Абдунаби Ҳайдаров. Қўш устунимнинг бири (қисса)

Ушбу битикларимни онам – Қумрихон Абдулҳамид қизи хотирасига бағишлайман.
Муаллиф.

МУҚАДДИМА

Менинг қўш устуним бор эди. Бири – отам, бири онам эди. Мен доимо уларга суяниб яшардим, қачон, қаерда бўлмай, мудом уларга талпиниб яшардим. Назаримда, улар ҳеч қачон ўлмайдигандай, ҳузурларига ошиқсам, ҳамиша пешонамни силаб, хушнуд кутиб оладигандек, сафарга отлансам, оқ йўл тилаб, ортимдан дуо қилиб турадигандек туюларди. Аммо…
Дунё қанчалар гўзал бўлса, шунчалар бешафқат экан. Ҳаётнинг ялтироқлиги, умрнинг қалтироқлиги, ота-она мўрт келиши рост экан. Фурсати етиб, бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Авжи қирчиллама ёшимда аввал онамдан, кейин отамдан айрилдим. Суянч тоғларим бирин-сирин қулаб тушди…
Начора… Энди биргина таскин шулки, ота-онам беҳуда яшашмади – наслимизни давом эттирувчи, тўрт ўғил, икки қиздан иборат завол топмас боғ яратиб кетишди. Ва яна: улардан мерос бўлиб, эл аро яхши ном, биз – фарзандларга эса, ширин хотиралар қолди…

ҚУЁШ ПАРЧАСИ

Эҳтимол, бу шунчаки тасодифдир, эҳтимол, Яратганнинг ўзи суйган бандаларига уларнинг ўлимидан сўнг кўрсатадиган илк иноятидир. Қандайлигидан қатъи назар, эл-улус сўзига шак келтириб бўлмайди, халқ бир нарсани сезмаса-билмаса, бекордан-бекорга гапирмайди…
Онам камтар-камсуқум, ҳалимдай юмшоқ аёл эди. Умри бўйи одамларга яхшилик қилиб, фақат яхшилик тилаб яшаганди. Ҳеч қачон бировнинг дилини оғритмаганди, бировга оғирлиги ҳам тушмаганди. Шунданми, ўзи орзулаганидек, омонатини беозоргина топширди. Лоақал бир кун-бир соатгина бўлсин, оҳ-воҳ чекиб, кўрпа-тўшак қилиб ётмади. Қўша-қўша фарзандлари-ю келин-куёвлари, этак-этак неваралари бўла туриб, бирортамизга зориқмади. Яна денг, авжи қиш чилласига тўғри келган ийд-Рамазон кезлари вафот этди.
Ким билсин, қазо фурсатини фаришталар кўнглига солган эканми, онам Ҳайитнинг биринчи куни қўни-қўшниларникига бирма-бир кириб, ҳол-аҳвол сўрашиб чиқди. Эртаси эрталаб барчамизни ўзи яшайдиган хонадаги дастурхон атрофига йиғди. Аллавақтгача у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб ўтирди. Ўтганларни эсга олди. Нонушта тугагач, одатига кўра, фотиҳага қўл очди. Охирида, ҳар галгидан фарқли ўлароқ, “Худога шукур, ҳаммаларинг шу ердасизлар. Тани-жонларинг соғ, ақл-ҳушларинг бутун. Энди менсиз ҳам ишларингни билиб-билиб қилаверасизлар. Мен сизлардан розиман, сизлар ҳам рози бўлинглар”, дея қўшимча қилди.
Шу сўзларни айтаркан, онамнинг овози алланечук титраб, гавдаси бехос қалқиб кетди. Аммо ўзини йўқотмади. Тўрга ўтиб, симкаравотга оҳиста чўзилди. Қўл-оёқларини тўғри узатиб, калима келтирди. Кўзларини юмаркан, қиблага юз ўгирди.
Бор-йўғи шу: онам қайтиб қилт этмади, бошқа нафас олмади…
Биз дастлаб ҳеч нарсани тушунмадик. Бу нима – ўлимми-уйқуми, эшитганларимиз насиҳатми-васиятми, дабдурустдан идрок этолмадик. Онамнинг шунчалар тез ва осон жон таслим қилганига ишонмадик, ишонолмадик. Қизиғи, унинг руҳи жисмини тарк этган бўлса-да, ранг-рўйи худди бамайлихотир мизғиётган одамникидек хотиржам ва тиниқ эди. Юзида деразадан мўралаётган қуёш акси товланарди…
Йўқ, адашдим шекилли, бу биз билган-кўрган офтоб шуъласи эмасди, онамнинг чеҳрасидан таралаётган нур эди. У кўзларни қамаштирар, қалбларни қиздирар, дилларга илиқлик бағишларди. Тўрда онамнинг жонсиз вужуди эмас, олов – қуёшнинг катта бир парчаси ётганга ўхшарди…
Кутилмаган мусибатдан биз қанчалик ҳайратга тушсак, табиат ҳам шунчалик лол қотди. Ўз ташвишлари ила андармон бўлиб ғафлатда қолганидан, хокисоргина фарзандини ажал чангалига бемаврид бериб қўйганидан афсуслангандай, қаттиқ мотам тутди. Энг аввало, ҳафта-ўн кундан буён еру кўкни ямлагудек важоҳатда уввос солаётган шамол ҳушёр тортди. Онамнинг жони узилгани ҳамоно саросар эсишдан тақа-тақ тўхтади. Борлиқ қўққисдан жимиб қолди. Ҳаял ўтмай самонинг ҳар ер-ҳар ерида қоп-қора булутлар пайдо бўлди. Улар қуёшдан изн сўраб, бир жойга тўпланди-ю, шошилинч пастга шўнғиди. Фожиадан огоҳ топгач, айролиққа чидай олмади. Қилич янглиғ яшинга рўбарў келгандай, чок-чокидан ситилиб кетди. Ночорликдан тераклар шохига қўниб, сим-сим кўз ёши тўкишга киришди.
Шу зайл бир зумда аёз кузга алмашди. Оби раҳмат ҳам бизни эзиб, ҳам ўзи эзилиб бир маромда ёғаверди-ёғаверди… Элга ташаккур, кўпчиликка қуллуқ! Совуқ демай, лойгарчилик демай, дарвозамиздан маъюс кириб келаверди-келаверди. Бир кечаликкина меҳмонимиз хотираси ҳаққи ҳурмати сафда бош эгиб, ғам ютиб тураверди-тураверди…
Ёмғир кунни тунга, тунни тонгга улади. Эртаси пешинга қадар тинмади. Майда-майдалаб ёғишдан сира-сира эринмади. Аммо тобутни кўтариб йўлга чиққанимизда тоқат қилолмади. Росманасига фарёд уриб, тағин-да тезлашди. Қабристонга қадам қўйишимиз биланоқ негадир ҳовуридан тушиб секинлашди. Онамни тупроққа топшираётган маҳалимиз эса мадори батамом қуриди. Кеча қарзга олган ўрнини ноилож фасл эгасига қайтараётиб, яккам-дуккам томчиларга айланди.
Кейин навбат момиқ заррачаларга тегди. Улар аввалига янги мозор узра қалқиб чиққан юмшоқ тупроқ уюмига ҳайрон қараб турди. Тиловат садолари янграган лаҳзаларда эса оқ капалак мисоли гоҳ пастга эниб, гоҳ юқорига кўтарилиб, осмону замин аро чарх урди. Ахийри бўлмади, тақдирга тан берди-да, паға-паға бўлиб ёғишга тушди. Кўз очиб юмгунча бутун борлиқ сингари онамнинг қабри ҳам оқ чойшабга бурканди. Гўристон ҳар қачонгидан-да оғирроқ сукутга чўмди.
Ажиб ҳолат: биз – азадорлар жим. Одамлар жим. Бориши бору қайтиши йўқ сўнгги манзилга элтувчи йўл четидаги дов-дарахтлар жим. Юракни эзувчи сокинликни фақат оёқ остидаги қорнинг аянчли ғижирлашигина бузади. Аҳён-аҳёнда ёнимда турган отамнинг ҳазин-ҳазин хўрсиниши эшитилади…
Мен одамлар тарқалгандан кейин ҳам мозор бошида қолиб кетдим. Қанча ўтирдим, билмайман. Эсимда бори – шу фурсат ичида онам билан кечган дамларимни, қирқ бир йиллик умримни қайтадан яшадим. Яшадиму, афсус, бу сафар онамни учратмадим, унинг  меҳрига тўя олмадим. У билан бирга босган йўлларимни, болалик изларим қолган далаларни, Сир соҳилларини хаёлан кезиб чиқдим. Кезиб чиқдиму, барибир, адоғига етолмадим. Бу сафар онамнинг хоки пойини юзларимга суртиб, тавоф қилолмадим.
Мен ўзимни дунёга келтирган, оқ сут берган, мудом оқ ювиб-оқ тараган волидам билан – дунёдаги энг азиз, энг меҳрибон кишим билан мана шундай вазиятда абадул-абадга видолашдим. Дийдор қиёматга қолди. Буни табиат ҳам англаб етди. Бир кеча-кундузга борар-бормас вақт ичида фасллар икки бор эврилди.
Қизиқ, айни ҳолат онамнинг худойисида ҳам, қирқида ҳам, йилида ҳам такрорланди. Худди келишиб олгандек, олдинига ёмғир ёғди, ортидан қор бўралади.
Бу  не ҳол, не сир-синоат – ҳануз англолмайман. Балки кўпни кўрган кексалар ҳақ гапни айтишар – руҳи пок одамларнинг азасида ростданам қор-ёмғир ёғар. Балки яхши инсоннинг паймонаси тўлса, унга биз – тирикларданам кўра кўпроқ Яратганнинг ўзи ачинар…
Неча йилки, шу ҳақда ўйлайман. Ўйлайману, аниқ жавоб тополмайман. Ёмғир ёки қор ёға бошласа, ўз-ўзимдан маъюс тортаман. Беихтиёр соф-беғубор, илиқ томчиларга кафтимни тутаман. Улар менга ҳар доим Аллоҳнинг энг буюк неъмати – Раҳмат нури бўлиб туюлади. Кейин кўз ўнгимда юзларида қуёш ёғдуси муҳрланган онам, ёмғирда ивиган одамлар, уларнинг елкасида лопиллаб бораётган тобут ва оппоқ қор билан қопланган қабристон намоён бўлади. Хаёлимни узуқ-юлуқ хотиралар чулғаб олади…

ФАРИШТА

 Ёши улуғларни биласиз – қушуйқу бўлишади. Ҳаммадан кеч ётиб, ҳаммадан барвақт туришади.
Онам ҳам шунга одатланганди. Ҳар куни тонгсаҳарлаб уйғонарди. Юз-қўлини ювгач, қиладиган биринчи иши ҳовлимиз пештоқидаги чироқни ёқишу темир дарвозамизни ланг очиб қўйиш бўларди. Бу юмушни ҳеч қачон бизга буюрмасди, қишин-ёзин – доимо ўзи бажарарди. Мен унинг камуйқулигини кексаликка йўйардим. Тонг қоронғусида туртиниб-суртиниб дарвоза очишларини кўпйиллик кўникма ҳисоблардим. Шунданми, сабабини сўрамасдим. Аммо бир гал…
Талаба эдим. Дорилфунунда ўқирдим. Қишки синовларни топшириб, таътилга чиққач, ўша куниёқ қишлоққа жўнаворгандим.
Эртаси ўйлаганимдек бўлди. Онам мени, одатдагидек, хўроз қичқирмасдан уйғотди. Сўнгра юпунгина кийиниб, ташқарига чиқиб кетди. Ҳаял ўтмай нимқоронғи хона шифтида шуъла ўйнади – ҳовлида чироқ ёнди. Кетма-кет қулоғимга муштдайлигимдан таниш садо – дарвозамизнинг даранг-дурунги эшитилди. Эринибгина иссиқ ўрнимдан қўзғалдим. Ҳузур қилиб керишгач, даҳлизга ўтдим. Қўшни хонага қўз қиримни ташлаб, отам аллақачон мачитга кетганини англадим. Онам илиқ сув тўлдириб, токчага қўйиб қўйган обдастани кўтариб, бурчакдаги дастшуга яқинлашдим.
Қўл-бетимни ювиб, артинаётган маҳалим эшик енгил ғижирлади-ю, ичкарига олдин этни жунжиктирувчи муздай тиниқ ҳаво ёпирилди. Кейин уст-боши қор, ранг-рўйи ўчинқираган алфозда онам кириб келди. Пойгакда калишини ечаётиб, алланечук ихрагандай бўлди. Илкис ҳушёр тортдим. Синчков разм солиб, чўчиб тушдим: у чап қўли билан ўнг қўлининг бош бармоғини маҳкам ушлаб олганди. Кафтлари орасидан қон сизиб турарди.
– Нима қилди, опа? – сочиқни елкамга ташларканман, ҳадик аралаш унга юзландим. – Тинчликми?
– Э-э, ўлсин… – онам жавоб бериш малол келгандай, юзини буриштирди. – Сувинг қоган бўлса, озгина қуйвор, – дея қон оқаётган қўлларини дастшу узра чўзди.
Қарасам, жароҳати жиддий: бошмалдоғининг тирноғи кўчиб кетибди. Сал тегинса, узилиб тушгудай аранг осилиб турибди. Хавотирим баттар ошди:
– Нима бўлди, бундоқ гапирсангиз-чи, ахир!
Ўзимам сездим, бу сафар овозим бир баҳя баланд – зардалироқ чиқди.
– Ҳеч нарса, – онам гапим оҳангига парво қилмади. Қаддини ростлаб, отамнинг девордаги якка михга илинган эски белбоғига ишора қилди. – Анави рўмолни бу ёққа ол-чи!
Тушундим. Дарров белбоғ четидан бир парчасини узунасига йиртиб, ярасини боғлашга тутиндим.
– Бу шамол ўлгур тағин эски нағмасини бошлади, кечаси билан тинмай, увиллаб чиқди. – Онам қўлини менга тутиб тураркан, хаёли паришон ҳолда оҳиста тилга кирди. – Дарвозанинг тагига қор тўпланиб, музлаб қопти. Тортсам, очилмади. Қаттиқроқ силкитувдим, оёғим тойиб кетди. Йиқилаётганимда, дарвозанинг тавақаси қўлимни қисиб қолди.
У шундай дея ярадор бармоғини латта устидан авайлаб силаб қўйди. Оғриди шекилли, серажин юзи боягидек изтиробли буришиб кетди. Азбаройи ачинганимдан тағин саволга тутдим:
– Ҳеч тушунмайман, шу изғиринда дилдираб дарвоза очиш сизга нима зарил? Уйимиз қишлоқнинг энг чеккасида бўлса, азон палла биров йўқлаб келармиди?..
– Ундай дема! – Онам сўзимни чўрт кесди. Кўзимга синчков тикилиб, оғир бош чайқаркан яна такрорлади. – Унақа дема! Одам кемаса, фаришталар келади!
– Ким? – Яхши англамай сўрадим.
– Фаришталар!
Онам бошқа сўз айтмади. Секин ортига ўгирилиб, хонаси томон юрди. Совиб қолган печка олдига бориб, пастга энгашди. Соғ қўлига оташкурак олиб, қопқоқни кўтарди. Кул босган тошкўмир чўғини титкилаб, устига тараша қалагач, гапида давом этди. – Саҳар чоғи дарвозасини очган одам савобга қолади. Уйига фаришталар кириб, ризқ-рўз улашади. Эрталабки насиба эса қутлуғ бўлади.
Онам ”Уқдингми?” дегандай менга саволомуз назар ташлади. Унинг ўз гапига ўзи астойдил ишонган кўйи алланечук жовдираб боқишини кўриб, ўзимни босолмадим. Томорқамиз девор билан ўралмаганини, адоғи далага туташиб кетганини эслаб, кулиб юбордим.
– Қизиқмисиз, опа, – дедим ўзимча ҳазил қилиб, – фаришталар кираман деса, ана, ҳовлимизнинг чор тарафи очиқ. Ариқдан у ёғи бийдай дала. – Охирида ўсмоқчилаб сўрадим. – Ёки, нима, фаришталар фақат дарвозадан кирадими? Бирор жойга шунақа деб ёзиб қўйилганми?
– Билмасам… – Онам кесатиғимга парво қилмади. Пешонасига ёйилиб тушган бир тутам оппоқ сочини рўмоли остига қистираркан, негадир хаёлга толди.  Ловуллай бошлаган алангага маъюс термулганча, оғир сўлиш олди. – Менга отанг шунақа деб тушунтирган-да, – деди бир оздан сўнг майин овозда. – Ҳар қалай, отанг эскичадан анча хабардор. Бунақа нарсаларни яхши билади. Хўп, майли. Сен шаккоклик қилиб, Худонинг қаҳрини келтирма. Ундан кўра, яхшиси, ўтириб нонуштангни қил. Ана, чой ҳам қайнай деб қолди.
У печка устидаги биғиллай бошлаган қумғонга ишора қилиб, ўрнидан турди. Токчадаги чойнак-пиёлаларни олиб, ташқарига чиқиб кетди.
Тамом! Энди баҳслашишниям, ҳазиллашишниям ҳожати йўқ. Онам отамнинг ҳар бир сўзини ўзи учун қонун деб билади. Канда қилмай адо этади. Эсимни танибманки, бизни ҳам мудом шунга ундайди.
Индамайгина хонтахта ёнига чўкдим…

* * *

Вақт – югурик сув, умр – оқар дарё экан! Туғилиш бор жойда ўлим ҳам бор экан! Бу тақдири азалга кўникмай, пешонада борига шукур қилмай, илож қанча? Мана, ўзимдан қиёс: қирчиллама ёшимда бошимга мусибат тушди. Соппа-соғ юрган онам бехосдан вафот этди. Куни кеча унинг худойисини ўтказдик. Бугун эса ишхонада навбатчилигим бор эди. Тонг отмай Тошкентга қайтишим, газета саҳифалангунча таҳририятга етиб боришим шарт эди.
Афсус, онамнинг йўқлиги дарҳол билинди. Кўзимни очганимда, бомдод пайти бўлиб қолганди. Отам намоз ўқишга ҳозирланаётганди. Шоша-пиша хайрлашдиму йўлга отландим. Бироқ…
Ҳовлига чиқсам, чироқ ўчиқ. Кўчага бурилсам, дарвоза ёпиқ. Дала томондан ҳазин-дилгир шабада елади. Ҳувиллаган кенг, қоп-қоронғи бостирма кўнгилга ваҳм солади.
Бу нотаниш манзарага гувоҳ бўлиб, ич-ичимдан зил кетдим: ахир, онам ҳаётлигида лоақал бирор марта шунақа бўлганмиди? Чироқ ёқилмай, дарвозамиз очилмай қолганмиди?.. Йўқ!
Энди-чи?.. Наҳотки, бир ҳовлида тўрт оила, ўттизга яқин киши бўла туриб, эрталаб дарвозани очиш бирортамизнинг хаёлимизга келмаса… Наҳотки, онам вафот этиши биланоқ фаришталар ҳовлимизни тарк этишган, бизникига кирмай қўйган бўлишса?..
Ўпкам тўлиб, бўғзимга нимадир қадалди. Беихтиёр деворни пайпаслаб, ток улагични топдим. Чироқни ёққач, шаҳд билан дарвоза сари юрдим. Бориб, бирваракайига иккала тавақасини ҳам ланг очиб юбордим.
Ажаб, худди шу лаҳза гўёки мўъжиза рўй берди. Назаримда, онам бўсағада хокисоргина бўлиб, мамнун жилмайиб тургандай, ҳовлимизга чор тарафдан нур ёғилиб, дарвозахонамиз ёришиб кетгандай туюлди.  
Авваллари эътибор қилмаган эканман. Энди билсам, ҳар саҳар фаришталарга эшик очадиган, уларни ҳаммадан аввал қарши оладиган онамнинг ўзи фариштадай беозор, фариштадай юмшоқ аёл экан. Мен нодон ҳу, ўша – талабалик кезларим унинг мулойимлигини соддаликка йўйган, ноўрин кулгим билан билиб-билмай дилини ранжитган эканман. Бугун эса…
Айтинг, дўстлар, энди нима қилай? Гуноҳимни нима билан ювай? Устма-уст келган жудоликларга қандай чидай? Ахир… ахир, уч кун бурун мен ҳақиқий фариштамни – онамни то қиёмат қадар  йўқотиб қўйдим…

ЯХШИ ХОЛА

 Кеч куз эди. Шом яқинлашиб қолганди. Ишдан чиқиб, қишлоққа  отлангандим. Аксига олгандай, йўлда автобус бузилиб қолди. Икки ярим соатлик масофани тўрт соатда босиб ўтдик. Манзилга хуфтон пайти етиб бордик.
Чойхона рўпарасидаги бекатда автобусдан тушгач, енгил тин олдим: бу ёғи икки қадам. Пойи пиёда, нари борса, ўн-ўн беш дақиқалик йўл.
Эндигина маҳалламиз сари бурилмоқчийдим, кимдир “Амаки!” деб чақиргандай бўлди. Ўгирилиб қарасам, тўққиз-ўн ёшлар чамасидаги қизалоқ ортимдан шошиб келаяпти. Ёнбошдан тушаётган чироқ нурида аниқ кўрдим: у қишлоқ қизларига монанд кийинган – бошида рўмол, эгнида камзул, оёғида калиш. Орқасига ташланган икки ўрим сочи жуссасига ярашиб турибди.
– Ассалому алайкум, амаки! – деди қизалоқ менга етиб олгач. – Сиз шу тарафга юрасиз-а? – У алигимни ҳам, жавобимни ҳам кутмай, илтимос қилди. – Сиз билан бирга кетсам, майлими?
Раъйини қайтаргим келмади. Қорачадан келган лўппи юзларига, ушоққина бўй-бастига бирров назар ташлаб, “Бемалол!” дедим.
Чойхонадан узоқлашиб, тош тўкилган кўчага қайрилгач, қизиқсиниб сўрадим:
– Исминг нима?
– Мавлуда.
– Кимнинг қизисан?
– Аҳмад чўтирнинг!
Қизалоқ отасининг исмини ҳам, лақабини ҳам ғурур билан биратўла қўшиб айтди. Кулгимни аранг босиб, “Ҳм!” деб қўя қолдим. Чунки Аҳмадни яхши танийман. Мендан анча ёш – укам тенги йигит. Гузаримиз муюлишида яшайди. Касби шофёрлик. “КАВЗ” русумли хусусий автобуси бор. Киракашлик қилиб, йўловчи ташийди. Феъли кенг. “Йўлҳақи фалон сўм!” деб бирон мартаям тихирлик қилмайди. Борди-ю, камхаржроқ бўлсангиз, сиздан олдин ўзи гап бошлаб, кўнглингизни кўтаради. “Ҳечам қимтинмай, бемалол тушаверинг. Бизгаям савоб керак!” деб, кулиб тураверади. Фақат битта камчилиги – ичкиликка сал суяги йўқроқ. Баъзан меъёридан ошириб юборади. Бир бошласа, қаторасига икки-уч кунлаб ичади. Бундай кезларда автобусини ҳовлисига қантариб қўяди-да, аламини хотинидан олади… “Чўтир” лақабини эса аллазамонлар армиядан ўнг юзида шапалоқдай чандиқ билан қайтганда орттирган. Аммо бошқа томонига ҳавас қилиш керак, турмушда омади чопган. Беш ўғилдан сўнг битта қиз кўрган. Манави қақажон ўша супрақоқдиси бўлса керак. Лекин қарийб йигирма йилдан буён қишлоққа меҳмондай келиб-кетганим боис уни яхши танимайман. Фақат тили бийронгина деб эшитганим бор.
– Хўш, Мавлудабону, ярим кечада ёлғиз ўзинг бу томонларда нима қилиб юрибсан? – Икки тарафдаги уйлар деразасидан ҳар ер-ҳар ерига ғира-шира нур тушиб турган кўчадан борарканмиз, эрмак учун қизалоқни яна саволга тутдим.
– Менми? – У, ўйлаганимдек, анча маҳмадона экан, лаби-лабига тегмай, бурро-бурро сўзлай кетди. – Бирга дарс тайёрлагани Салима ўртоғимникига боргандим. Кеч қопкетдим. Чойхонанинг олдигача келдиму, бу ёғига қўрқдим. Бирорта таниш одам ўтиб қолармикин деб, пойлаб турувдим, яхшиям, сиз кеп қолдингиз.
– Нима, қоронғида юришдан қўрқасанми? – дея унинг гапини бўлдим.
– Йўқ! – Қизалоқ кескин жавоб қайтарди. Айтсамми-айтмасамми дея иккилангандай бир зум жим қолгач, ростига кўчди. – Мен бўш юрган дайди итлардан қўрқаман. Яна маст одамлардан, бегоналардан…
– Мендан-чи? Мендан қўрқмайсанми? – Уни синаш учун атай таъкидладим. – Ахир, мен ҳам сенга бегонаман-ку.
– Нега? – Қизалоқнинг овози тун қаърида қўнғироқдек жаранглаб эшитилди. – Мен сизни яхши танийман.
 – Ростданми?..
– Бўмасам-чи! Сиз Тошкентда яшайсиз. Мухбир бўлиб ишлайсиз. Мақола ёзиб, газетада чиқарасиз.
– Э, қойил, зўрсан-ку! – Мулозаматни жойига қўярканман, ҳайратимни яшириб ўтирмадим. – Хўш, мен тўғримда шунча гапни қаердан биласан?
– Биламан-да! – У тағин ҳозиржавоблик кўрсатди. – Буларни менга Яхши холам айтганлар. Сизни роса мақтаганлар, – деди боягидан-да ўктамроқ овозда.  
– “Яхши холам?..” Ким у?
– И-е, нега унақа дейсиз, амаки? – Қизалоқ дафъатан юришдан тўхтади. – Яхши холам ўзийизди онайиз-ку!
– Йўғ-е, гапинг чинми?
– Ҳа, билмайсизми? – Чамамда, у менинг дунёбехабарлигимдан ҳафсаласи пир бўлиб, бўшашиб кетди. Шу асно худди катталардек қаттиқ хўрсиниб қўйди. – Сизларникига борганимда, – деди олға қадам ташларкан, алланечук маъюс оҳангда, – Яхши холам “Уйларингга обор!” деб, қўлимга доим анор, узум, анжир тутқазардилар. Гоҳида пақирга солиб, гоҳида этакка тугиб берардилар. Бозорга кетаётганларида кўчамиздан ўтардилар. Ҳар сафар кўринган болага нимадир улашардилар. Яна бир марта-чи…
Қизалоқ муҳим сирни ошкор этмоқчидек шоша-пиша орқа-олдига аланглади. Нимқоронғи кўчада ўзимиздан бошқа ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, яна тилга кирди.
– Яхши холам ўлмасидан сал олдин дадам тўйдан ичиб келди. Жанжал кўтариб, ҳаммамизни кўчага қувди. Аям қарғанганди, калтак еди. Аразлаб бувимникига кетиб қолди. Икки ҳафта ўтсаям, қайтмади. Кичкина акам икковимиз Яхши холамга йиғлаб бордик. Бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтиб бердик. Ундан кейин-чи… – Қизалоқ ширин энтикиб олгач, сўзида давом этди. – Эртаси эрталаб Яхши холам уйимизга келиб, дадамга роса гапирдилар. Ўзлари уришиб, ўзлари юпатдилар. Охири бувимникига бориб, аямни опкеп қўйдилар…
Шу ерга келганда қизалоқ негадир қувониш ўрнига хомуш тортди. Бир оздан кейин паст овозда қўшимча қилди:
– Бунақа воқеа олдинам икки марта бўлувди, Яхши холам ота-онамни яраштириб қўйувдилар… Шунинг учун акаларим ҳам, ота-онам ҳам – ҳаммамиз уни яхши кўрардик…
Қизалоқнинг кейинги гаплари қулоғимга кирмади. Кўз ўнгимда онам гавдаланди. У  бизга “Бир яхшига бир ёмон ҳар жойда бор, икки ёмон бир бўлса, кун қайда бор!” деган нақлни кўп эслатарди. “Мани йўриғимга юрсаларинг, эр-хотин сира жанжаллашманглар. Турмуш дарз кетмасин. Бир дарз кетса, бутлаш қийин!” дея, бот-бот уқтирарди. Энди, манави қизалоқнинг гапларидан билсам, онам тириклигида бу гапларни фақатгина бизга эмас, бошқаларга ҳам айтган экан-да. Уларни ҳам ўз фарзандидек кўриб, турмуши бузилиб кетмаслиги учун қайғурган экан-да…
Ажабо, хаёлимга шу фикр урилди-ю, қоронғи кўча бирданига ёришиб кетгандай бўлди. Негадир йиғлагим, аста энгашиб, қизалоқнинг сочларидан силагим, пешонасидан ўпиб, “Яхши холангнинг яхшиликларини унутмаганинг учун, онамнинг кимлигини менга яна бир карра эслатганинг учун раҳмат сенга, сингилжоним!” дегим келди…

ЖАР ЁҚАСИДА
 
Газета тўхтов билмас тегирмонга ўхшайди. Каттами-кичикми, яхшими-ёмонми – ҳар қандай “маҳсулот”ни кўрдим демайди. Бирортасиниям чиқитга чиқармай, аввал-охир ямлаб ютади. Шу боис журналистнинг умри югур-югур билан ўтади. Аниқроғи, уни қаламидан ҳам кўра кўпроқ оёғи боқади…
Ҳали уйланмагандим. Эндигина дорилфунунни битириб, вилоят газетасида мухбирлик қила бошлагандим. Ижарада яшаш жонимга текканидан ҳафта оёқламай қишлоққа чопардим.
Бир сафар, айни қиш чилласи, муҳим топшириқ олдим: кимсан, Пискент туманидаги бутун республикага машҳур хўжалик раиси номидан йил якунларига бағишланган мақола тайёрлашим зарур эди. Доимо ёшлардан нолиб юрадиган инжиқтабиат бўлим мудирим одатига содиқ қолди. Масаланинг моҳиятини ҳижжалаб, узоқ тушунтирди. Сўзига якун ясаркан, мени яна бир бор жиддий огоҳлантирди:
– Билиб қўй, бу аслида обкомнинг топшириғи. Сен учун келажагингни  белгилаб берадиган катта синов!
 Сўнгра елкамга қўлини қўйиб, дилкашлик билан қўшимча қилди:
 – Омадинг бор экан, оғайни. Бундай юксак ишончга ҳаммаям сазовор бўлавермайди…
Ўшанда “катта синов”дан қандай ўтганим, “юксак ишонч”ни нечоғли оқлаганим, рости, ҳали-ҳануз менга қоронғи. Фақат бошқа нарса – илк  хизмат сафарим баҳона онам раҳматлидан бутун умрга татигулик сабоқ олганим аниқ ёдимда.
…Қиш – деҳқон аҳли учун хотиржамлик фасли! Шунданми, раисни осонгина топдим. Номи донгдор бўлса-да, ўзи паст бўйли, жиккаккина, содда-самимий одам экан. Мени идорада илиқ қарши олди. Бақамти ўтириб, бафуржа суҳбатлашди. Гурунгимиз авжида “Далаларни айлансак-чи”, дея таклиф киритгандим, у дангалига кўчиб қўя қолди.
– Адашмасам, кўринишингиз-у гап-сўзингиздан деҳқон боласига ўхшайсиз, – деди бошимдан оёғимга қадар синчков разм солиб. – Демак, ҳозир далада тайинли иш бўлмаслигини яхши биласиз. Агар, йўқ демасангиз, мен сизга битта мўъжизани кўрсатай. Балки, маъқул топиб, шу ҳақдаям бирор нарса ёзарсиз. Юринг!
Раис розилигимни кутмай, ўрнидан қўзғалди. Даҳлизга чиққач, мени кўча тарафга эмас, тор ва нимқоронғи йўлак сари  йўл бошлади.
Бурчакдаги хилват эшик идора орқасида жойлашган чоғроққина ҳовлига очиларкан. Остона ҳатлаганимиз ҳамоно айнан бир хил кўринишдаги иккита узун бинога кўзим тушди. Улар темирдан тикланган бўлиб, деворлари ҳам, томлари ҳам ойнаванд эди. Бир қарашдаёқ англадим: иссиқхона хўжалиги! У пайтлар пахтакор туманларда бунақа иншоотни учратиш, ҳақиқатан ҳам, ўзига хос янгилик ҳисобланарди.
Ичкарига қадам босар-босмас, баҳри-дилим очилиб кетди. Негаки, ташқарида аёз забтига олган, ҳувиллаган боғ-роғларни, кимсасиз далаларни қалин қор босганди. Бу ерда эса кўклам нафаси уфурарди. Баравж помидор ниҳоллари-ю бодринглар, ям-яшил кўкатлар баҳорга интиқ кўзларни қувонтирарди.
– Теплица деганлари кони фойда экан. – Қулоғимга ҳамроҳимнинг оғир-вазмин товуши чалинди. – Ишга туширганимизга кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, ҳалитданоқ сарф-харажатимизни қоплаяпти. – У хаёлимдан кечган саволни уққандай, қайси экиндан қанча ҳосил олинаётганини, хўжаликка қандай фойда келтираётганини ёдаки сўзлай кетди.
 – Мана бу лимонларни кўраяпсизми?  – деди раис навбатдаги бўлмага ўтгач, тарвақайлаб ўсган пакана дарахтларга ишора қилиб. – Кўчатини Кавказдан келтирганмиз. Ҳосилини килолаб эмас, доналаб сотаяпмиз. Мўмайгина даромад олаяпмиз. Лекин гап фақат иқтисодда эмас. Муҳими, биз эл саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшаяпмиз. Бундай дейишимнинг сабаби, лимон – шифобахш мева. Айниқса, қон босимига даво!
– Ростданми?  – дедим  ишонқирамай. Чунки ўша кезлар азалдан дори ичишни хушламайдиган онам аҳён-аҳёнда “Бошим гарангсияпти. Ишқилиб, қон босимим ошмаганмикин?” дея зорланадиган бўлиб қолганди. Лимон юртимизда кам учрайдиган тансиқ мева бўлгани сабабли мен унинг дориворлик хусусиятларидан бехабар эдим. Ҳозир раиснинг гапини эшитиб, ҳайратимни яширолмадим.
– Яхши айтдингиз, – дедим кўм-кўк барглар орасида олтиндай товланиб турган лимонларга ўзгача нигоҳ билан боқиб. – Бундан кейин онамга тез-тез лимон олиб борсам бўларкан…
Айтилган сўз – отилган ўқ!  Носинашта одам олдида ўйламай-нетмай дилимдагини тилимга чиқариб, хато қилган эканман. Буни кечқурун – сафарим қариб, қишлоққа қайтар маҳалим билдим.
Мени хўжаликдан туман марказигача раиснинг ёшгина шофёри кузатиб қўядиган бўлди. У шалдир-шулдир, шинаванда йигит чиқиб қолди. Йўл бўйи зериктирмади. Шоҳбекатда эски қадрдонлардек қуюқ хайрлашди. Бироқ “Икарус”га ўтириб, нафасимни ростлашга улгурмасимдан яна қаршимда пайдо бўлди.
– Узр, ака! – деди қўлидаги аллақандай қоғоз халтани бўйи баравар баланд кўтариб. – Манавини раис бова сизга бериб юборишимни тайинловди. Сал бўмаса, унутаёзибман.
– Нима бу? – ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Э, шунчаки арзимаган нарса! – Шофёр қоғоз халтани ёнимдаги бўш ўриндиққа қўйиб, бепарволарча қўл силтади. – Аммо-лекин омасангиз бўмайди, мен раис бовадан нақ балога қоламан. – Шу пайт автобус мотори ўт олганини сезиб, гапни қисқа қилди. – Хўп, соғ бўлинг, яхши етиб олинг, ака!
У жўнаш майдончасидан орқага тисарила бошлаган автобусдан енгилгина пастга сакради. Мен ҳай-ҳайлаганимча қолавердим. Зум ўтмай нохуш хаёлга толдим: “Раис нега бундай қилдийкин? Ёки у мени…”
Қўққисдан миямга урилган нохуш фикрдан этим сесканиб кетди. Бир ниятим, “совға”ни деразадан ирғитмоқчи бўлдим. Шу асно, барибир, қизиқишим устун келди. “Қани, кўрайин-чи, ичида нима бор экан ўзи?” деган ўйда қоғоз халтани қўлга олдим.  Оғзини очсам, лимон! Роппа-роса саккиз дона. Ҳар қайсиси курканинг тухумидай катта-катта. Ҳаммаси зўр пишган – сап-сариқ.
Тушундим: демак, раис эрталаб лимонхонада айтган гапимни эсидан чиқармаган. Манави тансиқ меваларни онамга атаб бериб юборган. Беихтиёр унинг зийраклигига тан бердим. Бояги аҳдимдан қайтиб, қоғоз халтани дипломатимга солиб қўйдим.
Уйга қишлоқнинг олди бир уйқуни урганда кириб бордим. Бедор онам мени ҳар доимгидек бағрига босиб, пешонамдан ўпиб кўришди. Кийимларимни алмаштиргунимча дастурхон ёзиб, овқат келтирди. Нон ушатаётганимда, ҳалиги “совға” эсимга тушди.
– Бу сизга! – Лимон солинган қоғоз халтани дипломатдан чиқариб, тантанавор равишда онамга узатдим.
– Ў-ў, болам-а, овора бўп нималар кўтариб юрибсан? – У хонтахта ёнига чўкаркан, мени койиган бўлди.
– Очсангиз, кўрасиз. Аммо битта шарти бор – ҳаммага улашмайсиз. Фақат ўзингиз ейсиз, хўпми?  
– Хўп! – Онам мулойим кулимсираб, узун енгларини шимарди. “Бисмилло” деб, қоғоз халтани тиззасига олди. Авайлаб очди-ю, хира тортган кўзлари қувончдан порлаб кетди. – Вой, лимон-ку! – деди ёш боладек хурсанд бўлиб. Бир донасини бармоқлари учида кўз олдига тутди. Айлантириб томоша қиларкан, шукрона келтирди. – Худонинг қудратидан ўргилай, не-не неъматлари бор-а. Тағин қишнинг қоқ ўртасида пишса-я. – Лимонни жойига солиб қўйгач, менга юзланди. – Онамга деб илинганинг учун раҳмат, умрингдан барака топ, ўғлим! Лекин-чи, кўп опкелишинг шарт эмас. Менга бир-икки донасиям етади. Ахир, сен кавартирда яшайсан. Ҳафта-ўн кунда қишлоққа бир кеп кетасан. Бунақада ойлигинг…
– Сиз у ёғидан хавотирланманг. – Онам нима демоқчилигини олдиндан илғаб, сўзини бўлдим. – Лимонларни ўз пулимга олганим йўқ. Улар текинга келган.
– Текинга?!. – Онам ҳеч нарсани тушунмай, кўзларимга термулди. – Қандай қилиб?
Начора, кўнглини хотиржам қилиш учун бўлган воқеани батафсил сўзлаб бердим. Гапимни тинглаб, онам негадир бўшашиб кетди. Серажин юзидан қувонч сўнди.
– Шунақа  дегин… – У асабийлашган кўйи титроқ қўллари билан дастурхон четини дам қайириб, дам текислай бошлади. Бир оздан сўнг оҳиста пичирлади. – Унда, хафа бўмагин-у, мен буларни емайман.
– Нега? – Чайнаган ноним томоғимдан зўр-баъзўр ўтди.
– Пулини ҳеч бўмаса шопирдан бериб юбормабсан-да.
Онам ночор аҳволга тушиб қолган одамдай, эшик томон мунғайиб боқди. Унинг гап оҳангида бу сафар койишдан кўра ачиниш ҳисси устунроқ эди. Мен айбимни оқлашга уриндим:
– Ҳа, энди, нима қилай, сира иложини тополмадим.
Барибир эплолмадим, баҳонам ўринсиз чиқди. Онам баттарроқ хомуш тортди. Унинг ҳаммасига ўзи гуноҳкордек бир бурдагина бўлиб ўтиришини кўриб, хаёлини чалғитишга ҳаракат қилдим.
 – Оббо, шунга шунчами, опа? Бор-йўғи саккизта лимон билан колхоз камбағаллашиб қолармиди?
– Калхоз-ку, камбағаллашиб қомайди. Аммо кўпчиликди ҳақига хиёнат ёмон бўлади. Иккинчи бунақа қимагин. – Онам беихтиёр уф тортиб, чуқур хўрсинди. – Ахир, ўзинг биласан, кўп айтганман-ку, текин таом томоқ ёради. Ўғрилик игнадан бошланади. Буни ҳеч қачон эсингдан чиқарма.
У бошқа сўз қотмади. Мендан аразлагандай юзини четга бурди. Қоғоз халтани дераза токчасига қўйди-да, овқатдан бўшаган косани кўтариб, ошхонага чиқиб кетди…

* * *

Келаси жума бир дўстимиз уйланди. Эл қатори унинг тўйида қатнашдим. Қишлоққа эртаси тушга яқин етиб бордим. Онамнинг хонасига кирдиму, токчада турган таниш қоғоз халтани кўрдим. Қандай бўлса, шундайлигича чанг босиб ётибди. Лимонлардан бирортаси айниб, суви оққан шекилли, бир чети нам тортиб, сал қорайиб қолибди. Ич-ичимдан зил кетиб, пойгакда куймаланаётган онамга қарадим:
– Буларга ақалли қўл ҳам тегизмабсиз-ку…
– Қўй, болам, аччиқланма. – У қаддини ростлаб, синиқ жилмайди. – Кўнглим тортмади. Сабабини олдин айтувдим, чоғи.
Мен зардали тўнғилладим:
– Бекорга ачитиб қўйгандан кўра болаларга берворсангиз ҳам бўларди-ку.
– Нима? Нима дединг? – Тўсатдан онамнинг жаҳли чиқиб кетди. Кўзлари катта-катта очилиб, қошлари бир кўтарилиб тушди. – Энди бир камим ўзим ҳазар қилиб емаган нарсани невараларимга раво кўришим қолувдими? Ёки сизларга бирор марта ҳаром едирганимни  кўрувдингми?
Сўнгги жумлани айтаётганида унинг лаблари титраб, киприклари пирпираб  кетди. Мен қандай жавоб қайтараримни билмай, талмовсираб қолдим.
– У ҳолда, – дедим ноилож онамга ён босгандай бўлиб, –  буларни  ҳозироқ чиқариб ташлайман.
– Билганингни қи!
Онам “Санга насиҳат ҳайф!” дегандай кескин бош силкиди. Ғудранганча тўрга ўтириб, кўрпача қавишга тутинди.
Мен қоғоз халтани кўтариб, ташқарига чиқдим. Ҳовлимиздан сал наридаги жар бошига бордим-да, уни бор кучим билан пастда мавжланиб оқаётган дарёга улоқтирдим. Қоғози йиртилиб, ҳавога сочилган лимонлар бирин-сирин сув устига тушди-ю, қалқий-қалқий оқиб кетди.
Афтидан, хаёлга берилиб, анча ҳаяллаб қолган эканман. Бир маҳал ортимдан қорнинг ғижирлаши эшитилди. Ўгирилиб қарасам, ўн-ўн беш қадам нарида онам турибди. Юз-кўзида бояги гина-кудуратдан асар ҳам йўқ. Боқишлари ўша-ўша – меҳрибон-мулойим. Лабларида нимтабассум…
– Энди уйга кир, ҳаво совуқ, тағин шамоллаб қома, болам! – У шундай дея ҳовли томон бурилди.
…Мен онамга эргашиб, жар бошидан узоқлашдим.

БИРОВНИНГ ҲАҚИ

Бу ҳол муттасил ҳар йили такрорланади. Ҳамма ёзда дам олса, мен авжи кузда меҳнат таътилига чиқаман. Бошқаларга ўхшаб, сайру саёҳат қилиш қайда, дейсиз?.. Қишлоққа бораман. Оз эмас-кўп эмас, роппа-роса тўрт ҳафта бобокасбимни қиламан: анор боғлаб, анор кўмаман.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда мезон ойининг охирги жумаси эди. Ҳар қалай, отам катта мачитга кетганди. Тўнғич акам иккимиз томорқада ишлаётгандик. Куз кунлари бир тутамлигидан, илиқ дамлар ғаниматлигидан ниҳоятда шошилаётгандик.
Тушга яқин ҳаво исиб кетди. Томоқни бирров ҳўллаб олмасак бўлмайди. Чой келтириш ниятида ҳовли томон юрдим. Ошхонага кираётиб, онам олди ойнаванд айвонимизда ким биландир қуюқ суҳбатлашаётганини сездим. Деразага парда тутилгани боис меҳмоннинг ўзини кўрмадим. Аммо овозидан дарҳол  танидим: почтачи йигит!
Унинг исми Даврон. Ёши акамникидан каттароқ, мендан беш-олти кўйлакни ортиқ йиртган. Бўйи пакана. Қўл-оёқлари калтабақай. Жуссаси ғўлабирдай – хўппа семиз. Афт-ангори сап-сариқ. Кўзлари мовий, қошлари қалин-ўсиқ. Сочу киприклари қизғиштоб. Боши тепакал. Юришлари ажабтовур: бамисоли ғилдираб кетаётган бочкага га ўхшайди. Бир нарсадан қуруқ қолаётгандек пилдираб қадам ташлайди. Гап-сўзлари ўта мулойим, ўта нозик. Лекин ўзига анча-мунча пишиқ. Ҳуда-беҳуда жон койитмайди. Кимдан ҳайиқса, ўшанинг газета-журналини вақтида элтиб беради. Бошқаларникини эса, уч-тўрт кунлигини битта қилиб, болаларданми, қўни-қўшниларданми, йўл-йўлакай бериб юборади.
У баъзан хуфиёна иш кўради. “Ортиқча юк”ни ими-жимида гузардаги қассоблару пистафуруш аёлларга оширади. Эвазига минг бор таъна-дашном эшитса ҳам, пинак бузмайди. “Йўргакда теккан эски касали”дан воз кечмайди. Фақат нафақа пулларинигина ҳеч кимга ишонмайди. Иссиқ-совуқ, қор-ёмғир демайди. Шалоғи чиққан велосипедида уйма-уй юриб, ўзи тарқатади. Бекорга эмас, албатта. Битта сири бор: одамига қараб, бировдан озроқ, бировдан кўпроқ пул уриб қолади. Гўёки ҳожатбарорлиги учун “арзимас хизмат ҳақи” олади.
Албатта, буни ҳамма билади, ҳамма гапиради. Бироқ юзига айтмайди. Мусулмончиликка  бориб, истиҳола қилади. Почтачи эса мана шу ўзбекона андишанинг отини қўрқоқ деб тушунади.
 Эҳтимол, шунданми, мен уни унчалик хушламайман. Тамагирлигини ҳечам ҳазм қилолмайман. Онам бўлса, аксинча, мудом унинг иззатини жойига қўяди. Айниқса, пенсия пулини келтирганда ийиб кетади. Айланиб-ўргилиб сўрашади. “Давронбой”, “Давронбой”лаб тўрга ўтқазади. Чой дамлаб, дастурхон ёзади. Бизга айтмаган дардини, мингйиллик сирдошидек, унга айтади.
Ишонмасангиз, ана, қулоқ солинг: ҳозир ҳам икковлон дунёнинг бор ташвишларини унутиб, қизғин гурунглашаяпти…
Йўқ, тўхтанг, адашдим чоғи, аслида почтачи соддагина онамни ҳар галгидек бемалол лақиллатаяпти. Нафақа пулини бериш баҳона ундан қуртдеккина қилиб, “хизмат ҳақи” ундираяпти:
–  Буниси сизники. Униси чолингизники. Жами – олти минг беш юз. Мен хизмат ҳақимга икковингиздан бор-йўғи тўрт юз сўмгина  обқолдим. Розимисиз, хола?  
Ортидан онамнинг сокин-хотиржам овози эшитилди:
– Майли, розиман, Давронбой, розиман. Ҳалолинг  бўсин. Ие, шошма, ма, манави юз сўмниям қўшиб олақол… Ҳа, барака топ, илоё, мани ёшимга етиб  юр!..
Демак, тушунарли: почтачининг навбатдаги “бизнес-савдо”си пишди. Кўз очиб-юмгунча нақд беш юз сўм текин пул ҳамёнига тушди.
Куппа-кундузги кишибилмас бу қароқчиликка бефарқ қаролмадим. Онам айтмоқчи, “честний мухбир”лигимга бордим.
– Ассалому алайкум, ҳорманг, Даврон ака! – дедим эшикни шартта очиб, айвонга қия мўраларканман. – Хуш кепсиз!
Почтачи онамдан олган “ширинкамо”сини эндигина кўкрак чўнтагига солаётган экан, бехос бош суққанимни кўриб, каловланиб қолди.
– Ие-ие, – деди шоша-пиша оёққа қалқиб. – Бу-у… сен шу ердамидинг, укажон?..  Мен билмабман, қачон келдинг?
Мендан олдин онам ҳозиржавоблик қилди.
– Бир ҳафта бўлди. Отпускага чиққан. Агаратда ишлаяпти, – деди мамнуният  билан.
– А-а, шунақами?.. – Почтачи жойига чўкаркан, ҳамон эсанкираганича онамга ўгирилди. – Бу ўзи-и… сизларда анор жа сероб-да, хола. Эринмай санаса, шу би-ир тўрт юз туп чиқар-ов?!.. – деди довдираб.
–Э, йўқ, унча кўп эмас. Катта-кичиги аралаш уч юзу олтмиш бешта!  – Онам унинг тахминига аниқлик киритди. Этагидаги пулларни шошмай кўрпача қатига қистиргач, почтачига батафсил “ҳисобот” беришга киришди. – Бари бир хил. Тўлка туятиш сўртидан. Олди ўттиз-ўттиз икки йиллик. Орасида қайнотам раҳматли экканлари, тириклигида бутун қишлоқди онахонига айланган қайнонамди қўли текканлари ҳам талайгина.
Гап шу ерга келганда мен норози оҳангда томоқ қирдим. Негаки, онамнинг феъл-атвори маълум. У, хоҳ таниш-хоҳ нотаниш бўлсин, барчани бирдек кўнглига яқин олаверади. Биров сўраса-сўрамаса, дилида борини тўкиб солаверади. Бу кимгадир ёқади, кимгадир йўқ. Шу боис бундай кезларда мен ўзимча ҳушёрлик кўрсатаман. Мавридини топиб, гап оқовасини бошқа ўзанга буриб юбориш пайида бўламан. Ҳозир ҳам шундоқ қилмоқчи эдиму, уддасидан чиқолмадим. Онам безовталанаётганимга, асабийлашганча остонага ўтириб олганимга парво ҳам қилмай, “ҳисобот нутқи”ни давом эттирди.
– Энди, бировдан яширадиган жойи йўқ, Давронбой, бизди рўзғорди кам-кўсти шу анорлар билан, – деди салмоқлаб. – Ман санга айтсам, анор жаннатдан чиққан дарахт. Меваси – беғубор, минг бир дардга даво неъмат. Қанча ема, меъдангга урмайди. Руҳингни тетиклаштиради. Даромадиям дуруст. – Онам мамнун жилмайиб, енгларини шимарди. Сочиққа ўралган чойнакдан чой қуйиб, почтачига узатди. – Фақат меҳнати сал оғирроқ. Куз пайти боғлаб кўмишда, кўклам чоғи очиб, тиклашда одамни тоза қийнайди. Отаси билан тўрт ака-ука ойлаб тиним билмайди. Келинлариму мани қўлим қиш бўйи анор сотишдан бўшамайди. Қариб, ҳосилдан қолганларини кўчириб ташлайлик, десак, кўзимиз қиймайди. Уволидан қўрқамиз, Давронбой, уволидан.
Онам оилавий ҳаётимизга доир “ахборот”ини якунлар-якунламас, мен томон бош бурди-ю, гапи оғзида чала қолди.
– Ҳа, болам, – деди-да, тўсатдан танбеҳ берди. – Бу нима қилиқ? Нега кофирга ўхшаб бўсағада ўтирибсан? Ёки остонани босиб туриш бехосият эканини билмайсанми?.. Қани, ўрнингдан тур, бундоқ ичкарига кириб, Давронбой аканг билан одамга ўхшаб кўриш!
Айтганини қилдим. Бироқ чангга ботган этигимни ечишга эриндим. Пойгакда турибоқ, почтачига қўл чўздим. Унинг кулчадек думалоқ-иссиқ кафтларини маҳкам сиқаётиб, этдор бармоқлари билинар-билинмас титраётганини сездим.
– Қани, ке, сўрига чиқ, укажон. – Почтачи ўнғайсизланиб, менга ёлғон манзират қила бошлади. Аввалги жойидан сал юқорига ўтираётиб, беихтиёр чўнтагини ушлаб қўйди. – Ишқилиб, ўзинг омонмисан, укажон? Ўйнаб-кулиб, бардам-бақувватгина юрибсанми?  Бу, ўзи ишларинг қалай?
Очиғи, унинг икки гапининг бирида “укажон-укажон”лаб ялтоқланиши, устига устак, нуқул “бу-бу” дея талмовсираши ғашимга тегди. Жиним қўзиб, қитмирлигим тутди.
– Чатоқ! – дедим туйқусдан томдан  тараша тушгандай қилиб. – Анчадан бери янги иш излаяпман.
– Йўғ-е, наҳотки? – У ўзи сезмаган ҳолда иккинчи бор чўнтагини пайпаслади. – Бу-у… ростданми?
 – Рост! – дея онамга яширинча кўз қиримни ташладим. У деразани очиш билан банд бўлиб, ёлғонимга эътибор бермаётганидан фойдаланиб, почтачига росманасига пичинг отдим. – Мабодо, почтангизда бўш ўрин йўқми? Бўлса, айтинг, амаллаб жойлашиб олардим.
– Вой, нималар деяпсан, укажон? – Даврон ака астойдил таажжубланди. – Бу-у… сани соҳанг бошқа, бизники бошқа бўса…
– Нима қипти, тирикчиликнинг айби борми? – Темирни иссиғида босиш учун боягидан баттар тўнғилладим. Эшик кесакисига суянаётиб, тағин тилимга эрк бердим. – Ахир, қишлоғимиз худди шаҳардай. Ким кўп – пенсионер кўп. Ҳар пул тарқатганимда истаганимча “чойчақа” ишласам, яна ойлик олиб турсам, ёмонми? Қайтага яхшимасми, бир ўқ билан икки қуённи ураман-ку!
 Почтачи коса тагидаги нимкосани англаб етди шекилли, аввалгидан-да баттарроқ гарангсиб, мовий кўзларини мендан олиб қочди. Қизғиштоб киприклари тез-тез пирпираб, қизларникидек лўппи юзлари дув қизарди. Ногоҳ қўлга тушган ўғри мушук сингари дам менга, дам жойига келиб ўтирган онамга олазарак боқди. Сўнгра қалтироқ бармоқлари билан чўнтагини кавлади. Бояги пулни чиқариб, дастурхон четига қўйди. Ўртага ноқулай жимлик чўкди. Онам нима гаплигини тушуниб етдими, менинг қўрслигимдан мулзам тортгандай, лабларини қимтиди. “Хаҳ, нодон-а!” дегандай, оппоқ сочли бошини сарак-сарак қилди.
– Кечирасан, укажон. – Сукунатни почтачининг палағда товуши бузди. – Буни опангди ўзлари кўнгилдан чиқариб берувдилар. Мен сазалари ўлмасин, кексаларники таваррук бўлади, деб олувдим. – У пулни оҳиста олдидан нари сурди. Нигоҳини ердан узиб, қалдирғоч баҳорда ин қурган шифтга қадади. – Майли, хола, – деди сўнгра  онамга мўлтираб, – энди мен борай. Ҳали тарқатадиган пулларим анчагина. Бу ўтиришимда эгалари маҳтал бўлиб қолишмасин.
Почтачи шундай дея шоша-пиша оёққа қалқди. Телевизор устидаги алмисоқдан қолган эски сумкасини чаққон елкасига илди. Онамнинг “Ҳой, андак тўхта, Давронбой!” дея жаврашларига қулоқ ҳам солмади. Туфлисини апил-тапил кийди-ю, ёвдан қочгандай ташқарига отилди. Мен индамадим. Лоақал “Хайр” ҳам демадим.
Почтачининг шарпаси кўздан йўқолар-йўқолмас, онам менга заҳрини сочди.
– Бу нима қилиқ? Бу қанақа жиннилик?  – деди кўзларимга қаттиқ тикилиб. – Ҳеч жаҳонда мезбон деганиям шунчалар қўпол бўладими? Меҳмонни иззатлаш ўрнига шарманда қилиб жўнатадими? – Унинг қошлари чимирилиб, овози изтиробли титраб кетди. – Ёмоннинг кучи япалоққа етиши рост экан-да, а? Пулни берган ман бўсам, санга нима?
Онам бу қадар аччиқланади, деб ўйламовдим. Қилмишимдан ичимда афсусландим. Аммо сўнгги пушаймонда не фойда? Шуни эслаб, отдан тушсам-да, эгардан тушгим келмади.
– Қўйсангиз-чи, опа, – дедим хижолат аралаш иягимни  қашиб. – Нима қиласиз ҳадеб ўшанинг тарафини олиб? Биринчидан, у меҳмон эмас, “кунда – шунда”, иккинчидан, пулни сиз берганингиз йўқ. Олдин ўзи олиб, кейин сизга айтди. Ҳаммасини ташқаридан эшитиб турувдим.
– Оҳо, зўр-ку! Ҳали ёмон хотиндай гап пойлайдиган одатим ҳам бор дегин. – Онам дастурхонни йиғиштириб, токчага обориб қўяркан, кинояли ўсмоқчилади. – Бехабар эканман, яхши айтдинг. – Кейин муддаога ўтди. – Хўш, эшитган бўсанг, нима бўпти, осмон узилиб ерга тушибдими? Бечора, барибир, мани розилигимни сўради-ку. Шўрликкинани нега уялтирасан? Келиб-келиб, райсабисди одамига туҳмат қилгани Худодан қўрқмайсанми?
Аслида-ку, почтачи ўзига тўқ одам. Уй-жойи бинойидеккина. Болалари удли-шудли. Вояга етганлари топармон-тутармон. Оиласи ўзгаларникидан тўкин-тўкисроқ яшаса яшайдики, ёмон эмас. Онам шуни билатуриб, уни бир жиҳатдан нотавон-бечораҳолга чиқариб қўйгани, иккинчи жиҳатдан “райсабиснинг одами” деб улуғлагани менга эриш туюлди. Ўзимни босолмай, кулиб юбордим.  
–  Тавба, – дедим бурнимни жийириб, – у қанақасига шўрлик, қанақасига райсобеснинг одами бўлсин. Қип-қизил муттаҳам, қип-қизил юлғич-ку.
– Пешдаҳанлик қима! – Онамнинг бирдан важоҳати ўзгариб, зарда билан қўл силтади. – Ёки сан ўзингча мани ҳеч балога фаҳми етмайдиган оми кампир ҳисоблаяпсанми? Шунақами? Унда билиб қўй, манам тўртинчи синфди битирганман. Хат-саводим жа саникичалик бўмасаям, худога шукур, эс-ҳушим жойида. Оқу қорани яхши ажратаман.
У сўнгги сўзларини худди дугонаси билан баҳслашаётган ёш қизалоқдек қизишиб айтди. Басма-басига фикрини исботлашга киришди.
 – Бизга пенсияни райсабис белгилаб, пул тарқатишни Давронбойга ишониб топширганми, ахир? Шундай экан, у райсабисди одами бўлмай, ким  бўлади?
Онам ўз наздида мени мот қилгач, почтачи олмай кетган юзталикларга ишора қилди.
– Мана шу зормандага, – деди шаҳодат бармоғини ниқтаб, – нари борса, икки қадоқ гўшт келади. Бу билан Давронбой бойиб кетиб, бошқалар оч қолмайди.  Парвардигоримди даргойи кенг, қимирлаган жон ризқини териб ейверади.
– Ҳа, ўлманг, яшанг! – дедим мен фурсатни бой бермай. – Ҳамма гап ана шу насибани ким қандай топишида. Агар Давронбойингиз икки юз-уч юз пенсионернинг ҳар биридан ўртача икки юз сўмдан шилиб қолса, ойига, ўлдим деганда, олтмиш минг ишлайди. Бунча пулни уззукун даладан бери келмайдиган деҳқон бир мавсумда ҳам тополмайди.
– Э, қўй, қайси гўрдаги хомаки ҳисоб-китобларингни. Қозилик санга қоптими? – Онам тайин ҳақиқатни атай тан олмасликка уринди. Совиб қолган чойни ҳўпларкан, почтачини оқлашга қайта зўр берди. – Давронбой оддий почтачи бўсаям, ориятли йигит. Ҳаммагаям ҳадди сиғиб, бунақа эркалик қилавермайди, тушундингми? Ҳар чол-кампирлар борки, бир сўмди устида тикка туради. Пенсияси-ку, ўз йўлига, ердан пул топиб осаям, етти санаб, бир тугади.
– Ана, бўпти-да, – дедим бирданига жонланиб, – улар ҳақ-ҳуқуқларини яхши билишади. Сариқ чақасиниям бировга бекордан-бекор раво кўришмайди. Сиз эса, тескарисини қиласиз. Дуч келганга ачиниб, ҳотамтойлик кўрсатасиз. Қўйиб берса, оғзингиздаги ошингизни ҳам қўшқўллаб тутқазасиз. Кошки, шунга яраша раҳмат эшитсангиз. Масалан, мана шу почтачиям, – дедим алоҳида таъкидлаб, – пулингизни олгунча атрофингизда гирдикапалак бўлади. Вақти келганда, барча яхшилигингизни унутади.
– Унутмайди! – Онам сўзимни кескин рад этди. Шу заҳотиёқ яна такрорлади. – Иймонли одам яхшиликни ҳеч қачон унутмайди. – Шундай деди-ю, қўққисдан ҳовуридан тушиб, бир нуқтага тикилиб қолди. – Унутса, – деди анчадан сўнг бошини хиёл кўтариб, ҳорғин-шикаста овозда, – тепада ҳаммасини кўриб-билиб турувчи Худо бор. Ношукур бандасининг жазосини ўзи беради. Бировди ҳақи бировга юқмайди. Бу дунёни тошу тарозили дунё дейдилар.
Мен бу сафар гап қайтармадим. Айвондан секингина сирғалиб чиқдиму, анорзорга кириб кетдим…

* * *

Аёллар байрами арафаси эди. Онамнинг қирқини ўтказишга ҳозирлик кўраётгандик.
Пешин маҳали кутилмаганда ҳовлимизга Даврон ака кириб келди. Бирпас ўчоқ кавлашга, ўтин ёришга кўмаклашган бўлди. Лекин негадир кайфияти бузуқ, қовоғи солиқ эди. Ўқтин-ўқтин менга зимдан қараб-қараб қўярди. Бу бежиз эмас экан. Пайт пойлаб, мени четга имлади. “Бирор дарди бордир-да”,  деган ўйда орқасидан эргашдим.
У омборхонамиз ёнбошидаги пичан ғарами олдига яқинлашганда юришдан тўхтади. Теварак-атрофга безовта аланглаб, гапимизни эшитадиган одам йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, елкамга қўлини қўйди.
– Ўксима, ука, – деди арқонни узун ташлаб. – Холам раҳматли жаннати аёл эдилар. Уларни мен ҳам қаттиқ ҳурмат қилардим. Ишқилиб, худо раҳматига оган бўсин. – Кейин қўйнидан газетага ўроғлик алланимани чиқариб, менга узатди. – Мана, – деди алланечук энтикиб, – малол келмаса,  шу омонатти олиб қўйсанг…
– Нима бу?  – Қизиқиб, газета ўрамини қўлга олдим. Очиб қарасам, бир даста пул. Нуқул йигирма бешталик. Кўнглим алланечук бўшашиб, мужгонларимга ёш  илашди.
– Ҳимматингиз учун раҳмат, Даврон ака, – дедим чин дилдан миннатдорчилик билдириб. – Фақат беҳуда овора бўпсиз. Худога шукур, тўрт ака-укамиз, пулга муҳтожлигимиз йўқ. Ҳамма нарса етарли. – Шундай дея, пулни қайтариб, Даврон акани  ҳовли томон ундадим.  – Сиз, яхшиси, отамнинг олдига кириб, чой ичиб ўтиринг. Иш бўлса, ёш-яланглардан ортмас.
Гапимни тугатиб, йўл бошламоқчи эдим, у енгимдан тутамлади.  
–  Шошма, ука, – деди қўлимни  қўйиб юбормай, – мен бу пулни сенга ёрдам тариқасида бераётганим йўқ. Холамдан олган қарзларимни қайтараяпман, холос.
– Қарз?.. Нима, опамга берасингиз бормиди?
– Ҳа! Фақат… – Даврон ака айбига  иқрорлик келтиргандай, назарини мендан олиб қочди. Шу он кулча юзларига ҳу бирдагидек  қизиллик югурди. – Очиғини  айтайми? – У ўйчан алфозда оёғи остидаги нам кесакни туфлисининг учи билан эзғилай бошлади – Бу пулларни қачон, қандай олганимни холамди ўзлариям билмасди. Чунки мен қачон пенсия пулларини келтирсам, майдасини икки баравар камайтириб айтардим. Опанг, кўзлари яхши ўтмаганиданми ёки мени уялтирмаслик учунми, ведомостга қарамай, имзо чекарди. Қолган майдасини ҳам менга берарди. Камига “Соғ бўл, бола-чақангди орзу-ҳавасини кўр!” деб, узундан-узоқ дуо қиларди…
Даврон ака бўғзига нимадир тиқилгандай дудуқланиб қолди. Чуқур ютиниб, нафасини ростлагач, сўзида давом этди:
 – Энди-энди билсам, ўша пайтлар ғирт аҳмоқлик қилган эканман. Ўз туққан онамдай муштипар аёлни салкам ўн беш йил муттасил алдаб келган эканман. Мана, оқибати: холам қазо қилибдиларки, шу ҳақда ўйлайман. Ўйлаганим сайин ўзимдан ўзим нафратланиб кетаман. Кўпинча тушларимга кириб чиқадилар. Лекин…
У оғир хўрсинди. Аста бошини кўтариб, кўзларимга илтижоли термулди:
– Кўнглингга гумон келмасин, бу ҳалол пешона терим. Тунов куни ойлик олувдим. Илтимос, раъйимни  қайтарма… Зора, шунда кўнглим бир оз таскин топса…
…Таажжуб, менга нима бўлди ўзи? Аввал бошим ғувиллаб, кейин қулоқларим том битдимикин ёки тескариси рўй бердимикин? Билмадим, қандай бўлгандаям, айни чоғ ақлим ўзимда эмасди. Рўпарамда Даврон ака ҳануз куйиб-пишиб гапирар, қўлимга пулни тутқазишга уринар, аммо унинг иддаолари қулоғимга кирмас, тилим калимага келмасди. Тош қотганча онамни ўйлардим. Хаёлан унинг атиги тўрт ой бурун айтганларини такрорлардим: “Тепада ҳаммасини кўриб-билиб турувчи Худо бор. Нобакор бандасининг жазосини ўзи беради. Бировди ҳақи бировда қолиб кетмайди…”
Эс-ҳушимни йиғиб олганимда, қаршимда Даврон ака йўқ эди. У сал нарида бошини эгганича орқа-олдига қарамай, пилдираб кетиб борар, самода қуёш кулиб боқар, қибла тарафдан майин шамол эсар, оёқларим остида эса бир даста пул  сочилиб ётарди…

МАРМАРТОШ

– У-у-ув, ҳамсоямди шарлик бачаси, келаяпсанми?.. Унда андак тўхта! Cандан би-и-иттагина илтимосим бор: сан шу-у… мани Қаюмжонимди газитингга би-ир уриб чиққин, хўпми?..
Ҳар сафар шундай бўлади. Маҳалламиз сари бурилсам, қадамим ўз-ўзидан секинлашади. Манов кулбага яқинлашсам, кўнглим бузилади. Анов кампирга кўзим тушса, дилим эзилади. Аммо иложим қанча – кўчамизнинг боши берк. Уйимиз эса унинг адоғида – ўтиш учун бошқа йўл йўқ!..
Атиги икки хонали бу кулба мен туғилмасимдан олдин қурилган. Тўрт пахсали, саккиз болорли қилиб кўтарилган. Ёнида ошхонаси, олдида чоғроққина бостирмаси бор. Ҳовлисида қачонлардир карнай-сурнайлар чалинган – қўша-қўша тўйлар бўлган. Гўшангасида келин-куёвлар қовушган. Бешигида чақалоқлар ингаси янграган. Болалар кулгиси оламни тутган. Сирасини айтганда, ҳаёт қайнаган. Энди эса…
Ҳай-ҳай, орадан шунча йиллар ўтиб кетдими-а? Файзли бир хонадон кўз ўнгимда шунчалар заволга юз тутдими-а?.. Сира-сира ишонгим келмайди. Айни чоғда, бор ҳақиқатни инкор этиб ҳам бўлмайди. Ана, бешафқат тақдир ҳукмини кўринг, ортга қайтмас дамлар заҳмига ўзингиз холис баҳо беринг: ҳовли ивирсиб-тўзиган. Саҳнини ўт-ўлан босган, хазон қоплаган. Кулба эскириб, путурдан кетган. Қамишлари очилиб, устун ва харилари тоб ташлаган. Деворлари шўрлаб, нурай бошлаган. Даричалари яқин орада бўёқ кўрмаган. Ойналари хира тортган.
Пештоқдаги анави – йўғонлиги билакдай, узунлиги икки қулоч келадиган хода ҳам менга азалдан таниш. У аллапайтлар симёғоч вазифасини ўтаган. Эндиликда обдон чириган. Учи ерга қараб, тескари осилиб қолган. Аранг илиниб тургани боис салгина шамолга ҳам дош беролмайди. Ҳар тебранганида аянчли инграётгандай туюлади. Асабимни эговлаб, кўнглимга ғашлик солади.
Даҳшатлиси кейин рўй беради. Бир тавақаси қийшиқ тахта дарвоза оғир ғижирлаб очилади-ю, бўсағада жиккаккина кампир кўринади. У тарашадек қоқсуяк, ажриқдай сертомир қўлларини манглайига соябон қилиб, кўчага мўралайди. Ажиндор юзларини бужмайтириб, қўй кўзларини менга қадайди. Рухсоримга узоқ тикилади. Ахийри, таниб олади. Қақроқ лабларига табассум югуради. Ранги униқиб, гуллари билинмай кетган кўйлаги барини кўтариб, шоша-пиша остона ҳатлайди.
– А-ҳа, ҳамсоямди шарлик бачаси, – дейди тўсатдан шанғиллаган товушда, – келаяпсанми?.. Жа-а яхши бўпти-да!
У тарам-тарам ёрилган қоп-қора оёқларидаги эски калишининг шалоплашига парво қилмайди. Саломимга алик ҳам олмайди. Кела солиб, ҳе йўқ-бе йўқ, билакларимдан маҳкам тутади.
– Манга қара, – дейди тишсиз оғзини катта-катта очиб, – сан мани Қаюмжонимди биласан-а? – У оппоқ сочли бошини хиёл эгиб, ғалати силкитади. Басма-басига қошларини чимириб, пешонасини тириштиради. – Э, йўқ, афтингни буриштирма, бачам, – дейди ингичка бўйнини олдинга чўзиб, – Қаюмжонимди биласан, ҳм-м, яхши биласан!
Ўз саволига ўзи жавоб бергач, бир лаҳза жим қолади. Нимадандир ҳадиксирагандай, ўнг ёнбошига ўгирилади. Хароб кулбасига туташ – ғиштин деворлари баланд, деразалари баҳаво-нақшинкор иморатга ўғринча қараб қўяди. Яна менга юзланаркан, сирли жилмайиб, овозини пасайтиради.
– Ман санга айтсам, – дейди қаттиқ шивирлаб, – мани шу Қаюмжоним са-ал нобопроқ чиқди. У тул қоган келиним билан етим неваларимни уйдан қувгон. Бо тағин, отасини ургон. Туновгинда маниям урмоқчи бўлди. Аммо ҳурматимни қилди – урмади. Фақат сўкди, ямо-он сўкди… И-и, ҳа, санга нима бўлди, нега қовоғингни уясан?.. Нега тумшаясан? – У елкамга қоқиб, ўз наздида мени юпатади. – Қўй, ҳечам аччиқланма, бачам. Қаюмжон бегонамас, ўзимди ўғлим-ку, охи. Сўккани билан бирор ерим камайиб қомайди-ку, тўғрими?.. Ҳа, яша!..
Кампир мамнун илжаяди. Қўлларимни қўйиб юбориб, елкасига сирғалиб тушган кир дока рўмолини қайта танғийди. Сўнгра қулоғимга энгашади.
– Бўмаса, келишдик-а, – дейди кўксига енгилгина шаппалаб. – Ман розиман, сан Қаюмжонимди газитга бо-оплаб уриб чиқ. Лекин-чи… – У бирдан ўнг қўлини елкаси баравари кўтариб, кўрсаткич бармоғини диккайтиради. Шу туришида мени жиддий  огоҳлантиради. – Жа қаттиқ ямонлаб юборма, хўпми. Қаюмжоним аслида яхши бала, эшитиб қоса, хапа бўлади, тушундингми, бачам?!.
У тасдиғимга илҳақ бўлиб, кўзларимга узоқ термулади. Йиғламоқдан бери бўлиб, ночор кулимсираётганимни сезиб қолгач, аврашга ўтади.
– Гапимга кўнсанг-чи, ман сани дуо қиламан… Ё сирғамди берайми? – дея ўнг қулоғидаги қорайиб кетган балдоғига қўл югуртиради. – Йўқ, тўхта, яхшиси-чи, бошқа иш қиламиз. Ман санга ўйнаб бераман. Ўйинимди кўрсанг, қойил қоласан. Мана, қараб тур, мана, мана…
Кампир дадил қад ростлаб, орқага чекинади. Майда чағир тошли кўчанинг ўртасига боргач, тўхтаб нафас ростлайди. Йиртиқ калишини ечади-да, кўйлаги этагини кўтариб, липпасига қистиради. Учларига сўлкавой танга осилган, энгашганида кўксига тушиб қолган икки ўрим сочини бир силтаниб, ортига ўтказади. Қулочини кенг ёйиб, қўлларини боши узра даст кўтаради. Сўнгра худди ёш раққоса мисоли гоҳ узун-ингичка бармоқларини қисирлатиб, гоҳ сийрак қошларини учириб, им қоқади. Елкаларини галма-галига силкитиб, муқом қилади. Пировардида, шаддот қизлардек шўх қийқиради-ю, чир айланиб, рақсга тушиб кетади. Бироқ кўп ўйнамайди. Беш-олти қур шох ташлагач, таққа тўхтайди. Гўё ширин уйқудан чўчиб уйғонган одамдек бирдан ҳушёр тортади. Мендан ҳафсаласи пир бўлгандай, қовоқ уйиб хўмраяди. Алланималарни ғудранганча, юзини терс ўгиради. Зах девор пойига ҳолсизгина чўкади-да, маъносиз кўзларини ерга қадайди. Шу кўйи жонсиз ҳайкалдек тош қотади.  
Мен унинг аҳволини кўриб, ич-ичимдан зил кетаман. Бир бурдагина бўлиб, мунғайиб ўтиришига астойдил ачинаман. Шу билан бирга, ҳаргиз ёрдам беролмаслигимдан, жилла қурса, кўнглини кўтаролмаслигимдан афсусланаман. Афсусланаману, қўлимдан ҳеч нарса келмаслиги боис ноилож йўлимда давом этаман. Зум ўтмай, ортимдан йиғи аралаш фарёд кўтарилади. Бетизгин нолалар юрак-бағримни ўртаб юборади:
– Во, балам-а, во, балааам! Ўттизга тўлмай гўрга кирган балааам! Отасига қўшмозор бўлган балам. Мани ёлғизлатиб кетган балам. Бачаларини бўзлатиб кетган балам… Во, балам-а, во, балааам!..
Йўқ, энди у бояги телба кампирга сира-сира ўхшамайди. Энди унинг кўз ёшлари ҳаливери тўхтамайди. Энди у ҳасрат-армонларини йиғлаб-йиғлаб айтади. Шунчаки йиғлаб эмас, бағри хун бўлиб, юраги қон бўлиб айтади.
Мен бу аёлни муштдайлигимдан яхши биламан. Ғам-андуҳлари сабабини яхши тушунаман. Инчунин, қачон унинг оҳ-зорини эшитсам, изтиробли ўйларга толаман. Бир зумда неча йиллар ортга қайтиб, паст бўйли, чиллакдай озғин, қоп-қора болакайга айланиб қоламан.

* * *

Эсимни таниб, бу оила тўғрисида онамдан эшитганим шу: Cотим бобо билан Нисолат хола оғзи ошга етганда бурни қонаганлардан. Кенжатойлари – Сойибжон ака уларнинг пешоналарига сиғмаган. Иккинчи фарзанди туғилиши арафасида автомобил фалокатига учраб нобуд бўлган.
Мен Сойибжон акани  мутлақо эслолмайман. Чунки у пайтлар ҳали тили чиқмаган гўдак бўлганман. Акасини эса яхши танийман. Исми – Абдуқаюм. Ёши қирқларда. Новча бўйли, тўладан келган, қорин қўйган киши. Серфарзанд – беш ўғли, уч қизи бор. Ота-онаси билан бир ҳовлида яшайди. Битта эшикдан кириб чиқади. Фақат рўзғори бўлак. Чап қўлдаги тунука томли данғиллама иморат уники, кунботар тарафдаги кўримсизгина  уй чол-кампирники. Улар  бева келинлари – Ҳанифа янга ҳамда сағир неваралари билан бирга туришади.
Нисолат хола онамнинг олдига тез-тез келиб турарди. Дам-бадам кенжасини эслаб, кўз ёши тўкарди. Икковлон паст овозда узоқ-узоқ дардлашарди.
Мен авваллари болалигимга бориб, уларнинг гурунгига эътибор бермасдим. Бора-бора аччиқ бир ҳақиқатдан огоҳ топгандай бўлдим. Қулоғимга элас-элас чалинган гапларидан сезишимча, Нисолат хола энди кўпроқ Абдуқаюм акадан зорланарди. Унинг ичкиликка ружу қўйганидан, Ҳанифа янгага кун бермаётганидан нолирди.
Онахоннинг қайғуришлари бежиз эмас экан. Алқисса, бир оқшом уйдаги гап кўчага чиқди. Абдуқаюм ака нима учун Ҳанифа янгани ёқтирмаслиги элга ошкор бўлди.
Адашмасам, бешинчи синфга ўтган йилим эди. Ҳали уч ойлик  таътил тугамаганди. Молларни боягина даладан ҳайдаб келгандим. Онам сигиримизни кун ботмасдан соғиб олишга шошилаётганди. Мен эса сал берида тарғил бузоқчамнинг арқонидан ушлаб тургандим. У боя эмганида сутга тўймаганидан ҳадеб онасининг елинига қараб тортқиланарди.
Кутилмаганда темир дарвозамиз даранглаб очилди-ю, укам кўчадан ёв қувгандай,  ҳовлиқиб кириб келди.
– Опа! – деди бостирма томон юраркан, ҳовлини бошига кўтаргудай важоҳатда бақириб. – Ҳанифа янга тайинлаб юборди. Тезда уларникига бораркансиз…
Онам сигир соғишдан тўхтаб, укамга қаради:
– Нима бўпти, гапи жа зарил эканми?
– Билмасам, – укам елкасини қисиб, лабини буриштирди. Пахмоқ сочли бошини қаширкан, тусмолга зўр берди. – Қаюм ака яна ичволиб, тўполон қилаётганмишми-ей, болта кўтариб, ҳаммангни чопиб ташлайман деяётганмишми-ей…
– Вой, ўлмасам! Вой, шўрим! – Онамнинг ранги-рўйи қув учди-ю, шошиб ўрнида туриб кетди. Шу асно тиззасидаги челак чайқалиб, сутнинг анчаси ерга тўкилди. Лекин онам бунга парво қилмади. – Ҳалитдан бери эзмаланмай, шуни айтсанг, ўласанми, зумраша? – деди муштини дўлайтирганча укамга ўдағайлаб. – Ё маст одам ҳеч нарсадан қайтмаслигини билмайсанми?
 У қўлидаги пақирни шоша-пиша оғилхона харисига боғланган симга илди-ю, кўчага отилди. Мен ҳамон безовта типирчилаётган бузоқчамни қўйиб юбордим-да, текин томошадан қуруқ қолмаслик учун онамнинг ортидан югурдим. Укам турган жойида анграйганча қолаверди.
Онам иккимиз Сотим бобоникига олдинма-кейин кириб борганимизда қиёмат қойим авжига чиққанди. Нисолат хола ҳовлининг ўртасига чўккалаб олганча, қўлларини тиззаларига уриб дод солар, йиғи аралаш гапириб, нуқул пешайвон томон ишора қиларди. Афтидан, у ҳозир одам танийдиган аҳволдамас, ўзи билан ўзи овора эди. Олди очиқ пешайвондан эса, Абдуқаюм аканинг ”Ўлдираман, ҳаммангни ўлдираман!” деган ҳайқириғи эшитиларди. Унинг сочлари тўзғиган, малла юзлари ғазабдан бўғриқиб кетганди. Энг даҳшатлиси, у отасини тагига босиб олиб, гоҳ юзига мушт туширар, гоҳ тиззаси билан биқинига тепарди. Сотим бобо ҳар калтак еганида бемажолгина инграрди. Пойгакда сопи синган болта ётарди.
Мен катталарнинг ёқалашганини ҳеч кўрмагандим. Шунданми, қўрқиб кетдим. Пешайвон остонасига қадам қўйдиму тиззаларим қалт-қалт титраб, кирган жойимда қотиб қолдим.
Онам биринчи навбатда болтани олиб, томорқадаги помидорлар орасига улоқтирди. Сўнгра жон алфозда Абдуқаюм акага ёпишди.
– Ҳой, Қаюмжон! Ҳой, укажон! Манга қаранг,– деди бор кучи билан унинг елкасидан тортқиларкан, ялинч овозда. – Ақл-ҳушингизни йиғинг, отангизни урманг.  Бир умрлик иснодга қоласиз-а…
Абдуқаюм ака Сотим бобони бир зумга қўйиб юбориб, онамга чақчайди.
– Қочинг, нари туринг, бировди ишига аралашманг, янга! – деди илондай вишиллаб. – Сизни бу ерга ким чақирди ўзи?.. – Унинг чақчайган қон тўла кўзларида қаҳр ўти ёниб, оғзидан кўпик сачради. – Йўқолинг!
У жаҳл билан қаттиқ силтанганди, онам орқасига қалқиб кетди. Лекин йиқилмади.  Абдуқаюм ака Сотим бобога яна мушт туширганини кўриб,  авзойи ўзгарди.
– Ҳали шунақами?!. – деди-да, важоҳат билан рақибининг сочларига чанг солди.
Онам шу тобда бунча кучни қаердан олганини билмадим-у, аммо ғўлабирдай одамни даст кўтариб, четга бир қоп пахтадай енгилгина улоқтириб юборганини аниқ кўрдим. Абдуқаюм ака нақ оёғим тагига учиб тушди. У ерга йиқилаётган чоғи димоғимга тамаки аралаш аллақандай қўланса ҳид гуп этиб урилди. Кўнглим беҳузур бўлиб, қусиб юборишимга сал қолди.
Онам фурсатни бой бермади. Югуриб келиб, ҳали ўзини ўнглашга улгурмаган Абдуқаюм акага ташланди. Унинг қўлларини чапдастлик билан орқасига қайириб, ўзини юзтубан ётқизди-да, бор оғирлигини ташлаб, белига ўтириб олди. Барибир танҳо ўзи бас келолмаслигига кўзи етдими, нажот кутгандай атрофга олазарак аланглади. Менга кўзи тушди-ю, бор овозда ўшқирди:
– Нега серрайиб турибсан? Ундан кўра, чоп, эркакларни чақир!
Абдуқаюм ака онамнинг гапидан баттар тутақиб кетди.
– Қўлимди қайирманг, сочимди қўйворинг! – деди ерга қараб ётган жойида бўғизланаётган туядек бўкириб. – Манга деса, одамлар тугул Худони чақирмайсизми. Бунақа отанинг боридан йўғи яхши. Барибир, бу ҳовлини  анави мегажинга бермайман. Итваччалари билан бирга уруғини қуритаман. – У ётган жойида тишларини ғижирлатиб, томирлари ўқловдек ўйнаб чиққан бўйнини тахмон сари бурди.
Мен ялт этиб, ўша тарафга қарадим. Шундагина Ҳанифа янгани кўрдим. У ўғли билан қизини бағрига босганча, бурчакка тиқилиб ўтирар, нуқул қалт-қалт титрар, қўрқинч тўла кўзлари бир нуқтага қадалиб қолганди. Унинг пинжига суқилиб, бошларини қўллари билан беркитиб олган болаларининг йиғлашга ҳам мажоли қолмаганди…
Хайрият, қўни-қўшнилар ёрдамга етиб келишди. Ҳамон қутуриб тортқиланаётган Абдуқаюм акани кўплашиб ҳовлига судраб чиқишди. Сўнгра калтакдан ҳушини йўқотган Сотим бобони ўрнидан кўтаришди. Кўтаришди-ю, ҳаммалари бирдек оҳ тортиб юборишди. Негаки, унинг ортига қайрилган қўллари сим билан боғланган, моматалоқ бўлиб кетган билаклари қип-қизил қонга беланганди.
Бу ваҳшийликни кўриб, онам чидай олмади. Бутун вужуди титраб-қақшаб, Абдуқаюм акага рўбарў бўлди.
– Бунчалар қаттол бўлмасанг, имонсиз? – деди уни сансираб. Бу билан ҳам қаноатланмай қарғашга тушди. – Илоё, отага кўтарилган қўлларинг синсин сани! Илоё, у дунё-бу дунё косанг оқармасин, виждонсиз! Сатқайи одам кет, нокас! – Шундай деб, қўққисдан Абдуқаюм аканинг юзига тупирди. Кейин катта-катта одимлаганча, додлайвериб ҳолдан тойган Нисолат холага яқинлашди.
Ҳовлининг ўртасига чўккалаб қолган Нисолат хола икки қўлини ерга тираганча энкайиб ўтирарди. Негадир энди овози чиқмай қолганди. Онам унинг қаршисига чўкиб, юз-кўзларига синчковлик билан тикилди. Тикилди-ю, кўнгли қандайдир даҳшатни сезгандай, лабларини қимтиб, алам билан бош чайқади. Қаддини тиклаб, лой супа четида ўтирган кўйи ҳамон алланималарни ғингшиётган Абдуқаюм аканинг олдига борди. Унинг кўзига нафрат билан боқаркан:
– Онангни нима қилиб қўйдинг, аҳмоқ! У бечорага энди шу кўргулик ҳам бормиди? – деди-ю, ўзини тутолмай йиғлаб юборди…

* * *

Орқаваротдан эшитишимча, эртаси эрталаб милисадан одамлар келишибди. Уй эгалари билан суҳбатлашиб, аллақандай қоғозлар тўлдиришибди. Нисолат хола лоақал бир оғиз гапирмабди. Йиғламабди ҳам. Ерга тикилганича, жимгина ўтираверибди. Тўшакка михланган Сотим бобо эса, ўғлини олиб кетишларига кўнмабди. ”Тўримдан гўрим яқин қолганда, ўз пушти камаридан бўлган боласини қаматган, деган тавқи лаънат орттирайми? Қолган невараларимни ҳам тирик етимга айлантирайми?.. Яхшими-ёмонми, ўғлимга даъвом йўқ. Нимаики ўтказган бўлса, қайтар дунёга солдим. Фақат мендан кейин онасини хўрламаса, бўлгани,” дебди.
Ота бояқишнинг аҳволи ўзига аён бўлган шекилли, кўп яшамади. Тепки еганда жигари эзилиб кетган экан – кеч кузакда қон қусиб, жон берди. Унинг қирқи ўтар-ўтмас, қишлоқда ғалати миш-мишлар тарқалди: ”Нима дейсан, Нисолат кампирнинг эси кирди-чиқди бўлиб қолганмиш… Абдуқаюм Ҳанифани яна турмушга чиқишга кўндирганмиш… Онасини, жунуни қўзиган пайтларда, арқон билан боғлаб қўярмиш…”
Хуллас, ”Худо урсаям, қўшқўллаб уради,” деганлари рост экан. Шум қисмат бу сафар ҳам Нисолат холага шафқат қилмади. Орадан неча ёз-неча қиш ўтса-да, бечоранинг аҳволи ўнгланмади. Бора-бора ҳамма унинг уйи бўсағасида мунғайиб ўтиришига, гоҳ-гоҳо телбавор кўча кезишларига кўникди. Мен ҳам бу аёлнинг алмойи-жалмойи илтимосларини сабр билан тинглашга ўргандим.
Бундан тўрт йилча муқаддам тағин-да нохушроқ хабар эшитдим: Нисолат хола қай бир оқшом уйидан тентираб чиқиб кетибди-ю, қайтмабди. Тириги ҳам, ўлиги ҳам топилмабди. У йўқолиб қолганмиш…
Шу-шу, ақли ожиз эса-да, қўл-оёғи бутун кекса аёл қудуққа тушган игнадек бадар кетди.

* * *

Одамзотнинг табиати қизиқ. Мавриди келганда, яхшиликни унутиб, қабиҳликни кечириб ҳам юбораверади. Бироқ бу сафар ундай бўлмади. Маҳалламиз аҳли Нисолат холани эсдан чиқармади. Аниқроғи, бунга шароитнинг ўзи йўл бермади.
Қишлоққа навбатдаги боришимда ажабтовур воқеанинг шоҳиди бўлдим. Онам мени ҳовлида одатдагидай ўпиб-қучоқлаб қаршилади-ю, негадир уйга кириб, дастурхон ёзишга шошилмади. Хаёли паришон, боқишлари маъюс-маҳзун эди.
– Чойингни келиб ичарсан, болам, – деди анчадан кейин ўйчан оҳангда. – Унгача, қуёш ботмасдан Қаюм акангникига бирров кириб чиқ. Ҳарқалай, қўни-қўшничилик – минг йилчилик. Тағин ўпкалаб, гина қилиб юрмасин.
– Тинчликми? – ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Бандасининг аҳволи шу-да, болам, – Онам жавоб беришга шошилмай, чуқур хўрсинди. – Бу дунёга ҳеч ким устун бўлолмайди. Ўлим ҳақ! Айниқса, ота-она мўрт келади. Уларнинг олдин ўлмоғи фарзандлар учун мерос ҳисобланади.
Онамнинг арқонни узун ташлашидан баттар бетоқатландим.
– Нима гап ўзи? Очиқроқ қилиб айтсангиз-чи, опа, – дедим сабрим чидамай.
– Санга қандай тушунтирсамикин. Шу… – Онам яна каловланди. Ҳовлимиз этагидаги райҳонларга назар ташлаганча жим туриб қолди. – Ҳа-я, – деди анчадан кейин бир оз дадиллашиб, – уч кун бурун  Нисолат холанг  қазо қилди. Бугун эрталаб худойисини ўтказдик.
Қулоқларимга ишонмадим:
– Ким дедингиз?.. Ахир, Нисолат хола…
Онам бу сафар мени ортиқча маҳтал қилмади.
– Нисолат холанг йўқолмаган экан. Қаюм ўлгур ўшанда уни ўз қўли билан жиннихонага топшириб кеп, қишлоққа шунақа гап тарқатган экан.
– Йўғ-е?.. – Ҳайратдан оғзим очилиб қолди..
– Рост, ўғлим, рост! – Онамнинг овози негадир дағаллашди. – Бизам ана шунисидан доғдамиз-да. Қаюм қаттол ҳеч кимга билдирмай, вақти-вақти билан яширинча хабар оптураркан. Ўсал бўп қогач, ноилож уйига опкепти.
Онам ўпкаси тўлиб, оғир энтикди. Енгини тутамлаб, юзларига босди. Кўз ёшларини артгач, гапида давом этди.
– Шўртайгина тоза қарибди. Бир ҳовуч суякдан парқи қомабди. Охирги нафаси олдидан эс-ҳуши ўзига кегандай бўлди-ю, ҳеч қайсимизни танимади. Ўзим бошида тургандим, омонатини беозоргина топширди. Бир нави бу дунёнинг азобларидан хўп қутулди, бечора.
Онам ўрнидан туриб ичкарига йўл оларкан, ўзи билан ўзи гаплашаётгандек илтижо қилди:
– Э, Худо! Ишқилиб, бунақа кўргуликлардан ўзинг асра!..
Қанча вақт хаёллар оғушида қолганимни билмайман, бир маҳал кимдир елкамдан оҳиста туртгандай бўлди. Ўгирилиб қарасам, онам. Тахи бузилмаган янги дўппини узатиб, рўпарамда турибди:
–Ўлим ҳамманинг бошида бор савдо, болам. Бора қол энди, ҳаялламай кириб чиқ. Манавини бошингга кийиб ол…

* * *

Абдуқаюм ака мен билан кўришаётиб, ўпкасини босолмади. ”Меҳрибонгинамдан айрилиб қолдим, укажон!” дея ҳиқиллаб юборди.
Тиловат қилгач, унга зимдан разм солдим: азадорлиги билиниб турибди – эгнида қора тўн, бошида кўк бахмал дўппи. Белини қўш белбоғ билан маҳкам боғлаб олган. Юзлари сўлғин. Кўзлари қизарган. Ора-сира ўксик хўрсиниб, кимнидир кутаёгандек, ниманидир излаётгандек, ён-верига олазарак боқади.
Билмадим, негадир иккимизнинг суҳбатимиз қовушмади. Узримни айтиб, ўрнимдан қўзғалдим. У мени кузатишга чоғланди. Дарвозага яқинлашгач, ийманибгина сўз қотди:
– Ука, сандан битта илтимос қисам, майлими?
– Қўлимдан келса, бемалол!
– Cан… нима десамикин?.. Ҳа, катта шаҳарда яшайсан-ку, – деди пайдар-пай гапириб. – Бўш вақтингда эринмай бир суриштириб кўр-чи, мабодо, ўша томонларда дурустроқ мармартош топилмасмикин?
Ҳайрон бўлиб, беихтиёр юришдан тўхтадим:
– Мармартошни нима қиласиз?
– Ҳа, энди-и… ўзингдан қолар гап йўқ, буям бир яхши ният-да. – У қўлларини қовуштириб, қорни устига қўйди. Нигоҳини мендан узиб, бошини эгди. Бўйнини қашлаш баҳонасида чол-кампирнинг умри ўтган хароба кулбага ўғринча назар ташлаб қўйди. – Шу-у… очиғини айтсам, отам билан онамга ёдгорлик ўрнатмоқчийдим… Қиммат бўсаям, майли, харажатидан қочмайман. Фақат бири кулранг, бири қора – иккита чиройлисидан танлашга ёрдамлашсанг, дегандим…
Ажаб, худди шу лаҳза биров бехосдан пешонамга қулочкашлаб мушт тушириб юборгандай, миям шанғиллаб кетди. Кўзларимни катта-катта очганимча, Абдуқаюм акага анграйиб қараб қолдим. Мен ҳеч қачон бунақа бўлишини кутмагандим. Бир парча ер учун отасини аёвсиз дўппослаган, келини ва жиянларини кўчага ҳайдаган, ўз тинчини кўзлаб онасини жиннихонага жойлаштиришдан тоймаган одамдан шунақа гап чиқишини хаёлимга келтирмагандим. Жилла қурса, энди тавбасига таянар, эл-юртдан уялар, марҳумлар руҳини тинч қўяр деб ўйлагандим.
Афсус, у ҳеч нарса бўлмагандай, ўтмишини буткул унутгандай, ҳамон бўйнини қисиб гапирар, илтимосини такрорлар, қўлини кўксига қўйиб, холис хизматим учун аллақанча пул ваъда қиларди. Мен эса бу ердан тезроқ, иложи борича, тезроқ кетишни истардим.       
Ниҳоят, ўзимда журъат топдим. Қаюм аканинг қўлларини жаҳл билан силтаб ташлаб, ташқарига қадам босдим. Айни дамда гўёки мўъжиза рўй берди: Нисолат хола тирилиб келгандай бўлди-ю, қулоқларим остида унинг таниш овози янгради:
– Ўу-ув, ҳамсоямди шарлик бачаси, келаяпсанми? Унда андак шошма. Сан мани Қаюмжонимди газитингга би-ир уриб чиққин, хўпми? Лекин-чи, жа қаттиқ ямонлаб юбормагин. У аслида яхши бала, тушундингми?..
Мен икки ўт орасида нима қиларимни билмай, боши берк кўчанинг қоқ ўртасида  туриб қолдим…                                      

ТАРОЗИ ПАЛЛАСИ

Ким билсин, эҳтимол, бунда қандайдир сир-синоат бордир. Эҳтимол, “Ҳар нақлда бир ҳикмат мужассам!” деганлари ростдир. Нима бўлгандаям, бизнинг билганимиз шу: онам вафот этган йили анорларимиз чандон гуллади. Ҳатто, авжи саратонда ҳам бирорта нишонасини тўкиб юбормади. Кузга бориб, ҳар доимгидан мўл ҳосил тугди. Ҳар анорларки, катталиги нақ чойнакдек. Камида ярим кило тош босади. Пўстлоқи нимтатир оқ, нимтатир пушти рангда. Бирам чиройли, бирам силлиқки, кўрсангиз, ҳавас қиласиз…
Бироқ, минг афсуски, қувончимиз кўпга чўзилмади. “Ҳар тўкисда бир айб!” деганларидек, куз арафасида анорларимизга гўё кўз тегди. Пишар чоғи худди ковул мисоли ёппасига ёрилиб кета бошлади. Биз нима қиларимизни билмай шошиб қолдик. Негаки, анор ўта нозик мева. Салгина заҳа еса ёки ёрилса, тамом-вассалом! Икки-уч кундаёқ гирдини моғор босади. Ҳаял ўтмай, ўз-ўзидан чирийди. Бундай ҳолда уни узоқ сақлаш даргумон. Энг яхши чораси – тезроқ сотиб юбориш керак.
Хуллас, онамнинг йўқлиги шу ўринда ҳам билинди. Охири бўлмади. Онамнинг таъбири билан айтганда, “жаннатда битган беозор неъмат”нинг уволидан қўрқдик. Бир чеккаси йил – ўн икки ойлик қўшимча меҳнатимиз самарзое кетишини истамадик. Ака-укалар ўзаро маслаҳатлашиб, гапни бир жойга қўйдик. Ишдан бўш вақтимизда галма-гал бозорга чиқиб, анор сотишга аҳд қилдик.
Қарабсизки, мен ҳам умримда қилмаган юмушимга қўл урадиган – савдо-сотиқ билан шуғулланадиган бўлдим. Шу мақсадда шанба куни тонгсаҳар гардкамига иш тутдим. Ўттиз килоча анорни қоплаб, йўлга тушдим.
Бозорга етиб боргач, мевафурушлар сафидан ўрин олдим. Аноримнинг бир қисмини пештахта устига тераётиб, негадир ўзимни ноқулай ҳис этдим. Чунки бу ерни ҳам ҳақиқий деҳқонлар эмас, одатдагидай кунда-шунда олибсотарлар эгаллаб олишганди. Улар орасида бегонага ўхшаб қолдим. Назаримда, ҳаммаси менинг хатти-ҳаракатимни зимдан кузатаётгандай, савдога нўноқлигимни кўриб, мийиғида кулаётгандай туюлаверди. Аммо, илож қанча, бошга тушганини кўз кўради. Тақдирга тан бериб, растага қовушмайроқ туравердим.
Вазиятга бирмунча кўниккач, ён-веримга разм солдим. Ҳали эрта бўлгани учун ҳаво этни жунжиктирадиган даражада салқин эди. Кенг саҳнли майдонда олувчидан кўра сотувчи кўпроқ эди. Шундай эса-да, бозор аллақачоноқ ўз ҳаёти билан яшар, катта-кичик, ёшу қари – тинмай қимирларди. Тирик жон борки, лойиқ-нолойиқ молини мақтаб, харидор чорларди. Ана, ҳув бурчакдаги шийпони япасқи гуммахона айвонида олов гуриллайди. Қозондан оппоқ тутун бурқсийди. Ҳавода доғланган ёғ иси анқийди. Сал нарида жойлашган тамаддихона ошпазининг қўли-қўлига тегмайди. Тайёр зирвакка гуруч босиб, устидан сиртини кир қоплаган челакда сув қуяди. Унинг найнов шогирди, уйқуга тўймаган шекилли, оғзини карнайдай очиб, нуқул хомуза тортади. Темир ўчоққа эринибгина тараша қалайди. Қўрадаги тошкўмир чўғини зўр бериб елпиётган бақалоқ йигитнинг эса парвойи-палак. Қўли ишда-ю, хаёли бошқа ёқда. Гўшту ёғ суқилган сихларни даста-дасталаб айлантираркан, орқа-олдига қарамай, ора-чира ўзича бақириб қўяди:
– Кеп қолинг, оп қолинг, свежий шашлик!.. Еганлар дармонда, емаганлар армонда!..  
Басма-басига ертандир бошида куймаланаётган сомсапазнинг хирқироқ овози янграйди:
– Зак-каз сомса!.. Қора қўчқорнинг думбаси солинган зак-каз сомса!..
Унга сават кўтарган болакай  чийилдоқ товушда жўр бўлади:
– Жиззали патирнинг додаси биздан, танлаб олиши сиздан!. Кеп қолинг, оп қолинг, пулингиз ёнингизда кетади!..
Очиғи, ўзимга анчадан буён таниш бу манзарани кўриб, зерика бошладим.
…Кўп ўтмай, узоқдан кўзга ташланиб турган тоғ ортидан офтоб мўралади. Борлиқ нурга чулғанди. Ердан нам кўтарилиб, кун илиди. Бозор гавжумлашгани сайин ғала-ғовур кучайди. Шовқин-суронга ўрганмаганим туфайли қулоқларим ғувиллади. Чаккамга сим-сим оғриқ кирди. Ўзимни чалғитиш илинжида  одамларни кузатишга зўр бердим.
Бир пайт оқ-сариқдан келган, эллик-эллик беш ёшлар чамасидаги барваста қоматли киши диққатимни тортди. Унинг қошу кўзи чиройли, истараси иссиққина эди. Яна денг, зиёлиларга хос – ораста кийиниб олганди: эгнида текис дазмолланган кулранг костюм-шим, оёғида зулукдек ярқираган туфли. Тугуни йўғон тимқора бўйинбоғи оппоқ кўйлагига ярашиб тушган. Мош-гуруч сочлари калта тарошланган, ёнбошига силлиқ таралган. Бир қўлида чарм папка, иккинчисида қалин матодан тикилган бўш халта.
У дарвозадан кирибоқ, биз тарафга бурилди. Пештахталарга батартиб терилган ноз-неъматларга кўз қирини ташлаган кўйи, расталарни оралаб, тўғри юриб келаверди. Менга яқинлашган маҳали қадамини  секинлаштирди. Аммо тўхтамади. Бир олдимдаги анорларга, бир юзимга қаради-ю, индамай ўтиб кетди. Қатор адоғига етгач, яна изига қайтди. Рўпарамга келганида одимлашдан тўхтаб, папкаси билан халтасини чап қўлтиғига қистирди. Намунага кесиб қўйилган анорлардан йирикроғини шошилмасдан қўлига олди. Бармоқлари учида айлантириб, обдон текширди. Сўнгра беш-олти донасини уқалаб, оғзига солди.
Мен фурсатни бор бермай, унинг  кўнглини ийдиришга интилдим.
– Келинг, ака, – дедим жонланиб. – Ҳаммаси яхши пишган. Энг зўри. “Туятиш” хилидан. – Ўзимча мулозаматни қойиллатгач, муддаога ўтдим. – Неччи кило тортай?
 Харидор жавоб қайтаришга шошилмади. Оғзидаги анорни бафуржа чайнаркан, кўзларимга синчков термулди. Луқмасини ютиб, ширингина тамшаниб қўйгач, томдан тараша ташлагандай, дабдурустдан мени саволга тутди:                                                                                                   
– Кечирасиз, ука, буларди эгаси ким?
Кутилмаган сўровдан энсам қотди. Жаҳлим қўзиб, лабларим пирпиради.
– Ким бўларди, менман! – дедим зардали тўнғиллаб. – Мана, қаршингизда турибман.
Шубҳасиз, охирги жумлани “Кўзинг кўрми?” қабилида айтдим. Бироқ харидор заррача пинак бузмади. Лоақал, афтим буришганига ҳам, овозим дағаллашганига ҳам эътибор бермади. Билъакс, гапимга ишонмагандай, сирли жилмайди. Кесилган анорни авайлабгина жойига қўя туриб, тағин эзмаланди:
– Малол келмаса, айтинг-чи, сиз қайси қишлоқдансиз?
Ҳайратим баттар ошди. Хаёлимдан “Нима бало, бу одам текширувчиларданми, мени олибсотар гумон қилаяпти, шекилли!” деган нохуш фикр ўтди. Жиззакилигим тутса-да, шайтонга ҳай бердим. Тишимни тишимга босиб, қишлоғимиз номини айтдим. Ортидан, ҳар эҳтимолга қарши, ўсмоқчилаб “Узумини енг-у, боғини суриштирманг, қолаверса, ҳозир бозор иқтисодиёти шароитида яшаяпмиз, ака!” дея қўшиб қўйдим.
Ажаб, харидор бу сафар ҳам кесатиғимга парво қилмади.
– Ўзимам шунақа бўлиши керак, деб ўйловдим. – У тахмини тўғри чиққанидан хурсандлигини яширмади. Қаддини кериб, кафтини кафтига ишқади. – Ҳар қалай, – деди ғолибона кулимсираб, – мен бу анорларни ҳеч қачон адаштирмайман. Доимо кўриниши-ю рангидан бемалол ажратиб оламан. Уларни сотадиган аёлни ҳам яхши биламан. – Шундай дея онамнинг исмини тилга олди.
Мен дафъатан ҳушёр тортдим. Туйқус бош оғриғим тарқалиб, бояги аччиғимдан асар ҳам қолмади. Юрагим ширин орзиқиб кетди. Ўзим сезмаган ҳолда харидор сари эгилдим.
– Бундан чиқди… Демак, сиз… – дедим алланечук ҳаяжон аралаш пайдар-пай гапириб, – демак, сиз опамни танир экансиз-да?..
– Ҳа! – У мени ортиқча маҳтал қилмади. Дадил бош силкиб, фикримни маъқуллади. – Сиз у кишининг кими бўласиз, ўғлими? – деди яқинроқ сурилиб. Лекин жавобимни кутмади. Навбатдаги саволларни устма-уст қалаштириб ташлади. – Холамнинг ўзлари қани? Нега кўринмайдилар? Ё тоблари қочиб қолдими?
Беихтиёр бўшашиб кетдим. Ичимдан алланима узилгандай, вужудимга титроқ кирди.
– Кошкийди, фақат шундай бўлса, – дедим ўпкам тўлиб. – Сираям қараб турмасдик, имкон қадар даволатардик-ку. – Бўғзимга нимадир қадалди. Оғир хўрсиниб, ростига кўчдим. – Опам қазо қилганига анча бўлди.
– Йўғ-е, наҳотки?!. Ахир… – Энди ҳайратланиш навбати харидорга ўтди. Кўзлари катта-катта очилиб, ранги қув ўчди. – Ахир ҳали бардам-бақувват эдилар-ку, – деди эсанкираб. – Охирги марта кўрганимдаям соғ-саломат юрувдилар-ку. Наҳотки, вафот этган бўлсалар?!. Ё, тавба!..  
Мен индамадим. Сас-садосиз бош эгиб, нигоҳимни ерга қададим. У аҳволимни тушуниб маъюсланди. Тугмаларини шошилинч қадади-да, кафтларини жуфтлаштирди. Эшитилар-эшитилмас оҳангда “Жойлари жаннатда бўлсин!” дея пичирлади. Юзига фотиҳа тортгач, менга юзланди.
– Билсангиз, – деди ажабланишимга ҳожат қолдирмай, – мен оддий муаллимман. Анови коллежда ишлайман. – У бозорга бақамти қурилган баланд иморатга ишора қилди. – Аммо гап бундамас, онангизнинг кимлигида. – У чўнтагидан сигарета олиб, гугурт чақди. – Рости, – деди аччиқ тутунни қаттиқ-қаттиқ сўраркан, – холам менга ўз онамдек қадрдон бўлиб қолгандилар. Шу боис қачон бозорга йўлим тушса, албатта, излаб топардим. Бирров дуоларини олиб, анорларидан харид қилардим. Сабаби…
Харидор дилидагини тилига чиқаришга ийманаётгандек, тўсатдан жимиб қолди. Шу он қовоғи солиниб, юзлари тундлашди. Мунг қўнган кўзлари ич-ичига чўкди. Пешонасидаги ажинлар қуюқлашди. Атрофга бир қур назар ташлаб, хотиржам тортгач, босиқлик билан сўзида давом этди.
– Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади, – деди ҳорғин сўлиш олиб. – Тўғри айтишади, бу дунёда инсон учун соғлиқдан катта бойлик йўқ. Касалликнинг эса келиши осон-у, кетиши қийин кечаркан. Худо кўрсатмасин, дард бир ёпишса, ҳар қандай одамниям росманасига чир айлантираркан. Мана, ўзимдан қиёс…
У тамаки қолдиғини оёғи учида эзғилаб ўчирди. Тирсакларини симон пештахтага тираб, иягини қашиди. Хотирага берилиш олдидан майингина томоқ қирди.
– Ўн йилча бурун оиламиз бошига катта ташвиш тушди. Туппа-тузук ўйнаб-кулиб юрган янгангиз баногоҳ хасталикка чалинди. Кунма-кун оғирлашиб, тўшакка михланди.
Суҳбатдошимнинг овози сустлашиб, олис-олислардан эшитилаётгандай туюлди.
– Кўп жойларга обордим, кўп табибу дўхтирларга қаратдим. Барибир, нафи тегмади. Бора-бора аҳволи баттар бўлса-бўлдики, бетар бўлмади. Бир сафар…
Харидор титроқ қўлларини хаёл аралаш ҳалиги анорга чўзди.
– Кечагидек эсимда, қишнинг қоқ чилласи эди. Шамол қутургандан-қутурган, қорбўрон авжига чиққанди. Тушга яқин янгангиз бояқиш кўнгли анор тусаётганини гапириб қолди. Дарҳол бозорга чопдим. Кириб қарасам, ҳамма мева-чева бор, фақат анор йўқ. Ҳатто отлиққаям йўқ! Ўзи кўпинча шунақа бўлади – шошганда лаббай топилмайди-да. Эрталаб биргина онангиз олиб келган-у, эндигина сотиб бўлиб, кетишга ҳозирланаётган эканлар. Кўзимга, биласизми, бамисоли Хизрдек кўриниб кетдилар. Борасолиб, йўлларини тўсдим. Кўнглимга яқин тутиб, дардимни тўкиб солдим. “Қанча сўрасангиз-сўранг, эвазига, ҳеч бўмаса, ярим килогина топиб беринг, жон хола!” деб, ҳоли жонларига қўймадим. Хайрият, раъйимни қайтармадилар. “Жа зарил экан, майли, юра қолинг”, дедилар-да, мени қишлоққа бошлаб бордилар. Қаранг, омборхоналарингизда ўзларингиз-у меҳмонлар учун сақлаб қўйилган анор қолган экан, холос. Кўпмас, бир тоғора чиқар-чиқмас. Холам биттасиниям қолдирмай, ҳаммасини машинамга солиб бердилар. Бунданам қизиғи, қанча қистамайин, пулини олмадилар. “Сиз дорилик учун излаб, шунча йўлдан умид билан келсангиз-у, мен пулини ўйласам, уят-ку!” дедилар. “Бу ер – бозормас. Биз уйда мева сотмаймиз. Тортинмай олаверинг, иним, ош бўлсин!” дея кўнглимни тинчлантирдилар. “Келинимга Яратганнинг ўзи шифо берсин!” деб кузатиб қолдилар.
Ҳикояси шу ерга етганда харидор бирров тин олди. Енгил хўрсинаркан, чеҳраси ёришди. Лабларида табассум ўйнади.
– Буни қарангки, – деди мамнун ҳолда бош ирғаб, – янгангиз анорларни кўриб, отаси совға келтирган қизалоқдек қувониб кетди. Кўзларида худди аввалгидек ўт чақнади. Оғзига ёқди чамамда, иккитасини иштаҳа билан еди. Қолганларини токчага териб қўйди. Бир ой мобайнида ҳар куни оз-оздан сиқиб, сувини ичди. “Ихлос – халос” деганлари рост эканми ёки покиза аёлнинг дуолари ижобат топдими, қисқаси, кўкламга қолмай, хотинимнинг дарди ариди. У аста-секин оёққа турди. Гарчи ишлолмаса-да, ўз корига ўзи ярайдиган бўлди… Шу-шу мен холамнинг доимий мижозига айландим. У киши анорни кимга, нима учун олаётганимни яхши билардилар. Ҳар сафар янгангизнинг соғлиғини эринмай сўраб-суриштирар, қўшимчасига “Бошқа дард кўрмасин”, деб дуога қўл очардилар. Мен ҳаммасиданам ана шунисига хурсанд бўлардим. Аслида, анор баҳона, ўзимга раҳматли онамдек қадрли бўлиб қолган холамни бирров зиёрат қилиш, унинг дуосини олиш учун бозорга кирардим.  
Харидор сўзини якунлаб, қаддини ростлади.
– Ярангизни янгилаганим учун узр, ука, – деди бўйинбоғини тўғриларкан, хижолатомуз оҳангда. – Ишқилиб, холамни Худо ўз раҳматига олган бўсин. – У кетишга тараддудланиб, халтасини менга узатди. – Ҳойнаҳой, янгангиз интиқ бўлиб, кутиб ўтиргандир. Қуруқ бормайин. Тўрт кило тортиб бера қолинг, – деб анорларга назар югуртирди.
Мен ақл-ҳушимни ўнглаб, ишга киришдим. Бироқ чамада адашган эканман, тарозига қўйилган анорлар андак оғир келиб, палланинг бир томонини босиб кетди. Уларни шундайлигича халтага ағдармоқчи эдим, харидор кутилмаганда норози қиёфага кирди. Шошиб билагимдан тутди.
– Йўқ, унақа қилманг, ука, – деди сийрак қошларини чимириб. – Тарозида олувчининг ҳам, сотувчининг ҳам баб-баравар ҳақи бор. Шунинг учун унга хиёнат қилиб бўлмайди. Буни мен онангиз раҳматлидан эшитганман. У киши бошқаларга мутлақо ўхшамасдилар. Сотаётган нарсаларига дўкондаги сингари қатъий нарх белгиламас, “Бўлиши шу”, деб туриб олмасдилар. Озгина оғринсангиз, дарҳол баҳосини туширардилар. Тошни доимо тўғри қўярдилар. “Савдодаги норостлик қароқчиликдан кам эмас. Тарозидан адашсам, нақ охиратим куйиб кетади-я”, деб қўрқардилар. Кўнгилларидан чиқарганларини эса, савдолашиб бўлганимиздан сўнг, ўлчамасдан, алоҳида солиб берадилар. Нима, сизга бу ҳақда айтмаганмидилар?..
Тўғри гапнинг тўқмоғи ёмон! Мен харидорнинг таънали боқишларига дош беролмадим. Қулоғимгача дув қизариб, кўзимни четга олиб қочдим. Айни шу лаҳза тарози палласи қўлимдан тушиб кетишига сал қолди…

ОНАМНИНГ ЭРТАГИ

Болалик кезларим онамдан кўп эртак эшитганман. Баъзиларини қайта-қайта тинглаганман. Бироқ бешафқат йиллар ўз ишини қилган, ҳозир аксарияти ёдимда йўқ. Фақатгина биттаси хотирамга аввал-охир муҳрланиб қолган. Ҳолбуки, уни онам менга бир марта, атиги бир мартагина сўзлаб берган…
…Билмадим, ўшанда неча ёшда эдим – бешдами ё олтида?.. Ҳар қалай, ҳали укам ва кичик синглим туғилмаганди. Мен мактабга қатнамасдим, ҳарф танимасдим. Яна эсимда бори – қирчиллама қиш эди. Борлиқни қалин қор босган, шамол қутуриб, бўрон авжига чиққанди. Шундай қаҳратонда отам акаларимни ёнига олиб, тонгсаҳар Ўратепага йўл олганди. Ўзининг таъбирича, ,,иликузилди дамларда коримизга яраб қолар” деган ниятда ,,тишининг кавагида” асраган озгина олма-аноримизни сотгани кетганди. Уйда онам, яқинда  тетапоя бўлган катта синглим ва мен қолгандим.
Қиш кунлари – бир тутам, тунлари эса узундан-узун!
Қош қорайгани ҳамоно учовлон сандал атрофига жам бўламиз. Биргалашиб овқатланамиз. Кўп ўтмай, синглим мудрай бошлайди. Онам уни бешикка белаб, алла айтади. Синглим бешикнинг бир маромда тебраниши-ю, алла оҳангига маст бўлиб бир зумда ухлаб қолади. Мен эса, мижжа қоқмайман. Сандал четида чалқанча ётиб, уйимизнинг чироқ нури тушаётган йўғон харисига, ҳар ер-ҳар ерида қамишлари осилиб турган вассажуфтли шифтига тикилганча, онам тезроқ ёнимга келишини кутаман. Дардим ўзимга аён – ҳар доимгидек эртак эшитиш!..
Аммо онам ётишга шошилмайди. Синглим ухлаганига ишонч ҳосил қилгач, бешик устини қалинроқ ёпиб, дастурхонни йиғиштиришга киришади. Овқатдан бўшаган идишларни кўтариб, ошхонага йўл олади. Ўша ерда қозон-товоқ ювиб, узоқ куймаланади. Сўнгра ичкарига кириб, отамнинг деворқозиқдаги чопонини қўлига олади. Харига боғланган йўғон симга осиқлиқ шиша чироққа бақамти ўтиради. Амаллаб нинага ип ўтқазади. Тўнни тиззасига қўйиб, енгини ямашга тутинади.
Мен уни зимдан кузатаман: назаримда, кайфияти тушкунроқ. Чеҳраси сўлғинроқ. Боши қуйи солинган. Киприклари ўйчан эгилган. Қўли ишда-ю, хаёли бошқа ёқда. Мени буткул унутиб юборгандай, ўзи билан ўзи овора. Ўқтин-ўқтин кўксини тўлдириб чуқур нафас олади, ортидан оҳиста хўрсиниб қўяди…  
Ахийри, сабрим чидамайди. Қандай бўлмасин, унинг диққатини ўзимга жалб этишга  уринаман.
– Опа, – дейман ҳамон чалқанча ётган кўйи товонимни бозиллаган сандал чўғига тобларканман,  –  эртаклар қандай яратилади?
– Нима? – Онам чўчиб тушади. Тикишдан бир зум тўхтаб, елкаси оша менга қарайди. – Ие, ҳалиям ухлаганинг йўқми, болам? – дейди таажжуб аралаш. – Вақт алламаҳал бўлди-ю…
Мўлтираб ётганимни кўриб, ниятимнини англагач, мулойим кулимсирайди. Мени катталар қатори кўриб, эринмай тушунтира бошлайди.       
– Эртаклар, – дейди ётиғи билан сўзлаб, – одамзоднинг энг яхши орзу-тилакларидан, ушалган-ушалмаган армонларидан туғилади. Охири доимо яхшилик билан тугайди. Шунинг учун ҳам сира эскирмайди. Тушундингми, ўғлим!
Мен ,,Ҳм-м,” дейману, барибир, болалигимга бораман. Ҳарчанд ўйламай, онамнинг гаплари мағзини чақолмайман. Бошим ғувиллаб кетганидани тескари ўгирилиб, ерга қараб ётиб оламан.  
– Ўзи, шу… – дейман тирсакларимни лўлаболишга, иягимни иккала кафтимга тираганча, – эртакларни ким тўқийди?
– Ким бўларди, сану манга ўхшаган одамлар-да…
Онам ипни тишларида қимтиб узади. Солган ямоғини чироқ ёруғига тутиб, кўздан кечиради. Кўнгли тўлади шекилли, тўн барини ҳафсала билан текислайди. Уни тахлаб, сандал устига қўйгач, тиззаларига таяниб, қаддини ростлайди. Айни лаҳза сояси катталашиб, шифтда аксланади. Товуши алланечук йўғонлашади.    
– Эртакларни, – дейди белини уқаларкан, алоҳида урғу бериб, – бисмиллосига кимдир бошлаб беради. Кейин иккинчиси, ундан кейин учинчиси-тўртинчиси ўзидан қўшиб-чатади. Шу зайл бир-бировини тўлдириб-тузатиб, яхлит ҳолга келтиради. Яхшиликка ташна одамлар уларни бир-бирларига айтиб, ўзлариниям-ўзгаларниям овунтириб юрадилар. – Нинани бармоғи учида кирпечга санчаркан, онамнинг овози майинлашади. – Ишқилиб,  бу дунёда ҳар қайси халқнинг, ҳар қайси юртнинг ўз чўпчаги бўлади.
Бу гапни тинглаб, онамнинг ўзидан эшитган эртакларим ёдимга тушади.
– Унақада анави ,,Ёрилтош”, ,,Уч оғайни ботирлар”, ,,Муқбил тошотар”, ,,Зумрад ва Қиммат”,  ,,Эчки билан бўри”лар кимники? – дейман астойдил қизиқиб.
– Улар ўзимизди ўзбек эртаклари ҳисобланади…
Онам гап орасида уй ўртасига бориб, чироқ пилигини пасайтиради. Нимқоронғилашган хонага сирли сукунат чўкади. Ташқарида шамол увиллайди. Дарча ойнасига қор учқунлари чирсиллаб урилади. Эшик бетиним ғижирлайди. Хона шифтида алланечук ваҳимали шарпалар пайдо бўлади. Хаёлимда худди шу лаҳза уйимизга гурзи кўтарган бир кўзли баҳайбат дев бостириб киргандек бўлади. Кенжа ботирнинг  якка ўзи унга пешвоз чиқади. Иккови ўртасида ҳаёт-мамот жанги бошланади. Дев оғзидан олов пуркайди. Кенжа ботир қилич сермайди. Кураш аёвсиз тус олади. Сутдай оппоқ, тиниқ нур сочаётган тўлин ой бундан огоҳ топиб, чўчиб тушади. Хавотирланганча шошиб пастга энади. Дарчамиз пештоқига келиб қўнади-да, ичкарига ҳайрон-ҳайрон мўралайди. Обкаш кўтарган қизалоқ даҳшат ичра қотиб қолади. Аввалига бандидан узилган япроқдек дағ-дағ қалтирайди, дев Кенжа ботирга ташланганида эса қўрққанидан изиллаб йиғлаб юборади…
Хаёлимда жонланган бу манзаралар юрагимга ваҳм солади. Шифтга қарашдан қўрқиб, кўзларимни чирт юмаман. Апил-тапил кўрпа остига шўнғийман. Онам ёнимга келиб чўзилиши биланоқ, пинжига суқулиб, уни маҳкам қучиб оламан. Ўзимни бир оз босиб олгач, бояги сўзларини эслайман.    
– Опа, – дейман кўрпа остидан қия мўралаб,  – бизди Бекобод ҳақидаям эртак борми?
– ¬Албатта! – Онам менинг хаёлимдан нималар кечаётганини, шифтга қарашдан чўчиётганимни сезмайди. – Ҳар бир ошённинг, – дейди  бамайлихотир тилга кириб, – ўзига яраша кечмиши бўлади. Бекобод тўғрисида жа эртак бўмасаям, шунга яқинроқ ривоятлар талайгина.   
Мен қувониб кетаман. Ҳовурим босилиб, кўнглим ширин орзиқади. Бошимни кўрпадан дадилроқ чиқариб, ялинаман:
– Унақа бўлса, бирортасини айтиб бери-и-инг…
Ўйлаганимдек бўлади, онам раъйимни қайтармайди.
– Хўп, бўпти, – дейди менга яқинроқ сурилиб. – Кўзингни юмиб жимгина ёт-да, қулоқ сол! – У меҳри товланиб, енгилгина томоқ қиради. – Бир замонлар Сирдарё ҳозиргидек оддий дарё эмас, роса катта денгиз бўган экан…
Мен томорқамиз адоғидаги жарни, унинг тагидан пишқириб оқадиган дарёни кўз ўнгимга келтираман. Аммо денгиз нималигига ақлим етмай, онамнинг гапини оғзидан оламан:
– Денгиз дейсизми?.. Нима у?..
– Уни мен ҳам кўрмаганман. Аммо бир нечта дарёнинг суви қуйиладиган, ҳовузга ўхшаган роса катта жой шунақа ном билан аталишини эшитганман. – Онам саволимга қисқача жавоб бергач, аввалги гапини давом эттиради. – Хуллас, ҳозир биз яшаётган жойлар қадим-қадимда Сирдарёнинг ўзани ҳисобланган. Бошдан-оёқ нуқул инсон қадами етмаган кўллару тўқайзорлардан иборат бўган. Ҳар кўлларки, тубида нақ уйдай-уйдай наҳанглар, юзасида туядай-туядай ўрдаклар сузиб юрган. Ҳар тўқайларки, куппа-кундузи бўрилар увлаган, тулки-шақоллар тинмай изғиган. Йўлбарслар, тўнғизу бўрсиқлар ҳам тез-тез учраб турган. Бора-бора дарё кичрайган. Асов тўлқинлар ювош тортган. Кўллар қуриган. Тўқайлар қақраган. Парранда-ю даррандалари қирилиб, чор атрофи ҳувиллаган биёбонга айланган. Ўнг қирғоққа ёндош ерлар Далварзин дашти, сўл тарафидагилар Мирзачўл деб аталган. Сал юқорироқда Куркат деган қалъа бўган. Унда Ширин исмли бўй етган, ғоят гўзал малика яшаган. У ниҳоятда доно-зукко, ақлли ва халқпарвар қиз экан. Шунданми, хушторлари бисёр экан. Лекин малика турмуш қуришга ошиқмас, кўпроқ чўлларга сув чиқариш тўғрисида қайғураркан.
Шу ниятда бир куни элга жар солдиртирибди. ,,Кимда-ким мен  айтган юмушни уддаласа, ўшанга суюкли ёр бўламан,” дебди. Бу гап шу ерлик Фарҳод исмли паҳлавон йигитга ҳам бориб етибди. У Ширинга зимдан кўнгил қўйиб юрган экан. Энди фурсатни ғанимат билибди. Дарёга банд солишга, беҳуда оқиб ётган сувни саҳро томон буришга астойдил бел боғлабди. Олмосдек кескир пойтешасини обдон чархлабди. Тўғон қуриш учун дарёнинг энг тор қисмидан жой танлабди. Унинг ёнбошидаги осмонўпар тоғ харсангларини сариёғдек кесиб-қўпориб, парчалашга тушибди.
Маликанинг қаллоб харидори – Фарҳоднинг айёр рақиби Хисравшоҳ эса, хиёнаткорона йўл тутибди. Шотирларига дарё зийидан чўлнинг қоқ киндигига қадар оқ-ялтироқ бўйралар тўшаб чиқишларини буюрибди. Амри вожиб бўлгач, Ширинга чопар жўнатибди. ,,Эй, паризоди олам, шартингни бажардим. Ишонмасанг, хуфтон чоғи кўшкингга кўтарилиб, этакка разм сол!” деган хабар етказибди.
Макр-ҳийла нималигини билмаган малика унинг истагини бажо келтирибди. Қараса, ҳақиқатан ҳам, чўлу даштларга оби ҳаёт таралаётганмиш. Аммо у тун қоронғусида бир нарсани пайқамабди. Бу аслида сароб эканлигини, оқ-ялтироқ бўйралар майин эсган шамолда беозор тебранаётганини, ой шуъласида худди сув жимирлаб оқаётгандек товланаётганини хаёлига ҳам келтирмабди. Лафзига содиқ қолиб, шу заҳотиёқ Хисравга тегишга розилик билдирибди. Тонг ёришар-ёришмас, тўй-томоша бошланиб кетибди. Шириннинг шошқалоқлигидан огоҳ топган Фарҳод аламига чидай олмабди. Ўзини баланд чўққидан пастга ташлаб, ҳалок бўлибди. Эрталаб малика ҳам алдаганини сезиб қолибди. Номус – ўлимдан кучли! Орияти устун келиб, ўзини дарёга отибди. Тилсиз ёв азалий ҳунарини кўрсатибди. Кўз очиб-юмгунча уни комига тортибди…
Онамнинг овози сусаяди. Сусая-сусая, жимиб қолади. Ора-чира эснаётгани қулоғимга чалинади. Мен хавотирга тушиб, бетоқатланаман.
– Ундан кейин нима бўпти? – дейман юрагим увишиб.
– Нима нима бўпти? – уйқусирай бошлаган онам каловланиб сўрайди.
– Чўлларга сув чиқибдими?
– Ҳа-я, – онам йўқотган калавасининг учини топган одамдай, мамнун бош ирғайди. – Чиқибди. Аммо маликанинг орзусини кейинчалик ҳар ишга қодир оддий халқ амалга оширибди, – дейди шикаста жилмайиб. – Улар Ўратепа беклари кўмагига таянибдилар. Дарёни Фарҳод чамалаган еридан бўғиб, қақроқ чўлларга жон бағишлабдилар. У қирғоқни бу қирғоққа боғловчи кўприк солибдилар. Дарёнинг икки соҳилида қўрғон тиклабдилар. Мавриди келиб, уларнинг авлодлари ГЭС қурибдилар. Кулбаларга зиё улашибдилар. Қўрғончани Бекобод, ГЭС билан ҳалиги қояни Фарҳод деб атабдилар. Тоғ пойидан ирмоқланувчи сойни-ю рўпарада чирой очган янги қишлоқни Ширин дея номлабдилар. Шундай қилиб, афсоналарда бир-бирининг васлига муштоқ бўлган ошиқ-маъшуқлар ёнма-ён қад ростлабдилар. Эл наздида, улар мурод-мақсадларига етибдилар…
 Онам ривоятини якунлаб, менга юзланади:
– Мани билганларим шу холос… Энди-чи, дам олайлик, маъқулми? Кеч бўп кетди, эрталаб барвақт туришимиз керак.
У гап орасида камзулини ечиб, енгларини шимаради. Дуррасини маҳкамроқ танғиб, ухлашга чоғланади. Мен бирпасда шунча нарсани билиб олганимдан хурсанд бўламан. Ҳаво очиқ пайтлари ҳовлимиздан кўриниб турадиган олисдаги тоғларни, шаҳар томондаги қувурларидан эрта-кеч мудом қоп-қора тутун бурқсийдиган катта иморатни, тунлари электр чироқлари равшан жилоланадиган ГЭСни тасаввуримда жонлантириб, бениҳоя ғурурланаман. Онамдан эшитганларимни эртасигаёқ ўртоқларимга айтиб бериб, ҳаммасини қойил қолдиришни кўнглимнинг бир четига тугиб қўяман.
– Опа, – дейман кейин шодон суюнчилаб, – катта акам Сирдарё дунёдаги энг узун дарё, дейди. Шу тўғрими?
– Тўғри! – Онам чуқур хомуза тортаётиб, сўзимни маъқуллайди. – Аканг рост айтибди: ,,Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига!” Уқдингми?.. Унда бугунча етар, кўп эзмаланмай  ухла энди!
Мен ,,Хўп!” деб кўзимни юмаман. Бироқ ухлаш қайда?.. Зум ўтмай, яна онамнинг елкасидан тортқилайман:
– Опа, сиздиям ўзийиз тўқиган эртагингиз борми?
– Бор, – мудрай бошлаган онам истар-истамас жавоб қайтаради. – Нимайди?
– Бўса, униям айтиб беринг.       
– Оббо! – Онам норози қиёфада юзини буриштириб, қошларини чимиради. Илтимосимга кўнмай, баҳона қидиради. – Мани эртагим сираям қизиқмас. Айтганим билан фаҳминг етмайди. Яхшиси, каттароқ бўлганингда эшитарсан… – дейди зорлангудек бўлиб.
Мен ўжарлигимдан қолмай, баттар қисталанг қиламан:
– Қизиқ бўмасаям, тушунмасамам, майли, ҳозир айта қолинг, жо-он опа!..
– Хаҳ, қайсарлигинг ҳам бор бўлсин, болам, тутган жойингдан кесмагунингча қўймас экансан-да.
Чамамда, онамнинг энсаси қотиб, уйқуси қочади. Бошини кўтариб, ёстиққа ёнбошлайди. Аммо ҳадейишда эртагини бошламайди. Нимадандир иккилангандай, ҳазин ўйга ботади. Мен маҳтал бўлиб ётавераман.
– Эмасам, диққат билан эшит! – дейди анчадан сўнг қатъий қарорга келиб. – Бири бор экан, бири йўқ экан. Бири оч экан, бири тўқ экан. Узоқ ўтган замонда, кунчиқар томонда гуллаб-яшнаган сарзамин бор экан. Номи Серқуёш ўлка экан. Бир чеккаси баланд-баланд тоғларга, қибла тарафи ям-яшил воҳаларга уйқаш экан. Ариқларида сув ўрнида шарбат оқар, боғларида мева ўрнига бол етиларкан. Ер ости-ю ер устининг турган-битгани бойликларга кон экан. Хуллас, нақд жаннатмакон маскан экан. Одамлари пок-ҳалол, аҳил-иноқ яшарканлар.
Буни қорли тоғлар ортидаги, қалин-қалин ўрмонлар бағридаги Совуқ ўлка подшолари ҳам яхши биларканлар. Улар Серқуёш ўлкадагиларга ҳасад кўзи билан қарарканлар. Қачон бўлмасин, бу юртни босиб олиб, одамларини  қулга айлантириш, бебаҳо бойликларига эга чиқиш пайида юрарканлар. Шу мақсадда бот-бот ҳужум уюштирибдилар. Лекин қабиҳ ниятларига етолмабдилар. Охири энг нозик, энг қалтис усулни қўллабдилар. Серқуёш ўлкага айғоқчиларини йўллашга аҳд қилибдилар.
Айғоқчилар аввалига маҳаллий аҳоли тилини, урф-одатини ўрганибдилар. Сўнгра савдогару сайёҳ ниқобида Серқуёш ўлкага кириб келибдилар. Шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қищлоқ изғиб, оми-тўпори одамларни тўғри  йўлдан урибдилар. ,,Нима учун бир ҳовуч бойлар – егани олдида, емагани ортида – тўқ-фаровон яшаб, даври даврон сурадилар-у, қишин-ёзин қора терга ботиб ишласангиз-да, сизларнинг косангиз оқармайди?” дебдилар. ,,Ҳамма бало ўзларингизнинг бўш-баёвлигингизда, ҳақ-ҳуқуқингизни билмаслигингизда,” дебдилар. ,,Агар бизга эргашсангиз, сизларга бахт-иқбол келтирамиз. Қонхўр хону амирларни, золим бойларни  йўқотиб, барчани баробар қиламиз,” дебдилар. ,,Истасангиз, Худоингиз нариги дунёда ваъда этган беҳиштни Ер юзининг ўзидаёқ барпо этамиз,” дебдилар.
Шоли курмаксиз, карвон хатосиз бўлмайди. Дарахтни ичидан қурт кемирмаса, мўрт келмайди. Айрим лақмалару юртдан чиққан хоин-сотқинлар кечириб бўлмас гуноҳга ботибдилар. Яқиндаги жигардан узоқдаги қуйруқни афзал кўрибдилар. Ғаламислар иғвосига лаққа тушиб, босқинчиларни қўллаб-қувватлабдилар. Пайт пойлаб, хону амирларни тахтдан ағдариб ташлабдилар. Бу ҳам етмагандай, андаккина ўзига тўқ одам борки, барини муштумзўр-қулоққа йўйибдилар. Хоҳласалар, уларнинг мол-мулкларини тортиб олиб, ўзларини зиндонбанд қилибдилар. Хоҳласалар, бегуноҳ бола-чақаларини ҳам қўшиб, борса-келмас ерларга бадарға қилибдилар. Жиндай эътироз билдирганларни халқ душмани ҳисоблабдилар. Йўқдан бор ясаб,  ўлимга буюрибдилар.  
Охир-оқибат зулм ғалаба қозонибди. Серқуёш ўлкага фалокат дорибди. Не-не гўзал гўшалар вайронага айланибди, сайроғи бехосият бойўғлиларга макон бўлибди. Элдан файз-барака, рўзғордан ризқ-насиба қочибди. Одамлар ўртасига совуқлик тушиб, ўзаро меҳр-оқибат йўқолибди. Бола отага қўл кўтарибди, ини оғага қурол ўқталибди. На насл-насабини тан оладиган қаттоллар, на киндик қони тўкилган тупроқни қадрлай биладиган баттоллар кўпайибди. Қирғинбароту парокандалик кучайгандан-кучайибди. Гўёки ўрмонга ўт кетиб, ҳўлу қуруқ баравар ёнибди…
Эртак шу ерга етганда синглим уйғониб йиғлайди. Онам бешик тебратиб алла айта бошлайди. Овози сокин-ғамгин янграйди. Чироқ ожиз милтиллайди. Танҳоликдан зерикиб, муз қотган ой секин осмонга ҳаволанади. Шамол забтига олади. Томда алланима тарақлайди. Бўғотда мушук зор-зор миёвлайди. Эшик аввалгидан-да аянчлироқ ғижирлайди. Игнадай тирқишидан туядай совуқ ёпирилади. Чўғи ўчган сандал совий бошлайди.
Мен этим жунжикиб, ғужанак бўлиб оламан. Дамимни ичимга ютиб, хаёл сураман. Нуқул Серқуёш ўлкани ўйлайман. Унинг одамлари қисматига ачинаман. Ўзгалар юртига ғорат келтирган босқинчилардан, болани отага, укани акага қайраган жосуслардан, уларнинг ноғорасига ўйнаган сотқинлардан нафратланиб кетаман. Синглимнинг пишиллаши қулоғимга чалингач, маънодор йўталаман. Онам ниятимни англайди. Эртагини узилган жойидан улайди.
– Бало-қазога гирифтор бўлганлар орасида, – дейди бошимни силаб, – пайваста қош, барваста қомат, эскичадан бир оз хабардор норғул йигит ҳам бор экан. У қирга буғдойини сепиб, яйловга чорвасини ёйиб, бировга зиён-заҳмати тегмай, тинчгина кунини кўриб юраркан. Баногоҳ унинг ширин ошига пашша тушибди. Орага рашк балоси аралашибди. Унга хусумат доялик қилибди. Бунга етти ёт бегоналармас, ўзининг даҳрийлар сафига ўтиб кетган болаликдаги дўсти сабабчи бўлибди. У ёшлигида йигитнинг хушрўйгина  рафиқасига совчи юборгану, бироқ рад жавобини олиб, доғда қолган экан. Энди олатасирдан фойдаланиб, ўч олмоқни дилига тугибди. Ўртоғи устидан бир дунё ёлғон-яшиқ тўқиб, махфий маҳкамага чақув хати  йўллабди.
 Шу баҳона, йигит бечорага орқаваротдан ноҳақ айб тақашибди. Уйида илоҳий китоб сақлаган диндор, адирда боғи, қўрасида саккиз туёқ моли бор мулкдор сифатида сургун қилишни кўзлашибди. Иймони бут бир киши бу бедодликка бефарқ қаролмабди. Ярим тунда унинг эшигини қоқибди. ,,Навбат санга етди-ёв… Яшашни истасанг, қочиб қол!” дея шипшитибди.
Йигит фурсат ғаниматида кўч-кўронини аравага юклабди. Хотинини, бола-чақасини уйғотиб, дарҳол овулни тарк этибди. Қирдан қуйига эниб кетаверибди, кетаверибди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам, мўл юрибди. Тоғу тошлардан ўтибди, дала-даштлардан ошибди. Юриб-юриб, охири тентак шамол яйраган азим дарё ёқасидан чиқиб қолибди. Ён-верига мундоқ разм солса, бу қирғоқ одам юрса оёғи, қуш учса, қаноти куядиган саҳрога туташиб кетганмиш. У қирғоқда аждаҳо кирса, бадар кетадиган ботқоқлигу чангалзорлар ястаниб ётганмиш. Кафтдек ялангликда эса, ўзига ўхшаган бир гала одам уймалашиб ётганмиш. Улар ҳар жой-ҳар жойга капа тикиб, калхоз тузаётганмишлар.
Йигит, таваккали Худо, дея шу ердан қўним топибди. Лой қориб, уй қурибди. Кўп қатори тер тўкиб, тўқай ўзлаштирибди. Қўш ҳайдаб, чигит экибди. Заҳмат чекиб, хирмон яратибди. Меҳнатсеварлиги, уддабурронлиги туфайли эл аро обрў-эътибор орттирибди. Одамлар унга катта ишонч билдиришибди – ўзларига бригадирликка сайлашибди.
Машойихлар билиб айтишади. ,,Ҳар қандай дарднинг давоси – вақт!” дейишади. Ҳа-ю ҳайт дегунча, орадан ойлар ўтибди. Бир-бирини қувлаб, йиллар ўтибди. Эски яралар битиб, гина-кудуратлар унутилибди. Йигит ғам-андуҳларини эсидан чиқарибди. Жабр-жафолардан қутулиб, тинч-хотиржам ҳаёт кечира бошлабди. Аммо…
Онам бирров тин олади. Чироқнинг хира нурида юзимга синчков тикилади. Эртакни мижжа қоқмай, берилиб тинглаётганимга ишонч ҳосил қилгач, яна тилга киради:
– Афсус, минг афсус, камбағални туянинг устидаям ит қопиши ҳаққи рост экан. Иттифоқо, кеч кузнинг ёғинли-сочинли кунларидан бирида қишлоққа эгнига қора рангли узун чарм камзул, оёғига нағал пошнали хром этик кийган, белига тимқора ғилофли наган таққан бадқовоқ, нигоҳлари ўта совуқ одам кириб келибди. Калхоз идорасида бригадирни холи учратиб, ўзини таништирибди. Уни кўрибоқ, бригадирнинг ранг-рўйи қув ўчибди. Юраги шув этибди. Лаб-даҳани осилиб, ич-ичидан зил кетибди.
Бадқовоқ меҳмон пинак бузмабди. Авзойини ўзгартирмабди. Папкасидан битта сарғайган сурат чиқарибди. Сарғимтил ўлик кўзларини дам суратга, дам бригадирга қадаб,  сўрабди:
– Бу ким?
 Бригадир бояқиш нимаям қилсин?.. Бир боқишдаёқ ўз сиймосини танибди. Ғазабданми-ҳаяжонданми, манглайи тиришиб, беихтиёр муштлари тугилибди. Лаблари пирпираганча, тескари ўгирилибди. Нигоҳини ерга қадабди. Шу кўйи “,Ўзинг ҳаммасини кўриб-билиб турибсан-ку, яна нимасини сўрайсан, иблис!” дегандай, бир нуқтага тикилганча, мум тишлаб ўтираверибди.
Бадқовоқ меҳмон отдан тушсаям, эгардан тушмабди.
– Тўғри, – дебди бригадирнинг дилидан кечган ҳадикни уққандай, – биз бор ҳақиқатни ойдинлаштирдик. Сизнинг номингиз палон йили қулоқлар рўйхатига тиркалган. Жуфтакни ростлаб қолганингиздан кейин эса, отувга ҳукм қилингансиз. Далил керак бўлса, марҳамат!
У уч киши имзолаган, бор-йўғи икки калимадан иборат бир энликкина ҳукмномани бригадирнинг олдига сурибди. Бригадир қоғозга бирров кўз қирини ташлабди-ю, дор остига олиб кетилаётган аристондай мунғайиб қолибди.
 – Билардим, – дебди анчадан сўнг дудуқлана-дудуқлана. – Ойни этак билан ёпиб бўлмаслигини, кўза кунда эмас, кунида синишини билардим, – дебди аъзойи бадани қақшаб. – Бу жамиятда бир марта хатга тушган одам умрбод ўтга тушишини билардим. Баъзан тиканга ағанагандек, туни билан алаҳсираб чиқардим. Қачондир, кимдир қўлимга кишан уриб, олдига солиб кетишини тушларимда кўрардим. Бугун ўша фурсат етган кўринади… Начора, энди иложим қанча?.. Фақат бир ўтинчим, оилам билан охирги бор хайр-хушлашимга ижозат берсангиз…
Шунда кутилмаган воқеа рўй берибди. Бадқовоқ меҳмоннинг лузумсиз кўзларида нур чақнаб, совуқ юзларига табассум ёйилибди. У бригадирга хайрихоҳлик ила боқибди.
– Ўртоқ бригадир, – дебди ҳар сўзини чертиб-чертиб, – ўзингизни босинг. Мен бу ерга сизни ҳибсга олиш учунмас, балки фавқулодда бир хушхабарни етказиш учун келганман. Бошда айтдим-ку, биз ишни ҳар томонлама пухта-батафсил ўргандик. Пировардида, ҳамкасбларимиз озгина шошқалоқлик қилишганини аниқладик. Сиз адоват қурбони бўлишингизга бир баҳя қолган экан. Аслида ҳалол, ишчан инсон экансиз. Исботи – неча йиллардан буён пахтадан мўл ҳосил етиштираётирсиз, фидокорона меҳнатингиз билан дунёда йўлчи юлдуз ҳисобланмиш мамлакатимизнинг қудратига қудрат қўшаётирсиз. Шунга мувофиқ, беайб деб топилдингиз. Мана, оқлов қоғози!
Бригадир дабдурустдан қулоқларига ишонмабди. Ногаҳоний янгиликдан маст одамдай довдирабди. Ўзига келгач, сапчиб оёққа қалқибди. Меҳмон узатган ҳужжатни жонҳолатда унинг қўлидан юлқиб олибди. Тик турганича шоша-пиша ўқибди-ю, гўдак бола мисоли баралла ҳўнграб йиғлаб юборибди…
Таассуфки, худо берса ҳам қўшқўллаб бераркан, урса ҳам қўшқўллаб ураркан. Бечоранинг рўшнолиги узоққа чўзилмабди. Ҳафта оёқлар-оёқламас, хотини иккови ўз уйида сирли равишда вафот этибди. Қишлоқда ,,Кимдир уларнинг овқатига заҳар қўшиб берганмиш”, деган миш-мишлар тарқалибди…
Худди шу лаҳза увада булутлар ой юзини тўсади. Осмонни зулмат чулғайди. Боягина деразамиздан тушиб турган нур қоронғулик қаърига  сингиб кетади. Басма-басига шамол тағин-да авжига чиқади. Еру кўкни ямлагудек важоҳатда тинмай ҳуштак чалади. Хонага совуқ сукунат чўкади. Онамнинг бўғзига нимадир тиқилгандай бўлади. Гапиролмай, энтикади. Оғир сўлиш олиб, устма-уст уф тортади. Ҳар хўрсинганида елкалари билинар-билинмас титрайди. Кўзларида ҳалқаланган ёш шишасини тутун қоплаган чироқнинг ожиз нурида зўр-баъзўр товланади.
Мен онамнинг ғамга ботишини эртакдаги фожиа даҳшатига йўйаман. Йиғисини азбаройи эр-хотинга ачинганидан деб биламан. Кўпроқ бригадирнинг болалари тақдирига қизиқаман. Дилгир ўйлар гирдобидан чиқолмай, қўрқа-писа сўз қотаман:
– Улар омон қолишибдими?
– Кимлар?.. Болаларми? – дейди онам эс-ҳушини йиғиб олиб. – Шўртайгина опа-сингилларнинг тўнғичи ўн иккига, кенжаси тўққизга қадам қўйган, ўғил укалари ниҳояти етти ёшда экан. Хайриятамки, улар ўша оқшом эрта уйқуга кетиб, оғу қўшилган таомдан ейишмаган экан. Аммо биратўла ҳам отадан, ҳам онадан айрилиб қолишгач, тоза қийналибдилар. Бировларди молини боқибдилар, бировларди боғини қўрибдилар. Кимларнингдир боласига қараб, кир-чирларини ювибдилар, кимларнингдир томорқасида ишлаб, ҳовлисини супирибдилар. Хуллас, сағирликди неки азоби бор, барини тортибдилар. Бўйлари чўзилиб, суяклари қотгач, калхозга кирибдилар. Пахтада ишлабдилар, пилла тутибдилар. Вақти-соати етиб, оила қуриб, ували-жували бўптилар. Аста-секин ўзларини ўнглаб обтилар.
– Анави, заҳар берганлар-чи, – дейман мен сабрим чидамай. – Улар топилибдими?
– Йўқ! – Онам надомат-ла секин бош чайқайди. – Қанча сўраб-суриштиришмасин, қотиллар кимлигини аниқлашолмабди. Лекин қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади деганлари рост экан. Қишлоқда бир вақтлар бригадирга девор-дармиён қўшни турган сўққабош қария яшаркан. У ўн беш-йигирма қовун пишиғининг нари-берисида бедаво дардга чалиниб, инисининг уйида тўшакка михланиб ётаркан. Омонатини топширар чоғи бригадирнинг зурриётларини ҳузурига чорлаб, кўпйиллик сирни ошкор қилибди. ,,Сизларнинг ота-онангиз умрига, нобакор ўртоғининг қутқусига учиб, асли мен зомин бўлгандим. Қилмишимни ҳозирга довур яшириб келдим. Бир умр аросатда яшадим. Жазодан омон қолсам-да, виждон азобидан қочиб қутулолмадим”, дебди. ,,Бугун паймонам тўлиб, сафарим қариб турибди. Бошимдан ўтгани ўзимга-ю, ёлғиз Худога аён”, деб тавба-тазарру қилибди. ,,Уддасидан чиқа олсаларинг, гуноҳимдан кечинглар”, дея ялиниб-ёлворибди.
Онам тағин жим қолади. Ортидан чуқур хўрсинади. Мен жавдирабгина сўрайман:
– Опа-укалар уни кечиришибдими?
– Бошқа нимаям қилишарди… – Онамнинг титроқ овози узоқ-узоқлардан аранг эшитилаётгандай туюлади.
– Наҳотки?.. Ахир… – Мен ҳайратдан энтикиб қоламан.
– Ўртага оқсоқоллар аралашибдилар. Қариндош-уруғлари чолнинг гуноҳидан ўтишларини сўрашибди. – Онам ўйчан қиёфада ўнг қўлини пешонамга босади. Қадоқ кафти билан беихтиёр юзларимни силайди. – Ўтар дунёнинг ишлари шунақа, ўғлим. Ножўя қилмиш ҳеч қачон жавобсиз қолмайди. Яратган эгамнинг ўзи адашган бандасини тирноқдан қисса, устига устак, тузалмас дардни бериб қўйса, бундан ортиқ жазо қайда бор?.. Буни бригадирнинг жигаргўшалари ҳам тушунишибди. Шунинг учун чолни ўлимидан кейин ҳам қарғашмабди.
– Нега?
– Марҳумларни ёмонлаш одобданмас. Чунки инсон боласи онадан фариштадай бегуноҳ туғилади. Ҳаётлигида нимаики яхши ёки ёмон иш қилса, ҳаммаси тупроқ устида қолади. Вужудни жон тарк этгач, қабрга қуруқ жасаднинг ўзи тушади. Мурдада айб бўлмайди.
Онам кўрпани устимга тортаркан, сўзига якун ясайди:
– Ана, айтмовдимми, мани эртагим сираям қизиқмас. Сан ҳали буни тушунмайсан. Бир кун улғайсанг, мавриди келиб, ҳаммасини ўзинг билиб оларсан. – У бир оз сукут сақлагач, қўшимча қилди. – Балки, ўшанда мани эртагимни давом эттирарсан. Балки, қаловини топиб, уни яхшилик билан тугатарсан, хўпми?
– Хўп! – Мен ўзим билмаган ҳолда ваъда бериб юбораман.
Онам бундан руҳланиб, елкамга оҳиста қоқади:
– Ўзим ўргилайин сандан, энди ухла, болам.
У бошқа сўз қотмайди. Пешонамдан ўпиб, ўрнидан қўзғалади. Ғамгин қиёфада чироқ сари юради. Унинг шишасини тозалаб, пилигини баландлатади. Сўнгра унсизгина одимлаб, тахмондаги эски сандиққа яқинлашади. Устидаги кўрпа-ёстиқларни туширгач, зил-замбил қопқоқни даст кўтаради. Сандиқни титкилаб, ичидан оқ сурпга ўралган, жигарранг муқовали қандайдир китобни чиқаради. Ғуборини енги билан артади. Саҳифаларини варақлашдан олдин кўзларига суртади. Шу асно лаблари изтиробли шивирлайди. Бармоқлари алланечук қалтирайди.
У шу кўйи ҳайкал янглиғ тош қотади. Миқ этмай ўтираверади, ўтираверади… Дераза токчасида яна ой шуъласи ўйнайди. Шамол тўхтаб, ҳаммаёқ сув қуйгандай тинчийди. Чироқ равшан нур соча бошлайди. Мен онамни кута-кута кўзим уйқуга қандай илинганини сезмай қоламан…
…Ажаб, онам ўша эртагини кейинчалик бирон мартаям қайта эсламади. Аксига олиб, мен ҳам ҳеч сўрамадим. Бироқ…
Мактабни битираётган йилим тасодифан аччиқ бир ҳақиқатдан огоҳ топдим: онам тилга олган мунгли воқеа чўпчак эмас, аслида унинг ўз бошидан кечирганлари экан. Хусуматга учраган йигит волида томонидан бобом, унинг чирқираб қолган фарзандлари эса холам, онам ва тоғам экан.
Буни етти авлодимизни тушунтираётиб, гап орасида отам айтиб қолди. Мен “Наҳотки!” дегандай, онамга юзландим. У индамади. Анча вақт нигоҳларини ерга қадаб ўтирди-ўтирди-да, охири ўрнидан сас-садосиз қўзғалиб, ҳамон эски сандиқ сақланаётган уйга кириб кетди. Мен унинг ортидан эргашишга журъат қилолмадим. Кейинчалик ҳам бу ҳақда сўрашга ботинолмадим. Шу важдан, онам тириклигида болалигимда унга берган ваъдамнинг устидан чиқолмадим. Ҳарчанд уринмай, онам айтган ҳикоятни давом эттириб, эзгулик билан тугатолмадим.
Ниҳоят, бу тонг уни шамол увиллаган, бўрон қутурган, олис-олисларда қолиб кетган аёзли қиш кечаси қай тарзда эшитган бўлсам, ўша ҳолича қоғозга туширдим. Ўзимдан ҳеч нарса қўшмадим, қўшолмадим… шундайлигича сизга илиндим. Негаки, бу етимлик азобини хўп тортган онамнинг эртаги… Ота-она меҳрига зор-интизор ўсган онамнинг ҳақиқатдан яралган эртаги… Унинг абадул-абад ушалмаган, мангу қароргоҳига ўзи билан бирга олиб кетган қалб армони…
Сиз нима дейсиз, билмадим. Лекин, менимча, оналарнинг дили тубидан чиққан калом иймон қадар муқаддас бўлади. Уни ўзгартириш, тўлдириш асло жоиз эмас. Айни чоғда, лоақал бирор сатрини тушириб қолдириш ҳам сира-сира мумкин эмас…

“КАМСАМОЛ”

Ўзбекнинг тўй-маъракаси кўпчилик билан ўтади. Бунақа пайтда қўни-қўшни ҳам, қариндош-уруғ ҳам қараб турмайди. Ҳеч ким амали ёки ёшини пеш қилиб, ўзини четга тортмайди. Барчаси бирдек елиб-югуради, биров айтмаса ҳам, ишини билиб-билиб қилиб кетаверади. Ҳар маҳалланинг ўз ошпази, ўз самоварчиси, ўз кайвониси бўлади…
Онам вафотининг учинчи куни, таомилга кўра, худойи ўтказадиган бўлдик. Унга олдиндан пухта ҳозирлик кўрдик. Кечга томон ёру биродарларни маслаҳатга йиғдик. Қай бировимиз ўтин ёриб, ўчоқ кавладик. Қай бировимиз сабзи-пиёз тўғраб, гўшт нимталадик. Хуфтонга яқин тонгги юмушларни ўзаро тақсимладик. Энг асосий вазифа – ош пишириш одатдагидай Қўзивой аканинг зиммасига юклатилди. У отамнинг бўлаваччаси. Асл касби – монтёрлик. Қўшимча ҳунари – ошпазлик. Катта-кичик давраларда, кези келса, икки-уч қозонлаб, ош дамлайди. Ҳамма унинг қўли ширинлигини мақтайди. Кўпчилик бекордан бекорга ҳар кимга ҳам тан беравермайди.
 Чой қайнатиш масаласи эса андак баҳсга сабабчи бўлди. Ўзимизга қолса, бу ишни ёш-ялангларга топширмоқчи эдик. Бироқ Қўзивой ака кўнмади.
– Ага-а-ар мани гапимга кирсаларинг, – деди салобатига ярашиқли сариқ мўйловини силаркан, ҳар сўзини салмоқлаб, – самоварди шу-у… мани оғайним Камсамолга берсак. – У саволга ҳожат қолдирмай, тиқмачоқдек бармоқларини навбатма-навбат букиб санай кетди. – Авваласи, биласизлар, бечоранинг кўнгли яримта. Ўзини элди хизмати билан овутиб юради. Иккинчидан, уч ҳафтадан ошдимикин-бир ой бўлдимикин, Тошкентдаги горбаннисада ётувди. Бугун пешиндан кейин кеганмиш…
Қўзивой ака шундай деди-ю, нимадандир хижолат чеккандай, бир зум жим қолди. Этдор лунжини силаб, оғир хўрсингач, ростига кўчди.
– Тирикчилик қурсин, шунақа вақтларда гойи рўзғор ташвишларини, гойи йўл узоқлигини баҳона қилиб, одамгарчиликниям унутворамиз. Мана, биттаси ўзимми?.. Оила юмушларига кўмилиб, Камсамолди кўргани боролмадим. Ҳойнаҳой, ўпкалаб юрган бўса керак. Бундан ташқари, у сизларга қариндошлигимдан яхши хабардор. Хизматга айтмасак, қаттиқ хапа бўлади. Дарров одам қаторидан чиқариб қўйибди, деб мандан гумонсирайди. Учинчидан, худойи – катта маърака! Унда чой етказиб беришни Камсамолдан бўлак унча-мунча одам уддалолмайди…
Қўзивой аканинг ташвишланиши ҳам, зўр бериб ўзиникини маъқуллаши ҳам бежиз эмас. ”Камсамол” деганимиз унинг тенгдоши. Уйи бизникидан уч кўча пастда. Исми – Абдурайим. Қўзивой ака билан болалигидан ўртоқ. Қишлоқ аҳлининг таъбирича, улар борлигида бир-бирини кўролмайдиган, йўқлигида бир-бирисиз туролмайдиган қадрдонлар. Сиртдан қараган ёки дафъатан иккисининг суҳбатини эшитган одам бу гапга ишонмаслиги тайин. Чунки улар ташқи кўринишларидан ҳам, туриш-турмушларидан ҳам бир-бирларининг тамоман акси. Қўзивой ака оқ-сариқдан келган, кенг елкали, барвастақомат киши. Ўғил-қизлари кўп, неваралари бир этак. Доимо саранжом-саришта кийиниб, соч-соқолини чиройли қиртишлаб юради. Арчилган тухумдай сип-силлиқ, лўппи юзларидан қон томиб туради.
Абдурайим ака эса, паст бўйли, қўл-оёқлари калтабақай, ушоққина одам. Ранг-рўйи қоп-қора. Пешонасини тарам-тарам ажин қоплаган. Бурни чўмичдай. Ҳазилкашларнинг гапича, ўзидан олдин бурни юради. Кийинишиям ҳаминқадар. Қачон қараманг, эгнида ғижим костюм-шим, ёқаси дазмолга ошно бўлмаган кўйлак. Бошида шунга монанд эски дўппи, оёғида ранги униқиб кетган ботинка. Устига устак, бояқишнинг бахти юришмаган. На хотини, на бола-чақаси бор. Кўз очиб кўрган ёстиқдоши билан бир йилгина яшаган. У хиёнат йўлига кириб, жазманининг этагидан тутиб кетганидан буён сўққабош.
Айтишларича, Абдурайим аканинг отаси узоқ йилги қаттиқ қишда бевақт нобуд бўлган. Ўтин ғамлаб келиш учун тўқайга ўтган-у, қайтишида муз ёрилиб, Сирдарёга чўкиб кетган. Вақти-соати етиб, онаси қайта турмуш қурган. Эндигина тили чиққан болакай ёлғизгина бувисининг қўлида қолган. Кўпинча оч-наҳор юрганидан кўп дардга чалинган. Сал нимжонроқ, сал ношудроқ бўлиб ўсган. Мактабга кеч борган. Аранг саккизинчи синфгача ўқиган. Ўн беш-ўн олти ёшида ишга кирган. Дастлаб колхоз боғида қоровуллик қилган. ”Камсамол” лақабини ўша кезлар орттирган. Бунинг ўзига хос тарихи бор.     
У вазифасини ҳалол ўтайди. Боғга бегоналарни асло йўлатмайди. Ҳатто бир оқшом бош ҳосилот “нозик меҳмонлар”и учун сўраттириб юборган икки челак узумни ҳам ҳужжатсиз бермайди. “Кўпчиликнинг ҳақига хиёнат қилолмайман”, дея туриб олади. Хижолатда қолган ҳосилот эртаси куни ҳамманинг олдида унга дўқ уради. “Сани бўш-баёвгина бола кўриб юрсам, ўзи ҳам емайдиган, бировга ҳам едирмайдиган зиқна – ғирт камсамол экансан-ку!” дейди.
Шу-шу унинг Абдурайим исми унутилади. Ёшу қари – барчанинг тилида ”Камсамол” бўлиб кетади. Ўзи қишлоқ аҳли учун ҳалоллик тимсолига айланади. Албатта, буни кимдир тўғри, кимдир кесатиқ маънода тушунади.
Абдурайим ака ҳозир ҳам ёлғиз бувисидан мерос бўлиб қолган ёлғиз кулбасида ёлғиз ўзи яшайди. Лекин ҳеч кимга тақдиридан нолимайди. Ҳеч қачон “Пешонам нега бунча шўр?” демайди. Одамлардан ўзини олиб қочмайди. Тўй-маъракаларда, Қўзивой ака айтмоқчи, бажонудил хизмат қилади. Асосан битта вазифани бажаради. Ўртоғининг қозони ёнбошига самовар қўйиб олиб, чой қайнатади. Эвазига ҳақ сўрамайди. Ким нима берса, индамайгина олиб кетаверади. Лекин, “Бенуқсон – Парвардигор!” деганларидек, сал ғашга тегадиган одатлари ҳам бор. Биринчиси – ҳар икки сўзининг бирига русча аралаштириб гапиради. Бу ҳам етмагандай, нуқул “Билдингми?”, “Тушундингми?”, “Эшитдингми?” дея қайта-қайта сўрайверади. Иккинчиси – тўйларда хизмат асноси яхшигина “отади”. Айниқса, никоҳ базмларида  ошириб юборади.
Ошириб юборгани шуки, ўйин-кулги айни авжига чиққан пайтда “жанговар пост”ини унутиб қўяди. Иккита катта алюмин човгумни кўтариб олиб, даврага тез-тез кириб чиқаверади. Чой тарқатищ баҳона ҳали у-ҳали бу сўрида ўтирганлар олдига бориб, қиттак-қиттак отаверади. Кайфи ошгач, “ташриф”ининг бадиий қисмига ўтади. Тўппа-тўғри келин-куёвнинг рўпарасига боради-да, човгумларни бўйи баробар кўтарганча тош қотади. Худди шу лаҳза мусиқа тинади. Даврада шивир-шивир болалайди. У ён-бу ёндан ҳангоматалабларнинг луқмалари қулоққа чалинади:
– Ҳа, яша-а-а-анг, бормисиз, Камсамол!..
– Қани-қани, “Қайноқ човгум рақси”ни бир томоша қилайлик-чи!..
Абдурайим ака “талабларга биноан” мамнун бош силкитади. Қаддини  букиб, келиннинг дугоналарига чуқур таъзим қилади. Шўх куй чалиниши биланоқ аста-секин жонланади. Турган жойида гоҳ қошларини учириб, гоҳ елкаларини қимирлатиб, муқом қила бошлайди. Чор тарафни маст-аластларнинг ҳайқириқлари босиб кетади:
– Э, cира бўш кеманг, дадилроқ бўлинг, Камсамол!..
– Кўп ўйланманг, энг чиройлисини даврага тортинг, балли, Камсамол!..
Бўйни йўғонлиги туфайли донг таратган Сафар “калла катта”нинг ҳазили ҳамманикидан ошиб тушади:
– Энди бизни уялтирманг, ака. Ўйнаш қанақа бўлишини меҳмон қизларга қойиллатиб кўрсатиб қўйинг… Кейин сизни ўзим хурсанд қиламан.
Эркаклар даврасида “гур-р” этиб кулги кўтарилади. Хотин-халаж қарғаниб, юзини тескари буради. Қизлар дув қизариб, ерга қарайди. Абдурайим ака эса пинак бузмайди. Бояги алфозда икки-уч сония қилпиллагач,  “репертуар”ини кескин ўзгартиради. Майда қадамлар билан ўртада чарх ураётган раққосага яқинлашади. Унинг атрофида гир айланиб, басма-басига шох ташлашади. Даврада аввалгидан-да шодонроқ қийқириқлар янграйди:
– Дидингга қойил, қандингни ур, Камсамол! Фақат эҳтиёт бўл, қизгинани куйдириб қўймагин тағин…
Қизиғи шундаки, “Муножот” чалинаяптими ёки “Лазги”, Абдурайим акага фарқи йўқ. Дуч келган куй-қўшиққа бир хилда ер тепиб ўйнайверади. Аммо, қойил қолиш керак, ҳар қанча сархуш бўлмасин, қанчалик тез чир айланмасин, қўлидаги човгумларни тушириб юбормайди. Қайноқ чойнинг ақалли бир томчисни ҳам ерга тўкмайди.  Фақат охирги дақиқаларда кўзида билинар-билинмас ёш йилтиллайди. Чамамда, у ўйнаб туриб йиғлайди, йиғлаб туриб ўйнайди. Сабабини ҳамма билади, ҳамма тушунади. Шунданми, нозикбадан, навниҳол ўйинчи қиз билан ҳабашдай қоп-қора, пакана одамнинг бирга рақс тушиши шоҳи сўзанага солинган чипта ямоқдек хунук кўринса-да, бировга эриш туюлмайди. Ҳеч ким бояқишни сархушликда топган жимитдеккина қувончидан мосуво қилишни истамайди.
Абдурайим ака ўйнаб-ўйнаб чарчагач, секингина тўйхонани тарк этади. Орқа-олдига қарамай, тўғри уйига кетади. Уни кўпинча аллақачоноқ лаш-лушини йиғиштириб улгурган Қўзивой ака кузатиб қўяди. Ёлғизлигини билдирмасликка уринади.
Мана, ҳозир ҳам шундай қилди – “минг йиллик” ўртоғини унутмади. Унинг қистови билан чой қайнатишга Абдурайим акани айтадиган бўлдик. Бу ҳақда хабар етказиш менинг чекимга тушди…
Унинг кўчасида чироқ ўчиб қолган экан, уйидан ҳаяллаб чиқди. Икковлон тўлин ой ёруғида – шундоққина дарвоза вазифасини ўтовчи четан тўсиқ олдида учрашдик. Қисқа салом-аликдан сўнг мақсадга  ўтдим.
– Так, шунақа дегин… – У алланечук паст-ҳорғин овозда тилга кирди. – Ман санга айтсам, ўзи буёғи жа пазор бўп кетди, – деди хўрсиниб. – Сизларникига потиҳага ўтолмадим. Ўзиям йигирма икки кундан бери проста касал бўп, баннисада қора таппакдай ётувдим. Бугун эрталаб разрешение  тегди. Тошкент, биласан, катта город, йўл эса олис. Абеддан кейин келдим. Боягинда манови Абдураҳмон қўшним ҳол сўраб чиқувди, азадор бўп қоганларингни ундан эшитдим. – Абдурайим ака шу зайл узр изҳор этгач, елкамга дўстона қўл ташлади. – Так что, хавотирланма, раз ҳурматимни қип  айтдингми,  абизатилно бораман.
Раҳмат айтиб, изимга бурилаётгандим, у енгимдан ушлаб тўхтатди.
– Аммо-лекин-чи, мусулмончиликда тўлка ростини айтиш керак, – деди шаҳодат бармоғини осмонга ниқтаб, – сани отанг маладес одам эди. Между прочим, онанг ҳам ништяк, золотой кампир, билдингми? Так что, оилаларингга ҳурматим баланд. Это значит, хизматга безотказ бораман. Соат ровна учда уйларингда бўламан, эшитдингми? Самий главнийниси, сизлар самоварни сувга тўлдириб, ўтинни гатоп қип қўйсаларингиз, всё! Қогани мани абязанностим, тушундингми?..
Абдурайим аканинг отам ҳақида ўтган замон, онам ҳақида ҳозирги замон феълида гапирганига ҳайрон бўлдим. Бироқ, шошаётганим учун, сабабини суриштириб ўтирмадим.
У, ваъда берганидек, “ровна” соат учда кириб келди. Дарвозахонада ўзим қаршиладим. Ичкарига бошлаётиб, сездирмай разм солдим: уст-боши ўша-ўша. Аммо соқол-мўйловини қиртишлаб олибди. Олмос ўткирлик қилиб кесиб юборганми, иягига бир тийинлик чақадек қоғоз ёпиштирилган. Эгнидан, ҳаво совуқ бўлса-да, арзон атир ҳиди уфуриб турибди.
У бостирмадан ўтиб, пешайвонга кирди. Оёқ кийимини ечишга эринди шекилли, кўрпачанинг бир четини қайириб, пойгакка чўккалади. Шоша-пича пичирлаб, дуо ўқиди. Юзига фотиҳа тортгач, менга юзланиб, ҳамдардлик билдирди:
– Энди… хапа бўмайсан, оғайни, бандалик бу. Парвардигорнинг иродаси шунақа. Ишқилиб, гўрлари нурга тўлсин, жойлари жаннатда бўсин! Яратганнинг ўзи сизларга сабр-тоқат берсин!
– Айтганингиз келсин… – Мен кўнглим бўшашиб, бошимни қуйи солдим.      
– Бўмаса, ман турай, – Абдурайим ака чаққон ўрнидан қўзғалди. – Первий очередда мачитдан чоллар келишади. Уларга ошданам кўра чой важнийроқ, тушундингми? Карочи, ҳозирданоқ самоварни гуриллатиш керак!
Абдурайим ака йўл-йўлакай гапириб, ҳовли бурчагидаги самоварлар тарафга юрди.
– Э-э, ўртоқ Камсамол, бормисан? – Ўзи ўрнатган уч юзлик лампочка ёруғида қозон юваётган Қўзивой ака уни кўргани ҳамоно ишидан бош кўтарди. Қўлини елкасидаги қуруқ сочиққа артиб, қадрдонининг истиқболига пешвоз чиқаркан, тегажоқлик қилди. – Бу,  охирги пайтларда нега кўринмай қолдинг десам, бурга тепган эканда-а? Баҳай, бутунлай тузалиб кетдингми ё ҳалиям чаласи борми?
Сездим, унинг ялтоқланиши Абдурайим акага ёқмади. Аразини яширмай, юзини терс ўгирди. Қўзивой аканинг сўрашиш учун узатилган қўллари ҳавода муаллақ қолди.
– Оббо, гинанг зўр-ку! – Қўзивой ака сир бой бермаслик пайида бўлди. – Тўғри, – деди сўзида давом этиб, – сани олдингда ка-а-атта гуноҳкорман. Ишдан ортиб, вақт тополмадим. Шунга шунчами энди?
 – Эмасам-чи!?. – Абдурайим ака темирни иссиғида босди. – Озмас-кўпмас, безпериревно уч ҳафта ана кетдим-мана кетдим бўп ётсаму, бирров хабар омаса, тағин ўртоқмиш бу…
 – Бўпти-бўпти, одамни ҳадеб янийверма, – Қўзивой ака уни муросага чақириш баҳонасида баттар ачитди. – Кейинги сапар касал бўсанг, айтиб кет. Бориб кўришам гапми, бошингда ўтирволиб, оғзингга сув томизмаган номард.               
Шубҳасиз, қалтис ҳазил Абдурайим аканинг жон-жонидан ўтиб кетди.
– Ҳов, манга қара, малла! – деди қўлини пахса қилиб. – Ким олдин ўлиб, ким кейин қолишини Худо билади, тушундингми? Сан манга ғамхўрлик қимай қўя қо. Вообщемто, – деди титраб-қақшаб, – бировга ўлим тилагандан кўра, ўзингга умр тила. Ҳеч бўмаганда, светти тузатиб қўй, хўпми? Сан песнинг касрингга ҳозир вес кўча қоронғида қолиб, гўрингга ғишт қалаяпти, билдингми?
– Ў-ў, жа-а нозик жойимдан олдинг-ку, лилипут, – Қўзивой ака отдан тушса ҳам эгардан тушмади. – Қоранинг қони чиққунча сариқнинг жони чиқади, дейишарди. Сан озиб-ёзиб бир мартагина касал  бўпсан-у, айнибсан-қопсан. Қара, аччиғинг нақ бурнингди учида-я.
У “Бопладимми?” дегандай, менга  кўз қисиб қўйди. Абдурайим аканинг эса росманасига жаҳли қўзиди. Қўлидаги тарашани силкитиб, Қўзивой акага хезланди:
– Нима? Нима дединг, сариқ маймун?  Сан ўзи нега пастаянно мани ерга урасан? Нега Худо берган бурнимни калака қиласан? Ҳе, ўша пиширган ошингдан…
Қарасам, ўйиндан ўқ чиқиб, ҳазил зилга айланадиган. Ўзимча Абдурайим акани юпатдим:
– Кўнглингизга олманг, ака, от тепкисини от кўтаради. Жўрангиз ҳадди сиққанидан ҳазиллашаётгандир-да.
– Ким, шу-я? Шуям жўрами? – Абдурайим ака самовар қопқоғини тўғрилаётиб, лабларини   аламли буриштирди. – Йўқ, сто процент настояший душман бу. Ҳалиги, отинг қурғур фрицданам беш баттар сволич бу, тушундингми? Ман бу ерга унинг сассиқ гапини эшитганимас, чой қайнатиб, одамларди дуосини огани кеганман, билдингми?
У ”Гапим тамом!” дегандай, зарда аралаш қўл силтади-ю, самоварга ўтин қалашга тутинди.  Мен бошқа ишга уннаб кетдим…
Ниҳоят, чой қайнаб, ош дам еди. Тунги изғирин босилиб, ҳаво илигандай бўлди. Тонг бўзарар-бўзармас, уйимизга одамлар тўп-тўп бўлиб кела бошлашди. Биз – хизматдагилар қўлимиз-қўлимизга тегмай, ишга киришдик. Бир маҳал қариялар ўтирган тўрдаги уй бўсағасида отам кўриниб, овоз берди:
– Ҳов, Камсамол! Чолларга тўрт чойнак аччиққина кўкидан бўсин!            
– Есть, товариш командир! – Абдурайим ака ҳозиржавоблик ила илкис бош кўтарди-ю, қўққисдан дами ичига тушиб кетди. – Ё, Баҳовиддин! Ё, қудратингдан! – деди кейин кўзлари ола-кула бўлиб. – Отам ичкарига кириб кетгач, ажабсиниб менга юзланди. – Ҳозир чой сўраган ким эди, случайно, отангмасми?
– Ҳа, отам! Нимайди? – Ҳеч нарсани тушунмай сўз қотдим.
– Йўғ-е, неужели?.. – У бўшашиб, чинни чойнаклар териб қўйилган хонтахта четига ўтириб қолди. – Бу қанақаси? – деди қизариб-бўзариб. – Ахир отанг… – Бир оз талмовсирагач, ишонқирамай сўради. –  Манга қара, чеснийсини айт, бу ўзи сани киминг қазо қилган – отангми ёки онанг?..
Кутилмаган саволдан ҳанг-манг бўлиб қолдим. Ошни буза бошлаган Қўзивой акага эса Худо берди.
– Эй, галварс, – деди белкуракдай капгири билан гўштларни абжир илиб, тоғорага ташларкан, – сал анақароқ бўп қогансан, десам, тан олмайсан. Энди айт-чи, айнимаган бўсанг, ўлган бир ёқда қолиб, тирик одамди жанозасини ўқирмидинг? Оббо, Камсамол-ей…
Қўзивой ака сўзини тугатар-тугатмас, ўчоқбошида енгилгина кулги кўтарилди. Мен нима қиларимни билмай, Абдурайим акага ўгирилдим. Ўгирилдиму, ҳайрат ичра қотиб қолдим. Шу тобда у мен билган Абдурайим акага заррача ўхшамасди. Жўмракдан оқаётган қайноқ сув чойнакдан тошиб ерга сингиётганини гўёки кўрмасди. Ўртоғининг пичинггига ҳам, атрофдагиларнинг кулгисига ҳам парво қилмай, самовар ўтхонасида лангиллаётган чўққа термулганча жим ўтирар, афтидан, бутун дунёни унутган, ўзи билан ўзи овора эди. Кетма-кет ғудранганча нуқул икки жумлани такрорларди:
– Эсиз, шундай золотой кампир! Эсиз, шундай мировой хотин!..
Анчадан сўнг у бошини кўтариб, ёш тўла кўзларини менга қадади:
– Ахир, ўн кунча бурун мани кўргани баннисага боргандилар. Ўшанда соппа-соғ юргандилар-ку! Нега энди…
Абдурайим аканинг овози қалтираб кетди. Кейин ўрнидан тура солиб,  менинг бўйнимга осилди.
– Биласанми, – деди ёш боладай ҳиқиллаб, – вес қишлоқда единственно сани онанг мани исмимни тилга олиб гаплашардилар. Тем более, оғзиларини тўлдириб, Абдурайим полвон, дердилар. Сабабини сўрасам, ”Ном – номус! Ҳар кимди ота-онаси қўйган исми билан аташ инсон учун ҳам қарз, ҳам фарз,” деб тушунтирардилар. Хўш, энди-чи?..
 Унинг ўпкаси тўлиб, елкалари силкина бошлади.
–  Энди касал бўсам, ким мандан хабар олади?.. Энди ким ҳақиқий отимни айтиб чақиради?.. Ким мени Абдурайим полвон, дейди?.. Эсиз, шундай золотой хотин! Эсиз, шундай мировой кампир!..
Шу кўйи у товуш чиқармай узоқ йиғлади. Кўнглини бўшатиб бўлгач, дабдурстдан оёққа қалқди. Илдам одимлар билан томорқамизни шошилинч кесиб ўтди. Ариқдан чаққон ҳатлаб, яйдоқ далага чиққач, ўнгга қайрилди.
Мен аввалига Абдурайим ака қаён отланганини англолмай, анграйиб қолдим. Кейин ҳаммасини тушундим: у узоқдан элас-элас кўзга ташланиб турган қабристон сари кетиб борарди. Янглишмасам, онамнинг қабрини зиёрат қилишга шошарди. Шу дамда рўпарадаги тоғлар ортидан қуёш оҳиста мўралар, унинг йўлларига заррин нурлар сочарди. Мусаффо осмон илиқ-майин шуълага чулғаниб, борлиқ уйқудан уйғонарди…

СИХМОЛА

Баҳорнинг ғира-шира оқшом эди. Ҳаммамиз уйда талашиб-тортишиб ялпиз сомса еб ўтиргандик, отам онамга эслатиб қолди:
– Келаси ҳафтадан чигит экиш бошланаркан. Унгача анорларди кўтариб, ариғини опқўйишимиз керак. Кейин пиллага овора бўп қосак, қўл тегмайди.
Шу гап баҳона эртаси оилавий ҳашар уюштирдик. Отам билан онам анор очадиган, акаларим уларга қарашадиган бўлишди. Катта синглимнинг қилар иши-ку тайин: одатдагидай идиш-товоқларни ювади, ҳовли-уйларни супуриб-сидиради. Вақти-вақти билан бешикдаги кичик синглимга кўз-қулоқ бўлиб туради.
Шубҳасиз, энг оғир вазифа – укамни овутиб-ўйнатиш менинг чекимга тушди. “Нега бунча ваҳима қиласан?” дейсизми? Марҳамат, сабабини айтаман: укам аслида ёмон бола эмас. Икки юзи оппоқ, қўл-оёқлари дўмбоқ. Аммо сал йиғлоқироқ. Чақалоқлигида касалликка кўп чалинган. Шундан инжиқ бўлиб қолган. Тағин денг, балодайгина шумлигиям бор. Ўзи юришга эринади. Кўринган одамга “Мани кўтайинг, мани кўтайинг!” деб, канадек ёпишиб олади. Айтганини қилмасангиз, лўлиликка ўтади. Ёлғондакамига кўз ёшига зўр беради. Устига-устак, нуқул бурнини тортавериб, жонга тегади. У билан тил топишиш ҳамманиям қўлидан келавермайди.
Мана, ҳозир икковлон тандирхона олдида ўтирибмиз. Тагимизда ўртаси йиртиқ шолча-ю эски кўрпача. Укам пишиллаганча ишимни кузатаяпти. Мен ўлган кунимдан унинг буйруғини бажараяпман. Аниқроғи, пирпирак ясаяпман. Шу мақсадда саҳарданоқ пухта тайёргарлик кўрганман. Оғилхонамиз томидан бир даста қамиш суғуриб келганман. Отамнинг фақат сабзитўғрарларда ишлатадиган, бошқа пайтлари тахмондаги сандиқчада сақлайдиган ўткир пичоғиниям ўғринча олиб чиққанман. Ҳеч ким сезгани йўғ-у, барибир, эҳтиёт – шарт, кўрпача қатига яшириб қўйганман.
Ишқилиб, укам феъли айниб, хархашасини бошлавормаса, бўлгани. Акс ҳолда, нақ балога қоламан – уни кўтаришга мажбур бўламан. Бунақа азоб чеккандан кўра кечгача тинмай пирпирак ясаганим минг марта афзал. Боя биттасини битирувдимам-ку, укамга ёқмади. “Бунингиз бўмайди, кичкина”, деб туриб олди. Роса жаҳлим чиқди. Тумшуғига боплаб бир туширмоқчи ҳам бўлдиму, яна қўрқдим. Биламан-да, ариллаб юборса, оғирлиги айланиб-ўргилиб ўзимга тушади.
Ҳа, айтганча, сиз пирпирак ясашни биласиз-а?.. Йўғ-е, наҳотки?!. Унда эшитинг, бу сираям қийинмас: олдин йўғонлиги катта одамнинг ингичка бармоғидай бир қарич қамиш танлайсиз. Қарама-қарши томонларини пичоқ билан оҳиста тилиб, тиккасига билинар-билинмас ёрасиз. Ўша ёриқларга тўртбурчак шаклида қирқилган қаттиқроқ қоғозларни четгинасидан авайлаб, қистирасиз. Қарабсизки, бир-бирига тескари байроқча монанд паррак ҳосил бўлади. Кейин қоқ ўртасига жинғил ёки жийда тиканини суқиб, тешигини кенгайтирасиз. Охирида уни бошқа – узунроқ ва йўғонроқ қамишнинг учига кўндалангига ўрнатсангиз, тамом-вассалом, пирпирак тайёр бўлади. Бошингиз узра баланд кўтариб югурсангиз, парраги чириллаб айланади. Фақат биттагина камчилиги бор – товуши чиқмайди. Буни йўли осон: лабингизни чўччайтириб, овозингизни зириллатиб турсангиз, кифоя. Ҳақиқий самолётдан заррача қолишмайди!
Хуллас, укамни тинчитиш учун бор маҳоратимни ишга солаётгандим. Бир маҳал дарвозамиз рўпарасига трактор келиб тўхтагандай бўлди. Ҳаял ўтмай, ҳовлимизга бўлим механиги Алиқул ака билан тракторчи Каримбой ака кириб келишди.
– Ў-ў, ҳорманглар! Ҳорманглар-ов! – Алиқул ака анорзор томонга овоз берди. Отам томорқадан чиқа бошлаганини сезгач, хотиржам тортиб, укам иккимиз сари юрди. – Оббо, азаматлар-ей, – деди пирпирагимга қараб, – устачиликлар зўр-ку. Қойил! Аммо-лекин бу ёқда булоқ қайнаб кетгани-ю, у ёқда булбулча кўриниб қогани са-ал чатоқ бўпти-да. Бай-бай-бай!..
Алиқул ака тилини ўйнатиб, томоғини тақиллатди. Мен у нимага шаъма қилаётганини дарҳол тушундим. Тушунмай ўлибманми? Ахир, шу куз етти ёшга тўламан. Худо хоҳласа, онам айтмоқчи, акаларимга қўшилиб, мактабга бораман. Нуқул “беш”га ўқисам, олтин медал оламан. Кейин институтга кириб, “инжинир” бўламан. Катта столларни эгаллаб, Алиқул акага ўхшаган механикларга бошчилик қиламан. Демак, унинг олдида бу алфозда ўтириш менга асло ярашмайди. Шу боис шоша-пиша иштонимнинг йиртиғини беркитдим. Укам бўлса, э, ҳали кичкина-да, ҳеч нарсага ақли етмади. Аслида менга аталган мақтовдан ийиб, бурнини оқизганча, илжайиб ўтираверди.
Отам ҳовлига қадам қўйгач, оёқларини тапиллатиб, этиги лойини туширди. Уст-бошини қоққач, меҳмонлар билан қўшқўллашиб, қуюқ сўрашди:
– Хуш кепсилар, хуш кепсилар. Қани, ичкарига марҳамат!
– Илтифотингиз учун раҳмат, ака, – Алиқул ака қўлини кўксига босиб, отамга миннатдорчилик билдирди. Келганидан буён гугурт чўпини чайнаб, жим турган Каримбой акага бирров разм солгач, муддаога ўтди. – Биз шошиб турибмиз. Эртаматандан сихмола излаб юрибмиз.
– Қанақа сихмола? – отам ажабланиб меҳмонларга тикилди.
Алиқул ака баҳор қуёшида қорайиб, тарам-тарам тўрлаган бўйнини силаб, тушунтира кетди:
– Тунов куни Қодирберди ўттиз гектарликни бороналаб бўлгач, уватда қолдириб кетган экан. Бугун опкетишга кесак, уч-тўрттаси йўқ. Кимдир ечиб оган кўринади. Мабодо, у ер-бу ерда ётганига кўзингиз тушмадими – шуни билмоқчийдик.
– Йў-ўқ, кўрмадим, – отам бошини чайқаб, елкасини қисди. – Сихмола оғир-қўпол матоҳ бўса, от-эшаксиз бирортасиниям агаратда ишлатиб бўмаса, кимам тегинарди?
– Унда узр, ака…
Меҳмонлар эндигина ташқарига йўл олишаётганди, отам нимадир эсига тушгандай, уларни тўхтатди.
– Ўзи, гапимга хафа бўманглару, силар жа-а қизиқсизлар-да, – деди дафъатан танбеҳ бериб. – Селитра-аммофос борми, трактор-техника борми, бундоқ дуруст қадрига етмайсизлар. Фойдаланиб бўгач, калхозники беҳисоб, таги сероб дегандай, дуч кеган ерга ташлаб кетаверасизлар. Манавиндақа – икки оёқ бир этикка тиқилган пайтда эса, бошқалардан гумонсираб юрасизлар.
– Ҳа, энди-и… – Алиқул ака хижолат аралаш иягини қашиди, – бу кўпчиликка теккан касаллик-да, ака. Одамзод ҳар хил. Ҳаммаям сиздай ҳалол-жонкуяр бўлавермайди.
– Айб кўпчиликда эмас! – Отам унинг сўзини оғзидан олди. – Ҳамма бало сандақа корчалонларнинг бепарволигида, тушундингми? Халқда “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма”, деган нақл бор. Бадгумонлик ёмон нарса, мавриди келса, одамди иймонидан айиради.
Суҳбат шу ерга етганда, мен илкис ҳушёр тортдим. Чунки кечадан олдин куни қаттиқ шамол туриб, пичанимизни ағдариб юборганди. Тўнғич акам аллақаердан битта сихмолани эшакка ўнгариб келган, сим боғлаб, ғарамга бостириб қўйганди. Ўзим  ёрдамлашгандим. У механик қидириб юрган сихмолалардан бўлса, ажабмас. Ҳойнаҳой, отам кўрмаган. Кўрганда, нима, яширармиди?
Ўзимнинг зийраклигимдан ўзим қувониб кетдим.
– Ота, мен айтайми? – дедим ичим теримга сиғмай. – Сихмолалардан биттаси бизникида!
– А?!. – Отам ялт этиб менга ўгирилди. Шу асно, назаримда, ранг-рўйи алланечук оқариб кетгандай бўлди. – Нималар деяпсан?.. Қанақасига?.. Қаерда?..
– Ҳу, анови ёқда! – Ўтирган жойимда бўйнимни чўзиб, томорқа этагига ишора қилдим. – Пичаннинг орқасида!
Сўзимни тугатар-тугатмасимдан, Алиқул акага жон кирди.
– И-е, мулла ака, буниси қизиқ бўлди-ку, – деди отамга истеҳзоли боқиб. – Адашмасам, ўзлариям биз қатори шекилли. – У мовий кўзларини қисиб, сирли жилмайди. – Бу ёғи “Аввал ўзингга боқ, сўнг ўзгага ноғора қоқ!” бўп кетди-ёв. – Сўнгра овозини хийла пасайтирди. – Хўп, майли, йўл бошланг энди, ака.
Отам кутилмаган янгиликка ишонқирамагандай, дам менга, дам меҳмонларга жавдираб, жим қолди. Бир пас каловланиб тургач, шаҳд билан ғарам тарафга одим ташлади. Механик ва тракторчи унинг ортидан эргашди.
Ҳеч қанча ўтмай, кўчада нимадир тарақлади. Ортидан мотор гуриллади. Ҳавога бир тутам қоп-қора, қуюқ тутун ўрлади. У тарқаб йўқолар-йўқолмасидан отам ҳовлига қайтиб кирди.  Юриши бошқача, авзойи бузуқ эди. Мен шундагина хато қилганимни тушуниб етдим. Отам  тўғри устимга бостириб келаётганини англаб, юрагим шув этди: “Ўлдим,  энди савалайди!” Шу ҳадикда дик этиб, оёққа қалқдим. Бироқ қочишга улгурмадим. Отам икки ҳатлаб, менга етиб олди. Омбирдай қаттиқ қўллари билан чап елкамдан  маҳкам қисиб, юзимни ўзига қаратди.
– Ҳов, тирмизак! – деди кўзимга қаҳр билан боқаркан, бўш қўлини пахса қилиб. – Сандан биров гап сўровдими? Нега ўзингча маҳмадоналик қиласан?
Шундай дея, бехосдан қулоқ-чаккамга шапалоқ тортиб юборди. Кўзимдан олов чақнагандай бўлди. Бошимдан дўппим учиб кетиб, ўзим икки-уч қадам нарига бориб тушдим. Юзтубан йиқилаётган чоғим тагимда нимадир қарсиллаб синди. Қарасам, пирпирагим! Бундан чиқди, қўлимда экан-да. Қамиш мўрт нарса эмасми, оғирлигимга дош беролмай, парча-парча бўлиб кетибди.
Ҳам тарсаки еганимга, ҳам тайёр пирпирагимдан айрилганимга чидай олмадим. Оғриқ ва аламдан дод солиб, йиғлаб юбордим. Чийиллашимдан чўчиб кетдими, укам ҳам бор товушида бақириб, менга жўровоз бўлди. Қий-чувимизни эшитган онам жонҳолатда анорзордан отилиб чиқди. Келасолиб, яна менга хезланаётган отамнинг йўлини тўсди.
– Ҳой, отаси! Манга қаранг, жон отаси! – деди йиғламсираган оҳангда ялингудек бўлиб. – Ўзингизни босинг. Бола бечора сизга нима ёмонлик қилди? Гўдаккинани нега урасиз? Нима бўлди ўзи?
– Дард бўлди! Бало бўлди! – Отам бу сафар мен бир четда қолиб, онамга ўшқирди. Шу қадар қаттиқ ҳайқирдики, ҳайҳотдек ҳовлимиз жаранглаб кетди. Укам иккимизнинг дамимиз ичимизга тушиб, йиғидан таққа тўхтадик. Деразадан мўралаган синглим ҳам, ишдан бош кўтарган акаларим ҳам турган жойларида серрайиб қолишди.
– Кўрмаяпсанми, бу тирранчанг бировларди олдида мани шарманда қилди. Энди одамларди юзига қандай қарайман? Эл орасида қандай бош кўтариб юраман? – Охирги сўзларни айтаётганида отамнинг лаблари изтиробли титраб кетди. Юзлари бўғриқиб, бўйин томирлари ўқлов мисоли бўртиб чиқди. – Чақимчиликди кимдан ўрганган ўзи бу аҳмоқ?
Онам индамади. Жавоб қайтаришга ийманаётгандек, ён-верига безовта аланглади. Отамнинг сал тинчиганини кўргач, дилидагини тилига чиқарди.
– Кимдан бўларди, ўзингиздан ўргангандир-да, отаси, – деди вазмин оҳангда салмоқлаб.
– Нима дединг? Мандан?.. –  Отам қайтадан жаҳл отига минди. Кўзларини чақчайтириб, афтини ғалати буриштирди. – Нима, ман бирор марта чақимчилик қипманми? Ёки буларни шу йўлга бошлапманми? – У қўққисдан ёнбошига эгилиб, ток остида ётган айрини олиш учун узанди.
– Йўқ, шошманг, ундай демоқчи эмасман. – Онам ўртага кўндаланг бўлиб, яна отамнинг билагига ёпишди. – Ахир, ўзингиз доимо шунақа қиласиз-ку, – деди титраб-қақшаб. – Болаларга “Бошларингда қилич ўйнасаям, ростини айтинглар”, деб ўргатасиз-ку! Ҳақ сўзни айтиш ҳеч жаҳонда чақимчиликка кирадими?
Мен отамнинг онамга тез-тез “Болаларни ортиқча талтайтирма, ҳуда-беҳуда тарафини олма”, деганини эшитардим. Ҳозир онам менга ён босгани учун баттар тутақиб, уни ҳам  чангитиб сўкиб қолади, деб ўйловдим. Ажаб, у аччиқланмади. Аксинча, кутилмаганда ҳовуридан тушди. Айрини жаҳл билан ҳовли бурчагига улоқтирди-да, ғудранганча анорзорга кириб кетди. Қочишга шай акаларимга парво ҳам қилмади. Кетмонини қўлига олиб, гупиллатиб ерга ура бошлади. Қолгани тушунарли: энди то аччиғи тарқамагунча, ишдан тўхтамайди. Чой ҳам ичмайди.
Бу ёғидан кўнглим таскин топгач, яна кўз ёшларимни оқизиб, онамга зорландим:
– Қулоғим шанғиллаяпти, опа…
– Озгина чидасанг, оғримай қолади, болам. – Онам юз-кўзларимни силаб-сийпалаб, мени ўрнимдан турғазди. Чангга беланган дўппимни кафтига қоқиб, бошимга кийдирди. –  Жаҳл келганда, ақл кетади.  Аслида, отанг сани яхши кўради, билмай урворгандир-да, – деди қўлини елкамга қўйиб. – Ҳечам хапа бўма, яхшиси, кўз ёшингни арт. Ҳа, бўйгинангдан ўргилай, ўзинг кап-катта йигитсан-ку, қўй йиғлама, биров кўрса, уят бўлади-я.
Онам билиб айтган экан, қулоғимнинг шанғиллаши бир зумда йўқолди. Аммо оёғим остига кўз югуртириб, баттар хўрлигим келди.
– Қаранг, опа, пирпирагим синиб қопти, – дедим ҳиқиллаб. – Уни укамга бермоқчийдим.
– Зарари йўқ, – онам майин жилмайиб, пешонамдан ўпди. – Янгисини ясаб оларсан. Лекин-чи… – у юзимни кафтлари орасига олиб, кўзларимга маъюс термулди, – Тўғри гапнинг тўқмоғи бўлади. Баъзан туққанингга ҳам ёқмайди. Кўпинча бошингга балодек ёғилади. Аммо сен, барибир, ҳеч қачон ёлғон ишлатмагин. Одамларди алдамагин. Ҳар доим ҳозиргидек тўғрисини айт, хўпми, болам…
Онам бошқа гапирмади. Жавобимни ҳам кутмади. Уйқусираб ғингшиётган укамни бағрига босиб, аллалаб-овутишга тутинди. Мен севимли машғулотимни давом эттирдим…
…Ҳали орадан йиллар ўтади. Қанчадан-қанча  қорлар эриб, қанчадан-қанча сувлар оқиб кетади. Мен ўсиб-улғаяман. Онам илинж боғлаганидек, “инжинир” эмас, оддий “газитчи” бўламан. Ҳаётда яхши-ёмон одамларни кўп кўраман. Ҳақ-ноҳақ дамларни бошдан кечираман. Лафзида турмас  иккиюзламачиларни, умри алдоқчилик билан ўтаётган товламачиларни ҳам бот-бот учратаман. Шахсий манфаати, бир сониялик ҳузур-ҳаловати йўлида иймон-эътиқодидан, номусу оридан, дўсту ёридан воз кечганларга, ўткинчи бойлигу мансаб, сохта обрў-эътибор учун ўзидан катта амалдорлар пойида етти букилиб турадиганларга, оддий халқни эса оёғи учида кўрсатадиганларга ҳам дуч келаман. Гоҳо эр хотинига, хотин эрига хиёнат қилганини, ота-оналар зурриётлари, ўғил-қизлар ота-оналари олдидаги бурчини унутганини эшитсам, ҳайратда қоламан. Гоҳо рост ўрнини ёлғон эгаллаганини, бир одамнинг бу кўзи у кўзини беармон ўйишга шайланганини сезсам, ҳазин-ҳазин ўйларга толаман. Икки орада севги-садоқат, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат чирқиллаб қолаётганига афсусланаман. Аллакимларнинг қабиҳлиги, аллакимларнинг лоқайдлиги туфайли адолат топталаётганига ачинаман.
Шундай кезларда, билмадим, негадир йиғлагим, ўттиз беш-қирқ йил ортга қайтгим, дунёнинг бор завқини ўйиндан иборат деб тушунган болакайга айланиб қолгим келади. Кўз ўнгимда аввал кенг ҳовли-ю бепоён дала, ғарамга осилган сихмола, хижолатдан ўзини қўярга жой тополмай турган отам пайдо бўлади. Сўнгра хотирага хотира уланади – бор бўй-басти билан онамнинг сиймоси гавдаланади. Мен ишда ҳам, турмушда ҳам унинг ўгитларига амал қилишга интиламан. Мудом ҳақ сўзни айтиш пайида бўламан. Эвазига…
Эвазига баъзан панд ейман. Баъзан афсус-надомат чекаман. Бошимда таёқ синган, таъна-маломатларга қолган, туҳматга учраган вақтларим ҳам кўп бўлади. Аммо нима қилай?  Зиғирча ҳақсизликка чидай олмасам, ёлғонни кўтаролмасам, адолатсизликдан лов этиб кетсам, айтинг, нима қилай? Онамдан шундай тарбия кўрган бўлсам, яна қандай йўл тутай? Нега инсофни, диёнатни унутай, нега энг азиз кишимга хиёнат этай? Ахир, қайси аёл ўз дилбандига ёмонликни раво кўради?.. Ахир, қайси она ўз боласини тўғри йўлдан уради?.. Баски, адолатдан кўз юмиш онадан  юз ўгириш эмасми?  Диёнатдан чекиниш аслида онани унутиш эмасми?
Менимча, шундай! Оналар ҳамиша фарзандлари аъмолини кўриб-билиб турадилар. Ҳатто, ўлимидан кейин ҳам уларнинг бошида парвона бўлиб, уларнинг йўлини абадул-абад ёритиб  турадилар.
Сиз-чи, биродар, сиз бу тайин ҳақиқатга – оналар ўгитига шак келтира оласизми? Лоақал, бир кун-бир лаҳза бўлсин, онангизни эсламай, уни қўмсамай яшай оласизми?..

ЭНГ БОЙ ОДАМ

Ноз уйқуда ётган эканман, кимнингдир қаттиқ-қаттиқ гапиришидан чўчиб уйғониб кетдим:
– Яхшимисиз, янга? Уй ичлари тинчми? Бола-чақалар омонми?
 Овоз шундоққина ёнбошдан – дарвозахонамиз тарафдан келарди. Кўзимни очганим ҳамоно пешайвон шифтига қарадим: бирон-бир шуъла кўринмади. Демак, ҳали эрта – офтоб чиқмаган, ердан нам кўтарилмаган. Бемалол яна озгина ухлаб олсам бўлади. Ҳеч ким “Шу пайтгача ётибсанми?” деб уришмайди. Чунки отам далада. Ўзининг тили билан айтганда, уч кундан буён “исмин’’да. Тун бўйи пахтага сув тараяпти. Ҳозир “сезон” шунақа!
Ҳализамон онам ҳам далага отланади. Акаларим унга кўмакчи – ғўзани ўтдан тозалашу мол боқиш билан овора. Мен эса уйга қоровулман. Вазифам тайин: кечгача сингилларим ва укамга кўз-қулоқ бўлиб юрсам, кифоя. Қўшимча иккитагина ишим бор. Биринчиси – оғилхонани кураб, гўнгини жар бошига чиқариб ташлашим керак. Иккинчиси – ҳовлини чиннидай қилиб супириб-сидириб қўйишим лозим. Бу юмушларни сал кейинроқ – кун ёйилгунча бажарсам ҳам бўлаверади. Айтдим-ку, барибир, биров тергамайди.
Шуларни ўйлаб, хотиржам тортдим. Тонг салқинидан этим жунжикиб, иссиқ ўрнимдан қўзғалгим келмади. Кўрпани бошимга ўраб, биратўла ғужанак бўлиб олдим. Худди шу пайт бояги овоз қулоғимга яна ўқдек қадалди. Бу сафар у ҳовлидан эшитилар, аввалгидан-да баландроқ янграрди:
 – Энди-и, янга, ўзийизди хаварийиз бўса керак, кўкламда тўнғич қизимизди заправкачининг ўғлига унаштириб қўйувдик. Бугунга келиб, қуда томон шошираяпти. Тўйди ёздан кечиктирмай ўтказиб олайлик, деяпти…
“Оббо, каллайи саҳарлаб онамга дардини достон қилаётган ким бўлдийкин? Шанғилламасдан мулойимроқ гапирса, ўларканми?.. Э, шошманг, товуши жуда таниш-ку. Мабодо, паст маҳаллалик Рўзиқул тракторчи эмасмикин?..”
Қизиқишим устун чиқиб, уйқум қочди. Тирсагимга таяниб, қия очиқ дераза пардасини оҳиста четга сурдим. Адашмабман, тахминим тўғри чиқди. Ташқарига мўралашим биланоқ, Рўзиқул акага кўзим тушди. У ишком остига ўрнатилган сўри чеккасида омонатгина ўтирарди. Онам эса тик турганича дастурхон тузарди.
Рўзиқул ака новча бўйли, қозондай қоп-қора, устига-устак, юзлари чўтир, бадбашара одам. Мен уни ҳов анави тоғда ўсган арчага ўхшатаман. Негаки, қишин-ёзин доимо бир хил кийинади. Қачон қараманг, эгнида яғири чиққан костюм-шиму бўмази кўйлак, бошида эски дўппи, оёғида ранги оқариб кетган кирза этик бўлади. Ишга ҳам, тўй-маъракаларга шу алфозда боради. Ишонмайсизми, ўзим минг марталаб кўрганман. Фақат аёз чилласидагина дўпписини куя еган телпакка алмаштиради. Костюми устидан қалин фуфайка кийиб, белига аскарларнинг қайишини тақиб олади.
Очиғи, мен Рўзиқул акани мутлақо ёқтирмайман. Ўзинимас, қилиғини! У тиркама-аравали “Т – 40” ҳайдайди. Тўрт ғилдиракли, кабинаси кўк, пастаккина трактор бор-ку, ана ўшанақасини. Кўчамизни қоп-қора тутунга тўлдириб, дам-бадам у ён-бу ён ўтиб туради. Лекин ўта зиқна. Бирортаям болани тракторига осилгани қўймайди. Салгина яқинлашсангиз, жони  чиқиб кетади. Шоша-пиша тезликни пасайтиради. Чўқмордай муштини ўқталиб, беармон сўкинади. Сўлақмондай одам бўла туриб заррача уялмайди. Гоҳида тракторидан тушиб, ҳаммани тирқиратиб қолади. Бир сафар мениям қувлаган. Эринмасдан нақ ҳовлимизгача  бостириб кирган.  Роса қўрққанман. Чордоққа яшириниб, аранг қутулиб қолганман. Яхшиямки, уйда отам йўқ эди. Тракторга осилганимни билса, Рўзиқул аканинг таъна-дашномини эшитса, аяб ўтирмасди. Боплаб таъзиримни берарди.
Рўзиқул аканинг яна битта ёмон одати бор. Доимо қўлини пахса қилиб, шанғиллаб гапиради. Бир нави, унгаям қийин. Уззукун тракторда юришнинг ўзи бўлмайди. Мотор шовқинидан қулоғи том битиб қолади. Шу боис бошқаларни ҳам ўзидай гаранг деб ўйласа керак-да.
Бунисини-ку, тушунаман. Аммо, барибир, ҳадеб шанғиллайвериш яхшимас-да. Мана, у ҳозир ҳам шундай қилди. Ўрта ичида зарари менга тегди – ширингина уйқумнинг қоқ белига тепди. Онам эса, бундан бехабар, уни  ҳусайни узуму жиззали нон билан сийлаяпти. Тағин денг, дастурхонга заранг косада қаймоқ ҳам келтириб қўйибди. Тавба, ҳеч жаҳонда узум билан қаймоқни қўшиб еб бўладими? Онам ҳам қизиқ. Етти ёт бегонага ҳиммат кўрсатиб нима қилади? Ундан кўра, бундоқ бизни ўйласа-чи?..
Яширмайман, онамнинг ноўрин тантилигидан ҳафсалам пир бўлди. Рўзиқул аканинг аввалгиданам баттарроқ ёмон кўриб кетдим. Унга адоватли боққанча, иягимни дераза рахига тирадим. Қаймоқдан кўз узолмай, беихтиёр тамшаниб, лабларимни яладим.   
– Шунга-а бошим жа-а қотиб турибди-да, янга! – Ёнламаси ўтирганиданми, Рўзиқул ака менинг ичкаридан ўғри мушукдек мўралаётганимни пайқамади. Дўриллаган овозда ҳасратини қолган жойидан давом эттирди. – Тўқайда Исмоил бригадир билан келишиб, пахтазорди бир чеккасига шерикликка эккан озгина мошим, кузги қовун-тарвузим бор. Ман аввал уларди саранжомлаб осак, сўғин тўйди бошласакмикин, деб турибман. Сиз-чи, сиз нима маслаҳат берасиз? Шуни билгани келувдим, янга.
Онам жавобга ошиқмади.
– Қани, олдин дастурхонга қаранг, манавиларди мазасини татиб кўринг, – деди дебочасига меҳмоннавозлик кўрсатиб. Кейин пиёлаларни тоза сочиқ билан артаркан, муддаога ўтди. – Манимча, қудаларингизди гапида жон бор. Чунки, барибир, ёзди йўриғи бўлакча. Ҳаво иссиқ, мева-чева сероб. Бундан ташқари, бўлар ишди тезроқ бўгани, пишган ошди вақтидан сузилгани яхши! – Онам пиёлага чой қуйиб Рўзиқул акага узатди. Шу асно томорқамизга туташ пахтазорга бирров қараб қўйди. – Кечикишди оқибати маълум: қоган ишга қор ёғади. Давомини суриштирсангиз, ҳадемай сафар ойи киради. Кейин йиғим-теримга навбат етади. Тўй-маъракалар ўз-ўзидан икки-уч ой орқага сурилиб кетади. Қишда тадбир ўтказиш эса, биласиз, кони азоб. Об-ҳавонинг қош-қовоғига қарайвериб, покиса эсингиз оғади. Оёқостиям тоза қийналади.
– Бу пикрингиз жўялику-я, аммо… – Рўзиқул ака онамнинг мулоҳазасига қўшилгандай бўлди-ю, ўша заҳотиёқ нималарнидир ўйлаб, сукутга чўмди. – Шу-у ман сизга айтсам, – деди  анчадан сўнг чайналиб, – трактирчи халқининг косаси бир умр оқармас экан. Айниқса, манга ўхшаган серфарзандларга қийин бўларкан. – У чуқур хўрсиниб, уф тортди. Иссиқ чойдан ҳўплаб, нафас ростлагач, қайтадан тилга кирди. – Буларди денг, турган-битгани нуқул ташвиш. Биттасини устига оберсанг, иккинчиси бош яланг қолади. Учинчисининг оёғига етмайди. Уларди алдаб-сулдаб кўндирмасингдан навбатдагиси дийдиёсини бошлайди. Баъзан ҳаммасига қўл силтаб, дод деворгим келади. Гапди индаллоси, бежанжал-беғалва ўтган кун йўқ ҳисоби, янга…
– Ҳа, энди, “Болали уй – бозор, боласиз уй – мозор” деганлари асли шу-да, Рўзиқулжон! – Онам унинг гапини бўлиб, далда берди. – Бошқаларди турмушиям сиздикидан авло эмас. Сокин дарё тубида нималар рўй бераётганини қирғоқда туриб кузатиб англаш мушкул. Бу оламда ошсиз-тузсиз рўзғор бўса бордир, лекин ғам-ташвишсиз оила йўқ. Ҳар кимди дарди ўзига аён. Сиз эса ҳечам нолиманг. Жанжал-хархаша қисаям, йиғлаб-сиқтасаям, майли, болаларингиз бир этаклигига шукур қинг.
Онам енгил тин олиб, елкаси оша пешайвон томон назар ташлади. Мен сездирмайгина бошимни ичкарига тортдим. У Рўзиқул акага юзлангани ҳамоно яна токчага қапишиб, қулоғимни динг қилдим.
– Айтинг-айтинг, ишқилиб, Яратган эгам суйган бандаларини фарзанддан қисмасин. Умид билан бир ёстиққа бош қўйганларга сиздикидай қўша-қўша ўғил-қизлар ато этсин. – Онам шундай деркан, негадир оғир сўлиш олди. – Овсинимга ўхшаганларди жонига эса Ўзи тўзим берсин, – деди ортидан ўйчан қиёфада. – Ахир, Худойим йўлини ўнгламаса, қумалоқлаш осон ишми? Тўрт қизу етти ўғилди дунёга келтиришди ўзи бўладими? Э, у ёғини суриштирсангиз, аёл  зоти учун ҳар туғиб қутулмоқ минг бир ўлиб тирилмоққа баробар.
Онам рўмолини қайта танғишга тутинаётиб, шукроналик билан қўшимча қилди:
–  Аслида, биз – аҳли заифаларнинг бахти ҳам, тахти ҳам шу. Бу ёруғ дунёда ҳаммамизам ортимиздан йиғлаб қоладиганларди деб яшаяпмиз-да, укажон! Шундай бўгач, сиз сираям ёзғирманг.
Рўзиқул ака онамнинг беозор танбеҳидан ўнғайсизланиб, хижолатомуз нигоҳлари билан ер чизди. Иягини қашиб, зўрма-зўраки томоқ қирди.
– Ёзғираётганим-ку, йўға-а, – деди каловланиб, – пақат бола-чақанг кўплиги учун бировлардан таъна-маломат эшитсанг, одамга ямо-он алам қиларкан. Мени шунисини  айтмоқчийдим, холос.
– Нега ундай дейсиз, Рўзиқулжон? – онам ажабсиниб қўлидаги пиёлани дастурхон четига қўйди. – Ёки бирортаси у ер-бу ерда сизни бемаврид хапа қилдими?
– Э-э, хапа қилишам гапми, ҳақорат қилди, ҳақорат! – Рўзиқул ака одати бўйича яна шанғиллашга зўр берди. – Сан, дейди, бор-йўғи эртадан-кечгача қорамойга ботиб юрадиган аравакашсан, дейди. Шу туриш-турмушингга чурвақаларни кўпайтиришингга бало борми, “Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига!” дейди. – Сўнгги жумлани айтаётганида унинг вужудини қалтироқ босди шекилли, овози титраб кетди. Жаҳлини жиловлолмай, бехосдан сўри суянчиғига мушт урди. – Ҳақорат қигани етмагандай, устига ҳиринг-ҳиринг кулгани ортиқча.
– Ким?.. Ким айтди шу гапни? – Онам ҳеч нарсани тушунмай, Рўзиқул акани такроран саволга тутди.
– Ким бўларди, анави – загатканторанинг буғолтири – Эшмурод бор-ку, келиб-келиб ўша ҳезалак айтди. – Аниқ кўрдим: бу сафар Рўзиқул аканинг сийрак киприклари пирпираб, қошлари чимирилди. Кўзлари важоҳатли чақчайди.
– Йўғ-е? – Онам ҳайрат ичра ёқасини тутамлади. – Ахир, у бечора… – деди-ю, дамига ичига тушиб кетди. – У бечоранинг ўзи биттагина тирноққа зор-ку. Учинчи хотинининг орқасидан эргашиб кеган ўгай қизидан бўлак боласи йўқ-ку. Наҳотки, шундай бўла туриб, сизга тош отса?.. Наҳотки, иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулса?..
– Э, кулар экан-да, янга, кулар экан! – Рўзиқул ака титраб-қақшаб иккинчи бор сўрини муштлади. Айни дамда овози ҳар қачонгиданам кескинроқ жаранглади. – Кулмаса, бунчалар куйиб-пишармидим?.. Ўзи аслдида ўша итга ялиниб борган мен аҳмоқман!..
– Ҳай-ҳай, ўзингизди босинг! Зинҳор-базинҳор унақа деманг, иним! – Онам кўрсаткич  бармоғини лабига босиб, Рўзиқул акани огоҳлантирди. – Бу гап эшитган қулоққа ёмон-а. Борди-ю, сизни ранжитган бўса, Худога солинг. Ҳар кимди савобу гуноҳи ўзи билан. Қўйдиям-эчкиниям оёғидан осадилар. Лекин сиз шайтонга ҳай беринг. Шўртайгинани бекордан-бекорга сўкиб, гуноҳга ботманг. Яхшиси, мана, олинг, иссиқ чойдан босиб-босиб ичинг, кўнгил ғуборингиз тарқалади. – У Рўзиқул аканинг ҳовури андак пасайганини илғагач, ётиғи билан сўради. – Бу дейман, Эшмуродга ишингиз тушувдими?
– Ҳамма бало шунда-да! – Рўзиқул ака яна жунбишга келди. Пиёладаги қайноқ чойни бир кўтаришда сипқорди-да, қолдиғини зарда аралаш ерга сепиб юборди. Йирик-йирик баргли “тўқсон беш” шамалари ҳар жой-ҳар жойга ёпишиб қолди. – Қудалар икки оёғини бир этикка тиқвогач, келинингизга маслаҳат солдим. Хайриятки, у қизди сепи-ю кўрпа-тўшакларини бутлаб қўйган экан. Пақат пулдан озгина камчилигимиз бор экан.  Нима бўса-бўлар, деб, бирор кишидан қишга довур қарз кўтаришга аҳд қилдим.
– Бу ёғини дуруст ўйлабсиз, – онам унинг қарорини маъқуллаб, луқма ташлади. – Ҳар қалай, сизам четдан учиб келган хас эмассиз, – деди майин кулимсираб, – эл қатори шу қишлоқда униб-ўсган битта кўкатсиз. Қарз сўрасангиз, кўпчилик йўқ демайди. Қолаверса, боягинда мошиму қовун-тарвузим бор деяётгандингиз. Уларди сотсангиз, қарздан ҳарна қутуласиз. Қоганига Худо пошшо! – Онам охирги сўзига алоҳида урғу берди. – Тўй-ҳашамга, ёшларди боши қовушиб, турмуш қуришганига нима етсин!
– Ҳа, ўлманг! Манам шундай андишага борувдим. – Рўзиқул ака ҳасрат халтасининг оғзини қайтадан очди. – Ўйлай-ўйлай, Эшмуродди мўлжалладим. Ўлибдими, бир синфда билла ўқиганмиз, раъйимни қайтармас-ов, дедим. Шу ўйда кеча оқшом уйига ўтдим. Ҳовлисида ўзиникидақа олачипор галстук таққан, мешдай қорин қўйган иккита ўртоғи билан ароқ ичиб, қарта ўйнаб ўтирган экан. Аста четга имлаб, дардимни айтдим. Шунда у мараз нима қилди, денг?!.
Рўзиқул ака ярасига туз сепилган одамдай афтини буриштириб, мушти билан тиззаларига уриб-уриб қўйди.
– Устимдан кулди. Ҳа, сизга ёлғон, менга чин, кулди даюс! Улфатларига атай эшиттириб, “Пулим бор! Керак бўса, ачиб ётибди. Бироқ санга бермайман. Чунки барибир ҳаливери қайтаролмайсан. Қора-чура мишиқиларингдан сариқ чақаям орттиролмайсан”, деди нокас. Ўша хунасага катта бошимни кичик қилиб борганимга минг пушаймон еб, индамайгина изимга қайтаётгандим, йўлимни тўсиб, насиҳат ўқиди. “Одамга ҳаёт бир марта берилади. Беш кунлик дунёда ўйнаб-кулиб, давру даврон суриб қолиш керак. Сан, оғайни, бунақа нозик-нимжон еярмон-ичармонларни галалаштиргандан кўра, кўрпангга қараб оёқ узатсанг, маъқулроқ бўлармиди?” деди. Анави хўппа семиз қирчанғиси гапимизни эшитиб турувди. Эшмуродни койиб, инсофга чақирармикин, десам, қайда? Икковининг тупроғи бир ердан олинган эканми, эрига ён босди. “Ўртоғингиздан ранжиманг. Биласиз, у киши нозик жойда ишлайдилар. Сарф-харажатлари амаллари-ю топиш-тутишларига яраша!” деб, меҳмонларга ишора қилди. Биласиз, камбағалди усти юпун бўсаям, ори устун бўлади. Аччиғим чиқиб, тилим шу қичиди-шу қичиди-ю, тағинам ўзимни босдим. Эр-хотинни бегоналар олдида беҳурмат қилмадим. Аммо-лекин уйга қайтгач, хўрлигим келди. Туниминан мижжа қоқолмадим…. – Рўзиқул ака сўзининг охирида алам билан таъкидлади. – Хулласи, камбағалдан ҳамма ор қилар, қайга борса, дуч кеган елкасидан итарар экан-да, янга!..
Онам дарҳол унга тасалли берди.
– Манга қулоқ сонг, укажон, – деди босиқлик билан, – сиз унақа бемаъни хаёлларга борманг. Дастим калта деб, асло ўксиманг. Калди кўнгли нозик, дейдилар. Ким билсин, эҳтимол, Эшмурод мастликда билиб-билмай гапирворгандир. Ҳақиқий бахт шоҳона яшашу оғзи-бурнидан тошиб чиққунча еб-ичиш билан ўлчанмайди. Одамзотди қорни бир коса овқатгаям тўяди. Пул, мол-мулк – буларди бари қўлди кири. Бугун бор, эртага йўқ нарсалар. Фарзандлар эса, ўғилдир-қиздир, катта давлат. Ўнта бўса – ўрни, қирқта бўса, қилиғи бошқа. Улар кўз очиб-юмгунча ўсиб-улғайиб, қанотингизга киради. Худо хоҳласа, мани айтувди дерсиз, ўшанда сиз энг бой одамга айланасиз. Ҳали бу азоблару гина-кудуратларни унутиб юборасиз.
– Ў-ў, кошкийди… – Афтидан, айни лаҳза Рўзиқул аканинг юраги ҳапқириб кетди. Юзларидан қаҳр ўти сўниб, кўзларида ширин орзулар учқуни порлади. – Гапингиз рост чиқармикин? – деди алланечук суст  овозда. – Менгаям шундай кунлар насиб қилармикин-а, янга?
– Бўмасам-чи! – Онам унинг ҳаяжонига шерик бўлди. – Хотирингиз жам бўсин, – деди ортидан далда бериб, – насиб этса, тўйингиз ҳам қоп кетмайди. Қариндош-уруғ, маҳалла-кўй, қолаверса, мана, биз бормиз. Қурбимиз етгунча кўмаклашиб юборамиз. Ҳа, айтганча…  – Онам муҳим гап эсига тушгандай, илкис сергак тортди. – Ман ҳозир далага бораман. Мавридини топиб, акангизга секингина пулдан сўз очиб кўраман. “Йўқ” демасликларига ишончим комил. Ишқилиб, ўзингиз розимисиз?  
Рўзиқул ака бу сафар чурқ этмади. Елкасини букчайтириб, бошини хам қилди.   
– Раҳмат, янга! – деди бир оздан сўнг ҳазин оҳангда. Ажаб, энди унинг овози бўғиқ ва шикаста эди. Назаримда, улкан гавдаси ҳам бирданига кичрайиб қолгандай туюлди. – Бу яхшилингизни ҳеч қачон унутмайман. Ўлмасам, ўн ҳисса-юз ҳисса ортиғи билан қайтараман. Катта раҳмат, янга! – У яна бир бор миннатдорчилик билдиргач, кетиш учун онамдан изн сўради. – Бўмаса, мен борай, Қани, омин, Аллоҳу акбар!      
Рўзиқул ака юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан қўзғалди. Тураётганида  чеҳрасига нур иниб, яна баҳайбат одамга айланди. Онам уни алқай-алқай, кузатишга чоғланди….
Якшанба куни отам мени тонг қоронғусида уйғотди. Қўлимга хипчин тутқазиб, боқувдаги новвосимизни бозорга етаклади…
Ҳафта оёқламай, Рўзиқул ака тўнғич қизини узатди. Тўй зўр ўтди…
Ўшанда Рўзиқул ака отамдан қанча пул олганини, қарзини қачон узиб улгурганини ҳали-ҳануз билмайман. Фақат бошқа бир нарсани аниқ айта оламан. Онам тўғри башорат қилган экан. Давлатнинг эрта-кечи бўлмас экан. Вақти-соати етиб, Рўзиқул ака чинданам аҳволини ўнглаб олди. Ўғил-қизларини ўқитди, бирин-сирин уйли-жойли қилди. Бахтига болалари ҳам уқувлигина чиқишди. Турли касб этагидан тутишди. Қай бирлари дўхтир, муҳандис, ўқитувчи-домла, қай бирлари ҳунарманд, тадбиркор, фермер бўлиб етишди. Баъзилари замона зайлига боқиб, тижоратга қўл уришди.
 Шу тариқа жимитдек уруғ ниш уриб, сабза бўлди. Кейин  бўлиқ-бўлиқ бошоқлар тугиб, чунон ҳосилга кирди.  Рўзиқул ака ширин-ширин невара-чевараларнинг бобосига айланди. Қишлоқдаги энг обрўли, энг пири бадавлат қариялар сафидан ўрин олди. Қаён борса, давра тўрини эгаллади. Лекин ҳаргиз талтайиб кетмади. Таъбир жоиз бўлса, эски чориғини унутмади. Тракторчиликни йиғиштириб, кексалар қаторига қўшилгач, узун соқол қўйганини-ю, бошига салла ўраганини айтмаганда, бирор туки ҳам ўзгармади. Аввал қандай бўлса, шундайлигича қолди.  
Эшмурод аканинг тақдири эса аянчли кечди. Босар-тусарини билмай юрган кезлари анча-мунча пулни ўзлаштириб юбориб, мўмайгина камомадга йўл қўйган экан. Қинғир иши фош бўлиб, узоқ муддатга кесилиб кетди. Хотини унга вафо қилмади. Лоақал бир йилгина ҳам кутмади. Боз устига, ими-жимида иш юритди. Ҳаром пулдан тикланган данғиллама иморатни бегоналарга арзон-гаровга сотди-ю, қизи икковлон аллақайларга ғойиб бўлди.
Қарабсизки, қамоқдан касалманд бўлиб қайтган Эшмурод ака бошпанасиз қолди. Анча вақт чойхонада ишлаб, ўша ерда тунаб юрди. Унинг корига бошқалар ярамади, айланиб-ўргилиб, Рўзиқул ака яради. У бениҳоя тантилик қилди. Эски гина-кудуратларни четга суриб, ўғиллари билан маслаҳатни бир жойга қўйди. Ўз ҳовлисининг этагида Эшмурод акага чоғроққина уй қуриб берди.
Дунёнинг ишлари шунақа: яхшидир-ёмондир ҳамма нарса ўтади. Оғирдир-енгилдир, барибир, ҳаёт давом этади. Кези келса, кўнгил озори унутилади. Кези келса, ҳатто ёмонликка яхшилик қайтади. Бироқ қисматдан тониб бўлмайди. Ҳеч ким пешонасида боридан қочиб қутулолмайди.
Мен Эшмурод бобони ҳозир ҳам бот-бот учратиб тураман. Соч-соқоллари дув оқарган. Қадди букчайиб, обдон мункиллаб қолган. Одамларга қўшилмайди, тўй-маъракаларга бормайди. Кўпинча кулбаси олдида танҳо ўзи мунғайиб ўтирган бўлади. Кўзлари лузумсиз йилтирайди. Ниманидир излайди, кимнидир қўмсайди. Аммо одамларга деярли гапирмайди, дардини сиртига чиқармайди. Мен уни кўрсам, негадир раҳмим келади. Сўққабошлигини эсласам, кўнглим бузилади. Ҳаётда бирон-бир овунчи, турмушда суянчи, келажакка илинжи йўқлигидан дилим эзилади. Кейин беихтиёр болалигим ўтган кенг ҳовлимиз эсимга тушади. Кўз ўнгимга сўрида ўтирганча, куйиб-пишиб сўзлаётган Рўзиқул ака-ю, “Бечорагинани беҳуда қарғаманг”, дея ўтинаётган онам гавдаланади. Лекин…

***

Неча йилки, кунларим шундоқ ўтаяпти. Сочларимнинг оқи тобора кўпаяпти. Умрим баҳори ортда қолиб, хазон фасли яқинлашаяпти. Дунё ўзгараяпти. Авлодлар янгиланаяпти. Мен эса ҳамон гўдаклигимга – энг беғубор-осуда дамларимга ташнаман. Ҳамон қабри устини неча бор қор босиб, неча бор майсалар қоплаган онамга талпинаман.
Ажаб, нега?!. Бу балки кексалик сари ташланган илк қадамдир. Кексалик, эҳтимол, болаликдир. Эҳтимол, бунинг сабаби бошқа жойдадир: болалик – соддалик, соддалик мусаффоликдир. Она эса тириклик ва умрбоқийлик рамзидир, поклик ва ҳалоллик тимсолидир…
Биламан, “Вақт – югурик сув”, ҳарчанд уринманг, ўтмиш ҳеч қачон ортга қайтмайди… Биламан, “Ўтган умр – куйган кўмир”, барибир, марҳумларга қайтадан жон битмайди… Шундай эса-да, мен тасодифларга ишониб яшайман, ҳар кун-ҳар дақиқадан мўъжизалар кутиб яшайман. Хоҳ олис-хоҳ яқин, хоҳ аччиқ-хоҳ ширин, ҳар бир хотирада онам сиймосини кўраман. Уни соғинаман. Бир марта, атиги бир мартагина бўлсин, иссиқ дийдорини кўришга зориққандан-зориқаман…