1937 йилнинг кеч кузи бўлса керак, отамизни кимдир «йўлдан урган». «Кўриб турибсанки замоннинг авзойи бузуқ, қолаверса, сен ҳам Файзуллонинг думисан Жайнак, бола-чақам кўчада тентираб қолмасин десанг юр биз билан», деб айтганларида, у ҳам кўч-кўронини кўтариб, адашган оломоннинг орқасидан эргашиб, Қашқар вилоятидан бошпана излаганлар билан бирга ватанни тарк этган.
Ватангадоликнинг ибтидоси мана шундай бошлангани аниқ. Лекин бу қадамнинг ҳам умри узоқ бўлмаган. 1939 йилга бормай кимдир ушлаган ўткир шамширнинг тиғи унинг ҳам азиз бошига тушган, онамиз Тожинисо бегим бир этак бола — еттита фарзанд билан барибир кўчада, бегона юртда тентираб қолган.
1937 йилнинг репрессияларидан халқимизнинг энг асл фарзандлари қатори ватанни тарк этган, узоқ-яқин юртлардан паноҳ излаган бегуноҳ кишиларимизнинг ҳам жони омон қолмади. Бу жаҳолат қиличининг дастасида шубҳасиз «халқлар отаси» Сталиннинг муҳри бор.
Бугун қайта қуриш ва ошкоралик ҳадя этган ҳуррият натижасида, адолатсизликнинг қурбони бўлган совет кишиларининг бошига тушган мусибатлар рўй-рост айтиляпти. Назаримда, бугун тақдир тақозоси билан чет эллардан паноҳ излаган, пешонасига «ватангадо», «юртига, халқига хиёнат этганлар», деб тамға босилган ватандошларимизнинг таржимаи ҳолига аниқлик киритиш, қатли ом этилган минглаб фуқароларимизнинг рўйхатларини ҳам эълон қилиш пайти келди.
Ўз юртида «ватангадо», «хоин», деб аталиб, «душманлар» рўйхатига қўшилганларнинг ўзга элларда туриш-турмуши, иш-аъмоли қандай кечди? Булар ҳозиргача кўпчиликка қоронғи бўлиб келяпти… Айрим эски удумдан кечмаганлар: «Бир балоси бўлмаса, юртини ташлаб кетишармиди?», дейишиб, ҳамон тавқу лаънат айтишдан ўзларини тиёлмай юрибдилар. Шунинг учун ҳам эндиликда ҳақиқатни рўй-рост айтмоқ, «ватангадо» ватандошларимизнинг тақдиридан, юрагидаги орзу-умидларидан сўзламоқ жоиздир.
Чет эллардаги ўзбеклар жисмида жўш урган муҳаббат туйғусини Эркин Воҳидов «Ёшлик» журналида эълон қилинган мақоласида шундай изҳор этибди: «Суҳбатларда мен шунга амин бўлдимки, хорижда яшаётган ҳар бир ўзбекнинг қонида ўз ватани меҳри жўш уриб турибди. Ўзбекистонлик йигит-қизлар мени кечирсинлар, — биз гоҳи юртимизда яшаб туриб унинг қадрини билмаймиз, — мен кўриб суҳбатлашган ватандошларнинг Ўзбекистонга муҳаббати бизларникидан ўн чандон ортиқ десам лоф бўлмас; одатда, киндик қон», тўкилган жойни Ватан дейдилар. Лекин Сурияда туғилган ё Марокашда дунёга келган ё Истамбулда кўз очган ўзбек учун барибир, Ватан, бу — Ўзбекистондир». Ҳа, бу айни ҳақиқатдир. Мен буни ўз бошимдан кечирганман. Биз яшаган жой Шарқий Туркистондаги энг обод шаҳарлардан бири бўлиб, Ғулжа деб аталарди. Иқлими мўътадил, лаълмикор қирларида етилган буғдойидан ер тандирида ёпилган юпқа оқ нонлар бирам ширин эди. Уйғур халқининг табиати очиқ, бағри еридай кенг, тили тилимизга яқин, дили дилимизга пайванд, динимизга пайванд, динимиз ҳам бир эди. Оллоҳга сиғинмоқ учун «ўзбек масжиди» очмоқнинг ҳожати йўқ эди, харид қилмоқ учун «Анжом растаси»га бормоқ зарур эмасди.
Бугун бошимизга мусибат тушганида, бағрини очган, нонини, жойини, сувини аямаган бу кўнгли очиқ, халқдан узр сўраб айтаманки, барибир шундай қутлуғ макон ҳам ўзбеклар учун ўз эли ўрнини босолганмас. Улар ўз ватанига — Андижонга, Фарғонага, Самарқанду Бухорога, Тошкент, Хоразмга интизор бўлиб яшаган.
Биз бўғчамизни бўйнимизга осиб, хат-саводимизн чиқармоқ ниятида, мактаб остонасига илк бор қадам; қўйган болакайлар кўп нарсалардан бехабар эдик. Ўзларини элга бош деб ўйлаган оталаримиз ҳали тузукроқ бошпана топиб улгурмай, фарзандларини ўқитмоқ учун ўзбек мактабининг ташвишини қилган эканлар.
Ҳануз хотирамдан ўчмас бўлиб, муҳрланиб қолга бир воқеани эслайман.
«Ўзбек масжиди»нинг торгина майдончасида қатор-қатор бўлиб, синфма-синф тизилиб турганмиз. Қаршимизда кулранг матоҳдан тўн кийган, сарғиш салла ўраган, озғин, нуроний бир киши маъруза қилган ўзбекча сўзнинг чиройли оҳангларини, қудратини илк бор бу ерда яққол ҳис қилганман. Бу одам уч вилоят инқилобининг раҳбарларидан бири Алихон Тўра (машҳур «Темур тузуклари»нинг таржимони, тарихчи олим Али Соғуний) эди. Бу киши ўқувчиларни ўзбек мактаби билан муборакбод этиб, уни «Намуна» деб атаган, Алишер Навоий номи билан юритилишини айтган. Шу тариқа, бутун бир Хитой мамлакатининг кичкина бурчагида, Алишер Навоий номидаги ўзбек «Намуна» мактаби дунёга келган!
Бугун ўзим муаллим бўлиб, дунёнинг аччиқ-чучугини тотиб, паст-баландини кўриб, ўйлаб, болалигимни кўз олдимга келтиряпман. «Намуна» мактабига илк бор қадам қўйган чоғимиздан бошлаб, бошимизни силаган, илм ва маърифатга етаклаган Ақлима, Овтат, Рамзия опаларни, Эминжон афандини, Суннатилла, Шаҳобиддин, Наби, Убайдулла, Қодир, Ҳикмат афандиларни нечоғлик эҳтиром ила эслашимни баён қилиб бермоғим қийин.
Бир гал дарс пайтида адабиёт муаллимимиз Эминжон афанди ўқувчиларга бир қатор, икки қатордан шеър ўқитиб, орасидан мени танладими, ҳар қалай Фурқатнинг машҳур «Сайдинг қўябер сайёд» мусаддасини ифодали ўқишга ўргатди, доимий ўтказилиб туриладиган шеър мусобақасига тайёрлади. Ҳар бир сўзнинг қандай талаффуз этилишидан тортиб, қандаи нафас олишимгача кўрсатиб турди. Мен ҳам мактабимиздаги шеър ўқиш мусобақасида ҳаяжон билан ўқидим чоғи, устозимни хижолат қилмадим.
Орадан кўп ўтмай, мактабни тамомладик. Ҳаммамиз қайсидир ўқишга, юқори синфларга қараб тарқалдик. Неча йил ўтган орадан билмайман, бир гал мактабимизни соғиниб кўргани келдим. Мактаб саҳнида Эминжон афандини хомуш, тушкун кайфиятда учратиб кўнглим ўксиди. Салом-аликдан сўнг муаллимим мени бадантарбия майдончасининг бир чеккасига етаклади. «Ўғлим, «Сайдинг қўябер»ни ўқигин», деди. Ҳайрон бўлиб, секин ўқий бошладим. Эминжон афанди кўзларини юмиб, худди «Муножот», «Гиря», «Чўли Ироқ»ни тинглаётан одамдай, елкаларини оҳиста тебратиб, овозимга қулоқ тутди. Унинг кўзларидан тўкилаётган ёшдан ҳайратланиб тўхтадим. «Бўлди, бўлди, ўғлим, энди бу ёғига сабрим чидамас, бас, бас!» деди. Ҳозир ўйласам, бечора муаллимим бошидан кечган паст-баланд кунларга бардоши етмаганми ё юртни муштоқ бўлиб соғинганми, билмадим, ҳар қалай елкалари силкиниб йиғлагани эсимда.
1949 йилнинг кеч кузи ёки 50-йилнинг баҳори эди. Ғулжага Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Назира Аҳмедова, Сора опа, Тамарахоним, Ҳалима Комилова, Муҳаммаджон Мирзаев ва яна бошқа бир. қанча атоқли санъаткорларимиз ташриф буюришган эди. У йилларда меҳмонлар учун шинам мусофирхоналар йўқ эди. Санъаткорларимиз ўзбек бойларининг : хонадонларига тушишган. Ўша кез онам бечора: «Ҳалима кимнинг уйига тушибди, билиб келасан», деб ҳол-жонимга қўймаган. Бошлаб борганимда, онам ўша уйнинг остонасида, соҳиби хонадон эшигининг қаршисида, тагига паранжисини ташлаб, соатлаб ўтирганини эслайман. Яна ўша кез Ҳалима хоним дарвозанинг кичкина қанотини очиб чиқиб келганини, онам бечоранинг ўрнидан даст туриб: «Апа, Ҳалима!», деб унинг истиқболига интилиб довдираб қолганининг гувоҳн бўлганман. Ҳалима хоним эса онамни ҳар кунги «ана, артист», деб овоз берадиган мусофирларнинг бири дедими ё кўрмадими, ёнидаги ҳовлига секин кириб кетди. Бола эдим у пайт, нега онамнинг бундай ҳолатга тушганини англаб етмаганман. Бугун алам билан, ифода этиб бўлмайдиган оғир дард билан бу оний лаҳзаларнинг маъносини ҳис этаман.
Андижонда Ҳалиманинг қўнғироқдай овозда ижро этган қўшиқларини эшитган онам Тожинисо бегимга Ҳалима хоним дийдорига бир бор тикилмоқ, унсиз, сўзсиз унинг кўзларига қарамоқ, унга Ватан бўлиб, зор-интизор этган юрти соғинчига таскин, малҳам бўлиб туюлган бўлса не ажаб!
Хориждаги ўзбеклар, Эркин Воҳидов ёзганидек, кўп муҳтожликда яшамаган. Мен ўзим, ақлдан озган, емак-ичмоғини эсдан чиқариб, кийим-бошига эътиборсиз қараб юрган паришонхотир, юрт, фарзанд доғида куйиб, мажнунсифат тусга кирган кўп ватандошларимни биламан.
Бундан бир неча йил муқаддам каминага, Истамбул, Қоҳира ва яна бир неча мамлакатларга бормоқ насиб этди. Истамбулдаги бутун оламга машҳур «Шарқ бозори»да бораётиб, қулоғим тагида янграган ўзбекча калимадан вужудим ларзага келиб тўхтадим:
— Ассалому алайкум, ватандош!
Қаршимда чиройли, озода кийинган, алп қоматли киши жилмайиб турарди. Эсанкираб қолганимдан, у сўзларини яна бир бор қайтарди.
— Ассалому алайкум, ватандош, қадамларига ҳасанот!
У яна менга тикилди:
— Мана бу кулбаи вайрона бизнинг хонадон, ватандош, бир пиёла чойга марҳамат қилсинлар, йўқ демасинлар, — деди.
Бу одамнинг дарди қалбимга яқин эди. Унинг кичкина дўкончасига иккиланмай қадам босдим, бир пиёла чой устида суҳбатимиз қизиб кетди.
— Камина Носиржон Абдуфаттоҳ ўғлиман, Шарҳонданман, ватандош.
Мен ҳам ўзимни таништирдим, Андижонданман, дедим.
— Ё раббий, ё раббий, жоним жонингизга тасаддуқ бўлғай. Жомеъ масжидининг деворига теқкан елкангизни кўзларимга суртай, тавоф этай, ватандош, ижозат этсинлар, — деб ўрнидан турди, икки қўли билан елкамни силаб, кафтларини кўзларига суртди.
Ўзимни тутолмадим…
— Қачон тарки ватан этгансиз, не тақдир эканки, бу ерларга келиб қолибсиз, — дедим.
— Оллоҳнинг иродаси бу, ватандош, пешонамизга ўз элимиз сиғмабди, юртимизда яшамоқ насиб этмабди бизга не қилайлик.
Носир ака менга оғир алам билан тикилди. Сўрасам, на юрти Шаҳрихонни, на Андижонни, на елкамни силаб, тавоф этган Жомеъ масжидини билади, мен ҳайрон бўлмадим. Ниҳоят, қўзғалаётганимда, Носир ака худди қулоғимга пичирлаётгандай секин гапирди.
— Узр, ватандош, ўзлари билан бирон тўнми, дўппи ё шойи қийиқчами олиб келмадиларми?
Бозорда бу ўзбек либосларига кўзим тушган эди, бехос шуни айтиб юборибман.
— Ахир, айтганларингиз бозорингизда ҳам бор-ку!
— Йўқ, тушунмадингиз, англамадингиз, ватандош, шу ўзимизнинг юртда тикилганидан, элимизнинг ҳиди келиб турадиганларидан бўлса деб эдим, табаррук этиб сақлаб киярдим, бошу оёқ сарпо қилардим ўзингизга.
Узримни айтдим. Носиржон акага бошимдаги дўппимни кийдириб қўймоқдан ўзга иложим қолмади. Ватандошимнинг сурати хотирамда кўзларида тўла ёш қалқиган кўйи қолди.
Шуларни ўйларканман, кўнглимдан бошқа бир фикр кечади. Вақти келар, юртимизда шакар сероб бўлар, совунларни одамлар яна назар-писанд қилмаслар, кашандаларнинг хоналари тутунларга тўлар, аммо юракларимизни зада қилиб, юртни ағдар-тўнтар қилган серташвиш, қирғинбарот кунлар қайта такрор бўлмаса бас. Шунинг учун ҳозир кўнгилни хира қилаётган кўп етишмовчиликларни баъзиларнинг «қайта қуриш», «ошкоралик»нинг касофати деган фикрларига қўшилгим келмайди. Ахир, бугун ҳақиқатнинг қанотлар» баъзан қайрилиб бўлса-да, барибир, ёруғликка чиқяпти-ку, унинг парвози бутунлай бўғилиб қолаётгани йўқ-ку. Энг муҳими шу эмасми!
Юртини тарк этган, Сталиннинғ қатағон кунларига бардоши етмай ватангадо бўлган дарбадарларнинг суратлари устига қора чизиқлар тортилган эди. Матбуотда, бадиий асарларда ҳам улар социалистик жамиятга тош отгувчи зараркунанда, ёмон одамлар, деб аталар эди. Уларнинг образлари ана шу ғояларга бўйсундирилган ҳолда ғариб, бир бурда нон илинжида хору зор, гадо бечораҳол тарзда яратилар эди. Уларнинг қалбидаги оташ муҳаббат, поклик, одамийлик эса ҳамиша эътибордан четда қоларди.
Лекин бундай бедодлик, тавқи-лаънатлардан бехабар, хабардор бўлсада вужудидаги муҳаббат ва эъти қоддан кечишни истамаган меҳнаткаш тарки ватан халқ, барибир юрагидаги самимиятини «халқлар отаси»дан дариғ тутмаган, унга сиғинган, расмларини мактабларнинг, ҳатто уйларининг тўрида эҳтиёт қилганлар, бошларига тушган мусибатларга унинг ҳеч: қандай дахли йўқ, деб билганлар.
1953 йилда олтинчи синфда ўқир эдим. Муаллимимиз Убайдулла афанди «Сталин ўлибди» деган сўзни айтолмай йиғлаган, мусибатдан воқиф бўлгач, бутун мактаб мотамсаро бўлган эди. Ҳамма дод солиб, фарёд этган, ўзларини ерга ташлаб, шайтонлаб қолганлар ҳам бор эди орамизда. Бутун шаҳар оёққа қалққан, ун заводидан берилган гудок ҳаммани жойида михлаган эди. Халқ қайғуга чўкиб, «бутун жаҳон меҳнаткашларининг улуғ доҳийсига муҳаббатларини изҳор этган, видолашган эди. Бугун эса зулмат устидаги пардалар очилиб, ҳақиқат аён бўляпти. Бу ҳақиқат ҳамма нарсадан улуғ эмасми? Халқнинг ўз-ўзини англаши эмасми?
Ҳозир кўнглим тўридан жой олган бир воқеани ифтихор билан эслайман.
Она тили ва адабиёти муаллимимиз Эминжон афанди баъзан қийинроқ сўзларни ёки номларни яхши талаффуз қилолмасак, секин ёнимизга келиб:
— Бугун бўлмаса индин ўз уйингга борасан, болам, ўша ерда ҳам шундай гапириб ўтирсанг уят, ким ўқитган она тилидан деб сўрасалар, мен не деган одам бўлдим, — дер эдилар.
Биз эса «нега ўз уйимизга борар эканмиз», деб ҳайрон бўлсак-да, барибир, сўзларни муаллимимиз ўргатгандай такрор-такрор қироат қилардик. Шуларни ўйласам, бугунги кунимиз, ўзбек тилига давлат мақоми берилиши муносабати билан айтилаётган мулоҳазалар кўз олдимдан ўтади, тилимизнинг бугунги ҳолатидан қониқиш ҳосил қилмайман.
«Онанг касал бўлиб қолди, тезроқ етиб келгин, ўғлим!», деган бир энлик телеграммани жўнатолмай қийналган деҳқонни, «Мени ишга қабул қилишингизни сўрайман», дейилган аризани ҳам рус тилида ёзишни таомилга айлантириб олган одамларни эслаб, баъзан бунинг туб сабабларини англаб етолмайман.
Айрим ўртоқлар, «ўзбек тили ёрдамга муҳтож» деб астойдил жон куйдиришаётганга ўхшаяпти. Назаримда, бу оғир аҳволдан фақат ёрдам билан чиқиб бўлмайди. Унга алоҳида имконият, имтиёзлар керак, шундагина унинг истиқболи ҳақида сўз юритиш мумкин.
Ўзингиз ўйланг, ахир, раҳбар бўлган одам, ўзбек бўлиб туриб, ўзбек тилини билмаса зарурат туғилиб қолган тақдирда, қоғозга қараб зўрға ўқиса, радио, телеэкран қаршисида ўз она тилини хоҳлаганча хор қилиб, пойма-пой гапирса, бу не бедодлик бўлди энди?
Шундай кезларда яна ўзбек тилида ўқитиладиган мактаб очмоқ учун хонумонини ўртага ташлаган муҳожир ватандошларимни, мактаб биносини кўтармоқ учун ёзнинг жазирама иссиғида елкасига ғишт, кесак ортқилаб, иккинчи қаватга эгилиб, эмаклаб чиқиб бораётган Турсунойни, унга бағишлаб шеър ёзган шоир Аҳад Шокир ўғлини ёдлайман. Уларни бундай жасоратга ундаги қудратли куч нима экан дейман? Бу, албатта, она тилига бўлган муҳаббатдир.
Ўзга юртларда ватанига интизор бўлиб яшаётган ўзбеклар, недир тасодиф билан, сиз билан мени ўзлари истиқомат қилаётган жойларида учратиб қолгудай бўлса, бошимиздаги дўппимизга тикилиб, бағримизга отилгудай бўлиб, қошимизга келадилар. Шунда: «Ассалому алайкум, ватандош!», десалар, биз довдираб, икки оғиз калиманинг маъносини дарров англаб ололмасак, ўз тилимиз қолиб, бошқа тилда жавоб берсак манқуртлик бўлмайдими?
Ҳозир Сталин ҳукмронлик қилган қирғинбарот кунларнинг азобини кўп гапиряпмиз. Айримлар: «Ҳадеб Сталинни ёмон деган билан бирон нарса ўзгариб қоладими, аксинча кундан-кун баттар бўляпти», деб айтишяпти. Бундай муносабат, ҳақиқатга ниҳоятда юзаки қараш, миллионлаб одамлар тақдирига, уларнинг бегуноҳ азоб чеккан фарзандлари дардига эътиборсиз, лоқайд бўлишнинг натйжасидир.
Муҳожирликда оталари дараксиз йўқолганларнинг фарзандлари юрагида тузатиб бўлмас яна бир оғир дард бор. Оталари Улуғ Ватан урушининг суронли йилларида қурбон бўлган тенгдошларимиз: «Отам қаҳрамон эди», деб ифтихор билан сўзлар, номаълум аскар хотирасига ўрнатилган мангу олов остонасига гуллар қўяр, ҳатто 37-йилларнинг репрессияларида қатл этилганларнинг ҳам хотирасини тиклаш имкони топилар, уларнинг кўнгиллари, вужуди бир нафас ором олар, аммо биз-чи?
«Шаҳри Андижонга ўнг оёғимни қўйсаму чапимни босмоққа улгурмай жоним узилса қанийди», деб нола қилган бобомиз Аҳмадбек ҳожининг қабри Қашқарда, Хўжамқумлуқ мозорида йўқловсиз қолди. Толзор чойхонасида бир пиёла кўк чой ичмоққа жонини тиккан отамиз Жайнак Мирзонинг азиз боши қайларда узилди, бехабарман. Ҳалима хоним дийдорига Ватан деб қараган онамиз Тожинисо бегимнинг мақбараси Ғулжада, Байтулло масжидининг зтагида, янги иморатлар тагида йўқ бўлиб кетди; акам Неъматилло Истамбулда, «Туркистонлик Неъмат Жайнак» деб ёзилган сағананинг остида мунғайиб ётибди.
Во дариғ! Бу даҳшатларга қайдин жавоб излагайман, не деб ўзимга таскин бергайман, ота-онамизни соғинсак, қайга бориб, кимнинг бошида йиғлагаймиз, кимга тавоф этиб, қайси тупроққа бошимизни қўйгаймиз. Бизнинг, биз кабиларнинг ёзиғимиз не эди?!
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.