Апрель ойининг охирида Қўқон шаҳрида студентларнинг ўзбек тили ва адабиёти бўйича анъанавий рвспублика олимпиадаси бўлиб ўтди. Бу — Бутуниттифоқ миқёсида «Студент ва илмий-техник прогресс» шиори остида ўтадиган тадбирнинг бир қисми сифатида муҳим аҳамиятга эга. Авваллари бундай тадбирлар университет ва пединститутлар томонидан алоҳида-алоҳида ўтказиларди, республикада ягона халқ таълими министрлиги барпо этилиши муносабати билан бу гал пединститутлар бош бўлган анжуманга университетларнинг талаблари — командалари ҳам таклиф этилди. Республиканинг, қўшни Тожикистондаги Ленинобод пединститути ҳам қўшилган ҳолда 17 олий ўқув юртида таълим оладиган ўзбек филологиясининг илғор талабалари — бўлажак тилшунос, адабиётшунослари, танқидчилари, педагоглари, она тили ва адабиётнинг бўлғувси оташин тарғиботчилари шунингдек, уларга таълим-тарбия берабтган таниқли мураббий, профессор-ўқитувчилар йиғилишди. Мен бу хил анжуманларда кўп марта бўлсам-да, жюри аъзоси сифатида ўзбек филологияси кадрлари тайёрлайдиган барча олий ўқув юртлари иштирокида ўтган олимпиадада илк бор иштирок этишим.
Очиғи, бу тадбирга зўр ҳаяжон, катта умид билан борган эдим. Ҳозирги адабий-маънааий ҳаёт бамисоли қудратли тошқинни эслатади. Қайта қуриш, ошкоралик, демократиянинг илиқ шамоли узоқ йиллик маънааий карахтлик музларини эритиб, қалбларни жунбушга келтирди, баҳс-мунозаралар авжига чиқди, фикрларнинг хилма-хиллиги одат тусига кира бошлади; кейинги икки-уч йил ичида етмиш йиллик босиб ўтган йўлимиз, жумладан, адабиётимиз тарихига оид шу қадар кўп, янги маълумотлар пайдо бўлдики, улар гоҳо карахтликдан эидигина ўзига келаётганларни довдиратиб қўймоқда; бир вақтлар қораланган, ман этилган кўплаб асарлар чоп этилмоқда, хоин, сотқин, деб қаралган хориждаги ватандош адибларнинг асарлари юртига қайтмоқда; В. Набоков, М. Алданов, Б. Зайцев сингари четда яшаб ижод этган сўз усталарининг асарлари туфайли китобхон кўз олдида XX аср рус адабиётининг бутун бир янги олами намоён бўлмоқда; яқингинада биз мутлоқ ҳақиқат деб билган кўпгина назарий қарашлар, адабиёт программаси, дарслик ва ўқув қўлланмаларида нуқулгина ижобий баҳоланган адабий ҳодиса, асарлар ҳозир жиддий танқид остига олинмоқда, адабиётимизнинг алоҳида босқичларидаги ривожи, улкан намояндалари ижоди ҳақидаги бирёқлама, юзаки, афсонавий тасаввурлар кескин ўзгармоқда; қотиб қолган қарашларга жиддий зарба берилмоқда…
Бу галги ўзбек филолог студентларининг олимпиадаси ана шундай жўшқин, ҳаяжонли кунларда ўтди. Хўш, давр руҳи, сурони олимпиадада ўз аксини топдими? Афсуски, бу саволга қониқарли жавоб бериш қийин. Аваало, шуни айтиш керакки, Қўқон пединститути маъмурияти олимпиадага ташкилий жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрган, олимпиада қатнашчилари учун ҳамма имкониятлар яратилган. Эътирозимиз асосан олимпиаданинг одат тусига кирган илмий-методик жиҳатига, йўналишига тегишли. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича ёэма ишлар жараёни ва оғзаки синовлар пайтида мен ўзимни филологиямизнинг олдинги сафида турган, унинг бугунги муаммолари, дарду-ташвишлари билан ёнган ҳамкасабаларнинг (ҳа, мен олимпиада иштирокчиларини шунчаки шогирд талаба эмас, ўзларини устозлари билан ҳамкасаба деб ҳис этишларини истардим) баҳси, фикрий жангида эмас, бамисоли мактабни битирувчилар, нари борса, абитуриентлар имтиҳонида ўтиргандек ҳис этдим. Ўша, мактабдан бизга таниш иншо ёзиш тартиби, икки-учта мавзуни мустасно қилганда ўша қолипга айланган иншо темалари, сийқа текшириш, баҳолаш усуллари… Бу ерда ҳам ўша олий ўқув юртларида одат тусига кирган кириш имтиҳони олувчиларга нисбатан ишончсизлик… Профессор Н. Маллаев, О. Носиров, А. Каттабеков, У. Норматов каби жюри аъзолари эмас, Қўқон шаҳри мактабларидан чақирилган тил ва адабиёт ўқитувчилари ёзма ишларни текшириб баҳолади. Ташкилий комитетнинг изоҳига кўра, холислик учун шундай қилинган эмиш, ёзма ишларни жюри аъзолари текширсалар, гўё ҳар ким ўз кўмачига кул тортармиш. Бу олий ўқув юртларида 20, 30 ҳатто 40 йил ишлаган республикамизнинг педагог олимлари шаънига ҳақорат эмасми?
Инсоф билан айтганда, мактаб ўқитувчилари ёзма ишларни тўғри, ҳалол баҳолаганлар; ўрта мактаб савияси даражасидан қараганда ёзма ишлар орасида «яхши» ва «аъло» баҳога лойиқлари бор. Менга Бухоро пединститути талабаси Лайло Шарипованинг эркин темада ёзган иншоси нисбатан маъқул тушди. Иш ўрта мактабни битирувчилар учун мўлжалланган «Шаҳрим кўчаларини шод кезаман», деб аталган сийқа, жимжимадор мавзуда битилган бўлишига қарамай, бу қизимиз шаҳар кўчаларини кезишдаги ясама шодлик-қувончлари эмас, кўпроқ Бухоро шаҳрининг бугунги муаммолари, тарихий обидаларнинг ночор аҳволи ҳақида куйиниб ёзибди… Шундан бошқа бирорта ҳам, «кашфиёт» дейишга тил бормайди-ю, лоақал салгина бўлсин ижодий руҳда битилган ўзига хос ёзма ишни учратмадим.
Оғзаки имтиҳонлар учун тузилган саволлар ўта жўн, ибтидоий, деярли барчаси илмий-маърифий ахборот характерида. Бирорта ҳам талабани баҳс-мунозарага ундайдиган масала қўйилмаган. Олимпиада программасининг дастлабки нусхасида бир қатор мунозарали назарий муаммолар, жумладан, социалистик реализмга оид савол бор экан, кейинроқ бу хил сааолларни программадан чиқариб ташлабдилар. Эмишки, бундай муаммолар ҳали фанда ечимини топган эмас, улар бир ёқли бўлгунча кутиб туриш даркор! Айримлар ҳатто Чўлпон билан Фитратнинг ижоди хусусида ахборот тарзидаги саволларга ҳам эътироз билдиришди, фанда узил-кесил ҳал бўлмаган, ўқув программаси ва қўлланмаларига кирмаган масалаларии олимпиада программасига номатлуб, деб туриб олишди.
Табиийки, саволлар қандай бўлса, жавоблар ҳам шунга яраша. Аксари қуруқ ахборот тарзида, программа, ўқув қўлланмалари, дарсликдаги гапларнинг шунчаки ёд олинган, «ўзлаштирилган» маҳсули; энг ачинарлиси, талаба — олимпиада қатнашчиси дарслик, қўлланмалардаги гапларни ҳақиқат деб билади, салгина бўлсин мавжуд факт ва фикрларга шубҳа билан қараш, баҳслашиш мумкинлигини хаёлга ҳам келтирмайди.
1989 йили «Студент ва илмий-техник прогресс» шиори остнда ўтаётган олимпиада қатнашчилари гўё оламда ҳеч нарса бўлмагандек 20—30 йиллар адабиёти ҳақида бундан 15—20 йил бурун ўша давр руҳида битилган гапларни гапиришади. Олий ўқув юртларидагина эмас, умумтаълим мактабларидаги миллионлаб ўзбек ўқувчилари ўша гапларни ўқимоқда, кўнглига жо этмоқда! Бир ҳисобда талаба, ўқувчи нима қилсин, ўрта мактаблар учун чиқарилган дарсликда, куни кеча Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти рус тилида тайёрланган кўп томли «Ўзбек совет адабиёти тарихи»да ҳам адабиётимиз тарихи шу руҳда ёритилган бўлса! Кейинги пайтларда биз хийла «фаоллашиб» минбарларда кескин танқидий нутқлар сўзлаётирмизу, адабиётимиз тарихини янгича теран ёритадиган, чунончи, Иван Дзюбанинг «Эллик йилдан сўнг. 30-йиллар украин адабиёти — 80-йиллар нигоҳида» мақоласи сингари тадқиқотлар яратиш устида бош қотирмаяпмиз.
Мени, айниқса, лингвистик таҳлиллар жараёни ҳайратга солади: доскага чиройли қилиб ёзилган мисоллар, кўзни қамаштирадиган схемалар, ёдлаб олинган қоидалар, қатъий ҳукм-хулосалар — ҳаммаси жойида; гўё тилимизда, тилшунослигимизда бирорта ҳам жумбоқ қолмаган, барчаси ҳал этилган; бир студентнинг биргина масалада жюри аъзоси билан жиндай баҳсини мустасно этганда, умуман, она тилига оид мунозарали масала кўтарилмади. Ёдлаб олинган қоида, схемалар ҳаёт, амалиёт, тил ривожи учун қанчалик нафи бор — бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ…
Ўйлаб қоласан киши, наҳотки 17 та олий ўқув юртидан тўпланган филолог студентлар орасида ижодий фикрлайдиганлар бўлмаса? Ёзма ва оғзаки имтиҳонлардан маъюс ҳолда чиқиб, миллий тиллар равнақи ва ҳозирги ҳолатига бағишланган мунозарада қисман кўнгиллар равшан тортди. Филология фанлари кандидати Исроил Пўлатов чапдастлик билан бошқарган баҳсда боягина имтиҳон пайти сиқилиб-қимтиниб сўзлаган студентлар бирдан очилиб кетишди. Она тили тақдири билан боғлиқ кўнглида бир дунё дарди борлиги маълум бўлди. Афсуски, яхши бошланган баҳс поёнига етмай концерт-у мушоирага айланиб кетди…
Талабаларнинг дилини яхшироқ билиш мақсадида улар билан суҳбатлашдим. Шахсий мулоқотлар пайтида тамомила бошқа манзарага дуч келдим. Улар мени саволларга кўмиб ташлашди. Совет адабиётининг унутилган саҳифалари, 20—30-йиллар адабиётида янгича қараш, социалистик реализм, адабиётнинг партиявийлиги, бизда ижод эркинлиги, М. Горький, Ҳамза, Ғ. Ғулом, Ҳ. Олимжон каби атоқли адиблар ижодининг зиддиятли, мунозарали жиҳатлари, марказий матбуот саҳифаларида, ўзимизда кетаётган баҳслар, халққа қайтарилаётган сон-саноқсиз адиблар, асарлар ҳақидаги уларнинг сўровлари, қизғин мулоҳазаларини тинглаб ҳам қувондим, ҳам ўйга толдим…
Шуниси таажжубланарлики, тартибга кўра оғзаки имтиҳонлар пайти талабаларга жюри аъзолари қўшимча саволлар бериши мумкин эмас экан; талабаларнинг жюри аъзолари фикрига салгина эътирози ҳам одобсизлик саналар экан… Қатор олий ўқув юртларида командалар бўлғуси олимпиадага унинг иш программаси, қатъий тартиб-қоидалари асосида тайёргарлик кўришар эканлар… Кўриниб турибди, олимпиада қатнашчиларига олдиндан кўп нарса бўлғуси етук мутахассис учун энг зарур фазилат — ёзма ва оғзаки синовлар пайти ижодий фикрлаш, баҳслашиш кўникмасини шакллантиришга мутлақо эътибор берилмаган; олимпиада имтиҳонлари практикасида эса талабалардаги шундай фазилатларни намоён этиш учун имкон яратилмаган. Халқ таълими министрлигидаги мутасадди ўртоқлар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрсалар, бўлғуси олимпиадаларни кўпроқ замон руҳига, унинг бош шиорига мос ижодий тарзда ўтиши ҳақида қайғурсалар, бунда бошқа республикалар, лоақал ўзимиздаги университетлар тажрибасини ўрганиб, улардан фойдали жиҳатларини олсалар зарар қилмас эди.
Олимпиада кунларида мен умуман олий ўқув юртларида адабиёт ўқитиш, бўлғуси филолог кадрлар тайёрлаш, адабиётшунослик ва тилшунослигимизнинг истиқболи ҳақида қатор ўта жиддий муаммолар йиғилиб қолганига яна бир карра амин бўлдим. Энг ачинарли жойи шундаки, 51 та олимпиада қатнашчиларидан бор-йўғи 5 таси йигитлар, қолган 46 таси эса қизлар. Йигитлар ичида бирорта ҳам «йилт» этиб эътиборни тортадигани топилмади. Қизларимизнинг тақдири, келажаги йигитларникига кўра мушкулроқ, мураккаброқ эканини, филология фани машаққатлари амалда кўпроқ эркаклар зиммасига тушаётганлигини яхши биламиз. Хўш, филолог студентлар олимпиада қатнашчилари сафида уларнинг ўрни, салмоғи ҳозирги ҳолда бўлса, аҳвол шу тарзда кетаверса, фанимизнинг истиқболи нима бўлади? Пединститутларда филология факультетлари «қизлар факультети» сифатида қолаверар экан, бу борада жиддий ўзгариш бўлишини кутиш беҳуда. Кейинги пайтларда ўзбек адабиёти бўйича аспирантура учун ажратилган ўринларга йигитлардан муносиб номзодлар тополмай гаранг бўляпмиз.
Бизда таълим-тарбиянинг шундай усули шаклландики, педагог-мураббий инсоншунос, руҳшунос, истеъдодшунос эмас, балки шунчаки, ўқитувчи-лектор, у фақат «ўқитади», «ўргатади», насиҳат қилади, ахборот беради… Ҳолбуки, ҳақиқий устоз шогирдларига билим, тарбия бериш билан баробар, уларнинг қалбига ўт ёқади, уларнинг имкониятларини ҳаракатга солади!
Бунинг устига мураббийлар орасида эскича тасаввурларга, догматик ақидаларга ёпишиб олган, замона руҳини ҳис этмайдиган ўта журъатсиз кимсалар бор, ҳатто улар кўп. Уларнинг назарида адабиётшунослик программаларидан бир қадам нарига чиқиш, ҳал этилмаган мунозарали адабий ҳодисалар ҳақида гапириш, бунақа «пишмаган гаплар» билан талабаларнинг «фикрини чалғитиш» катта гуноҳ.
Яхши биламизки, фан ҳеч қачон, айниқса, бизнинг кунларимизда бир жойда турмайди, туролмайди. Бир мисол. Икки йил бурун мен «Ўзбек соает адабиёти программаси»ни тузишда иштирок этган эдим, ўша пайтда программа мутахассислар томонидан фаннинг энг кейинги ютуқларини ўзида акс эттирган, деб баҳоланган ва нашрга тавсия этилган эди. Икки йил ичида адабиётшуносликда кўпгина принципиал янгиликлар пайдо бўлдики, программани ҳозир жиддий қайта кўриб чиқишга эҳтиёж туғилмоқда. Биз фақат фаннинг ҳозиргача эришган ютуқларини чуқур ўзлаштириб олган ройиш шогирдлар эмас, янгиликка ташна, баҳсларга ўч, мустақил иш кўра оладиган, муносиб, довюрак ўринбосарлар тайёрлашга бурчлимиз.
Бизга — Тошкент Давлат университети ўзбек совет адабиёти кафедраси аъзоларига гоҳо: «Нега сизлар талабаларга бир масала ҳақида ҳар хил гап айтасизлар, бир кафедра аъзоси бўла туриб матбуотда бир бирингиз билан баҳслашасизлар?» деб таъна қилишади. Бунақа таъналарни адабиётдан, адабиётшуносликдан йироқ одамлар тилидан эшитсангиз, кулиб қўя қоласиз, аммо адабиётнинг, фаннинг ичида юрадиган кишилардан эшитганингизда ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Ахир, нега ҳамма бир гапни айтиши карак? О. Шарафиддинов, Н. Худойбергановдек мустақил адабиётшунос олимларни бир хилда фикрлашга, гапиришга даъват этиш кулгили-ку! Шуниси қизиқки, кафедра мудири сифатида кейинги ўн беш йил давомида бу борада ҳамкасб олимлардан кўп таъна эшитаман, лекин О. Шарафиддинов ёки Н. Худойберганов лекцияларини тинглаган, уларнинг бир-бириникидан фарқли қарашлари билан танишган бирорта ҳам талабадан шикоят эшитганим йўқ. Ҳар ҳолда ҳозир одат тусига кириб бораётган социалистик плюрализм илгарироқ бизда шаклланган, талабалар ҳам шунга аллақачон кўниккан. Бир кафедра аъзолари орасидаги эркин, ошкора баҳс ҳеч қачон бирорта профессор-ўқитувчининг обрўйига соя туширганини ҳали сезганим йўқ.
Талабаларни кескин мунозарали муаммолардан, янги илмий концепциялардан четда сақлашга уриниш, менингча, илм-фандаги, ўқув-тарбия ишларидаги хиёнат билан баробардир. Ҳозир қизғин тортишувларга сабаб бўлаётган баъзи адабий муаммоларни эслайлик. Яқии-яқинларга қадар совет адабиёти тарихига оид программа, ўқув қўлланмаларида СССР Ёзувчилар союзининг I съездига мамлакатимиз маданий ҳаётида муҳим ҳодиса сифатида қаралар, съездда ишлаб чиқилган социалистик реализм таърифи фандаги мислсиз назарий кашфиётлар саналар, М. Горкийнинг съезддаги фаолияти, умуман, Ёзуачилар союзини ташкил этишдаги хизмати юксак баҳоланар эди. Чунончи, 9-синф учун мўлжалланган «Ўзбек совет адабиёти» дарслигида «Совет Ёзувчиларининг Бутуниттифоқ биринчи съезди кўпмиллатли совет адабиёти олдида турган муҳим вазифаларни аниқ белгилаб берди», — дейилади. Бу вазифалар шундай тавсиф этилади: «…совет ёзувчиси жамиятнинг тараққиёт йўлини кўра олиши, нималар ҳалокатга маҳкум эканини ва нималар ривожланиб ғалаба қилишини билиши керак; совет ёзувчиси янгиликни, ривожланиб борувчи кучларни маъқуллаши ва умри тугаган реакцион кучларни қоралаши керак».
Ҳозирча олий ўқув юртлари филолог студентлари учун илмий манба, ўқув қўлланмаси вазифасини ўтаётган «Ўзбек совет адабиёти тарихи» II томида I съезд ҳақида шундай хулоса мавжуд: «Биринчи съезд совет адабиётининг вазифалари ва тараққиёт йўлларини белгилаб берди, социалистик реализм методи проблемаларини ишлашга катта ҳисса қўшди. Совет Ёзувчиларининг Коммунистик партия ва Совет ҳукумати атрофига янада мустаҳкамроқ жипслашганини рўй-рост намоён қилди» (10-бет). Сўнгра «Тарих»да съезд қарорларининг ҳаётга тадбиқи ҳақида мана бу гаплар ёзилган: «Съезддан сўнг М. Горъкий бошчилигида совет адабиётининг етакчи отряди мамлакатимизда социализм жамиятини қуриш учун бўлган курашни тасвирлади, совет халқларининг ғалаба ва ютуқларини кўрсатди, янгиликнинг эскиликка қарши курашини, бу курашда ҳаётнинг ҳамма соҳаларида янгиликнинг енгиб чиққанини акс эттирди» (ўша саҳифа).
Кейинги пайтларда шу тарздаги юксак ижобий баҳолар — Биринчи съезд белгилаган «доно» йўл-йўриқлар, съезднинг «жаҳоншумул» аҳамияти, адабий жараёнга кўрсатган «самарали таъсири» хусусидаги дабдабали гапларга бутунлай зид фикрлар айтилмоқда, ёзилмоқда. Чунончи, атоқли рус адиби Б. Васильев «Иэвестия»да чиққан «Россияни севгин рутубатли кунда ҳам…» мақоласида СССР Ёзувчилари биринчи съездининг энг муҳим якуни — догматик ақиданинг тасдиқланишидир, дейди. Адиб ёзади: «Жаҳон маданияти тарихида биринчи бор бадиий ижоднинг туннел ҳаракати масаласи ҳал қилинган эди. Бундан буён санъат ижтимоий жараёнларни моделлаштириш ва бу жараёнларни ҳаракатга келтирувчи кучларни тадқиқ этиш ўрнига «ҳаётни акс эттириши», акс эттирганда ҳам «янгилик» ва «эскилик» нисбатларини, «ижобий» ва «салбий» жиҳатларини дастуриламал қилиб олиб, муайян нуқтаи назардан ёритиши керак эди. Бунга «социалистик реализм» деган ном берилди. Совет санъатига пўлатдан ясалган сиртмоқ солинди, жиловни эса таҳрир этадиган маъмурий аппарат ўз қўлига олди. 1934 йил санъатимиз, маданиятимизда Буюк Бурилиш йили бўлди: ижоднинг давлат қоидаларини қабул қилмаган санъаткорлар меҳнат қилиш имкониятидан маҳрум этилди, уларни матбуотда бадном қилишди, бадарға қилишди, қамашди. Истиснолар бор эди, албатта, лекин на Шолохов, на Твардовский ниҳоятда ғоявий ва мутлақо маънавиятли адебиётнинг лойқа оқимига қарши тура олмадилар. Биз қоидалар ва бандлар бўлиб қолган ижобий қаҳрамонга жон ато этолмаганимизнинг асосий сабаби ҳам ижоднинг тушовлаб қўйилганида, санъатнинг туннел йўлида бўлди». («Известия», 1969 йил, 19 январь).
Таниқли адабиётшунос В. Баранов «Советская культура»да босилган «Максим Горъкийнинг тасдиқ ва инкори» мақоласида (1989 йил, 1 апрель) кўплаб ишончли фактларга, илмий далилларга таянган ҳолда М. Горькийдек улуғ ёзувчи қай тариқа алдангани, Сталиннинг макрига учиб фожиалар гирдобига тушиб қолганини атрофлича исботлаб беради. Адиб раҳнамолигида ўтган Биринчи съезд унинг ташаббуси билан ташкил топган Ёзувчилар союзи шахсга сиғиниш шароитида маъмурий буйруқбозлик аппаратига айланганлигини уқдириб ёзади: «Энди иерархия, структура, итоат системаси таркиб топди. Ричаг орқали машинани истаган томонга йўналтириш мумкин бўлиб қолди».
Бошқа бир танқидчи, адиб И. Дэюба «Эллик йилдан сўнг» мақоласида ёзувчиларнинг ягона союзи сталинча ҳокимият қўлида адабиётда аракчеевчилик тартибини ўрнатишнинг қудратли қуролига айланди, дейди. («Дружба народов», 1989 йил, 4-сон). Кўпчилик олим, ёзувчиларнинг якдиллик билан эътироф этишича, социалистик реализм концепцияси сталинчилар томонидан репрессия мақсадларига хизмат эттирилди ва сталинча талқин орқали у жамият ҳамда маданиятга бениҳоя эарар етказди. («Лит. газета», 1989 йил, 17 май).
Ёки партиянинг адабиётга раҳнамолиги, олий маъмурият билан санъат ва адабиётнинг муносабати ҳақидаги баҳсларни олайлик. Кўплаб илмий манбаларда, ўқув қўлланмалари, дарсликларда «Коммунистик партия совет адабиётининг майдонга келиши ва ривожида ҳал қилуачи фактордир», «коммунистик партия ёзувчиларнинг нжодий ютуқлари учун зарур ҳамма шароитни яратиб берди», «натижада бизнинг мамлакатимизда дунёда энг илғор ва энг ғоявий адабиёт — кўп миллатли совет адабиёти яратилди ва ривож топди», «совет адабиётида ижтимоий идеал билан ҳақиқат ўртасида қарама-қаршилик йўқ», «совет адабиёти — дунёда энг эркин адабиёт» деган тушунчалар изчил равишда ўтказилади, аммо жамиятимиз тарихида узоқ давом этган шахсга сиғиниш, турғунлик йилларида адабиёт ва санъатга ленинча муносабат принциплари қўпол равишда бузилгани, ёзувчи, санъаткор билан ҳокимият орасида алоқалар кескин драматик, фожеий тус олгани адабиёт, санъат ишларига нодонлик, қўмондонлик йўли билан аралашиш унинг ривожига ҳалокатли таъсир кўрсатгани ҳақида лом-мим дейилмайди. Чингиз Айтматов «Правда» газетасида босилган «Қанотлар озод, аммо ҳали оёқлар кишандан чиққани йўқ» сарлавҳали суҳбатида (1989 йил, 2 апрель) чуқур ички бир дард билан дейди: «Агар киши бирор ишни ўз ички эътиқоди билан адо этмас экан, мажбурият ва шароит тақозосига кўра адо этишга мажбур экан, бу нарса ҳеч қачон унинг вужудига сингмайди, руҳияти ва онгига ўрнашмайди, унинг учун ҳамиша ёт бўлиб қолаверади. Жамики бузилишлар боиси шунда. Мисол учун узоққа бормайман. Чунончи, яқин ўтмишда ёзувчиларнинг, ижодий интеллигенциянинг жамиятдаги ўрни қандай белгиланган эди? Уларга хизмат кўрсатадиган тоифа деб қараларди. Ахир сизлар билан бизни «партиянинг дастёрлари» деб аташарди. Мустақил фикрлайдиган, ўз шахсий қарашига, ҳақиқатнинг юзига тик танқидий боқиш ҳуқуқига эга ва мажбур сиймо эмас, балки айни «дастиёр!» Зиёлилар учун белгиланган ўрин, вазифа ана шундан иборат эди. Нигилизм, муртадлик, айни шу «дастиёрлар»нинг гижгижлаши туфайли номақбул шахсларни хорижга бадарға этиш ҳоллари шундан. Бошқа томондан — ошкора тарздаги мурасасозлик, ўз истеъдодини пуллаш (ёки аксинча, хизмат курсисига ёпишиб олиш), бошлиқларнинг ҳар қандай, ҳатто шубҳали ташаббуси учун сариқ чақага арзимайдиган ғоявий асос топишга тайёр, чаққон, итоатгўй «асословчилар»нинг пайдо бўлиши ҳам шундан…»
Танқидчи Игорь Золотусский «Абстракцияларнинг емирилиши» мақоласида бундан ҳам кескинроқ қилиб дейди: «Ҳозир Сталин шахсига сиғиниш йўқ, аммо партияга сиғиниш бор. Партия ва унинг илгари сурган ғояси ҳамиша қонун. Партия арбоблари баъзан адашади, партия эса ҳеч қачон адашмайди. Шунга кўра 10-синфга мўлжалланган дарсликда ёзилишича, адабиёт фақат «Ленин партиясига содиқ», бўлсагина адабиёт дейишга лойиқ». («Новий мир», 1989 йил, 1 сон, 236-бет).
Бундай ўткир, мунозарали гаплардан чўчимаслик керак. Айни пайтда талабаларда бу хилдаги мунозараларга фаол, ижодий, илмий-танқидий ёндашиш кўникмасини ҳам тарбиялашимиз лозим, токи шогирдларимиз мавжуд қараш, тасаввурларга зид янги, кескин гаплар ким томонидан ҳатто энг обрўли, мўътабар зотлар тилидан айтилган бўлса ҳам, уларни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилмасинлар. Илмий ҳақиқат асосли далиллар, теран мушоҳада, қиёс, чуқур таҳлиллар орқали юзага чиқишини асло унутмаслик даркор; талаба-филолог мунозарали муаммоларнинг ечимини ўзгалар, устозлар томонидан ҳал этилишини кутиб ўтирмай, ўзлари ҳам уларни ишлаш, ҳал этишда бурчли эканлигини ҳис этадиган бўлсинлар.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 27 июнь