Абдусаид Кўчимов. Бу дунёда шундай яшасанг… (эссе)

I

Толтушгача тошқотсам керак деб ўйлаган одам, саҳар-мардонда уйғониб кетиб, ўз-ўзимдан ҳайрон қолдим: бош артилган шишадай тиниқ, оёқ-қўл пардай енгил, худди кун бўйи чашма бўйи майсаларига кўмилиб ётган бойваччадай думоғ чоқ, кайфият аъло – ярим кечагача бўлган гурунгда чавандозлик қилган одамга ҳечам ўхшамасдим.
Гурунгмисан – гурунг бўлди-да, ўзиям! Қишлоқ оқсоқоллари, зиёлилари, Жуманазар аканинг сара қариндошлари, ҳоким бобо етовидаги туман раҳбарлари, тошкентликлар… Алқисса, ўн беш болорли уй одамга лиқ тўлди. Аввал, чақ-чақлашиб ўтирдик. Кейин, турли соҳалардан гап кетди. Унча-мунча чегарага сиғмас эди суҳбат мавзуи: бир ёғи – туманли тарих, бир ёғи – серҳашам келажак, яна бир ёғи – адабиёт муаммоларию уй-рўзғор ташвиш­лари… Медицина борасида эса биз кирмаган эшик, биз ўтмаган тор кўча қолмади-ёв…
Туман ҳокими – буғдойранг, бўйи баланд, елкалари кўтарилган, қорувли, овози дағалроқ одам – “қишлоқи”дай кўрингани билан кўпни кўрган, кўп ўқиган, серфикр киши экан. Қамаши ва Қашқадарёда бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида кўпдан-кўп маълумотлар эшитдик ундан. Жуманазар Бекназаров бошчилигидаги Наврўз хусусида эса алоҳида меҳр билан гапирди:
– Бундай савобли тадбир, республикани билмайман-у, аммо Қашқадарёда битта, бошқа жойда йўқ! Тўғри, худога шукур, хайр-эҳсон соҳиблари оз эмас – бор. Аммо, система йўқ, эсига тушганда қилади кўплар. Жуманазар ака, мана, йигирма йилдан ошди-ёв, тўғрими? – деб ёнидагиларга тасдиқлатиб олди ҳоким.
– Ҳар йили кўпчиликнинг дуосини олади. Бунга кўникиб кетдик. Бундай хайрли юмуш, муҳтарам Президентимизнинг “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, ҳар кун қилиши керак!” деган чақириғига муносиб жавоб ҳамдир.
– Ҳаққос рост! – деб ҳадаҳа ҳокимнинг сўзини тасдиқлади фикрларини тил билан эмас, кўпроқ ҳаракат билан тушунтиришга уринадиган маҳалла оқсоқоли. – Жуманазарвойнинг яна бир зўр одати борки, ҳар келганда ишлари, ютуқлари, натижалари ҳақида бизга ҳисоб беради. Эшитдик, бу йилги ғалабалар ҳам ҳазилакам эмас, тўғрими? – деб, қани, навбат энди сизга, гапиринг, дегандай қуруқшаган ва қизғиш кўзларини Жуманазар акага қадади-да, тиш кавлашга киришди.
Дастурхоннинг бу бетида – оқсоқолнинг рўпарасида деворга суяниб, суҳбатни тинглаб ўтирган Жуманазар ака жойида бир қўзғалиб олиб, ҳозир шунинг мавридимикан, деган савол назари билан тезгина ҳаммага бир-бир қараб чиқди-да:
– Тўғри-тўғри, – деди гўё узр айтаётгандек қилиб. – Умуман, медицина нуқтаи назаридан, ишинг, ҳаётингдаги янгиликлар тўғрисида яқинларга ахборот бериш одамга катта куч беради, – деб салмоқ билан давом этди кейин. – Дўстлик-биродарлик, таниш-билиш­ликда жуда катта гап бор. Агар сиз дўстингизни, биродарингизни, таниши­нгизни кўриб қолиб туриб, ичингизда қувонсангиз, сизнинг организмингизда эндокрин деган актив моддалар ҳаддан ташқари синтезланиб, сизга қувонч бағишлайди. Ана шу қувонч қанчалик кўпроқ давом этса, қанчалик кўп бўлса, сизнинг умрингиз ўшанча узаяди.
Инсоннинг ғам–аламлари, турмуш ташвишлари, чеккан азиятлари – мана шуларнинг барисини бир жойга жамласак-да, шундан инсоннинг ҳис-идрокларида шодлик ва севинч онлари неча фоизни ташкил қилади, десак, бу кўпи билан уч-беш процентга етиши мумкин. Оллоҳимиз бундай онларни икки-икки ярим процентга мўлжаллаб, мен бандаларимга бир кун ғам ёмғири, бир кун қувонч ёмғири бераман, деган. Дўстлар даврасида ўтириш, кўнглингни улар билан баҳам кўриш – кўз қорачиғларингда ярқираб, нурланиб, бояги шодлик туйғуларини икки-икки яримдан ўн фоизгача кўпайтириши мумкин. Дунёда одамзотга дўстлар қувончидан кўра кўпроқ севинч бағишлайдиган қудрат йўқ. Тиббиёт алломалари шунинг учун ҳам қувончни ҳамиша дўстлар билан баҳам кўр, деганлар.
Энди… Ҳисоботга келсак, – деб, нимадан бошласам экан, дегандай, бир пас тараддудланиб турди-да, кейин яна аввалгидек шиддат билан давом этди. – “Тиббиётда янги кун” деган журнал ташкил қилдик. Инглиз, рус ва ўзбек тилларида уч ойда битта чиқади. 28 та давлатга тарқат­япмиз. Журналимиз Россия, Голландия, Германия каби ўндан ортиқ мамлакатларда тан олинди. Бизга Америка, Канада, Япониядаги машҳур олимлардан мақолалар келяпти. Бу – бир. Иккинчиси, бизнинг мақолалар Англияда, АҚШ, Германияда, Канадада, Японияда энг нуфузли журналларда босилиб чиқди. Ўша журналлардан, “отзив” дейди-ку, ўшаларниям олдик. Германиядан бизга таклиф келдики, мақолаларингизни каттароқ қилиб берсангиз, монография тарзида чиқарсак, шунга рухсат беринг, деган мазмунда.
– “Қашқа йўрға”-чи, “Қашқа йўрға”? “Қашқа йўрға”ям эсдан чиқмасин! – деди худди ўз муваффақиятини эсга солмоқчи бўлгандай бетоқатлик билан Қозоқбой ака – таниқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдош. – Бу одам зўр қисса ёзди, – дея изоҳлади кейин. – Мазмуни романдан баланд. Топширдингизми журналга?
– Ҳмм… “Шарқ юлдузи”га.
– От ҳақидами? – савол берди кимдир.
– Ҳа, шундай десаям бўлади, – жавоб берди Жуманазар ака. Ва, атрофдагиларнинг қизиқишидан руҳланибми, гапни олис­роқдан бошлади: – Улуғ аждодларимиз эгар билан юганни, узангини ихтиро қилган. Узанги кашфиёти шарафига боболаримиз ўзининг кам сонли аскари билан душманларининг кўп сонли қўшинини тор-мор этган. Бу ҳатто инглиз тарихчилари томонидан тан олинган. Ибтидоий тузумдан то ҳозирги пайтгача бўлган воқеалар ёзилган инглиз энциклопедиясида боболаримиз тўғрисида батафсил маълумот берилган. Мен бу энциклопедияни ўқиб, ростакамига ҳайратда қолдим. Агар ўша гапларни ўзимизнинг олимлар ёзганида, э-э, олимларимиз ўзимизнинг боболарни анча кўпиртирибди-да, кўп нарсаларни қўшибди-да, деган хаёлга боришим мумкин эди. Лекин инглиз тарихчилари бу нарсани ёзганидан кейин мен ундай дея олмайман. Фақат тан олган, тан олишга мажбур бўлган нарсасинигина ёзади улар.
– Хуллас, қисса ана шундай тарихий манбаларга суяниб ёзилган, – деб Жуманазар ака номидан хулоса ясади Қозоқбой ака. – Ҳозирдан кафолат беришим мумкин: бу асар ўқирманларни жуда қизиқтиради.
– Ё фалаксан!– деб юборди ҳалидан бери Жуманазар акага ҳавас билан тикилиб ўтирган Азим ака – машҳур шоир Азим Суюн. – Америка ҳиндулари ҳақидаги киноларга қараб туриб ҳайрон бўлардим: нега от бор-у, узанги йўқ, нега отга сакраб минади, деб. Гап буёқда экан-да? Эгар, нўхта, узанги тарихи ўзимизнинг аждодлар билан боғлиқ, денг? Ўзим ҳам худди шундай бўлса керак, деб ўйлаб юрардим.
Сизга ҳавасим келади! – деди чин кўнгилдан. – Юртдошларга ҳисоб бериб туришниям сиздан ўрганиш керак экан. Тўғрими? – менга юзланиб фикрини тасдиқлатган бўлди у. – Аканинг бу иши, сизу бизга ўхшаб қишлоқдан шаҳарга бориб қолганлар учун катта сабоқ. Ахир, шаҳарда нима ишлар қилиб юрганингни қишлоқдошларинг­нинг барисиям билавермайди-ку! Бундан ташқари, ютуқларингни эшитса суюнишади, қариндош-уруғларинг ғурурланади, ота-энанг хотиржам бўлади.
Мен сиздай одамлардан баҳра оламан, илҳом келади, қиёслаб бўлмайдиган қувонч келади. Ажойиб ва қиёмат одамсиз!
Азим Суюннинг бу самимий сўзлари худди менинг тилимдан айтилаётгандек эди.
Илло, шу лаҳзаларда мен ҳам ичимда: “Жуманазар ака ростакамига “қиёмат одам” деб ўйлаб тургандим. Уни кузатган, деганларининг мағзига зеҳн солган киши “Мен жуда қисқа умрни қандай ўтказяпман, вақтим ўткинчи шамолларга беҳуда соврилмаяптими, энди бу ёғи нима бўлади, бу ёғини фойдали юмушларга сарфлашим керак эмасми?” дея ўз-­ўзини тергов қилиши, титраб-типирчилаб қолиши ва беихтиёр ўз тақдири устида янаям чуқурроқ ўйлай бошлаши аён ҳақиқат. Жуманазар аканинг яшаш тарзи кишини нодуруст ҳаваслардан тийилиб, эзгулик кўчасига киришга ундайди; бепарво кун ўтказиш, бетамиз ҳазиллардан тийилиш, сахий, саховатли, олижаноб бўлишга даъват этади. Мен билган одамлар ичида Жуманазар акачалик инсонларга яхшилик қилишга интилган, уларни деб ўзини ўтга-чўққа урган инсон жуда кам”, деган хаёлларга ботиб ўтирар эдим.
– Биз бошқа тиллардан лисонимизга кириб келган сўзлар тўғрисида гапирамиз, бошқа тилларга ўтган ўзимизнинг сўзлар ҳам борми? – деб қолди қишлоқ зиёлиларидан бири.
– Жуда кўп! – бу саволгаям Жуманазар ака биринчи бўлиб жавоб беришга ошиқди. – Аждодларимиз бўлган массагетлар, саклар, сўғдлар ҳозирги Дон дарёсидан, то ҳозирги Читагача эгалик қилган. “Чита” дегани – мамлакатнинг чети, “Дон” эса ўғиз шевасида, катта дарё деган маънони билдиради. Ҳозир ҳам Хоразмда каналнинг каттаси “дон” дейилади. Қозоқбой ака, адашмаяп­манми?
Қозоқбой ака бош ирғаб тасдиқлаган бўлди-да:
– Эсласангиз, – деб айрим кузатувларини айтди. – Шолоховнинг “Тинч Дон” китобида, Шолохов чиндан ҳам буюк-да, асарнинг бошида битта гапни гапиради: Григорий Мелиховнинг отаси зинапоядан тушиб келаётганида, унинг туркча шалвари шамолда ҳилпираб турар эди, дейди. Шу икки калиманинг ўзида ҳамма гапни айтган-қўйган.
Хуллас, бу “масала”ям чалакам-чатти “ҳал” этилганидан кейин, суҳбат айланиб-айланиб, аллақаёқдан Кашпировскийга тақалганда, даврадагиларнинг баъзилари уни зўр “кўз бойлоғич” деса, бошқалари “яхши доктор”, деди. Масалага тағин Жуманазар ака ойдинлик киритди:
– Медицинада функционал касаллик ва органик касаллик деган тушунча мавжуд. Функционал касаллик­лар – у мулла бўладими, эшон бўладими, оддий одам бўладими – агар беморнинг руҳияти соғломлаштирилса, тузалиб кетади. Бунинг учун дўхтир бўлиш шарт эмас. Органик касалликларга эса, албатта, дўхтир ташхиси, аралашуви керак. Кашпировский маълум даражада билимли шифокор бўлгани туфайли ана шу илмдан фойдаланади. Кашпировскийнинг касби докторлик. Инсон туғилган маҳалида 80 фоизи сувдан иборат бўлади. Масалан, кўзнинг 93 фоизи сув. Ёш ўтган сайин сувнинг миқдори камайиб боради. Қари одамларда қуриб қолиши ҳам мумкин. Аслида, инсон сурункали сув етишмовчилигидан қийналади. Вужудингда сув миқдорини қанча кўп асрасанг, ҳаётинг шунча узун бўлади. Энди эътибор қилинг. Сув кислород билан водороддан иборат. Водородда портлаш хусусияти мавжуд. Портлайдими, демак, ўзидан нур чиқаради. Шунинг учун ҳар бир одамнинг ўз биотоги бўлади. Электрокардиограмма қилишимизнинг сабабиям шунда. Копрон кўйлакни кун бўйи кийиб юриб, кечқурун қоронғида ечсанг, читирлаб кетади, “қарс-қарс” этиб учқунлар сачраётганини кўрасиз. Демак, организмда электр токи бор. Электр энергия сиздан чиқяпти. Куйлак узоқлашганда қисқа туташув рўй беради. Ўшаничун биотоклар ҳар кимда ҳар хил даражада бўлади. Авлиё дейилмиш зотларда биотоклар миқдори ҳаддан ташқари кучли бўлган. Бармоғи теккан жойни куйдириш даражасигача борган баъзиларида. Қанча узоқ ушлаб турса, куйиш даражаси шунча кўпаяди. Кашпировскийни медицинадан хабардор “кўз бойлоғич” дейиш мумкин.
Жуманазар акани, у ер-бу ердаги қисқа, калта-култа суҳбатларда кўриб, эшитиб, яхши биламан, деб юрардим. Тунги суҳбатлардан кейин, гарчанд тарихий воқеаларга доир маълумотларида қанақадир мавҳумликлар бўлса-да, у кишидаги қизиқиш ва илмий салоҳиятга ҳавасим келди.

II

Шуларни хаёлимдан ўтказган алпозда бир неча дақиқа кўзимни юмиб ётганимдан кейин, бошимни сал кўтариб, тўрда – кўрпа-кўрпачаларини бизга бериб, ўзлари мунғайиб қолган қўштахмон тагида узала тушиб ётган ҳамхонам – Қозоқбой Йўлдош томонга кўз отдим: ё тавба! Уйғоқ экан, сандалда ўтиргандай гавдасининг ярмини кўрпага тиқиб, ярмини чиқариб, қунишибгина деразага тикилиб, миқ этмай ўтирибди.
Бутун гавдам билан дераза томон бурилдим. Бурилдим-у, ё тавба! Ҳайратдан кўзларим чақнаб кетди: юлдуз – Тонг юлдузи шундоққина ойна ортида, бир ҳовуч оппоқ алангадай ёниб турарди!
– Ановуни қаранг! – деб юборибман беихтиёр.
– Мўъжиза! – деди Қозоқбой ака. – Боядан бери томоша қилиб ўтирибман, болалик пайтларимни эслаб. Бу юлдуз бизнинг Мирзачўлда жуда баланд кўринади.
“Болалик” сўзи, “лоп” этиб акам билан сомон сотиб, рўзғор йиртиғига ямоқ топиб юрган кунларни ёдга туширди. Биз: акам ва мен – ўн бир, ўн уч ёшли икки сомонпуруш – Тонг юлдузи ярим арғамчи кўтарилгунича, йўлнинг ярмидан ошган бўлишимиз шарт эди. Акс ҳолда, Ургутга етиб боргунча бозор тугаб, савдомиз куйиб кетарди. Ҳар якшанба боравериб-келавериб ўлчаб, санаб, ёдлаб олган йўлда бу ярқироқ юлдуз бизга ҳам ҳамроҳ, ҳам “соат” эдики, вақт ва масофани унга қараб чамалар эдик.
Хаёлимни юлдуз ўғирлаганидан бўлса керак, пешайвон чироғида лопиллаб кўринаётган узун-қисқа сояларга эътибор бермаган эканман, қулоққа элас-элас эшитилаётган га­­нгир-гунгурдан кейин:
– Супада бировлар юрибдими? – дедим Қозоқбой акага қарамай.
– Хасталар, – деган товуш келди. – Жуманазар ака кеча айтди-ку, саҳарлаб одамлар келади, приём бўлади, деб.
Ҳа-я, Жуманазар ака шундай девди – ҳар келганида беморларни қабул қилишини айтувди.
Шу гаплардан кейин кўрпада ётиш истаги сўнди, ташқарига чиқиб, супада лопиллаётган соя эгаларини кўргим, гаплашгим келди.
Дарров кийиниб, даҳлизга ўтдим. Бу чоркунжак хона деворларига таяб қўйилган ёғоч курсиларда олти-етти чоғли эркак-аёл рўпарадаги кўкимтир ёпиқ эшикка тикилиб, миқ этмай ўтиришар эди. “Мунча касалнинг дардини эшитгунча кун туш бўлади-ёв…”, деган ўй билан айвонга чиқиб, узун тахта-ғўла ўриндиқларда турнадай тизилиб ўтирган, супа четида бесас кезинаётган, дарвоза томонда паст товушда ғўнғирлашиб гаплашаётган одамларга қараб туриб, ҳайратим баттар кўпчиди: вой-вўй, булар билан биттама-битта шунчаки гаплашиб чиқишнинг ўзига бир кун етмайди-ю, яна, дардига қулоқ солиш, даво қидириш… Э-э, қо­­йи-ил!
Ҳали тонг ёришмаган эса-да, уй эгалари аллақачон оёққа турган, узун супа адоғидаги ўчоқда ланғиллаб олов ёнар, икки аёл ўчоқ бошида куймаланар, супа бўсағасида – калтабақай қари тут қаршисида айни шу лаҳзада менинг чиқишимни билгандай, бир қўлида офтоба, бир қўлида кўкимтир момиқ сочиқ ушлаган Олимжон илжайиб турар эди.
Олимжон – Жуманазар Бекназаровга кенжа ука. Касби – журналист, хизмат манзили – Ўзбекистон телевидениеси. Илдизи шу тупроқдан. Ҳозир эса бола-чақаси билан Тошкентда яшайди. Айни чоғда, уям меҳмон – бизга ўхшаб, профессор Жуманазар Бекназаров бошчилигидаги Наврўз сайлига келган.
Қамайда Жуманазар аканинг ҳовли-жойи йўқ, бу уй – ота уйи, ҳозир ўртанча укаси Баҳромга товун. Жуманазар акани қора тортиб келган меҳмон зоти борки, шу ҳовлига қўнади.
Ҳовли, айниқса, байрамлар арафасида меҳмонлар билан гавжум бўлиб кетади. Теварак-атрофдаги ўнлаб қишлоқларнинг аҳолиси Қамайга келадиган профессорни айрича илҳақлик билан кутади. Жуманазар Бекназаров икки-уч кунлаб юртдошлари қуршовида бўлади, уларнинг дардига малҳам излайди. Бу, яъни беморлар билан учрашиш, байрамнинг бир қисми, холос. Байрам доирасида эса яна кўплаб савобли тадбирлар ҳам бўладики, улар тўғрисида кейинроқ, мавриди келганда гаплашамиз…
– Олимжон, доимо одам шунақа – кўп бўладими?– қизиқсиндим мис офтобадаги илмилиқ сувда чайиниб бўлгандан кейин, юз-қўлимни артаётиб.
– Аввалги сафар, очират кўчага чиқиб кетувди. Ҳозир унчамас, лекин ҳали кўплар йўлда, қаранг, ана, яна келишди, – деди Олимжон дарвоза олдида, симёғочдаги катта чироқ остида тўхтаган “Дамас”га ишора қилиб.
Машинадан бола кўтарган бир аёл, соқол-мўйлови текис кузалган, тўтибурун қария ва пешонаси дўнг, салқи юзи бироз шишинқираган қирқ ёшлар атрофидаги барваста йигит тушди. Қорачопон устидан белқарс-белбоғ ўраган бу йигит машинадан чиқа солиб: “Охири ким?!” дея шундай баланд ва дағал овозда сўрадики, худди ўтирганларнинг ҳаммаси бараварига қичқиргандай эди.
– Секинроқ-да, болани қўрқитиб юбординг-ку! – нолинди деворга суяниб ўтирган аёл шовқиндан уйғониб, йиғлай бошлаган қўлидаги боласини юпатаётиб.
– Бу даггўрини бўгани шу, қизим, – ўғлининг бефаросатлигидан аччиғланиб, унинг номидан кечирим сўради ўтиришга жой излаб атрофга аланглаётган қария. – Ҳар кун жангшайман, кўпчиликни олдида бўкириб гапирма, деб. Қаёқда…
Қорачопон, э, билмабман, чеча, биздан ўтди, деб астойдил хижолат чекди, узр сўрай-сўрай қоронғига ўтди.
Олимжон аллақаердан суянчиқсиз стул опкеб, қарияни ўтқазди.
– Барака топ, болам,
– Олим­­­­жонни алқади чол. Сўнг ўтирганларга юзланиб дуо қилди: – Ҳаммани дардига худо шифо берсин. Дўхтир улимгаям узун умр, кенг феъл, кетмас давлат берсин, илойим, бола-чақасининг роҳатини кўрсин.
Шу орада супада Қозоқбой ака пайдо бўлди. Олимжон унинг қўлига сув қуйгани чопди. Мен бўлсам, мўйсафидни гапга солмоқчи бўлдим.
– Қаерингиз оғрийди, ота? – дедим ёнбошига чўнқайиб.
– Ҳеч қаерим! – деди чол одамни ҳайрон қолдирувчи хотиржамлик билан букчайган қаддини зўраки ростлаб. – Кўрмаяпсанми, отдайман. Духтир улимга раҳматимни айтиб, бир дуо қилай, дедим.
– Бундан чиқди, даволанибсиз-да?
Шу пайт яна ёнимизда пайдо бўлган қорачопонли йигит саволимни эшитиб, отасининг ўрнига жавоб берди:
– Даволанди! Лекин бу ерда эмас. Отамни доктор Бекназаров даволади, – йигитнинг овози энди анча мулойим эди.
Ота ўғлига бир нималарни мулоҳаза қилган алпозда қараш қилиб, кейин менга бурилиб давом этди:
– Некин биздики панглаган касал экан. Қишда Жуманазарвой Қамайга келганида, рўпара бўлиб эдим. Кўрди, касалингиз анча чимлаган, Тошканга бормасангиз бўмайди, майдагана апараста қиламиз, гижинглаб кетасиз, деди. Ўртанчи улим мошинига миндириб оборди. Айтганидай, сал кунда тузалиб, Қўйсинтош мингбошини айғиридай гидинглаб кетдим. Наврўзда яна бир учрашасиз, девди. Учрай, дуо қилай, ҳам неварамни бир кўрсатай деб… Неварачам ҳали майда – чувачак, некин бирпасда каттарганини фаҳмламай қоласан, қиз мардум бировнинг хасми-ку, ҳозирдан саломатлигига алҳайда қарамасанг, эрта бир кун пушаймонда куйиб қолиш ҳеч гапмас.
– Нима қилган?
– Еганини қусади, қорнида бир гап бор.
– Сизни касалинг­из-чи, ўзи, нима эди?
– Қар-риларди касали, улим, қар-рилардики… – отахон шундай деяётиб, бошини мен сари сал-пал эгди-да, овозини пасайтириб: – Сарани майдасида ачишарди, қийналардим, – деди-да, лабини қулоғимга текизгудай яқинлаштириб яна бир нималарни шивирлади. Товуши олис-­олислардан аранг эшитилаётган сувнинг жилдирашидек шу қадар паст эдики, ҳар қанча тиришиб қулоқ солмайин, ҳеч нимани англолмадим. – Шуйтиб, – давом этди кейин товушини ростлаб. – Буни қарангки мен бормаган табиб, мен учрамаган дўхтир қомади. Ит кўрмаган кунларни кўрдим. Бариси ҳар хил гап айтади, ҳар хил дари жозади – чилғий наф жўқ. Э, бу тарафини айтавурсам, миллиёнлар кетди-ёв. Жуманазарвой бўса, дўхтирхонада жой бўшаганча, икки кун уйида обётди, отаси тирилиб кегандай иззат-­икром кўрсатди, бир капиксиз – теппа-текин тузатди. Майли, Ўзбекистонни бошқа жайларини айтмайин, фақат шу – ўзимизди Қамашини ўзида йилига мошина-мошина нажарамлар тузалиб, жўртиб кетяпти. Ичингда нима дарди-касалинг борлигини чирақ жақмай билади. Мановларданам, – деб ўтирганларга ишора қилди мўйсафид, – ярим танга омайди, барака топкур. Мундайини шу жайни ўзида тузатади-қўяди. Қўли пардай женгил. Ундайроғини Қарши ё Тошканга жўнатади. Қаршидаям, Тошкандаям жўралари зич, айтиб, тайинлаб қўяди ота-энанг­­ни гўри нурга тўлгур. Дуога, савобга кўмилиб журипти. Шундайчиканлар борки, бу дунё – дунё бўп турипти-да, иним, ҳа.
Отахоннинг яна бир нималар дегиси бор эди, Қозоқбой аканинг келиши суҳбатимизни шу ерда узди.
– Бобойнинг бошини галдиратмай, бақа юринг, – деди тирсагимдан ушлаб. – Азим Суюн бет-қўлини чайгунча, оёқёйди қилиб келамиз.
Азим Суюн, Тошкентдан келган яна бир меҳмон – Жуманазар аканинг шогирди, тиббиёт фанлари номзоди Алишер Тожибоев билан бошқа хонада тунаган эди.
Кўчага чиқар-чиқмас, орқамиздан лайлак юриш билан етиб келди.
Учовлон ҳар-ҳар жойида чачилма-кўлмак чанг қўнган кўзгудай хира ялтираб турган жим-жит тош кўча бўйлаб қишлоқ четидаги қирга ўрладик. Осмон чиннидай тиниқ, Тонг юлдузидан бўлак юлдузлар аста-аста сўниб, хўрозлар қичқириғи тиниб бораётган азон алаговгум палла эди. Бир кун аввалги ёмғирда артилган чиннидай томларнинг тунукаларида тонгги оқ-қўнғир ёғдулар товланарди. Аҳён-аҳёнда итларнинг ҳурганини айтмаса, қишлоқ аҳли ҳали уйқуда эди.
Йўлда нималар ҳақида гаплашганимиз хотирамда қолган эмас. Аммо қирда туриб, қишлоқнинг тунука-шиферли томлари, қадрдон ва осойишта дашту далалари ҳамда узоқдаги қир-адир­лардан тун пардаси оҳиста кўтарилаётганини томоша қилиб турганимизда, Азим аканинг инжа ҳавас билан:
– Шу чет қишлоқдан Жуманазар Бекназардай одам чиққанига ҳеч ишонгинг келмайди! – деб қўл силкитгани аниқ ёдимда қолган.
Ёдимда қолганининг яна бир сабаби – айнан ўшандай ширин гумон ўзимнинг хаёлимдан ҳам ўтганида бўлиши мумкин.
Дарҳақиқат, Қамай дегани, чўл бўлиб чўлга, тоғ бўлиб тоққа ўхшамайдиган бир ғўжала маконда қарор топган, биз турган тепаликдан серсолиб қараган кишига, қишлоқ худди офтобда узала тушиб ётган баҳайбат кўлворга ўхшаб кўринарди.
– Гапингиз қизиқ бўлди-ку! Нима, сизни қишлоғингиз бундан авломиди? – деди Азим аканинг шоирона ҳайратидан роҳатланган Қозоқбой ака. Сўнг мени кўрсатиб, деди: – Бу оғамники-чи? Париж эмасдир, ҳарҳолда?
– Шундайликка шундайку-я! Фақат, бу – Жуманазар Бекназар дегани – балойи азим-ку! Билмаган нарсаси йўғ-а? – деб саф олдидан ўтаётган сардордек у ёқдан бу ёққа юра бошлади Азим Суюн. – Кечаги гапларини қаранг? – деб ўзига хўп ярашимли эҳтиросларга кўмилиб давом этди шоир. – Ҳужайраларнинг ўз онги, ўз сиёсати, ўз тушунчаси бор эмиш. Олтмиш ёшга кирган ҳужайралар йигирма ёшли ҳужайраларни кўрганда ўз-ўзига савол бериб, мен нега ундай эмасман, дермиш. Кейин, мен ҳам шулардай бардам, кучли бўлишим керак, деб олдинга интилармиш. Бу тиббиёт нуқтаи назаридан исботланган эмиш.
– Абулқосим аз-Заҳравий тўғрисидаги гаплари шунчаки билимдонлик эмас, – деб давом этди Азим ака. – Ўзини кўз-кўз қилиш ҳам эмас, чин миллатпарварнинг дарди, куюниши.
– Мен бу аллома ҳақида эшитмаган эканман, тўғриси, ўзимдан уялиб кетдим, – дедим таассуфимни яширмай. – Эйнштейннинг нисбийлик назарияси, Менделеевнинг даврий жадвали деган янгиликлардан воқиф эканман-у, аммо аждодларимиз яратган кашфиётларнинг кўпидан хабарим йўқ экан ҳалигача. Аз-Заҳравий бобо Ибн Синога замондош бўлган, деди, тўғрими?
– Мен ҳам бу ҳакимни унча билмас эканман, – деди Қозоқбой ака. Унинг овозида ҳам хижолатга ўхшаш бир нима сезилиб турарди. – Дунё медицинасида “Потт касаллиги” дейиладиган умуртқа поғонаси сили Персивал Потт шарафига қўйилган. Ваҳоланки, аз-Заҳравий бу касаллик тўғрисида Поттдан 700 йил олдин ёзиб кетган экан. “Катаракта” касалиниям биринчи бўлиб аз-Заҳравий топган экан. Булардан ташқари, Жуманазар аканинг маълумоти бўйича, жарроҳлик тарихида илк бор оқма тешикларни куйдириб даволаш, қон томиридан ҳосил бўлган ўсмаларни олиб ташлаш, тил ости пуфагини кесиб олиш, тромбофлебит дейиладиган томир касалини операция қилишниям аз-Заҳварий кашф этган экан. Лекин бу кашфиётларнинг бариси европалик олимлар номига ўтиб кетгани жуда ачинарли.
– Айниқса, анови, перитонитмиди, қорин пардасининг яллиғланиши, деди-ку, шу касаллик бўйича улуғ ҳакимга нисбатан қилинган адолатсизлик менга ёмон таъсир қилди. Хўш, XIX асргача Оврўпо жарроҳлари бу касалнинг давоси йўқ деб юришган бўлса, Сельцовский деган ўрис жарроҳи бир китобида бу касални даволаш йўлини дунёда биринчи бўлиб 1866 йили Пирогов топди, деб оламга жар солса-ю, аз-Заҳравий бобо бу донолардан сал кам 850 йил олдин, ичаклар жароҳати ичакдан қилинган кетгут деган ип билан тикилади ва қорин бўшлиғига жойланади, деб аниқ-тиниқ кўрсатиб кетган бўлса, бу ҳақсизликка нима дейиш керак?
– Ибн Сино ҳазратлариям ана шундай адолатсизликка дучор бўлган! – деб яна сардорча юра бошлади Азим ака. Унинг ишонч ва дадил қадам ташлаши тортинчоқ кишилардан эмаслигини айтиб тургандек бўлади доимо. – Қо­­­­­­­­­вуқ билан пешоб чиқариш каналида тош туриб қолганда кузатиладиган биринчи белги фаранг олими Брюн номи билан аталаркан. Аслида эса, ундан 900 йил олдин Ибн Сино бу белгини топган ва даволаш йўлларини кўрсатиб, шарҳлаб берган. Ҳатто ҳозирги пайтга қадар унга биронта янгилик ё изоҳ қўшилмабди. Лекин ҳозиргачаям ҳеч ким буни Ибн Сино симптоми деб атамайди. Жуманазар ака куюнганидай, ахир, бунинг Ибн Сино қаламига тегишли эканини фарангистонлик олимлар яхши билишган-ку? Қарийб XIX аср бошигача “Тиб қонунлари” Овруподаги табобат институтларида асосий дарслик сифатида хизмат қилган-ку!
Азим Суюн сўзлаётганида бир-икки марта уни бўлмоқчи бўлгандай ҳаракат қилган Қозоқбой Йўлдош, у пауза қилган замоноқ, гапга тушди:
– Жуманазар ака кеча тағин битта зўр гап айтди: инсоният хазинасига биринчи бўлиб ким нимани ҳадя этган бўлса, кимнинг ақл шуъласи, тафаккури энг аввал зимис­тонни ёритган бўлса, унинг ҳуқуқини, муаллифлик шарафини халқаро майдонда ҳимоя қилайлик. Ҳар ким ўзи яратган кашфиётга эгалик қилсин. Боболаримиз яратган кашфиётлар уларнинг номи билан аталсин. Энг муҳими, тарихий ҳақиқат тикланади. Аканинг бу гапларида катта ибрат бор. Ака бу масалада сизу бизга ўхшаган қўлида қалами борлар ҳам қўл қовуштириб турмаслиги керак, демоқчи бўлаётир.
Бепоён қир-адирлардан кўз олмай турган Азим Суюн илкис сергакланди:
– Чекка, овлоқ деймиз-у, аслида ундаймас! – деди у.
– Қозоқбой ака, сизга раҳмат, ҳозиргина ўринли дакки бердингиз менга. Ким айтади бу ерларни хилват деб! Ўзбекис­тоннинг бели-ку! Жайҳунгача ҳали қанча-қанча қишлоқлар, шаҳарлар, боғ-роғлар, дала-даштлар бор. Амудан у ёқдаги мамлакатларда неча хил миллатлар яшайди. Қолаверса, ҳув анови тоғлар этагида сокин бир қишлоқда соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари дунёга келган. Замонамизнинг буюк шоири Абдулла Ориповни йўргаклаган, қучоғида аллалаб ўстирган Некўз деган қишлоқча ҳам бу ердан унча узоқ эмас. Ҳа, мен бояги сўзимни қайтариб олдим: Жуманазар Бекназар деган ҳодисот ёруғликни кўрган бу макон ҳам азал-азалдан авлиёлар юрти бўлмиш азиз ватанимизнинг ҳамма қишлоқларига ўхшаган табаррук манзилдир. Мен – Ер юзининг ярмини кезиб чиққан одам айтяпти бу гапларни!
Азим аканинг баланд пардалардаги фалсафий хулосалари олимларнинг шоири Қозоқбой акани ҳам илҳомлантирмаслиги мумкин эмас эди, албатта.
– Гўзал! – деди у қучоғини кенг ёзиб, тиниқ ва бепоён ҳавони қучоқламоқчи бўлгандай. – Жаҳонда Ўзбекистондай гўзал, тўрт фасли ҳам бир-биридан мафтункор ва бой мамлакат йўқ. Юртимизнинг ҳар қадами муқаддас, ҳар қаричида ўнлаб авлиёлар ётибди.
Худди шу хулосани кутиб тургандай, этакда Олимжон кўринди.
– Устозлар, чойга! – деди у яқинлашиб.
– Нега сизнинг калла ака­н­г­изникидай мафтункор эмас? – деб ҳазиллашди Қозоқбой ака унинг келишган қадди-басти, акасиникидай порлаб турган кўзлари ва тортинчоқлик билан тез-тез жилмайганда ярқираб кўринадиган садафдек оппоқ тишларига завқланиб қараб.
– Битта палакда ҳар хил қовун пишади-да, устоз! – деди ер тагидан Қозоқбой акага қараб кулиб турган Олимжон, қўли билан оғзини беркитар экан.
Ҳазил-ҳузул нонушта чоғида ҳам давом этди. Чаккига қорилиб, қалампир солинган кескан ошни Жуманазар акасиз ичволдик.
Ана-мана дегунча, чойлашиб ўтирган хона маҳалла фаоллари, мактаб ўқитувчиларию туман ҳокимлигидан келганлар билан тўлди ҳамки, Жуманазар ака бўшамади. Ҳамон қабул билан овора эди у киши.
– Энди бизга жавоб, – деди маҳалла оқсоқоли кескан ошни хўриллатиб-хўриллатиб симириб бўлганидан кейин, ўрнидан қўзғалиб. – Бориб, у ёқ-бу ёққа қараб турайлик.
– Боринг, одамлар йиғилиб қолгандир, дўхтир бўшаши билан мен ҳам меҳмонларни олиб, орқангиздан етиб бораман, – деди мактаб директори.
– Ҳа, айтгандай, – деб эшикдан чиқаётган жойида ярим бурилди оқсоқол. – Сенарийни дўхтир билан келишиб олиш эсингиздан чиқмасин-а?
– Ҳозироқ шуни бошлаймиз,– деб директор костюмининг ич чўнтагидан тўрт букланган икки варақ қоғоз чиқарди. – Сизлар кўпни кўрган одамсизлар, – деди варақни тиззасига қўйиб текисларкан. – Қозоқбой ака, ўзингиз бир кўз ташланг.
Қозоқбой ака:
– Манови одамнинг ярим умри ваҳимали майлисларда ўтган, кифтини келтиради, – деб директор узатган қоғозларни менга ўтказиб юборди.
Мен:
– Бу масалада Азим акамиздан ўтари йўқ, – деб Азим Суюнни рўпара қилдим. Азим ака бир кўз югуртириб ёнбошига узатди.
Хуллас, шу асно “сенарий” айланиб-айланиб яна Қозоқбой акада тўхтади.
Муҳокама бошланди.
– Йилбошини шу режа бўйича ўтказадиган бўлсак, тағин бир ҳафта Қамайда ётарканмиз-да, – деди Қозоқбой ака чордона қурволиб. Сўнг: – Яр­мини ихчамлаш керак, – деб қўлига ручка олган эди, директор:
– Сизлар бошлаб берсангиз бас, қолганини ўзимиз жайдаричасига давом эттираверамиз, – деди “қисқартирманг” дегандай шошилинч изоҳлаб. – Одамларимиз шу баҳона бир яйрайди-да, меҳмон. Ундан ташқари, кессак, Жуманазар дўхтир хафа бўлиши мумкин. Ахир, у йигирма йилдан бери ўтказиб келади бу тадбирни. Қария­ларнинг боши осмонга етади, дуо қилади, ёшларнинг хурсанд бўлишлари-чи?!
“Сенарий”, ҳақиқатан ҳам, бағоят узун ва кенг кўламли эди. Унга кўра, дастлаб меҳмонлар, яъниким биз бирин-кетин маърузалар қилишимиз, шеърлар ўқишимиз керак; кейин қишлоқнинг ёши улуғ отахону онахонларига, сўнгра 66-мактабнинг энг аълочи ўқувчилари ва респуб­ликанинг турли олий ўқув юртларида аъло баҳоларда ўқиётган қамайлик талабаларга совғалар топширилади. Сўнгра кам таъминланган ва муҳтож оилаларга туҳфалар берилиши, ундан кейин концерт, мушоира, сумалак, айтишув, спорт мусобақалари, чиллик, базбарак, зув-зув, қулоқ чўзма, суяк отар, кураш, кўпкари дейдиган қадимги ўйинлар…
Муҳокама авжига чиққанда, ниҳоят, хонага Жуманазар ака кириб келди.
Унинг мижжалари қизарган, аммо руҳи тетик, кайфияти ҳар доимгидай баланд эди.
– Донишмандлардан бири, дунёдаги энг оғир нарса зерикишдир, деган экан, – де­ди эшикдан кириши билан баланд овозда. – Сизларни зериктириб қўймадикми?
– Абу Али ибн Сино бобомиз жон чиқар пайтида: “Биз ўламиз ва ўзимиз билан биргина нарсани олиб кетамиз, у ҳам бўлса: “Биз ҳеч нарсани билмадик!” деган туйғудир”, деган экан, – деди Қозоқбой ака ҳозиржавоблик билан. – Биз ҳам неча минг йиллардан бери сиз билан даврадош эсак-да, сизни мутлақо билмас эканмиз. Сиз бизга ўхшаганлар учун улкан университет, бутун бошли энцик­лопедия, замонамиз қаҳрамони экансиз-ку!
– Мақтов деган ҳолвайтар фақат қизларгамас, бизгаям ёқади! – дея яйраб-яшнаб кулди Жуманазар ака. – Айниқса, сиздай зукко синчиники.
– Мен ҳазиллашаётганим йўқ! – деди синчи. – Профессорман дейдиганларнинг кўпи ўзи туғилиб ўсган қишлоғининг йўлини эсидан чиқариб юборган – йиллаб қадам босмайди, ҳамқишлоқларини менсимайди, давлати сизникидан ўн баробар кўп, бетидан мой томиб турган эса-да, минг жойига пичоқ урсанг, бир томчи қон чиқмайди. Ака, ибрат олишимиз шарт бўлган хислатларнинг ҳаммаси сизда жам экан.
Қозоқбой ака меҳру муҳаббат билан шу сўзларни айтаётганида, менинг хаёлимга Тошкентнинг Қорасув мавзесидаги тўрт қаватли “дом”нинг учинчи қаватидаги уч хонали уй келди. Жуманазар ака шу манзилда ўғилларини уйлантирди, неваралар кўрди. Шу хонадонда яшаб, докторлик диссертациясини ёқлади, тиббиётга доир 300дан ортиқ илмий мақолалар, 60 га яқин илмий ихтиролар ҳамда рацио­нализаторлик таклифларининг муаллифи бўлди.
“Тош балоси”, “Гулдек нозик”, “Болангиз нега безов­­та”, “Она ва бола таянчи”, “Қамай достони”, “Ёниқ юрагим”, “Меҳр қуёши”, “Изтироб­лар комида”, “Ватан – ёниқ юрагим”, “Манзилдан кейинги йўл” каби қатор-қатор илмий ва бадиий асарлар ёзиб, китобхонлар юрагидан жой эгаллади. “Шуҳрат” медалига сазавор бўлди. Телевизор ва матбуот­даги тиббиётга оид долзарб мавзулардаги мазмунли чиқишлари билан эса бутун республикага танилди, ҳурмат қозонди. Данғиллама иморатлар қуриш, энг охирги русумдаги машиналар миниш, ҳар йили Анталия, Бали деган дунёга машҳур жойларни айланиб, ҳузур қилиб дам олиш қўлидан келади униям. Лекин бундай ҳою ҳаваслардан тийилади, одмигина рўзғоридан ортганини хайрли юмушларга сарфлайди, сарфлаётир. Бугун ҳам, “сенарий”дан кўриниб турибдики, шу мақсад йўлида бир неча миллион туҳфа қилинади. Синчи акамиз айтганидек, замонамизнинг чин қаҳрамони, аслида, шундай инсонлар эмасми?!
– Сиз тезроқ таомланиб олинг, вақт бўлди, у ёқда халойиқ кутиб қолмасин, – деб қистади директор. Ва шу заҳоти тўсатдан ўта муҳим гап эсига тушиб қолгандай:
– Менга қаранг? – деди Жуманазар акага. – Нима учун баъзи бир аёллар ҳадеб қиз туғаверади? Нариги гузардан иккитаси: бирида уч, бирида икки қиз билан ажралиб кетди. Икки қуда, икки қариндош – бир-бирини кўрса, тишини ғижирлатади, юз кўрмас бўлиб ўтирибди.
– Сиз бир эмас, бир нечта савол бердингиз. – Эшикдан кирган жойга чўккалаётиб шошилмай жавоб бера бошлади Жуманазар ака. – Биринчидан, шу нарсани яхши билиб олишимиз шартки, фарзанднинг ўғил ёки қиз бўлиши фақат эркакка боғлиқ. Бу масала ҳозирги пайтда фан томонидан аниқ исботланган. Бу ҳолатни соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсам, одам ҳужайрасининг ядро қисмида хроматин деб аталган модда бўлади. Ҳужайра кўпайиши олдидан ана шу хроматин алоҳида таначалар ҳосил қилади ва улар хромасомалар деб аталади. Хромасомалар инсонда 23 жуфт бўлади. Уларнинг охирги бир жуфти эркакларда бошқача, аёлларда бошқача бўлади. Эркакларда бу жуфт иккита ҳар хил хромосомадан ташкил топади, уларнинг бири Х, иккинчиси эса Y хромосома деб аталади. Аёлларда Y хромосома йўқ. Уруғланиш натижасида хромосомалар сони 46тага етади. Агар сперматозоидда Х хромосома бўлса, бўлажак фарзанд қиз бўлади, агар Y хромосома бўлса, ўғил бола дунёга келади. Демак, ХХ – қиз, ХY – ўғил бола дегани. Бу қонун. Шунинг учун қиз бола туғилишиям, ўғил бола туғилишиям эркакка боғлиқ. Агар қиз фарзанддан кейин яна қиз туғилса-ю, уйдагилар: бу аёлнинг ичи тўла қиз экан, уйга кемасин, ўшаяғдан онасиникига кетавурсин, деб хархаша қилишса, йў-ўқ, оғам, айбни келиндан эмас, куёв тўрадан изланг, дейиш керак.
Хонада енгил кулги кўтарилди.
– Энди бир-бирига қариндош бўлган маҳалда наслнинг нуқсонли бўлиб туғилиши ва бу ҳолат кейинги наслга берилиши ҳақида, – давом этди доктор. – Бу масалада дунёнинг ҳамма олимлари бетиним илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб боряпти. Фақат Ўзбекистоннинг ўзида шу мавзуда йигирмадан ортиқ докторлик ва номзодлик диссертациялари ёқланган.
Биласизлар, инсон организмида диенка, яъни рибоксин кислоталари дейилмиш кислоталар бўлади. Ўшаларнинг ҳар бир айланасида тўртта аминокислоталар бўлиб, бу аминокислоталар, агарда бир-бирига ўхшаш зинапояларда жойлашган бўлса, ўшаларда кўпроқ нуқсон пайдо бўлади. Агар улар қанчалик бегона бўладиган бўлса, ногиронлик ёки насл сурадиган касаллик ўшанча кам бўлади. Балким, деярли бўлмайди. Шунинг учун қариндош-уруғдан қиз олганда ҳам қиз боланинг туғилиши бегоналар билан қуда бўлган маҳалдагидан 5,2 марта кўпроқ бўлади. Оқибатда, ҳозир сиз айтгандай, ажралиш туфайли энг яқин оғайнилар ҳам юз кўрмас бўлиб кетади.
– Бошқа савол бўлмасин! – деди директор даврадагиларнинг битта-­яримтаси Жуманазар акани яна сўроққа тутиб қолмасин деган оҳангда. – Одамлар маҳтал бўлиб қолади.
– Масала менда қолган бўлса, – де­­­­­ди Жуманазар ака. – Битта қоринни кўчада юриб ҳам тўйдириб кетавераман.
– Ундай бўлса, йўлга тушайлик. Қани, омин!
Ҳамма шу ишорани кутиб турган экан – бараварига қўзғалдик.
Бир кўча бўлиб кетиб боряп­миз.

III

Йўлда кетиб бораётиб, негадир, кутилмаганда, бир йилча аввал таниқли адиб ва адабиётшунос олим, профессор Пирмат Шермуҳамедов бошчилигида бир гуруҳ адиблар билан устозимизнинг қишлоғига борганимиз ва худди мана шу кўчага ўхшаш кўчаларни тўлдириб учрашувларда юрганимиз эсимга тушиб кетди. Пирмат акамизнинг болалардек беғубор кулгиси қулоқларим остида жаранг­лаб, ҳазил-ҳузулларимизга жавобан: “қўймайсиз-қўймайсиз…”, дея бош лиқиллатишлари ва ҳатто оҳиста-оҳиста ташлаётган қадам товушларигача эшитиб-кўриб тургандек ғалати бўлиб кетдим. Устозимиз бу ёруғ дунёни тарк этганидан бери орадан бир йилча вақт ўтди. Нақадар тез ўтар экан умр деганлари: бугун бор одам – эртага йўқ. У билан қанча воқеалар йўқ бўлиб кетади. Хотиралар, фақат хотиралар қолади ундан.
Пирмат Шермуҳамедовга алоҳида тўхталаётганимнинг яна бир сабаби бор: у киши – Жуманазар Бекназаровга туғишгани сингари қадрдон оға эди, ўз инисидек суярди. Бизни, яъниким Жуманазар ака билан мени таништирган ҳам шу киши бўлади.
Танишувимиз тарихи эса мана бундай: ўтган асрнинг саксонинчи йиллари. Болалар газетида ишлайман. Таҳририят қошидаги “Ёш қаламкашлар” тўгараги машғулотларини ўтказиш ҳам бизни зиммада.
Машғулот ўтадиган кунларнинг бири эди. Ҳали болалар йиғилмаган пайт­­да, хонамизга ўрта бўйли, қирра бурун, оқ сариқдан келган, сочи силлиқ таралган, чиройли кийимлари ўзига ярашган ўттиз – ўттиз беш ёшдаги бир зиёли киши шахдам кириб келди. (Ўрни кепқолди, таққослаб кўришга қулай бўлсин учун, акамнинг ҳозирги кўриниши борасида ҳам икки оғиз гапирай. Диққат қилинг: бўй ўша – ўртача ва тик, пешона – кенг, бурун – қирра, оқ-сариқ юзлар – қотма ва силлиқ, салгина оқ тушган сочлар йигитларникидек қалин, эгнида куёвболаларнинг тим қора кастюм-шими, оқ куйлагу қизғимтир галстук узукдаги кўздек либосига ярашган. Ўртача қалинликдаги қошлар остида чақнаб турувчи мўғил кўзлар ўйчан боқади. Кўриниши – сержаҳл, серғайрат, куйди-пишди, қизиққон одамга тортади-ю, аммо шошилмай қадам ташлаши, ҳар битта ҳарфни торозида тортиб кўраётгандек салмоқлаб гапириши буни инкор қилади ва серсалобат одамга айлантиради. Етмишга етаётган эса-да, элликдан юқори ёш беролмайсиз. Лўнда қилиб айтганда, кўнгли тоза, имони бут одам асло қаримайди, деган нақлга тиниқ мисол.)
Бир суҳбатда Пирмат ака: “ Жуманазар ҳақида гап кетганда, киши беихтиёр равишда сергап бўлиб кетади, худди отасига “беш”ларини тезроқ кўрсатгиси келган боладай, суҳбатдошига унинг ҳамма ибратли фазилатларини айтгиси келади. Бирини айтсанг, иккинчиси ундан ажойиб туюлаверади”, деган эди.
Пирмат аканинг Жуманазар ака ҳақида айтган яна бир гапини ҳозир ёзмасам бўлмайди: “Жуманазар жуда ширали, образли қилиб гапиради. Ўхшатишларни топади, жуда аниқ, содда, тушунарли бўлади ифодалари. Гоҳида хиёл чўзиб юборгандек туюлиши ҳам бор гап. Лекин айлантириб-айлантириб, худди ёйилиб кетган иплардан арқон эшгандай фикрларини яна бир нуқтага жамлайди. Очиғи, бунчалар оташин эҳтирос ва қуюқ фикр билан туртинмай, тўхтамай, қоқилмай, ўйланиб қолмай гапириш ҳеч биримизнинг қўлимиздан келмайди. Қойил қоладиганим яна шундаки, фикрлари аввалдан бир ипга тизилган маржон сингари эшилиб, пишиб, навбати билан, тартибни бузмай оқиб келаверади”.
Бўлди.
Энди – орқага қайтамиз: кириб келди. Ёнида қуйиб қўйгандек ўзига ўхшаб турган тўққиз-ўн ёшлардаги бола.
– Асса-ло-му алайкум! – деди ҳижжалаб ва бурро қилиб. – Сиз Абусаид мирзосиз, шундайми? Бизни ҳузурингизга Пирмат домла юбордилар. Пирмат Шермуҳамедов.
Исмимни бузиб ёки чала айтган, ё бўлмаса, қанақадир сифатларни қўшадиганларни ёмон кўраман: шу нафасдаёқ жавобини бергим келади. Аммо бу одамнинг шашти, эски таниш­лардек ўзини эмин-эркин тутиши таъсирими ёки Пирмат Шермуҳамедовнинг номи ўртага тушганими, билмадим, ишқилиб, унга қўрс­лик қилолмадим. (Ҳозиргача “Абусаид мирзо” дейди, фақат шу кишига индолмайман, кўникиб кетдим, шекилли.)
– Мана бу йигитча бизнинг тўнғичимиз бўлади. Оти – Зоир. Журналист бўлмоқчи. Ҳозирча бир нимани қотириб ташлаган жойи йўқ. Лекин бир-иккита таржимаси бор, русчадан, ўқитувдик, Пирмат домлага маъқул тушгандай бўлди. Газетада тўгарак борлигиниям шу кишидан билдик. Қисқаси-калом, шу йигитчага муаллимлик қилсангиз, деб олдингизга еталаб келавурдик. Нима дейсиз?
– Нима дердик – тўгаракнинг эшиги хамма учун ланг очиқ, – дедим, гарчанд ўртада Пирмат акадек суюмли устозим турган бўлса ҳам унча хушламай.
Хушламаслигимнинг яна бир сабаби: ҳали танишиб улгурмаган одамларнинг, тасир-тусур гапиришлари, менга – мақтанчоқлик бўлиб кўринади ва ғашимни келтиради.
Аммо Қозоқбой акага ўхшаганлар учун бу ҳолат “безбет”лик эмас, дадиллик – одамнинг ўзига бўлган ишончининг белгиси ҳисобланади. “Виждонли, лафзи ҳалол, бировдан тили қисиқ жойи бўлмаган жасур одамлар ҳеч кимдан чўчимайди ва фикрларини дадил баён қилади, Жуманазар ака ана шундай мардлар тоифасидан, – дейди у киши. – Мен шу фикрнинг тасдиғини кўп кўрдим. Жуманазар акадаги очиқчасига ва жўшиб баҳслашиш хусусияти унинг чуқур маърифий билим эгаси экани билан изоҳланади. Ва, унинг табиатида чақмоқдек қудратли нимадир борлигидан далолат беради”.
Нимаям дердик, бир одамни ҳар ким ҳар хил кўради.
Фақат, “чақмоқдек қудратли нимадир борлиги…”га қўшилиб, яна қуйидагиларни айтгим келади: мен ҳам ўтган йиллар давомида бу одамнинг тарих, медицина, филология, шарқшунослик, астраномия, қадимшунослик, ботаника ва яна бошқа фанлар бўйича баҳс ва мунозараларда ҳамиша фаол иштирок этгани ва бошқаларни оғзига қаратганини кўп кузатдим. Шунинг учун ҳам Қозоқбой аканинг: “У мудроқ, беҳафсала юракларга тоғу тошларни гумбирлатиб, ўзанига сиғмайлар кетган баҳорги сел мисоли кириб боради.
У ўз фикридан бошқаларни ҳам баҳраманд қилиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди.
Унинг сўзлари кўрмаган нарсаларинг­­ни кўришга, билмаган нарсаларингни билишга ундайди.
У очилиб-сочилиб суҳбатлашганида ҳам, катта минбарлардаги илмий мунозараларда ҳам ҳеч қачон босиқлик чегарасидан чиқмайди, баҳс одобини бузмайди, “ўтлаб” кетишдан тийилади…” дейилмиш фикрларига юз фоиз қўшиламан.
Ҳа, майли. Булар, энди, кейинги гаплар.
Хуллас, Зоир шу кундан бошлаб, кўп қатори машғулотларга қатнаб юрди. Анча уқувли, қобилиятли экан: ҳадемай газетада хабарлари, мактаб ҳаётидан ёзилган мақолалари чиқди, таржималари эълон қилинди. Аммо, мактабни битирганидан кейин журналист бўлмади – отасининг изидан кетди.
Биз эса, бир ёқда ўғли, бир ёқда Пирмат ака баҳона турли-туман сабаб­лар билан учрашадиган бўлдик.
Жуманазар акани биринчи кўрганимда бирорта институтнинг домласи бўлса керак, деб тахмин қилган эдим, унинг доктор эканини кейин билдим. Бир қанча таниш-билишларим, қариндош-дўстларим бу одамнинг қўлида даволаниб, соғайиб кетди.
Жуманазар ака ўша маҳалда Ўрта Осиё педиатрия институтида ишлар, ҳали илмий даражаси ҳам йўқ, аммо институтдаги обрўйи энг эътиборли профессорникидан кам эмасди.

IV

Бир кўча бўлиб қишлоқнинг кун чиқар бетидаги яшил майса билан қопланаётган кенг сайҳонликка етдик. Атроф чумолидай одам – юриб бўлмайди. Қамай эмас, туман, бутун Қашқадарё кўчиб чиққандай гўё. Бир неча жойда ўтов-чайлалар тикланган, чайлаларда хонзодалар каби безанган бири-биридан гўзал келинчаклар су­зилиб турибдилар, самаворлар қайнаб ётибди, кабобларнинг ёқимли ҳиди димоқни қитиқлайди, қирқ қулоқли қозонларда сумалаклар сузилмоқда, кўчма магазинларда савдо-сотиқ авжида, баланд симдорда ота-бола дарбозлар ҳайратли томошалар кўрсатмоқдалар, карнай-сурнай, ўйин-кулги, лакалак базм авжида. Осмону фалакни тўлдириб юборган сон-саноқсиз варраклар эса худди бир тўда қалдирғочлардек гоҳ зувиллаб кўкка кўтарилади, гоҳ шувиллаб у ёқдан – бу ёққа шох ташлайдики, ўша лаҳзаларда еру осмон болаларнинг қувноқ қийқириғига тўлиб кетади. Нарироқда от чоптириб юрган ўн-ўн беш чоғли ўсмирнинг “ҳайё ҳув”и уларга жўр бўлади.
Ўша куни, бундай манзарани кўрибоқ севинчдан эсанкираган ҳар қандай одам каби биз ҳам деярли бараварига: “Вой-вўй!” деб юборганларимиз ҳануз эсимда.
Майдонга яқин борганимизда бир тўда қизлар чопқиллаб келиб, ҳаммамизга гуллар улашди. Тепароқдаги тахта-ёғочдан ясалган саҳнага кўтарилганимизда эса… бўлди қарсак, бўлди қарсак!
“Сенарий”да белгиланганидек, байрамни Оқгузар маҳалла фуқаролар йиғини раиси қисқача кириш нутқи билан очиб, биринчи сўзни Тошкентдан келган меҳмонларга берди. Дастлаб профессор Қозоқбой Йўлдош гапирди. Кейин Азим Суюн шеър айтди. Мен ҳам бир нималар дедим. Алишер дўхтир “Меники гапга йўқ”, деб сўзга чиқмади. Ўзимиз билан олиб келган китоб­ларни – юзтача бор эди – шу ернинг ўзида мактаб кутубхонасига топширдик.
Шундан сўнг қишлоқдаги ёши улуғ нуронийларга, 66-мактабнинг Сабина Ўролова, Оғабек Махатов, Рўзимурод Дўрмонов, Шаҳло Улашова, Жавоҳир Михлиев каби ўн олти аълочи ўқувчисига ва олий ўқув юртларида юқори кўрсаткичлар билан ўқиётган қамайлик тўққиз талабага совғалар топширилди.
Илло, бу ерда гап масаланинг моддий эмас, маънавий жиҳатдан бебаҳолигида. Қишлоқдошларининг миннатдорлик сўзларини эшитган ҳар қандай инсон бунга қайта-қайта иқрор бўлади.
– Худо хоҳласа, катта бўлсам, албатта, Жуманазар Бекназаровдай врач бўламан!
– Мен Жуманазар Бекназаровдай ҳамма ҳавас қиладиган одам бўлишни орзу қиламан. Мактабдаям, институтдаям аъло баҳоларга ўқийман.
Бу сўзлар – 66-мактабнинг тўртинчи ва бешинчи синф ўқувчилари Сухроб Очилов ва Мадина Раҳмонованинг орзулари эди. Жуманазар Бекназаровнинг мурғак ва беғубор юракларга сепган эзгулик уруғларининг ҳозирданоқ ниш уриб, қуёшга томон интилаётганидан далолат эди бу. Майдонни тўлдириб турган юзлаб катта-кичик қалбларни тўлғантираётган мана шу муқаддас туйғулар, вақти-соати билан албатта кўкаради, серсоя, серҳосил азамат дарахтларга айланади.

V

– Сиз Жуманазар акадан қарздорсиз, – деди байрамдан қайтаётганимизда Қозоқбой ака худди томдан тараша тушгандай қилиб менга. – Бу одам ҳақида бир нарса ёзишингиз керак. Аммо олдиндан айтиб қўяй, – деб давом этди мўйловини чимдиб, бир нималарни ўйлаб ва негадир кулимсираб, – Жуманазар Бекназар деган ҳодисот тўғрисида ёзиш қийин: у шиддаткор, жўшқин ва оташин инсон. Ҳаёт унга кўтаринки ва тантанавор эҳтиросларни ўта сахийлик билан вагонлаб берган. Биласизми нима, Жуманазар ака бировларда кўрган ижобий хислатларнинг ҳаммасини ошириб кўрсатади – мақтайди. Ёмон иллатлар яқинига бормасин, деб шундай қилади, ҳатто бижғиган қалблардаги ҳавониям тозалаб, нафис ва оташин орзуларга тўлдириб юборади, қалбларга ўт ёқади. Арзон мулоҳозалар гирдобига ўралашмайди. Унинг сўзларини бир марта эшитган одам мафтуни ва ошиғи бўлиб қолади.
Умуман, Жуманазар Бекназарда одамларга айтадиган, айтмаса бўлмайдиган фазилатлар шунчалар кўпки, бундай аллома тўғрисида бир ёқлама гап айтиб қўйиш хавфидан чўчимоқ керак. Тўғриси, фақирингиз бир уриниб ҳам кўрган. Узоқ йили, 60 ёшга тўлганида, бир мақола ёзганман, лекин кўнглим тўлган эмас. Ёзмоқчи бўлиб қалам олсам, десангиз, сўзлар ҳуркитилган оҳу галаларидек тутқич бермайди, воқеалар уммони ичра адашиб, гангиб қолавураман.
(Манови ўхшашликни кўринг! Менда ҳам айнан шундай бўлган – Қозоқбой аканинг куни бошимга тушган. Мен ҳам бир мақола ёзай деб роса уринганман, бир неча кун ўйланиб юрганман. Аммо, қайси воқеадан бошлаб, қайсисида тугатишни билолмай, ахийри, “Доктор Жуманазар Бекназаровнинг армони” деган манави саккизликни ёзиш билан кўнг­лимни овутганман:

Олтмиш ёшдан ўтиб, мундоқ қарасам,
Уч мингдан ошибди жарроҳлик ишим.
Кимнингдир корига шодсан – ярасанг,
Ва хаста лабларда кўрсанг табассум.
Тўю томошада эҳтиром бисёр,
Шукур, дўстларим кўп, кўплар танийди.
Аммо, қани эди, бўлмаса бемор,
Мен бошқа иш излаб юрсам, қанийди…

– Энди, сиз бир уриниб кўринг, – деди Қозоқбой ака “топшириқ”қа нуқта қўйган бўлиб. – Балки, ҳаммага суюмли одамни бор бўй-басти билан тасвирлаш қўлингиздан кепқолар.
– Сиздек ёзарман уддаламаган ишга бизга йўл бўлсин! – дедим Қозоқбой акага “уриниб” кўрганимни билдирмай.
– Ҳақиқатан ҳам, яқинларинг ҳақида ёзиш осон эмас, – деб суҳбатга қўшилди ҳалидан бери Қозоқбой аканинг сўзларини жимгина эшитиб келаётган Азим Суюн. – Мундоқ қарасанг, Жуманазар Бекназар ҳақида ҳеч нима айтилмагандек. Аммо “бир нима” ёзмоқчи бўлсанг, ҳамма гап айтиб бўлинганга ўхшайди. Қолаверса, тиниб-тинчимас бу ШАХС – ўзи тўғрисидаги ҳамма гапни радиою телевидениедаги чиқишлари, газетаю журналларда эълон қилган мақолаю суҳбатлари орқали аллақачон айтиб бўлган.
Шу важдан “бир нима” ёзмоқчи бўлганда такрорлар ва умумий тафсилотлар жой олиш хавфи пайдо бўлиши аён ҳақиқат. Унга муҳаббат изҳори – энг илиқ ифодаларимиз етмай қоладигандек бўлаверади. Умуман, аканинг жарроҳлиги, адиблиги тўғрисида анча-мунча ёзувлар, мақолалар мавжуд. Аммо фазилатларимизга фазилатлар қўшадиган хусусиятлари тўғрисида кам ёзилган.
Мана, масалан, у кишидаги хислатларнинг ўзимизга яқин қирраси – шоир ва ёзувчилигини олиб кўрайлик. Қозоқбой ака, сиз – машҳур адабиётшунос, айтинг-чи, мен ошириб айтяпманми, а?
– Жуда тўғри, Жуманазар Бекназарни ўзига хос фикрчан шеърияти, бошқаларга ўхшамайдиган ёқимли прозаси бор. Шеърларида эҳтиросу туйғулар тўфони бир қадар вазмин ва босиқ, шошқин ҳаяжонлар изга тушган. Прозасида ақл билан ижод қилаётган наср усталари сингари хотиржам ўйлаб ёзиш дунёсига киргани сезилиб туради. Эҳтирос баробарида заковат ва илм биринчи планга чиққандай туюлади. Муҳими, ёзганда, шунчаки кўнгил чигилини ёзиш учун қалам ушламайди, одамзотнинг руҳий ҳолатларини кавлаштиради, мунгли қатламларни топишга интилади, жимжимабозлик қилмайди.
Халқчил соддалик, фольклор приёмларига мойиллик ҳам ўз истеъдодининг табиатидан, сўзга содда бир мўъжиза деб қарашидан келиб чиққан фазилатдир.
Яна, ўта кузатувчанлик, сезгирлик ва тасвирий жиҳатдан беҳад гўзал битилган публицистик мақолалариям борки, уларнинг қимматиям унча-мунча бадиий асардан кам эмас.
– Ҳалиги… “Ватан – ёниқ юрагим” достони шу кишиники эди, а? – деб Қозоқбой аканинг сўзини бўлди Азим Суюн. – Эсимда қолгани, ўз вақтида анча шов-шув бўлувди. Фавқулодда фикр эврилиш­лари, кутилмаган ташбеҳлар, рассомларга хос тасвирлар кўп эди. Яқинда “Манзилдан кейинги йўл” деган китоби қўлимга тушиб қолди. Ғалати, ноанъанавий услубда ёзилган. Реал ҳаёт тасвирлари фантастика унсурлари билан қоришиб кетган ажабтовур асар экан. Ярми наср, ярми назм. Аммо ҳар иккиси бамисоли олтин ҳалқалар каби ижодкор ғоясини бус-бутун ифодалашга хизмат қилган. Шеър­лардаги тўлқинли, дардли мисралар, фожиалар аро мумтоз оламни орзу қилган эзгу нурлар элас-элас кўзга ташланадики, бу муаллифнинг замонавий адабий усулда ёза билиш маҳоратидан далолат бериб туради.
– Эътибор қилган бўлсангиз, камина – ана шу китобга масъул муҳаррир, – деди Қозоқбой ака ғурурлангандай бўлиб. – Асар гарчанд ҳаммамизнинг устозимиз, машҳур аллома Бегали Қосимов ҳаётига бағиш­ланган эса-да, унда илм машаққатларини бошидан кечирган ва кечираётган жуда кўплаб заҳматкаш инсонларнинг тақдирини кўриш мумкин.
Азим ака, сиз ҳозир бу асарни “ноанъанавий” деб тўғри айтдингиз, ҳатто таъкидлаш мумкинки, бир қадар сирли.
Сирлилиги – бу дунёда яшаб ўтган инсоннинг иккинчи умри тасвирланганида. Асарни шунчаки ўқиб бўлмайди, шунчаки ўқиган ўқирман ёзувчининг мақсадини тушунмайди. Бундай асарларнинг тагмаъноси ва асл ғоясини англаш, ижодкор фикрининг сеҳри ва сўз музикаси жарангларини қалбдан сезиб, унинг нафис оҳанглар билан тўлиб-тошган жозибасини ҳис қилиш учун аввалдан бир қадар тайёргарлик кўришдан ташқари, яна сабр билан, мағзини чақиб-чақиб ўқиш керак бўлади. Диққат қилган бўлсангиз, асарнинг ҳар саҳифасида инсоннинг жўшқин, серташвиш ва нотинч ҳаёти ҳақида чуқур фалсафий хулосалар бор.
– Асарда шеър ва мусиқа сингари ички оҳангдорлик ҳам мавжуд. Она тилимизни аъло даражада билган ва нозик ҳис этган ёзувчигина шундай муваффақиятга эришади, – деб уни қувватлади Азим ака. – Мен дарё-дарё сўзлар орасидан энг жозибадор, кучли, гўзал ва ўзига энг кераклисини топиб танлаганига қойил қолдим. Фақат, жанри… Бу достонми, повестми…
– Достон ҳам, повест ҳам, роман ҳам эмас, – дея дарров жавоб берди Қозоқбой ака. – Янги жанрдаги асар. Автобиография эмас, ҳозирча, инсоният изтиробларининг қуйма жамламаси, десак ҳам бўлади. Худди қадимги халқ достонлари сингари, унда поэзия билан проза қўшилиб, уйғунлашиб, янги бир ажойиб жанрни вужудга келтирган.
– Глеб Горбовскиймиди, шу бўлиши керак, аниқ шу, – деди Азим ака. – Русларнинг шу шоири, мен шеъриятни телбалик деб ҳисоблайман. Шеърият бу – дарвешликдир. У Парвардигорнинг инъоми, деган. “Парвардигорнинг инъоми” дегани рост, лекин телбалик, дарвешлик дегани бизга ўхшашларга тўғри келса келар-у, – деб бу сўзидан ўзи завқланиб кетди-ю, хо-холаб юборди. – Лекин Жуманазар акага тўғри келмайди. – деди кулиб бўлгач. – Жуманазар Бекназар асарларини ўқиган, уни билган одам Горбовскийнинг фикрларини тамомила инкор қилиши турган гап. Тўғри, ака ҳеч қачон ёзувчиликни даъво қилган эмас. У киши беш мингдан ортиқ жарроҳлик операцияси қилган зўр жарроҳ, қариндош-уруғларига меҳрибон, дўстларига содиқ, даврагир. Халқимизга хос донишмандлик, одамшавандалик, эзгулик, олижаноблик тамойилларига риоя қилиб яшаётган бундай инсонларни аллома деб улуғлаш лозим. Шунинг учун ҳам ака, – деди бутун гавдаси билан мен томон ўгрилиб.
– Қозоқбой аканинг “Бу одам ҳақида бир нарса ёзишингиз керак”, деган гапини мен ҳам қувватлайман.
– Ана кўрдингизми?! – деди Қозоқбой ака руҳланиб. – Мадомики, Азим акангиздай шоир ҳам шу фикрда экан – касби-кори шифокорлик бўлмиш одамнинг шоирона қалби, ҳайратли туйғулари ҳақида тезда бир нима ёзмасангиз бўлмайди. Билиб қўйинг, бировларнинг шуҳрати шуълаларидан нурланишни ўзига эп кўрмайдиган, асл одамлар ҳамиша камёб бўлган.
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дейдилар Навоий ҳазратлари. Жуманазар ака шу бугуннинг ўзида қанча одамнинг кўнглини шод айлаб, дуосини олди.
– Сўзингиз – бизга маъжун. – дедим итоаткорона.
– Жуманазар ака комил ва комрон инсон, дабдабали ҳою ҳаваслардан тийилиб, “юрак фармойиши” бўйича ҳаёт кечирувчиларнинг тимсоли.
– Худо хоҳласа, ҳаммамиз – галалашиб – бир нима ёзармиз…
Тўғрисиям шу-да: вақти келиб, албатта, Қозоқбой аканинг таърифи билан айтганда, “Жуманазар Бекназар деган ҳодисот” тўғрисида нималардир ёзилади. Агар ўшандай “бир нима”ни мен ёзадиган бўлсам, Жуманазар акага қанчалик эҳтиром ва меҳр билан қараган ва унинг хусусида нимаики ўйлаган бўлсам, бариси ўша мақолада ифодаланади. Бундай мароқли “нарса”ни ҳозир ёзолмайман. Ҳозир… тасаввурларим, хулосаларим баайни сирли туман ичида қолгандай қоришиқ ва бетизгин.
Гап-гап билан қишлоққа олиб кирувчи кўча бошига етганимизда, боя ҳамқиш­лоқлари қуршовида қолиб кетган Жуманазар ака оппоқ “Каптива”да орқамиздан етиб келди.
– Сизларга раҳмат! – деб бирма-бир қўлимизни сиқиб чиқди машинадан тушган заҳоти. – Сизларсиз байрам беҳад ғариб бўлиб қолган бўлар эди.
– Бундай ёқимсиз гапларни қўйинг. Биз нима қиппизки… – қўлларини ночорона ёзди Қозоқбой ака. – Хўш, мақсадга ўтайлик, сув омборга кетдикми?
Жуманазар ака тараддудланди.
– Сизларга ҳамрай бўлолмайман-ов… – деди хижолатомуз. – Баҳромникига тўрт-бешта ҳамюртлар кепқопти. Олисроқдан экан…
– Жудаям вақтида келишипти-да, барака топишсин. Ўзи, сиз бизга ортиқчалик қилаётувдингиз, – кулгига олди масалани дарров илғаган Қозоқбой ака.
– Улгурсам, изингиздан етиб бораман.
Шофёр “ғир” этиб ташлаб келаман, дейишига қарамай, Жуманазар ака шогирди Алишер Тожибоевни ёнига олиб, пиёда-пиёда жўнади.
Биз “Каптива”га миндик.
– Бу дунёда шундай яшасанг-да… – деди Қозоқбой ака ҳавас билан Жуманазар аканинг ортидан.
Аслида, ҳозир ҳаммамизнинг кўнглимизни чароғон қилиб, нурли шуълалар сочиб турган азиз туйғу ҳам худди шу эди.

“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 3-сон