Мурод уч кундан бери уйдан пул кутади. Нимадир бўлган, шекилли, бу сафар пулнинг келиши жуда кечикди. Аксига олиб, эртага таниш қизнинг туғилган куни. Буёғига сессияини ҳам «ёпиш» керак. Энди нима қилади?
***
Ҳар қайси даврнинг ўзига муносиб ёшлари бўлади. Уларни замон, вақт билан боғлиқ айрим жиҳатлар ажратиб турса-да, ўртада умумий ўхшашликлар, муштараклик бор. Бу ота-онага бўлган муносабатда ҳам кўринади. Яъни ёшлар ҳар доим яқинларига суяниб, имкон борича улардан «фойдаланиб қолиш»га ҳаракат қиладилар. Нега шундай?
Ўсиб келаётган авлоднинг камоли учун энг кўп қайғурадиган, жигарбандининг бахти учун жонини ҳам аямайдиган ота-оналар жуда кўп. Бир қараганда, бу табиий ҳолдай туюлади. Ахир бу уларнинг бурчи-ку! Лекин…
… Ўқитувчи университет талабаларига маъруза қилиш жараёнида бир фикрни айтди: «Мен сизларни (ёшларни демоқчи) катта ёшли боғча болаларига ўхшатаман». Домла бу гапини кўпчилик балоғат ёшидан ўтган йигит-қизлар ҳамон ота-онасининг кўмагисиз ҳеч нарса қила олмаслиги, мустақил тарзда иш юритиш қўлларидан келмаслиги, тўғрироғи, буни хоҳламаслиги билан изоҳлади. «Сизнинг ёшингизда эканлигимизда жуда кўп иш қўлимиздан келарди, — дея давом этди у. — Трактор ҳайдаб бўлса ҳам, оила учун ёрдам берардик». Домла шундан кейин ўз фикрларини исботлаш мақсадида ҳаётий мисоллар келтира бошлади…
Бу фақат маъруза тинглаётган талабаларгагина эмас, балки ҳали ҳам ўз йўлини топа олмаётган, бирор касб-корнинг этагини тутмаган боқиманда ёшларга қарата айтилган аччиқ, лекин ҳақ гаплар эди. У, ўз навбатида, кўпгина иқтидорли ёшлар эришаётган ютуқлар ҳақида ҳам эслаб ўтишни унутмади…
Бундай гапларни кўпчиликдан эшитган бўлишингиз мумкин. «Эҳ, сенларнинг ёшингда мен ундай эдим, бундай қилгандим» қабилидаги таъналардан безиб кетганлар кўп. Лекин домла шу қадар самимий, куюнчаклик билан, азбаройи ёшлар манфаатини кўзлаб гапирганидан ўтирган «боғча болалари»га унинг гаплари оғир ботмади. Аксинча, кимдир яхши ўқиш, кимдир иш топиб, оиласига озгина бўлса-да ёрдам бериш ҳаракатига тушиб қолди. Бировлар катта танаффус пайтидан ҳам унумли фойдаланиш тадоригини кўра бошлади.
***
Фарзанд борки, албатта, ота-онасига ишониб, улардан мадад кутади. Озгина қийналдими, отасига югуради. Руҳан эзиляптими, онасига дардини айтади. Бошига ташвиш тушса, осонгина уларнинг елкасига «ағдариб» қўяди.
— Яхшиямки, дадам шу телефонни олиб берган, — қўлидаги уяли алоқа воситасига ишора қилади Бунёд исмли талаба. — Уйга қўнғироқ қилсам бўлди, пул жўнатишади. Телеграф орқали узоғи билан 3—4 соатда етиб келади.
Бу йигитчага ҳавасманд тенгдошларига қараб ачинаман. Қўли унга ботган, одам билан ийманиброқ гаплашадиган бола — Қобилни эслаб, ўзимча бу билан солиштираман. У ҳам талаба. Ўқишдан кейин нонвойлик қилади.
— Уйдан пул сўрашга уяламан, — дейди у. — Йигирмага кирдим. Топишим ёмон эмас. Бундан ташқари, ишим ўқишимга халал бермайди…
Қобилнинг бекорчи ишларга вақти ҳам йўқ. Дам олиш кунлари баъзан ўртоқлари билан кинога тушади, театрга боради… Кунда «Пул беринг» деб отасининг олдига борадиган тенгдошларига нималардир дегиси, тўғри йўл тутмаётганликларини тушунтиргиси келади…
***
Ота-она учун боласининг бахтидан бошқа нарса керак эмас. Бунинг учун улар жонларини гаровга қўйиб бўлса ҳам ҳаракат қилишади. Биз буни жуда яхши биламиз. Билганимиз ҳолда ҳар қандай истакларимиз йўлида уларни хатарга қўйишдан ҳам тоймаймиз. Қарз эвазига бўлса ҳам қизининг қимматбаҳо либоси учун пул топиб берадиган, ўғлининг тўйига у истаган санъаткорни, машиналарни олиб келадиган ота-оналар бор. Кўра-била туриб фарзандлар бундан оғринмайди. Аксинча, яна камчиликларини пеш қилади. Боласининг кўнгли ўксимаслиги, тенгдошларидан кам бўлмаслиги учун ота-она бор-будини беришга ҳам тайёр.
Эҳтимол, Балзакнинг «Горио ота» романини ўқиган чиқарсиз. Унда асар қаҳрамони бечора чол — Горио ота ўз қизларининг бахти, шоду хуррам яшаши учун, кибор давраларда виқор билан юришлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. Ўзи қотган нон еб ўтирса ҳам, қизларига ҳамма нарсанинг яхшисини илинади.
Охир-оқибатда бор бойлигидан ажраб, азоб-уқубатда ўлиб кетади. Суюкли қизлари ҳам оталарининг ўлимига келмайди. Асарда айтилганидек, у «оталик касали»га чалинган эди…
Бу каби фидойи оталарнинг борлиги яхши. Лекин фарзандлар ҳам шунга муносиб бўлишлари керак эмасми?
Ўхшатишимиз у қадар мос келмаса-да, бугунги “горио ота”лар дилбандларининг келажагига ишонармикан?
Биз — ёшлар ўз хатоларимизни бажону дил бошқалар (тўғриси, ота-онамиз) бўйнига қўяверамиз. Ваҳоланки, аллақачон ўзимизни бошқара оладиган, мустақил иш юритса бўладиган ёшга етганмиз. Фақат ота-онанинг қўлига қараб қолиш яқинлашиб келаётган мағлубиятлардан (ўзи шундоқ ҳам мағлубиятларимиз кўп) дарак бермайдими?
Ҳозир мен ҳам аямай ўзимга мана бу саволларни бера бошладим:
Ўзимни эплай оламанми?
Отамдан қачон пул сўрамадим? (Ҳар ҳолда, бу савол нисбатан осонроқ.)
Қачонгача бировнинг қўлига қарайман?
Онамга дарддан бошқа нима совға қилдим?
Яқинларимга ташвишдан бошқа нарсани ҳам илиндимми?
Оила мустаҳкамлиги йўлида озгина бўлса ҳам ҳисса қўшдимми?
Эртага нима қиламан?
Қачон ўзим учун ўзим яшашни бошлайман?
Жавоблар бор. Аммо…
Сиз ҳам ўзингизга шу каби саволларни бериб кўринг, эҳтимол, мендан яхшироқ жавоб топа оларсиз.
Жисмоний нуқсони бор, ногирон кишиларнинг интилишлари, бекорчиликдан қочиши, боқиманда бўлиб қолишдан ор қилишини кўриб, эшитиб ҳайрон қоласиз. Шу яримжоннинг ҳаракатлари ибрат эмасми? Яқинларимга малол келмаяпманмикан, деган безовта ўй уни тинч қўймайди. Яхшироқ ўйланг, ҳозирги ҳолатингизда турган-битганингиз малол эмасми?
«Мактабни битирганимга 4 йил бўлди. Ўқишга кира олмадим. Афсуски, болаликда ҳунар ўрганмаган эканман. Лекин уйда бекор ўтиришни хоҳламадим. Ҳозир автомобил ювиш шахобчасида ишлайман. Баъзан танишларни кўрганда уяламан. Менинг ҳам тенгдошларим сингари яйраб юргим келади-ю, бунинг охири яхши эмаслигини биламан. «Ёмон иш қилмаяпман-ку», деган ўй менга таскин беради…»
Шу сўзларни айтган Нодир келгусидаги режалари ҳақида ҳам гапирди. Албатта олий ўқув юртига кирмоқчи. «Кўча болалари»дан фарқли ўлароқ унинг фикрлари теран, дунёқараши кенг. У «Ота-онамга оғирлигим тушишини истамайман» дея кўп бор таъкидлади…
Бу мавзу юзасидан кўплаб ота-оналар билан суҳбатда бўлдим. Уларнинг аксарияти «Ўз боламиз учун ёрдам берамиз-да» дейиш билан кифояланишди. Ўйлашимча, фарзандлари камчиликларини айтишни исташмади. Инчинун, ўзларининг хизматларини ҳам.
— Тўғри, болаларимизнинг айтганини олиб беришга қурбимиз етмайди. Аммо, барибир, уларнинг кўнглига қараймиз. Фарзандларимиз ўзлари ота-она бўлмасидан олдин бизни тушунармикан? — дея хўрсинади Қурбон ака.
Яна бир суҳбатдошим, икки фарзанднинг отаси Гъанижон Жўраэвнинг фикрлари бошқачароқ:
— Мен бугунги ёшлар билан ўзимни ёшлигимдаги ҳолатим билан солиштириб кўрдим. Уларнинг олдида анча танг аҳволда эканман. Чунки ўша пайтларда бирор тилни ўрганмаганман. Биз тенги ёшларнинг кўпчилиги шундай эди. Ҳозирги ёшлар билан бизнинг ўртамизда жуда катта фарқ бор. Тўгъри, уларнинг орасида ота-онасини доим ташвишга қўядиган, дангасалари ҳам топилади. Барибир, уларни йўлга солиш бизнинг бурчимиз деб биламан.
Ҳамма нарсани ота-онадан кўриш тўғри эмас. Ахир, ўзини-ўзи уддалаётган, бунинг устига, оила бюджети учун ҳисса қўшаётган ёшлар ҳам кўп-ку. Тошкентлик Марғуба Сиддиқова Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетларини тамомлаган. Айни пайтда Хитойда таълим олмоқда. 2006 йили у «Хитой тили кўприги» халқаро талабалар танловида қатнашди. 50 та давлатдан 101 та турли миллатли талаба иштирок этган ушбу нуфузли танловда у фахрли 3-ўринни қўлга киритди.
Марғубанинг бу борадаги фикрлари, табиийки, бизни қизиқтиради:
— Фарзандини эркалашда ҳеч қайси миллат ота-оналари хитойликларга етмаса керак. Улар қонунан фақат битта фарзанд кўришлари мумкин бўлгани учун доим туғилган боласи атрофида парвона бўладилар. Истаган нарсасини муҳайё қиладилар. Шу билан бирга, ўсиб келаётган ўғил-қизга: «Бир кун келиб сен ҳам ўз боланг учун мана шундай шароитни яратиб беришинг, бунинг учун ҳозирдан ҳаракат қилиб, илмли бўлишинг шарт» деб уқтирадилар. Хитой ёшлари ҳар қанча эрка бўлмасин, бирор касб-корни эгаллашга, ўзларини ўзлари таъминлашга бор кучларини сарфлайдилар.
Хитойда ўқиш мобайнида, бу йилги танловда турли давлатлардан келган тенгдошларим билан танишиб, суҳбатлашиш имконига эга бўлдим. Уларнинг ҳаммаси ўз йўлини белгилаб олган. Ота-оналари қўлига қараб ўтиришни, дангасаликни ор деб билишади. Демоқчи бўлганим, ота-онам мен учун яшайди, деган тушунча билан вояга етган бола кўпинча ҳаётда ўз йўлини топишга қийналади. Бунга сабаб фақатгина дангасалик ва қўрқоқлик эмас, ота-онанинг ўта ғамхўр ёки қаттиққўллиги ҳам бўлиши мумкин.
***
Бизнингча, кўп нарса масъулиятга бориб тақаляпти. Ёшлар буни унутиб қўйишмаяптимикан? Инсон ўзини ўзи шахс қилиб шакллантириши керак эмасми? Бундай саволлар кўп. Мана, сиз оз бўлса-да шулар ҳақида ўйлаб кўришга ҳаракат қиляпсиз. Мурод эса ҳали ҳам уйдан пул кутяпти…
Беҳзод Фазлиддин