Дугоналар билан тез-тез учрашиб турамиз. Суҳбат орасида бир дугонам иккинчисидан: “Катта қизинг нечанчи синфга боряпти?”, деб сўради. У иккиланиброқ: “Учинчи синфга боряпти шекилли”, деди. Савол унча ёқинқирамаганини юзидан билиш қийин эмасди. Чунки у шу қизига йиғаётган сарпо-сепларни мақтаётган эди: “Вой, ўртоқжон, биласанми, тилла узук, зиракларгача олиб қўйганман. Агар мода ўзгарса, заргарга бераману бошқатдан замонавий қилиб ясатиб олавераман. Пахта гулли чинниларнинг ҳар биридан 50-100 тадан олиб қўйдим. Агар билсанг, пахта гулли чинни модадан қолмайди. Яна янги чиққан кўрпа-тўшаклар ҳам ташлаб қўйдим. Катта сандиғим дастурхону сочиқларга тўлган. Ҳатто “келин салом”га берадиган патнисларим ҳам тахт турибди”, деди дугонам оғзи тўлиб-тошиб. Бошқа бир дугона эса: “Мен ўғлимни бу йил мактабга чиқараман, уй вазифасини тайёрлашга қийналмаяптими, қизинг неча баҳога ўқийди?” деб саволга тутди. Ундан мактаб ҳақида, қизининг ўзлаштиришлари тўғрисида маълумот олмоқчи эдик. Сабаби, фарзандларимизни шу йил мактабга чиқармоқчи эдик. Дугонамиз эса бамайлихотир совуққина жилмайиб: “Вой, билмайман, қайнонам ўша мактабда ўқитувчилар, улар билсалар керак”, деб жавоб қайтарди.
Хуллас, саволимиз очиқ қолди. Дугонамиз аллақачон орзу-ҳавас, латтапарастлик қулига айланганди. У ўқувчилик пайти ҳам шундай эди. Ўқишдан кўра савдогарлик қилиб ўзига сеп йиғиш билан овора бўлган.
“Қизингни бешикка тиқ, сепини сандиққа”, деган мақолни ҳаммамиз эшитганмиз. Демак, сеп йиғиш одати янги эмас. Лекин ҳозирги кунда кўпроқ бойвучча аёллар томонидан ўйлаб топилаётган, урф бўлаётган айрим ортиқча ҳашамлар одамнинг тинкасини қуритади. Аксарият ҳолларда тўйлардаги бу дабдабабозликлар икки томон орасига совуқчилик солиб, оила бузилишига, болаларнинг тирик етим ўсишига сабабчи ҳам бўляпти.
Бобо-момоларимизнинг тўйлари карнай-сурнай садолари остида ўтган, келин-куёв от-аравада келган. Токчаларни иккита самовар, бир жуфт патнис, беш-олтита пиёла ва чойнаклар безаган, холос. Тўғри, энди замон бошқа. Лекин ҳамма нарсани замонга юкламай, ақл билан иш кўрса бўлади-ку. Ҳозир қиз томон сандиқ тўла сеп, гиламлару “чемодан”ли кўрпа-тўшаклар, ётоқхона гарнитурлари, стенка, биллур идишлар, ранг-баранг товланадиган “Мадонна”лар, етмаганига стол-стул ва сўнгги модадаги “Элита” пардалар… Тўйдан кейин “ҳафталик”, “чақириқ”, “туғилган кун” деган русмлар ҳам бор: телевизорми, чангютгичми, музлатгичми олиб борилади.
Маҳалламизга янги тушаётган келиннинг мебели 25 минг доллар тураркан, деган гап тезда тарқалди. Афсуски, тўйнинг эртаси куни куёв тўсатдан оламдан ўтди. Неча кундан бери тўйнинг ҳашами билан овора бўлган куёв ўпка шамоллашини ўтказиб юборган экан.
Бир қўшнимнинг ақлли, одобли қизи бор. Эшитишимча, келган совчиларни хонадон эгаси хонтахта атрофида кутиб олгани учун, қиздан айнишибди. Стол-стули йўқ экан, деб қўшнига арз ҳам қилишибди. Содда қўшним эса эртасигаёқ бозордан янги стол-стул сотиб олди. Айтганча, яна бошқа янги удум ҳам “болалади”. Унга кўра “Совчи столи” ўртасида уч қаватли ликопчаларда ҳар хил шоколадлар, икки ёнда катта идишда ҳўл мевалар, атрофида хандон пистаю бодомлар, калит билан очиладиган ҳинд ёнғоғи, чиройли ўрамда мармелад, икки-уч идишда турли пишириқлар қўйилади. Ҳар келган совчини тандирдан янги узилган ширмой нон билан кутиб олиш керак. Биринчи овқатга сомса, кейин қўй гўштидан шўрва… ва ҳоказо… Бундай “Совчи столи”ни кўрган қудалар бўлажак қудаларини “дастурхонли” деб таърифлашади. Агар қизининг бахти очилавермаса, она шўрликнинг бу “совчи столи”ни йиллар мобайнида янгилаб туришини тасаввур қилаверинг.
Айрим оилаларда учрашувдан қайтган қиздан яқинлари “Куёвнинг гап-сўзи маънилими”, “Ўқиган, одоблими?”, дейиш ўрнига “Қўлингга узук кийдирдими”, “Бўйнингга занжир осдими” ёки “Қулоғингга зирак тақдими?” деб сўрашади. “Келин салом”да қайнона келинига бирор-бир тилла тақинчоқ ҳадя этишига нима дейсиз? Эртасига тақилган тилла тақинчоқ барча қариндошларга, маҳаллага овоза бўлиб, ошиб-тошиши турган гап. Буни кўрган бошқа тўй эгалари “Мен сендан қоламанми” қабилида иш юритишади.
Ҳозирги кунга келиб янги русм ҳам пайдо бўла бошлади. Бу чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш. Шифохонага карнай-сурнайчиларни бошлаб келиш, ўғил бўлса костюм-шим, қиз бўлса оқ келин кўйлак кийдириш урф бўлаётир. Кўзни қамаштирувчи қоп-қора “Лимузин”да шифохонадан парваришталаб бўлиб чиққан келин эртасига боқувдан нолиса, куёвболанинг: “Қанча сарф-харажат қилганимни кўрдинг-ку”, деб туришига камқонликдан азият чекаётган, боши айланиб, ҳолсизланаётган келинчак чидайди. Оқибати эса ҳаммамизга маълум.
Илгари эшикдан “Фарзандли бўлдик”, деб келган куёвга қайнона-қайнота бўлмиш суюнчисига битта тўн кийгазиши лозим эди. Ҳозир тўнга қўшимча ёнига эллик, юз минг сўм “суюнчи пули” бериш урф бўлган. Набирали бўлган қайнонага ҳам келиннинг онаси бир кийимлик адрас билан яна эллик “кўки”да суюнчи бераркан.
Энди икки оғиз бешик тўйлари хусусида. Оналарнинг вазифаси бешик тўйига биргина бешик олиб боришми ёки… Кундан кунга бешик тўйлар ҳам кенгайиб бормоқда. Боланинг ётиши учун кароват, беланчаги билан. Кичик ва катта “аравача”. Чўмиладиган тоғорасию, чўмичидан тортиб “шампун”гача… Сўрғичдан “памперс”гача ва ҳоказо… Оилада қиз фарзанд дунёга келса: “битта гарнитур”га тушдинг, деб жўралар янги отани ўртага олишарди. Ҳозир биргина “Гарнитур” “хамир учидан патир” бўлиб қоляпти. Ён қўшнимнинг “ўғил тўйи”да ҳамма билан “салом-алик” қилиб, тўй эгалари ва болалар билан расмга тушиб, “ўртани қиздириб юрган” “микки-маус”га кўзим тушиб, ёқамни ушладим. Бу урфга нима дейсиз?
Ёш оилада эгизак фарзанд — Ҳасан-Зуҳра туғилди-ю, келиннинг боши ғавғодан чиқмади. Нима эмиш: “Бизнинг оилага битта фарзанд ҳам етарди, нега иккита туғасан, боқа олмаяпмиз”, деб қайнона келинни ҳоли-жонига қўймади. Шундай аҳволда келин анча қийналди. Орада бешик тўйи ҳам ўтди. Келиннинг ўша йили опаси, ундан сўнг отаси вафот этиб, ёш онанинг сути қочиб, эгизакларни сунъий таомлар билан боқишга мажбур бўлди. Табиийки, бунга икки ҳисса маблағ сарф бўлади. Афсуски, бу оила ўзига тўқ бўлишига қарамай, қайнона бунга чидай олмай, келиннинг оиласидагилар ҳам боқишсин, деди. Келин онасининг оғир хасталигига ҳам қарамай, мажбур бўлиб Зуҳрасини боқиш учун онасига берди. Худо ўзи бирлаштириб яратган эгизакларни қандай юрак билан ажратиш мумкин, билмадим.
Айрим ҳолларда ўғлимизни уринтиргимиз келмайди-да: “Ўғлим, фалончининг қизини келин қилайлик, зўр лавозимда ишлайди-да ўзиям. Қизини узатса, роса эрийди. Манави янги қурган тўрт хонали уйимизни тўлдириб олармидик, баҳонада…”, деган орсиз гапларга қулоғи ўрганиб, тўйдан кейин қайнотаси бериб юбораётган пулларни “вақтинча ишламаётган” ўғлимиз бемалол сарфлайди ва биз буни томошабин бўлиб шунчаки кузатамиз… Аксинча, текин жойдан ундириладиган нарсаларни ўйлашдан кўра, ўғилларимизга рўзғорнинг кам-кўстини қандай тўлғазиш, оилани оқилона тебратиш йўлларини ёшлигидан ўргатишимиз, ўзимиз уларга ўрнак бўлишимиз лозим эмасми? Оилани манфаатлар маконига айлантиришнинг оқибати кўпинча вой бўлади.
Шифокорларнинг таъкидлашича, ҳозирги ёшлар орасида бўйи паст, вазни енгил, камқон, нимжонлари тез-тез учраркан, баъзиларида ўпка шамоллаши, бўқоқ, юрак ва буйрак хасталиклари мавжуд. Бундан кўринадики, ҳар хил ортиқча харажатларга чек қўйиб, ўзаро келишилган ҳолда “Кўрпага қараб оёқ узатсак”, асосан фарзандларимиз илмига, соғлиғига эътибор бериб, уларни касбли-ҳунарли қилиб тайёрласак айни муддао бўлур эди.
Хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил бола — уларни катта қилар эканмиз, ота-онанинг вазифаси фақат қизига сеп, ўғлига сарпо йиғишдан иборат эмас. Ота-она, энг аввало, фарзандларини соғлом ҳолда вояга етказиши, илм эгаллаши, юртга фойдаси тегадиган ҳунар эгаллашига эътибор бериши керак. Ахир, Юртбошимиз Ислом Каримов истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб баркамол авлодни камолга етказиш, фарзандларимизни соғлом ва маънан етук қилиб тарбиялаш йўлида изчиллик билан жон куйдириб келмоқда-ку. Бу борада амалга оширилаётган ишларга, ғамхўрликларга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз-ку. Соғлом, маънан етук ва баркамол фарзанд фақат ота-онасининггина эмас, бутун миллатнинг бойлиги. Илмли, ҳунарли фарзандлар тўкис бахтни ўзлари яратадиган бўлиб камол топади. Биз фарзандларимизнинг келажаги учун қанча “қақир-қуқур” йиғмайлик, тарбиясидаги асосий моҳиятни унутсак, бунинг учун зарур бўлган қимматли вақтни бой берсак, болаларимизнинг бахтини бутун қила олмаймиз. Ошиб-тошган сеплар, антиқа урф-одатлар бахтга калит бўла олмайди.
Муяссар Исломова
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 34-сонидан олинди.