Биз ҳозир жуда афсусланарли бир даврда яшаяпмиз. Чунки ҳаётимизнинг асоси бўлган кўплаб маънавий тушунчаларни унутиб юборганмиз. Шунга қарамай, мен ҳозир бахтли замонда яшаяпмиз, деб айтишим мумкин. Чунки биз бугун кеча эслашимиз ҳам мумкин бўлмаган нарсалар ҳақида нафақат хотирлаш, балки уларни ўзимизга қайтариб олмоқдамиз. Севги ва меҳр-шафқат сўзи янги тушунча сари йўл очмоқда. Шуни унутмаслик лозимки қуруқ сўз амалда ишсиз, қадрсиз бўлиб қолаверади. Шу сабабли ҳали олижаноб қоидаларни нафақат эслашимиз, балки унга амал қилишимиз ҳам лозимдир.
Мамлакатимиз кўплаб оғир синовларни бошидан кечирмоқда. Бугун сиз ва биз, жамоатчилик олдида енгил кўчмайдиган муаммолар ғуж бўлиб турибди. Ўз ҳаётимизни ҳаққоний қилиш учун, бахтли ва ўзимизга тўғри яшашимиз учун ҳаммамиздан яхшироқ меҳнат қилиш талаб этилади. Ҳозир курраи заминимиздаги ҳаётни сақлаб қолиш, тинчлик ўрнатиш қанчалар зарур бўлса, қалбларимиздаги осойишталикни сақлаб қолиш, ўзаро муаммоларимизни пишиқлаштириш, оилавий муносабатларни изга солиш ҳам шунчалар долзарбдир. Чунки бутун бир олам кичик-кичик оилалардан иборат. Жамиятимиз ва халқлар турли кишилардан ташкил топган, қайсики уларнинг ҳар бирига ўзига яраша муомала зарур.
Ўз атрофимизга бир назар ташлайлик. Биз кимларни кўрамиз?
Урушдан кейин 40 йил ўтса ҳамки биз билан ёнма-ён юз минглаб етимлар яшашмоқда. Оловли уруш йилларида биз уларга қалбимизни қўрини ҳадя этгандик. Ширин сўзимизни, охирги бурда нонимизни аямагандик. Хўш, бугун-чи? Бугунги етимларнинг онаси ҳаёт. Улар ўз фарзандларини кўчаларга ташлаб кетишмоқда. Туғруқхоналарда бесабаб қолдириб кетишяпти. Темир йўл вокзалларига, бозор ўчарга, ҳаттоки ахлатхоналарга ташлаб кетишмоқда. Шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳозир болалар уйларида тарбияланувчилар, мактаб-интернатларда билим олаётган бегуноҳларнинг ота-оналари қаердадир ўз айш-ишрати билан машғул. Улар ҳаёт. Болалар эса етимхоналарда.
Етимлар тақдири бизни қанчалик безовта қилса, ўз болалари билан яшаётган бахтсиз оилалардан ҳам шунчалик ташвишдамиз.
Бугун кўплаб оилалардаги бегуноҳлар бир ёшга етмай қазо қилмоқда. Биз кутганимиздан ортиқ миқдордаги болалар турли хил касалликлар билан оғришяпти. Кўплаб оналар мажолсизлик дардига чалинган. Улар ҳаёт ташвишларидан шунчалар безганки, ўз ғам қайғуларига ўз-ўзини ўлдириш билан барҳам беришмоқда. Ана шундай бир пайтда, болалар етим қолаётган, онаизорлар ўзларини ўлимга маҳкум қилаётган бир пайтда биз қандай қилиб хотиржам туришимиз мумкин? Бу бахтсизликларга қараб ва чидаб тура оламизми? Ўзлигини англаган одам: «Йўқ!» – деб жавоб бериши табиий.
Ислом – бу соғлом жамият тузиш учун курашишдир. Шу сабабли ҳам Ислом инсон саломатлиги ва камолотига зиён етказувчи ҳар қандай иллатларни қаттиқ қоралайди.
Гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, фоҳишабозлик каби ҳаётий туйғуларга ёт иллатлар – буларнинг барчаси мусулмонлар қалбидаги оғриқдир. Чунки Ислом кишиларга Аллоҳ инсон фақат хайрли ишлар учун, бахт саодат учун яратилганлигидан таълимот беради. Бахт эса ўзаро ҳамкорликсиз, тинчликсиз, кундалик ҳаётимиздаги яхши хислатларсиз юзага келмайди. Қуръонда Ул зоти шариф шундай деб хитоб қилади: «Аллоҳ бу дунёда яхши фазилатли ишлар қилган ва кишиларни фазилатли йўлга бошлаган кимсаларни охиратда мукофотлайди».
Қайтариқ бўлса-да шуни таъкидламоқчиман, бутун бир дунё майда-майда ғиштлардан таркиб топган. Агар биз ўзимиз яшаб турган дунёни уй деб қарайдиган бўлсак, у ана шу ғиштлар устида турибди.
Ердаги ҳаётнинг асосий ўзаги бу оиладир. Болаларимиз ана шу оилада тарбияланадилар. «Қуш уясида кўрганини қилади», деганларидек, улар тарбиясида оиладаги муҳитнинг таъсири беқиёс катта. Шу боис Ислом оиладаги фарзанд тарбиясига, болаларнинг ота-онасига ҳурмат билан муносабатда бўлишига, ота-оналарнинг бир-бирига илиқ муомалада бўлишига жуда катта эътибор беради. Фарзандларнинг ва ота-онанинг ҳуқуқий бурчларини аниқ белгилайди. Кўплаб оятлар ва ҳадисларда эр ва хотин оилада қандай вазиятда иш тутиши лозимлиги аниқ кўрсатилган. Шулардан умумий хулоса қилиб шуни айтиш керакки, фарзанднинг ақлли бўлиб вояга етишида ота-она бирдек масъулиятлидир. Лекин ота оилани моддий жиҳатдан таъминлаб туришга мажбур. Чунки у эркак. Аёлга нисбатан қудратлироқ. Оиладаги етишмовчиликлар, кийим-кечак, озиқ-овқат ҳамма-ҳаммаси унинг зиммасида. Бундан ота фақат оилани боқиши керак, деган хулоса чиқармаслик керак. Болалар отасини қам, онасини ҳам бирдек яхши кўради. Агар улар оилада она билан ота ўртасида ҳар хил жанжалларни кўрса, қалби ўксийди, шунга кўра тарбияланади. Шу сабабли хотин киши доимо эрининг камини тўлдириши керак. Унга энг яқин кўмакчи бўлиши лозим. Токи фарзандларимиз оиладаги ҳар бир арзимас жанжаллар таъсирида қолиб, келажакда ўз фарзандларига, энг аввало ўз жуфти покига оилада кўрганларини қайтармасин. Зуғум ўтказмасин.
Кўплаб ота-оналар ўз юмушлари, уй ташвишлари билан бўлиб фарзандларининг тарбиясига иккинчи даражали нарса деб қарайдилар. Уларни қаровсиз қолдиришади. Ана шундай фарзандлар, афсуски, ёмон йўлларга кириб кетади, кўча-кўйда фалокатларга учрайди, қурбон бўладилар.
Ислом дини ўз таълимотларидан ўсиб улғаювчи ёшлар учун энг муҳим тарбия ўчоғи бўлмиш оилага жуда катта эътибор беради. Буюк Зоти пок бўлмиш Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўзининг муқаддас китоби – Қуръони Каримда эркакларни ўз хотинларига нисбатан ниҳоятда хушмуомалада бўлишга, доимо улар саломатлигидан хабардор бўлиб туриш ҳамда рафиқасининг ҳар қандай талабини бажаришга буюради. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳи васаллам ўз Ҳадиси шарифларида шундай башорат қиладилар.
Яъни: «Аллоҳнинг олдида энг севимли ва ҳурматли эр шундай кишидирки, у ҳаётлик даврида ўз жуфти покига мурувват кўрсатган бўлса, фарзандлари ва оиласининг ғамини еган бўлса ҳамда улар ташвиши билан яшаган бўлса».
Ҳали жамиятимиздаги оилаларда қийинчиликлар жуда-жуда кўп. Кимдир ота-она меҳрига зор, кимдир оилавий бахтдан маҳрум ва ҳоказо.
Ислом дини бизни ўз фарзандларимизга, оиламизга доимо меҳрибон бўлишга чақиради. Биз энг асосийси етимларга доимо раҳм-шафқатли ва мурувватли бўлишимиз керак. Чунки Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам етимлик дардини тортган зот эдилар. Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг дийдорига етишмоқ учун етимлар бошини силаганди. Исломда етимларга мурувват кўрсатиш олий фазилат саналади. Бугун биз давлат етимлар тарбиясини ўз зиммасига олган, деган нотўғри тушунчаларга берилмаслигимиз лозим. Биринчидан, давлат материаллари ҳам ҳисобли. Шу боис етимларни кийим-бош билан таъминлашда баъзан етишмовчиликлар юзага келади. Иккинчидан, эса давлат қанчалик қарамасин, биз етимларга инсоний бурчимиз туфайли ҳам қайғурмоғимиз керак.
Бугун бизнинг зиммамиздаги энг олийжаноб хислатлардан бири бу етимларнинг болалар уйи ва интернатларга кўплаб тушишига йўл қўймаслик. Чунки комил иймон билан айтаманки, ҳар биримизнинг хонадонимиздан бир етим учун жой топилади. Бағримизда илиқлик ҳали етишади. Уларни ана шу меҳрдан баҳраманд қилишлик лозим бўлади. Ҳар бир мусулмон учун етимни тарбиялаш, унга оталик ва оналик меҳрини изҳор этиш бу энг олий фазилатдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон бу ишда кўмагини аямаслиги лозим.
Хўш, бу кўмак нимадан иборат? Бу кўмак шундан иборатки, етимлар ҳақида қайғуриш, уларни кийим-бош билан таъминлаш, озиқ-овқат етказиб бериш, ана булар Аллоҳ йўлида қилиниши лозим бўлган садақайи жорияларидандир. Айниқса, байрам кунлари улар кўнглини кўтариш улуғ савоб. Ҳар куни улар тарбияси учун қайғуриш, бирор бир мутахасисликка ўргатиш ва ниҳоят вояга етганда уйлантириш ёҳуд турмушга бериш ҳам иймон келтирган мусулмон учун олий фазилат. Мабодо етимларни ўз бағримизга олиш ниятимиз йўқ экан, келинглар, ҳеч бўлмаса уларга қувонч бахш этишнинг уддасидан чиқайлик. Биз қанчалик фаровон яшамайлик, қанчалик ўзимизга тўқ бўлмайлик, қаердадир бегуноҳ болалар меҳр-мурувватга зор эканликларини сира-сира унутмаслигимиз керак. Етимларга қайғули кунларида кўмаклашиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз.
Ислом таълимоти талқин қилинган кўплаб китобларда етимларга доимо меҳрибон бўлишга даъват этилган. Агар, дейилади улардан бирида бирон қишлоқда бир етим қаровсиз қолса Аллоҳ шу қишлоқ аҳлига ва яшаб турган жамиятга бало тўфонларини юборади! Ўз вақтида кишилар етимлар ҳақида қайғурса, ундайлар Аллоҳнинг наздида энг улуғ зотлардир ва охиратда жаннатга доҳил бўлур.
Бугунги кундаги бизнинг асосий вазифамиз ота-онасидан қаровсиз қолган бегуноҳ гўдаклар ҳақида қайғуришдир. Етимларга ёрдам беришга давлат доимо тайёр. Лекин ўз навбатида давлат ҳар биримизнинг кўмагимиз ва қўллаб-қувватлашимизга муҳтождир. Болалар фондининг бугунги ҳаракати фақат мақтовга лойиқ. Бу ташкилот хайрли ишларни амалга оширмоқда. Ушбу фидойилик маблағлари бизнинг шахсий жамғармаларимиз ва эҳсонларимиз эвазига, меҳнат коллективларининг қилаётган ёрдамлари эвазига. Билингки, ижодий уюшмалар ҳамда диний ташкилотлар ўтказаётган маблағлардир. Агар фонднинг қудрати тўғрисида тўхталадиган бўлсак, бу ҳали сиз ва бизнинг, аниқроқ айтадиган бўлсак, барча меҳнат коллективи ва диний томонлар ҳаракатига боғлиқ. Иймоним комилки, барча мусулмонлар бу хайрли ишга бош қўшадилар, фаол иштирок этадилар ва совет болалар фондининг янада кенг жабҳада ҳаракат қилишига ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан ёрдам берадилар. Зеро мусулмон доимо ўзгаларга кўмакка шай туради. Чунки бу йўлдаги ҳар бир саъй-ҳаракат бир етим бошини силаш, унинг кўнглини овлаш дегани. Аллоҳи карим ҳаммамизга бу йўлда меҳр-шафқат, қалбимизга саховат нурини ёғдирган бўлсин.
Ислом таълимоти бизга аёл энг аввало болаларимизнинг онаси эканлигини унутмаслигимизни уқтиради. Аёл бу уйимиз файзи ҳамдир. У рўзғорнинг ички камчилигини барини тўлдирувчи, оила учун чин дилдан қайғурувчидир. Шунга кўра Исломда аёлга нисбатан меҳрибонлик билан муомалада бўлиш эркак киши зиммасидаги бош вазифалардан бири ҳисобланади. Мана 1400 йилдирки, бу калом ўзининг хайрли тарафларини намоён қилиб келмоқда. (Албатта унга тўлиқ амал қилган оилаларда). Динимиз вужудга келгандан буён дунёда жуда кўп нарсалар ўзгарди, Фан – техника юзага келди, у ривожланиш босқичига ўтди, қанча инқилоблар бўлди, олимлар ва сайёҳлар етишиб чиқди, инсон бешинчи коинотга парвоз қилди. Лекин оиладаги хотин билан эр орасидаги, ота билан бола ўртасидаги муносабатлар ўша-ўшалигича қолмоқда. Буни унутмаслик керак.
Қаердаки ўз оиласи учун қайғурган эр бўлса, уни мустаҳкамламоқда. Қаердаки оилада тотувлик бўлса, фарзандларга яхши тарбия берилиб, ҳақиқат йўлига бошланса – у оиладан оқил, доно, эл орасида иззат-ҳурматли фарзандлар етишиб чиқяпти. Ана шундай тарбияси мустаҳкам ўнлаб оилаларнинг юзлаб фарзандлари жамиятимиз тараққиёти йўлида камар-баста бўлмоқдаларки, бу қувончли ҳол.
Афсуски, биз яшаб турган жамиятда бутунлай бунинг акси бўлган ноқобил оилалар ҳам истаганча топилади. Ана шундай оила бошлиқларининг ўзи фарзандларига аҳлоқсизликларни аҳлоқ қилиб кўрсатсалар, ароқхўрликка, порахўрликка мубтало бўлсалар, эр-хотин бир-бири-билан доимо сени-менга бориб турса, ҳаром-хариш яшаса – уларнинг фарзандларидан нима кутиш мумкин? Бундай оилаларда жуда камдан-кам ҳолларда ҳалол, жамиятга фойдали фарзандлар етишиб чиқади. Аксарият ҳолларда улар ўз оталари изидан кетади. Ана шу тариқа бизнинг фаровон ва маънавий жиҳатдан бой яшашимизга тўсиқ бўлувчи иллатлар авлоддан-авлодга ўта бошлайди.
Ҳозир инсоният орасидаги кулфатларнинг энг оғири бу ўз жонига ўзи қасд қилиш бўлиб қолди. Жумҳуриятимизнинг аксарият кўпчилик ноҳияларида аёллар ўзига ўт қўйиб нобуд бўлмоқда. Бу эса ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги керак. Олимлар, ҳуқуқшунослар, врачлар, социологлар, партия ва совет ходимлари буни миллий қашшоқлик деб атамоқдалар. Баъзи бир кишилар эса буни диний эътиқодга боғламоқдалар. Лекин биз шуни қатъиян таъкидламоқчимизки, ўзини ёқиб юбораётган аёллар мустаҳкам диний эътиқодга эга эмаслар. Мен бундай бўлмағур гап-сўзларни тарқатувчи кишиларга шуни эслатиб ўтмоқчиман: дунёдаги ҳеч бир дин инсонларни Аллоҳ тарафидан берилган ўз омонатига ноҳақ зуғум қилишга буюрмайди. Балки барча динлар қатори Исломда ҳам ўз танига қасд қилиш бу энг оғир гуноҳдир. Шунга қарамасдан аёлларимиз ўртасида ўз-ўзини ёқиб юбориш ҳоллари ҳали тўхтагани йўқ. Туркманистон, Тожикистон жумҳуриятлари, Ўзбекистонимизнинг Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида бу ҳол, айниқса, ачинарли.
Бунинг сабаблари миллий қашшоқликда ёки динга берилганликда эмас, балки оиладаги, меҳнат жойларидаги шароитнинг ҳаддан ташқари оғирлигидадир. Болаларнинг касалманд бўлиб қолиши, оилада эрнинг ўз ўрни йўқлиги, унинг ҳар хил ношаръий ва ноаҳлоқий ишларга берилиб кетганлиги, аёл кишининг қадр-қиммати йўқолиб бораётганлиги булар барчаси она деб аталмиш улуғ зотни ана шу сўнгги чорани қўллашга мажбур қилмоқда. Аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига фақатгина уларнинг ўзи эмас, балки атрофдаги одамлар, бутун жамоатчилик ҳам айбдордир.
Ҳурматли биродарлар, келинг, ўз оналаримизга, аёлларимизга, сингил ва фарзандларимизга кўпроқ меҳрибон бўлайлик. Улар қалбини тушунишга ҳаракат қилайлик. Уларга хўжалик ишларида кўмаклашайлик, оилавий юмушларини енгиллатайлик, фарзанд тарбиясидек энг оғир ишда ҳамроҳ бўлайлик. Зора Аллоҳи карим сиз билан бизни бу фалокатлардан аритса.
Биз ушбу суҳбат давомида жамиятимиз учун огир дард бўлиб турган тирик етимларнинг кўпайиш сабаблари ҳақида, аёлларимиз фожиаси хусусида тўхталдик. Бу ҳақда янада кенгроқ ва кўпроқ мушоҳада қилишимиз зарур. Бизнинг ушбу ваъз-насиҳатлардан мақсадимиз инсонларга жамият тақдири, унинг кёлажаги, оила бахти учун қайғурувчи кишиларга нафақат мусулмончиликда балки ер юзидаги ҳалол яшовчи, эзгу мақсадли инсонлар ақидаси ҳақида эслатиб қўйиш бўлди.
Бизнинг мақсадимиз ҳар бир оилада меҳр-муҳаббат ва аҳиллик бўлсин.
Оила мустаҳкам бўлсин.
Болаларнинг билим олиши, улар тарбияси тўғри изга тушсин.
Ҳаётимиздаги йўл қўйиб бўлмайдиган кулфатлар йўқолсин!
Йиллар давомида авлодларимиз руҳига сингиб кетаётган диний ақидаларимизга амал қилайлик. Уларни тарбиямизга сингдирайлик. Бу Аллоҳга ишонувчи барча мўмин-мусулмонлар учун, ўз ватанини севган барча инсонлар учун муқаддас бурч бўлиб қолсин.
«Семья» журнали, 1989 йил.