Ўша мудҳиш кунда у, икки дунё бир тутам бўлиб, оламга келтирган жигарпораларини — Миродилжонни, Манзурахонни, Мансурбекни ва Наргизани ўз қўли билан бўғиб ўлдирди.
Хонадаги тўрт полопон, қафасга тушган қушдек, нажот истаб тўрт тарафга тирқираб қочди. Аммо совуқ деворлар шафқат қилмади: Бир оний жаҳолатдан телбаланган, ҳаётнинг беаёв зарбаларидан қалби нуқул ўч ҳисси билан тўлган аёл қўлига гул бўйи таралиб турган чечакларни — унинг ўз болаларини ҳеч иккиланмай топширди!.. Она қўлларидан ёлғиз паноҳ кўриб ўрганган гўдак, танидан сут ҳиди анқиб турган бир ярим ёшли Наргизанинг ҳеч нарсадан бехабар мунчоқ кўзларидаги илтижо ёшлари азобли чинқириққа айландию мижжаларида қотиб қолди…
Ўша кун… дунёнинг сочларига оқ тушди.
Ўша кун оламнинг юрагига сўроқ тушди: Мудҳиш қотилликдан, кўз кўриб қулоқ эшитмаган бундай қотилликдан дарёлар ўзанидан чиққудай тўлғондилар, она замин кўксини ғижимлаб ёрилгиси келди, осмон қулаб тушишни ихтиёр қилди, қуёшнинг қонли кўз ёшлари уфқ этагига томиб кетди, ойнинг юзидаги доғлар кўпайди, юлдузлар жовдираб, кўз ёшларини артолмадилар…
Ўша — дунёнинг юрагига армонли оғриқ кирган бахтсиз тонгда Андижоннинг Жанубий Оламушук қишлоғи қабристонида тўрт мўъжаз қабр дўппайди…
Аёллар томонидан содир этилган жиноят яна биттага ортди.
Маҳкумалар сони биттага кўпайди…
Расмий ҳужжатдан: 1988 йилги жами жиноятларнинг 14,6 фоизи яъни 7311 таси аёллар томонидан содир этилди. Жумҳуриятимизда 1989 йилда 84 459 та ёки ўтган йилга нисбатан, қарийб ўн беш мингта кўп жиноят содир бўлди.
Қотилликлар, тан жароҳатлари етказиш, йирик кўламдаги ўғриликлар, давлат мулкини талон-торож қилиш, гиёҳвандлар, дайдилар, фоҳишалар (уларнинг 1150 дан зиёди ҳисобда туради) ҳақидаги хилма-хил хабарлар эндиликда кўпчилигимизни ҳайратга солмай қўйди.. Аёллар томонидан содир этилаётган жиноятлар иил асайин болалаб бормоқда.
— Мен, Тешабоева Замира, Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманида туғилдим. Онадан уч опа-сингилмиз. Ўгай ота қўлида тарбияландик. Опам ўз ихтиёри билан турмуш қурди. Уларнинг оиласида тез-тез жанжал бўлиб тургани учун, уйдагилар кимни лойиқ кўрсалар, ўшанга рози бўлдим. 1981 йил январида тўйимиз бўлди. Ильич давлат хўжалигига келин бўлиб тушдим. Эрим Тешабоев Иброҳим сартарош эди. Яхшигина пул топарди. Бироз дуруст яшадик. Кўп ўтмай, у ичкиликка муккасидан кетди. Менга умуман кун йўқ эди. Бўлар-бўлмасга рашк қилаверарди. Бирор нарсани баҳона қилиб, урмаган куни кам бўларди. Юз-кўзларим ҳамиша кўкариб юрарди. Бирор жойга шикоят қилиб боришни ўзимга номус деб билдим. Нажот истаб қайга борай? Бизни не азобларда ўстирган онамнинг бошигами?!
Кўпинча, эрим мени бўғиб, оғзимдан кўпик чиққунча урганда ҳам, болалар кўрмасин, бу нарса уларга ёмон-таъсир қилади, деб ёлворардим. Аммо у: Йўқ, болалар кўрсин, атайин қиляпман, деб бақирарди. Бора-бора, болаларим ҳам, ўзим ҳам юрагимизни олдириб, жонсарак бўлиб қолдик. Ҳадеб томоғимга тираб, сени сўйиб ташлайман, деб қўрқитадиган катта пичоғини милиция олиб қўйгандан кейин, дандон сопли яна иккита пичоқ келтириб, ошхонадаги стол тортмасига солиб қўйди. Ажалинг менинг қўлимда, дерди доим. Охири, ўринсиз рашк, калтаклар, тинимсиз келишмовчиликлардан тўйиб кетдим. Усти-бошим билан, тўртта боламга тўртта кўрпа берсангиз бўлди, дедим. Ажралишдик ҳам… Аммо нафақага қарор чиққандан кейин, у негадир безовталаниб қолди. Кел, яхшиси, ярашайлик, мен аввалги қилиқларимни қилмайман, уйга қайт, деб келди. У ҳам етим эди. Бир томони шуни ўйладим, иккинчи томонидан: Нима қилганда ҳам болаларимнинг отаси-ку, инсофга келиб қолар, деган хаёлга бордим. Уйга қайтиб борганимдан сўнг эса аввалгидан ҳам баттарроқ кунларга қолдим. У мени ҳаммага ўйнаш қилиб чиқди. Билмадим, фашист ҳам бунчалик бўлмас. Ўз болаларига заррача ҳам меҳри йўқ бундай одамни ер қандай қилиб кўтариб юрганига ҳайрон қолардим. Кўпинча бўйнимга камар солиб бўғар, болаларнинг олдида у уйдан бу уйга судраб юрарди. Ўғилларимга: Қани, сенлар ҳам судраларинг, деб мажбур қиларди. Кейин уларнинг олдида беҳаё қилиқлар қила бошларди…
Ўша мудҳиш кундан бир кун аввал у мени, опамникига бориб келганим учун кечаси бошимга ёстиқлар ёпиб, болаларимнинг олдида кароватга ётқизиб бўғган, оғзимдан кўпик келгач: Болалар қўрқади, урсангиз бошқа уйда уринг, дедим. Йўқ, — деди у, — ҳозир кўз олдингда қизингнинг номусига тегаман!..
Ўшанда қўрқувдан адойи тамом бўлдим. Нима бўлса ҳам, бу ярамас дунёдан болаларим билан баровар кетишим керак, деган фикр миямга михланиб қолди. Сабр косамга сўнгги томчи аллақачон томиб бўлган эди. Нима бўлганини, ўз болаларимни қандай қилиб бўғиб, ўлдирганимни ҳалигача билмайман. Уларни ўлдириб, ўзимга икки марта пичоқ урибман!..
Қамоқхона курсисида ғужанак бўлиб, бир ҳовуч суякка айланиб ўтирган Замира кўз ёшларини шашқатор қилиб сўзлайверди, сўзлайверди. Кўз ёшлари оқиб, бўйнидаги пичоқ изини юва бошлади.
Мен бўлсам… тирик ҳайкалга айланиб, рўпарамда ўтирган онага — тўрт карра қотил онага даҳшатга тушиб қарайман. Назаримда, тўртта полопон ҳануз унинг теграсида ҳайратга тушиб чарх урадилар, ўз оналари содир этган жиноят моҳиятини ҳали ҳануз тушунолмайдилар. Уларни йўқлик дунёси сари жўнатиб, бугун қамоқхонада бўзлаб ўтирган қотил онани тушуниш мумкин эмас! Мен яна кўзларимга ишонмай унга қарайман, она, ҳар қандай ҳолда ҳам, ўз фарзандлари қотилига айланиши мумкинми, деб ўзимдан сўрайман… Сўрайман-у, бу жумбоқ сирини ечишга қодир бирор зот бу дунёда топилмаслигига ишонаман.
— Тирик қолганим учун ўзимни кечиролмайман… Бу ерда ҳам ўзимни икки марта ўлдирмоқчи бўлдим… Аммо уддалай олмадим; Яқинда болаларимнинг суратини олиб келишган эди, — деди у сўзининг охирида. — Юрагим чидамади, қайтариб бериб юбордим…
(Рўй берган бу мудҳиш жиноятни Замиранинг эри қандай шарҳлаган бўларди? Жиноят илдизлари ёлғиз унгагина тааллуқлимиди? Биз у билан суҳбатда бўлмаганимиз учун, масаланинг бу томони қоронғилигича қолди).
…Суд Замира Тешабоевани ўн йил, унинг эрини беш йил муддат билан озодликдан маҳрум қилди.
Замира билан хотин-қизлар ахлоқ тузатиш ва меҳнат колониясида олиб борган суҳбатим ҳали ҳануз даҳшатли, сира туганмас тушга ўхшайди. Унга нисбатан менинг ҳам ўз ҳукмим бор. Ўзим она эканман ва бу дунёнинг маънавий пойдевори она-бола меҳрига асосланган экан, бу ҳукмни ҳеч қачон ўзгартирмасам, аниқроғи, ўзгартира олмасам керак. Ўз фарзандларини бўғиб ўлдирган мудҳиш қўлларни, турманинг ўн йиллик азобларидан кейин ҳам, кафтларим орасига олмасам керак. Аммо ҳаётнинг мураккаблигини қарангки, Замиранинг қиёфаси менга қотилдан ҳам кўра, кўпроқ меҳрга муҳтож одамни эслатади. Назаримда, аёл илтижоси ҳаётнинг тош деворларига урилиб қайтаверган, қайтаверган!.. Доимий тазйиқ, ваҳшийларча таҳқирлаш, мутелик, охир оқибатда, жамият учун яна бир жиноятчини — қотилни туғдирди. Бутун жамиятни чирмовуқдай ўраб олган лоқайдликнинг, бағритошликнинг қурбони бўлди у. Йиллар мобайнидаги оилавий можаролардан атроф, маҳалла фаоллари, борингки, қўшнилари воқиф эмасмиди? Шунчаки томошабин бўлиб, оида хусусий иш, деган хулосага таяниб, яқин-атрофларида кечаётган воқеа-ҳодисаларни билиб-билмасликка олиб юрганларнинг фожиаси эмасми бу аслида? Авваллари битта болага етти маҳалла оталик қиларди. Икки қўшни тортишса, қолганлари уни инсофга чақирарди, ҳаром йўлга юрганларни маҳаллани наҳсга бостирасан, деб бадарға қилишарди. Шу ўринда, раҳматли адибимиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Назир ота Сафаровнинг сўзларини эслайман: Қизим, — деган эдилар у киши куюниб. – Халқимиз ҳеч қачон эшик, дарвозасига қулф солган халқ эмас эди. Жума намози кунлари расталардаги ҳамма нарса шундоқлигача қолаверарди. Қани унга бирон киши қўл тегизиб кўрсин-чи? Мабодо, кимдир ўғрилик қилса, эшакка чаппа миндирилиб, юзига қора суртилиб, сазойи қилинар, ҳамма унинг юзига тупурар, шу тариқа, ўғри ҳеч кимга кўринмай бадар кетарди… Ҳали ҳам кеч эмас, жамиятимизда илдиз отиб кетаётган ёмон иллатларни тугатишда халқнинг сайқалидан ўтган қадимги усулларимизга, ибратли усулларимизга таянишимиз керак.
Адиб бу гапларни айтганига неча йиллар бўлди. Аммо ҳеч нима ўзгармади. Аксинча, жиноят дарахти чуқурроқ илдиз отди, холос!
Расмий ҳужжатдан: Спиртли ичимликларни муттасил истеъмол этиш оқибатида, аёллар томонидан жамоат жойларида тартибни бузиш ҳоллари кўплаб қайд этилмоқда. 1988 йилда безорилик билан шуғулланган 1619 та аёл қўлга тушди. Улардан 314 таси жиноий жавобгарликка тортилди.
Жиноий хатти-ҳаракатлар Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Мухтор Жумҳурияти, Тошкент вилояти, Андижон, Фарғона, Бухоро вилоятлари аёллари орасида кўплаб кузатилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида 1988 йилда 242 безорилик, 136 шахсий буюмларни ўғирлаш, 5 қотиллик, 5 йўлтўсарлик, 28 талон-торожлик, 24 қаллоблик, 22 қонунсиз равишда спиртли ичимликлар тайёрлаш жиноятлари содир бўлган. 898 аёл давлат ва жамоат бойликларини талон-торож қилиш ҳам ўзлаштиришда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган. Жумҳуриятимизда ягона ҳисобланган хотин-қизлар ахлоқ тузатиш ва меҳнат колониясида сақланаётган аёллар тақдири ҳам жиноятчилар харитасидаги азобли нуқталардан. Колония бошлиғи Валентина Семёновна Полонскаянинг ҳикоя қилишича, улардан 125 таси, яъни 29,6 фоизи оғир жиноятлар — қотилликлар қилган, тан жароҳатлари етказган. Маҳкумаларнинг ўттиз фоизи ўзбек миллатига, қирқ фоизи рус миллатига, 16,6 фоизи татар миллатига мансуб бўлиб, тўққиз фойзи дайдилар, қолгани рецидивистлар экан!
Ўн саккиз ёшдан 25 ёшгача бўлган маҳкумалар 24,4 фоизни, қирқ ёшгача бўлганлари 54,9 фоизни ташкил этаркан.
Ҳар бир жойнинг ўз қонун-қоидаси бўлгани каби, бу ерда ҳам ўзига хос ички қонуниятлар мавжуд. Маҳкумаларнинг ўзларини ўксик сезмасликлари учун зарур шароитлар яратишга бўлган уриниш кўзга ташланиб туради. Ётоқхоналардаги ўта озодалик, болалар яслиларидаги барча мукаммал шароитлар…
Синф хоналарига, ўқув ишлаб чиқариш хоналарига қўйилган маъюс гуллар… Дам олиш хоналаридаги телевизорлар… Буларнинг барчаси панжара ортидаги ҳаёт бекаларининг кемтик кўнглини тўлдириш учун!
Маҳкумалар тиккан жажжи кўйлакчалар, костюмлар, ажиб нусхали кашталардан соғинч ҳиди уфуради. Уйга, катта ҳаётга тезроқ қайтиш илинжи билан яшайди улар… Аммо, қуёшнинг ҳақиқий нурларига юзини чайиб соф ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиш Замира кабиларга жуда узоқ муддатда насиб бўлади, холос.
Биз Валентина Семёновна билан ўтиб борар эканмиз, маҳкумаларнинг юз-кўзларида ғалати, тасвирлаб бўлмайдиган ифода муҳрланиб қолади. Баъзилари шоша-пиша салом беради, ўтирганлари сапчиб ўрнидан; турадию тезроқ, узоқлашиш ҳаракатига тушади…
Гўё улар:
Менинг дунём қани,
Эй, ёруғ дунё!..
Таскин йўқдир на гулларнинг ривоятида,
Ғам қўлида умрим менинг майдаю майда.
Баҳор йўқдир қалдирғочнинг қўш қанотида,
Мен осмонни, ҳур осмонни соғинмай-да,-
Осмон йўқдир. – Осмон, менинг осмоним қайда?.. — деяётгандек…
Маҳкумалар — юрак осмонларининг чексизлигини, бегардлигини йўқотган, эндиликда ҳаёт деган улкан уммон қўйнида нажот истаб, осмон парчаларига ёпишган 4 гуноҳкор жонлар…
Ана шундай гуноҳнинг азобли мевалари — йиғилари бу жойларга сира-сира ярашмаётган гўдаклар — мурғак чақалоқлар панжара ортида дунёга келадилар. Улар икки ёшгача шу ерда тарбияланишади. Она дийдоридан баҳраманд бўлишади. Кейин эса гўдаклар маҳкуманинг қариндош-уруғларига, улар йўқ бўлса, Юнусобод мавзеидаги болалар уйига топширилади.
…Беланчакда чирқиллаб ётган бу чақалоқнинг исми Кристина, у эндигина бир ойлик бўлибди. Онаси — ҳали балоғатга етмаган маҳкума, боласи дийдорини кўришдан бош тортган! (Одатда, аёл юкли пайтида жиноят содир этгудек бўлса, ҳукмдан сўнг, у бола туғилгунча бўлган муддатни ушбу колонияда ўтайди. Барча жиноятчи маҳкумалар сингари ҳомиладор маҳкумалар ҳам бу ердаги қонун-қоидалар биан ҳисоблашишга мажбурдирлар). Ҳозирча Кристинанинг энагалари — оппоқ халатли, меҳрибон хизматчи аёллар. Яна бир гўдакнинг онаси— Ўғилбайрам туркманистонлик. 160-модда билан тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган. Чақалоғи энди бир ярим ойлик бўлибди.
Хонада ўйнаб турган болалар, мунчоқ кўзлари жовдираб, шу уйнинг мудираси, шифокори Людмила Максимовна Давидовичга талпинади. фақат сочлари қоп-қора бир қизча биздан кўзларини узмай, жойидан қимирламай ўтираверди. Бир ярим ёшли бу норасидага қараб, беихтиёр, юрагим зирқираб кетди: Гўё кўз ўнгимда нажотсиз Наргиза — ўз онаси бўғиб ўлдирган гўдак тургандай бўлди!..
Маънавий қашшоқлик, ижтимоий ва иқтисодий тенгсизликлар бугунги кун аёлининг кўпчилик ҳолларда юз тубан кетишига сабаб бўлмоқда. Тенг ҳуқуқлилик тушунчасининг аёл зарарига ҳал бўлиши, жамиятда эркаклар ролининг бирмунча пасайиши… Орамиздан кўтарилаётган инсоф, диёнат, ҳалоллик туйғулари… Юракларни зарпечакдай бўға бошлаган мешчанлик, молу дунёга ҳирс қўйиш каби ҳаром туйғулар… Шулар эмасмикан аёлни жиноят жари ёқасига олиб бориб, зулмат тубига итариб юбораётган кучлар?
Мана, олдимда бу ерга бешинчи бор меҳмон бўлаётган аёл — Андижон вилоятининг Марҳамат туманида истиқомат қилувчи Дружина Ҳасанова.
— Мен вояга етган оила ўзига тўқ, файзли хонадон эди, — дейди у.—Ота-онам зиёли, ички ишлар бўлимида хизмат қилишарди. Милиционерга турмушга чиқдим. Оиламиз бузилиб кетди. Мен савдо соҳасига ишга кирдим. Икки йил ишлаб, давлатдан 1700 сўм қарздор бўлдим. 1974 йилнинг январида биринчи марта қамалдим. Бир йил ўтирдим. Май ойи умумий афвга илиндим. Бешта болам бор. Икки марта дайдилигим учун қамалдим. Ҳамма мендан юз ўгирди. Чиққанимдан кейин, кўчада қолдим. Менинг аҳволимга ачинадиган кимса топилмади. 1983 йили Андижондаги ресторанни кўпчилик билан ўмаришда айбланиб, яна уч йилга қамалдим. Йигирма икки яшик Белий аист коньягини болалар ўғирлашган экан, бир жойда еб-ичиб ўтирганимизда тутиб олишди… Ўшанда, еттинчи ноябрь, байрам эди. Ҳозир эса ўғрилик учун яна уч йилга кесилганман. Агар шу гал эсон-омон чиқиб кетсам, умримнинг қолганини фалаж бўлиб ётган собиқ умр йўлдошим билан ўтказмоқчиман. Худо ҳақи, ишонинг менга. Қайтиб бу ерларга келмайман деб, ўзимга сўз бердим. Ўйлаб кўрсам, умримнинг энг яхши дамлари қамоқхонада ўтибди. Энди қанча пушаймон бўлмай, барибир, фойдаси йўқ. Ҳозир эллик ёшдаман!.. Ундан: Аёлнинг жиноятга қўл уришини қандай изоҳлайсиз?, деб сўрайман.
— Ҳар қандай одам, жумладан аёл ҳам жиноятга онгли равишда қўл уради, — дейди у хотиржам. — Жиноят қилиш-қилмаслик унинг ўз қўлида. Назаримда, гуноҳларимни ювиш учун тавба қиладиган вақтлар ҳам келди…
Ҳақиқий тавба, — ёмон феъллар туфайли келадиган азоб-уқубатларнинг олдини олмоқдир ва ҳақ мадади билан у феъллардан чекинмоқдир.
Тавба — гуноҳкор банданинг кўнгил кўзгусини гуноҳ зангидан тозалайди: Авф сайқали билан у кўзгунинг юзини ёритади. Тавба — бахтсизлик йўлининг охири ва тўғрилик йўлининг бошланишидир; у такаббурлик ғафлатидан сесканмоқ ва ғафлат уйқусидан уйғонмоқ ва ўзининг нолойиқ аҳволини англамоқ ва беҳуда феълларини ташламоқ… қабиҳ ишлар, шармандалик ва расвогарчиик туфайли, хижолатга қолишдан огоҳ бўлмоқдир. Тавба — инсонга хос саркашликдан воқиф бўлмоқ, кишини тўғри йўлдан оздирувчи нафс фасодидан ва кўнгил итоатсизлигидан нафратланмоқдир, — деб ёзади улуғ Алишер Навоий Маҳбубул қулуб асарида.
Эллик ёшгача турма эшикларида суяги қотган бу аёлнинг тавбага мойиллиги кишини чуқур ўйлашга мажбур этади. Хатолари нега энди уни умр шомида ўйлантириб қўйди? Аслида, у йўл қўйган хатолар бизнинг умумий хатоларимиз эмасми? Илк қадамидаги хатоси учуноқ, ундан юз ўгирганларнинг ҳиссаси йўқми бунда?
Тан олишимиз керак, биз ўз қобиғимиздан ташқарига чиқмай қўйдик. Балоғат остонасида турган, бир оғиз ширин сўзга муҳтож ўксик диллар лоқайдлигимиз, тепса-тебранмаслигимиз, худбинлигимиз туфайли, жиноят чоҳига қулаб тушмоқда. Ўзларига ўт қўймоқдалар, сирка ичмоқдалар, жиноятга қўл урмоқдалар…
Кўзларининг оқини ҳам бегона нигоҳлардан қизғаниб, унга сурма тортган Шарқнинг мўмин, оқила аёли бугунги кунга келиб, ўз болаларининг қотилига айланаётганини тарих кечирармикан? Йўқ, асло! Чунки, ўтмиш аёли турманинг зах ва қўланса иси нималигини тасаввур ҳам қилолмасди. Ўша биз қоралаган ўтмишда турмалар бугунги кундагидек минглаб маҳбусларга тўлиб-тошиб ётармиди?
Расмий ҳужжатдан: Ўтган йили юз берган 84459 та жиноятнинг 4224 нафари балоғат ёшига етмаган ўсмирлар томонидан амалга оширилди. Ҳеч қаерда ишламайдиган ва ўқимайдиган наманганлик Масалиева Ч. (1970 йил туғилган) кўнгилхуши А. Бурҳоновдан бўлган беш ойлик боласини рашк қилиб, сирка эсенцияси бериб заҳарлаган ва жинояти учун уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Кўнгил кўзлари кўр бўлаёзган, ҳаётни ёлғиз майда-чуйда ташвишлардангина иборат, деб билган хотин-қизларимизни кўпроқ илм эмас, уқубатга айланаётган турмуш ўз домига тортиб кетяпти. Тўрт боласини совуқ қабрларга ишонган Замиранинг ҳам тўйгача кўргани пахта далалари бўлган. Сўнгра рўзғор ташвишлари, болаларининг ўсиши, униши билан боғлиқ азобларга уймалашиб, ўзи хусусида ўйлашга вақти ҳам бўлмаган. Зардобга тўла юрагини бўшатгувчи бир ғамгузор топилмаган. Орзуларидаги гўзал дунёдан шу тахлит жуда олислашиб кетган бу аёл қандай қилиб болаларининг қотилнга айланиб қолганини ўзи билмайди. Чунки, у касалхонада ўзига келиб, атрофидагиларга айтган биринчи сўзи: Болаларим қани?, деган савол бўлган!..
Дин — покликдир, деб асрлар давомида инсонни эзгуликка даъват этиб келган руҳ илмини бешафқатларча поймол этганимиз, уни турли йўллар билан таъқиқлаганимиз, ундан онгли равишда юз ўгирганимизнинг оқибати эмасми, буларнинг бари?
Қадимги юнон файласуфи Суқрот: Дунёда битта эзгулик бор — билим. Битта ёвузлик бор — нодонлик, деганида минг бор ҳақ эди. Жамиятнинг узоқ йиллар уйқудаги кўзлари нодонлик меваси — жиноятлар ҳисобига бирозгина очила бошлади. Бироқ, миллат қадри, аёлларни асраш, уларга кам иш соатлари белгилаш ҳақидаги эзгу ўйлар ҳамон орзулигича қолиб кетмоқда.
Мен маҳқумалар салтанатида турли тойфадаги жиноятчиларни учратдим. Ўз ишидан пушаймонлик ҳисси юрак-бағрини ўртаётганларни ҳам, ёшгина қизалоқни ўлдириб, бугун бемалол журнал варақлаб ётганларни ҳам кўрдим!
Биз ўтмишда шундай халқмидик?!
Нима бўлган ўзи бизга?!
Чангакли сим билан иҳоталанган девор остида йўқлама бошланди. Уларнинг сафида турган Замиранинг жиққа ёш кўзлари мени анча жойгача жимгина кузатди. Унга сўнгги бор ўгирилиб қарар эканман, ҳар бир содир қилинажак жиноят энг аввало инсон қалбида қарор топиб, сўнгра жамиятнинг азобли мевасига арманишини англадим. Шунда борлиқни бехос улуғ шоирнинг неча асрлар оша айтган сўзлари тутиб кетгандек бўлди:
Илоҳо, инсоф шамоли эсиб, йўлдан озганларни ёмон ҳолатдан огоҳ этгай. Огоҳ бўлгач, ўз қилмишидан ҳижолат тортиб, думоғидан уят дуди чиққай ва бу каби ишлардан ибо этиб, афв сўраб, ножўя ишларидан тавба қилиб, ўринсиз феълини ўзгартиргай ва адашган йўлдан чиқиб, тўғри йўлга киргай…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1990 йил 19 октябрь.