Икки сатр шеърда берилган фикрни минг хил қилиб айтса бўлади, лекин бу минг вариантнинг ҳеч қайсиси шу икки сатрдай (агар у ҳақиқий шеър бўлса) ҳам содда, ҳам қисқа, ҳам кучли, ҳам таъсирли бўлмайди. Бундаги вазн билан қофия ҳам «тўғри сўз»ни шеър қилиш учун эмас шу фикрни ифода қилиш учун зарур бўлиб қолади. Шеър хусусига келганда жуда инжиқ бўлган Лев Толстой мана шу хилдаги шеърни шеър ҳисоблаган ва шоир деганда Пушкин даражасидаги буюк талантларгагина қойил бўлар экан: Пушкинда «вазн ва қофия бўлишига қарамасдан, шу фикрни бошқача ифода қилиш мумкин эмаслигини сезиб турасан», дейди.
Санъат асарига ва умуман санъаткорга баҳо беришда ортиқ даражада оғир ва қаттиқ қўл бўлган Лев Толстой Антон Павлович Чеховни «Прозада Пушкин» деб атади.
Чеховнинг ажойиб ҳикояларидан бири бўлган «Ёвуз ниятли киши»ни хотирлайлик. Бу ҳикоя Николай Русиясининг қишлоқларига қарата Чеховнинг уста қўли билан очилган «Мужиклар», «Най», «Чол», «Чуқурликда» сингари «дарча»ларнинг бири. Ўқувчи бу дарчадан қишлоққа қараб «ёвуз» ниятли Денис орқали ундаги одамларни, ҳаётни кўрар экан, бетўхтов шу фикрга келади: одамларнинг ҳаётини таҳлика остидан чиқариш учун «ёвуз ниятли», «жинояткор» Денисни эмас, одамларни денис қилган ва қилаётган ижтимоий тузумни суд қилиш керак ва бу тузумни албатта ўлимга ҳукм қилиш зарур! Ўқувчи бунга ҳам қаноат қилмайди, унда ўзи жамоат қораловчиси сифатида чиқиб, оташин нутқ сўзлагиси келади.
Вояга етган кап-катта қишлоқ йигити Дениснинг олам тўғрисидаги тушунчаси шундан иборат: «Балиқ овлаш керак, одамни ғайридинларгина ўлдириши мумкин, суд солиқ тўламаган одамларни тергайди, турма ёмон жой, биров солиқ тўламаса, унинг учун бошқа одамни жавобгар қилиш эмас — вассалом!» У бошқа ҳеч нарсани деярли билмайди, бошқа тўғрилардаги гапни тушунмайди. Ўша ижтимоий тузум етиштирган шу одамга неча-неча жосусларни тутиб берган, қанча ёнғинлар, фалокатларнинг олдини олган, поездларни ҳалокатдан қутқариб қолган, мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий турмушида, қай даражада бўлмасин қатнашаётган, мамлакат, халқ ишига талай-талай фойдалар етказаётган сон-саноқсиз пионерлардан бирини — Ватанимизнинг ҳали вояга етмаган гражданларидан бирини қарши қўяйлик! Икки йўл шеър сингари «Ёвуз ниятли киши»ни ҳам минг хил қилиб ёзиш мумкин, лекин Денисни бундан равшан, бундан мукаммал тарзда гавдалантириш, бундан ўтадиган бирон услуб топиб, китобхонга манзур қилиш мумкин эмас. Бу Чехов ижодиётига хос хусусият, Чехов яратган ва рус адабиёти тараққиёти тарихида янги саҳифа очган йўл. Мана шу билан Чехов бутун дунё адабиёти тарихига буюк ҳикоянавис бўлиб киради. У ўзининг шу яратган янги шакли билан рус, Европа ва Америка ёзувчиларига катта таъсир қилгандир.
Унинг чертма, жаранглаб турган «кафтдеккина» ҳикоялари ўзининг чиройлилиги, ҳаққонийлиги ва турмушни чуқур акс эттириши билан ўқувчини ўзига асир қилади. Бу ҳикояларнинг ҳар бири Чехов замонасидаги Русия ҳаётининг бир парчаси. Унинг бутун ижодидан бугун Русияни кўриш мумкин. Унинг бутун ижоди ўтмишни қоралаб ёзган айбномадир.
Ўзбек китобхони Чеховни ортиқ даражада севади. Унинг ўзбекчага таржима қилинган асарлари қайта-қайта босилади, қўлма-қўл юради. Чехов бизнинг адабий ташкилотларимиз учун қай даражада севикли адиб эканини мана шундан билса бўлади: шу чоққача ҳеч бир нашриёт, адабий ташкилотлар Чехов асарларини таржима қилиш тўғрисида планли бир иш олиб борган эмас, дейиш мумкин. Лекин ҳозирнинг ўзида Чеховнииг қирққа яқин катта-кичик асарлари ўзбекчага таржима қилинган. Буларни профессионал таржимонлар ёки ёзувчиларгина эмас, студентлар, муаллимлар, докторлар, инженерлар ва ҳоказолар қилган. Булар Чехов асарларини севганларидан, бундан ортиқ даражада завқланганларидан «ишқибозликка» таржима қилганлар ва бу таржималар сифат жиҳатидан Чеховни анча койитганлигига қарамасдан, кенг ўқувчилар оммаси орасида катта завқ билан ўқилади.
Бизда ҳозирги вақтда майда ҳикоя билан очеркка китобхон жуда чанқоқ. Шунинг учун ҳам бу икки жанр айрим аҳамиятга эга. Бу икки жанрга адабий ташкилотларимиз айрим аҳамият беришлари зарур.
Ҳозир бизда чеховчилик бошланаётир. Кўп ёшларнинг адабиётга майда ҳикоя билан кира бошлашлари, Ғафур Ғулом, Шамс, Ғайратийдек салмоқли ёзувчиларимизнинг муваффақиятли тажрибалари катта умидлар бағишлаб турибди. Бошланган бу ҳаракатга етакчилик қилиш керак. «Қизил Ўзбекистон», «Ёш ленинчи» газеталари ва «Совет адабиёти ва санъати» журнали сўнгги вақтда талай майда ҳикоялар бердилар. Бу, ҳеч шубҳасиз, ҳикоячиликни ривожлантиришда катта роль ўйнайди. Лекин бу оз. «Совет адабиёти ва санъати» журнали бунда айрим ролни ўйнаши зарур.
Чехов ўз замонасида салбий фактлар билан тўла бўлган турмушни акс эттириб, ўлмас ҳикоялар яратди. Бизнинг замонамиз ижобий фактларга тўла. Биз бу фактлардан абадий қоладиган ҳайкаллар яратишга эришишимиз керак.
«Қизил Ўзбекистон», 1939 йил, 14 июль.