Сўнгги пайтда Шарқий Оврупа мамлакатларида содир бўлган воқеаларни Ғарбнинг нуфузли давлат ва сиёсий раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари иккинчи жаҳон урушидан кейинги йиллардаги энг муҳим воқеалар, деб баҳоламоқдалар.
Бўлаётган бу ўзгаришлар мамлакатимизда қайта қуриш деб аталса, бошқа социалистик давлатларда ислоҳат, янгиланиш, халқчиллаштириш деб аталаётир. Лекин бу жараёнларнинг сабаблари ҳамма жойда бир хил — маъмурий-буйруқбозликдан иборат тузилма орқали вужудга келган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тангликдир.
Сталин ва унинг издошлари ишини давом эттирувчилар асос солган мамлакатни буйруқ орқали бошқариш иш усули жамият олдида турган муаммоларни давр талаби асосида ҳал эта олмаслигини кўрсатди. Бизга қанчалик оғир ва аччиқ бўлмасин очиқчасига айтиш керак, ҳозир бошимиздан кечираётган танглик шу даврнинг оқибати, маҳсулидир.
Бу танглик социалистик тузумнинг ривожланишида бошқа мамлакатлардан орқада қолаётганлиги, меҳнат унумдорлигининг пастлиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатсизлиги, кишилар турмуш даражасининг қолоқлигида намоён бўлаяпти. Иқтисодий соҳадаги танглик социалистик мамлакатларда ижтимоий соҳада кескинликларга олиб келди. Авваллари капитализм жамиятига хос, деб келинган иш ташлашлар, миллий қарама-қаршиликлар, жиноятчиликнинг кучайиши социалистик мамлакатларни ларзага солиб турибди.
Социалистик мамлакатлардаги бу салбий воқеаларга баҳо берилганида ғарбдагилар булар социализмнинг тузум сифатида инқирози, деб айтмоқдалар. Бу фикрларга ҳеч ҳам қўшилиб бўлмайди. Бу социализм ғоялари нуқтаи назарларининг танглиги, инқирози эмас, балки илмий асосланган социализмдан чекинган, бузилган сталинча социализмнинг танглигидир. Сўнгги воқеалар социалистик мамлакатлар раҳбарларининг ўз лавозимларини суиистеъмол қилишлари, молиявий нопокликлари, шахсга сиғиниш сиёсатини ўтказишлари социализм ғоялари қадр-қимматини тушириб, обрўсизлантирганлигини кўрсатиб турибди.
ГДРда эълон қилинган маълумотларга кўра, собиқ раҳбарлар Эрих Хонеккер ва Гюнтер Миттаг 1978 йилда Байтулҳикма (Академия)нинг қурилиш бўйича бўлим фахрий аъзолари этиб сайланиб, йилига 20 минг марка молиявий ёрдам олиб турган эканлар. 1978 йилдан бери уларнинг ҳар бири 240 минг маркадан олганлар. Сиёсий бюронинг бошқа аъзолари ҳам молиявий қонунбузарликда улардан қолишмаган.
Руминияда Николае Чаушеску ҳокимият тепасида турган 25 йил мобайнида шахсга сиғинишнинг янги шакли вужудга келтирилган. Румин халқи ҳар куни нафақат Чаушескуни, унинг умр йўлдоши — бош министрнинг биринчи ўринбосари Елена Чаушескунинг ҳам номини улуғлашга мажбур этилган. Руминия коммунистик партиясининг ўтган йили бўлиб ўтган XIV съезди тўғрисидаги ҳисоботда ёзилишича, унда Чаушескунинг беш соат давом этган нутқи делегатлар томонидан 62 маротаба туриб, 39 маротаба ўтирган ҳолда гулдурос қарсаклар билан бўлинган. Унинг тузуми шундай вазиятни мамлакатда бундан буён ҳам сақлаб қолиш ниятида эди. Чаушеску партия пленумининг бирида сўзлаган нутқида яқин вақт ичида социалистик давлат раҳбарлари иштирокида кенгаш ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Унинг фикрича, социалистик мамлакатларда жорий этилаётган «бозор муносабатлари, коммунистик ва ишчи партияларнинг раҳбарлик ролини йўқотиш — социализм таълимотига зид» эмиш. Агар Руминияда янги инқилобий тўнтариш бўлиб, диктатор ҳокимиятдан четлаштирилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинмаганида, балки у илгари сурган ғоясини амалга оширишга уриниб кўрган булармиди.
1989 йилнинг ўрталарида Болгарияда турк миллатига мансуб гражданларнинг оммавий равишда Туркияга кўчиб кета бошлаганликлари бутун дунё аҳлини ажаблантиргани ҳаммамизнинг ёдимизда. Мамлакатда турк миллатига мансуб аҳолининг иссиқ жойини совутиш, уларни булғор тупроғидан сиқиб чиқариш ҳам ана шундай яккаҳокимлик сиёсатининг натижаси эди. Ваҳоланки, Болгариянинг расмий оммавии ахборот воситалари жаҳон афкор оммасига, жумладан уларнинг маълумотларига асосланган бизнинг оммавий ахборот воситаларимиз ҳам турк тилида гаплашувчи фуқаролар ва мусулмон динига мансуб кишиларни Болгариядан «кўчиб» кетишларини нонкўрлик — бу социалистик давлатда уларга ҳамма шароитлар яратилишига қарамай, хорижга кетишмоқда, деб уларнинг ўзини айбдор қилиб кўрсатишди. Аслида воқеа бошқача кечган эди. Маълум бўлишича, бу Болгариянинг собиқ раҳбари Т. Живковнинг 1984 йилдан бери мамлакатнинг мусулмон динига эътиқод қиладиган фуқароларига нисбатан олиб борган қатағон сиёсатининг натижаси экан.
Живков режасининг замирида ягона туб болгар миллатини ташкил этиш бўлган. Шунга кўра Болгария фуқароларининг мусулмон исмлари уларнинг хоҳишисиз ўзгартирилган, турк тилидан фойдаланиши чегараланган, диний ва бошқа урф-одатлар, анъаналар таъқиқланган. Аҳамият беринг-а! Живковча сиёсатнинг қаъридан сталинона иш услубининг ҳиди гуркираб келиб турибди. Бундай сиёсат қўполлик билан, кишилар хоҳиш-истаклари, эҳтиёжлари ҳисобга олинмай, маъмурий-буйруқбозлик йўли билан амалга оширилди. Бу, албатта, халқчил жамият эълон қилган нуқтаи назарларга, инсон ҳуқуқларига қарамақарши иш юритиш эди. Аҳолининг туркий тилда гаплашувчи ва мусулмон динига эътиқод қилувчи қисми бу сиёсатга ўз норозилигини Болгариядан оммавий равишда кўчиб кетиш орқали билдирди. Болгариянинг ҳозирги раҳбарияти миллий масалада йўл қўйилган бу хатоларни қоралаб, адолат ва тенгликни тиклашга ҳаракат қилмоқдалар. ГДР, Болгария, Чехословакия, Руминия ва бошқа социалистик мамлакатларнинг собиқ раҳбарлари социализмнинг шу бузилган шаклидан манфаатдор бўлганлари сабабли бундан воз кечишни истамаётган эди. Аммо шиддат билан ривожланаётган давр ўз ишини қилди.
1968 йилда Чехословакия Коммунистик Партиясининг биринчи котиби лавозимини эгаллаб турган ва сўнг мамлакатдаги воқеалар туфайли партия сафидан ўчирилган, ҳозир яна юқори лавозимга сайланган Александр Дубчек, социалистик мамлакатларнинг собиқ раҳбарларини назарда тутиб, «улар социализмда эмас, аллақачон коммунизмда яшаётганлар», деб эътироф этган эди. Ҳақиқатан ҳозир лавозимидан четлаштирилган бу раҳбарларнинг турмуши ўз халқининг турмушидан бир неча юз баробар фарқ қилади. Улар аллақачоноқ халқдан ажралиб қолганликлари учун ҳам меҳнат кишиларининг эҳтиёжларини умуман билмайдилар.
Чехославак диёрида кечаётган халқчил сиёсат ўз самарасини берди. Шу пайтгача асарлари хориждагина машҳур бўлган, ўз мамлакатида доимий таъқиб қилиб келинган, чех халқи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Хартия-77» ҳаракатининг асосчиларидан бири, 52 яшар Ватслав Хавелни мамлакат президенти қилиб кўтардилар.
Ҳозир барча социалистик мамлакатларда омманинг эътибори шу йўл қўйилган бузилишларни бартараф этиш, ҳақиқий ижтимоий адолатли жамиятни барпо этишга қаратилган.
Социалистик мамлакатларда маъмурий-буйруқбозлик сиёсатига барҳам бериб, халқчил социализмга ўтишга аввалги йилларда ҳам ҳаракат қилиб кўрилган эди. Ўз вақтида бу ҳаракатлар капитализмни қайта тиклашга уриниш, деб баҳоланган. Бинобарин, Венгриядаги 1956 йилги, Чехословакиядаги 1968 йилги, Польшадаги 1980 йилги воқеаларнинг мақсади маъмурий-буйруқбозликдан қутулиш эди.
Совет Иттифоқида юқорида айтйлган шаклда бўлмаса ҳам, ҳаётни халқчиллаштиришга ҳаракатлар 1953 йилда Сталин ўлимидан сўнг ва 1965 йил сентябрь пленумидан сўнг уриниб кўрилган. Лекин, бу ҳаракатлар бугунги қайта қуриш даражасичалик тушунилиб, тўғри баҳоланмаган. Уларнинг муаллифлари ва тарафдорлари социализм душманлари, деб сиёсий ҳаётдан четлаштирилди, бир қисми чет элга кетишга мажбур бўлди.
Ўз вақтида социализм таълимоти нима билан миллионларни ўзига жалб этди ва катта қииинчиликларга қарамай, унинг ғояларини амалга оширишга киришилди. Бу биринчи навбатда адолатли, ҳуқуқий жамият барпо этиш мақсадидан келиб чиққан талабдир.
В. И. Ленин социализмнинг энг дастлабки белгиларидан бири меҳнат унумдорлигининг юқори бўлиши, деб кўрсатган эди. Бу соҳада ҳамма Ғарб давлатлари социалистик мамлакатлардан ўтиб кетди.
Хўш, социализмни социализм сифатида белгилайдиган қайси томонлари бор. Бу ҳақда сўз кетганида биз ижтимоий мулк, ишлаб чиқаришни режали ташкил қилиш ҳақидаги шиорлардан нарига ўтолмаймиз. Сир эмас, бу белгиларни ҳозирги пайтда капитализмда ҳам кўриб турибмиз. Маркс, Энгелис, Ленин таърифлаган шаклдаги капиталист ҳозир ўз иш юритиш тарзини бутунлай ўзгартирган, тўғрироғи ҳаётга мослашган. Масалан, Ғарбий Европа, АҚШ ва Японияда кўплаб жамоа мулкларини кўриш мумкин.
Социализмнинг яна бир белгиси булган ишлаб чиқаришни режалаштиришни олсак, бу соҳада ҳам Ғарб мамлакатлари социализмдан анча олдинда бормоқда. Ғарбда режалаштириш билан бозор муносабатларини қўшиб олиб бориш катта самара бермоқда.
Социалистик давлатларнинг тараққиётдан орқада қолишларига бош сабаб бир томондан сўз билан амалий иш ўртасидаги фарқнинг катталиги бўлса, иккинчи томондан кўп жиҳатдан ҳокимият тепасида бўлган шахсларнинг социализм ҳақидаги нотўғри тушунчадалиги, беҳад ҳокиму мутлоқликка берилиб, лавозимини суиистеъмол қилишларидир.
Собиқ раҳбарларнинг тушунчасига кўра, янги жамият ўзидан аввалги жамиятни тўла инкор этиб, унинг асосига қадар бузиб, ўрнида вужудга келар экан. Бу тушунчанинг нақадар хато ва зарарли эканини бугунги ҳаётимиз кўрсатиб турибди. Жамиятда шундай муносабатлар борки, уларда капитализм жамиятининг маҳсули ёки фақат унга хос бўлиб қолмай, инсониятнинг миллион йиллик ҳаёти давомида тўпланган тажрибаси ётади. Пул — товар ва бозор муносабатлари ана шулардан биридир. Булар иқтисодни ҳеч қандай назариясиз амалда мувозанатда ушлаб туришнинг бузилмас дастгоҳи бўлган.
Иқтисоди режали ривожланадиган жамиятда бундай муносабатларга ўрин қолмайди, деб сўнгги йилларга қадар бозор муносабатларини инкор этиб келдик.
Агар социализм киши турмуш даражасининг юқори бўлишини таъминлайдиган, фуқароларига ижтимоий кафолотлар берадиган жамият бўлса, биз бу белгиларни бугун сўзда эмас, амалда капиталистик жамиятда кўриб турибмиз. Тан олиб айтиш керакки, капитализм социализмнинг илғор шиорларини олиб ҳаётга татбиқ этишда устамонлик қилаётир. Социализм бу соҳада ҳам капитализмдан орқада қолиб, ташаббусни бой бериб қўйди. Биз ўтмиш хатоларини қайтармаслигимиз учун биринчи навбатда капиталистик жамиятда ҳаётни халқчиллаштиришни ўрганишимиз лозим. Биз маълум вақтлар буржуа халқчиллигини, унинг кўриниши бўлган мамлакатни парламент бошқаришини танқид қилдик. Бу парламентга пулдорлар сайланиши мумкин ва улар сайланганларидан сўнг ўзига ўхшаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилади, деб ўйладик. Маълум бўлишича, буржуа мамлакатлари парламентларида кўп йиллар мобайнида бошқаришнинг шундай усули ишлаб чиқилган эканки, унга кўра давлат раҳбаридан тортиб юқори лавозимларни эгаллаб турганлар шу олий орган олдида қилган ва қиладиган ишлари учун ҳисобот берганлар ва назорат остида бўлганлар. Маълумотларга суянадиган бўлсак, капитализм жамиятида юқори лавозимдагилар ўртасида қонунбузарлик, лавозимини суиистеъмол қилишлар социалистик мамлакатлардаги сингари даҳшатли тус олмаган экан. Социализм тўғрисида айтилган фикрлардан «бирдан бир йўл капитализмга қайтиш», «уни қайта тиклаш», деган маъно келиб чиқмайди асло. Биз ҳали ҳақиқий социализмни кўрганимиз йўқ, уни кўрмасдан, нималарга қодир эканлигини билмасдан инкор этишимиз, умуман, нотўғри. Сўнгги пайтларда Оврупадаги социалистик мамлакатларда содир бўлаётган воқеалар, ўзгаришлар социализмни инкор этиш эмас, балки уни янгилаш, инсонпарвар, халқчил жамиятга айлантиришга қаратилгандир.
Мавжуд тангликдан қутулиш, социализмнинг мавқеини тиклаш учун инсоният тарихи давомида йиғилган барча илғор ғояларга суянишимиз, улардан фойдаланишимиз мақсадга мувофиқ келади.
Турсунбой Қоратоев, сиёсий шарҳловчи
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 3-сон