Ғафур Ғулом. Ёзувчилик маҳоратини тинмай такомиллаштириб боринг (1954)

Ўртоқлар!

Биз бугун бу ерга Бутуниттифоқ совет ёзувчиларининг иккинчи съезди арафасида йиғилиб турибмиз. Биринчи съезддан ҳозиргача ўтган йигирма йилдан мўлроқ бир муддат ичида мамлакатимиз, мамлакатимиз халқлари ўз бошларидан бир бутун тарих деса бўлатурган муҳим воқеаларни кечирдилар. Улуғ Ватан урушигача осойишта ҳаёт, қурилиш, ўсиш йиллари, қарийб (йилма-йилига) беш йилга чўзилган, оқибати бизнинг шонли ғалабамиз билан тамомланган Ватан уруши йиллари ва ундан сўнгги тинч қурилиш йиллари, бешинчи бешйиллик совет ёзувчиларининг каттадир-кичикдир, турли-туман жанрлардаги асарларида, ушбу босиб ўтилган йилларнинг тарихлари ва ҳужжатлари сифатида қайд қилиндилар ва адабиёт хазинамизнинг олтин фондлари бўлиб қолдилар.

Йиллар ўта берар экан, йил сайин умрларга ҳам бир ёшдан қўшила берар экан. Биринчи съезд йили навқирон ёшда бўлган ёзувчи букун эллик бир ёшга кириб ўлтирибди. Ёхуд ўша йили иккинчи классда бўлган бола бугун ўттиз ёшдаги навқирон ёзувчидир. Агар биринчи съезд йили бирор ёзувчининг ёши элликда бўлган бўлса (бундайлар жуда кўп эди), бугун у етмиш бирда бўлади, ёхуд шу муддат ичида орамиздан бир сабаб билан йўқолганлар, ўлганлар саноғида бўлади. Қайси соҳада бўлмасин, кишилар қарир экан, ўлар экан. Чарчаб, сафдан чиқар экан, аммо уларнинг ўрнини насллар тўлдириб бориши табиий экан.

Биринчи съезддан ҳалигача совет ёзувчилари сафидан талай кишилар ўз табиий умрлари билан ўлдилар, бир қанчалари Ватан уруши фронтларида қаҳрамонларча жон бердилар, бир қисмлари чарчаб, бошқа сабаблар билан сафдан чиқдилар. Аммо бу йўқотувларнинг ўрни икки-уч маротаба зиёдаси билан тўлди. Совет ёзувчиларининг сафи кетганларга нисбатан яна ҳам талантлироқ, яна ҳам олимроқ, яна ҳам маҳсулдорроқ, пок виждонли, Ватанимиз, халқимизга содиқ, ажойиб кадрлар билан тўлди. Булар халқимизнинг кундан-кунга ўсиб бораётган китобхонлик талабини мумкин қадар қондиришга интилмоқдалар.

Совет ёзувчилари отрядининг ажралмас бир қисми бўлган ўзбек совет ёзувчилари ҳам шу дўстона оилада ҳамиша ўз ҳиссалари билан иштирок қилиб келдилар ва келадилар. Йигирма йиллик муддат ичида ўзбек совет ёзувчиларининг қатори ўнлаб талантли, ишсевар ва маҳоратли ёш ёзувчилар билан тўлди. Ўзбек совет адабиёти хазинаси катта-кичик, қари-ёш ёзувчиларимизнинг асарлари билан бойиб бормоқда. Барча қардош республикалар адабиётлари сингари ўзбек совет адабиёти ҳам кундан-кун ривожланмоқда. Ўзбек совет шоирлари, драматурглари ва прозаиклари шаклан миллий адабиётимиз тараққиёти учун тинмай хизмат қилмоқдалар. 1951 йил кузида Москвада бўлиб ўтган декада ўзбек совет адабиёти ва санъатида қўлга киритган ютуқларимизнинг намойиши бўлди. Илғор рус ва қардош республикалар адабиётлари, шу билан бирга ўзбек совет адабиётидаги ёзувчиларнинг энг яхши асарлари ёш ёзувчиларимизнинг ижодий ўсиб-унишлари учун ўрнак бўлмоқда. Ўзбек совет адабиётида ҳали етарли бўлмаса ҳам, ўрнак бўларли ижобий қаҳрамонларнинг образлари яратилди. Ёш ёзувчиларимиз ҳам совет кишисининг образини яратиб бериш учун курашиб, баъзи бир ютуқларни қўлга киритдилар. Жонли, кундан-кунга ўзгариб бораётган, фидокорона хизмат қилаётган совет кишиларининг бир-бирлари билан бўлган муносабатлари, руҳий кечинмалари ёш ёзувчиларимизнинг ҳам асарларида ўз ифодасини топмоқда.

Бу гапларнинг ҳаммаси дуруст. Устдан қарасак, хотиржам бўлса бўла берадиган. Ҳақиқатда эса гап бундай эмас. Ҳали айтганимдай, умр ўтиб бораётибди. Гарчанд эллик-эллик беш ёшда бизнинг замонамизда ҳеч ким ўзини қариб қолдим, чарчадим, деб четга тортишга ҳаққи йўқ. Бу ёш ижодкор учун айни маҳсул берадиган, унумли йиллар ҳисобланади. Ижодкорнинг ақли тинган, фалсафий дунёга қараши ўткирлашган, тажрибалар хазинасига айланган устодлик йиллари бошланади. Жаҳон адабиётида бўлсин, улуғ рус адабиётида, Шарқ адабиётида бўлсин ёзувчилар ўзларининг энг ноёб, машҳур асарларини шу ёшларда, қирқ-эллик ўртаси, эллик-олтмиш ўртасида ёзганлар. Демак, биринчи бўғин деб аталувчи бизнинг ёшимиздаги ёзувчилардан энди ижодий етук, халқимиз, Ватанимиз шаънига яраша муносиб асарларни кутамиз. Ўзбек ёзувчиларидан бир гуруҳи: Ойбек, Уйғун, Собир Абдулла, Назир Сафаров, Яшин, Абдулла Қаҳҳор ва бошқалар бугун эмас, эртага эллик ёшга тўладилар. Булардан кўпчилиги 1905 йилда туғилган. Буларнинг айни йирик, тўлақонли, баркамол ёзатурган йиллари етди. Булар ёзиб берадилар, бунга ишончимиз комил. Хўш, яна ўн йил ўтгандан сўнг нима бўлади? Булар ахир олтмишга кирадилар-ку! Қарилик бошланмасмикан, чарчамасмиканлар? Буларнинг орқаларидан, изларидан етиб келаётган ёшлар борми, боринг-чи, шогирдлари борми? Ёхуд шу орқамиздан из қувиб келаётган ёш ёзувчиларимиз, ўз ижодий савиялари билан, билимлари билан, дунёга қарашларининг чуқурлиги билан кундан-кун ўсиб бораётган халқимизнинг талабларига жавоб бера оладиларми?

Аввал шуни айтиш керакки, бизда ёш ёзувчилар отряди етарли даражада бўлишига қарамай, уларнинг ўсиб униши, камол топиши, ўз ҳунарининг эгаси бўлиб етишиши учун қилаётган раҳбарлигимиз, тарбия ишимиз, танқидий йўлланма ишимиз қаноатланурли эмас. Истасин Ўзбекистон Езувчилар союзи бўлсин, истасин редакцияларимиз, истасин айрим катта ёзувчиларимиз бўлсин, бу ишда астойдил жон куйдириб ишлаганлари йўқ. Шуни ҳам айтиш керакки, ёш ёзувчиларимиз фақат тамаъгиргина бўлиб қолмай, ўз-ўзларини ҳам тарбия қилишлари керак. Ёзувчилар союзи ҳар йили бир-икки маротаба мана шундай кенгашлар чақириб қўя қолиш билан қаноатланиб келади. Илгари союзда учта консультант бор эди, булар 1700 сўмдан мояна олиб, ўз тухум пўчоғини ёриб чиқолмаган жўжалардай, союздан ташқари бормай, консультация берар эдилар, лекин буларнинг шунча узоқ муддатли консультацион фаолиятлари натижасида ёшларнинг бирор асари рўёбга чиққан эмас. Ҳозир бу штат олти кишига кўпайган. Лекин ишонамизки, бу янги консультантлар эски тажрибани давом қилдирмасалар керак. Улар область ва районларга марҳамат қилиб, ёш ёзувчиларимиз билан мустаҳкам алоқада бўладилар ва уларнинг тарбияси, ўсиши учун мумкин қадар мусбат ва фойдали ёрдамлар берадилар. Ҳалигача союз фақатгина Тошкент шаҳридаги ёш ёзувчиларгагина, унда ҳам ёшларнинг ўзи бош уриб келганда, унча-мунча ёрдам беради. Айрим областларда, айрим районларда кимлар бору нималар ижод қилаётир — жуда кам билади. Масалан, Самарқандда УзГУ атрофида, Андижонда Ўқитувчилар институти ва газета атрофида, Фарғонада ГПИ ва газета атрофида, Хоразмда ва бошқа ерларда қандай ёш ёзувчилар бор, улар нималар ёзади, келажакда шу йигитдан ёки қиздан яхши ёзувчи чиқадими, йўқми — аниқ билмайди. Ёшларимизнинг бевосита ўз органлари бўлган «Ёш Ленинчи», «Комсомолец Узбекистана», «Ленин учқуни» газеталарида аҳёнда-аҳёнда кўзга чалиниб қолатурган ярим танқидий, ярим тақриз, ярим илмий мақолачаларни ҳисобга олмаганда, ёш ёзувчиларга тўғридан-тўғри тарбия берилмайди. Маълумдирки, ёш ёзувчилар ўз ёзган асарларини биринчи навбатда газета ва журналларга юборадилар. Ва бу асарларнинг босилиб чиқишини жуда мунтазирлик билан кутадилар. Биринчи асар босилиб чиққанда авторнинг руҳида қанчалик ғурур, шодлик пайдо бўлишини ҳаммамиз биламиз-ку. Редакцияларга ҳар куни юзлаб пакетлар келади. Булардан каттагина кисми ёш ёзувчилардан, ҳаваскорлардан келган асарлар бўлади. Албатта бу асарларнинг ҳаммаси ҳам тўлақонли бадиий асар бўлавермайди, яъни ҳаммаси ҳам босила бермайди. Демак, босилмайтурган асарларнинг авторларига нима учун босилмаганлик сабабини тўла, қониқарли далиллар билан ёзиб юбориш керак. Редакцияларда бундай хатлар жуда кўп бўлганидан, ҳаммасига жавоб ёзиш учун жуда кўп вақт талаб қилинганидан ёки жавоб ёзувчи адабий ходим хатлар эгасидан савия жиҳатидан қуйи турганидан кўпинча трафарет — бир хилдаги жавоблар ёзилади. Ёки «Қирқига бир қозон», дегандай, йигирма-ўттиз асарни бирваракай йиғиштириб обзор ёзилади. Чунончи, «Ёш Ленинчи» газетасида 1954 йилда 11 обзор ёзилди. Шулардан 26 ноябрдаги «Поэзиямизнинг хусусиятларини мукаммал ўрганиш керак» деган обзорда бирданига 23 шеърга баҳо қўйилган. Албатта, бу тартибдаги иш усулини биз ёш ёзувчиларга берилаётган тарбия деб айта олмаймиз. Афсуски, бу ҳол биргина ёшлар газетасида эмас, катта газеталаримизда ҳам шундайроқ.

Энди катта ёшдаги, тажриба кўрган ёзувчиларимизнинг ёш ёзувчилар билан бўлган муносабатлари, ёшларга бературган тарбиялари, ўз билганларини ўргатишлари, ижодий муваффақиятларини ўртоқлашувларини олсак, бу жуда қониқарсиз. Мен ҳали ўз тенгдошларимдан: «Фалон ёш ёзувчини тарбия қилаётирман, фалончи менинг шогирдим», деган хушвақт хабарни эшитишга муяссар бўлганим йўц. Агар мен ўз тенгдош ўртоқларимга бу гинахонлигим билан чакки айтаётган бўлсам, улар шу минбардан чиқиб, юу соҳада қилган хизматларини санаб, мени уялтирарлар. Кўпинча улар ёшлардан келган хатларга ҳам жавоб бермасалар керак. Тўғри, айниқса кичик ёшдаги ҳаваскорлар жуда серхат бўладилар. Булар кўпинча 5- билан 8-синф ўртасидаги болалар. Агар унинг хатига жавоб ёзсанг, асарига консультация берсанг, бир ўйлаб қараганда тўғри бўлмайди. Яъни у бола: «Мен фалончи ёзувчи билан хатлашиб тураман, ўзим ҳам яхшигина ёзувчиман», деган ғурур билан ўз ўқишига бепарво бўлиб қолиши, эс-ҳуши «байту ғазал»да бўлиб қолиши мумкин. Ёки ёзилган шу хатни синфдошларига бирма-бир кўрсатиб чиқиб, мақтанади, навбатда эса синфдаги яна бир неча болалар ҳам ёзувчига хат ёзадилар, — хулласи, бу иш, менимча, албатта тарбиявий-педагогик нуқтаи назардан тўғри бўлмаса керак.

Хуллас, кекса деб аталган ёзувчиларимиз ёш ёзувчиларнинг ижоди билан, камолга етиши билан, тарбияси билан кам шуғулланадилар. Ёзувчиларимиз сафини ёш кадрлар яна ҳам тўлдириши лозим бўлган шундай жиддий бир пайтда етук ёзувчиларимиз устозлик ролини мустаҳкамроқ ўйнашлари керак.

Бундан буён ёш ёзувчилар билан бўлатурган муносабатларни бу хилдаги кенгашлар тарзида эмас, балки семинарлар, умумий консультациялар тарзида ўтказилса, дуруст бўлар. Ёки бир неча ёш ёзувчининг ижодига бағишланган фикр олишувларми, ёки бирор кекса ёзувчининг ўз йжодий йўли тўғрисидаги баёними, ёки бир неча адабиётшуносларнинг турли жанр ва турли масалалар юзасидан бир қатор лекцияларни уюштиришми, — ҳар ҳолда, эндиги тарбиявий ишларнинг шаклини Ёзувчилар союзи комсомол Марказкоми билан бирликда редакциялар иштироки билан ишлаб чиқар.

Бу хилдаги тарбиявий тадбирлар фақатгина Тошкент шаҳрининг ўзида эмас, балки областларда, районларда ҳам ўтказилса яхши. Катта ёзувчилар ўша томонларга борсинлар. Лекциялар ўқисинлар, кечалар уюштирсинлар, таълим берсинлар.

Энди ёш ёзувчиларнинг ўз-ўзларини тарбия қилишлари тўғрисида.

Бизнинг ёшдаги ёзувчиларнинг, яъни катта ёзувчилар деб аталувчиларнинг аксарияти деярли олий маълумотга ҳам эга эмасдир. Чунки биз қалам ушлаган йиллари — Совет давлати эндигина қаддини ростлаб келар эди. Биринчи жаҳон уруши, ундан кейин ички урушлар, босмачилик, очарчилик, бузғунликларнинг фалокат икир-чикирлари мамлакатимиз бошидан эндигина ариб келар эди. Социал ҳаётимизнинг ҳамма соҳасида ҳам, шу қатори адабиётда ҳам кадрларга танқислик жуда катта эди. Биз эса билганимизни ёзар эдик. Ҳозир бундан ўттиз йил илгари ёзган нарсаларимизни (жўрттага асар деб атаётганим йўқ) ўқиб, ўз савиямизнинг пастлигидан куламиз. Тўғри, жуда жўн гаплар эди. Ўша топда ўқувчининг савияси ҳам бизникидан юқори бўлмагани учун: «Асар экан, хўп ёзибди-да», деб ўқий берарди.

Сиз ёш дўстларнинг ижодий йўлга кирган замонангиз тамоман бошқача. Сиз инженер деб аталгудай оддий ишчиларнинг, агрономдан маълумотли колхозчиларнинг, фан кандидатлари, фан докторлари бўлган интеллигенциянинг шоир ва адиблари бўласизлар. Демак, сиз ёш ёзувчиларимизнинг билимлари ўз ўқувчиларидан тубанда бўлмаслиги керак. Мен-ку, олий маълумоти бўлмаган киши ёзувчи бўла олмайди, демоқчи эмасман; аммо олий маълумотсиз, олий даражада жаҳонга қарашни билмай туриб, қандай қилиб ҳам ёзувчи бўла олишга ҳайронман. Бир тўда олий маълумотлиларни ҳам танийман. Улар қачонлардир бирор институтни, юридик институтми ё бошқасини тамом қилган. Лекин тамом қилгану ундан нари бир қадам ҳам жилмаган. Ё бориб мактабда тўрт соат дарс бериб келади, ё идорада саккиз соат ишлаб келади. Кейин уйга қайтиб, кундалик «Қизил Узбекистон»га бир кўз югуртиради. Кейин бола-чақалари билан тинч-осойишта, ўз инидан ташқарига чиқмай, ўз атрофини ўраб олган турли-туман, ҳар нафас ўзгариб тургувчи прогрессив ҳаёт билан алоқасиз, ўтган умрига шукур қилиб яшай беради. Бундайлардан албатта ёзувчи чиқмайди. Мабода чиққанда ҳам ёзгани ўзидан ва гоҳо хотинидан бошқага манзур бўлмайтурган, бирор чала образни ўнлаб вариантда такрор қилувчи схоластик ғазалбоз, машқпараст чиқади.

Биз қалам тутганда эндигина ер ислоҳоти бошланиб, эндигина паранжига ҳужум бошланиб, эндигина (саводсизликни ва) чаласаводлик(ни битириш) курслари очилган эди. Сиз қалам тутган бу замонда-чи, республикамиз йирик аграр мамлакат бўлиш билан бирга йирик индустриал мамлакатга ҳам айланди. Лампа чироқ тагида чарху чиғириққа қарши ёзилган асарлар замонаси ўтиб кетди, энди Фарҳод ГЭС чароғлари нурида Текстилькомбинатимиз илғорларига ёзилган шеърлар —республикамизнинг илғор савияси билан баробар бўлиши керак.

Ёш ёзувчиларимиз замонамизнинг илғор илми билан бизнинг илғор ва устун фалсафамиз билан суғорилган бўлишлари керак. Ҳамма билган илмларимиз — кундалик ҳаёт билан жипс боғланган бўлиши керак. Гарчанд энциклопедист ёзувчи бўлиш ҳаммага муяссар бўлмайди; лекин мукаммал ёзувчиликни умид қилган киши ҳеч бўлмаса икки, уч том энциклопедияча маълумотга эга бўлиши керак. Ёзувчи ҳаётдаги ҳамма нарсадан, ҳамма ишдан, ҳамма ҳодисадан, ҳамма илмдан оз-оз бўлса ҳам хабардор бўлиши керак. Кўпқиррали, ранго-ранг ҳаётимиз, турли-туман психикага ва ажойиб характерларга эга бўлган одамлар билан тўладир. Шу одамларни айрим-айрим танимай туриб, айрим-айрим ўрганмай туриб, улар тўғрисида ёзиб бўлмайди. Ёзувчилик иши ёзувчи ўз иш столига ўтирмасдан анча илгари бошланади Бу иш атрофингни ўраб турган ҳаётни ўрганишдан бошланади. Ҳаётни ўрганиш эса узоқ вақт, ўткир дид талаб қила турган иш. Кўплар ўйлаганча, «бир марта ижодий отпускага чиқиб, одамлар билан ва керакли материаллар билан .танишиб қайтгач, ўлтирасану бирор мўлжал қилган асарингни ёзиб қўя қоласан, холос» эмас. Истаган бир бадиий асарни ёзиш учун ҳаётий ва ижодий тажриба керак бўлади, ёзувчининг шуури ҳаётда ўз кўзи билан кўрган ёки ўз бошидан кечирган чуқур, ҳиссий ҳодиса ва манзаралар билан тўла — бой бўлиши керак бўлади.

Ёзувчининг дунёга қарашини ўстиришда, мукаммаллаштиришда кундалик матбуотнинг роли ғоят каттадир. Ёзувчи кундалик матбуот билан яқиндан алоқада бўлса ёхуд редакцияда бирор вазифа билан банд бўлса, демак у оламдаги ҳамма ҳодисалардан, ўз газетаси доираси қамраган ерлардаги кундалик аҳволлардан хабардор бўлиб туради, атрофдаги кишилар билан яқиндан танишади, ижодий бардамлиги учун матбуот катта устозлик ролини ўйнайди. Чунки оммавий тиражлар билан нашр этиладиган маҳаллий ва марказий газеталар, журнал, альманахлар ўқувчилар оммаси билан мухбирлар, ёзувчилар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди, ёзувчи учун дастлабки ижодии мактаб ҳисобланади.

Ёзувчи Константин Федин «Ёзувчининг мастерлиги деган нутқида шундай деган эди: «Газета — ҳаёт ва халқни кузатиб боришнинг мактабидир. Газета учун ишлагувчи ёзувчилар ҳаётий ҳаққониятлар билан мустаҳкам ҳаракат қилиб тургувчи алоқага муҳтождирлар. Газета у-бу тўғрисидаги ёки ҳеч нима тўғрисидаги ҳикояларни босмайди. Унинг саҳифаси — бу бизнинг ҳар кунимиз демак. Шундай бўлса ҳам у ёзувчидан кундалик ҳодисалар тўғрисида ахборот кутмайди. Буни мухбирлар бажарадилар. Ёзувчи қисқа-қисқа чизиқларда, аниқ ҳаракатларда замонамиз қаҳрамонларининг ички ҳаётларини мағзи-мағзигача очиб бериши керак. Горький профессионал газетачилик ишининг бутун машаққатини мукаммал билар эди ва ўз бошидан кечирган эди. Ва унинг биринчи бадиий ҳикоялари газета учун ёзилган эди. Горький газета учун ишлаш уни кўп нарсаларга ўргатганини қайд қилар эди. Ажойиб ҳикояларнинг мастери бўлган бизнинг Чехов ҳам ўз ҳикояларини узоқ йиллар газеталарда бостирган эди».

Михаил Иванович Калинин 1929 йилда Бутуниттифоқ ишчи-деҳқон мухбирлар кенгашида шундай деган эди:

«…Орангизда адабиётчи бўлишни истовчилар айниқса жуда кўп меҳнат қилишлари керак. Француз ёзувчиси Бальзак ёзувчи бўлганига қадар нашриётчилар томонидан ҳеч нарсага ярамайдиган нарсалар сифатида бракка чиқариб ташланган юзлаб ва минглаб саҳифаларни ёзган эди. Мен сизларга Нафис санъатлар музейига боришни маслаҳат бераман. Унда Толстой виставкаси бор. Бу виставкада сиз Толстойнинг қандай ёзганини кўришингиз мумкин. Унинг қўлёзмасининг бошлаб ёзилган бир саҳифасига қаранг ва шу саҳифанинг оққа кўчирилганини ўқиб чиқинг. Сиз 15—20 вариантни кўрасиз ва дастлаб ёзилган саҳифадаги сўздан деярли битта ҳам топа олмайсиз. Мана, ёзишнинг улуғ усталари, рус тилининг энг улуғ билимдонлари мана шундай ёзишган. Бизга эса уларнинг асарларини ўқиётганимизда, ўқиётганларимизнинг барчаси жуда содда ёзилгандай туюлади.

«Содда» ёзиш учун жуда кўп ишлаш керак».

Бадиий тажриба йиғиш деган сўз воқеаларни эсда сақлаб, уларнинг керагини ажрата билиш демакдир. Бу процесс санъаткорнинг бутун умри бўйи давом этади. Турмушни кузатиб бориш ва ундан таъсирланиш жуда кўп материал беради. Ёзувчидаги бу материал маълум даражада тартибга солинган бўлади. Ёзувчи ўз қалбига ва сезгисига таъсир қилган нарсаларни эҳтиёт билан сақлайди.

Бадиий материалларни йиғишда ён дафтарчанинг роли ғоят каттадир. Кўрган ва билган нарсаларни ёзиб бориш диққатни марказлаштириш ва шу образларни ёдда сақлаб қолишга ёрдам беради. Турмушдан олинган факт ва таассуротларни ажрата билишда бадиий дид бўлмоғи керак. Бадиий асар ёзганда керакли материалларни танлаб олиш, унинг мазмуни ҳаётда аҳамиятга эга бўлиши керак. Ҳаётий ҳодисаларни мушоҳада қилиш бнлан бирга, ана шулар орасидан ўзи учун керак бўлган типик хусусиятларни илғаб ола билиш, булардан энг типикларини ажрата билиш лозим. Автор образлар ҳаётий ва психологик чуқур бўлиши учун улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой айтганидек, ўз қаҳрамонларини кўриб ёки эшитибгина қолмай, ўз тасаввурида улар билан бирга яшаши, уларнинг ҳис ва туйғулари, қилган ишлари билан бирга юргандек бўлиши керак.

Бошловчи шоир бирон сиёсий темани акс эттирмоқчи бўлиб қўлига қалам олади. У ҳаммага маълум бўлган фикрларни маълум ибораларда ифодалаб, кейин шеърининг босилмаганидан нолиб юради. Ваҳоланки, у ўз шеърида руҳий кечинмаларни юзаки берган, яъни тушунчанинг туб мақсадларини охиригача очиб бермаган, давримиз кишисининг туйғулари нафасини, юксак ҳаяжонини акс эттира олмаган.

Ёзувчи бирон темага мурожаат қилар экан, уни ҳаётдан олинган кузатишлар, тўпланган материаллар билан бойитишга ҳаракат қилади. Баъзи ёзувчилар материални тўплаб, умумлаштиргандан кейин асарлар планини тузадилар. Масалан, улуғ рус ёзувчиси Тургенев ўз асарларининг асосий қаҳрамонларини, характеристикаларини махсус равишда ёзиб борар эди. Баъзи ёзувчилар асарда ифода қилмоқчи бўлган мақсад ва фикрларини мияларида олиб юрадилар. У асарни тугал шаклланган ва миясида образли яшай бошлагандан кейингина ёзишга киришиши керак.

Агар автор ҳаётий материални яхши ўрганмай ва билмай туриб асар ёзишга ўтирса, бундай асар муваффақиятли чиқмайди. Шунингдек, асар ёзишни кечиктирмаслик керак.

Ёзувчи кишининг ички дунёсини тасвирлар экан, ўз тажрибасига суянади. Шунинг учун ҳам бу тажриба қанчалик кенг бўлса, асар қаҳрамонининг ички дунёси шу қадар бой бўлади. Ёзувчининг меҳнати ҳақида кўп нарсаларни айтиш мумкин. Мен Николай Островскийнинг Азов—Қора денгиз ўртаси ёзувчиларининг 1935 йил 6 декабрда чақирилган съездидаги шу сўзларини келтирмоқчиман: «…Кўриш, мушоҳада қилиш, ҳис қилишнинг ўзи камлик қилади. Ўз савиямизни ошириш учун ўқиб ўрганишимиз, чуқур билимга эга бўлишимиз, жаҳон маданиятининг энг яхши асарларини билишимиз керак. Фақат шундагина дадиллик билан қўлга қалам олиб, ўз кузатишларимизни умумлаштиришимиз ва талабга жавоб бера оладиган асар ёза олишимиз мумкин.

Шунинг учун ҳам ёзувчининг шахсий таржимаи ҳол масаласи катта масаладир. Ёш ёзувчи киши сифатида, жангчи сифатида ўсгандагина ёзувчи сифатида ўса олади. Ёш ўртоқларимиз шуни ёдларида тутишлари керакки, ўтмишнинг каттакон маданий меросини бир ҳамла билан эгаллаб бўлмайди. Унинг учун осойишта сабот, катта, улуғвор меҳнат керак. Бу йўлдаги қийинчиликларни енгишнинг ўзи энг гўзал нарса эмасми?! Сизнинг вазифангиз — ёзувчи бўлиш. Сиз яхши биласизки, ёзувчи бу ўқитувчидир. Ўқувчилардан кўпроқ биладиган ва уларга нима дейишни биладиган кишигипа ўқитувчи бўла олади, таълим бера олади. Бизнинг кўпмиллатли китобхонларимиз ақлда тенгсиздир. Улар кўп нарсани биладилар ва асарларимизнинг зерикарли бўлишига йўл қўймайдилар!»

Совет ёзувчиларининг Бутуниттифоқ II съезди ёзувчиларимиз ишига якун ясайди, уларга янада бақувват асарлар яратиш учун йўл-йўриқ беради. Шунинг билан бирга адабиётимиз майдонига кириб келаётган ёшларни давримиз талабига мос бўлган асарлар яратишга ундайди. Ёшлар ўқиб-ўрганишлари, интилишлари, съезд материаллари билан қуролланган ҳолда бизнинг сафимизни тўлдиришга ҳаракат қилишлари керак.

“Ёш ленинчи”, 1954 йил 14 декабрь