Ўтириш айни авжига чиққанида хона эшиги қия очилиб, дастёр йигит Шойимқулни имлади. Қўлидаги рюмкани дастурхонга қўйиб, ташқарига чиққан эди, йўлакда қўшниси Собиржонга дуч келди. Ранги қув учиб кетган.
— Тинчликми? — хавотирланиб сўради Шойимқул.
— Кеннойимнинг тоби қочиб қолди, тезроқ бормасангиз бўлмайди. Қўл телефонингиз ўчирилган экан, тусмоллаб шу ерга келавердим…
Шойимқулни титроқ босди. Тоби қочиб қолгани йўқ, анчадан бери касал, аммо… бепарво. Бугун эрталаб ҳам: “Дадаси, эртароқ қайтарсиз”, деганига қарамай, улфатлари билан кайфу сафо қилиб юрибди. Дорихонадан дори олишни ҳам унутган…
Кўз олдига сочлари тўзғиган, кучли оғриққа дош бера олмай инграётган хотини Назира келди. “Дадаси, яхши келдингизми, дори ичсам ўтиб кетар”, дегандай бўлди.
Мана, икки йилдирки шўрлик азоб чекади. Унинг бу аҳволга тушишига… Шойимқулнинг ўзи сабабчи. Бироқ Назира бу тўғрида оғиз очмайди. Дардини ичига ютади.
…Қиш-қировли кунлар эди. Шойимқул уч-тўртта улфатлари билан чойхонада мириқиб дам олди. Тарқалишаётганида улфатларидан бири сал нордонроқ гап қилган эди, Шойимқул кайф устида: “Хотинидан қўрқмайдиган мана биз-да, марҳамат, уйга”, деб ҳамма жўраларини ярим кечада уйига таклиф қилди.
Назира болаларини ётқизиб, кўзи энди илинган эди, шовқин-сурондан чўчиб уйғонди. Маст-аласт улфатларнинг алмойи-алжойи гап-сўзлари ғашини келтираётган бўлса-да, билдирмай, уларни остонада кутиб олди.
— Онаси, қозонни ос, — деди Шойимқул.
Бундай буйруқларга кўникиб қолган Назира индамай ўчоққа олов ёқди. Овқат пиширди. Улфатчилик тонггача давом этди. Аммо…
Эртасига эрталаб хотини беҳуш йиқилди. Ароққа тўйган Шойимқулни уйғотиб бўлмади. Назира қўшниларни чақирди. Кекса момо дам солди, қандайдир гиёҳнинг илдизини майдалаб, чойга қўшиб ичирди. Оғриқ пасайгандай бўлди.
Бу ҳолат яна бир неча бор такрорланди. Аммо Шойимқул: “Хотин, ваҳима қилаверма, озроқ ўралиб ётсанг, ўтиб кетади”, деган гапдан нарига ўтмади. Кейинроқ врачлар Назиранинг дарди анча зўрайиб кетганлигини айтишди. Мана энди…
Шуларни ўйлар экан, Шойимқулни ваҳима босди. Худо кўрсатмасин, Назирага бир нима бўлса, аҳволи нима кечади. Минг хаёл билан касалхонага етиб келди. Икки кишилик хонада Назиранинг бир ўзи ётибди, ранги докадай оқариб кетган.
— Тузукмисан?
Назира бу гапни эшитмади чоғи, жавоб қилмади.
Шойимқул ўнғайсизланиб туриб қолди.
— Тузукмисан деяпман, ҳозир духтурлар билан гаплашдим, худо хоҳласа яхши бўлиб кетаркансан, — деди овози сал қалтираб. Аммо ўзининг овозини Назира тугул ўзи ҳам эшитмади, ишонмади ҳам. Чунки ҳеч ким билан гаплашгани йўқ. Коридорда дуч келиб қолган врач унга шундай қарадики, ҳаммаси тушунарли бўлди…
Ич-ичидан йиғи келди. Каравотнинг бир четига ўтириб, унсиз йиғлай бошлади. Палатага кириб келган ҳамшира қиз кимга қарашини билмай, турган ерида туриб қолди…