Жонига тўзим берсин-ғей Овчибекнинг. Не бир азобларга дош бериб, бировлар шивир-шивирига қулоқ тутади. Кимдир пана-пастқамда туриб, бошлиқни ёмонлайди. “Ўлгудай очофат, жамоадаги бор нарсани юлиб-юлқиб битирди. Яқин орада қийшайиб-қинграйиб турган идора чордевориниям ямлаб ютса ажаб эмас” дейди.
Биласиз, қоровулхона гапхонанинг уяси. Овчибек шунақа долзарб янгилик топдими, дарҳол ўша ерга чопади.
“Эшитдиларингми? – дейди кўзларини шокосадай катта очиб, – Ғойиб Соипович бугун тунда идорадаги бор ашқол-дашқолни уйига ортиб кетибди. Энди хизмат машинасини ўзиники қилиш пайида эмиш!”
“Эвоҳ! – дейишади унинг сўзларини эшитганлар. – Ғойиб Соипович қўй оғзидан чўп олмаган юввош, олдидан бир қоп тилла чиқсаям четлаб ўтади дейишарди-ку!” Сўнг бир-бирларига ажабланиб қараб қўйишади: “Ё товба, одам оласи ичида, деб бежиз айтилмаган-да. Биз лақмалар, бошлиғимиз сутдай оппоқ, художўй, ўта инсофли, кишининг ҳақидан ҳазар қилади, деб ўтирибмиз-а!”
Бу гаплар ҳам ортда қолди. Овчибек одати бўйича кузатишларни давом эттирди. Нима, одамларнинг пичир-пичирига уззукун қулоқ тутиш, куну тун жон ҳовучлаб яшаш, шўрликка зарил дейсизми? О, зарил-да! Бу кимса ғийбатсиз яшолмаса не қилсин?! Ҳа-ҳа, бу ҳам бир қисмат, тузалмас касаллик. Ул кимса, дўстими, душманими, ҳаммасининг камоли-ю, заволини зимдан кузатмаса, кўзига уйқу келмайди.
Тунов кунги гап-гаштакда элга таниқли ва обрўли кимсалар Ғойиб Соиповични бир мақташди, бир мақташди, бу мақтовларни эшитган Очилбек ҳайратдан бармоғини тишлади. “Товба, – деди ўз-ўзига. – Бечора Ғойиб Соипович шундай улуғ, сахий, қўли тоза, эй борингки, сигирнинг сутини ичмайдиган – покиза одам эканлар-у, ановилар… ҳа ўшалар… у муҳтарам зотнинг тупроғини тўзитиб юришибди-я, муттаҳам ғийбатчилар!”
Овчибек уйига келса, уни хотини оғзи қулоғида қарши олди.
– Ҳой дадажониси, намунча кеч қолдингиз?
– Иш-да, хотин, иш…
– Ҳей, шу ишингиз ҳам бор бўлсин-эй.
Аёли ошхонадан бир чойнак чой кўтариб келди-да, қўлига шапалоқдай таклиф қоғозини тутди.
– Бугун чарчаган бўлсангиз, эртага бир яйраб дам оласиз, дадажониси. Таътилда бўлганингиз учун сизни атай уйимизга келиб айтиб кетишди. Таклифномани кимсан Ғойиб Соипович ўз қўллари билан ёзиптилар. Қоғозни олиб келган кенжатойлари айтди.
– Эй менга қара, таклифномани ростданам кенжатойлари бериб кетдими?.. Ҳа-ҳа, сен ҳақсан! Таклифномада Ғойиб Соиповичнинг ўз муборак дастхатлари. Ур-рей!..
– Бу ҳали ҳеч гап эмас, кенжалари ҳозирча ҳеч ким билмасин деб, бир хушхабар айтди.
– Хўш, нима хушхабар? Тезроқ айт!
– Гап бундай. Тўйни ўтказволиб, Ғойиб Соипович вилоятга кетарканлар.
– Вилоятга, нима учун?
– Вой дадажониси-эй, шуни ҳам сўрайсиз-а. Каттакон бошлиқ бўлиб-да!
– Яшавор, хотин! Мени беҳад хурсанд қилдинг. Айрим гапларни демаганда, у киши бизга яқин одам.
– Энди сиз ҳам вилоятга кетсангиз кераг-а?
– Шундай бўлса керак, о, маладес!
Овчибек хотини қўйган чойга ҳам қарамай, шоша-пиша кўчага отилди. У янгиликларни тезроқ “эгалари”га етказиши зарур. Одамлар Овчибек бошқаларга ўхшаб лаллайган, дунё бехабар эмаслигини, ҳар нарсадан воқифлигини кўриб қўйишсин. У даставал қоровулхонага югурди. Ундан ошхонага, гузарга, борингки, барча жойга хабар етказди. Таклифномадаги ёзув шахсан Ғойиб Соиповичнинг дастхат эканлигини қайта-қайта айтишдан чарчамади.
Эртасига тонг саҳардан тўй тараддудига тушди: “Эҳ овсар, галварс!, – деди ўз-ўзига. – Пичир-пичирларга қўшилиб, шундоқ табаррук одам ҳақида ёлғонлар тўқибман-а! Хайрият, ўзи билмайди. Агар билса!… Энди шундай йўл тутайки, у кишининг энг яқин, энг… садоқатли одамлари бўлиб кўринай. Шунда сенинг ҳам ошиғинг олчи, Овчибек! Э, гардкам!”
Овчибек Ғойиб Соиповичнинг тўйига нима тўёна қилсам экан деб роса бош қотирди: “Юз минг берсаммикин? Икки юз мингми? Эй-й-й, эрта-индин бахт юлдузи порлаб, катта амал пиллапоясида турган зот учун буям камлик қилади. Нима бўлса бўлди, кейин… мойлироқ жойга ўрнашса, ўн чандон чиқариб юборади”.
Шуларни хаёлдан кечирган Овчибек тўйга уч йилдан бери боқувда турган новвосини етаклаб борди. Тўй жуда ҳам дабдаба билан ўтди. Овчибек тиним билмай елиб-югуриб, борингки, туз тотмай хизмат қилди. Тинка-мадори қуриб чарчади. Лекин у жуда мамнун эди. Негаки, бошлиқнинг кўнглини олиб, қайта ишончини қозондим, деб ўйлаганди.
Эҳ, аттанг! Дунёнинг бор тоғу тошлари Овчибекнинг бошига ағдарилгандай бўлди. Тўйнинг эртасигаёқ… Ғойиб Соипович ишдан олинди.
Овчибек кўрпа-ёстиқ қилиб ётиб олди. Ахир шундай бўрдоқи новвос сабил кетади-ю, юрак хуружи тутмайдими? Бир ойдан сўнг ишга чиқди. Янги бошлиқ бўштобгина, камсуқум киши экан. Қўл бериб кўришди, хайрлаша туриб: “Узр, ҳол сўрагали ўтолмадик. Неки ёрдам бўлса биздан. Ғайрат қилиб ишлайверинг”, деди.
Овчибек эски одатича иш тутди. Атрофдаги гап-сўзларга қулоқ тутишни канда қилмади. Пичир-пичир гапларнинг бирини бекор деса, кўпини рост деб билди. Мукофот олган кунлари уч-тўрт улфат хилватда роса отамлашишди. Гап ниҳоят янги бошлиқ устида кетди.
– Эҳ, эшитдиларингми, – деди кўп йиллардан бери шу даргоҳда ишласа-да, нўноқлигидан мартабаси ошмаган шерикларидан бири, – тепада бошлиғимизнинг роса пўстагини қоқишибди. Ишни эплолмадинг, ўринни бўшат дейишибди.
– Бор-эй, топган гапингни қара-ю!
– Келганига энди бир йил бўлди-ку!
– Тепада бунга қарашмайди-да. Эпламадингми, тамом, олиб ташлашади.
Янги бошлиқ Овчибекнинг назарида уни хушламайдигандай кўринарди. Шунинг учун ичида суюниб, гапга қўшилди.
– Э, тезроқ кетса кетсин. Ҳамма ўзи ундан безиб кетди.
Шу суҳбатдан сўнг орадан бир ойлар чамаси ўтганди. Тушликда ҳамхоналар дардлашиб қолишди.
– Хабарингиз борми, мулла Овчибек, – деди шерикларидан бири унга сирли жилмайиб: – Каттароқ тўёнани ҳозирлайверинг!
– Нима, қанақа тўй, қанақа тўёна?
– Бошлиғимиз Асрор Сардорович оталарининг саксон йиллигини нишонлар эканлар.
– Менга деса, – деди Овчибек аччиғининг зўридан овози бўғилиб, – оталари мингга кирмайдими, мен тўёна бермайман. Менинг берар тўёнам йўқ!
Ҳадемай тўй куни ҳам етиб келди. Жамоа ходимлари ўртада пул йиғиб совға олишди. Бошлиққа яқинроқ кишилар алоҳида тўёна ҳам беришди. Ёлғиз Овчибек уларнинг ҳеч бирига қўшилмади. “Кўр ҳассасини бир марта олдиради, – деган сўзлар ўтди унинг дил тубидан. – Иккинчи марта олдирсам, алдансам, унда… унда отимни бошқа қўяман!”
Алданмасликка аҳд қилган Овчибек тўйга ҳам бормади. Якшанба эмасми, “оқи”дан олиб, кун бўйи уйида ётди. Ўзича “боплаганим қандай!” деб керилиб ҳам қўйди.
Орадан бир ойча вақт ўтди. Эрталаб телефон жиринглади.
“Овчибек Соқибекович, – деди қандайдир масрур ва ошиқона овозда котиба қиз. – Тез идорага келинг!
– Ҳа… ҳаҳ… нима гап, тинчликми?
– Ҳаммаси жойида. Асрор Самадович жамоа аъзолари билан хайрлашмоқчилар.
– Нега энди… Сабаб?
– Вазирликка ишга ўтибдилар, шунга.
– Нима дедингиз, вазирликка? А, вазирликка!!!
Шу сўзларни айтаркан, ҳолсизланиб деворга суяниб қолди.