Эргаш Умаров. Эски ўзбек алифбоси (1990)

Ошкоралик ва демократия туфайли халқимиз ўзлигини англаб етмоқда. Минг йиллик маданиятимиз тарихида ота-боболаримиз томонидан яратилган ёдгорликларни ўқиб-ўрганиш имконияти туғилмоқда. Энди бу ёруғликдан баҳраманд бўлиш мақсадида эски ўзбек ёзуви бўйича турли ўқув қўлланмалари яратила бошланди.

Лекин бу қўлланмалардаги бир камчилик китоблардан китобларга ўтиб тарқалиб кетмоқда. Ҳозир биз йигирма саккиз араб ҳарфига тўртта форсий белгини қўшиб, эски ўзбек алифбоси ўттиз икки ҳарфдан иборат деб таълим бермоқдамиз. Ваҳоланки, ўзбек тили учун энг зарур уч ҳарф: алифу вов, алифу ёй, бурун товуши «нг» бу алифбодан тушиб қолмоқда. Биз ана шу камчиликнинг олдини олиш учун дарсликларни, умуман, эски ўзбек алифбосини такомиллаштириш керак деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун дарслик тузаётган олимлар қадим ўзбек (туркий) ёдгорликларидаги маълумотлардан тўла фойдалансалар яхши бўлар эди. Жумладан, дарсликдаги сўз бошида келиб у ва ў ҳарфларини кўрсатувчи алифу вов, э ва и ҳарфларини акс эттирувчи алифу ёй графемалари махсус ҳарф сифатида алифбога киритилиши керак. Чунки бу белгилар мустақил ҳарф сифатида XI асрда битилган Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асаридан то XIX аср ёдгорликларигача кенг ишлатилган. Бу белгилар тилимизда мустақил ҳарф сифатида ишлатилганлигини Улуғбек, ўзбек сўзлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Араблар бу сўзларни алиф билан Алғбек, азбак шаклида ёзсалар, ўзбеклар уларни алифу вов ҳарфлари орқали ўз талаффузига мос равишда Улуғбек, ўзбек шаклида ишлатадилар. Шунингдек, алифбога ўзбек тили учун хос бурун товуши «нг» киритилиши керак. Бу товуш араб ёзувидаги ҳамма ёдгорликларда нун ва коф ҳарфлари бирикмаси воситасида кўрсатилган. Қадимги ўзбек луғатшунослари бу ҳарфни алоҳида қайд этганлар. Жумладан, Султон Ҳусайн буйруғи билан тузилган «Бадойи ул-луғат» муаллифи Толи Ҳиравий ўнг сўзи изоҳида н ва г ҳарфлари бирикмаси бир товушни билдиради, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди, деб кўрсатади.

Тилимизга хос бу уч белги (алифу вов, алифу ёй, бурун товуши нг) эски ўзбек алифбосидан ўзининг қонуний ўрнини олиши керак. Шунда алифбомиз янада пухта ва мукаммал бўлади.

Ва ниҳоят, яна бир ҳарф — алифи мамдуда ёки маддали алиф тўғрисида алоҳида тўхталиш лозим. Баъзи олимлар алифи мамдуда эски ўзбек тилида «о» ҳарфини ифодалаган десалар, бошқалари чўзиқ а ҳарфини акс эттирган деган фикрдалар.

Агар алифи мамдуда«о» ҳарфини ифодаласа, уни эски ўзбек алифбосига алоҳида ҳарф сифатида киритиш керак, агар чўзиқ а ни ифодаласа киритиш керак эмас.

Бизнингча, кўпчилик туркшунос олимларнинг фикрларига ҳамда қадим туркий қомуслардаги маълумотларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, алифи мамдуда — чўзиқ а ни ифодалаган. Шунинг учун уни эски ўзбек алифбосига мустақил ҳарф сифатида киритиб бўлмайди.

Эргаш Умаров, ЎзФА Тил ва адабиёт институтининг катта илмий ходими, филология фанлари номзоди

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 9сон