Бу дунё қанчалик қадимийлигини ўйлаб кетасан-да, унинг шунчалик муаммолари борлиги ва бу ҳар бир шахс ҳаёти давомида илк кўриниши билан кўз-кўз бўлишини кўриб ҳайрон. Туғилиш ва ўлим оралиғида бу инсоннинг бошидан кечирган дард ва муаммоларини қайтадан босиб ўтиши, бу мўжизалардан бири, демасдан илож йўқ. Мана, олиб қарайликчи, Таврот саҳифаларида тилга олинган Онан ва унинг ҳаётий муаммолари бугунги кунда ҳам деярли ҳар бир инсон ҳаёти тарихида қайта-қайта такрорланиб туради.
Бировлар уни дард, шаккоклик, маънавий бузуқлик ва бошқа салбий тушунчаларда эслаб тилга олишни хоҳламаса, бошқалар уни ҳаётий муаммо, ёшликнинг бошдан кечирадиган поғонаси, тарбиянинг етишмаганидан юзага келадиган, оддий физиологик, ҳатто табиатнинг Оллоҳ томонидан одам жисмига жойланган ирсий талабларидан бири ва бошқа унчалик салбий бўлмаган ҳолат, деб қарайди.Юқоридаги мулоҳазалардан кўриниб турибдики, биз инсон боласининг ўз жинсий эҳтиёжларидан бирини бошқа жинс иштирокида эмас, ўзи қондириши, Тавротий Онан афсонасидан бугунги кунда ўз нақшини олиб шу номда ёшлар орасида учрайдиган ҳолат, илмий адабиётда онанизм деб ном олган муаммо устида фикр юритмоқчимиз.
Муаммонинг қадимлигини таъкидлаш билан бир вақтнинг ўзида айтиб ўтадиган мулоҳазамиз шундан иборатки, ушбу муаммо ҳақида ёшлар орасида киройи бирон яхшигина суҳбат оилада, боғчада, мактабда, институтда ва ҳатто бошқа бирон тарбия масканида ўз ўрнида ўтказилмайди ва бу йўналишда гап очсангиз, нима қиласиз керак эмас дардни қўзғаб, бошқа мавзу қуридими сизга, дейишдан ҳам тортинмайдилар.
Мавзулар кўп, аммо дардни яширсанг иситмаси ошкора қилади, бор муаммони кўрмасликка олишнинг ўзи жаҳолат эмасми. Муаммони кўриб кўрмасликка олиш билан у ёшлар орасидан ўз-ўзича кўтарилиб кетмайди ва ечими осмондан тушмайди. Демак, муаммо муҳокама қилиниши керак ва бугунги кун ютуқларидан келиб чиққан ҳолда унинг ечими ёшларга, тарбиячиларга тақдим қилингани маъқул.
Бу ҳодиса билан биринчи бор тўқнаш келган ёшларнинг аҳволини оладиган бўлсак, улар ҳайронлик, қўрқиш, ечимини билмаслик ҳолатларига тушади. Катталарни оладиган бўлсак, улар ҳам қўрқиш, ечимини билмаслик ва болани тарбиясизликда айблашдан бошлашади. Шу жойнинг ўзида катталарга нисбатан туғиладиган савол: нимадан қўрқдингиз, болангиз ўз жинсий аъзосини қитиқлаб жинсий эҳтиёжини қондирипти, ечимини биласизми, бу йўналишда бирон билимга эгамисиз, сиз ўзингиз болангизга бу ҳақда бирон билим ва тарбия бермаган бўлсангиз, нимага энди уни тарбиясизликда айбламоқдасиз?
Айни шу жойда масалага аниқлик киритиш лозим. Яъни, биз айтган ёшлар ва катталар қўрқиб тушган ҳолат онанизмнинг иккинчи босқич кўриниши бўлади.
Масала бундай кечади:
Онанизмнинг биринчи кўриниши инсон боласида биринчи бор уларнинг энг ёшлик чоғларидан бошланади. З. Фрейд тили билан айтганда, у ирсий ҳолат бўлиб бизнинг қадимий жинсий талабимиздир. Боланинг бармоқларини оғзига олиб сўриши, 5- 6 ойлик пайтидаёқ ўзи билмаган ҳолда жинсий аъзоларига қўли тегиб кетганида улардан лаззат олиши ва бу лаззатли ҳолатни қайтаришга уринишидан бошланади. Демак, ёшларда бу талаб табиий бўлиб, ёшлик чоғида қаттиқ бақириб йиғлаш ва унинг натижасида боланинг бутун тана аъзоларининг таранг ҳолатга келиши, қизариши ва ундан кейин бирдан бўшашиб секин ухлаб қолишлари, кейинчалик “горшокда” кўп ўтиришни ёқтириб қолиш, “горшокдан” кўтарсангиз яна ўтираман деб хархаша қилиш ҳоллари ўша даврдаги табиий ҳолат бўлиб, айни биз муҳокама қилмоқчи бўлган онанизмнинг илк кўринишларидан бири эканлигини кўпчилик ота-оналар билмайдилар. Боладаги бу талаблар паталогик кўриниш эмас, ундан ҳали қўрқмаслик керак. Лекин бу ҳолатга нотўғри муносабатда бўлган ота-оналар, унинг табиий ҳолат эканини билмаган катталар болаларининг бу ҳаракатларидан қўрқиб, дўхтирларга кўрсатиб, безовталаниб юришади. Уларнинг фикрича фарзандлари қандайдир ёмон иш қилгандай, унинг хулқида ёмон ҳаракатлардан нишона бордай туюлади. Бу қўрқиш кўпинча болаларга ҳам ўтиб уларда ҳам ички бир қўрқиш, мен ёмон иш қилаяпман деган, ҳали ўзи тушуниб етмаган тушунча бошларидан ўтади ва бу қўрқув ўз вақтида олди олинмаса, катталарга ишонмаслик, инсон ҳаётидаги сексуал кечинмаларнинг катта нохуш ҳолларига олиб келиши мумкин.
Айни шу жойда биз бу қадим муаммонинг инсон ҳаётида уч хилда кўринишини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Биринчиси, бу биз юқорида айтиб ўтган болаликдаги кўриниш. Боланинг ўзи ўз танасини, жисми жонини тушуниб етмаган ҳолда ўз жинсий аъзоларига тегиниб лаззат олиши ва бу лаззатни қайта-қайта такрорлашга интилиш. Бу ҳолат болгар профессори Б. Братановнинг илмий ишларида келтирилишича, эркакларда юз фоиз, аёлларда 4 дан 3 фоизда учрайди. Ушбу ҳолни америкалик психиатр Г. Каплан ҳам тасдиқлаб, болаларда бу 15 ойдан 19 ойгача кенг тарқалган бўлиб ҳеч қандай салбий тушунчага олиб келмаслиги керак, аксинча, жинсий аъзоларга қон тўлиши, уларнинг ўсишини, табиий ҳолда профилактика қилиб турилишини таъминлайди, деб ҳисоблайди. Бу ҳолат рус тилидаги адабиётларда қораланса, бизда бу йўналишдаги ишонарли адабиётларнинг ўзи умуман йўқ.
Бу ўринда болаликдаги онанизмни хулқибузуқлик ва сексуаллик билан аралаштирмаслик керак. Илк сексуал талаб ва иккинчи кўринишдаги онанизм бу боланинг жинсий етилиш даврида бўлиб ўтадиган ҳол ва бизнингча онанизмдаги мураккаб босқичдир. Биз болалар ўртасида кенг тарқалган ва айни шу босқичдаги онанизм ҳақида батафсилроқ тўхталмоқчимиз.
Онанизмнинг учинчиси, бу баъзи ҳолатлардаги катталар орасида тарқалган кўриниши бўлиб, у ҳақда кейинроқ фикр юритамиз.
Юқорида айтиб ўтганимиздек болаликдаги онанизм билан салкам ҳамма шуғулланган ва шуғулланади. Аммо буни ахлоқий бузуқлик, ёшликдаги тез етилган сексуаллик, умуман хулқий бузуқлик, деб талқин қилмаслик керак. Ёшликдаги жинсий тез етилиш, паталогик сексуаллик, эрта ҳомиладорлик ва бошқа шунга ўхшаш жинсий ғайриҳолатлар ўртасида онанизм энг оғир бўлмаган кўринишдир. Онанизмнинг бола хулқида пайдо бўлиш сабабларидан бири унинг жинсий ўсиши билан боғлиқ бўлса, иккинчи ва асосий сабаб боланинг нотўғри ижтимоийлашувидир. Яъни, бола хулқида онанизмнинг пайдо бўлиш сабабларини унинг жамият орасига кириши ва бу йўналишлардаги тарбияси билан боғлиқ ҳолатлардаги ижтимоий муносабатларда қандайдир узилиш борлигидан ахтариш керак. Бола хулқидаги онанизмнинг кўринишлари ҳар хил бўлиши мумкин.
Масалан, ёшроқ болаларда қўл бармоқларини сўриб юриш, кейинроқ эса ўзида бўлган ва кўпинча тасодифий топилган бирон эроген зонасини топган ҳолда ўша жойни қашлаш, уқалаш, доимо бирор ҳаракатда ушлаш ва шунга ўхшаш кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Шундай кўринишлардан бирини юқорида “горшокда” узоқ ўтириш, деб айтиб ўтган эдик.
Айтмоқчимизки, онанизмнинг бу турлари одатда катталарда унчалик қўрқиш ҳолларини келтириб чиқармайди, чунки бу ҳолдаги онанизмнинг кўринишларини катталарнинг кўпчилиги ўзлари билишмайди. Демак, онанизм ва унга бўлган муносабатларда кўпроқ ушбу тушунчага катталарнинг қандай муносабатда бўлиши ётади. Аслини олганда бу муносабатлар тагида ўша катта кишининг ўзидаги ёшлигидан қолган муносабатлар ётганини айтсангиз, бу катталар ўзларига ҳам ишонишмайди.
Айни ҳолда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, онанизм ва унинг турли хилдаги кўринишларини юқори авлод педагог ва ота-оналар ўта салбий қабул қилишади. Бу бизнинг яқин ва узоқ ўтмишимиз билан ва уларнинг бу ҳодисаларга муносабатлари билан боғлиқ. Чунки, ёшроқ, бугунги педагоглар ва ота-оналар бу нарсаларга анча енгилроқ қарашлари сезилмоқда. Бугунги кунда теле ва бошқа, шу жумладан интернет алоқа воситаларидан олинаётган маълумотлар тезлиги ёшларнинг бу масалаларда ҳам тез етилишига сабаб бўлаяпти, деб енгилроқ қарамоқдалар. Умуман олганда бу мулоҳазаларда жон бор. Демак, ушбу маълумотлар кўпайган ҳолатларда ёшларнинг фақат телевизор ва интернетдан чала-чулпа маълумот тўплашига ёрдам берган ҳолда маълум йўналишда суҳбатлар уюштириш, бу нарсалар ёшларни жисмонан бевақт кучсизлантириши, ҳолсизлантириши, сексуал ҳаётга нотўғри муносабатда бўлиши ва бошқа бир қанча салбий ҳолатларга олиб келишини тушунтирсак яхши бўлади.
Бугунги кунда катталар томонидан айни мана шу масала, болаларнинг жинсий алоқа масалаларида “безбет” бўлиб бораётгани, сексуал, жинсий алоқа масалаларига қизиқишнинг эрта уйғонаётганлиги ва бу масалада катталарнинг, бизлар бу масалада катталар олдида бирон нарса дейишга уялардик, деб ўзларининг без бўлиб туришлари иккала томонни ҳам оқламайди. Катталарнинг бор нарсани йўқ, деб туриши ва ёшларнинг бу нарсага ўта муккасидан кетишлари ҳам иккала томоннинг муносабати сифатида нотўғри ҳолатдир.
Бу йўналишда ғарб мамлакатларидан бирида шундай эксперимент ўтказилган эди, вилоятнинг бир қисмида матбуотда эркак ва аёлларнинг очиқ баданлари кўриниши келтирилган расмлар, сексуал адабиёт ва бошқа шунга ўхшаш нашрлар вақтинча тақиқланган, қолган туманларида эса аксинча, журнал ва газеталарда, бошқа нашрларда бу ҳолат кучайтирилган. Эксперимент натижаси шуни кўрсатганки, расмлар кўпроқ босилган минтақада аёлларни зўрлаш ҳолатлари бирқанча поғонага камайган. Бунинг сабабларини психолог ва психиатрлар шундай изоҳлашадики, кўпчилик кишилар бу расмларни қараш ва улардан ўз жисми учун маълум лаззат олиш пайтида ўз жисмида йиғилиб қолган сексуал ҳолатга олиб келадиган кучлар бошқа йўллар, билан шу жумладан онанизм йўли билан ҳам чиқарилиб турилган.
Жамиятдаги сексуал ахлоқсизлик асосан ижтимоий сабаблар билан боғлиқ ҳолдир. Ёшларнинг ўз жисмларида сексуал ҳолатга олиб келувчи кучнинг йиғилиши, ушбу шахснинг жамиятда ўз ўрнини излаб тополмаганидан, жисмоний ва бошқа фаолият билан шуғулланмаганидан, яъни, боланинг танасида йиғилган кучнинг бошқа бирон йўналишда сарфланмаганлигидан юзага келади. Аслини олганда бола танасида йиғилган куч жисмоний машғулот, фойдали меҳнат ва бошқа йўллар билан фаолиятга чиқарилса у тезгина тинчланиб қолади ва онанизм билан шуғулланишга эҳтиёж қолмайди. Бошқа ҳолатни айтадиган бўлсак, бола тўпланиб қолган сексуал кучини сарфлашга йўл ва йўналиш тополмаса ва бу тўпланган кучни сарфлаш учун онанизм билан шуғулланса, бу ҳолатдан кейин у тезда тинчиб ухлаб қолганини кўриш мумкин. Демак, унинг бу даврда жамият орасига ижтимоийлашувидаги фаолиятнинг камчиликлари бартараф қилинса, ўша сиз ва бизнинг орамизга ёмон хулқ тушунчаси сифатида кириб қолган онанизмнинг ҳам бола хулқида камайиши ва ҳатто бутунлай рўй бермаслигини кўриш мумкин.
Онанизм тўғрисида ёшларга кераклича маълумотларни билим ва маданиятга асослаб бериш керак. Берилмаган, ўргатилмаган хулқ ва унга боғлиқ ҳолатни боладан талаб қилмаслик ва айниқса бу ҳолат учраганда берилмаган тарбия, ўргатилмаган хулқ учун уларни айбламаслик, гуноҳкор қилмаслик керак. Ҳаётий тажрибасида бўлмаган ҳаракатни бажаргани учун, бу ҳол унинг жисмида табиий талаб бўлгани ҳолда уни бажарганлиги ва бу фаолият нимагадир жамиятда ахлоқсизлик деб қаралиши ва уни бола билмагани учун бола айбдор эмас.
Ёшларда онанизм қачон салбий туслар ола бошлайди?
Бу боланинг онанизм билан ўта кўп шуғулланиши натижасида дармонсизланиши унинг жисмоний ўсишига салбий таъсир қила бошлаганда, тез-тез ижтимоий фойдали фаолиятдан четлаб якка қолишга уриниши, асабийлашувидаги хулқий ўзгаришлар, сексуал объект қидириши ва уни турлича кўринишларда ва йўлларда топишлари, бу иштиёқни қондиришдаги хавфли йўлларга дуч келиши, жамиятдаги ўз бурчларидан сусайиши ва шунга ўхшаш ҳолатлар. Бундай ҳолларда ёш боланинг ижтимоий муҳитини, оиласи ва оиласидаги муҳитни ўрганиш нафақат болага, айниқса ушбу бола яшаётган оилага, оиланинг катталарига зарур тарбиявий ёрдам бериш ўта муҳимдир.
Маҳмуд Йўлдошев,
психология фанлари номзоди