СССР халқ депутатларининг биринчи съездида сўзланган нутқ
Биз етмиш йил бадалида, ҳа, ҳа, бир неча асрга татигулик мана шу давр ичида жон қадар азиз бўлган жуда кўп қадриятларимиздан жудо бўлдик. Улар ичида шундай бир қадрият ҳам борки, минг афсус, унинг ўрнини бирон-бир нарса билан қоплаш бағоят мушқулдир. Тирикчиликнинг мушкуллашганлиги, бирида очин, бирида тўқин яшаётганимиз туфайли, инсоний қадр-қимматни ер билан битта қилгувчи узундан-узоқ навбатларда навбат кутишлар туфайли юз берди бу. Инсон боласига хос бўлган энг олижаноб фазилат бўлмиш раҳм-шафқатдан, мурувватдан асар қолмади бизда. Боз устига, шу хислат ўрнини тошбағирлик ишғол этди. Кишилар меҳр-оқибатсиз, ён-веридагилар дардига лоқайд, илтифотсиз. Жума куни эди, ораста кийинган иккита жувон фойеда суҳбатлашиб турган экан. Бири норози бўлиб: Намунча бу ўзбеклар пахтаси ҳақида тинмай жаврашади? — деса шериги айтардики: Жонга тегиб кетишди, ўзи буларда маънавият деган нарса бўлганми сира?!
Бу маломат, гапнинг очиғи, менга алам қилди. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, аввалги чапдаст, мард, танти деҳқон, ўнинг кўзлари чарос, қошлари камон аёли бугун шундай бир аянчли, фоже аҳволга тушган бўлса, ким айбдор бунга?
Бу шўрликларнинг маънавияти қандай қилиб юксалсин, ахир! Ҳамма, замонлар ва барча халқларнинг отаси бўлмиш Иосиф Сталин мамлакатнинг пахта мустақиллигини таъминлаш учун ўртага ташлаган машъум шиор бизнинг деҳқонларни ҳамма-ҳамма нарсадан мосуво қилмадими, ахир! Айнан уларга тегишли бўлган замин: Кўрса кўз қувонадиган неча юз минг гектарлик кўркам ва серҳосил боғ-роғлар, солланиб турган ям-яшил йўнғичқазорлар, салқини оромбахш ёнғоқзорлар, ҳаттоки, бодомзорлар, ахир, шафқатсизларча кесиб ташланмадими, шудгор қилинмадими! Муҳтарам Чингиз Айтматов бу, ерда айтгани каби, чиндан ҳам пахта бехосият неъматга айланди. Ҳа, мамлакат охир-оқибатда, пахта мустақиллигига эришди ҳам. Ҳатто, кўз кўриб қулоқ эшитмаган бойликка ҳам эга бўлди. Лекин деҳқонга, унинг аёлига, бола-чақасига шундан нима наф тегди? Саратоннинг жазирамаснда худонинг берган куни ўн икки соатлаб қирт-қирт заҳмат чекиш, ҳатто, дам олиш кунлари, байрамларда, таътил нималигини билмасдан, офтоб тиғида тер тўкиш шу деҳқоннинг гарданига тушмадими!
Сўнгги пайтларда вақтли матбуот жумҳуриятимиз бошига шов-шувдан иборат беҳисоб мақолаларни дўлдек ёғдирди. Шундан келиб чиқиб, умумхалқ хазинасига қўл чўзганларнинг ҳар қайсиси қанчадан маблағ ўмарганлигини, сизлар ҳатто сариқ чақасигача ҳисоблаб чиқишган бўлсангиз керак. Ҳаромтомоқларни, албатта, жазоламоқ жоиз. Бу ҳақда бошқача гапнинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Бироқ Ўзбекистондан четда яшаётган бирор-бир киши, виждонга зид бормаган тарзда, шу — пахта туфайли, пахтакор бугунги кунда не аҳволга тушиб қолганлигини бор ҳолича тасаввур қила олармикан! Давлат план комитети кафолатича, пахта стратегик хомашё ҳисобланади ва у давлатга жуда кўп даромад келтиради. Мамлакатга айнан пахта туфайли, озмунча чет эл валютаси оқиб келаётгани йўқ. Ана шу валютасиз, Давлат план комитетининг эътироф этишича, давлатимизнинг қўли ҳам калта бўлиб қолар эди. Хўш, шундай хомашёни етиштираётган деҳқон, машаққатли меҳнат қилиб ҳолдан тойган унинг шўрлик аёли қандай шароитда яшамоқда ўзи?! Бу одамлар машаққатли меҳнатлари эвазига қанчадан ҳақ олишаётир?! Бизнинг опа-сингилларимиз қуёшнинг радиация сочувчи нурлари тиғида, жазирама офтобда заҳмат чекишаётир. Ҳа, улар бажараётган иш аёл зотига муносиб эмас. Офтобнинг заҳри туфайли ҳам, заҳарли химикатларнинг худа-беҳуда қўлланилиши туфайли рак, ошқозон-ичак ва сариқ касалликлари, аёлларнинг камқонлиги ва бошқа хасталиклар беҳад урчиди. Аёллар ва болалар ўлими ўсишига ҳам сабаб шу.
Уларнинг турмуш даражаси қай ҳолатда? Пахта даласида меҳнат қиладиган аёлларимиз қош қорайгандан кейингина уйга қайтишади. Бола-чақага обиёвғон пишириш керакми? Керак. Ўчоқ бошига боришади ва отам замонидагидай таппи қалаб, қозон қайнатишади. Қадди басти нечундир яшин урган қайинларни эслатувчи шу аёлларнинг баркашдай қорайган юзларига кўзим тушса, кўзларимдан беихтиёр ёш тирқирайди. Қани улардаги аёллик нафосати? Қани сарв қоматлар, қани латофат, назокат! Кўзлари тўла мунг, армон ва ҳасрат. Мен биламан, мамлакатимиздаги ҳамма деҳқонларга хам, рус деҳқонларига ҳам қийин. Аҳволни ўнглаб олиш ниятида, ҳукумат эзгу тадбирлар қўллаётганидан мен ҳам мамнунман. Лекин, биродарлар, ҳар қалай пахта пахта-да! Жанубий Америкадаги тошбағир оқ танли фермерлар тутган йўлни бир эслайликми-а. Улар пахта плантацияларида ўзлари ишлашни исташмади, бу заҳматдан хотин, бола-чақасини ҳам халос этиш учун, бориб Африкадан неча юз минг қора танлини кишанбанд этиб, олиб келишди. Аммо адолат юзасидан шуни ҳам айтиш керакки, наслу насабини пахта заҳматидан асраган ўша қаҳри қаттиқ фермерлар ҳам, келгусида қулларидан соғлом, яъни оғирини енгил қиладиган насл етишсин учун, уларни тўйдириб боқишган. Шунинг шарофатиданки, бўйи икки метрли қоратанли полвонлар дунёга келди; уларнинг авлодлари бугунги кунда Америка спортининг, санъатининг ҳам гултожларидир!
Хўш, бизнинг қишлоқлардаги болалар-чи? Бу ўринда спорту маънавий камолат ҳақида гапириб ўтиришнинг ўзи ортиқча. Улар қорни тўйиб овқат емаётирлар (ахир, жон бошига йилига атиги йигирма килограмм гўшт тўғри келади), оғир меҳнат қилаётирлар, шунинг оқибатида уларни, ҳатто, армияга ҳам олишмаяпти. Олишган тақдирда ҳам, қурилиш батальонларида хизмат қилишаётир. Деҳқонлармиз бошига тушган кулфат ҳақидаги шу мухтасар гапимдан сўнг, муҳтарам Николай Иванович (Рижков) мен сизга мурожаат қилмоқчиман: Давлат план комитетидаги ўртоқларнинг пахта мамлакатга керак, у стратегик хомашё ҳисобланади, валюта даромадида салмоқли ўрин тутади, деган гаплари тўғрими? Агар, тўғри бўлса, нега энди биздан у сув текинга сотиб олинаётир?!
Инқилобга қадар, Николай Иванович, Туркестанское ведомости рўзномаси қайд этганидек, рус савдогари (ҳа, ўша ўлкамизга бу меҳнати оғир экинни олиб келган рус савдогари) бир пуд пахта эвазига ўн саккиз пуд буғдой берар эди. Бизнинг жонажон социалистик давлатимиз эса бир килограмм пахта учун ўртача ҳисобда эллик тийин ҳақ тўлаётир. Бу пулга Тошкентдаги Олой бозорида атиги ярим килограмм бодринг беради, холос (ўртоқлар, яна шуни ҳам эслатиб ўтишни истардимки, бир килограмм пахтадан иккита эркаклар кўйлаги тикилаётир, уларнинг қиймати камида эллик сўм туради)! Бизнинг Ўрта Осиё, табиий иқлими жиҳатидан, жаҳонда тенгсиз имкониятга эга эканлиги тарихий манбаларда ҳам қайд этилган. Дунёдаги энг ширин неъматлар — мева-чева-ю, сабзавотлар шу ерда етиштириб келинган. Қовун, тарвузнинг шираси тилни ёрган. Табиий бойликлардан илмга зид равишда шафқатсизларча фойдаланиш етмиш йил мобайнида шунга олиб келдики, бугун ўлкамиз экологик ҳалокат ёқасига келиб қолди.
Ўртоқлар, кеча сиз менинг гапларимни охиригача эшитмадингиз, мен академик Аганбегяннинг фикрини айтаётган эдим. Шу фикрни ҳозир қайта, тўлиқ айтмоқчиман. Ўтган йили Орол муаммосига бағишлаб КПСС Марказий Комитетида ўтказилган кенгашда академик Аганбегян Ўзбекистоннинг табиати, замини ва охир-оқибат халқи дучор бўлган қабоҳатларнинг ҳақиқий сабабларини ҳеч ким билмаслигини таъкидлаган эди. На Давлат план комитетидагилар, на Давлат агросаноат комитетидагилар билмайди буни, деди у; боз устига, жумҳурият меҳнаткашлари елкасига бўлар-бўлмас мажбуриятларни юклашдики, бу мисоли туманда йўл қидиргандек. Шу боис академик етук иқтисодчи олимлар, экология тадқиқотчилари. шифокорлар, қишлоқ хўжалиги мутахассисларидан ташкил топган обрў-эътиборли, фавқулодда иқтисодий комиссия тузиш кераклигини, бу комиссия Ўзбекистонда қандай аҳвол рўй берганини ғоят теран таҳлил қилиб, ҳукуматга бу аҳволни тўла-тўкис, очиқ-ойдин қилиб изоҳлаб бериши зарурлигини қатъий уқтириб айтди.
Биродарлар, менинг ишончим шунга комилки, анча вақтга чўзиладиган келажакда эмас, балки яқин йилларда Ўзбекистон мамлакатимиз аҳолисининг ярмини еб-ичиришга қурби етиши мумкин. Бунинг учун жумҳуриятни пахта яккаҳокимлиги қусуридан қатъий туриб қутқармоқ керак. Меҳнатга жон-дили билан боғланган халққа турғунлик йиллари етказилган беҳудуд офатдан қутулишга ва ниҳоят, унинг ҳам кўкрагига шамол тегишига ёрдам бериш лозим.
Биз қардошлик оиласида яшаймиз, бир-биримизга ака-ука, биродарлармиз. Энг оғир дамларда ҳам баҳамжиҳат, елкама-елкамиз! — Баланд мақомдаги бундай гапларни кўп айтамиз.
Сизларга сир эмас, турғунлик даврида бизнинг бошимизга оғир мусибат тушди, унинг қора кўланкаси республика устидан ҳали тарқаб улгурганича йўқ.
Рост, ўша бахтсизлик, моҳият эътибори билан, нопокликдан, беимонликдан, эътиқодсизликдан келиб чиқди, етим-есирларнинг, халқнинг ҳақига хиёнат қилинди, наинки хиёнат қилинди, ҳатто ҳаётнинг ўзи ҳам нотоза ўзанга йўналтирилди. Бундай бадбахтларга, нопок кимсаларга, такрор айтаманки, зиғирча шафқат қилмаслик лозим. Ҳар қандай жазога улар муносиб. Лекин бошқаларнинг, ўрмонга ўт кетганида, қўшилиб ёниб кетганларнинг гуноҳи нима?! Деярли айби бўлмаган ёки бўлса ҳам уни зўрнинг зуғуми билан қилган, болачақасининг оч қолишидан, турмуши янада юпунлашишидан қўрққан, бир бурда нонимдан айрилмай, дея зўравон раҳбарнинг буйруғини бажаришга мажбур бўлганларнинг гуноҳи нима?
Бахт ҳам, бахтсизлик ҳам, қўша-қўша бўлиб келади. Бугун халқимнинг бошида яна бир мусибат — Фарғонадаги ситамлар, нотинчлик юракни ўртаб турибди.
Касалингни яширсанг, иситмаси ошкор этади. Шунча йил ўтса-да, киндик қони томган ердан қувғин қилинган месхети туркларининг юрак ноласига биз қулоқ тутмадик! Биз халқимизнинг қўллари олтин дедик, меҳнаткаш-мушфиқ дедик, лекин аслида уни ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйдик! Охир-оқибат шу бўлдики, жон томири бир, қисмати бир бўлган ака-ука бир-бирининг дилини жароҳатлади.
Ижтимоий адолатсизлик Уфа яқинида тўпланиб қолган газ уюмига ўхшайди. Модомики, шундай экан, биз ҳушёр бўлишимиз, ўт чиқарувчилардан сақланишимиз зарур. Азиз ҳамюртлар, сиздан ҳозирча шуни ўтинч билан сўрайманки, оловдан эҳтиёт бўлингиз. Тарихнинг энг қора кунларида, ҳам, ота-боболаримиз мушкулликларни сабр-тоқат билан, вазминлик билан, тадбиркорлик билан енгиб ўтишган.
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.