Бугун севги ҳақидаги савол билан боғча тарбияланувчисими ёки мактаб ўқувчисигами мурожаат қилсангиз, албатта, жавоб оласиз. Гарчи жуда чиройли жавоб бўлмаса-да, уларнинг бу мавзу ҳақидаги ҳаминқадар фикрларини тушуниш қийин эмас.
Келинг, яхшиси мавзу ичига чуқурроқ кириб борайлик.
… “Байрам” келмасидан анча олдин, кундалик иш-юмуш, ташвишлардан бироз бўлса-да ҳолироқ бўлиш мақсади билан радио мурватини бурадим. Кечки пайт бўлганлиги боисми, деярли барча хусусий радиоканалларда табриклар саҳифаси берилаётган экан. Бирорта яхшироқ қўшиқ тинглаш илинжи билан радиони у каналдан бу каналга олдим. Кўнглимга ёқадиган қўшиқни топдим-у, лекин… Лекин табрикларда ўқиб эшиттирилаётган хатлар ва телефон қўнғироқлардаги “мухлис”ларнинг бемалол “ошкоралик” билан айтаётган “дил изҳорлари”ни эшитиб, қўшиқ таассуротидан ҳам чалғидим. Шундай “дил изҳорлари”дан ёдимда қолган айрим мисолларни келтираман:
— Асалим Наргис, ман сани севаман. Бу дунёда мани борим ҳам, йўғим ҳам ўзингсан…
— Қадрдон К… ака. Мени кечиринг, сизни бугун ранжитиб қўйдим. Аслида мен фақат сизни…
— Осмондаги Ҳилолим! Сени таваллуд айёминг билан табриклайман. Мени бахтимга…
— Мен сенсиз яшолмайман Д… ва ҳоказо.
Бошловчи хатларни ўқиб бўлгач, унга муносабат билдирди: “бугунги кунда севги-муҳаббат ёшлар ўртасида эпидемия каби тарқалди”. Унинг бу гапларни айтишдан муддаоси нима билмадим-у, лекин аччиқ бўлса-да, унинг сўзларида жон бордек. Эпидемияга қарши кураш чоралари кўриладию, лекин унга қиёс қилинган нарса тақиқланмагани боисми, уни ҳеч ким тўхтатолмайди. Балки у фақат инсоннинг ўзига тегишли бўлгани учундир…
“ОСОНГИНА…”
Яқинда катта ёшли кишилар даврасида бўлганимда, шу мавзу бўйича ҳам катталар ўзлари билганларича гапирдилар. Даврадагилардан бири шундай деди: “Ҳозир севги-муҳаббат деганлари ўйинчоқ бўлиб қолди. Осонгина севади, осонгина изҳор қилади, осонгина ташлаб кетади, осонгина унутади, осонгина бошқасини топади, осонгина…”
Биз бугун инкор этолмайдиган яна бир ҳақиқат бор: Ҳордиқ истаб қайси бир истироҳат боғига борманг, у ерда ўтириш учун бирорта бўш ўриндиқ тополмайсиз. Жуфтликлар ёнига бориб ўтиришга эса истиҳола қиласиз. Ўша жуфтликларнинг ошкора бир-бирига қилаётган муомаласидан баъзида ҳайратга тушасиз. Очиғи, ўрганиб ҳам
қолдик.
Наҳот, муҳаббат туйғуси ҳақиқатан ҳам ўйинчоққа айланиб қолган бўлса? Аслини олганда дунёда ҳамма нарса қадр топгани учун ҳам азиз бўлади. Аммо бугун севги-муҳаббат деган туйғунинг қадри қаэрларда сарсон-саргардон… “Ёшликда ўйнаб-кулиб қолиш керак” деган бемаъни фикрдаги йигит-қизлар даврларининг “мазмунли” ўтиши учун севги-муҳаббатни танлаганликларини қай сўз билан оқлаш мумкин?! Бу гапларимга эътироз билдирадиганлар ҳам топилиши табиий. Лекин ўйлаб кўринг, ҳамма нарса одоби билан гўзал бўлгани каби, муҳаббат ҳам одоби билан чиройли эмасми?
… ҲАМ РАДИО, ҲАМ ГАЗEТА, ҲАМ ТEЛEВИДEНИЕ…
Бугунги кунга келиб нафақат радиоканалларимиз, балки хусусий газеталаримиз ҳам “ошиқ”ларнинг дил сўзларини “маъшуқ”ларга етказувчи оддий воситага айланди-қолди.
Яқинда шундай газеталаримиздан бирида 12 ёшли ошиқ бола синфдош қизга севги изҳор қилган сатрларга кўзим тушди. 12 ёшли…
Бу унинг тахминан 5- ёки 6-синфда ўқиётганидан далолат беради. Буниси ҳам етмагандек, у ўз севгисини “менинг биринчи муҳаббатим” дея таърифлабди. Кичик ёшдаги мактаб ўқувчисининг муҳаббат мавзусида шунчалик даражада фикр юрита олганига қойил қоласан киши. Бу гапни бир дугонамга айтганимда, “эй, шунгаям ҳайрон бўласанми, боғча болалари севиш нималигини билади-ку, ҳали у мактаб ўқувчиси экан”, деди қўл силтаб. Мени эса бир савол қийнайди: улар шу ёшидаёқ севишни кимдан ўрганишган экан? Бунга сабаб қилиб бир нечта омилларни келтиришимиз мумкин. Жумладан, радиоканаллар орқали айтилаётган очиқ-ойдин дил изҳорлари, газета саҳифаларини тўлдираётган оҳ-воҳлар, қолаверса телевидениэ орқали намойиш этилаётган бачкана телесериаллар қаҳрамонларига тақлид ёшларни бу туйғуга енгил-элпи қараш билан бирга анчагина маънавий қашшоқ ҳам қилиб қўйди. Газета, радио ёки телевидениэдаги сериалларни мунтазам кузатиб борсангиз, у ерда шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, бу нарса қандай ёшда бўлишидан қатъи назар, халқ тили билан айтганда, болаларнинг “кўзини очиб юборади”.
Айни ўқиш, изланиш, илм олиш ёшида бўлганларга севги-муҳаббат анчагина халақит беради. Тасаввур қилиб кўринг, ҳали боғча ёки мактаб ёшидаги боланинг муҳаббат ҳақида ўйлаши ва ёхуд ёқтирганига севги изҳор этишини қабул қилиш мушкул. Ҳар нарсанинг ўз ўрни бўлгани каби севмоқликнинг ҳам вақти-соати бор. Ўқиб, изланиб, маълум бир касбнинг эгаси бўлгандан
кейин ҳам севишга вақт топилади. Тан олиш керак, ҳаётда севги-муҳаббатнинг ҳам ўз ўрни бор. Мана шу ўринни ақл тарозисига солиб, кейин белгилаш лозим, назаримда.
“СEВГИ МАКТУБИ МУҲОКАМА ҚИЛИНМАЙДИ”… МИ?
Биз мактабда ўқиб юрган кезларда синфдош дўстларнинг ёки юқори синф ўқувчиларининг синфимиз қизларига ёзган хатлари ўқитувчимизнинг қўлига тушиб қолса, катта шов-шувга сабаб бўлар ва ўша хат ўқитувчиларнинг умумий мажлисида муҳокама қилинарди. Хат ёзган ўқувчи ҳам, жавоб берган ҳам бирдек жазога тортиларди. Ҳатто шундай вақтлар ҳам бўлардики, ота-оналар мажлисида ҳам бу хат муҳокама қилиниб, ўша ота-оналар ўз болаларининг тарбияси билан мунтазам шуғулланмаганликда айбланарди. Ҳозир-чи? Умуман, олганда севги мактубининг умуммуҳокамага қўйилиши тўғрими?
Бошида ўқитувчиларнинг бу ишларини мутлақо нотўғри деб ҳисоблардим. Ҳозир ўқитувчиларимиз қўллаган бу усул бир томондан тўғри ҳам бўлган, деб ўйлайман. Ўшанда ўқитувчиларимиз бизнинг севги-муҳаббатга бўлган муносабатимизни сўндирмоқчи эмас, балки бизнинг бу ишимиз кичик ёшдаги ўқувчиларга ҳам жиддий таъсир ўтказишидан қўрққан эканлар.
Ёшимиз улғайгач, буни тушунганмиз.
Бугун ҳам ўқувчилар ўқитувчилари севги мактубларини кўпчиликнинг олдида муҳокама қилишларини ёқлашмайди. Ўқитувчиларнинг бу ишларини, балки, бутунлай оқлаб бўлмас, лекин улар бу билан бизга ёмонлик тилашмайди-ку! Агар нотўғри десак, ўқувчиларнинг ўзлари тўғри иш қилаяптиларми?
Улар ўзларидан пастки синфда таҳсил олаётган укаларига ўрнак бўлишлари кераклигини унутиб қўймаяптиларми? Севиш ёшига етганликларини ҳис қилган эканлар, буни сир тутиш наҳот қўлларидан келмаса?…
ХУЛОСА…
Қиссадан ҳисса нима?
Севги-муҳаббат биз ўйлаганчалик оддий туйғу эмас. У покиза туйғу. Уни дилларимизда, юрагимизда сақламоғимиз керак. Токи унга бошқалар беписанд муносабатда бўлмасинлар!
Маъмура Рамазон қизи,
“Маърифат” газетасидан олинди.