Абдулла Қаҳҳор. Оғриқ тишлар (комедия)

ОҒРИҚ ТИШЛАР

Тўрт пардали комедия

Эпилоги билан

ҚАТНАШУВЧИЛАР:

Н а с и б а — ўрта мактаб ўқувчиси.
Р о ҳ и ла — ўнинг онаси.
М а р а с у л Ҳ у з у р ж о н ов — Насибанинг эри, тиш доктори.
Ф о т и м а — унинг онаси.
З у ҳ р а — Фотиманинг синглиси. Насиба ўқийдиган мактабнинг қоровули.
П ў л а т ж о н Д о м л а — мактабнинг директори.
Н а з и р а }
В е р а } Насибанинг дугоналари.
А ҳ а д ж о н З а р г а р о в — райижроком раисининг ўринбосари.
О қ и л а — унинг биринчи хотини.
Х у м о р х о н — унинг иккинчи хотини.
Р и з а м а т — Хуморхоннинг тоғаси, райижрокомнинг хўжалик мудири.

Воқеа бизнинг кунларда бўлиб ўтади.


БИРИНЧИ ПАРДА

БИРИНЧИ КЎРИНИШ

Марасул Ҳузуржоновнинг ўз ҳовлисидаги кабинети. Кабинетни кўча томонидаги деразадан кўрамиз. Деразанинг икки томонида ёзувлар, «Тиш доктори. Тиш техниги. Йўл муюлишидан». М а р а с у л, бекорчиликдан пашша тутиб ўтирибди. З а р г а р о в киради.

З а р г а р о в (соатига қараб). Марасул, ука, Оқила келмади-ку? А, Оқиладан дарак йўқ-ку?
М а р а с у л. Оқилахон опам… Автобус соат учда келади. Лекин, эрталабки автобусга чиқолмасам, тушгисига чиқарман деган эди.

П а у з а

З а р г а р о в. Ҳм… Қаттиқ хафа эмасми?
М а р а с у л. Устига хотин оласизу, хафа бўлмайди-ми?
Заргаров. Йўқ, авзойидан жанжал қиладиган эмасми демоқчиман?
М а р а с у л. Йўқ… йиғлади!
З а р г а р о в. Йиғлади. Хайрият! Йиғлаган бўлса жанжал қилмайди… Кимни олди, деб сўрамадими?
М а р а с у л. Сўради. Хуморхон деган бир жувонни олдилар, дедим.
З а р г а р о в. Тинч келиб кетади дегин? Шундоқ бўлса ҳам насиҳат қилиб, этини ўлдириб, ундан кейин мени чақиргин. Мен уйда бўламан. (Чиқмоқчи бўлади).

Ичкари эшикдан Ф о т и м а киради.

Ф о т и м а. Ҳой, онанг айлансин. Марасул… (Заргаровни кўриб.) Ассалому алайкум… Марасул, иш бузиладиганга ўхшайди-ку: ЗАГСнинг қоғози бўлмаса дом-ла-имом никоҳ ўқимас эмиш.
З а р г а р о в. Никоҳ? Шу гапни менинг олдимда гапирмасангиз нима қилар эди!
М а р а с у л (қабулхона эшигига қараб-қараб онасига). Секинроқ гапирсангиз-чи! (Заргаровга ёлвориб.) Яна битта акалик қилинг, жон ака! Бир оғиз айтиб қў-йинг!
З а р г а р о в. Жинни бўлдингми?.. Энди домла-имом-га «ниқоҳ ўқи» дейишим қолдими?!
М а р а с у л. Йўқ, ЗАГСга айтиб қўйинг дейман! Гапга тушунмайдиган бир одам ўтирипти… ҳеч кўнмайди!
(Трубкага.) Йигирма бир ўн, икки… ЗАГСми? Ким? Сиз билан район ижроия комитетининг раис ўринбосари ўртоқ Заргаров гаплашмоқчилар! (Трубкани Заргаровга беради.) ЗАГС мудири!
З а р г а ров (трубкага). Ҳим… салом… Докторнинг ишини тўғрилаб беринглар! Марасул Ҳузуржоновнинг ишини… Қиз ёш?!
Ф о т и м а. Ёш эмас, йилма-йилига ўн саккизга кирган!
М а р а с у л. Ёш эмас, ўн саккизда, мен биламан денг!
З а р г а р о в. Ёш эмас, ўн саккизда, мен биламан денг… йўқ, мен ўзим биламан! А? Тўққизинчи синфда ўқиса ўқийверади-да! Мен тўртинчи синфда ўқиганимда йигирма ёшда эдим! Менга қаранг, жавобгарликдан қўрқманг. Ҳар қанча жавобгарлик бўлса бизга ортаверинг… Кўтаравериб елкаларимиз қадоқ бўлиб кетган!
М а р а с у л (унинг елкасини силайди). Яшанг!
З а р г а р о в (трубкага). Менга қаранг, ука! Менинг бу ишга тайин бўлганимга ҳали йил ҳам бўлгани йўқ, гапимни қайтариб, бунақа, обрўйимни тўкадиган бўлсангиз хафалашиб қоламиз! А? Куёв билан келин менинг олдимда, ҳозир боради. Регистрация қилинг, бўлак гап йўқ! (Трубкани зарда билан қўяди.)
Ф о т и м а. Худоё умрингиздан барака топинг! Катта бўлиш хўп яхши-да! Кимга нима деса — нақд!
М а р а с у л. Боринг, Насибани мактабидан айтиб келинг, иссиғида бора қолайлик!
Ф о т и м а. Ҳозир айтиб келаман.
З а р г а р о в. Лекин мен аралашганимни ҳеч кимга оғзингиздан чиқарманг!
Ф о т и м а. Хўп бўлади. (Чиқади.)

Кўкрагига жуда кўп значок таққан Р и з а м а т киради.

З а р г а р о в. Ҳа, Ризамат! Тиш оғриб қолдими? Бунақа арақ ичишга тиш эмас, отнинг тақаси ҳам чидамайди.
Р и з а м а т. Арақ ичмай қўйганман, хўжайин!
З а р г а р о в. Шунақами… (Кўкрагини кўрсатиб.) Уҳў, тақмаганинг чойнакнинг қопқоғи қолипти холос-а! (Чиқади.)
Р и з а м а т. Менга қара, ука, Ризқихўжа икковинг шу қилиқларингни менга қилмасаларинг нима бўлар эди?!
М а р а с у л. Нима қилибмиз?
Р и з а м а т. Бошида писанда қилмовдимми!… Оғзингга сиққанини ол, лекин тилла тиш деб занглаган тақа қўйма демовдимми! …
М а р а с у л. Йўғе! Сизга шунақа қиламизми?- Ўтиринг-чи…
Р и з а м а т (креслога ўтиради). Кечадан бери ўхчий бериб ўлиб бўлдим-ку.
М а р а с у л. Оғзингизни очинг! Уф, бай-бай, ичингиз-да ит ўлганми!.. (Бирдан). Э-э-э!.. Аттанг! Тиш қўйган-дан кейин уч кун арақ ичмай туринг дейиш мутлақо эсимдан чиқипти-я! Қани (тишини кўриб). Ҳа, мана тамом… миокардиодистрафия!
Р и з а м а т (чўчиб). А?
М а р а с у л. Миокардиодистрафия!
Р и з а м а т. Оббо, худо урди, энди нима қиламан! Нега айтмадинг, айтсанг тишимга сақич ёпиштириб ичар эдим-ку…
М а р а с у л. Мутлақо эсимдан чиқипти! Майли, зиёни йўқ, тўғрилаймиз… Сиз ҳозир Ризқихўжанинғ олдига боринг, мен телефон қиламан, чорасини кўради. Йўлда ичиб-нетиб юрманг тағин.
Р и з а м а т. Йўқ-йўқ, худо хоҳласа етиб борарман. (Чиқади.)
М а р а с у л (трубкага.) Ўн бир, ўн саккиз… Ризқи! Ризамат акага нуқул ўзидан қўйибсан-ку! Бориб-бориб ўртоқ Заргаровнинг қайнағасига шунақа қиласанми! Қўйсанг-чи, оғзи кўкариб ётибди! Энди бир-биримизни алдашимиз қолдими! Ҳозир боради, тўғрилагин! Арақдан миокардиодистрафия бўлипти дедим, сен ҳам шунақа дегин. (Турбкани қўяди.)

О қ и л а киради.

Э-э, келинг, Оқилахон опа… Қайси автобусда келишингизни билмаганим учун кутиб олгани чиқолмадим. Яхши келдингизми?..
О қ и л а. Шукур… Қанилар, хотин устига хотин олган Аҳаджон бой қанилар?
М а р а с у л. Ҳозир… (Трубкани олади.) Йигирма беш, ўн беш… Аҳаджон ака, келдилар… Тезроқ чиқинг! (Трубкани қўяди.) Оқилахон опа, ишнинг фойда чиқа-диган томонини кўзлайверганингиз маъқул. Жанжалдан ҳеч ким барака топган эмас. Индамай қўя қолинг.
О қ и л а. Нега индамас эканман! Ўн етти йил хизматини қилиб пировардида кўрганим шу бўлдими? Менинг юзимни қилмаса уч боласининг юзини қилса бўлмасмиди?.. Бундан ўн етти йил бурун битта данак эксам ҳозир соясида ўтириб мевасини ер эдим. (Йиғлайди.)
М а р а с у л. Оқилахон опа… Фойда чиқадиган томонини кўзлайверинг.

З а р г а р о в киради. Оқила беихтиёр ўрнидан туради.

З а р г а р о в. Ҳа, яхшимисан… (Пауза.) Болалар яхшими?
О қ и л а (кўз ёшини артиб). Яхши… Хайрият, бола-лар эсингизда бор экан!
З а р г а р о в. Аҳмоқ бўлма!.. Ўтир! Энди нима бўлиб шундоқ бўлганини айтиб ўтиришга фурсатим йўқ — идорада одамлар мени кутиб ўтирибди. Бўлар иш бўлди, бўёви синди. Ихтиёр ўзингда, агар шу гапни кўчага чиқараман десанг, майли, чиқар, лекин ўйлаб иш қил! Ўзингга қийин бўлади: учта боланг бор, қўлингда ҳунаринг йўқ… Йў-йўқ,. кўчага чиқармайман, сабр қиламан десанг…
М а р а с у л. Сабрнинг туби олтин!
З а р г а р о в. Балли! От айланиб қозиғини топади!

Магазиндан келаётган Хуморхон дераза олдига етганида қўлидаги ўрамни тушириб юборади.

X у м о р х о н. Вой! Марасул ака!.. Қарашиб юборсангиз-чи!
М а р а с у л (Заргаровга). Хуморхон опам!..
Заргаров (дарров креслога ўтириб). Оҳ! Воҳ! Суғур! Суғурсанг-чи!
М а р а с у л (омбурни чоғлаб). Ҳозир… Ҳозир…
X у м о р х о н. Вой, нима қилди?

О қ и л а Х у м о р х о н га тикилганича қолади.

М а р а с у л (Хуморхонга). Дунёда тиш суғуртиришдан ёмон азоб йўқ. Сиз бораверинг, кўрмай қўя қолинг.
X у м о р х о н. Оғритмай олинг! (Чиқади.)

О қ и л а унинг кетидан қараб, аста ўрнидан туради.

З а р г а р о в (чўнтагидан пул олиб Оқилага беради). Ма, болаларга бирон нарса олиб бер.
0 қ и л а. Ўзингиз қачон борасиз? Болалар дада деб жонимдан безор қилишяпти! (Йиғлайди.)
З а р г а р о в. Шу ҳафта ичи бораман. Болаларни ўпиб қўй! Бор!

О қ и л а товуш чиқармай йиғлаганича чиқиб кетади.

М а р а с у л. Аҳаджон ака, жуда қалтис иш-да… бир чувингиз чиқса борми — бу ёғингиз райком, бу ёғингиз прокурор-а!
З а р г а р ов. Э, ваҳима қилаверма!
М а р а с у л. Одам қариган сайин ёшини хоҳлар экан-да!.. Хуморхонни олмасдан шундай ўйнашиб юраверсангиз бўлмасмиди?
З а р г а р о в. Ўйнашиб юриб шунақа бўлиб қолди-да! Бир куни «бўйимда бўлиб қолди» деб йиғлаб келди. Ёлғон экан-ку, қўрққанимдан, қорни кўзимга катта кў-ринибди. Шу!.. «Тоғам билиб қолса мени сўяди, хотин устига бўлса ҳам ол», деб туриб олди. Тоғаси бояги Ризамат, ўшанда ҳам менда завхоз эди, ҳар куни саломга кирадиган бўлиб қолди: ҳар кирганда «сўйиб келмадимикин» деб юрагим жиғ этиб кетади, дегин!.. Бундан ташқари, ўйлаб қарасам, биздай одамнинг бисотида битта культурнийроқ хотин бўлса ҳам зиён қилмас экан. Ўзинг ўйлаб кўр: хотининг бўлса-ю, орада гаплашгудай гап бўлмаса, бирон жойга олиб боролмасанг, меҳмон келганда дастурхонда ортиқча бўлиб ўтирса!.. Қийин-да! Бечора Оқила, ўзи жуда ҳалол, меҳнаткаш, болаларга жуда меҳрибон, қисқаси баҳоси йўқ хотину, орқада қолиб кетди!
М а р а с у л. Саводи бор шекилли?
З а р г а р о в. Бор эди! Бир оз бор… жуда ёш олган эдим-да, еттинчими, саккизинчими синфда ўқир эди. Кейин ўқиёлмади: катта даргоҳ, бола-чақа, қозон-товоқ… Қолиб кетди!.. Қўй бу гапларни! Мени яна бирон уч минг сўм қарздор қилиб тур. Хуморхонни курортга жўнатмасам бўлмайди. Оқиланинг тапти босилгунча кўздан нарироқ тургани маъқул.

Ф о т и м а киради.

Ф о т и м а. Насиба дарсда экан, айтдим, ҳозир дарс тамом бўлиши билан келади.
М а р а с у л. Пулингиз борми? Аҳаджон акамга яна уч минг сўм зарур бўлиб қолибди.
Ф о т и м а (шошиб). Пулим йўқ.
М а р а с у л (қулоғига). Ундоқ деманг, беринг, керакли одам.
Ф о т и м а. Ҳадеб олаверадими?.. Кошки берса!.. (Ички белбоғидан пул олиб тез санаб беради.) Минг! Икки минг!.. Уч минг!

Қизларнинг ашуласи, Н а с и б а нинг «Сизлар кетаверинглар, орқаларингдан етиб бораман!» дегани эшитилади. Ҳамма деразадан қарайди.

Н а с и б а (киради). Салом…
Ф от и м а. Айланай…
М а р а с у л. Ие, кийинмасдан келибсиз-ку!
Ф от и м а. Вой, гиргиттон! Киринг! Киринг!
З а р г а р о в (Насибага зеҳн солиб). Ҳим… (Марасулга.) Формада олиб бора кўрма, формани кўриб ЗАГС мудирининг жини қўзғамасин тағин.
М а р а с у л. Йў-йўқ! Худо урдими!
З а р г а р о в. Бўйи жуда паст экан-да!
Ф о т и м а. Туфли бор! Пошнаси бир қаричлик туфлимиз бор!
З а р г а р о в. Хўп, боринглар, ҳашамини кейин қиласизлар. Хўп, мен кетдим, одамлар кутиб қолди. (Чиқади.)
Ф о т и м а. Қани, юринг, гиргиттон!

Иккови ичкарига кириб кетади. Марасул ашула айтиб асбобларини  йиғиштиради ва кийинади. Ичкаридан Фотима, бошқа кўйлак ва баланд пошна туфли кийган Н а с и б а зўрға юриб чиқади.

М а р а с у л. Қани, кетдик!
Н а с и б а (Фотимага). Тағин ЗАГСга борамизми?
Ф о т и м а. Бу сафар бетўхтов ЗАГС қилади, Аҳаджон акангиз буюрдилар.
М а р а с у л. Энди портфелнинг кераги йўқ. (Портфелни олиб улоқтиради.)
Ф о т и м а. Боринглар! Илоҳи омин!.. Тезроқ қайтинглар, ошнинг гуручини солмай тураман!

М а р а с у л билан Н а с и б а чиқади. Фотима креслога ўтириб юзига фотиҳа тортади.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.