(«Муштум»нинг Фарғонага саёҳати муносабати билан)
Ошкорадирки, адабиётнинг бир бўлаги бўлиш сифати билан кулгичилик ҳам ўзига алоҳида мавқега эгадир. Октябрдан сўнг нафис адабиёт майдонида бир талай ютуқ ва илгарилашларимиз бор. Майдонга чиққан адабий асарлар ва уларнинг муҳаррирларининг ижод-истеъдодлари устида оз бўлса ҳам танқид ва тақриз, муҳокамаларимиз бор; Ёш шоирлар, адибларнинг тарбиялари масаласида ҳам марказий «Қизил қалам», Тошкент ёш пролетар ёзувчилар тўгараги каби ижодиёт такомилига боис бўладиган ўчоқларга эгамиз.
Лекин кулги адабиёти тўғрисида ҳануз майдонда на мулоҳаза, на танқид, на муҳокама, ҳатто кулги йўли билан китоб ё мажмуа шаклида ёзилган бирорта асарга эга эмасмиз. Биздаги кулгичилик ярим унутилган ҳолда ўсмоқда. Кулги адабиёти тўғроли ҳеч ким, ҳеч қачон бирорта янгилик билан майдонда кўрилмади. Биздаги кулгичилик ганграгансимон, савқ табиий шаклдагина кўтарилмоқда.
Халқда кулгичиликка тамойил, унинг ҳангома севишлари адабиётнинг шу қисмига ҳам керакли диққат сарф қилинишиии талаб этади.
«Муштум» журнали, ўз бошига куюниб, юқоридагилар тўғрисида ишламоқда. Яқинда ул ишларнинг серҳосил бўлишига сабаб бўладиган асосий омилларни қидириб Фарғонага саёҳат қилмоқчи.
Албатта, унинг кузатган бир талай мақсадлари бор. Биз ҳам шуларга қўшимча тариқасида, тубандаги масалаларни ҳам унутмаслигини сўрар эдик:
- Эски мерослардан фойдаланиш
Шу чоққача кулгичиликда устодсиэмиз. Ҳар ким ҳар йўл билан, биров мазах, биров пичинг, биров сафсата, биров аския йўли билан, ўзи истаганча кулдиришга уннаб келади. Бизда кулгичилик йўллари кўп турларга бўлинади. Кўп зилибам бадиалар, ширин латифалар яратиш қобилиятига эга бўлган, эски устодлар бор. Улар бурчак-бурчакларда бир туркум кишиларнинг завқигагина хизмат қиладилар. Шундай уста ташбеҳ билан эшитувчиларини мот қиладиган, уларнинг ҳусн таважжуҳларини касб этадиган кишилар бор. Биз улардан фойдаланиш нари турсун, шахсларини танимаймиз ҳам. Уларнинг шифоҳи кулгичиликда бўлган пором йўлларини кўпчилик ўртасига тарқатиш учун ишлашимиз, ёшларни улардаги санъатга шогирд қилишимиз керак.
Бизда кулдиргувчиликка гириҳ назар билан, худди ҳазилкашликка қарагандай паст назар билан қараш бор.
Очиқ айтиш керак, биз кулги яратувчилигида халқдан тубанмиз. Биз ўрганайлик, нега чойхонада одамлар ўртасида «Муштум» ўқилса, сўзлардан кулгувчилар сийрак бўлади-да, Юсуфжон аканинг қомати эшикдан кўринар-кўринмас ҳамманинг лабида илжайиш бошланади? Нега Юсуфжон аканинг бир сўзи билан ҳамма қийқос ичак узилди бўлади? Мана биз, кулгичиликда ёшларимизга дуруст тарбия бермак учун, Юсуфжон аканинг сўзидаги асосий пайтларни ўрганайлик. Бизнинг қишлоқларда, айниқса серчақчақ Фарғонанинг алоҳида ерларида битта Юсуфжон ака эмас, ундан кучлирак бўлган, икки оғиз сўзи билан Юсуфжон акани лол қиладиган қариялар, кулгичилар бор. Биз уларнинг калта умрлик меросларини ўзимизга кўчирайлик.
- Ўқувчиларни англаш
«Муштум» ўзининг олти йиллик даврида бир бор анкета ва бир бор Тошкентда ўтказилган «Муштум» кечаси орқали ўз ўқувчиларининг кулгичиликка бўлган рағбатларининг миқдорини, «Муштум»да бўлган етишмовчиликларни, қайси йўл, қайси уклонда кулгичиликни тараққий қилдиришни англамоқчи бўлди. Фақат булар кузатилган мақсад учун керакли меъёрда натижа бермаслиги табиий эди. Негаким, анкеталар орқали тугал фикр олиб бўлмайди. «Муштум» кечаси фақат Тошкентда бўлганидан бошқа округ, бошқа районлар бундан фойдаланмайди.
«Муштум» ўз равнақи учун кенг кўпчилик ўртасидан маъқул фикрлар тўплаши, маҳаллаларда бўлган ўқувчиларининг талабларини пайқаши лозим. Шу асосда Фарғонага қилинадиган юриш олқишланарли.
- Ёш кучларни тўплаш
Бизда кўп ёш кучлар, истеъдод эгалари биқиниб ётадилар. Уларни бир ерга уюштириш масаласи ҳали қўзғалгунча йўқ. Фарғона чойхоналаридаги, мажлисларидаги кексаларга сўз бермай чандиб ўлтирадиган ёшларни ҳам унутмайлик. Кўпгина деворий газета ва округ газеталари атрофида уймаланишиб қолган кулдиргувчи ёшлар бор. Уларнинг «Муштум»га қатнашмасликларига, ўз ижод қувватларини оммалаштиришга ийманишларига сад бўлган сабабларни ўрганайлик. Биз уларни кўрайлик, тарбиялари масаласида бош қотирайлик. Токайгача бир туркум ёзувчиларга суяниб қола берамиз!
- Биз кимдан кулайлик?
Боя айтганимдай, шу чоққача ҳар ким қулай келган йўл билан, учраган кишининг устидан кулиб келди. Бизда энг кўп бойлар, эшонлар, муллалар устидан кулинди. Қачон қаралса, битта эшоннинг ё битта домланинг хусусий қилиғи, салласи, калласи — бизга мавзу: ахир бу ўқувчиларни зериктиради. Ҳадеб, 3-4 та тип устидан кула берсак, биздаги бошқа куладиган ёқларимиз эсдан чиқади.
Биз алоҳида шахслар устидан ҳам кулмайлик. Алоҳида шахсларни ўз атрофларидагилардан бошқалар танимайдиган бўлгандан, кенг ўқувчилар учун бунинг фойдаси йўқ. Ўқувчиларимизнинг лабларини тиржайтириш ўрнига, энсаларини қотириб, пешоналарини тириштирмайлик. Бизнинг турмушимизда жуда кўп куладиган ёқлар бор. Бу кулгиларимизни оммалаштириб, омманинг ўртоқ масалалари устида кулайлик. Керак бўлар экан, боягидай айрим кишиларни мисолга олайлик.
Ўз-ўзини танқид шиори остида, бизнинг ҳар кўрган камчиликларимиздан истаганча аччиқ танқидлар билан кулишимизга имконият бор. Кенг жамоатнинг ўртоқ масалалари устида кулгандагина гўнгалагимизнинг ғўлаги паккага теккан ҳисобланади.
«Муштум» редакциясининг Фарғонага юриши ҳам кулгичиликни ишчи-деҳқон кўпчилигининг манфаатдор масалаларига кўчиришда уйғун маслаҳат.
- Округ газеталаридаги кулги бўлимлари ҳақида
Округ газеталаридаги кулги бўлимлари, «Янги Фарғона» газетасини ярим мустасно қилганда, жуда заиф, уларни тузатиш керак ёки кулгичиликни масхарага қўймайлик.
- Ёзиш йўллари тўғрисида
Очиқ гап шулки, бизда кулги асар ёзувчилик йўли, бошланғич йўлдан — «Муштум» чиқа бошлаган пайтлардаги ибтидоий йўлдан унча нарига боргани йўқ. Кулги асар ёзганда сўз кулдирсинми, мазмун кулдирсинми? Бизнинг ёзган нарсаларимиз шу чоққача сўз билан кулдириш шаблонлигида қолиб келади. Илгариги Калвак махзум ўрнига Мавлавий Пўстун, Тошпўлат тажанг ўрнига исми ўзгарган яна бошқалари. Буларнинг ҳеч қайсисида мазмун кулдирувчилигига тамойил йўқ. Бариси ҳам сўз билан кулдиришга зўрма-зўраки уннайди. Калвак махзум: «Алқисса падар марҳум фарзанд ноқобилларининг бу кирди-коридон», деган бўлса, Мавлавий Пўстун: «Асло абиёхим муйпирга навишта қилган эрдим», дейдир. Умуман айтганда, буларнинг ҳаммасида ҳам мазмун пуч. Сўзларнинг ғализлиги, маълум феъл, одатларнинг олдинма-кетин, «китобий», «чапани» қилиб айтилиши билан кулдирмакчи бўладилар. Ўқувчилар албатта бу тарз услубдан зериккандирлар. Энди биз кулгини мазмунга кўчирайлик.
Рус кулги адабиётидан ўрнак олайлик. Масалан, Михаил Зошченко, Аркадий Аверченко ва бошқалари, ҳеч вақт сўз билан кулдирмайдилар. Уларнинг ёзган асарларини ўқиб, тамом қилганингизда ҳам биронта кулгили сўзни тополмайсиз. Фақат мағзини чақиб, мазмунини чайнаб кўрганингизда ўзингиздан-ўзингиз аллавақтларгача нашъаланиб кулиб юрасиз. Охир бизда ҳам кулгичилик йўли — шакли, фақат сўз билан кулдиришнинг ўзгинаси эмас-ку!
Кулги шеърлар тўғрисида ҳам бизда бир талай мувозанатсизлик бор. Кулги шоирларимиз шеърларини аруз вазнида ёзиб, эски ўзлашиб қолган қолип билан янги мазмун бермакчи бўладилар. Олинган шакл, айниқса аруз қолипининг торлиги ифодага густоҳлик келтиради. Вазн, қофияга риоя бўлсин, деб, ҳеч лозим бўлмаган истилоҳларни киргизиш, ёзилган нарсада ижод эгалигини йўқотиб қофияга ифодани қурбон қилиш бўлади.
«Муштум» сўнгги чоқларда ёш ёзувчиларга тарбия бериш тилагида, рус кулги ёзувчиларидан таржималар олиб маъқул қилаётибди. Ҳалигача бизда кулги ҳикоячилик ўз бетини кўрсата олгани йўқ. Таржималарнинг ҳам кўпрак ҳикоялар бўлиши матлуб, лекин бу билан чегараланиб қолмасин. Бизнинг ёш кулги ёзувчиларимиз ғарб адабиётидаги кулги тарз услубларнинг бариси билан ҳам танишишлари лозим. Достонми, шеърми, театр асарларими, нима бўлса бўлсин.
Ҳозирча бизнинг тилаклар шу. Ўртоқлар бу масалага қатнашсинлар. Кулги бадиаларга кулибгина қўя қолишлик ишларнинг илгарилашига халал келтирди.
“Қизил Ўзбекистон”, 1928 йил, 2 декабрь