Уйга келиб фикримни жавонга қўйдим. Худога шукуре, бир мазза қилдим, бир мазза қилдим. Бу худди ҳаммомнинг пархонасига қамалиб қолган одамнинг озодликка чиқишидан ҳам ёқимлироқ эди. Ана энди, газета варақлаб, теливизор томоша қилганча аччиқ кўк чойни симириб уйқу вақтигача ялпайиб ётиш мумкин. Шундай ҳам қилиб энди чўзилганимни биламан хотин дийдиёсини бошлаб қолди:
– Дадаси. Нон олиб келмабсиз-ку. Унинг устига гўшт ҳам тугаганига икки кун бўлди. Мана бу тишларимни шундоқ суғуртириб иккита тилла тиш қўйиб олсам борми нақ сув қундузидай бўламан. Шунга пул олиб келинг деган эдим, униям эсингиздан чиқарган бўлсангиз керак. Мундоқ бир хотинниям ўйлаш керакми йўқми ўзи. Кияман демасам, юраман демасам…
Қайсидир шўри қуриган файласуф айтган экан: Хотинлар аввал гапириб, кейин ўйлашади, деб. Баъзан ўша файласуф менинг хотинимни таниганмикан, деган шубҳага бориб қоламан.
Товба худди қўшни хотинга ўхшаб жаврайди-я. Фалокат босиб фикрларини алмаштириб олишмаганми ишқилиб. Дарҳол олдини олмасам озгина ҳордиқ ҳам онасини уч қўрғондан кўради шекилли. Шарт ўрнимдан турдиму хотиннинг фикрини юлиб олдим. Акумлятори ўтирган қўл телефонидай чакаги ўчди-қолди. Менга бир пас тикилиб турдида, нимадир эсига тушгандай, – Ошхонага ўтинг, овқат сузаман, – деганча чиқиб кетди.
Жавон ёнига келиб хонимнинг фикрчасини ўз фикрим ёнига қўйишдан олдин салмоқлаб кўрдим. Енгил, кичиккина, ялтироқ. Ўзимнинг фикримни салмоқладим. Оғир, катта ва дағал. Хотинимнинг бошига сиғиши даргумон. Уники эса… менинг бошимда хумга ташланган ёнғоқдек бўлиб қолади. Нободо жин уриб алмашиб қолса борми, кечгача каллангда у ёқдан-бу ёққа шалдираб жонга тегиши аниқ. Ҳа майли, ҳар кимга ўзиники азиз…
Ярим тунгача зангори экран олдида ўтириб уйқудан қолганим учунми, эрталаб ўрнимдан зўрға турдим, уйқуга тўймаган кўзларим юмилиб-юмилиб кетар, қовоқларим ачишиб, атрофимда нималар бўлаётганини идрок қилолмасдим. Бир амаллаб ишга отландим. Машинага ўтирмоқчи бўлиб турсам хотин “Тўхтанг, фикрингиз қолиб кетаяптику”, деб эҳтиётдан латтага ўралган фикримни берди.
Уни олишим билан бошимга жойладим. Кейин эса… Кейин эса, негадир мамнун бўлиб кетдим. Ювилганидан ялтираб турган машинамга қараб ёш боладай суюндим. Қўлгинаси дард кўрмагур хотиним ювиб қўйган. Мени хижолатда қолдириб нуқул шунақа қилиб юради. Орқамни бир силаб машинага ўтирдиму ишга жўнадим. Йўлда ойнага кўз ташладим. Қошларим жуда беўхшов. Лабларим ҳам бир оз қовжираган. Вой. Сочимга ҳам бир-иккита оқ тушибди.
Гўзаллик салонига йўл олдим.
Ишхонага киришим билан ҳамкасбларим ўраб олишди.
– Вуй, қошингизни “зебра”да тердирдингизми?
– Лаб бўёқни янаям очидан сурмабсизда ўртоқ. Сал билиниб қопти.
– Аммо сочни зўр химия қилибди. Бирам очилиб кетибсиз-ей. Туф-туф-туф илоё кўз тегмасин.
Хижолатдан қизариб кетдим. Шундай ажойиб ҳамкасбларим бор-а. Мен бўлсам гоҳида уларга қўрслик қилиб, хафа қилиб ўтираман-а. Вой менгина ўлиб қўя қолай, қўрслик ҳам эви биландее.
– Ўрто-о-о-о-қ, жон ўртоқ. Мен ўлгурни кечиринг сизни жуда ёмон хафа қилиб қўйдим-а, – дедим кеча жанжаллашиб олган ҳамкасбимга қарата.
У бўлса юзимдан чўлпиллатиб ўпиб олди. Кечирди, шекилли…
Кун ажойиб ўтди. Аллақаердан келган мақолаларни таҳрир қилиб бош оғритиб ўтирмадим. Ҳамхоналарим билан росса гаплашдик. Тушлик деб эшикни ёпиб олиб уч соат лақиллашдик. Бир биримизга кийимларимизни, узукларимизни, дазмол ва кир машиналаримизни ҳатто… ҳатто… Одам айтгани ҳижолату, майли айтавераман. Ичкийимларимизниям мақтанибмиз. Вой, менгина ўлиб қўя қолай…
Шунча йил ишлаб бунчалик хотиржам, бугунчалик хушчақчақ бўлмаган эдим. Кечқурун ҳамкасблар ўпишиб хайрлашганча уйга тарқадик.
Одатдагидек уйга келиб фикримни ечсам хотиним жавраб қолди.
– Дадаси, сизга эрталаб ўзимни фикримни бериб юборибман. Ўрнига сизникини ишлатиб турай десам ўлгур ҳеч бошимга сиғмади. Кун бўйи фикрсиз ўтиришимга оз қолди-я. Хайриятки каллам ишлаб қолди. (Фикрсиз калланинг ишлашини биринчи эшитишим!) Нима бўлса – бўлар дедиму, биттаю битта товуғимизнинг фикридан фойдалана қолдим…
Ногаҳон қалампир чайнаб юборгандай бўлдим.
Ие. Бу қанақаси бўлди. Ҳали мен кун бўйи хотинимининг фикрини кўтариб юрдимми? Худо уриб қўйибдию. Ўзимам ўйловдима, нега кун бўйи майдақадамларга ўхшаб жилпанглаб қолдим деб. Агар биров эшитса борми!
Хотинимни койидим. Кейин ўйланиб қолдим. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор. Бордию эрталаб хотин адашмаганда, эр кишининг эркак фикридан кўра хотиннинг фикри билан яшаши осонроқ эканлигини қаердан билардим?
Шуларни ўйлар эканман, ўз фикрим билан ёнма-ён турган хотинимнинг фикрига меҳрим товланди.
Яна бир яхши томони хотинимнинг фикри ўзида қолганда кечгача бир арава бўлар-бўлмас режаларни тузиб, ҳозир бошимни қотираётган бўларди. Фикрлаёлмагани учун мана минғир-минғир ҳам йўқ…
Эрталаб ҳар кунгидан эртароқ туриб ишга отландим. Фикримни бошимга жойлаб олгач, хотиннинг кўзини шамғалат қилиб унинг фикрини ҳам қўлтиққа урдим.
Ҳар ҳолда, мудом бўлмаса ҳам асқотади.
Хотиннинг эса фикрламагани тузук…