Одилжон қиз узатадиган бўлди. Куёв кенг елкали, қорақош йигит экан. У куёвни уйига таклиф қилди, танишди. Меҳмонхонанинг тўрига чиройли стол ясатилиб, бўлажак қайнота ва куёв суҳбат қуришди.
Одилжон йигитнинг уйидагилари, институтда сиртдан ўқиши, тузуккина жойда ишлашидан хабар топди. Оғир-вазмин, бироз тортинчоқ йигит экан. Қизиқ, ўйлади Одилжон, у мени “ада” дермикан? Кейин қизи билан бўлажак куёвини ёнма-ён тасаввур қилди. Нигора нозиккина, қорачадан келган. Оққуш мисол енгил юради. Севимли қизи бунгача не-не йигитларга ёққан, лекин энди кимларнингдир кўзининг оқу қорасини ҳам ёқтирмаган қизининг тўйи бўладиган! Ўзи хоҳлаган, ўзи севган, балки ўз кўнглидаги баркамол йигитга турмушга чиқадиган бўлди.
Эр-хотин тўй харажатларини чамалаб, енгил тортишди. Ҳар қалай кучлари етаркан. Кимларни айтишади? Бирма-бир рўйхат тузишди. Синфдошлари ҳам қолиб кетмади. Биринчи тўйнинг завқи бошқача бўлади. Ўн кун олдин тўйга айтишни бошлашди. Эр янги костюм-шим, оқ кўйлакда, хотин орзулаб тиктирган “помбархт”, асл чарм туфлида “Тико”да йўлга чиқишди.
Машина елдек учиб бораркан, Одилжон синфдоши ўзини қандай кутиб олишини ўйларди. Анча йиллар бўлди кўришмаганига. Новча, озғин Шерзод ўзгарганмикан?
Ниҳоят, тепаликдаги бир қават оппоқ бино олдига келиб тўхташди. Бу аллақандай илмий-текшириш институтининг тажриба хўжалиги экан. Раҳимжон ичкарига кириб, узун йўлак бўйлаб юриб тўппа-тўғри қабулхона олдидан чиқди. Эшикни очиб, кўзлари яшнаб кетди. Ичкари гўё гулхона, турфа ранг ўсимликлар яшнаб турарди. Тўғрида лабларига олча рангини сурган, ясама киприкли, зулфлари ўзига ярашган, йигирма беш-ўттиз ёшлардаги аёл чой ҳўплаб ўтирарди.
— Бормилар? — Одилжон “Шерзод” дейишга жазм қилолмади. Отасининг исмини эса билмас, “вич, вич”лар гўё дўстига ярашмагандай эди.
— Шерзод Набиевич бандлар, — деди котиба уни ўтиришга таклиф этиб. Сўнг ялтироқ пиёлада чой қуйиб берди. — Мажлис ўтказяптилар.
Ярим соатча кутди. Диққати оша бошлади. Таклифномани котибага ташлаб кетаверсаммикан? Унда эслармикан? Сал гиначироқ эди, кейин хафа бўлса-чи? Кел, таклифномани қолдирай, ҳали тўйга айтадиган одамлар кўп деб жўнавормоқчи эди, эшик очилиб ходимлар чиқиб келишди. Одилжон енгил тортди. Кийимларига қараб олиб, ичкарига кирди. Дўсти бироз хаёлчан, чарчаган ҳолда ҳалиям столдан бош кўтармай ўтирарди. Уни кўриб, қотиб қолди. Сўнг ўрнидан илдам туриб, оғайниси томон талпинди:
— Дўстим, Одилжон! Бормисан, омонмисан?! Қандай шамол учирди?
Ҳол-аҳвол сўрашишди. Синфдошлар муаллимларни эслашди. Бир пайтлардаги қилиқлари, ҳазиллари ёдларига тушиб кулишди, ўтганларни бир-бирларидан эшитиб, маъюс тортишди. Одилжон дўстига:
— Ўзгарибсан, — деди жилмайиб, — қорин қўйибсан, салобатли бўлиб қолибсан. Амал ёқибди!
Шерзод жиддий тортди:
— Бу амал эмас. Вақт ўтаяпти. Шунга. Баъзан ўйлаб қоламан. Мана, қирқдан ошдик. Нима фойдали иш қилдик. Кимнинг кўнглини олдик? Ахир, инсон бир марта яшайди. Фақат бир марта-я! Ишда баъзи пайтларда кимларнидир хафа қилиб қўйдимми, деб ҳам ўйлайман. Хизматчилик, қаттиқроқ гап айтиб юборасан. Шунда ўзим ҳам кечалари мижжа қоқмай чиқаман. Аввало, ўзим қийналаман.
Одилжон қараса, дўстининг гаплари ҳозирги мажлис таъсиридан, тугаши қийин, дардлашишга эса вақти йўқ. Пастда машинада хотини диққат бўлиб ўтиргандир…
— Тўйга айтгани келдим! — деди у дафъатан. — Қиз узатаяпман.
Дўстининг кўзлари чақнаб кетди:
— Сен-а! Кечаги бола-я! Муборак бўлсин. Нима хизмат бор? Айт, тортинма.
— Ўзинг борсанг, шу катта хизмат. Синфдошлар бир дийдорлашамиз, суҳбатни ўша ерда давом эттирамиз.
Шерзод баттар ёпишиб олди:
— Айт хизматни. Ахир, ёрдамчи бўлсаям, бир хўжалик раҳбариман.
— Ҳеч нарса керак эмас дедим-ку, ҳаммаси етарли.
Шерзод қатъий оҳангда уқтирди:
— Бўлди! Сабзи, пиёз мендан. Тўёна! Қўрқма, хўжалигимизда йўқ. Бозордан пулини тўлаб олиб бораман.
Одилжон тезроқ кетиш учун таклифномани тутқазди-да, ўрнидан турди.
Шерзод уни узун йўлак адоғигача кузатиб қўяркан:
— Тағин бозордан сабзи, пиёз сотиб ола кўрманглар-а, — деб тайинлади.
Машинада қовоқ уйиб ўтирган хотини “намунча!” дейишини аввалдан билиб, Одилжон машинага ўтирар-ўтирмас ҳаммасини гапириб берди.
— Майли, — деди хотини чеҳраси ёришиб. — Сабзи, пиёз ташвишидан қутулибмиз.
— Ҳа, — деди Одилжон ҳам негадир кўнгли ғаш. — Ўзимиз оламиз, десам, қўймади-да. Тағин бозордан олиб борармиш.
Хотини суюнгандек бўлди.
— Тўёнадир-да. У ҳам тўй қилса, олиб борарсиз бирор нарса.
Тўй бошлангунча экан. Кунлар ғир этиб ўтиб кетди. Бугун сабзи тўғрар. Одилжон эрталаб уйидан чиқмасдан қўшнилар эшик тақиллатиб ҳовлига кириб кела бошлашди. Маҳалла омборхонасидан қозон-ўчоқ, самовар келтиришди, стол-стуллар ҳам пайдо бўди. Ҳар ҳолда, эртанги ошга ҳаммаси тахт қилингани яхши-да. Бу ишларга маҳалла фаоли, чўрткесар, чапани Ҳайдар мўйлов бош-қош эди. Одилжон аслида уни унча хушламас, баъзан кўчанинг нариги бетида кўрса, ўзини четга олиб қочарди. Негалигини аслида ўзи ҳам яхши билмасди. Балки савлати, эҳтимол, тўғри сўзлиги учундир. Эрталаб ошга чиқмагани сабаб танбеҳ бериб қолишидан ҳайиқар.
Аслида маҳаллада шундай одам бўлгани маъқуллигини у ҳозир юрагидан ҳис этиб турарди. Бирига у, бирига бу ишни буюриб, дарров ҳаммани уюштирди-қўйди. Ўзи эса қўлини совуқ сувга урмас, гоҳи-гоҳи чўнтагидан бежирим шиша идишча олиб, нос ташлар, атрофдагиларга гапини англар-англамас тушунтирарди. Баъзан бирдан тутоқиб, кимнидир уқувсизлиги учун койиб берар, гоҳо латифа айтиб ҳаммани кулдирарди.
Шу тариқа ишлар юришиб турганда Ҳайдар мўйлов Одилжонни чақириб қолди. Ташвишлардан боши қотиб юрган Одилжон Ҳайдар мўйлов олдида дарров пайдо бўлди.
— Хўш, укахон, — деди у носдан бир отим оғзига ташлаб. — Энди сабзи, пиёзни келтир-чи.
Одилжоннинг ичи узилиб кетди. Шерзоддан ҳали дарак йўқ. Бозорга боришга вақт қани! У индамай тураверди.
— Ҳой, — деди Ҳайдар мўйлов, — намунча анграясан? Олиб чиқсанг-чи!
— Йўқ, — Одилжоннинг оёқлари қувватсизланиб чўккалаб қолди.
— Нима, ҳали йўқми? — Ҳайдар мўйлов бирдан хо-холаб кулиб юборди. Ҳовлида юрган эркаклар улар атрофига тўпланишди. Пешайвонда ўтирган аёллар ҳам нима гап экан деб, зийрак тортишди. Одилжон бу ноқулайликдан саросималаниб, кўча томон юрди. Йўл-йўлакай хотинига дуч келди.
— Э, ўша оғайнингизнинг ваъдаси қурсин! — деди у лабларини буриб, — шарманда қилди-ку!
Одилжон боққа ўғирликка кириб қўлга тушган боланинг аҳволида эди.
— Нима қилай, ахир, ўзи қайта-қайта ишонтирган эди-ку.
Хотини баттар овозини баландлатди:
— Э, ишонтирмай ўлсин. Ўйламайдими, эртага тумонат одамга ош берилса. Сиз ҳам шалпайиб юравермай, бозордан олиб келиб қўйсангиз бўларди-ку!
— Ўчир овозингни! — бақириб юборди Одилжон бирдан.
Орадан ярим соатча вақт ўтар-ўтмас ҳовлидан Ҳайдар мўйловнинг гумбирлаган овози эшитилди.
— Қани, ҳой одамлар! Ана, сабзи, пиёзни олиб келишди. Сал кечикишди. Шунга ота гўри қозихонами? Ҳамманглар тўғрашга ўтиринглар.
Ўзи биринчи бўлиб кўрпачага ўтириб, бошлаб берди. У ишга киришдими, тамом, бошқалар тик туриб кўрсин-чи!
Кўпчилик барибир яхши-да. Икки соат ўтар-ўтмас ҳамма иш саранжомланди. Хизмат қилганлар чиройли ясатилган дастурхонга таклиф этилди. Шўрва тортилди. Ҳеч ким бояги дилхираликни эсламас, ошпаз сабзи, пиёзнинг сифатини мақтарди. Шунда бирдан Одилжоннинг хаёлидан “Шерзоднинг ўзи йўқ, сабзи, пиёзни ким келтирдийкан”, деган ўй ўтди. Ўтирганлар орасидан секин сирғалиб чиқиб, Ҳайдар мўйловга рўпара келди.
— Бу… — деди чайналиб, — ким олиб келди?
Ҳайдар мўйлов нос шишасини тиззасига бир уриб силкитди-да, қийиқ кўзларини қисиб қаради:
— Э, ўша оғайнингни! — деди кўзлари чақчайиб. — Қизиқ экан-ку. Ҳаммасини келин айтди. Хафа бўлишга арзимайди. Биласан, бўйрадеккина томорқам бор. Мушак сабзи сепгандим, роса бўлиб берди. Тўрт қопини эртага бозорга тайёрлаб қўйганман. Биттасини олиб чиқдим. Озгина пиёз қўшдим. Мендан сенга тўёна, болам!
Одилжон Ҳайдар мўйловни қучоқлаб олди, кўзларига ёш қуйилиб келди.
— Раҳмат! — деди маҳалладошини қўйиб юбормай. — Минг раҳмат. Шарманда бўлишдан қутқардингиз.
— Жим, — деди Ҳайдар мўйлов бармоғини лаблари устига қўяркан. — Овозингни чиқарма. Хафа бўламан.
У шундай деб кафтидаги носни тилининг тагига ташлади-да, ўтирганларга:
— Қани, ҳой қўшнилар, турдик энди, бошқа ишларни қилайлик.
Одилжоннинг кўнгли ғашланди: “Шерзодга нима бўлди? Албатта, бир кун аввал сабзи, пиёзни тўёна қилиб бораман, деганди-ку. Бировга қолган кун шундай бўладими? Унда Ҳайдар мўйлов ҳам биров-ку. Қизиқ, олдимиздан оққан сувнинг қадрига қачон етамиз”.
Бироздан кейин меҳмонларни кузатаётган хотинининг шўх-шодон чеҳрасини кўриб, кўнгли ёришди. Кўз олдида оҳудек қизи билан у томон бироз эгилиб келаётган тик қомат, қорақош куёви гавдаланди. Чарчоқлари тарқаб, ўзини қушдек енгил ҳис этди.