Абдужалол Тайпатов. Полвон (ҳикоя)

Қаршидан Тошкентга қатнайдиган енгил машиналар бекатига келишимиз биланоқ бизни такси ҳайдовчилари ўраб олишди: “Тошкентгами?”, “Келинг, бензинли машина!”, “Бир киши керак, ҳозироқ жўнаймиз!”, “Айтган манзилингизга элтиб қўяман”, “Ўтиришингиз билан юрамиз. Нархини келиштирамиз!”.

– Ҳой, биродарлар! – дедим қўлимни кўтариб, – бизнинг ўз таниш ҳайдовчимиз бор. Ўша билан кетмоқчимиз.
 
Шундан сўнггина ҳайдовчилар бирин-кетин тарқалишиб, биздан нари кетишди. Ёнимда тўнғич ўғлим бор эди. Пойтахтга малака оширишга чақиришибди. Энди қўлимиздаги сумкаларни бирон жойга қўйиб, нафас ростламоқчи бўлиб турган эдик, сал нарироқдаги дарахтлар соясида турган оқдан кўра сариққа мойилроқ юзли, баланд бўйли, тўла гавдали, олтмиш ёшларни қоралаб қолган одам лапанглаб биз томонга кела бошлади. У бир оёғини сал судраб босарди. Кулранг спорт кийими унга ярашганди. Юриши таниш кўринди. Эътибор бериб қарадим. “Полвон-ку! Қамоқдан чиқибди-да!”.
 
Полвон бизга яқинлашиб, салом берди.

– Э, Тиловберди ака, қандайсиз? – Илиқ сўрашдим. – Яхши келдингизми?

–Чиқдим, – деди у бир ерга қараб олиб. – Қани, ўзингиз? Тошкентгами?

– Ҳа, бир-икки йилдан буён ишим ўша ёқда. Болалардан, набиралардан хабар олиб кетаяпман. Ўзингиз бундай?

– Гўшт бизнеси билан шуғулланаяпман. Бозордан мол олиб, Тошкентга жўнатаман. Ўша ёқда сўйдириб, қассобларга, чойхона-ю ошхоналарга кўтарасига топшираман. Бугун ҳам бир юк машина мол жўнатдим. Энди ўзим ҳам изидан бораман. Шунга бўш кетгандан кўра, бир-икки одам олсамми, девдим. Ҳарна, бензиннинг пули чиқади. Кетсангиз, олиб кетаман.
 
Машинага жойлашарканмиз, ўғлим менга ёвқараш қилди. Бунинг маъносини тушундим: “Такси тиқилиб ётган бўлса-ю, нархини суриштирмай, келишмасдан бир кекса одамнинг машинасига ўтириб олганини қаранг. Бу одам машинани қандай ҳайдайди, қачон етиб боради. Кеч тушиб қолган бўлса…”

– Бу киши катта полвон. Қишлоғимизнинг зўр полвони бўлган. Бу одамга йўқ, деб бўлмайди, – деб қўйдим секин ўғлимга, унинг нигоҳидаги саволларга жавоб берган бўлиб. Ичимда эса ўйладим: “Сен шаҳарда ўсган бўлсанг, полвонни қаердан биласан. Қишлоғимиздан Тиловберди полвондай полвон ҳалибери чиқмаган. У зўр эди!”.

Тиловберди полвон билан бир мактабда ўқиганмиз. У биздан 5-6 ёш катта эди.
 
Болалик пайтимизда қишлоғимизнинг тўйлари кўпкари ва курашсиз ўтмасди. Қурби етган одам, албатта, бу томошаларсиз тўй қилмасди. Кураш ва кўпкари бўлмаган тўйларни “қизил тўй” деб аташарди.
 
Қишлоқ тўйларининг кўпкари ва кураш томошалари ниҳоятда завқли бўларди. Биз, болалар, мактабда дарслар тугар-тугамасдан бу томошаларга ошиқардик. Айниқса, кураш бизнинг жону дилимиз эди. Синфимиздаги аксарият ўғил болалар кураш тушишарди. Одатда тўйлардаги курашни болалар бошлаб беришарди. Баковуллар дастлаб 6-7 ёшли болаларни даврага таклиф қилишар, секин-аста курашга тушадиганларнинг ёши каттариб бораверарди. Давлатманд одамларнинг тўйларига қўшни туманлардан, Қарши шаҳридан, Сурхондарёдан, Самарқанду Бухородан, ҳатто Туркманистондан ҳам таниқли полвонлар таклиф қилинарди. Ҳар бир қишлоқнинг, туманнинг ўз таниқли полвонлари, зўрлари бўларди. Тиловберди қишлоғимизнинг зўри эди. Етмишинчи йилларда қишлоғимизда бўладиган тўйларда биринчи товоқ(соврин)ни ҳеч кимга бермаган. У ниҳоятда моҳирлик билан олишар, чаққон ва ҳаракатлари тез эди. Тиловбердининг кураш усулини кўрмаган бегона полвон бўлса, албатта, уни биринчи ё иккинчи қўл ушлашишда елкасидан ошириб ташларди. Ўн йил десам, балки лоф бўлар, аммо аниқ беш йил Термиздан Самарқандгача, Китобдан Бухорогача бўлган ҳудудда Тиловбердига тенг келадиган полвон топилмади. У даврага тушиб айланганида, рақибини бир силтаб, елкасидан ошириб отганида давралар карахт бўлиб қолганини, олқишдан еру осмон зириллаганини кўп бор кўрганман ва қишлоғимизнинг ҳар бир ўсмир боласи сингари кўнглимда бир дунё ғурур туйганман. Бу полвоннинг бир қўлини олиб кўришиш, саломлашиш, суҳбатида бўлиш биз ўсмир йигитчалар учун катта орзу эди.
 
Ҳа, Тиловберди қишлоғимизнинг фахри эди. Ҳар бир элнинг шундай бир полвони бўлсин экан. Бу полвоннинг бир курашини ўз кўзим билан кўрганман ва ҳозир ҳам бу воқеани ҳар эслаганимда баданимга титроқ, ҳаяжон киради.

Адашмасам, мактабни битираётган йилимиз эди. Қир-адирлар кўм-кўк, қизғалдоқлар очилган, айни кўклам кунлари эди. Хўжалик раиси тўй қилаётганди. Чорвачилик фермасининг ёнидаги адирликда олдин кўпкари берилди. Кейин эса кўкаламзорда катта кураш бўлди. Одам кўп. Давранинг чет-четида тўрт-беш қур бўлиб, полвонлар жойлашган. Қаршидан, Яккабоғу Чироқчидан, Сурхондарёдан ва бошқа жойлардан полвонлар бор. Кураш қизигандан қизиди. Айниқса, қаршилик Жаббор полвон бошлаб келган чеченми, осетинми, бир сап-сариқ полвон ўнга яқин йигитни йиқитди. Зўрман, деганнинг ҳаммаси писиб қолди. Бу нотаниш сариқ полвон ҳамма зўрни йиқитгани камдек, товоқ(соврин)лар қўйилгач, бориб биринчи товоқни ҳам олди. Давра жимиб қолди. Минг-икки минг одам жам бўлган даврада сукунат. Баланд бўйли сариқ полвон ўзбекча яктакни кийганича даврани айланади. Талабгор йўқ. Шунда ёмон бўларкан, биродар?! Бир вақтлари кураш тушган, умри полвонлик билан ўтган чоллару ёш полвонлар, қишлоқнинг ориятли инсонлари ерга кириб кетай дейди. Аммо талабгор йўқ. Зўрга тараф йўқ. Россия томонлардан келган нотаниш сариқ полвон эса даврани тўлдириб айланади, айланаверади… Қани энди, шу пайт ер ёрилсаю ютса… Лекин ер ютмайди. Полвонлар юрти Кўкдала аҳлининг шарманда-ю хор бўлганини ҳатто Қуёш ҳам самодан кулиб томоша қилаётир.

– Қани энди, ҳозир Тиловберди бўлганида эди! – деди тўй курашининг баковулларидан бири. – Афсус, қадимгиларнинг йигитга ўлим йўқ, у ўзини ўтга, чўққа уради, деганлари рост экан.

Тиловберди олдин Қарши шаҳрида техникумда ўқиди. Кейин танилиб, номдор полвонга айлангач, уни Жисмоний тарбия институти раҳбарлари Тошкентга чақириб, ўзлари ўқишга қабул қилишди. Аммо ўқишни битираётган йили талабаларнинг бир жанжалига аралашиб, қамалиб қолди, институтдан ҳайдалди.

– Тиловберди уйида, – деди унинг тенгқурларидан бири баковулга. – Аммо озиб-тўзиб кетган. Бировнинг ёқасини ушлайдиган ҳоли йўқ. Аҳволидан уялиб, тўйга келмади.
 
Баковулга жон кирди:
– Мен қўшимча товоқ-зотлар қўйиб, даврани ушлаб тураман. Илтимос, уни обкелинглар. Майли, олишмасаям, бир келсин.

Тиловбердининг ҳақиқатан ҳам ранги бир алпозда эди.

– Мен кураш тушадиган ҳолатда эмасман, – деди у. – Энди хафа бўлмайсизлар, оғайнилар!

Баковул ақлли одам эди. Ўзи ҳам ёшлигида кураш тушган, полвонларнинг руҳини, қитиқ-патини яхши биларди.

–Ўғлим, – деди у Тиловбердининг елкасига қўлини қўйиб, – аввало, кўнглингни чўктирма, йигитчиликда ҳаммаси бўлади. Ҳали кўрмагандай бўлиб кетасан. Энди менинг гапимга қулоқ сол: сен қамалиб қолгач, бу элда полвон қолмади ҳисоб. Сенинг йўқлигингни билиб, анави Жаббор ғирром манави сариқ полвонни обкелган. Чунки унинг алами бор: бу ердан неча бор қуруқ кетган. Қара, ўғлим, одамларга, болаларга қара. Ҳамманинг боши хам. Бу кунларни кўргунча ўлиб кетсам бўлмасмиди?! Лекин сен чиқмасанг, мен ўзим ечиниб чиқаман шу сариққа. Ўлсам, майдонда ўлай. Ўзим ўргилай сендан, чиқ, икки қўл тутсанг, чидаб берсанг бўлди, “овмин” айтиб, даврани тарқатиб юбораман. Бундан кейин баковуллик қилмайман. – У осмонга қаради. – Э, худо, бу элнинг аёллари кўпроқ полвон туғса бўлмасмиди?

Тиловбердининг юзларига қон гупурди. Дув қизариб, дадил ўрнидан турди.
– Майли, оқсоқол, курашганим бўлсин. Фақат, илтимос, даврани ушлаб туринг. Мен уни йиқитаман! Бу элдан ҳали кўп полвонлар чиқади. Сира кўнгилни чўктирманг. – Полвон оқсоқолни бағрига босди.

Шунда бир нарсанинг гувоҳи бўлдим. Боя кичрайиб, афтода ҳолда ўтирган Тиловберди полвон яктак кийиб, белбоғ боғлаб даврага тушганида йириклашиб, шишиб кетган, билак-мускуллари ўйнар, алпомишкелбат паҳлавонга айланганди.

Давра совиб қолган, ишқибозларнинг руҳи синиқ эди. Баковул даврада курашаётган кичикроқ икки полвонни уларга зотни бўлиб бериб, ажратиб қўйди.

– Энди, ҳурматли халойиқ, мен даврага яна бир бор биринчи товоқни кўтарган Россиядан келган полвонни таклиф қиламан. – Баковулнинг овози энди бошқача гулдирарди.

Сариқ полвон бу майдонда ўзига талабгор йўқлигига қаттиқ ишонган шекилли, кийимларини ҳам алмаштириб олган экан. У ечинмасдан даврани айланди.

Баковул унга танбеҳ берди: – Кийимларингизни ечиб, кураш формасида олдимга келинг. Сизга талабгор бор, – деди қатъий.

Майдон яна сув сепгандек жим бўлди. Оломон нигоҳини бир нуқтага қаратди ва даврага тушган Тиловберди полвонни кўриб, халойиқ гувиллади, бир силкинди.

Сариқ полвон томошабинларнинг қийқириғини эшитиб, чўчиб қолди. Қаршисида бўйи сал ўзидан пастроғу, лекин ўзига ўхшаган оқ-сариқ, аммо бақувват рақибини кўриб, довдиради.

Тиловберди биринчи қўлда сариқ полвоннинг яктагидан ушлаб, уни ўнгга ва чапга силкитиб, кучини, имкониятини синаб кўрди. Иккинчи қўлда кўпчилик нима бўлганини англамай қолди. Менинг кўрганим: сариқ полвонни Тиловберди елкасидан ошириб отди. Шундай гавдали одам икки оёғи ҳавода чархпалак бўлиб, қоқ елкаси билан ерга тушди. Зарбадан ер титраб кетди гўё. Сариқ полвон дзюдо курашининг устаси эмасми, дарров сакраб ўрнидан турди ва нима бўлганини тушунмай атрофга аланглади. Шундай моҳир дзюдо устаси ҳам Тиловбердининг “елка” усулига, унинг тез ҳаракатига чап беролмади.

Баковул ўнг қўлини осмонга баланд кўтарди ва овозининг борича бақирди:

– Ҳалол! Тиловберди полвонники ҳалол!

Сўнгра келиб полвонни бағрига босди: “Отангга раҳмат, ўғлим!” Майдон ҳайқириқдан гувиллади. Давра ўрнидан қўзғалди. Бутун эл Тиловберди полвонни – элнинг ориятини сақлаб қолган ўз полвонини олқишларди.

Мен ўшандан буён ҳам ҳаётимда кўп бор катта томошаларни, зўр олқишларни кўрдим. Аммо қишлоғимиздаги ўша тўйда кўрганим ҳолатни – ғолиб полвонни олқишлаётган ҳамқишлоқларимнинг шодон чеҳрасини ҳар гал хаёлдан ўтказсам, беихтиёр ёш боладай кўнглим тўлиб, кўзимга ёш келади. Элим, қани энди, ҳар бир фарзандинг Тиловберди полвондай бир оғир кунингда сенга мададкор бўлиб, кунингга яраса, орингни кўтарса!

Ўз хаёлларим билан бўлиб, Самарқандга келганимизни пайқамай қолибман.
– Нон бозорига тўхтаймизми? – Тиловберди полвон бизга мурожаат қилди.
– Албатта-да. Енгилроқ тамадди қилиб олсак яхши бўларди, – дедим.
 
Полвон бозордан ўнта нон кўтариб чиққанини кўриб, ажабландим.

– Бунча нонни нима қиласиз, полвон?

– Э, нимагадир бошқа ернинг нонларига қорним тўймайди. Қоғоздай, бир сиқим. Гўшт сотилгунга қадар икки-уч кун тураман, шунда ейман-да. – Кулади полвон.

Зимдан Тиловберди полвонга разм соламан. Олтмишга кираётган бўлса-да ҳали бақувват, этини олдирмаган. Фақат ҳаракатлари бироз оғирроқ, олдингидек чаққон эмас.

Полвонни гапга соламан. Нега қамалганини сўрайман.

– Одамлар полвон халқининг эси камроқ бўлади, дейишса, тўғриси, жаҳлим чиқарди, – дейди у маҳзун. – Ёшим бир жойга борганида ортга қарасам, кўп ножўя ишлар қилибмиз. Энди кеч. Камчилигим: ноҳақлик, инсофсизликни кўрсам, ғазабимни босолмайман. – У бироз тин олиб, кейин давом этди.

– Биринчи қамалишим, ўқишдан ҳайдалишимга бир қиз сабабчи бўлган. Кучим кўп, зарбим зўр эди. Ёшликда бўлганда, ука. Кейингисини ҳам эшитгансиз, элда гап ётмайди. Хўжаликда тўрт-беш йил бўлим бошлиғи бўлдим. Бир куни қишлоғимизнинг қизлари, келин-жувонларини ҳашарга чиқариб, даламизда пахта тердираётган эдим. Туман раҳбарларидан бири – вакил тушликда келиб қолди. Машинадан тушар-тушмас бақира кетди:

– Нега ўтирибсанлар, бу қанжиқларинг нега пахта термаяпти? Сен қаёққа қараяпсан, ҳўкиз!
 
Вакилга яқинлашиб, салом бериб, қўлимни узатгандим, олмади. Қарасам, оғзидан ароқ ҳиди келаяпти.

Ғазабим қўзиди. Мен бир элнинг катта полвони бўлсам. Бу энағар ким ўзи? Мана бу маҳалладош қиз-жувонлар, келинлар олдида ким деган одам бўлдим? Ўзимни тутолмай қолдим. Вакилнинг ёқасидан ушлаб, ўзимга тортдим-у бир мушт урдим. Сомон тўлдирилган қопдай пўкак одам экан. Икки оёғи кўкрагим баробар кўтарилиб, ариққа елкаси билан қулади. Ҳайдовчиси зўрға ўзига келтириб, олиб кетди…
 
Гурунг-гурунг билан вақтнинг ўтгани сезилмади. Гўё манзилга бир зумда етиб келдик. Машинадан тушиб, хайрлашарканмиз полвон:

– Шундай қилиб, жанжалу курашларда умр ўтди, ука. Балки, ҳозиргидек шароит, имкониятлар бўлганида бизни ҳам дунё танирмиди?! Насиб бўлса, набираларимдан жаҳон чемпионлари чиқар…,– деди.

Унинг овозида бироз ўкинч, бироз умид ҳам шукр бор эди.

(“Ҳуррият”, 2013 йил).