У деразадан тушаётган заррин қуёш нурлари остида қамашган кўзларини эринибгина очди. Кўз очди-ю, бирдан ғашланди, пайраҳадай қўлларини дераза томонга пахса қилиб, ёзнинг одатий жазирама оловидан нигоҳини тўсган бўлди. Аммо эплолмади. Наштардек ботаётган нурлар уни қўзғалишга, ланж танани соя томон олиб ўтишга мажбур этарди. Кир, яғир ёпинчиғи илон пўст ташлагандек каравотнинг бир томонига осилиб қолган. У қуёшдан қочибми, ёхуд ғижимланиб қолган оҳорсиз чорхона пиджаги қатланиб, ғужанак танасига ботганиданми, секин девор томонга ўгирилиб олди. Барибир, ётолмади. Чалқанча ётганича ҳали уйқуси ўчмаган кўзларини шифтга тикди; қулочларини қарға қанот қоққандай эринибгина икки томонга сермади-да, узоқ керишди. Суяк мушакларининг зирқираб кетишидан алланечук лаззат ҳиссини туйди.
У хаёлини бир жойга тўплаб, ниманидир эслашга тиришди. Устара тегмаган, куйган чигитдек ўсиқ соқол-мўйлов афт-ангори ногоҳ буришиб кетди.
— Нима деди у? Неофабия дедими? — дея ўз-ўзича тўнғиллади, кеча йўқлаб келган, бошланғич синфда сабоқ берган устози Мели аканинг танбеҳларини эслашга ҳаракат қиларкан. — Нега мен янгиликдан қўрқарканман? Балки мени одамлар тушунмаётгандирлар? Умуман, менинг кимга оғирлигим тушмоқда ўзи? — У киртайган маҳзун кўзларини юмди. — Ҳа, мени Шофия ҳам ташлаб кетди! Ажаб, одамлар мендан қочмоқдаларми, ё мен одамлардан узлатдаманми? — У найзасимон қошларини маъносиз чимирди. — Узлат? Нима у узлат? Тавба, қаердан биламан буни? Қаердан ўқидим экан? Барибир, эслолмадим. Ҳар ҳолда нақадар таниш сўз! Узлат? Ҳам қўрқинчли, ҳам сокин…
Илкис ўрнидан турган эди, боши айланиб, кўз олди қоронғулашди, йиқилиб кетмаслик учун каравот дастагини ушлаб қолди. У шундагина ўзининг очқаганию юраги ҳолсизланиб бораётганини туйди. Барибир, кўнгил ғашлиги устун келарди. Шу сабаб, қўл узатса етадиган стол устидаги егуликдан тановул қилишга ҳам ҳафсаласи бўлмади. Наридан-бери юз-қўл ювган бўлиб, кеча ёзилганича қолган, чой, овқат тўкилавериб, моғор ҳиди унниқиб улгурган дастурхондаги уч-тўрт бурда қотган нон бўлакларига қўл узатди.
* * *
Гандираклаб-гандираклаб эшик қопқасини зўрға итарди. Остонага қадам қўйиши ҳамоно биринчи дуч келгани яна қуёшнинг одатий, кўнгилни ғаш этувчи қайсар нурлари бўлди. Гўё уларга бас келмоқчи бўлгандек, кўзларини қисиб хўмрайиб қарамоққа чоғланди. Аммо қисиқ кўзларига олов пуркалгандек бўлди. Шундагина қайта тепага қарашга юраги дов бермай, қилаётган иши учун ўзидан-ўзи ижирғаниб кетди.
Сўнг полиз қўриқчисидек бирпас ҳовли ўртасида туриб қолди-да, тўнкарилган эски пақирга омонат чўкди. Шу чоғ оёқлари остида зир югураётган чумолиларга кўзи тушди. Улар саросима ичида ўлжаларига ҳам қарамай, турли томонга тўзиб қоча бошладилар. Бироздан сўнг, «овул»ларида яна тинчлик қарор топганини билгандай, ҳаммалари яна ўз ташвишларига юз тутишди. Бири ўзидан беш-олти ҳисса катта дон-дунми, хас-хашакми олиб келаётган бўлса, иккинчиси шеригининг ўлжасига очиқдан-очиқ ҳамла қилаётир. Буларнинг барчаси қўшилиб, сирли ва ташвишли ҳаёт манзарасини англатарди. Ҳозир қиш ғамини еётган бўлсалар, ажабмас. Уларда ҳам бола-чақа бордир? Бўлмаса, шунчалар жонларини жабборга беришармиди? Унда буларни нима мажбур қилган? Бир қоринлари бўлса юрган йўллари, истаган жойларида тўяди-ку? Ўзаро келишмовчилик, тортишув, бирининг молига иккинчиси эгалик қилиш, бир-бирини хароб этиш каби инсонга хос одатлар чумолилар орасида ҳам бормикан?
Ана, оғзи нўхотдек келадиган, атрофи майда тупроқ зарралари ила маҳорат билан ўралган тупроққалъа ин бўйлаб чумолилар бетартиб кириб чиқишмоқда. Гўё бир нарсадан қуруқ қолгандек ин оғзига ўзларини шоша-пиша урадилар. Нарироқда, гандираклаб юрган бир чумоли ин оғзига етмасдан, бир нарсасини унутиб қолдиргандай, ярим йўлдан ортга қайтди.
«Ана, шуниси менга ўхшаркан! Аммо менга ўхшаб имилламайди, чўрткесар ва қайсар!» — хаёлидан кечирди у мийиғида жилмайиб.
Негадир, ўша чумолини узоқ кузатди. Кирмаган тешиги, олишмаган чумолиси қолмади-ёв, унинг назарида. Ахийри, ўзидан заиф чумолининг ўлжасини зўравонлик билан қўлга киритди-да, ин томонга тортқилай кетди. Афсуски, инга етмасидан уч-тўртта безори чумолиларга дуч келди. Ана, энди тамом — ўғрини қароқчи урди! Бечора, бир ўзи ҳаммасига бас келмоқчидек, олишувга ташланди. Фавқулодда орадан бир зўр чиқиб, ўлжани боши оққан томонга ортқилаб қочди. Бошқалари эса, уни гўё калака қилишаётгандек, бир муддат шериги то ўлжани бирор жойга гум қилгунга қадар ушлаб туришлари керакдек, гир ўраб олишган.
«Буни ҳаётнинг бир парчаси, деса бўлади!»
У хаёлига келган фикрдан иршайиб нари кетди.
Ўша тентираш зайлида дераза олдида тўхтади. Шундоққина хира тортган дераза ойналарида унинг қора кўланкаси пайдо бўлди. Соч-соқолини бармоқлари билан тароқлади. Аксига олиб бармоқлари патанак сочлари орасида тўхтаб қолар, бу ҳол унинг тамом ғашини келтирарди.
“Илгари ҳам шундай кўримсизмидим?” — дея у сергак тортди ойнадан кўзини узмай. Хаёлига келган бу фикрдан яна маъносиз иршайиб қўйди. Балки анов, Мели ҳам мени неофабиясан, деб бекорга устимдан кулмагандир? Хўп, энди бу ёғи нима бўлади, ё шундай ўтаверадими куним? Ётаверганим билан биров бир бурда нон ҳам бермас. Ўлганинг билан бировнинг иши йўқ! Атрофингдагиларга керак бўлганингдагина сени сўрашади, бўлмаса йўқ. Ҳатто ўз хотининг Шофия ҳам ташлаб кетди-ку! Негаки, сен уларга фойданг тегса, кераксан, тегмаса ундан нарисан! Асл моҳият шу эмасми? Демак, яшаш учун курашишинг керак! Курашиш учун эса журъат зарур! Шундайми? Ҳа, шундай! Бояги чумоли ҳам ўз ҳаёти учун курашмоқда. У ҳам ким биландир олишди, кимдандир енгилди, кимнидир енгди! Шундай қилмаса, супуриб ташлашади. Бошқача бўлмайди!
Шофиянинг ташлаб кетганига ҳам қарийб уч ой бўлди. Уч ойки, онаси билан бирга чиқиб кетган ўғли Самарни атиги бир бор кўрмабди ота бўлиб! Кўрай ҳам демабди. Ҳар гал Шофия у билан жиғиллашиб қолганида уйдан қайтиб келмас бўлиб чиқиб кетар, аммо эри ортидан бормаслигини билиб, бир-икки ҳафта ўтмаёқ яна ўзи қайтиб келарди. Эри бўлса, тиржайганча «Ўзи кетди ёр-ёр, ўзи келди ёр-ёр», деб қўяқоларди бамайлихотир. Унинг саломи ҳам, алиги ҳам — шу эди. Бу гал у узоқ кетди. Назарида, қайтмас бўлиб кетган кўринади. Шофия билан аксар жанжали унинг ҳеч қаерда ишламаслиги, рўзғор учун топиб-тутиб келмаётганидан чиқарди. Шофиянинг назарида у рўзғорим, дейдиган эркаклар тоифасидан эмас. Оилада унинг бор-йўқлиги асло билинмайди.
У дераза рахига суянганча ўғли Самарнинг ҳовлини тўлдириб, у ёқдан-бу ёққа чопишлари, беғубор қийқириқларини эслади. Унинг болаларча талаффузи билан қачондир айтган охирги сўзларини айтиб кўрди, қўмсади. Лаблари бехос пирпираб, тили забонсиз каловланди. Қачонлардир қотиб қолган дийдадан икки томчи ёш сизилиб чиқди. Томчилар қабоқлар устида зўрға сизилди-да, патак соқоли орасига сингиб кетди.
“Ўғлим!” — деди у базўр.
Самарнинг унга эркаланиб, дадажон, дея осилгани, қаттиқ қучиб, ачом-ачом қилганини сира-сира эслолмади. Ўғлининг одатий эрта турган кезлари бошқа болалар каби дадасининг қўйнига суқилиб кириб ўйноқлаганию қўшилиб пинакка кетганини ҳам эслолмади. Уйда ўз тухумидан нари кетмай, курк босган товуқдек мастона ҳурпайиб ётавериши унинг кунлик аъмолига айланибди. Шунданми, ошна-оғайни, ёр-биродарларининг қадами бу уйдан бир-бир узилди. Шофиянинг наздида, бу уй бехосият ва бебарака хонадонга айланди-қолди.
Балки сен ҳақдирсан, Шофия! Менинг сендан, ўғлим Самардан бошқа яна кимим қолди? Ҳамма ташлаб кетмадими? Наҳотки, энди сен ҳам мени ташлаб кетсанг! Йўқ, бундай бўлмайди! Бўлиши мумкин эмас! Мен бунга йўл қўймайман! Мен ҳам ўз ҳаётим, оилам учун курашаман! Худди анов чумолилардек! Бунга албатта куч топа оламан! Энди англадим: инсон ҳаётда нимагадир интилиб яшамоғи, йиқилган тақдирда ҳам яна ўрнидан туриб, олдинга интилмоғи, оиласи, болаларининг бошқалардан бекам яшаши учун курашмоғи шарт! Бундан ўзга йўл кўрмаяпман! Ортга қарасам, тубсиз жарлик! Бир қадам чекинсам, бас, ўша тубсиз чоҳ мени ютади. Унда борлиқдан изсиз йўқоламан. У мени орзуларимдан, боламдан ва сендан абадул-абад мосуво этажак! Шундай экан, олдга босган биринчи қадамим сизлар томон бўлади! Фақат сен қўл берсанг, бас! Мен патанак босган одамман! Уни ёриб чиқишни истайман! Шофия, менга ёрдам бер!
У боядан бери суяниб турган дераза рахидан ўзини олиб, дарвоза томон жилди. Аввал кўчанинг нариги бетидаги гузарга чиқиб, соч-соқолини тартибга келтириш, сўнг эса Шофиянинг олдига боришга қарор қилди!
Муюлишдаги таниш кўчага бурилганида, қуёшнинг заррин нурлари унинг қиртишланган, тап-тақир бошига тинмай ёғилаётганига эътибор бермасди. Ҳозир унинг хаёлини бошқа бир ҳиссиёт, бошқа бир манзара буткул асир этган. Қаршисидан эсаётган эпкинлар патанак соқол-мўйлабидан тамом озод бўлган чеҳраси узра қачонлардир қотиб қолган қизиллик ва илиқлик анфосини қўзғади. Бу тириклик фаслининг умид куртаклари эди. Бу куртаклар унинг руҳиятига гумроҳликдан буткул ҳоли бўлган ўзгача ором бахш этмоқда эди.