зиммамда. Қўл остимдаги ходимларга керакли топшириқларни бердим-да, хонамга қамалиб олдим. Вақт шундай тез ўтардики… Зум ўтмай соат уч бўлиб қолди. Телефон жиринглади. Гўшакни олдим, жимлик, аста гап бошладим: “Ҳангомалар тугади, менга бошқа телефон қилманг, илтимос. Агар иш шундай давом этаверса, жинни бўлиб қоламан”. У жим тингларди. «Гўшакни қўяман», дедим. «Энди хайр. Охирги марта хайрлашайлик. Ҳақиқатан, сизга жуда ўрганиб қолган эканман. Гапирмасангиз ҳам, нафас олишингизни эшитдим-ку. Омон бўлинг. Мендан хафа бўлманг», деб гўшакни қўйдим. Дақиқа ўтмай телефон яна жиринглади. Хаёлимда телефон жаҳл билан жиринглагандай бўлди. Кўзимни узмай гўшакка қараб турдим. Бу сафар ундан ҳам қаттиқ жиринглади назаримда. Гўшакни олдим. Жимлик.
– Нима ишингиз бор? Айтинг, ахир мендан нима истайсиз?! – дедим тоқатим тоқ бўлиб.
Жимлик ҳамон давом этар эди. Мен ҳам жим туравердим. Узоқ кутдим. Тўғриси, чарчаб кетдим. Гўшакни столим устига қўйдим-да, ишларимни қила бошладим. Соатга қа­расам, тўрт. Гўшакни жойига қўйиб қўйдим.
Менга ҳар доим соат уч билан тўртгача қўнғироқ қилинар эди. Соат учдан тўртгача телефонни ўчириб қўйсам-чи? Кашфиётимдан ўзим севиниб кетдим. Ҳа­қиқатан ҳам, нега олдин шу фикр миямга келмади экан-а? Балки мен телефон билан гаплашишга жуда ўрганиб қолгандирман?
Эртаси куни соат учдан тўртгача хонамдаги телефонни ўчириб қўйдим.
Қўл телефонимга хабар келди. “Илтимос, соат учда телефонингизни ўчирманг. Сиз учун бир соат гаплашиш шунчалик қийинми? Агар сўзлашишни хоҳ­ламасангиз, гўшакни кўтариб столингиз устига қўйиб қўйинг. Бу ўйинингиз яхшиликка олиб келмайди”.
Ҳайрон қолдим. Қўл телефоним рақамини қаёқдан билади? Нима учун хабар жўнатувчининг телефон рақами йўқ? Наҳотки менинг гапларим унга шунчалик қизиқ бўлса?! Ўзи нималар бўлаяпти? Агар бирон кимсага шу тўғрида айтсам, ҳечам ишонмайди. Мени телбага чиқариши аниқ. Яна қўрқитиши ортиқча. Мени қаёққа бошлаяпти бу?..
Мен, хаёлим паришон бўлиб, баъзан ўзим билан ўзим гаплашадиган одат чиқардим. Ишхонадагилар, оила аъзоларим ҳам ҳайрон.
Обдон ўйлаб кўриб, якуний қарорга келдим. Хонамни соат учларда ичидан бекитдим-да қўнғироқни кута бошладим. Мақсадим, то гўшакни қўйгунча гапириш, у билан дардлашиш. Унга ўзим ҳақимда кўпроқ сўзлашни маъқул кўрдим. Соатга қараб турибман, роппа-роса уч бўлди. Телефон жиринглади. Гўшакни олдим. Саломлашиб, қўл телефонимга юборган хабари учун раҳмат айтдим. Ундан озроқ гина ҳам қилдим. У ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигимни билдирдим. «Агар мен билан суҳбатлашиш ниятингиз бўлса, ўзингиз ҳақингизда бирон-бир ишора билан билдирсангиз яхши бўларди», дедим.
– Сизни бирон кимса менга қарши ёлламаганми? Шунга ишонтиринг, – дедим.
Яна жимлик.
Касбим иқтисодчи. Ўттиз беш йилдирки ҳисобчи бўлиб ишлайман. Қилаётган ишимдан мамнунман. Ташкилотнинг иқтисодий тикланишига анча-мунча ҳис­сам қўшилган. Шунинг учун ҳам ўзимга яраша об­рў-эътиборга эгаман. Тўрт нафар фарзандим бор. Ик­кита қиз, иккита ўғил. Ҳаммаси олий маълумотли. Рафиқам олий тоифали шифокор. Кўринишим ихчам. Бўйим бир метру етмиш саккиз сантиметр. Бошимнинг сиғими эллик олти, оғирлигим етмиш саккиз килограмм. Кўйлагимнинг ёқаси қирқ икки, оёқ кийимим ҳам қирқ иккинчи ўлчамли. Буғдой рангман. Сочим қирқ ёшимдан оқара бошлаган. Ҳозир оппоқ. Кўзларим катта-катта, юзимнинг чап томонида билинар-билинмас хол бор. Қошларим қоп-қора. Юрганда дадил қадам ташлайман. Кўпроқ оқ кийим кияман… Ҳаётимдан мам­нунман. Қизиқадиган соҳам – қадимий, ўрта аср тарихий воқеалари ҳақидаги асарларни кўп ўқийман. Бу ҳақида анча-мунча маълумотлар тўплаганман. Ҳар қандай қолоқ, иқтисодий ночор ташкилотнинг молиявий салоҳиятини яхшилаш учун, озгина бўлса-да фойдам тегади, хўжалик раҳбари ва бош ҳисобчиси соғлом, ҳалол фикрлайдиган ва унга амал қиладиган шахс бўлса, корхонанинг нуфузи яхшиланишига ишонаман. Агар раҳбар ё бош ҳисобчи ўз манфаатини ўйлаб иш юритар экан, бу хўжаликнинг иш жараёни узоққа бормайди.
Шундай қилиб, мен учун ҳаёт – синов майдони. Бу майдонда ўзимни синайман, кимлигимни, нималарга қодир эканлигимни, нима учун яшаётганимни англашим керак.
Атрофимдаги одамлар фақат ўзларини ўйлашади. Ташкилотнинг ривожланиши, иқтисодий самарадорлик улар учун ёт нарса. Келдингми, келдинг. Нима мақсадда келдинг? Бугун хўжаликка қандай нафинг тегди? Келгусида хўжаликни кенгайтириш, ишлаб чи­қаришни ривожлантириш, таннархни пасайтириш эва­зига олинадиган даромадлардан унумли фойдаланиш, шу корхонада келажакда фарзандлари ишлаши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Ой охирласа: “Иш ҳақи нега кечикди? Нега маош ошмаяпти? Нега фалончининг ойлиги кўп? Меники оз?” – деган саволларни қў­йишади. Бу чаласавод, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган одамлар билан қандай қилиб хўжаликни ривожланган, чет эллардаги миллионер компаниялар даражасига олиб чиқиш мумкин? Қолаверса, бизнинг мулкдорларга ҳам худди шундай, қаёққа бошласа эргашадиган оломон керак. Авваламбор бу одамларни, (ишчи деб бўлмайди) ва мулкдорларни яхшилаб тарбиялаш керак. Қандай қилиб?! Шулар ҳақида кўп ўйлайман, ўзимча анча-мунча режалар тузганман. Европадаги тараққий этган мамлакатлардек бизнинг юртда ҳам одамларнинг ҳаёт, яшаш даражаси юқори бўлса, дейман. Орзуларимнинг амалга ошишига ишонаман…
Шу мавзуда кўп гапларни гапирдим. Соатга қараб қўяман. Соат миллари тўртга яқинлаша бошлади. Гў­шакдан “дуд-дуд”деган овоз эшитилди.
Сездимки, нотаниш кимса бир соат эринмасдан менинг гапларимни эшитди. Ҳайрон қоладиган жо­йи шуки, гўшакни қўяётганда чуқур нафас олди. Гўё гапларимни нафас олмай эшитгандай таассурот қол­дир­ди менда.
Яна ўз ишларим, ўз юмушларим билан бўлиб кун ботди, тонг отди. Эрталаб ишга, банкка бориш, ҳисоб рақамдаги пул маблағларини тақсимлаш, ишлаб чи­қаришга зарур бўлган ускуналар сотиб олиш ва шунга ўхшаш ҳар доимгидек бир хил иш жараёни қуршовида тушлик бўлганини сезмай қолдим. Хонага келиб соат уч бўлишини кута бошладим. Энди бу ёғи менга ҳам қизиқ эди. Хўш, бунинг охири нима билан тугайди?! Барибир, бир куни у ўзини таништиради. Мулоқотга чиқади. Ҳар нарсанинг ҳам аввали ва сўнгги бор-ку?! Хонамга назар ташлар эканман, рўпарамда турган компьютерга синчиклаб қарадим. Бу мосламадан ҳар балони кутса бўлади. Хона тўридаги ҳужжатлар қўйиш учун арғувондан ясалган олди ёпиқ жавонлар ҳам сеҳрли кўринарди менга. Ўнг томонимдаги ходимлар ўтириши учун мўлжалланган олти дона курси худди устимдан кулаётгандай эди. Хона тўридаги иш столининг ўнг ёнидаги темирдан ишланган ўн икки киши амаллаб силжита оладиган сейф хўжаликнинг бор сирларини ютадиган қафасга ўхшаб қаққайиб турарди. Чап томонида эса газета ва журналларга мўл­жалланган ихчам стол, унинг устида яқиндагина нашрдан чиққан янги шеърий китоблар турарди. Соат уч бўлди. Телефон жиринглай бошлади. Гўшакни олдим. Жимлик…
– Қўшниларим ҳақида гапириб бераман,– дедим саломлашгандан сўнг. – Ажойиб қўшниларим бор. Чап томондаги қўшнимнинг ёши мендан уч ёш кичик. Жуда зийрак, ҳамма билан ҳам чиқишиб кетавермайди. Ўта жиддий. Табиати шундайми, билиш қийин. Ҳарбий. Сўзлашганда дона-дона, аниқ ва лўнда қилиб гапиради. У билан эрталаблари кўришиб тураман. Эрталаб баъзан ярим соат, гоҳида кўпроқ турли мавзуларда суҳбатлашамиз. Бизнесга ҳаддан зиёд қизиқади. Мен иқтисод соҳасида ишлаганим учунми банклардаги ўзгаришлар, солиқ тизимидаги янгиликлар, ташкилотларнинг молиявий ҳолатига тўсқинлик қилувчи омиллар тўғрисида саволлар беради. Мен газеталардан ўқиган янгиликларни сўзлаб бераман. Кейин қуюқ хайрлашамиз. Агар бирон кун субҳидамда кўринмай қолсам, бир баҳона топиб чақириб олади. Дарвоза ол­дида ихчамгина қилиб тахтадан ясалган ўриндиққа жой­лашиб:
– Хўш, бугун бизнес оламида нима янгиликлар?! – деб гап бошлайди.
Ўз соҳаси ҳақида лом-мим демайди. Соҳаси ҳа­қида савол берсам, гапни бошқа томонга буриб, охири бизнесга тақайди. Ҳа, мана шундай ажойиб қўшним бор.
– Сиз, дарвоқе гапирмайсиз, ё соқовсиз, ёки умуман, тилингиз йўқ, – дейман гўшакка. – Нима бўлганда ҳам нафас олишингизни эшитиб турибман-ку. Ўнг то­монимдаги қўшнимни таништирадиган бўлсам, у – қурувчи. Ниҳоятда одамохун. Менга жуда ҳурмат билан қарайди. Ҳар доим мендан олдин салом беради. Кўпроқ дам олиш кунлари тўқнаш келамиз. Ҳовлиси менинг ҳовлимга ўхшаб чала. Яқинда сотиб олган. Ўзининг айтиши бўйича қандайдир катта қурилишда ишлайди. Ҳар хил қурилиш материалларини олиб келиб битмаган уйини тиклаш билан овора.
– Ҳорманг, – дейман уни кўрганда. – Хўш, пишиқ ғиштни қанчага олдингиз?
– Ўзимизда “деҳқончилик”, – дейди соддалик билан.
“Ё тавба, ғишт ҳам деҳқончилик бўладими”, – деб ўйлайман. Ажабланиб елкамни қисаман. Қўшним мендаги ҳайронликни тушунгандай:
– Биласиз-ку, қурилишда ишлайман. Ўн мошин ғишт олсак, бир мошини бўёққа жўнатилади. Худонинг куни кўп. Ҳовли ҳам битай деб қолди, насиб бўлса уй тўйини ўтказамиз, – дейди.
– Ҳа, шу кунларга етказсин, дейман. Ҳали битмаган, ойналар қўйилмаган, усти шифер билан ёпилган уйимга қараб, дарвозамнинг кўримсизлиги ичимни тирнайди. Бу кайфиятдан чиқиш учун қўшним билан хайрлашаман. Қўшнилар ҳақида сўзлайвериб, соат тўрт бўлганини ҳам сезмай қолибман. Гўшакдан “дуд-дуд” деган товуш эшитилди.
Анча енгил тортдим. Кайфиятим ўзим сезмаган ҳолда кўтарилди. Осмонда учиб юргандай ҳис қила бошладим ўзимни. Бўлаётган воқеалар ҳақида ҳеч кимга айтганим йўқ. Кимгадир айтишим керак-ку, дердим.
Ё ҳарбий қўшнимдан маслаҳат сўрасамми, ёки рафиқамга айтсаммикан? Телефон соҳасида ишлайдиган бир танишим бор. Шундан сўрасам-чи? У менга қўнғироқ қилаётган одамни аниқлаб беради. Нега шу ҳақида олдинроқ ўйламадим-а. Эртага соат учгача танишимни топаман, ускуналари билан келиб бу ишга ойдинлик киритади.
Ҳовлидаги темир чорпоя устида болишни қу­чоқ­лаб, хаёл оғушида осмонга қараб ётганимда қўл телефонимга хабар келди: “Сиз бу суҳбатимиз ҳақида ҳеч кимга айтмаслигингиз шарт. Мабодо, айтсангиз ўзингизга ёмон бўлади…”
Ол-а, нима демоқчи бу нотаниш кимса? Энди очиқ­­часига қўрқитишга ўтдими? Менда кечаётган ўй­ларни қаёқдан англади, ё телепатмикан? Ҳақиқатан ҳам, оқи­бати ёмон бўлса-чи? Тўртта фарзандим бор, улар ҳали ёш. Уларни оёққа қўйишим, уйли-жойли қи­лишим керак.
Бу ўйин яна қачонгача давом этади?!
Эй Худо, ўзинг ёрдам бер. Ёки мени ўз синовингдан ўтказаяпсанми? Воқеалар шундай давом этаверса, жинни бўламан-ку! Менга нималар бўлаяпти? Бунинг қандайдир чораси бўлиши керак. Руҳшуносга кўринсаммикан? Эҳтимол, оддий галлюцинация бў­лаётгандир. Боши-охири йўқ, лекин одамни умидсизлик ботқоғига етакловчи телба-тескари бу ўйлар тинчимни шу қадар буздики, оромим йўқолиб, бошимда ғужғон ўйнаётган ҳавойи ҳисларни жиловлашга куч топа олмасдим. Фол кўрсатсам-чи? Эй қўй-е, Эрқор, бу ғирт шайтоннинг иши-ку. Қандай кунларга қолдим? Кутиш, худди гўшакдаги одамдай сабр билан чидаш керак. Охирги дақиқагача нима бўлишини, бу воқеаларнинг ечими кун келиб очилишини бардош билан кутишдан ўзга чорам йўқ.
Эрталаб барвақт турдим. Кайфиятим яхши. Ҳар­бий қўшним билан бироз суҳбат қурдим. Америка сиёсати ҳақида гап очган эдим, хушламади. У нима учундир кутилмаганда аёллар ҳақида гапириб кетди. “Биласизми қўшни, аёл эрини оғзимдаги луқмам деб ўйлайди. Чайналган бу луқмага бошқа аёл қарамайди. Уни хоҳлаган вақти ютаман, деган бемаъни хаёл билан яшайди”. “Ҳаммаси ҳам шунақа бўлмаса керак”, дедим шошиб. Чунки менинг рафиқам бундай ўйламаслигига ишонардим. Миямдаги ўйни ошкор айта олмадим. Бирор асоси бордирки, шу фикрга келган, деб ўйладим.
Қўшним соатига қараб суҳбатни қисқа қилди. Хайрлашиб, хизматдаги “Нексия” машинасига ўтириб ишга кетди.
Ишхонага етиб келганимда, деярли барча ходимлар ўз ўрнида эди. Хонамнинг эшигини очарканман, котибага: “Мени соат учдан тўртгача ҳеч ким безовта қилмасин, бошлиқ сўраса муҳим ишлар билан банд эканлигимни айтинг”, – деб илтимос қилдим. Котиба чиройли табассум билан қошларини чимириб:
– Ҳали эрталаб-ку, Эрқор ака, – деди.
– Бугун ҳисоботларни қайта назоратдан ўтказ­моқ­чиман,– деб хонамга кирдим.
Хонам кўзимга файзсиз кўринди. Жиҳозларнинг ранги қочгандай, тўшалган гилам оёқ остида топталавериб титилмаган бўлса ҳам, ўз хизматини ўтаб бўлганини эслатар эди.
Омбор мудирини чақиртирдим. Унга бу гиламларни алмаштиришни, ҳозир эса кичикроқ радио келтиришини буюрдим. Юрагимга ўзим билмаган ҳолда ваҳима тушди. Гўё жиҳозларни алмаштирсам таскин топадигандай, хонамни синчиклаб кўздан кечирар эдим. Хаёлимда бирдан телефондаги одам гўшакдан чиқиб: “Хўш, ўзинг қилган гуноҳларинг тўғрисида лом-мим демаяпсан-ку. Шунчалар фариштамисан? Кўриб-кўрмаганга, билиб-билмасликка олган қанча-қанча но­пок ишларнинг гувоҳи бўлганлигингни тан олмайсанми?”– дея саволга тутаётгандек эди.
Эшик очилди. Омбор мудири радиони ўрнатиб чиқиб кетди. Таралаётган куй қулоғимга ёқди, берилиб эшита бошладим. Қанча уринмай қўлим ишга бормади. Кун бўйи кўчага чиқмай гоҳ паришон, хаёл оғушида тушликни ҳам унутиб, хонамда қамалиб ўтирдим. Руҳиятимда кечаётган бу ўзгаришларни ўзим ҳам тў­лиқ идрок эта олмасдим. Менинг тоқатимни синайдиган соат учни ёмон кўриб қолдим. Энди аллақачон куй ва оҳанглар йўқолиб, ҳар хил ахборотлар, маъносиз қўшиқлар, тутуриқсиз ҳангомалар жиғимга тега бошлади. Радиони ўчириб қўйдим. Хаёлимда телефон жи­ринглагандай бўлди. Ўзимни ўнглаб гўшакни кў­тар­дим. Жимлик…
Бу гал салом бермадим. Бирдан мақсадга ўтдим. “Нима учун мен сизга ҳисобот беришим, бир соат вайсашим, ўзимга-ўзим гапириб, мени қийнайдиган муаммолар тўғрисида узундан-узоқ сўзлашим керак. Менга бўлмағур хабарлар юбориб бардошимни синаш сизга ёқаяптими? Қайси қилган гуноҳим учун жазоланишим ёки қўрқишим керак? Нега шанба-якшанба кунлари безовта қилмайсиз? Демак, бошқа иш кунлари ҳам бу ўйинларни тўхтатса бўлади-ку!”– дедим.
“Тўғриси, чарчадим бу можаролардан. Меҳнат таътилига чиқаман. Энди сизга айтадиган гапларим тугади. Ўзим, қўшниларим, ишхонам тўғрисида билганларимни айтдим. Келинг, бугун охирги кун деймиз-да, сенлашиб гаплашамиз. «Сен» Худога яқин сўз. Агар қаршилик қилмасангиз, сизни энди сен дейман. Назаримда сиз қандайдир фариштасиз. Одам зотидан эмассиз, чунки фаришталар олдиндан кўра олади. Сиз ҳам мени нимани ўйлашимгача биласиз. Менинг вужудимга ғулғула соладиган, обдон ўйлашга ундайдиган бу ҳолат мени қўрқитиб туради. Демак, одам эмас экансиз, Аллоҳга яқин мавжудотсиз. Бизга Худо инсоннинг юрагида деб ўргатишган. Худони сиз деган борми? Ҳали эшитмаганман. Масалан, “Эй Худо, Ўзингиз кечиринг”, – деган гапни эшитганмисиз? Худонинг ҳар бир бандаси, бошига кулфат тушганда “Эй Худо, Ўзинг кечир”,– дейди.
Баъзи кимсалар “ёлғизман” ёки “мен ёлғизликни хоҳлайман” деб ўзларини-ўзлари алдашади. Бундай бўлиши мумкин эмас, чунки ҳар қандай ёлғиз одам билан Тангри бирга. Аллоҳ унинг юрагида. Шундай қилиб, мен ҳозир сизни сен демоқчиман. Розимисан?!
– Жимлик…
Энди очиқчасига ўтайлик. Сен қандай қиёфада­сан? Гўзал қизмисан? Ёки… Аслини олганда менга фарқи йўқ, қанақа кўринишда бўлишингнинг. Бу жим туришларинг, қўл телефонимга хабар юборишларинг билан нима қилмоқчисан? Сабримни синаяпсанми? Ёки менинг қўрқоқлигимдан фойдаланиб ўзингга ёқадиган ўйин топганингдан қувонаяпсанми? Шуни биламанки, сенинг чекингга тушиб қолишим менинг фожеам. Бу­нинг олдини олишнинг ягона чораси – мулоқотларимизни тўхтатиш. Ёшим элликдан ошган бўлса ҳам, бошқа мамлакатга ишга кетишим мумкин. Ҳозир бундайлар оз эмас. Россия шаҳарларида, Кореяда, Қозоғистонда, Европанинг турли мамлакатларида, ота-онасини, оиласини, болаларини, юртини ташлаб, ризқ излаб юрган кимсалар озми… Шуни ҳам биламанки, айримлари калтак еб, майиб-мажруҳ бўлиб келаётган бўлса, баъзилари ўзга юртларда дом-дараксиз, денгизга чўккан тошдай йўқ бўлиб кетмоқда. Куни кеча дам олиш куни Мироқи қишлоғига бордик. Ана манзара, ҳавонинг тозалигини айтмайсизми. Кишини ҳайратга соладиган бундай жойлар бошқа ўлкаларда камдан-кам топилади. Тоғ бағирларида худди қўл би­лан экилгандай, тизилиб турган яшил арчалар. Кўрса кўз қувонадиган ёнғоқ дарахтлари. Юқорироққа чиқилса, гуллаб, ўзини оппоқ-сариқ чойшабга ўраган дўлана дарахтлари, пис­та-бодомларнинг эндигина баҳор нафасига тўяётган шивирини эшитиб, кўзингиз қувонади. Мени ўйга толдирган жойи шу ердаги қишлоқ кўчаларида йигитлар кўринмайди. Кўча бўйлаб экилган узун тераклар остида кексайиб қолган момолар, аҳён-аҳёнда олдига сурпача қилиб, устига шарбат, сигарет, ҳар хил сақичлар, минерал сувлар, қурт, туршакларини ёйиб ўтирган чолларга ҳам дуч келамиз.
Шу гўзал гўшада иш ўринлари ташкил қилиб, пис­тазорлар, бодомзорларни, умуман, тоғ ҳавосига мос келадиган боғдорчилик, чорвачилик соҳасини йўлга қўйса бўлади-ку.
Аслида биз нимани кутяпмиз? Ноёб мевали дарахтларни кўпайтириш, юртимизнинг бозорларини тўлдириб, қолаверса, янада кўпроқ етиштириб чет элларга чи­қариш, жаҳон бозорида ўз ўрнини эгаллаш фурсати аллақачон келган-ку? Бир вақтлар Варганза анорлари, олмалари, Қаршининг Лағмон узумлари, анжирлари номи жаҳонга таралган. Қани у деҳқонлар?..
Гапираверсам гап кўп.
Кексалардан эшитишимча, қурғоқчилик ё қиш қат­тиқ келганда, очарчилик бўлганда, юрт бойлари ўзаро келишиб, кунларни бўлиб олишган. Ҳатто баъзи бойлар қирқ кунлаб тўй берган. Тўғри, уларнинг бу базмида мақтаниш, бир-биридан ўзиш, топган сармоясини кўз-кўз қилиш таъмалари ҳам ётган.
Асосийси юрт аҳлининг қорни ҳар куни тўйган. Очлик балосидан омон қолган. Ҳадиси шарифда ёзилишича, бойлар тўрт хил бўлади:
“Ҳаромдан топиб ҳаромга сарфлайдиганлар, улар дўзахийдир.
Ҳалолдан топиб, ҳаромга сарфлайдиганлар, улар ҳам дўзахийдир.
Ҳаромдан топиб, ҳалолга сарфлайдиганлар, булар ҳам дўзахийдир.
Ҳалолдан топиб, ҳалолга сарфлайдиганлар жаннатийдир”.
Хўш, бизнинг бойлар қайси тоифага киради?!
Бу савол, жумбоқларнинг охири борми?! Бунинг ечими қайси авлодга насиб қилади?
Дардинг ичингда тўлиб кетган экан-ку, деяпсан. Ҳа, ичим тўла дард! Бу иллатдан миллион йиллардан бери қутула олмаяпман. Фаришта бўлсанг, саволларимга жавоб бер! Нега жимсан? Сўзларим ёқмадими? Мен ҳам жимман.
Телефон гўшагидан “дуд-дуд” деган овоз эшитилди. Соат тўрт бўлди
Ё алҳазар!!! Мен нималар деяпман ўзи?! У фариштами, паривашми, нега ундан аламимни олаяпман?! Унинг нима айби бор? Мени текшириш учун махсус “қулоқ” бўлса-чи? Ўзингни қўлга ол, Эрқор. Ҳали яшашинг, ўғилларингни уйлантиришинг, кенжа қизингни узатишинг керак, шу кунгача орттирган обрў-эътиборингга болта урма. Шунча йил жим яшадингми, бу ёғига ҳам жим бўл.
Гўшакни узоқ ушлаб турдим. Кераксиз, ортиқча юк­ни елкамдан туширган одамдай ўзимни енгил ҳис қилдим.
Котибага солиқ инспекциясига боришимни айтиб, уйга жўнадим. Руҳим тетик бўлса-да, биронта одам билан суҳбатлашишдан қочардим. Чунки шу кеча-кундузда ҳаётимда кечаётган бу ғаройиб воқеаларни айтиб қўйишдан қўрқар эдим.
Энг яқин сирдошларимдан бўлган шоир билан ҳам учрашмадим. Мен билан ҳамсуҳбат бўладиган дўстларимга қўнғироқ қилиб, ишларим ниҳоятда кў­пайиб кетганини, ҳозирда безовта қилмасликларини илтимос қилдим. Уйда ҳам ниҳоятда камгап бўлиб қол­ганимдан рафиқам ҳайрон.
 – Тинчликми? – деб сўрайди.
 – Тинчлик, Худога шукур,– дейман.
Дам олиш кунлари китоб ўқиш баҳонасида уйга қамалиб оламан. Миямда такрорланаётган мантиқсиз ўйларни қанча ҳайдамай, устимга бостириб, ўзим ўйламаган ҳавойи гаплар келаверади. Телефон гў­шагини олсам, калламга келган сўзларни тинмай гапиравераман. Бу гапларни ҳеч ким мендан сўраётгани йўқ-ку?! Ихтиёрим ўзимдан кетганини сезмай, худди туш кўраётгандек хаёлимда гавдаланган воқеалар кўз ўнгимда намоён бўлади. Кейин сўзлайвераман, сўз­лайвераман, ҳеч гапим тугамайди. Қулоғимга кимдир пичирлаб мана бу гапни айт, энди у гапларни айт, деб бошқараётгандай туюлади. Олдинлари режа тузиб, тайёргарлик кўриб, ҳангомаларни эслаб, уни зериктириб қўймаслик учун гапирган бўлсам, энди тайёргарликсиз гапириб, баъзан соат тўрт бўлганини сезмай қоламан. Гапиравераман, гапиравераман, ҳеч сўзим тугамайди. Менга бу сўзамоллик қаердан илашди? Ҳайронман. Ўзимни-ўзим тушуна олмаяпман. Гўё мени қандайдир ғайритабиий куч бошқараётгандай эди. Эрталаб яна иш. Хонамга келдим. Керакли ҳуж­жатларни тахлаб бошлиққа имзо қўйдиришга кирар эканман, котибага зимдан қарадим. Унинг негадир кайфияти йўқ. Кўзлари қизарган, қовоқлари шишган, чиройли табассумидан асар ҳам кўринмайди. Ҳар доим кулиб турадиган яноқлари сўлғин. Эътиборсиз саломлашдим-да, бошлиқнинг хонасига кирдим. Бошлиқ тўрда ястаниб ўтирарди, у мени мулойимлик билан қарши олди. Ҳужжатларга қўл қўяр экан:
– Эрқор ака, сиздан бир илтимосим бор, котиба қизимиз Моҳиранинг ножўя ҳаракатини сезиб қолдим. Унга озроқ насиҳат қилсангиз,– деди.
Мен бу изоҳни жавобсиз қолдирдим. Чунки Мо­ҳира билан Карим Суярович ўртасидаги “ошиқ-маъ­шуқ”ликдан озроқ хабарим бор эди.
Яқинда меҳнат таътилига чиқишимни билдириб, хонамга қайтдим. Телефонни кўзимдан яшириб, ўзим­ни чалғитиш мақсадида хиргойи қила бошладим:
– Йигит омон бўлса хавфу хатар йўқ.
Бир оздан кейин телефон жиринглади. Гўшакни оларканман, ғалати бўлиб кетдим. Соат ҳали ўн бўл­гани йўқ. “Алло” деган овоз келди.
Овозидан танидим, ёзувчи дўстим Маҳмуд Оқбош.
– Ассалому алайкум, дўстим.
– Ваалайкум ассалом.
– Нега гурунгга келмай қўйдингиз, Эрқоржон? Иш ҳеч қачон тугамаган ва тугамайди ҳам. Келсангиз, шахмат ўйнар эдик. Бирон ёққа чиқмасангиз ҳозир олдингизга ўтмоқчи эдим. Маслаҳатли иш бор.
– Келинг, соат учгача келинг, учдан кейин мени тополмайсиз, – дедим.
– Хўп, ҳозир бораман,– дея гўшакни қўйди Маҳмуд Оқбош.
Ажойиб, истеъдодли ёзувчи, борган жойида даврани тўлдириб ҳаммани кулдириб ўтиради. Ҳикоялари, қиссалари рус, қозоқ, тожик тилларига таржима бўлган. Ҳажвияларини айтмайсизми. Ҳавас қилса арзийдиган истеъдод эгаси.
Маҳмуд Оқбош ҳақида ўйларканман, унинг қиё­фаси кўз ўнгимда гавдаланди. Тўладан келган, елкалари кенг. Хумкалла, гавдаси мендан иккита келади. Қўл панжалари полвонларнинг панжаларидай гўштдор, бўлиқ. Шахмат ўйнашга ишқибоз бу дўстимнинг ҳангомаларини эшитиш жуда мароқли.
Соатга қарадим. Учгача беш соат вақт бор. Радиони қўйдим, ёқимли куй тарала бошлади.
Кўп ўтмай Маҳмуд Оқбош етиб келди. Ичкарига кириб, қулочини кенг ёзиб, мени осонгина бағрига олди. Қуюқ сўрашди. Ўтирдик.
– Хўш, дўстим Бакаччо (менга нима учундир шу­нақа лақаб қўйган эди. Гўё мен грекга ўхшар эканман), ҳангоманинг янгисидан айтайми?
Жавоб кутмасдан бошлади:
– Десангиз, бир подшо мулозимлари билан бошқа бир мамлакатга борибди. У мамлакат подшоси борган меҳмонларни иззат-икром билан кутиб олиб, юртининг (тинч-тотув, бой эканлигини кўз-кўз қилибди) баланд-баланд иморатларини, ўзи яшайдиган ҳашамдор саройни кўрсатиб мақтанибди.
Меҳмонларни тушликка таклиф қилибди. Шу­на­қанги лаззатли, антиқа таом тайёрлашган эканки, жуда мазза қилишибди. Овқатдан кейин меҳмон подшо ўз маслаҳатчисини чақириб:
– Билгин-чи, овқатни нимадан тайёрлади экан. Юр­тимизга борганда биз ҳам уларни сийлашимиз керак, – деб топшириқ берибди.
Маслаҳатчи таомнинг таркибини тезда аниқлаб, Олий Ҳазратларига ҳисобот берибди:
– Жаноби Олийлари, би­ласизми тамадди қилган овқатимиз… – деб қулоғига нималарнидир шивирлабди…
Ўз навбатида донғи оламга кетган шоҳ ҳали у даражада тараққий этмаган, ўзи яқинда меҳмон қилган подшонинг мамлакатига ташриф буюрибди. Улуғ шоҳ юрт билан танишиб, мамлакатнинг салоҳиятини янада ошириш учун подшога маслаҳатлар берибди.
Улуғ шоҳни подшо ўз аркига меҳмондорчиликка айтибди. Дастурхон атрофида ўтирган меҳмонлар ҳар хил ичимликлардан истеъмол қилиб овқатни кута бошлабди. Тоқати тоқ бўлган подшо, улуғ шоҳнинг олдида изза бўлиб, ўрнидан туриб, эшик ёнига бориб, маслаҳатчига қичқирибди:
– Яна қанча кутиш мумкин, таомни сузмайсизларми?
Маслаҳатчи аста келиб, подшонинг қулоғига, ов­қат бўлмайди, саройдаги мулозимлардан йигирматасининг калласини олиб кўрдик, уларда мия йўқ, – деб қалтирабди.
Иккимиз ҳам хохолаб кулиб юбордик.
– Бизга хизмат, – дедим ўзимни зўрға кулгидан тўхтатиб.
– Иссиқхона қурмоқчи эдим. Шунга озроқ пишиқ ғишт керак. Нархини арзонроқ қилиб берсангиз,– деди хижолатомуз.
– Сиздек одамга, бепул берса ҳам бўлади. Ахир прокурор, солиқчи акаларга битта қўнғироқ билан берилаяпти-ку. Албатта, бу ҳожатингизни чиқараман, – дедим. У севинчи ичига сиғмай мени қайта-қайта қучоқлаб хонамдан чиқиб кетди.
Ҳисоботларни топшириш учун солиқ идорасига йўл олдим. Бу ўта салобатли бино темир панжаралар билан ўраб олинган. Кирадиган йўлакка тўсиқ ўрнатилган бўлиб, ўзингизнинг ким эканлигингизни тас­диқловчи ҳужжат кўрсатмасангиз ичкарига қў­йиш­майди.
Панжара атрофида одам кўп. Таниш ҳисобчидан ичкарига нега қўйишмаяпти, деб сўрадим.
– Мажлис деяпти. Бир соатдан бери ўтирибман. Ҳисоботларнинг эса муддати келиб қолди. Вақтида топ­ширмасангиз жаримага тортишади, – деди тўплан­ган одамларга ишора қилиб.
Кутишга тоқатим йўқ. Тушдан кейин муовинимни юбораман, деган ўй билан идорага кетдим.
Август қуёши аёвсиз қиздиради. Яхшиям одамлар совутгичларни ўйлаб топишган. Хонамдаги совутгич меъёрида ишлаши учун ўртача иссиқликни 25 даражага мослаб қўяман.
Телефонга кўзим тушди. “Ким бўлса бўлаверсин. Фариштами? Шайтонми? Фарқи йўқ. Хаёлимга нима келса айтавераман. Тез кунда меҳнат таътилига кетаман. Кейин Худо пошшо” деб ўзимни-ўзим овунтирар эдим.
Соат уч. Қўнғироқ овозидан ҳаловатим йўқолиб, осойишталикдан асар қолмади. Хаёлимга нималар кел­мади дейсиз. Гўё кимгадир айтиб юрагимни бў­ша­тиб олишим керакдай гўшакни олдим.
Жимлик.
“Бугун Сенга айтадиганларим, бошлиғим ҳақида бўлади. У мендан уч ёшлар кичик, олдин унинг отаси билан ишлаганман. Бироз қитмирлик ва қаттиқлигини эътиборга олмасам, мени тушунадиган одам. Ўзини ниҳоятда авайлаб-асрайди, олий сифат матолардан кийим тиктириб, дид билан кийинади. Айтишича, йигирма беш ёшидан бошлаб раҳбарлик лавозимида ишлаб келаяпти. Иш бошқариш соҳасида тажрибаси катта. Ишлаб чиқариш соҳасида бирон иш қилмоқчи бўлса, ўн ўлчаб, бир кесади. Отасининг сўзини доим ёдида сақлайди. “Ўғлим, бу мансаблик курсисида мих бор. Унга чидаган одам ўтиради”, деган ўгитини менга ҳам бир неча бор айтган. Ўзининг таъкидлашича, кўпроқ мендан маслаҳат сўрайди. Нима бўлганда ҳам мен билан ўта мулойим, эҳтиёткорона гаплашади. Айрим ҳолларда, айниқса солиққа пул тўлаш тўғрисидаги тўлов топшириқномаларини имзо қўйдиришга олиб кирганимда, менга солиқчига қарагандай қарайди. Шу соҳада озми-кўпми тортишамиз.
Тушликни кўпинча бирга қиламиз. Овқатланиш вақтида унинг гапи кўпроқ иш эмас, аёллар ҳақида бўлади. У гўзал, дунёқараши кенг аёлларни ёқтиради. Қайси корхонада раҳбар бўлиб ишлаган бўлса, котибаси ўта чиройли, дид билан кийинадиган, боши очиқ аёл бўлган. Бунинг ўзгача завқи бор, дейди виқор билан. Келишган, хушрўй аёл ёнингда турса, ҳамиша ўзингга оро беришга мажбурсан. Яхши кийинасан. Ўзингни маданиятли тутишга ўрганасан. Маст-аласт юрмайсан. Оғзингдан ёмон сўзлар чиқмайди. Индаллосини айтганда, зиёли жанобга айланасан. Бу ўгитларни марҳум устозим Бекназар Бек ака ўргатган. У кишининг айтишича, ёш, гўзал аёлга кекса одам уйланса, ёшариб, умрига умр қўшилар экан. Бу ҳолатни ўзим ҳам ҳаётда кузатганман. Бекназар Бек ака, хотини ўлгач, саксон тўрт ёшида ёш жувонга уйланиб яна ўн йил умр кўрганлар. Саксонбой, Тўқсонбой деган фарзандлар кўрдилар.
Суҳбатни бошқа томонга бураман. Солиқ соҳа­сида ислоҳотлар бўлаётганини, ташкилотлар учун со­лиқ юкининг камайиши эвазига иқтисод қилин­ган маблағлардан корхонанинг ишлаб чиқариш са­ло­ҳиятини ошириш, ишчи-хизматчиларнинг меҳнат ҳа­­қини кўпайтириш, иқтисодий ҳолатни тиклашда қў­­шимча манба сифатида катта ишлар қилиш мум­кинли­гини тушунтираман.
– Қўйинг шу солиғингизни! Солиқ десангиз қон босимим ошади: ҳаммаси қоғозда ёзилган, амалда эса эски ҳаммом, эски тегирмон. Гулдир гуп…
Билмадим, ҳали-бери корхонанинг фойдасини кўрмасам керак. Ана шу, ташкилотни қаритади. Оёқ­лантирмайди. Билганимда бошқача ишлаган бў­лар эдим. Худди чет эллардагидай.
Энди бошлиқ умуман бошқа одамга айланган, ҳозиргина гўзал аёллар ҳақида ширин-шакар сўзлар айтиб ўтирган одамга умуман ўхшамас эди.
– Ўртоқ иқтисодчи, бу гаплардан чалғиб дам олишни ҳам билиш керак. Яшаш керак, демоқчиман. Бугунга етади, тушлигимиз тугади, – деб ўз хонасига кетди.
Ҳа, соат ҳам чиқиллаб юриб турибди. Ҳар ким ўз билганини ўқийди. Менинг билганларим ишга келиш, уйга бориш, оила деган аравани юргизиш, рўзғорнинг ғорини тўлдириш… яна нима ҳам қўлимдан келади. Менда сармоя йўқ. Иқтидорим шунақа, майда ташвишлар билан чегараланган.
Худди бошқа қиладиган ишим йўқдай соат учни пойлаб куним ўтаяпти, минг афсус. Бу ҳолат яна қанча давом этар экан-а, дейман ўзимча.
Хонамда кун бўйи қамалиб олиб, худди берилиб ишлайдиган жонкуяр одамдай ўзимни ўзим алдаб яшаганимни ўйласам, қанчалар ночор эканлигимни англаб эзиламан. Хўш, додингни кимга айтасан? Эшитадиган, сени тушунадиган, хом ғояларингга қулоқ соладиган жонзот борми?
Ана, жим тинглайдиган гўшак бор, соат уч…
Сармоя…
“Хусусий мулки бўлмаган фуқаро беватандир”, деганда ҳақ экан бир файласуф. Бизнинг сармоядорлар қандай одамлар? Уларда ўзлари ҳам сез­ма­ган­га олиб турадиган иллат бор. Бу иллат сар­моядорларнинг бир-бирини тан олмаслиги. Корхонада меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг иш фаолиятини қадрламаслиги. Арзимаган иш ҳақи белгилаб, боқиманда солиқлардан қочиш, сабаби – иш ҳақини оширса, солиқ тўловлари ҳам ошар эмиш.
Узоқни кўрмайдиган, кун ўтиши ҳисобига яшаётган кичик-кичик мулк эгалари йилдан-йилга тугаб, ишсизлар сони ошса-ошдики, камаймади. Натижада кичик корхоналар ўртасида молиявий таназзул вужудга келди.
Бу иллат нафақат сармоядорларда, балки барчамизнинг қо­нимизда бор. У олимми, файласуфми, шоирми, ёзувчими ёки раҳбарми, оддий ишчи-ходимми – бир-бирини тан олмайди, ҳамма ўзича зўр. Тараққиёт эса олдинга қараб кетаяпти. Бошлиқ японлардан қаеримиз кам, деган билан ўзининг сўзига амал қил­майди. Унда Ватан, халқ учун қайғуриш туйғуси сўнган, бу иллат фарзандларига ҳам ўтиб бўлган. У ўзи чиқ­қан тепани ўйлайди. Давлатга иложи борича солиқ тўламаслик йўлларини ахтаради.
“Нега бизнинг мулкдорлар японларнинг бойларидай эмас?!” – деб ўйлайман ҳамиша. Ўз ташкилотининг иқтисодий тараққиёт даражасини кўтариш учун япон мулкдорлари ўзида мавжуд сармояни сарфлаб солиққа тушадиган даромадни яширмай давлат хазинасини бойитади. Бизда-чи, мана, ўттиз беш йилдирки, иқтисод соҳасида ишлайман. Тажрибамдан келиб чи­қиб айтаманки, мен билан ишлаган раҳбарлар иложи борича солиқ тўловидан қочиш йўлларини ахтарган. Бу давоси топилмайдиган дард хўжаликларни ин­қирозга етакловчи омиллардан биридир.
Бир-бирини алдаш, ғайирлик, димоғдорлик. Мен сендан камми қабилида иш юритиб, ўзаро низо­лар­ни авж олдиришади, ривожланиш ўрнига ички зид­диятлар оқибатида корхоналар тугатилади.
Мен гўшакка тўхтовсиз сўзлардим. Бу мантиқсиз ҳаракатим ўзимга жуда ёқарди. Кимдир эшитаётибди-ку, худди дардини қудуққа айтаётгандай, гўё айтмасам ёрилиб кетаман чоғи, тўхтовсиз сўзлардим. Кейин ваҳимага тушиб, қудуқдан қамиш ўсиб чиқса-чи, деб ўйлардим. Нима бўпти?! Кимдир қамишдан най ясаб чалса – чалар. Ўзи Искандарнинг ҳақиқатан ҳам шохи бўлганми?!…
Кул, ҳеч бўлмаса кулгингни эшитай. Ё менга раҳ­минг келиб йиғлаяпсанми?!
Йиғла, тўйиб-тўйиб йиғла, йиғингни эшитай!
Қандай бўлса ҳам овоз бер, шоввоз!
Дуд-дуд, дуд…
Соат тўрт. Тўрт бўлмай кет, соатга нафрат билан қарайман. Ҳаммасига тўхтовсиз «чиқ, чиқ, чиқ…» этаётган соат айбдор.
Яна, «чиқ, чиқ, чиқ…» Қаёққа чиқай?! Қаёққа борай?! Бошимни қайси деворга урай? Гўшакдаги сукунатдан кўра соатнинг бир меъёрда эринмай ўз тилида кишиларни огоҳлантириши, вақт ғанимат эканлигини эслатиб туриши реал воқеа-ку. Ҳаётимда кечаётган бир хиллик, осойишталик, ҳар нарсага кўникиш мени ўз домига олаётган эди.
Одам ҳам шунчалик мутеъ бўладими? Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш шунчалик қийинми? Нега бунчалик манқурт, мижғовсан! Қаердан юқтирдинг бу ға­ройиб феълни. Куним ўтса бўлди қабилида яшашдан чарчадингми?! Бола-чақанинг тинчи деб яна қанча йиллар шу турмушнинг шу ботқоғида яшайсан! Ёнгинангда нонингни туя қилаётган, қўша-қўша машина, кошона ҳовлилар, етти пуштига етадиган бойликни кўз-кўз қилаётган, номига бўлса ҳам, қолган суякни хайрия деб ногиронларга тарқатаётган бойваччаларнинг те­гирмонига яна неча йил сув қуясан? Ўлгунингча қуясан. Улар сендан усталик билан фойдаланишади. Тўкин яшашни орзу қилмаганмидинг?! Йиллар ўтиши билан қора ишчига айландинг.
Наҳотки бой-бадавлат яшаш учун одамзот инсоф, диёнат, ишонч, муҳаббат, эътиқод деган туйғулардан кечиб, сўнг давлатга эришса?! Ё бу инсонларга хос қисматми?! Балким мен орзу қилган бойлик ҳеч вақога арзимас. Арзимаса нега бу нокас бойлар ҳар доим уйнинг тўрида, ошиғи олчи, мансаби, мартабаси юқори?!
Шоирнинг шеъри ёдимга тушди:

Қандайин гуноҳим бор эди, Худо,
Рози эдим банди бўлсам зиндонга.
Рози эдим жондин бўлсамда жудо,
Муҳтож қилиб қўйдинг мени нодонга!

Қандайин гуноҳим бор эди, Аллоҳ,
Лозиммиди ёвга ё бош эгишим?!
Кураш майдонида панд берди, эвоҳ,
Хоин бўлиб чиқди ишонган кишим!

Қаёққадир кетишим керак. Ўзим бу ҳисни тўлиқ англаб етмаган бўлсам-да, вужудимда ҳукм сураётган тушкунлик, ишларимдан қониқмаслигим мени номаълум томонларга кетишга ундарди.
Ишхонага келиб меҳнат таътилига чиқиш учун ариза ёздим. Ҳали имзо қўйдиришга улгурмаган ҳам эдимки, хонамга икки киши кириб келди. Ҳужжатларини кўрсатиб, ўзларини таништиришди.
– Сизларнинг ташкилотингиз режали текширув­га тушган. Мана буйруқ, бу иш режамиз, – деб қоғозларини кўрсатди. Улар солиқ идорасидан бўлиб, корхонанинг икки йиллик молиявий фаолиятини ва ишлаб чиқариш самарадорлигини тафтиш қилишга келганини айтишди.
– Бошлиқ ҳозир йўқ экан. Биз ҳужжатлар бўйича асосан сиз билан ишлаймиз. Шунинг учун ишни сиздан бошлаганимиз маъқул, – деди гавдали, формаси ўзига ярашиб турган солиқ ходими.
– Яхши, лекин корхона раҳбарини огоҳлантириб иш бошлашингиз керак, – дедим хотиржам.
– Майли, кутамиз, – дейишди. – Биз унгача ғазна, омборхона ва бошқа моддий бойликлар сақланадиган жойларга сизнинг иштирокингизда назорат белгиси қўйиб чиқамиз.
Мен энди гапиришга оғиз жуфтлаётган эдим, бош­лиқ шошиб хонамга кириб келди.
Улар билан худди қадрдонлардай саломлашиб, ўз хонасига олиб кириб кетди.
Бир соатдан кўп вақт ўтди. Улар нимани сўзла­шишди, менга қоронғу. Ниҳоят котиба бошлиқ чақи­раётганини айтди.
Солиқчилар режали текширувни ҳужжатлар асосида бошлашни айтишди. Уларга алоҳида хона ажратиб, ташкилотга алоқадор икки йиллик ҳисобот ҳуж­жатларини олиб бориб бердим.
Хонамда ёлғизман. Бунақа текширувларни иш тажрибамда кўп кўрганман. Уларнинг қандай текширув олиб боришини яхши биламан. Номига ҳужжатларни олдига йиғиб олиб, аслида омборхонадан ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг таннархидан хатолар ахтаради. Ўзларига тегишли улушни “ҳалоллаб” олишга уринишади. Корхонамизнинг йигирма беш фоиз улуши давлатга тегишли. Акцияларнинг ҳаракати, двидендларнинг тақсимланишини назорат қилиш бўйича давлат мулкини назорат қилиш органидан ҳам текширувчи келди.
Меҳнат таътилим кечикадиган бўлди. Хизмат вазифаларини бажариш билан овора бўлиб соат уч бўл­ганини сезмай қолибман. Назоратчилардан менга бир соат халақит қилмасликларини илтимос қилиб хонамга кирдим. Эшикни ичидан қулфлаб қўнғироқни кута бошладим.
Менинг ички вазиятимда қанчалик безовталик бўл­­масин ташқи кўринишимда вазминлик, ишонч, қат­ъ­ият ҳукмрон эди. Ўзимга ўзим далда бериб, ҳаёт­нинг бу ғаройиб ўйини ҳар кимга ҳам насиб этавермаслиги ҳақида ўйлар, бу синов Худонинг менга юборган каромати деб ишонардим. Бу ғайритабиий жараённинг нима билан тугашини Худодан сабр тилаб кутардим. Телефон қўнғироғи қандай пайдо бўлган бўлса, худди шундай тўсатдан йўқолади, деб ўзимни ўзим ишонтирар эдим. Яна шуни ўйлардимки, агар қўнғироқ тўсатдан йўқолиб қолса нима қиламан, қанча кунлар­дан бери сас чиқармай тинглаётган бу қулоқнинг маълум вақтдагина мени суҳбатга чорлашига ўрганиб қол­ган эдим. Назаримда соат учда бўладиган қўнғироқ учун яшаяпману ҳаётимнинг шу бир соати асрларга татигулик даврни эслатарди.
– Алло…
– …
– Ассалому алайкум, – дея салом бердим муло­йим оҳангда.
“Таътилга чиқиш кечиктирилди. Режали текширув тугагандан кейин, насиб бўлса, дам олишга кетаман. Унгача, эҳтимол, бирор мўъжиза рўй бериб сен билан бирон жойда учрашиб қолармиз.
Ҳаётда нималар бўлмайди? Бу сир-асрорга тў­ла оламда қизиқ-қизиқ воқеалар жуда кўп бўлган. Кўринмас одамлар, учар тарелкалар, бошқа сайёраликлар, руҳлар, ажиналар кимларнингдир кўзига кўринган-ку?! Бу ҳақиқатдан ҳеч бир кимса кўз юмолмайди. Сен ҳам шулар шажарасига мансуб ғойибдан кўрувчи, олдиндан шу қисқа ҳаётимиз ҳақида башоратлар айтувчи Аллоҳнинг мўъжизаси бўлсанг, ажаб эмас. Нима бўлганда ҳам, мен сенга жуда ўрганиб қолдим. Шу ёшгача ўзимга бир дардкаш ахтардим. Энди адашмасам, топдим. Тўғри, дўстларим орасида шоир Элёр алоҳида мавқега эга. Унга ишониб дилимдаги бор гапларимни айта оламан. Нима учундир сен жуда бошқача чиқдинг, худди илҳом манбаидайсан.
Сенга кўнглимда газак олиб ётган, тузатиб бўл­майдиган, хом-хатала, пишмаган ўйларимни ҳам айтавераман. Юракнинг туб-тубида, ҳали бирон кимсага айтмаган анча-мунча сўзларим бор. Яхшиямки, Худо­йим менга сендек ноёб ҳамрозни ато этди.
Менинг атрофимда яшаётган одамларга эътирозим ниҳоятда катта. Қалбимнинг энг тўрида ётган, қанча даврлардан бери тинчлик бермаётган, мени азоб гирдобига тортаётган, тўғриси, эркинлигимга раҳна солаётган бу оғир кўтариб бўлмайдиган тош мен тенги катта-кичик замондошларимнинг ҳам елкасида юк бўлиб ётибди. Бунақа ҳаёт юкини сезмаганлари эса, бир-бирини алдаш, ҳасад қилиш, қандай йўллар билан бўлса-да, юқори мартабага кўтарилиш, бойлик орттириш, бойлигини кўз-кўз қилиш учун хайриялар тарқатиш, ногиронлар қорнини тўйғазиш эвазига охиратларининг обод бўлишига эришиш ниқобида яшаяпти. Асл башараларини кўрсатишмайди. Қадимий ривоятларда айтилишича, диний таълимотларни мукаммал ўрганган бир шайх, уламолар ва одамларни тўплаб:
– Хўш, нима учун Худога ибодат қиласизлар? – деб савол берибди. Гуноҳкор бандалар:
– Аллоҳ бизнинг гуноҳларимизни афв қи­лишини сўраб илтижо қиламиз, – дейишса, гуноҳ қил­маганлари:
– Охиратларимизни обод қилиш учун, – дейишган экан.
Шунда Шайх яна сўрабди:
– Сизлар Худога рўпара бўлишни хоҳлайсиз­ларми?.
– Қандай қилиб? – дейишибди улар.
– Аллоҳга юз тутиш учун икки қадам қўйиш керак… Биринчи қадам дунёдан (мол-бойликдан) воз кечиш, иккинчи қадам охиратдан воз кечиш, – деганида бошқа, Шайху уламолар ғазабланиб дунёдан воз кечишни тушунса бўлади. Лекин охиратдан нега воз кечиш керак, деб уни ўртага олишибди. Шайх уларга тик қараб:
– Кўрдингларми, гуноҳкор оломон бу ҳимматни англамади. Сиз аҳли ислом уламолари Худога юз тутадиган одам эмассизлар. Сизлар охиратларингизни ўйлаб бу дунёни тарк этгандан кейин жаннатдан жой олиш учун тоат-ибодат қилгансизлар. Юракларинг тўрида у дунёнинг манфаати ётибди. Худо учун, Худо йўлига деб халқни алдайсизлар. Бу қилаётган ибодатларинг ёлғондир, – деган.
Шайху уламолар улуғ Шайхни шаккокликда айб­лаб, унинг ўлимига фатво берган. Кўпгина кишилар кўнг­лини ёлғон таскинларга тўлдириб, ўзларини-ўзлари алдаб яшаяптилар. Бу азалдан бўлган, бундан кейин ҳам бўлади, дейишади жўр бўлишиб.
Дунёга келдингми, иймон-эътиқодингни бутун қи­лиш учун тавба қил! Тавбангни Тангри қабул қилади. Гуноҳларингни (тўхтовсиз гуноҳ қилавер-да) кечиради.
Комил инсонни етиштиришга кўп уринишди, лекин чиқмади. Нега комил инсон чиқмаяпти, деб бонг уришади. Қаерда хатога йўл қўяяпмиз, дейишади. Бандаси такрор-такрор хатога йўл қўяверади.
Давраларда уламоларни эслашиб қани энди улуғ шахсларимиз яна кўпроқ бўлса эди дейишади, куюнишади.
Лекин уларнинг таълимотларига заррача ҳам амал қилишмайди.
Аллоҳга юз тутиш учун икки қадам у ёқда турсин, ярим қадам ҳам ташламайдилар.
Бўрттириб-бўрттириб улар ҳақида ривоятларни бичиб-тўқишади. Гўё улар шунга муҳтождай. Яна комил инсон ҳақида ўйлай бошлашади.
Кўп ва узоқ ўйлайман… Шу оқимга кириб чўкиб кетайми бўлмаса?! Миллионлаб одамлар туппа-тузук чўкиб-ботиб, кўриниб-кўринмай юрибди-ку. Сен ҳам шуларнинг бирисан-да. Замондан чиқиб қаёққа борасан. Бу ҳолатдан фақат тарки дунё қилиб қутулиш мумкин. Ўзингни ўзинг кўп қийнама. Шунчалар ҳам ношуд бўласанми, жон шунчалар ширинми?! Шайтон бутун вужудингни эгаллаб олибди-ку! Ундан қу­тулиш йўлларини бобокалонларимиз такрор-такрор айтишган-ку. Шунга ҳам бардошинг етмайдими?! Ўзи бардош борми?! Қаердан келувдинг, қаерга кетаяпсан?! Дунёни расво қилиб кетаяпсан-ку!
Айбим шу жамиятда яшашимми?! Нега энди бу дунёга келганим учун айбдор бўлишим керак. Қанча-қан­ча улуғ ишлар бўлаяпти. Шаҳарлар кўркамлашти­рил­­моқ­­да, янги шаҳарлар бунёд этилмоқда. Аллома­ларнинг мақ­бараларини қайта тиклаш, тараққиёт, тех­­­ника, са­молёт­лар, коинотни ўрганиш, ўзга сайёраларни топиш – буларнинг ҳаммасини менинг замон­дошим қи­лаяп­­ти-ку! Нега кўз юмишим керак бу та­рақ­қиётдан. Бо­бола­рим бу мўъжизаларни кўрганда ал­­батта:
“Баракалла, болам, омадларингни Худо берибди. Худонинг севган бандаларисиз”, – деган бўлар эди. Инсоннинг ички қиёфаси-чи, ўзгардими? Худбинликдан чекиндими? Миллион йил олдин яшаган одам билан ҳозир яшаётган одам орасидаги ички ўхшашлик қай даражада? Ўзгарганми?
“Яхшилик қанча тарғиб қилингани билан, ёмонлик унинг аксидай кенгроқ қулоч кермоқда. Шу нафс балоси бор экан, бу иллатдан одам боласи қутула олмайди. Инсоннинг қизиқишини яхши томонга йў­налтириш учун нима қилиш керак? Жамиятни нима бошқараяпти? Изла, буларнинг жавоби бор. Ҳар доим бўлган. Фақат сенинг ҳиссиз юрагинг, кар қулоғинг, кўр кўзинг кўрмаяпти буни…”
Дуд, дуд, дуд…
Соат тўрт.
Беҳол бўлиб қанча ўтирганимни билмайман. Шу ўтиришда оромкурсида қотиб ухлаб қолибман.
Уйғонганимда вақт алламаҳал бўлган чоғи, таш­қари қоронғу эди. Хонамдан чиқдим. Идорада қоро­вулдан бошқа ҳеч ким йўқ. Соат кеч тўққизлар чамаси.
Корхонамиз шаҳарнинг жанубий чеккасида жойлашган, катта йўл ёқалаб аста уйга жўнадим. Атрофимдан ғиз-ғиз ўтаётган турли маркадаги енгил машиналарнинг чироқлари кўзни қамаштиради.
Хаёл билан бўлиб, шаҳар марказига етганимни сезмай ҳам қолдим.
Тунги шаҳар. Худди байрамлардагидек ўчиб-ёнув­чи ёритгичлар билан безатилган. Йўл бўйлаб тизилиб кетган қатор чироқлар ўзининг чиройини кўз-кўз қилиб, шаҳарга янада салобат, файз бериши билан бирга, кўчани худди кундузгидай чароғон қилиб кўрсатади.
Шу кунларда шаҳар таниб бўлмас даражада ўз­гарган эди. Шаҳарнинг қоқ ўртасидан ўтадиган кенг кўча бўйлаб эски шаҳарга борар эканман, бундан беш-олти соат аввал гўшакка айтган сўзларимни батамом унутган эдим.
Осмондаги юлдузлар ёниб-ўчаётган чироқлар билан кўз қисишаётгандай гоҳ хира, гоҳ чароғон нурларини таратар эди.
Йўлкада пиёдалар сийрак кўринади. Бу тун­ги сайрнинг роҳатбахш озуқасидан тўйиб-тўйиб ҳу­зур­ланаман. Шаҳарнинг тунги манзарасига маҳлиё бўлиб, Одина масжидига етиб келдим. Боболаримиз меҳнатига қанча таҳсинлар айтсак оз. Одина масжиди ёритқичлар қуршовида мовий осмонга учаётган ғаройиб ярим шарни эслатади.
Масжид устида тўлин ой, бор ёғдусини тўкиб, уни қаёқларгадир олиб кетаётган йўлдошдай фазога чорларди.
Қадим Насаф. Бу шаҳар X-XII асрларда жаҳоннинг энг йирик шаҳарлари қаторида турган.
Мадинаи мунаввара, Бағдод, Исфаҳон, Нишопур, Марв, Бухоро, Самарқанд, Насаф…
Насафнинг бу қутлуғ шаҳарлар сафига қўши­ли­ши, довруғининг оламга ёйилишида шу ша­ҳарда туғилган, ислом маданиятининг шуҳратига шуҳ­рат қўшган олиму уламоларнинг ҳиссаси катта.
Узоқ ўтмишни ёдга солувчи бу зиёратгоҳ шаҳар, не-не бўҳронлар, қанча-қанча урушлар, қирғинлар, вай­ронагарчиликлар, зилзилаларнинг шоҳиди бўлди. Бузилди, қайта тикланди, яна бузилди… Собиқ Шў­ро­лар даврида Одина масжиди жиноятчилар учун ҳибсхонага айлантирилди…

* * *
Эрталаб, ишга келгач, турли ўйлар гирдобида паришон ўтирар эканман, телефон жиринглади. Соатга қарадим. Соат ўн бир.
Гўшакни олдим.
– Алло?!
– Ассалому алайкум, Эрқор ака, – деган овоз эшитилди гўшакдан.
– Ҳа, шоирим, бормисиз? Нега узоқ жим бўлиб кетдингиз?
– Пойтахтдаман. Бир олам янгилик, яқинда бораман, гаплашамиз. Янгамга, жиянларга, дўстларга салом айтинг.
– Хўп, ўзингиз ҳам соғ бўлинг, Элёржон! – дедим-да, гўшакни қўйдим.
Яна иш. Тафтишчиларга арзимаган камчиликларни тушунтириш, уларни тушликка олиб чиқиб, меҳмон қилиш, шунга ўхшаш кунлик ташвишлар менинг зиммамда. Соат учга яқинлашган сайин ўзимни ноқулай ҳис эта бошлайман. Меҳмонлардан узр сўраб, хонамга кирдим. Эшикни бекитиб, қўнғироқни кутдим. Телефон жиринглади. Гўшакни олдим.
– Омонмилар, менинг фариштагинам!
Бугун нима учун мен бой эмаслигим ва бўла олмаслигим тўғрисида гапирмоқчиман. Биламан, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга сармоям йўқ. Ёлланиб ишлайман. Ҳали косам оқармади, сочим оқарди. Худойим яна қанча умр бергани Ўзига аён. Ёмон яшамайман. Яхши ҳам эмас, ўртача, одамлар орасида бир гап бор-ку: “Қозиқнинг боши ҳам, учи ҳам бўлма. Боши бўлсанг гурзи ейсан, учи бўлсанг, ерга кирасан. Ўртаси бўл”. Қозиқнинг ўртаси, қозиқнинг боши ерга киргунча, то бирон болта келиб энди керак эмассан, деб ёриб ташлагунча яшайверади…
Эҳтимол, менинг пешонамга қозиқнинг ўртаси бўлиш ёзилгандир. Бой бўлиш айб эмас. Мен ўттиз беш йилдан бери тер тўкаман. Бой бўла олмайман. Бой бўлишнинг ўз сирлари бўлса керак. Бойлар бу ҳақда лом-мим дейишмайди. Бир танишим бор, яхшиси шу одам ҳақида сўзлаб берай. Исми Мардон. Бирон бир давлат идорасида ишламайди. Данғиллама ҳовлиларидан ўн­тасини биламан. Укасининг, жиянининг, болаларининг номига қуриб ташлаган. Машинасини ҳар ой алмаштиради. Айтишича, “бизнес” билан шуғулланади. Дўконларга ҳар хил спиртли ичимликлар тарқатади. Иқтисодий аҳволи таранглашганда, олдимга маслаҳат олгани келади. Албата қуруқ қўл билан эмас, тўлиб-тошиб, бир ойга етадиган озиқ-овқатни усталик билан йўлини қилиб рўзғоримга ташлаб кетади. Рафиқам, рўзғорда камчилик кўпаяверса, анави “бизнесмен” жўрангиз кўринмай қолди, ишлари яхшими дейман, деб менга шама қилади.
Бир куни шу “жўрам” дардини тўкиб солди. Анчагина кайфи бор. Менга жуда ишонишини, агар рухсат берсам, чала турган ҳовлини тез кунда битказишини, унга жуда ёқишимни, менинг маслаҳатларим боис кўп ютуқларга эришаётганини айтиб, баландпарвоз гаплар қилди. Кейин секин қулоғимга шивирлаб: «Яна битта ароқ цехи очдим, мана беш йилдирки, дала ҳовлим ертўласида ўғилларим билан ароқ тайёрлаймиз. Кечаси ишлаймиз. Мен биламан бу бойликлар қаердан келаётганини. Тўғриси, ёмон яшамайсану бой бўлиш қийин. Маҳаллага катта мачит қуриб бердим. Давлатимга давлат қўшилишини сўраб, ҳаққимга дуо қилишаяпти. Ҳар ой уларни чақириб худойи қилиб бераман. Чиқим ҳам қилиш керак-да. Кеча меҳрибонлик уйига иккита рангли телевизор, иккита совутгич ҳадя қилдим. Насиб бўлса йилнинг охирида битта «Дамас» машинаси олиб бераман. Бу ишни ҳозир амалга оширишга кучим етади. Баъзи одамлар кўролмайдими, ишонч рақамларига қўнғироқ қилиб ёки юмалоқ хат ёзиб, жиғимга тегишади. “Борни кўролмайди, йўққа беролмайди”. Бунақалар ҳам анчагина. У куни устингиздан шикоят тушган деб роса титкилашди. Ароқ ишлаб чиқарадиган цехла­рим шаҳардан ташқарида. Уни ўзим, ўғилларим билади. Барибир, меҳмон қилиб, совға-салом билан жў­натдим…”
– Ўчирасанми, йўқми овозингни?! – бақирдим фи­ғоним ошиб. Йўқол! Аблаҳ! Иккинчи қорангни кўр­май! Аҳмоқ. Лўттибоз!!!
Овозим баланд чиқаётганини эшитиб ўғлим чопиб келди.
– Олиб чиқиб ташла бу итни,– дедим ҳансираб.
Ўғлим Мардонни қўлидан ушлаб олиб чиқиб кетди.
Бу мен билган манзараларнинг эна кичкинаси. Бойлик изидан қувиб, не-не расво ишлар билан шу­ғулланиб юрган каслар озми?! Қайси шаҳарга борма – тиқилиб ётибди. Уларнинг қармоғига илинаётган ёш-ёш қизлар камми… Тақинчоғу совғаларга ўч бўлган қиз-жувонлар маишат ботқоғига ботмоқдалар.
Эй, гўшак, сенга айтаяпман. Бу беҳаё кинолар ёш­ларни қаёққа бошлаяпти? Ҳамманинг ҳам бардоши бир хил эмас-ку. Ўзини тия биладиганлари ҳам бор. Лекин бу иллат болалагандан болалаб, муҳитни бузаяпти. Унинг олдини олиш йўлини қанча излама, тўхтатишнинг ҳеч иложи йўқ. Мамлакатга яширин йўл­лар билан кириб келаётган яланғоч, беҳаё расмлар ва касеталар оқимини ким тўхтата олади?! Де Саднинг расволарча ёзилган китобини ўқиётган одамлар ҳаёт тўғрисида нималарни ўйлаяпти? Ёки бу ўтиш даврими? Инсон зотига тўғри келмайдиган бу жоҳилликни инсоният бошидан кечириши керакми?!
Бир пайтлар буюк ҳинд ёзувчиси: “Эй Аллоҳ, ҳеч қачон Ҳиндистонга Мопассан келмасин”, деб илтижо қилган экан.
“Ўғил болани кўп пул, қиз болани кам пул издан чиқаради”, дегани рост. Тарбия қачон бузилган? Бой бўлгин-да, муҳитни истаганингча бузавер, дегани эмас-ку?! Бу касалликларни даволашнинг иложи борми?! Иложи бўлса нимани кутаяпмиз?!”
Дуд, дуд, дуд…

Сукунат. Бошим қизиб кетди. Соат миллари тўрт­ни кўрсатмоқда. Ҳеч ким билан хайрлашмай уйга жў­надим.
Нега мен гўшакни олганда фақат қора доғларни кўраяпман? Хаёлимда олдингидай мавж урувчи соф, тоза фикрлар ўрнига ҳаёт оқими нуқул иллатлардан иборатдай туюлаяпти. Ўзи кимман? Бу дунёга нимага келдим? Ёруғ дунёга келишим менинг ихтиёримда эдими? Вужудимни қамраб олаётган, менга таҳдид солаётган ваҳималар қаёқдан келаяпти? Энди нималарнидир англаб ета бошлаганимда ёруғ оламдан нечун кўз юмишим керак? Нима учун ҳад-ҳудудсиз коинот тизимида, ҳеч қандай қадриятларга эга бўлмай, тасодифларга тўла ҳаётнинг оддий ўйинчоғига айланиб қолишим, умримнинг самарасиз ўтиб кетишига йўл қўйиб беришим керак?!
Нега?!…
Шунча йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган мендек одам ҳам бу саволларга жавоб топишга қийналар эдим. Юк жуда-жуда оғир, уни кўтаришга илм етишмасди. Илм бўлганда ҳам ботиний илм йуқ . Ер юзида ҳозирги кун маълумотларига кўра етти миллиард одам яшашини инобатга олсак, шу одамлар яна юз йилдан кейин ном-нишонсиз тупроққа қоришиб йўқ бўлиб кетишини, улардан саноқлигина номлар, яъни тараққиётга ҳисса қўшган (олимлар, ихтирочилар, шоирлар, ёзувчилар, рассомлар ва ҳ.) ларнинг номлари қолишини эсласам, ўшаларнинг бири-да мен ҳам, ном-нишонсизлар сафида йўқ бўлиб кетаман дердим. Ўрнимизга худди бизларга ўхшаган яна тўққиз миллиард одам қайтадан дунёга келиб, борлиқда бу ҳолат неча бор такрорланиши ажабланарли. Бундан дунёга нима фойда?!
Эй, тинчгина ўз оиланг бағрида, ойнаи жаҳонда ҳар хил сериалларни кўриб, ҳалол-покиза яшаётган эдинг-ку. Қайт шу ҳаётга…
Эҳ, тезроқ тафтишчилар ишини тугатсалар эди. Бироз дам олган бўлардим. Бутун танам, асабларим зўриққандан зўриқаяпти…

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 10-сон