Дераза тагидаги каравот ожизгина ғирчиллади. Пойгакда картошка арчаётган Ойниса хола ишини қўйиб, тиззаларига таянганича ўрнидан қўзғалди.
– Яна оғриқ турдими? – У кўрпа устидан эрининг оёқларини уқалай бошлади.
Комил ота косасига чўккан кўзларини юмди. Ғижимланган қоғоздек заъфарон юзи бирдам ҳаракатсиз қолди. Кўпдан бери уста кўрмаган калтагина оқ соқоли чўққайиб турар, териси суягига ёпишиб, тирноғи сарғайиб кетган бармоқлари кўрпани мадорсиз чангаллаган, аёлининг уқалашидан танаси оҳиста тебраниб, даври ўтган кўҳна сим каравот аянчли ғирчилларди.
Бемор кўзларини очди – юзидаги беҳисоб буришиқларга жон кирди. Кампирига «бўлди етар» дегандек имо қилди. «Ўзингга шукр!» деди нимжон овозда, сўнг деразадан ҳовлига термилди.
Кеч куз. Деразадан йигирма одимлар наридаги пастгина ошхона орқасида қулочга сиғмас қари ўрик дарахти кўкка бўй чўзган. Унинг тарвақайлаган шохлари, офтобда жилваланаётган сариқ-қизғиш япроқлари, Комил ота кўриши насиб этган бир бўлак осмонни эгаллаб ётар, ожизгина шабадада ҳам шатир-шутур барг тўкиб, ҳовли саҳни, чап бурчакдаги бостирма ва ошхона томига хазон кўрпа тўшар эди.
Комил ота ошхона томига тўш бериб дераза томон интилган ўрикнинг билакдек бутоғига тикилиб ётарди. Ана, ундаги сўнгги япроқ ҳам шамол билан олиша-олиша ҳолдан тойди, ҳавода бир-икки доира ясагач, ойнага ожизгина келиб урилди-да, кўздан йўқолди. Япроқ гўё унинг ҳузурига талпингандек туюлди-ю, вужудини ўртаб ётган соғинч дарди қўзғалиб, қалбида ҳазин бир энтикиш пайдо қилди. У каравотни ғирчиллатмасликка тиришиб, тирсакларига таянган ҳолда аранг бошини кўтарди.
Томирлари яққол бўртиб турган олтинранг ўрик япроғи унга жуда яқин ерда – дераза рахида аранг илиниб турарди. У баргни тузук кўра олмади, қўллари, бўйни, ётаверганидан тахтадек қотган елкалари толди, аста бошини ёстиққа қўйди.
Ўрик ҳам қарибди! Дуркун, серҳосил, сернам шохларидан, бақувват танасидан сув қочибди. Унинг эса аҳволи бу, худди ўзи сингари паймонаси тўлиб қолган дарахтга мўлтираб унсиз ҳасратлашиб ётгани-ётган…
Тоғорача кўтарган Ойниса хола ошхонага ўтди. Комил отанинг юраги баттар эзилди. Мункиллаб қолибди! Ахир, етти йилдан бери оёқлари кесакдай жонсиз бўлган касални оқ ювиб, оқ тарашнинг ўзи бўладими? Қийналиб кетди шўрлик! У эса на ўлиб буларга ором беради, на тузалиб!
Сув қуйгандек жимжит ҳовлига ўнг тарафдаги уйдан бир-бирларини қувлашганича набиралари Ботир, Ҳасан ва Ҳусанлар чопиб чиқишди. Унинг ғамгин ажинлари ҳаракатга келди – юзи ёришди. Ерга урса осмонга сапчийдиган набиралари бир-бирини турткилай-турткилай кўча эшиги томонга ўтиб кетишди. Ўн икки ёшлардаги тўнғич набираси Ботир эса бостирмадан кетмон кўтариб чиқди-да, уй ёнидаги торгина йўлакдан томорқага юрди. Бу набираси ўзига тортди, дарсдан бўшади дегунча томорқада куймалангани-куймаланган. Отаси Анвар – давлатнинг ишидан ортмайди… Томорқага шу йили Ботирнинг ўзи илк бор памилдори ва бодринг экди. Даставвал қизарган олмадек памилдори, башмалдоқдек бодрингни қувониб олиб келганида, у набирасини узоқ дуо қилган эди. Боғ, томорқа ишларига Худога шукр ҳаваси баланд, кўзи пишиб, уқуви ҳам келиб қолди. «Дўда, энди нима қилиш керак, қачон чопилади, сув қуяйми? Хомток қилишни ўргатиб туринг, ўзим кесаман! Гилоснинг меваси олчадек бўлиб қолибди, энди нима қиламиз?..» Ботир тушмагурнинг саволлари тугамайди…
У оёқларидаги оғриқни унутиш илинжида ташқарига кўз тикди. Шамол кучайиб, ўрик баргларини яна ҳам узоқларга олиб кетмоқда. Бу дарахт унга ёшлигини эслатар, хотираларга чулғаниб, эртаю-кеч унга термилиб ётар, қолаверса, бу – илк бора ҳовлига қадаган ниҳол эди. Ўшанда ўртадаги ошхона, бостирмалар йўқ, ҳовли, боғ, барчаси яхлит эди. Йиллар ўтиб ака-ука уйли-жойли бўлишди, ота-онаси қазо қилгач, овсинлар орасидаги гап-сўзлардан қочиб, ҳовли ўртасидан девор тортилди. Авжи ҳосилга кирган оқ қантак ўрик укасининг ҳовлисида қолди. Туробнинг хотини устомон эди. Мевасини ҳеч кимга едирмай бозорга олиб тушарди. Эҳ-ҳей, неча йил ўрик, туршак сотди, пулига олган нарсаларини Ойнисага кўз-кўз қилиб, баъзида ораларига совуқчилик ҳам солди. Лекин у буларга парво қилмас, ҳамон ўрикни ўзи парваришлар, бутар, ширасига эринмай дори сепарди. Фақат… фақат, тобора куч-қувватдан қолиб, қариб бораётган «дўстига» ачинар эди, холос!
Шу кейинги кунларда Комил ота ўзини бу дарахтга жуда ўхшаб кетишини англай бошлади. У ҳам ҳеч ерга силжий олмайди, бамисоли каравотга экилган. У ҳам гулламайди, мева тугмайди, уйдагиларига бир дунё ташвиш бўлиб ётгани-ётган…
Уйга Ойниса хола кирди.
– Совуқ шамол турди, – деди у, – устингизга чопон ташлайми?
– Ҳожати йўқ, – Комил ота тахмонга қаради, – иложи бўлса…
Ойниса хола эрининг елкасидан кўтариб, бошига яна иккита ёстиқ қўйди. Энди унга дераза рахи яққол кўринар, аммо бояги сариқ япроқ йўқ, зўрайган шамол ҳовли юзидаги баргларни бостирма бурчагига тўпларди.
У дарчадан кирган муздек, беғубор куз ҳавосидан баҳра олар экан, бирдан сергакланди, сийрак, лекин ўсиқ қошлари чимирилди, бошини хиёл кўтариб ташқарига қулоқ тутди. Қаердандир «шиғ-шиғ» этиб арра товуши эшитилар эди. У безовталаниб кампирига қаради, хонага ҳовлиқиб набираси кирди.
– Дўда, дўда, амакимлар ўрикни кесишяпти!
Комил ота даҳшат ичида «ялт» этиб ўрикка қаради, турмоқчи бўлиб ногоҳон бир талпинди-ю, бемажол яна ёстиққа қулади. Азобданми, қаҳрданми бўғизидан ғайритабиий бир ғулдираш отилиб чиқди.
– Дўда, айтинг, кесишмасин! – Ботир унинг қалтираётган таёқдек қўлига ёпишди. Ойниса хола набирасини ташқарига бошлади.
– Қани, юр-чи, яна нима ғалвани бошлади экан?
Бироздан сўнг тўнининг барини белбоғига қистирган укаси Туроб дераза қаршисига келди.
– Ўтин керакмиди ёки ўрнига иморат солмоқчимисан? – жаҳлдан қалтиради Комил ота.
– Вой ака-ей, – кулди ғўлабир гавдали укаси унинг ғазабини босиш пайида, – дарахтга теккан одамни жинингиз ёқтирмайди-да! Сиз касал бўлгандан бери қарайдиган киши йўқ, шира тушавериб ҳаммаёқни расво қилиб ётибди. Бугун лоп этиб арзон-гаровга саржинчилар оёғимни остидан чиқиб қолса бўладими?.. Қай тарафга ағдарсак енгилроқ, безиёнроқ бўлар экан деб, сиздан сўрагани…
Кўрпа аёвсиз ғижимланди – қилтириқ, нимжон бармоқлар муштга айланди.
– Уни саржинчиларингиздан сўранг, иним… Мен… Дарахт қулатмаганман… – Комил ота ундан юзини ўгирди.
– Биламан, сиз ўтқазгансиз, кўп меҳнатингиз сингган… Қариб-чуриди, мевасининг тайини йўқ…
Комил ота миқ этмай ётаверди. Туроб қўл силтаб чиқиб кетди.
Унинг кўксидаги кўрпа бетартиб тўлқинланар, қонсиз, буришиқ юзи кишида ваҳима уйғотарди. Ниҳоят ўзини пича босиб олди-да, юрак ютиб аста ҳовлига кўз ташлади. Ноҳақ қатлга маҳкум этилган дўстига қарагандек ўрикка мўлтирар экан: осмон, дарахт, уй, дераза живирлади ва бир-бирига чаплашиб хира тортди. Қовжираган лаблари унсиз қимирлай бошлади…
Барзанги йигит бир ўрам арқонни елкасига илиб, дарахтга чирмашди. Комил ота шу топда уни йиқилиб тушишини жуда-жуда истар эди, лекин у йиқилмади, дарахтнинг айри шохига арқонни маҳкам боғлади-да бир учини ерга ташлаб, ўзи қайтиб тушди.
Шаҳдам-шаҳдам тортилаётган арра товуши борган сари кучлироқ эшитилар, ўрик танасини эмас, унинг оёқларини, оёқларига қўшиб бағрини ҳам шавқатсизларча тилиб бораётгандек туюлар, тобора ўзини ёмон ҳис қилар эди.
Арра товуши ўчди, ҳалқоб арқон таранглашди. Энди дарахт танасига кетма-кет санчилаётган болтанинг шиддатли овози дарчадан ўқдек отилиб кира бошлади. Ўткир болта ўрик танасига ҳар гал зарб ила қадалганда унинг шохлари дир-дир титраб, қуёш нурида кўзни қамаштираётган сариқ, пушти, қизил япроқлар ҳуркиб учган қушлар сингари дув-дув тўкилар, ва нажот истагандек унинг деразаси томон интилишар эди. «Нари қоч! Четга ўт!» деган шовқинлар кучайиб, дарахт бўйнига солинган сиртмоқ тортилди, у оҳиста оға бошлади…
Комил ота кўзини юмди. «Бир-икки тортдик! Ҳа, бир-икки тортдик!» Дарахт ғийчиллаб – ингради, қарсиллаб – дод солди, гурсиллаб қулади-ю, ерни, деразани титратиб, каравотни аламдан чайқатиб юборди. Баргларнинг шовуллаши, шох-шаббанинг синишидан ҳосил бўлган фарёд одамларнинг қувноқ қичқириқларини босиб, дарчага бош урди.
У кўзини очганда, бир даста гулдек дарахт ўрнида қуюқ чанг булути сузиб юрар эди… Унинг қайғу-кулфат қоплаган дардчил, қонсиз юзи янада сўлғинлашди, танаси бўшашиб, ёруғ оламда бошқа илинжи қолмагандек, кўзларини бемажол юмди… Қовоқлари қўрғошиндек оғир, очишга мадори етмас эди. Очиб нима ҳам қилади? Энди суҳбатдоши, ҳамдарди – ўрик дарахти йўқ, у нотовонга шуни ҳам кўп кўришди!
У илма-тешикдан илондек ўрмалаб кираётган арранинг бешавқат товушидан яширинишга жой тополмай узоқ тўлғаниб ётди. Хонага Ботир кирганини, бувиси билан пичирлашиб гаплашганини сезди. Дарвоқе, кеч бўлганга ўхшайди, ана, келинининг овози эшитилди:
– Ойи, ўрикни нега кесишди?!
Унинг кўзлари ярқ этиб очилиб кетди. Қош қорайиб қолган, ошхона томидаги баргларни назарга олмаганда ўрикдан ном-нишон йўқ эди. Энди унинг кўзлари нимага боқиб туриб нурланади? Наҳотки, қорачиғида шу ис босган тўсинларнинг акси қолса?..
Ўғли ишдан қайтганда, кенгайиб кетган қоронғи осмондаги беҳисоб юлдузлар кўздаги ёш каби милтиллай бошлаган эди.
– Ада, амакимлар ўрикни кесишди! – деди Ботир йиғламсираб.
– Ия, ростми?! Пайқамабман-ку! – Ўғли севинчини яширмади. Ойниса хола лабини тишлаб «гапирма» дегандек бошини чайқади, ўғли ё тушунмади, ё тушунса ҳам парво қилмади. – Жа, зўр бўпти! Шуни баҳридан ўтинг деб, мен айтгандим-да!
Ботир бувасига қаради, Комил ота юзини тескари бурди… Ўғлининг чиқиб кетганига кўп бўлган, лекин овози ҳамон қулоқлари остида жаранглар эди. «Жа, зўр бўпти!.. Жа, зўр бўпти!…» Бир маромда такрорланаётган бу сўзлар, баайни арранинг ўткир тишлари мисол қалбини чуқурроқ ўйиб кирар эди.
Тун. Хона ичи ташқаридан қоронғи, гўё зулмат қамалиб қолган-у, қутулиш умидида ҳар бурчакка бош ураётгандек туюлар, сукунатни Ботирнинг бир текис пишиллаши, аҳён-аҳёнда кампирининг хўрсиниши бузарди. Етти йиллик азоб бир бўлди-ю, бу тун бир бўлди! Кимлардир оёқларини ўтиндек арралаб, болтада чопиб қиймалаб чиқди. Аксига тонг ҳам азобланиб аранг ёришди. Тунда ўчакишган шамол томдаги хазонларни аллақаерга суриб кетибди. Саноқли япроқларгина ошхона томидаги оқиш шиферда сарғайиб кўринар, яланғоч, тақир осмонга нимадир етишмас эди. Кун ёришиб ҳовлининг у ер-бу ерида ётган шапалоқдек-шапалоқдек сарғиш баргалар кўринди-ю унинг киртайган кўзлари баттар ғамгинлашди. Ҳатто, мана шу, қўл-оёқсиз бақатерак барглари ҳам шамол этагига осилиб истаган жойига бора олади, у бўлса…
Ошхона ёнбошидан мўралаб турган жимжилоқдек бутоқ унинг хаёлларини тўзитиб юборди. Бу нима? Ўрикнинг синган шох-шаббасими ёки… У синчиклаб тикилди.
– Анави, ошхона биқинидаги шохми ё?..
Ойниса хола деразага қаради.
– Сизни хабарингиз йўқ, кеча Ботир нок кўчати ўтқазганди, – деди у. – Вой, эсиз, сизга яхши кўринмас экан-ку! Келинг, ёстиқ қўяй.
Ботир ҳовлига тушиб тўғри кўчат рўпарасига борди. Шохчаларини авайлаб ушлаб-ушлаб кўрди. Сўнг ошхона тепасидаги бўм-бўш самога бир зум анграйиб турди-да, юз-қўл ювиш учун ҳаммом томонга ўтиб кетди.
«Нобоброқ ерни танлабди-да, Ботир тушмагур, – ўйлади Комил ота мурғак ниҳолга тикилиб ётар экан, – кўриниши тузук, битадиган кўчатга ўхшайди. Икки-уч йилда сиқилиб қолади, ҳали ҳам кенгроқ, офтобрўя жойга олиш керак!»
Унинг кекса вужудини қайноқ ва қадрдон бир нарса куйдира бошлади. Қудратли бу оқим кўрпа устида беҳол чўзилган нимжон қўлларининг учигача илиқлик таратаётганини ҳис этди. Яхдек қотган карахт оёқларига ҳам танасида мавжланётган бу иссиқ тўлқинни етиб боришини жон-дилидан истар экан, юрагининг энг тубида нозик бир ниҳолдек умидбахш орзиқиш уйғонди…
– Бу кўчатни қаерга эккан маъқул?… – У деразадан кўриниб турган ҳовли саҳнининг ҳар бир қаричини аста кўздан кечирар экан, қўлида чойнак кўтарган Ботир ошхонадан чиқиб у томонга кела бошлади. Хайриятам набираси бор, қўлтиғидан олиб, қаддини кўтаришга ёрдам беради!
Комил ота сабрсизлик билан набирасини кута бошлади…
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 12-сон