Мен олий ва олий бўлмаган даргоҳлардаги баъзи бир «касалликлар» ҳақида мулоҳаза юритмоқчиман. Бу касалликнинг номи — порахўрлик.
Порахўрлик покиза диёримиз юзига қора чаплади! Энг юқори минбарлардан туриб бу ҳақда гапирилди. Дунёга овоза бўлдик. 40—50 даража иссиқда меҳнат қилаётган деҳқон меҳнатига шубҳа уйғонди. Бир ҳовуч соя-салқинда — Москвада ва Ўзбекистонда «пичирлашганлар» меҳнаткаш халқимиз юзини шувит қилди. Андишали одамларимиз «ўқидан чиққан ғилдиракни» яна изига тушириш учун офтобда куйиб-ёнмоқдалар. Лекин кўпгина «жиғилдон эпидемиясинга йўлиққан нопоклар «барибир тартиб бўлмайди, бу дунё ўткинчи», «йўлини топиб даврингни суриб қол» қабилида иш тутмоқдалар! Пора олиш учун одамларни тулкидек аврамоқдалар, илондек енгларига кирмоқдалар… Улар ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиб, пора олишнинг янги-янги воситаларини ўйлаб топмоқдалар.
Кўпгина студентлар, ота-оналар ва юристлар билан суҳбатлашдим. Порахўрлик, унинг илдизлари, формалари ҳақида фикр алмашдик.
— Бир аёл ўқитувчи бор, — дейди Тошкент Политехника институтининг Жиззах филиалида таълим олаётган студент. «Мен аёл бўлсам, сенлар билан эркакча гаплашаман», дейди у… Ҳамма кечки курсда ўқийдиганлар 25 сўмдан йиғиб кўрмасин-чи, унинг имтиҳонидан ўта олармикин?! Берганларга группа спискасига қандайдир белги қўйиб олади. Ўзи пулни қўлига ушламайди. Группа старостаси йиғиб олади, билмадим қаерда беради унга?!.
— Органга хабар қилмадингларми?!
— Бир бола чидолмади. Тегишли жойга хабар қилиб кўрди. Келиб ушлашди ҳам. Спискани топиб олишди. Лекин, ўша домла «группани спискаси, нима дейсанлар?» деб туриб олди. Ҳозир ўша органга хабар берган бола имтиҳондан ўтолмай, сарсон бўлиб юрибди.
— Ҳеч қачон бу ҳукуматингда «порядка» бўлмайди, — деб жиғибийрон бўлади, шофер ҳамқишлоғим.— Қизим ўнни битиргунча фақат «5» га ўқиди. Битириш имтиҳонида атайлаб «4» қўйишди. Қизим «Майли, Фахрий ёрлиққа бўлса ҳам илиндим, менга ҳам беришаркан» деб келувди. Мактабга 10 та келган экан, 7 тасини ҳамманинг олдида беришибди. Учтасини кейин гаплашганларга улашишибди. Ўзимни ўқитган домлалар, ҳа ўлсин, деб мактабга бормадим. Демократия бўлиб, ёмон бўлиб кетди. Ҳозир барибир пулсиз ўтказиб бўлмайди, дейишганидан кейин бир марта ўкситдим, энди нима бўлса бўлди, деб 500 сўмга Жиззах медицина билим юртига рози бўлгандим. Кеча келишиб, 500 сўм оз, 1000 сўм бермасангиз бўлмайди деб кетишди. Нима қилишни ҳам билмай қолдим. Энди барибир қизимни йиқитишади!..
— Хабар қилинг прокуратурага.
— Нима деяпсан ўзи?! Энди бу шармандагарчиликлар бормиди менга?! Орага тушган қариндошим. Бир умр юз кўрмас бўлиб кетамиз. Кейин пора бермоқчи бўлибсан, деб мениям қамаб қўйишса-чи, деди у.
— Умрбод ўғлимни адаштирдим, — деб куйинади пенсияга тракторчиликдан чиққан танишим. — Биринчи фарзандимиз, қандай бўлмасин ўқитишимиз керак, деб онаси қўймади. Биттаси билан гаплашдим. Ишлаётган институтининг нархи 4,5 минг сўм экан. Биринчи йили ўғлим ўтолмади. Гаплашганим ўша йили бир ёққа кетиб қолган экан. Ўғлим бир йил «стройка»да ишлади. Унинг топганини ҳам қўшиб берадиган бўлдик. Онаси 4,5 минг пулни ўғлимнинг майкасининг ичидан тикиб берди. Ўша акангникида ечасан, деб тайинладик. Ўша йили ўғлим институтга кирди. Лекин бир йилга бормай қайтиб келди. Сабаби, ўзи мактабда яхши ўқигани билан институтга пул билан киргач, дарсларга бормай қўйган. У ҳам бир-иккитасидан ёрдам бергани билан, ўша жойда ҳам бир-бирига ғаним, бир-бирини кўролмайдиган ўқитувчилар бўлар экан. Кейин ўғлим ичадиган бўлиб қолди… Шуларни керакли жойга бориб айтсам, йўқ, энди кеч бўлди-да!..
— Ҳеч кимга айтмасангиз айтаман, — қўрқа-писа секин гапиради студент ҳамсуҳбатим. Сиз ўйлайсиз
«оладиган» ўқитувчилар авомми? Улар билан курашиб бўлмайди. Йўлини қилиб думингизни тугворишади.
Бир ўқитувчи бор, қандай бўлмасин группа старостаси ёки армиядан келган «кузурроқ» биттаси билан муносабатини яхшилаб оладида, группа билан фақат ўша орқали алоқа қилади. Кўпинча машинасига баллон, ҳар-хил запчастлар олдиради. Ўғлига ҳам машина олиб бериб қўйибди. Пул олса аудиториянинг бурчагидаги сумкасига ташлаб чиқишади. Ўзи қўлига пул ушламайди. Алоқачиси кириши билан ўзи аудиториядан чиқиб кетади. Бошқа группадаги лайчаси келиб сумкадагини магазинга алмаштиради ёки каттароқ айтган нарсасини сотиб олиб, уйига етказади…
Порахўрлик тўғрисида баҳс бошланар экан, пора олиш усуллари, порахўрларнинг хатти-ҳаракати тўғрисида эшитиб, ёқангизни ушлайсиз.
Хўш, порахўрлик дарахти шунчалик илдиз отаётган экан, унга қарши қанақанги кураш усуллари мавжуд?!
Ўзбекистон ССРнинг жиноят кодексидаги 152— 153—154 моддалари кўпроқ баҳсларга сабаб бўлади.
— Бу қонунлар мавжуд экан, порахўр жамиятда «изолирован» бўлиб юраверади, — дейди аптекачи Юсуф ака, — чунки пора берган ҳам, воситачи ҳам ўзидан қўрққанидан тониб тураверади. Демак, порахўрни ҳимоя қилишади. Бу психологияни ўзгартириш учун пора бериб ишини битказганга ҳам, воситачига ҳам катта мукофот бериш керак. Ана шунда у порахўрни ҳимоя қилиш ўрнига ҳам ишини битказади, ҳам тегишли жойга бориб, далил исботи билан унинг сирини очиб, порахўрни топишга ёрдам беради.
Ҳурматли ўқувчиларга янада равшанроқ бўлиши учун бу уч моддани тўлиқ келтираман:
152-модда. Пора олиш. Мансабдор шахснинг ўз мансабидан фойдаланиб, қилиши лозим бўлган ёки қилиши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатни пора берувчи шахс манфаатини кўзлаб бажарганлиги ёки бажармаганлиги учун шахсан ўзи ёки воситачилар орқали ҳар қандай турда пора олиш — мол-мулки мусодара қилиниб, уч йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар масъул вазифани эгаллаб турган, ёки илгари порахўрлик учун судланган, ёхуд бир неча марта пора олган мансабдор шахс томонидан қилинса, ёинки товламачилик билан боғлиқ бўлган ҳолда содир этилса мол-мулки мусодара этилиб, саккиз йилдан 15 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш билан ва озодликдан маҳрум қилиш муддатини ўтаганидан кейин икки йилдан беш йилгача муддатга сургун қилиш ёки сургун қилмаслик билан, айбини оғирлаштирадиган алоҳида ҳолларда эса мол-мулки мусодара қилиниб, ўлим жазоси билан жазоланади.
153-модда. Пора бериш — уч йилдан саккиз йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бир неча марта пора бериш ёки илгари порахўрлик билан судланган шахс томонидан пора берилиши — мол-мулки мусодара қилиниб, ёки қилинмай етти йилдан ўн беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан ва озодликдан маҳрум қилиш муддатини ўтаганидан сўнг, икки йилдан беш йилгача муддатга сургун қилиш ёки сургун қилмаслик билан жазоланади.
Агар шахсни товламачилик билан пора беришга кўндирилган бўлса, ёки шу шахс пора берганидан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан келиб айтса, у ҳолда бундай шахс жиноий жавобгарликдан озод этилади.
154-модда. Пора олиш-беришда воситачилик қилиш — икки йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Пора олиш-беришда бир неча марта воситачилик қилиш, ёки илгари порахўрлик учун судланган шахс томонидан ёхуд ўз хизмат мансабидан фойдаланиб қилинган воситачилик.
— Мол-мулки мусодара қилиниб, етти йилдан ўн беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан ва озодликдан маҳрум қилиш муддатини ўтаганидан сўнг, икки йилдан беш йилгача муддатга сургун қилиш ёки сургун қилмаслик билан жазоланади.
Порахўр айёр! Воситачиси унинг исканжасида! У бу ҳақда шипшитиб ҳам қўйган. Пора берганга озроқ енгиллик берилгани билан, агарда порахўрнинг пора олганлиги исботланмай қолса, туҳматчи сифатида жазоланиш хавфи бор! Хўш, қонуннинг бу моддаларини ўзи порахўрликка қарши курашни чегаралаб қўймаяптими?! Пора у қайси кўринишда бўлмасин: рангли пулми, номерли пулми, у фақат порахўрнинг қўлидагина ушланса ўз кучида бўлади. Ўшанда порахўр ҳам, воситачи ҳам шундай гаплар тўқишадики, судгача улар илондек сирпаниб, қонун рамкасидан чиқиб кетиши мумкин. Бундай «олғирларга» тушган орган ходимлари «бармоқларини тишлаб» қолаверадилар! Бундай муваффақиятсиз операциялар қулоғига чалинган «ҳавасманд порахўрлар» ҳам авжига минадилар…
Қонун моддасига озроқ ўзгартириш киритилиб, вақтида айбини бўйнига олган воситачи ҳам кечирилса-чи! Унда битта асосий гувоҳ ортади. Порахўр яккаланиб қоларди! Пора берган одамга асосан у порани бериб, ишини битказганидан кейин маълум вақт ўтгач, унга таъсир қилади. Бирор ерга хабар қилай деса, кураш формасидан бехабар! Далиллар етишмаганлиги сабабли иш тўхтатилишидан қўрқади.
Билим даргоҳлари тўғрисидаги ўқитувчилар «номерлари», кириш имтиҳонларининг нархлари тўғрисидаги гап-сўзлар нега тугамаяпти? Нега курсдан курсга ўтиш, имтиҳон, зачетлар учун, курс ишлари топшириш учун ҳалиям порахўрлик давом этмоқда?! Орган ходимлари шохида юрса, порахўрлар баргида юришибди. Порахўрликка қарши ҳозирги кураш «заҳарли бу дарахт»нинр баргини юлишга ўхшаб кетяпти, холос.
Йиллар ўтиб порахўрлик рангини, усулини ўзгартирди. Унга қарши усул топа билмас эканмиз, жамиятимиз баданидаги йиринг катталашаверади! Унга қарши профилактик воситалар топа билмас эканмиз, бу «эпидемия» «ҳаёт мажбур қилиб», ҳавас устун келиб, организмида «иммунитети» камайиб бораётган кимсаларни ҳам заҳарлайди… Улар ҳам чумак урадилар! Порахўрликка қарши курашда у билан узоқдан туриб эмас, ичига кириб курашиш керак!
Биз, катталар нон ейдиган жойимиз поклиги учун бундай курашишимиздан ҳеч нима чиқмаслиги аниқ. Қайта қуриш, ошкоралик институтларга ўрнашиб олган баъзи нопок, нафси учун ҳамма нарсадан кечворадиган «ўпқонларни» анча чўчитиб қўйди. Чидолмаганларнинг баъзилари бу даргоҳларни абадий тарк этдилар. Лекин ҳалиям нимадандир умидвор бўлиб, бу «шамоллар ҳам» ўткинчидиров, деб юрганлар ҳам бор. Бундайлар ўта яширин ҳолатга ўтиб олдилар холос! Ёшларимиз шундай активлашаверса, қаёққа ҳам қочиб қутилишарди, дейсиз?! Фактлар «яшириниб бошини буркаса, орқаси очилиб қолади!» Ҳеч қўрқманг! Агарда, ёлғон нарса босилиб кетса ҳам, ошкоралик таъсирида активлашган одамлар қўя қолишмайди, эртасигаёқ унинг рости чиқади.
Сўнг сўз ўрнида
Мақолани ўқиган ҳар бир инсонда ҳозирги қайта қуриш, ошкоралик даврида автор нега айбдорларнинг исм-фамилияларини очиқ ёзмабди деган савол туғилиши мумкин. Порахўрлик тўғрисида ким билан суҳбатлашган бўлмайин у берувчими, иштирокчими, воситачиси кимлигидан қатъий назар матбуотга мақола ёзмоқчилигимни айтсам дарҳол суҳбатни тўхтатиб, ўзлари ҳақида ёки воқеа ҳақида ёзмасликни илтимос қилишга тушишарди. Чин ваъдамни олишгач, ишонч билан воқеаларни икир-чикиригача ҳикоя қилишарди. Мухбир сифатида ваъдамнинг устидан чиқиб «қаҳрамонларим» номларини кўрсатмадим. Порахўрликнинг келиб чиқиши, усуллари, унга қарши кураш формасига асосий эътиборни қаратдим.
“Ёш куч” журнали, 1989 йил, 12-сон