«Барчин ўн минг уйли Қўнғиротнинг йигитидан ўн йигитни сайлаб олди, отасининг тўқсон тўқай йилқисидан ўн отни сайлаб олди, отларни совутиб бўлди. Сўнг шундай ариза ёзди: «Мен Барчин олти ойлик йўлга, Қалмоқнинг элига келдим, зўр ёвнинг қўлида қолдим, олти ойлик муҳлат олдим, мендан умиди бўлса Алпомиш келсин, бўлмаса жавобимни берсин».
Аризани ўн йигитга топширди, отларни эгарлаб, чоқлаб, яхши бор деб бир сўз айтиб турган экан».
— Эна, кейин, кейин нима бўлади?
Чироқ хира нур сочади. Сандалнинг чор атрофига ўтириб олган опа-акаларим қўллари кўсак чувишдан тўхтамай сабрсизлик билан энамнинг оғзига қарашади. Энам бўлса шишаси тобора қораяётган чироққа яқинроқ сурилади. Ва айтишда давом этади. Биз бўлсак эрталабгача алоғ-чалоғ тушимизда Алпомишнинг Бойчибор отини кўриб чиқамиз.
Кун бўйи Барчиннинг аризасини сандиққа бекитган Бойбўрини яниб, уни топиб оғаси Алпомишга тутқазган Қалдирғоч бекани алқаб юрамиз, яна тезроқ кеч бўлиб, тезроқ овқатланишни, хира чироқнинг яна ёниб, онамнинг токчадан титилиб кетган «Алпомиш китоб»ни (у киши ўқишни билмасалар-да саҳифа очилган сари эналаридан эшитганлари хотирларига тушаверарди) қўлларига олишларини кутамиз…
Бу олтмишинчи йилларнинг охиридаги болалик хотираларим. Қизиқ, бугуннинг болалари тушида нимани кўриб, ўнгида нимадан ажабланаркинлар? Уларнинг эртаклар, ғаройиботлар оламига қизиқиши қандай экан?
Дам олиш кунларининг бирида ўғлим билан шаҳримиздаги Пушкин майдонига туташ ерда жойлашган «Эртак шаҳарча»сига келдик. «Шаҳарча»га Дархон томондан кирсангиз бир қўлида найза, иккинчи қўлида қалқон тутган рус «шоҳ»лари сизни қарши олади. Ёғочдан ишланган уйчалар тепасига «Олтин хўрозча»нинг акси туширилган. Фаввора ўрнатилган пастликда эса «Олтин балиқ ва балиқчи чол ҳақида эртак»нинг (А. Пушкин) қаҳрамонлари — ношукр кампир ва беозор чол. Бир қарашда ўзингизни эртак ичига кириб қолгандек ҳис қиласиз.
«Шаҳарча» ота-оналар ва болалар билан гавжумлигидан кўпчиликка бу жой маъқул бўлса керак, деган фикр уйғонади кишида.
— Йўқ, бу жой бизга ёқмайди. Уйчалар синиб ётибди, яхтак ичимликлар йўқ, — дейди ўзини Шавкат Аҳмадов деб таништирган йигит.
— Яна нима кам, деб ўйлайсиз?
— Бирорта ҳам ўзбек халқ эртакларининг қаҳрамонлари қўйилмаган…
— Қандай эртакларни биласан? — деб сўрадим етти ёшли Шаҳноза исмли қизчадан.
— «Олтин балиқча», «Олтин хўрозча»…
— Алпомишни эшитганмисан?
Ҳа, Алпомишни билишмайди. Унинг кучи билагига сиғмаслигини, дўсти деганда жонидан кеча олишини билишмайди… Агар болалар боғчалари ёки кафелари шу ном билан аталганда эди танишарди, қизиқишарди, билишарди… Шаҳримиздаги хўрандалар билан ҳамиша гавжум кафеларга «Буратино», «Колокольчик», «Золотой петушок» деб ном қўйиб ташланган.
Алексей Толстойнинг «Буратино ва олтин калитча» китобчаси рангли ва серсурат ҳолда «Меҳнат» нашриёти томонидан 100 минг нусхада нашр қилинди ва талаш бўлиб кетди. Москвадаги «Болалар адабиёти» нашриётининг шу китобчани кўп минг нусхада чоп этгани бундан мустасно, албатта.
Албатта, аҳвол шу тарзда бўлгандан кейин болалар Алпомишни эмас, Буратинони яхшироқ биладилар ва тасаввур қиладилар…
…Роза Искандерова олти яшар ўғли Артур билан дам олаётган экан.
— Бу ерда Лермонтов қаҳрамонлари бўлишини хоҳлардим, — деб жавоб берди одатий саволга у.
— Артур, мана бу ким?
— «Руслан ва Людмила»даги Кала, манови Матрёнушка…
— Алпомиш, Гўрўғли, уч оғайни ботирларни ҳам биларсиз. Зўр паҳлавонлар-а?
Болакай эътиборсиз қараб турди. Она бўлса:
— Энди ўқиймиз, — деди қизариб.
Ҳа, булар ҳам билишмайди. Алпомишнинг Олпинбий бобосидан қолган, ўн тўрт ботмон биричдан бўлган парли сариқ ёйи борлигини тасаввур ҳам қилишолмайди. Тойча вилоятида, Қалмоқ музофотида, Чилбир чўлида ҳадди баланд Муродтепа деган тепа борлигини, Алпомиш унга оти билан бир ҳаракатда чиқиб кетганини ҳам билишмайди.
Йигирма уч ёшли Ольга Аношкина:
— Алпомиш — бу ўзбекларнинг уйқучи боласи (мальчик спальчик) бўлса керак, — деб жавоб берди.
Суҳбатдошларим тошкентлик Нурия Омонова ва унинг қизи Василиса билан рус тилида суҳбатлашдим.
— Ўзбек халқ эртаклари қаҳрамонларини қизим танимайди. Уларни мана шу жойга ўрнатиш керак, — деди Нурия.
Василиса бўлса:
— «Олтин балиқча», «Олтин хўрозча», кейин жодугар кампирни танийман. Ойим рост айтаяптилар, Алпомишни сиздан эшитишим, — деди бижирлаб.
…Ҳа, биринчи эшитишлари, Алпомишнинг Юсуф талъатли, Рустам сифатли туришини эшитишмаган, тасаввур ҳам қилишмайди (Агар эшитганларида шубҳасиз Юсуфнинг талъатига, Рустамнинг сифатига қизиқишиб, халқ қаҳрамонлари ҳақидаги асарларни ҳам топиб ўқишга ҳаракат қилган бўлардилар). Бундай одам Қалмоқ вилоятида бўлмаслигини, бўлса ҳам пошшоликда бўлишини ўйлаб ҳам кўришмайди… Албатта, кўзга кўринарли кўчалардан бири унинг номи билан аталганда билишарди, «у ким бўлган»? деб биздан илгарироқ қизиқишарди. Ёки бўлмасам газмол, заргарлик дўконларига Қалдирғочбека деб ном қўйилса, шу номда атир ва атирсовунлар ишлаб чиқарилса, албатта болалар, жавоб учун ота-оналар ҳам қизиқишарди. Шунда олий маълумотли инженер: «Алпомиш, ҳалиги, дўмбирада ашула айтса керак», деб жавоб бермаган бўларди…
Менинг шаҳарчадаги сўнгги суҳбатдошларим пойтахтдаги 64-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Жаҳонгир Қуратоев билан шу мактабнинг 1-синф ўқувчиси Равшан Охунжоновлар бўлди. Жаҳонгир ўртоқларига қараганда анча дадил бола экан.
— Мен ҳов анови Матрёнушканинг ўрнида Зумраднинг сурати бўлишини хоҳлардим, — деди у.
Йўқ, Жаҳонгир, укажоним, Зумрадни кўришинг учун Матрёнушкани олиб ташлаш шарт эмас, асло. Ахир шаҳримизда Зумраднинг жисмини ўрнатишга жой камми? Кўп қаватли бинолар оралиғида уч-тўртта сирпанчиқни ўрнатиб, гўёки болалар майдончалари ташкил этганмиз. Меҳнатсевар ва оқила Зумраднинг ўрни ўша ерда эмасми?
— Алпомишни ҳам биларсиз?
— Йўқ-қ…
Булар ҳам билишмайди.
Дарҳақиқат, қаердан ҳам билишсин? Алпомиш ҳақида на киномиз, на мультфильмимиз, на суратли йиғмаларимиз, на энг сифатли қоғозга чоп этилган, кўрган одам олмаса ўзини гуноҳкор ҳис қиладиган китобларимиз бўлмаса. Лоақал унга шу каби «Эртак» шаҳарчалардан ҳам жой бермаган бўлсак…
Катта умидлар билан шаҳардаги, эҳтимолки, ягона ўзбекча ном билан аталувчи, Фурқат номидаги маданият ва истироҳат боғига бордик. Боғ ниҳоятда озода, арғувон дарахтлар, бир-бирига чирмашиб кетган, соя-салқин жой экан. Боғ директори Нина Ососкова ниҳоятда меҳнаткаш, талабчанлиги билан бизга маъқул бўлди. Боғда бу йилдан «Эртаклар майдончаси» бўлиши режалаштириляпти. Аммо бадиий раҳбар билан суҳбатдан шу нарса маълум бўлдики, тайёрланадиган қаҳрамонлар рус халқ эртаклари асосида экан.
— Сизнингча, ўшалар орасида ўзбек халқ эртаклари қаҳрамонлари ҳам бўлса яхшимасми? — дейман директорга.
— Албатта. Сизнинг фикрингизга қўшиламиз. Буни энди айтсак ҳам улгурамиз, — дейди Нина Васильевна.
Ҳа, улгуришади. Аммо бажариладими, йўқми буни вақт кўрсатади.
Катта ниятлар билан «Мовий гумбазлар» ошхонасига яқин жойлашган «Шарқ эртаги» шаҳарчасига бордик. Ёпирай, метро бекати томонидан шаҳарчага кирсангиз салла ўраган, тўртта бир хил арабнамо ҳайкалчалар қўлларида темир қувур ушлаб туришибди (Танланган даврни қарангу темир қувурни қаранг!). Рўпарасида туриб, ҳарчанд тикилмай уларнинг кўз қарашини ва Алдар Кўсага, на Хотамтойга, на Афанди-ю, на Зумрад-Қимматнинг отасига ўхшатолмадим. Сабр билан «шаҳарча» ичкарисига кирдик. Ташқаридан саройни эслатувчи, усти очиқ айвон ёнида икки-уч юк ортган туя, битта тошбақадан бошқа бирорта миллий кўринишни тополмайсиз.
Наҳотки, шарқнинг бор-йўқ бойлиги, эртаклар дунёси уч дона туя билан, бир дона тошбақадан иборат бўлса?
Қозоқнинг от чопганда туёғидан ўт чақнатадиган Қизжибеки, қирғизнинг Манаси қани бунда? Ахир, биз ватанпарварликни, элни, тупроқни севишни қорақалпоқнинг «Қирқ қиз»идан, Гулойимбекасидан ўргансак бўлмасмикин? Ўз номи билан «Шарқ эртаги» шаҳарчасида кўзларида душманга чексиз нафрат ёнган қирқ қизни нега саф торттириб қўёлмаймиз? Ахир уларнинг юрт тупроғи, дея душман билан аёвсиз олишганини ўқиганмиз-ку!
Ёки бўлмаса, Афанди латифаларидан завқ олишни билибмизу, лекин унга мана шу ердан жой беролмаймиз? Алдар Кўсамиз қани, Хотамтойимиз қани, Зумрад, Гўрўғли, Алпомиш, Қалдирғочбека, Барчиной, Маликаи Ҳуснободимиз қани? Оламга машҳур «Минг бир кеча»нинг Шаҳризоди қани?
Биламан, ушбу майдончаларни режалаштирган рассомлар, ҳайкалтарошлар, қолаверса, юқоридан бирор раҳбар: «Бу ерда шарқ эртаклари қаҳрамонлари бўлмасин», деган кўрсатма бермаган. Яна шу нарсага ҳам аминманки, бирор ўзбек ҳайкалтароши ёки рассоми «Шу ерга шарқ эртаклари қаҳрамонлари ўрнатилиши керак», деб таклиф киритмаган, талаб қилмаган.
Кўриниб турибдики, меъёр деган тушунча нафақат саноатда, нафақат ишлаб чиқаришда, нафақат пахта режасини бажаришда, нафақат тилни ўрганишда бузилган экан. Балки Ўрта Осиё халқларининг бой адабий тарихи билан танишиш, уни ўрганиш ва ўргатишда ҳам бузилган экан (Биз шаҳримиз кўчаларига қўзғолончи Степан Разиннинг номини қўйишни унутмабмиз-у, самарқандлик Номоз Ботирнинг номини қўйишни унутибмиз экан). Демак, ҳаммасига биз ўзимиз айбдормиз, лоқайдлигимиз, дунёни иш ва оила ташвиши деб тушунишимиз айбдор.
Аҳвол шундай бўлгандан кейин бизнинг Алпомишни танимаган, унга ўхшаб мард бўлишни орзу қилмаган болани койишга сира ҳаққимиз йўқ. Болаларнинг тарбияси оғирлашиб кетаётганидан нолишга ҳам мутлақо ҳаққимиз йўқ. Боланинг атрофга бепарволигидан койишга ҳаққимиз йўқ.
Турган гапки, боланинг йўргакдаги тарбияси — алладир (Аммо алла ёзилган пластинкаларимиз йўқ). Боланинг тарбияси эртаклар билан чамбарчас боғлиқдир. Аммо болаларимиз тушуниб-тушунмай эртаклар асосидаги русча мультфильмларни томоша қилиб ўтирадилар. Айнан чала тушунганлари учун ҳам, атрофга лоқайд қарайдиган, бефарқ бўлиб қоладилар.
Ўзбекистон телевидениесининг Тошкент области программасида бир-икки сафар ўзбекча эртак ўқилиб, русча мультфильм намойиш этилди. Аммо алласиз — жозибасиз бу кўрсатувни кўргандан кўрмаган маъқул. У ўзига болаларни сираям жалб қилолмади. Агар у ўзбек халқ эртак ва достонлари асосида ишланган ўзбекча мультфильмларни қўйиб борганда эди — болалар унутмаган, эфирга чиқмай қолган куни биз, ота-оналар телевидениега қўнғироқ қилиб безор қилган бўлардик (Гуржистоннинг бир мультфильми бор: бошдан-оёқ грузинча кийинган қуён оёқларининг учида туриб шундай чир айланиб ўйнайдики, гўёки грузиннинг хусусиятини кўргандек бўласиз. Беш ёшли ўғлим Бахтиёр ҳалигача ўша мультфильмни сўрайди, гапириб юради). Ўйланиб қоламан: «Ўзбекфильм»нинг мультцехидагилар ҳам билишмасмикан юқорида номлари саналган қаҳрамонларимизни…
Арзимаган мисол. Чет элнинг «Мадонна» деган рўзғор йиғмасини қайси уй бекаси орзу қилмайди, дейсиз. Хўш, биз ҳам «Барчиной», «Қалдирғочбека», «Маликаи Ҳуснобод», «Зумрад» деган ўз миллий рўзғор йиғмаларимизга эга бўлсак қандоқ бўларкин?
Шу ниятда Тошкент чинни заводининг мусаввири, Ўзбекистон ССР халқ рассоми Ёқубжон Қорабоев билан суҳбатлашдим:
— Кейинги режаларимга «Алпомиш» деган мавзуни танлаганман. Аммо Барчиной, Қалдирғочбекаларни ўйламаган эканман. Буни тезда амалга ошириш керак, — дейдилар-да, жажжигина қутича ичидан катта-кичик қоғозларни олдилар.
Ва «Алпомиш» деб ёзилган қоғозга бир нечта ўзбек халқ эртак ва достонлари қаҳрамонлари номларини ёзиб қўйдилар.
Бу жонкуяр инсон билан хайрлашарканман, кўп нарсаларга ишондим. Қадрсизланаётган қадриятларимизнинг мавқеи қайтишига ишондим. Яна шу нарсага амин бўлдимки, Ёқубжон ака ўша йиғмага суратни шундай чизадики, назари тушган одамнинг юрагидан шаффоф булоқлар отилиб чиқади. Шундай чизадики, сўлиётган гуллар тирилиб, қуриётган дарахт япроқ ёзади. Шундай чизадики, лоқайд ва масъулиятсиз раҳбарларни дўмбиранинг ноласи тинч қўймайди. Шундай чизилиши керакки, Барчиной Боботоғ этакларига келгандек бўлади…
“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил 24 август