Инсон билан тириқдир инсон,
Муҳаббатдан ҳаётнинг боши.
Одамзодга бахш этади жон,
Одамларнинг меҳр қуёши.
Эркин Воҳидов
Роҳат буви каттакон қора печканинг эшигини очиб оёғини товлаётган эди, дераза остида кўзойнак тақиб неварасининг йиртилган китобини елимлаётган чоли уришиб берди:
— Сени печкага ўргатиб бўлмади-бўлмади… Нима, полни ўйиб, сандал қилиб берайми? Печка деганнинг эшигини очдингми, кўмир осмонни иситади деявер!..
Роҳат буви печканинг эшигини ёпди, бориб диванга чўзилди. Уй совуқ бўлмаса ҳам, бир неча кундан бери унинг эти учар, оёғи совқотар, оғрир эди.
Кампир шу ётганича эртасига ҳам тургиси келмади, индинига туролмади, учинчи куни юраги бирпас қаттиқ уриб турди-ю, бирдан бўшашиб, ўлди-қолди.
Ҳикмат бува нима бўлганини билолмай, кўзи билан кўриб турганини ақлига сиғдиролмай, гаранг бир аҳволда туриб қолди; ўғли, келини, уч невараси кириб йиғи бошлагандагина ўзига келиб, титроқли нафас билан шивирлади: “E, худо, нима қилиб қўйдинг, бисотингда менга атаган яна қанақа кулфатларинг бор, тўк, бошимга ҳаммасини бирдан тўка қол!”
Eллик уч йил! Эллик уч йилдан бери бир дастурхондан туз татиган, бир кўрпани босган, бирга кулган, бирга йиғлаган; эллик уч йилдан бери мушукчадай бир-бирига суйканиб, бир-бирини ялаб, оғритмай тишлаб, йиқитиб, йиқи-либ бериб, пийпалашиб ўйнаган; эллик уч йилдан бери меҳр аталмиш улкан туйғу риштасини пилла қуртидай бир маромда аста-секин чувиб, бир-бирининг қалбини ўраб-чулғаб келган…
Ҳамма расм-русм жойига етказилгандан кейин одамлар тобутни кўтарганда шу ришта бирдан тортилди-ю, гўё Ҳикмат буванинг юрак-бағрини суғуриб олди. Чол ўкириб юборди.
Кампирни бирпасда ерга топшириб қайтишди. Кўнгил сўрагани яна бутун маҳалла кирди. Ҳикмат бува касал мусичадай бир чеккада қунишиб ўтирар, афтвдан, энди унинг учун оламда ҳеч ким, ҳеч нарса қолмаган эди.
Шундоқ Ҳикмат бува ҳафта ўтар-ўтмас бир ҳовуч суяк бўлди-қолди. Чол чўзилиб ётганда унинг ўликми-тирикми эканини билиш қийин, лекин кампири оёғини печканинг ўтига товлаётганда уришиб бергани эсига тушса арслондай ўкирар, ўзини у ёқдан-бу ёққа отар эди.
Уйда уни ёлғиз қўймасликка ҳаракат қилишар эди. Кичкина невараси ҳамма ўйинчоқларини унинг уйига киргизиб қўйди, боғчадан келганидан кейин шу ерга кириб ўйнайдиган бўлди. Катта невараси ҳар куни уни неча марта хилма-хил қилиб суратга ола берди. Ўғли уни автомобилга солиб бир неча марта шаҳарни айлантирди. Чол хурсанд бўлиш ўрнига: “Онанг борида шу ишнн қилмадинг”, деб дўнғиллади. Келини унга магнитофон келтириб берди. Чол магнитофон билан бирпас овунди-ю, кейин кўзига ёш олиб: “Кизим, шу нарсани илгарироқ топиб келганингда кампирни гапиртириб ёзиб олар эканман”, деди…
Бир куни қаттиқ ёмғир ёғиб, қишдан қолган қорни эри-тиб юборди. Айвонда устунга суяниб ёмғир сувининг вақирлашини томоша қилиб турган чолнинг кўзи тандирдан нарида ётган бир пой эски калишга тушиб қолди. Кампир бир оёғи оғриб шишганда шу калишнинг жағини кесиб кийган эди. Чол бориб калишни олди, авайлаб артди, уйга олиб кирди. Чол учун кампир гўё қайтадан ўлди. У кечгача йиғлади, кечқурун ўғли билан келини ишдан келганда “кампир бечорани шифокорга дурустроқ кўрсатмадиларинг”, деб хархаша қилди.
Ҳикмат бува кечалари ухламас, дори ичиб ухласа ҳам ярим кечаси уйғониб, тонг отгунча ўтириб чиқар, уйдаги ҳамма нарса унга кампирини, ёлғиз қолганини эслатар, ҳар бир товуш ўлим бўлиб унинг мия қопқоғини чертар эди.
Чол тугаб бораётганини кўриб ўғли билан келини таш-вишга тушиб қолишди.
Бир куни эрталаб чол йўқолиб қолди. Кидирилмаган жой қолмади: ёр-дўст, таниш-билиш, қариндош-уруғ, ҳатто тез ёрдам касалхонасидан ҳам хабар олинди, милитсияга мурожаат қилинди. Хаммаёқ қидирилиптию, қабристондан хабар олинмапти, чол қабристонда экан. Ҳикмат бува қабристонга тез-тез бориб, кампирнинг бошида бир соат-ярим соат ўтириб келар, лекин бунақа қолиб кетадиган одати йўқ эди. Чол бу сафар борганида кампирнинг қабрини зиёрат қилиш у ёқда қолиб, унинг ёнидан ўзига гўр қазитди, мудир ва гўрковлар ҳарчанд унашмаса ҳам қўймади, жанжаллашди.
Чол кун оққанда адойи тамом бўлиб қайтди. Кимдир уни автобусдан тушириб йўлкага чиқариб қўйди. Чолнинг зўрға қадам босиб келаётганини кўрган муюлишдаги чўткачи югуриб бориб уни олиб келди ва қўлига бир пиёла чой берди.
— Хафа бўлмай юрибсизми, отахон… Кампир онам аломат аёл эдилар… Сиз ўша куни ўзингиз билан ўзингиз овора бўлиб таъзияга келган одамларни пайқамадингиз… Ана одаму…Маҳаллага сиғмай кетди! Маҳалламизнинг кўчаси бир метр чўкди!.. Кампир онам дунёга келиб одам эккан эканлар.
Дунёга келган одам аввалбоши одам экиши керак экан. Мен ибрат олдим…
Иссиқ чойми ё чўткачининг гапларими чолга анча мадор бўлди.
— Ҳа, — деди чол бир оз ғурур билан, — ҳалигача одам келади… Ишхонаси ҳам шунча йилдан бери эсидан чиқармаган экан.
Чолнинг пайдо бўлганидан хабар топган уй ичи, қўни-қўшни чувиллашиб келиб уни ўртага олишди. Биров дашном берган, биров бўғилган, биров суюнган…
Булар чолни ўртага олиб чувиллашиб кетаётганда йўл бўйида турган шу маҳаллалик шифокор воқеани эшитиб чолдан ўпка-лаган бўлди, кейин унга разм солдию, кампирдан гап очди:
— Онахонимиз таърифга сиғмайдиган аёл эдилар, шунча одам бекорга келгани йўқ! Лекин, отахон, маҳалламизга бирон саккиз челакли битта самовар керак экан, ўша куни жуда-жуда билинди. Маҳалладан пул йиғсак, хонадонга неча пулдан тушади?
Чолнинг ҳамияти қўзғаб кетди.
— Уғлим билан келинимнинг битта самоварга кучи етиб қолар, – деди.
Шифокор ундан шу гапни кутган эканми, жилмайиб қўйди.
Чол гўрини қазитиб қўйиб, энди бу ерга самовар олгани эмас, ётиб ўлгани келган бўлса ҳам, ўғли билан келини номидан маҳаллага катталик қилиб қўйганидан кейин бу туғрида ўйлашга мажбур бўлди — ўғлидан пул олди, самовар қидиришга киришди. Бироқ ўшанақа самоварни топишдан кўра кондан мис қазиб, самовар ясаш осонроқ экан: чолнинг бормаган магазини, ялинмаган магазин мудири қолмади. Ўғли билан келини унинг елиб-югуришига, унда шунча куч қаёқдан пайдо бўлганига ҳайрон эди.
Ниҳоят, маҳалладаги мансабдорлар ёрдами билан самовар топилди, маҳалла активлари акт билан қабул қилиб олди, умумий мажлисда раис Ҳикмат бувага раҳматлар айтди, ҳамма чапак чалди.
Шу мажлисда яна бир масала кўтарилди: маҳаллада ҳар куни бўлмаса ҳам, ҳафтада икки-уч марта тўй-маърака, туғилган кун ва бошқа маросимлар бўлиб туради, ким маросим ўтказадиган бўлса уйма-уй юриб идиш-товоқ, дастурхон ва бошқа нарсалар тилайди, активлар маҳалладан пул йиғиб бирон юз эллик кишилик маҳалла рўзғори ташкил қилса бўлмайдими?
Бу таклифни ҳамма олқишлади, бунинг мутасаддиси ким бўлади, деган саволга ҳамма қий-чув кўтариб яна Ҳикмат бувани кўрсатди. Ҳикмат бува унамасдан қарши сўз айтгани ўрнидан турган эди, шунча одам чапак чалиб, кўзига қараб турганини кўриб индаёлмади.
Маҳалла неча хонадон? Буларнинг ҳаммаси чолни овора қилмай пулни келтириб бера қолса экан! Бу хонадонлардан кўпига кириш керак, кошки бир кирганда пулни бера қолса экан: бири эртага келинг дейди, бири фалончи мунча берганда мен нега шунча берар эканман, деб хархаша қилади, бири мажлисда анграйиб ўтириб гапга яхши тушунмаган, унга тушунтириш керак бўлади…
Чол ҳар куни эрталабдан хонадондан хонадонга, бор пулга бир нима олиб қолиш учун магазиндан магазинга, арз-дод қилгани идорадан идорага югурар, шу орада фурсат топиб баъзан кампирининг мозорига ҳам бориб келар эди.
Чол, ниҳоят, маҳалла рўзғорини тўла-тўкис қилиб, мактаб омборига қамаб олди. Бироқ рўзғорни бут қилишдан ҳам кўра уни асраш қийинроқ бўлди: баъзи одамлар нарсани олиб
вақтида қайтаришмайди; баъзилар, масалан, жўмраги учган чойнак, папиросдан куйган дастурхон, латтасига алланима бало тўкилган курси, санчжғи қайрилган вилка ва ҳоказо қайтаришади, яна “ўзи шунақа эди”, деб жанжал қилишади. Йўқ, хайрият, сал кунда одамлар инсофга келишди, чолнинг иши енгил бўлиб қолди.
Баҳор келди. Шаҳарда дарахт ўтқазиш мавсуми бошланиб кетди. Шу муносабат билан газета мақола бериб, ўтган йил баҳорда қайси маҳаллалар планни тўлдирмай қолганини, қайси маҳаллалар бу ишда намуна кўрсатганини айтиб, илғор маҳаллалар қаторига “Янги Маҳалла”ни ҳам қўшибди. Буни чолга невараси кўрсатиб кулди, чунки ўтқазилган дарахтларнинг кўпгина қисми тутмаган эди. Чол чиқиб маҳаллани айланди, дарахтларни кўздан кечирди. Ўтган йил баҳорда жами бир минг етти юз олтмиш беш туп кўчат ўтқазилган бўлиб, бундан фақат саккиз юз олтитаси тутган, тутган дарахтлардан йигирма икки тупи синган, саккиз тупи сассиқ, мўрт ва умри қисқа дарахтлар экан. Чол бу маълумотни олиб тўғри редактсияга борди, аввал тортиниброқ гапирди, гапи ўтганини пайқагач, шовқин содди. Газета эртаги сонида “Янги Маҳалла” ҳақида нотўғри маълумот берган мухбирига жазо берганини айтди ва мухбирни алдаган маҳалла активларининг котибига дашном берди ва шу билан бирга газетанинг хатосини кўрсатган Ҳикмат бува Норматовга ташаккур билдирди.
Ҳикмат бува шу куни бурчакдаги чўткачига маҳсисини ёғлатиб, “маҳалламиз шарманда бўлгани” ҳақида унинг ин-тиҳосиз жаврашига қулоқ солиб ўтирган эди, шу аснода ўша ёлгончи котиб ўтиб қолди ва чолни кўриб ўшқирди:
— Ҳу ўша… Ўзимиз тўғрилар эдик-ку, сенга нима, бир оёғинг гўрда-ю…
Чол секин бурилиб қаради.
— Менинг бир оёғим гўрда, сенинг иккала оёғинг тўрдами? Унақа демагин, болам, ким олдин ўлишини билиб бўлмайди…
Чол яна бир нима демоқчи эди, ўзига гўр қазитиб қўйганини эслаб дами ичига тушиб кетди. Котиб жаҳл билан қўл силтаб жўнади. Чол қўлларини орқасига қилиб бошини қуйи солиб уйига томон битта-битта қадам ташлаб борар экан, ўйлар эди: “Бу бола гўр қаздириб қўйганимни эшитганмикан? Йўқ, эшитган эмас, лекин эшитиши мумкин…”
Чол жадаллаб уйга келди ва ўтириб хат ёзди: “Қабристон мудири ва гўрковларига ёзиб маълум қиламанки, қари бақатерак остидаги менинг номимга қазилган гўрни қабристон идорасига топшираман, азбаройи фойдаланиш учун”.
Ҳикмат бува хатни неварасидан бериб юборди.