КПСС Марказий Комитети ўзининг 1987 йил 9 августдаги йиғилишида етим болалар билан иш олиб боришдаги жиддий камчиликларни бартараф этиш ҳақидаги чора-тадбирларни кўриб чиққан эди. Жумладан уларда қуйидагилар алоҳида таъкидланади.
«Тирик етимликка, айниқса тоқат қилиб бўлмайди. Бу социализмнинг инсонпарварлик принципларига ётдир. Ота-оналик масъулиятини менсимаётган, оналик ва оталик бурчларини адо этмаётган
шахслар одатда жамоатчилик томонидан қораланмаяпти ва жавобгарликка тортилмаяпти. Оилани мустаҳкамлаш, оила ўзининг муҳим социал вазифаларини бажариш масалаларига эътибор сусайди. Бу ишда янги ижтимоий ҳодисалар ва жараёнлар, иқтисодий ва демография омилларининг таъсири ҳисобга олинмаяпти».
Бу, яъни КПСС Марказий Комитетида алоҳида кўриб чиқилган ва таъкидланган масала шу қадар жиддий, шу қадар оғир аҳволда экан, келинг одамлар, бир зум тўхтанг, қулоқ беринг бизнинг сўзимизга ҳам. Сиз билан шу бугун, шу масъулиятли дамларда «бошимизни доим ҳам, она бўлиб силамайдиган ҳаёт» (А. Орипов) қаршисида «социализмнинг инсонпарварлик принципларига ёт бўлган» бу муҳим масала хусусида, содир бўлаётган аччиқ ҳақиқатлардан кўз юммай, ҳамма нарсани «эскилик сарқити» деб, ўтмишнинг эзилиб кетган елкасига ташлайвермасдан очиқчасига гаплашиб олайлик.
Мавзуимиз юқорида зикр этилган етимлар хусусида, бегуноҳ, мурғак боланинг бошидаги ташвишлар ҳақида, унинг атрофида гирдикапалак бўлаётган одамлар ва уни хор қилган, XXI аср остонасига на ота, на онасининг номи нишонини қўймай ирғитиб юборилган гўдакларнинг уволидан чўчимаётган кимсалар тўғрисида.
Аввал аччиқ ҳақиқатга, фактларга назар ташлайлик.
Болаларини туғруқхоналарда қолдириб кетиш, оналик ҳуқуқидан воз кечиш, ҳатто гўдакларни кўча-кўйга ташлаб юбориш ва яна енгил ҳаёт кечириш, айши-ишрат деган бир зумлик кўнгил хушлигини бутум умрининг заволига айлантириш натижасида хор бўлиб, сўнг болалар уйларида тарбияланаётган етимларнинг сони эндиликда салкам бир миллионга яқинлашиб қолди. Статистик маълумотларнинг хабар беришича, бу миллион етимларнинг 95 фоизининг ота-оналари ҳаётдир. Ва яна бу етимлар Улуғ Ватан уруши йилларида ота-онасиз қолган болаларнинг умумий сонидан уч баробар кўпдир.
Нақадар даҳшат бу! Нима бўляпти ўзи? «Даҳшат!» деганимиз нимаси, қабоҳат, гумроҳлик дейлик буни.
Одатда фарзандлар оналар учун жонини қалқон қилгувчи эди, уни мадорим, суянган тоғим деб атагувчи эди. Бугун қандайдир норасида гўдакнинг ташландиқ орасидан одамлардан нажот изловчи ноласи эшитиляпти, ота-онасиз улғайиб, вояга етган йигит ва қизларнинг «Онажоним дилозорим» деган фарёди юракларни эзиб юборяпти.
Бу не нола бўлди, бу не фарёд бўлди одамлар, бу нидо ва бу ингроқ нолаларга, вужудимизни қақшатиб юборгувчи азобга қандай чидаймиз, келгусида ва шу бугун ҳам уларнинг нигоҳига қандай қараймиз, не деб жавоб берамиз уларнинг йўқловларига?
Саодат онанинг вужуди нега қалтиради, нега унинг кўзларидан ёш тирқираб чиқди шу дамда, нега «онажон!» деган муқаддас сўз дилозорга айланиб қолди, бунга не сабаб?
«Автодормехбаза»нинг ходимлари чиқиндиларни ковлаштираётиб қора халтага ўроғлиқ мурғакнинг жони узилмаган танасини қандай топиб олди, не ҳолга тушди улар шу кез?
Оппоқ чойшабга ўроғлиқ гўдак кичкина тобут янглиғ анҳорда қалқиб, қалқиб оқиб бораётир.
Ўйламай нетмай, ҳаётга енгил-елпи қараб, ёки ўзига тикилган ҳаёсиз кўзларнинг таъқибидан ҳуркиб, ёки ҳайвоний ҳирсдан ўзини тутолмаган номарднинг чангалидан чиқолмай ҳомиладор бўлган жувон ёруғ оламда яшамоққа интилаётган юрагининг бир парчасини, отанинг, одамларнинг лаънатларидан чўчиб елдай учиб бораётган поезд ойнасидан ташқарига ирғитиб юборяпти.
22-болалар уйида тарбияланаётган Гриша онаси келганидан ваҳимага тушиб, онадай азиз бўлиб қолган Саодат опанинг бағрига ўзини ураётир, Саодат опа ташқарига чиқсаки Гришанинг онаси бадмастликдан осилган қовоқларини зўрға кўтариб, «боламни олиб кетаман», деб тўполон қилаётир. Ахир ўйланг, ўз онасидан қўрқиб қочаётган болани ул нотавонга бериб бўлар эканми?.. Не мақсадда келган экан Гришанинг онаси, нима бўлса ҳам фарзанд, ароқхўр бўлса ҳам она, ўғлини соғингандир деб ўйлайди одам. Йўқ, не мақсадда келибди денг Гришанинг онаси, қулоқ беринг унинг сўзларига: «Майли, майли, уч сўм берсанг қолаверсин болам» дермиш. У фарзандининг дийдорига эмас, Саодат опанинг қалтираётган қўлларидаги уч сўмга тикилармиш.
Булар ким биландир суҳбат баҳона кўнгилдан кечган ўйлар эмас, шу кеча-кундузда матбуотимизда эълон қилинаётган, радио ва телевидение орқали эшиттирилаётган фактлар, рақамлар…
Суҳбатлардаги гаплар гап, мулоҳазалар мулоҳаза, фактлар факт холос. Кўз билан кўрмоқ керак эди ҳаммасини. Шу ниятда оналари оналик ҳуқуқидан воз кечган, кўча-кўйга ташлаб кетилган мурғаклар тарбияланувчи «болалар уйи»га қараб, Юнусобод томон йўл оламан.
Болалар уйининг бош врачи Людмила Александровна Тиянни хонасида асаблари таранг, хафақон ҳолатда учратдим.
— Редакцияданман Людмила Александровна, болаларни ўз кўзим билан кўрай деган ниятда келдим.
— Кўринг, кўринг,— у қўлидаги икки парча қоғозни олиб менга узатди,— мана, бугун ҳам иккита бола, иккита ота-она нималигини билмай вояга етадиган гўдак келибди. «Акт» шунчалик совуққонлик билан ёзилган, онаси ўз боласини олишдан бош тортибди, «фарзандим ҳақида ҳеч қандай даъво қилмайман» деб тилхат ёзибди. Иккинчиси шундай «болалар уйи»нинг ёнидан, эски адёлга ўроғлиқ ҳолатда топиб олинибди. Унга ҳам «Акт» тузилган. Дод дейсанми бунга, нима дейсан, минг лаънат, минг лаънат аёл бўлган сендақа одамларга. Эҳ… ўзимга қолсайди бунақаларни…
Людмила ҳаяжонини анчагача босолмади, тутақиб, ёниб-ёниб кетди. Чўнтагидан қўлини олса ёқаларини йиртиб, тугмачаларини узиб юборишдан чўчигандай халатининг чеккасини ғижимлади, «қаердан пайдо бўляпти бундай одамлар?»
Ниҳоят Людмила бирдан саволим эсига тушгандай ўрнидан турди:
— Болаларни кўраман дедингизми, юринг, кўринг уларни.
Палатага, биринчи қаватга ўтамиз, чақалоқлар хонасига кирамиз.
Узр ўқувчим, остонага қадам қўяётганимда уларнинг ҳаммасини майиб, мажруҳ болалар деб ўйлабман. Уларни кўрганим чоғ, тилим калимага келмай, ҳайратдан ёқа ушлаганимни қандай изҳор этай сизга.
Оппоқ чойшабда, оппоқ пахтадай бўлиб, дунёнинг жамики ташвишларидан бехабар, қоп-қора кўзларини ўйнатиб, негадир интилиб, интиқ бўлиб, вужуди қўмсаган нарсани, тополмай типирчилаб ётган бола, қизалоқ…
— Булар бир мунча майиб, ногирон бўлади деб айтишгучи эди, Людьмила Александровна?
— Касалманд, ногиронлари беморхоналарда боқилади, буларнинг ҳаммаси соғлом болалар.
Шу бола, шу мурғак тетик жон кўчага ирғитиб юборилганини, шу жажжи қўлларини ўйнатиб, иссиқ инсон бағрига интилаётган норасидани бағридан нари сурганми одамзод, жавоб беринг одамлар?
Қўлимга оламан болани, вужудимдаги қалтироқни босолмай, кўзимдан тирқираб чиқаётган ёшни тўхтатолмайман шу ёшимда. Бехос чақалоқни қуёшли осмон узра кўтариб, бу ёруғ оламга яна бир янги бунёдкор келганидан дарак бераётган онанинг қиёфаси кўринади кўзимга. Мен ўша фарзандини кўчага ирғитиб юборган манқуртни эмас, ўша она, ўша улуғ одамзод юзида қоп-қора лаънатли доғни кўраман. Сенга, сенга отиляпти бу лаънат тошлари она, сени, сени сўроқлаяпти бу гумроҳлик ота, дейман. Қўлимдаги чақалоқ менинг ўзимни қоралаётгандай, йўқ, минг бир тавқу-лаънатларни ёғдираётгандай туюлади шу тобда. Мен унинг бегуноҳ, беозор нигоҳига тикилиб ўзимни оқлолмадим, бу мудҳиш манзаранинг лоқайд шоҳиди бўлганимдан кўра, кўр бўлганим афзал эди дедим ўзимга.
Кейинги хоналар томон ўтамиз, уч ёшгача бўлган болалар уйқуда… беихтиёр:
Сен етим эмассан.
Ухла жигарим.
деб бошлангучи шоирнинг қуйма мисраларини пичирлайман. Қаршимда, салобат тўкиб пайдо бўлган мавлоно Ғафур Ғулом олдида хижолатдан бош эгаман. Мен инсон меҳрини вужудимга жо этиб, мурғак қалбга таскин берган гўдакларнинг оталари фашист газандаларига қарши жангларда ҳалок бўлган эди. Мен онамнинг алласига шеъримни йўғириб айтган қўшиғимни тинглаган гўдакларнинг оналари душман бомбалари тагида қолиб, ному-нишонсиз йўқолган эди, булар қендай етим бўлди?
Устоз Ғафур Ғулом сўровига нима деб жавоб беришимни билмайман, қийналаман. Аммо ширин уйқуда ётган гўдакларга қараб, барибир «Сен етим эмассан» деб пичирлайман. Рост, не айб сенда, чорасизликдан топталган мурғак жисмингда не гуноҳ.
Шу тариқа ҳиссиётларимга эрк бераман. Лекин бундан не фойда, не наф дейман ўзимга. Ваҳоланки бу бегуноҳ гўдаклар атрофида қанча муаммолар, ўкувчиларимиз ҳукмига ҳавола этиладиган қанча мулоҳазалар бор. Келинг, яхшиси шулар ҳақида гаплашайлик.
Нега ташлаб кетяпти экан туғуруқхоналарда оналар фарзандларини, негаўз кўллари билан: «бу туғилган гўдакни фарзандим деб ҳеч қачон даъво қилмайман» дейишга, тилхат ёзиб, имзо чекишга қендай журъат этаётган экан аёллар, бунинг сабаблари нимадайкин? Кимлар экан ўша гумроҳликка тоқат этаётганлар?
Чилонзор район 9-туғуруқхонанингбош врачи Гулчеҳра Жалиловна Рашидовага юқоридаги саволлар билан мурожаат қиламиз.
— Гулчеҳра Жалиловна, бу ҳақда шахсий мулоҳазаларингизни айтсангиз, Сизнингча бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
— Бизда болаларни ташлаб кетиш ҳоллари анча камайиб бормоқда…
— Ҳа, гап камайиб бораётганида эмас, кимлар, қандай ҳолатда ўз фарзандларидан воз кечишяпти?
— Асосан студентлар, вояга етмаган қизлар. Булар кўпинча ўзлари қадам кўйган кўчанинг қоронғилигини яхши англаб етишмайди, воқеа содир бўлгач, боладан воз кечишдан ўзга чораси қолмайди. Иккинчи тоифа бу, алкоголь касалига чалинган ва бунинг оқибатида ногирон бўлиб туғилган болаларнинг оналари ва яна ҳеч қандай масъулиятни сезмайдиган суюқоёқлар болаларини олишдан бош тортишади. Мана шуларнинг касрига етим болаларнинг ортиб бораётгани тўғри.
— Сабаблари нимадайкин?
— Оналик ҳуқуқидан воз кечган аёлларнинг болаларини шу ернинг ўзида, уларни ўз тарбиясига олмоқчи бўлганларга, расмий ҳужжатлар орқали берилса бўлмайдими?
— Йўқ, бизнинг бундай ҳуқуқимиз йўқ. Биз чақалоқларни маълум муддат сақлаганимиздан сўнг болалар уйларига топширамиз, у ёғи яна расмий ташкилотларнинг ихтиёрида бўлади.
— Сизнингча шундай ҳайрли ишни бевосита туғуруқхоналарнинг ўзидан бошлашнинг имкони борми?
— Бу саволга юрисконсульт жавоб бергани яхшироқ, ўртоқ. Мен ҳозир шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига кўнғироқ қилиб, шундай киши билан суҳбатлашишингизга кўмаклашай.
Тўғрисини айтсам Гулчеҳра Рашидованинг шахсий мулоҳазаларни ўзидан соқит қилаётганидан ранжимадим, ёрдамидан эса астойдил хурсанд бўлдим.
Маълум бўлдики, болалар бошқа расмий ташкилотлар ихтиёрига ўтгандан кейин аҳвол бирмунча мураккаблашар экан, қоғозбозлик, зўрма-зўраки расмиятчиликлар кўпайиб, саховатли одамлар, болаларни ўз тарбиясига олмоқни истовчилар олдига сунъий ғовлар қўнилар экан. Натижада бир томонда болалар сарсон бўлса, иккинчи томонда уларни ўз тарбиясига олган оилаларнинг боши ташвишдан чиқмай қолар экан, нега?
Маълумки, етим болаларни асраш, уларга отаоналик меҳрини бахш этиш халқимизда азалдан савоб деб келинган. Фарзандга муҳтож кишилар маҳалла оқсоқоллари гувоҳлигида уларни ўз қарамоғи ва тарбиясига олиб келганлар, Улуғ Ватан уруши йилларидаги халқимизнинг етимпарварлиги тилларда достон бўлгани ҳаммага аён. Нега энди биз бугун халқимизнинг савоб ишини, яхши анъаналарини давом эттирмаймиз? Ёки ҳозирда ота-онасиз болаларни ўз тарбиясига олувчилар камми? Ё истамай қолдими бугун одамлар бағри кенгликни?
Йўқ, халқимиз ҳозир ўша яхши, «савоб иш» деб вужудига жо этган анъаналарига содиқ қолишган. Буни деярли барча районларнинг халқ маорифи бўлимларида етим болаларни ўз тарбиясига олиш учун навбатга ёзилган одамларнинг кўплигидан ҳам билса бўлади. Шундай деб ёзишга ёзаману хижолатдан ўзимни койййман. Ҳамма нарсага навбат ташкил этиб ўрганиб қолган эканмизми, Наҳотки, одамлар беминнат, саховатли иш қилайин деб ҳукумат эшикларининг ёнига келса-ю, уларни ҳам навбатга турғизиб қўйсак. Навбат билан куламизми унда, навбат билан йиғлаймизми кейинроқ. Шундай навбат ташкил қилаётган ўртоқлар, ўйлаб кўринглар, қилаётган ишларингиз бугунги янгича яшаш шароитига, қайта қуриш руҳига тўғри келармикин?
Мана шундай саховатли, беминнат ишларни ҳам навбат билан адо этиш оқибатида халқимизнинг энг олижаноб анъаналарини сон-саноқсиз қоғозлар, справкалар, хуллас расмиятчиликлар исканжасида бўғиб ташлаяпмиз.
Фактларга, мисолларга мурожаат қилайлик.
Мана, етим болани ўз тарбиясига олиш учун навбати келган оиланинг бошига тушаётган ташвишларга эътибор қилинг.
Ота-онанинг яшаш ва иш жойидан справка, иш жойидан (ота-онага) характеристика, оила шароитлари ҳақида махсус справка, ота-онанинг соғлиги ҳақида медицина хулосаси ва справкаси, яна бошқалар. Буларнинг ҳаммаси тахт бўлгач, расмий акт тузилади. Ниҳоят шунча машмашалардан сўнг халқ маорифи бўлими ва район соғлиқни сақлаш бошқармасининг вакиллари етим болани тарбиясига олувчи оиланинг шароитини топширилган ҳужжатларга тўғри келадими йўқми деган маънода яна бир бошдан алоҳида кўриб чиқишади. Ниҳоят булар ҳам етмагандай етим болани асраб олган оилани (боланинг соғлиги ва тарбиясининг қай аҳволда эканини билиш маъносида) маориф ҳамда медицина ходимлари икки йилгача кузатиб боради.
Булар нима учун керак?
Албатта боланинг эгаси оналик ҳуқуқидан воз кечиб, туғуруқхонага қолдириб кетган, уни кўча-кўйга ташлаб юборган бўлсада, унга давлатнинг эгадорчилик ҳуқуқи қонун асосида мустаҳкамланган. Лекин биз етимларга нисбатан давлат ҳомийлигини бекор қилиш керак деган маънода куйиб-пишаётганимиз йўқ, аксинча уни инкор этмаган ҳолда юқоридаги каби расмиятчилик ва қоғозбозликларни жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, унга янгича ёндошиш керак деган фикрни илгари сурмоқчимиз.
Агар бундай расмиятчиликлар тузатилмаса, унинг янгича кўриниши қонун асосида мустаҳкамланмаса ишнинг ижобий томонга силжиши қийин. Агар бу ҳолат, яъни қоғозбозлик, расмиятчилик, текшириш ва кузатишлар давом этаверса фарзандталаб одамларнинг тинкаси қуриб кетади-ку. Савоб ишдан уларни бездиради-ку ва яна уларнинг иззатнафсига ҳам тегади-ку. Аслида етим болаларни ўз тарбиясига олган оилаларнинг расмий ташкилотлар билан тузган ўзаро актлари, умуман бу ишларнинг барча жараёнлари сир сақланиши керак. Бу қоида Ўзбекистон ССРнинг «Оила ва никоҳ кодекси»нинг 154-моддасида махсус қонун билан мустаҳкамланган. Шундай бўлган ҳолда шунча расмий ҳужжатлардан сўнг икки йилгача болани ўз тарбиясига олган оила кузатиб борилса у ерда сир қоладими? Умуман инсоф билан ўйласак ва ҳақиқатнинг юзига тикка қарасак, фарзандталаб оилаларнинг истакларини қондириш борасидаги ишларимиз адолатдан бўлмаяпти. Ахир болани кўча-кўйга ташлаб кетиш, очиқчасига қотиллик, (мабодо кўчага ташланган бир ёки икки ойлик чақалоқни бирон кимса кўрмаса, ёки кечикиб қолинса унинг нобуд бўлиши табиий) жиноят ҳисобланмайди, туғуруқхонада туғилган боладан воз кечиш ёки уни олмасдан адресини ёлғондан ёздириб қочиб кетиш элга ошкор этилмайди, лаънатланмайди, қораланмайди, аксинча милиция ходимлари ёки туғуруқхона врачлари томонидан тузилган бир парча «акт» билан ҳамма нарса ниҳоясига етади. Ваҳоланки ўша хор бўлган норасидага оналик, оталик қилай деган одамларга шунча ғов, шунча тўсиқлар қўйилади. Ахир бугун ошкоралик, демократия деган улуғ шиор остида қонунларимизнинг ҳаёт талабларига жавоб беролмаётган кўпгина томонларини ошкора, баралла айтиб халқ муҳокамасига ташлаяпмиз. Қолаверса КПСС Марказий Комитетининг биз юқорида таъкидлаган етим болалар билан иш олиб боришдаги жиддий камчиликларни бартараф этишга бағишланган йиғилишида Ленин комсомоли олдига алоҳида масъулиятли вазифа юкланган ва қуйидагилар таъкидланган эди.
«Етим болалар, уларга таълим ва тарбия бериш тўғрисида доимий ғамхўрлик қилиш Ленин комсомолининг, бутун ёшларнинг энг муҳим ижтимоий аҳамиятга молик иши бўлмоғи керак. ВЛКСМ Марказий Комитети болалар уйлари, мактаб-интернатлар, гўдаклар уйи тарбияланувчиларини ҳар томонлама камол топтириш, уларнинг турмуши, ўқиши, меҳнат шароитларини тубдан яхшилаш ишларида корхоналар, институтлар, муассасалар, ўқув юртлари, ҳарбий қисмларнинг барча комсомол ташкилотлари кенг иштирок этишини таъминловчи чора-тадбирлар программасини амалга ошириши зарур».
Демак, Ленин комсомоли олдида бу муҳим масалага бош-қош бўлишдай вазифа топширилган экан, биз унинг барча жабҳаларидаги ишларга жавобгармиз. Ва шунинг учун ҳам бу соҳада оқсаётган томонларимизни, камчилик ва нуқсонларимизни рўйи-рост айтиб, фикр ва мулоҳазаларимизни жамоатчилик ҳукмига ҳавола қиламиз.
А. Кудряшов фотолари.
РЕДАКЦИЯДАН: Бугун мамлакатимизда етим болаларга қанчалик ғамхўрлик қилинаётганига, уларни ҳимоя қилиш юзасидан жиддий чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар кўп. Етим болаларни ўз қарамоғига олиб, уларни тарбия қилишни истовчи оилалар, улар олдидаги қийинчиликлар, оналикдан юз ўгираётганлар, шафқатсизлик ва ёвузлик оқибатида жиноят кўчасига кириб бораётганлар мавзуси шулардан биридир.
Ҳурматли журналхонлар! Редакциямиз сиз азиз ўқувчиларни бу муҳим мавзуни муҳокама этишга, ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни ўртага ташлашга даъват этади.
“Ёш куч” журнали, 1989 йил, 1-сон