Ёзувчи Олим Отахонга очиқ хат
Олимбой! Кеча мендан эътиқод ҳақида сўраб қолдингиз. Имон-эътиқодли одам қандай бўлиши кераклиги ҳақида тасаввуримиз хиралашиб қолган экан шекилли, дабдурустдан бирон нарса дейишга иккиландим. Сиз ҳам шундай аҳволда юрганингиз учун ўзингизни қийнаётган муаммони мен билан ўртоқлашмоқчи бўлгансиз. Дунёнинг ишлари шу қадар чигаллашиб кетганки, уни фақат баҳамжиҳатлик билан ҳал этиш мумкин. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, деб бежиз айтишмаган-ку. Сабаби, кўпчилик фақат ўз ташвишлари билан ўралашиб, жамиятнинг аҳволи ҳақида ўйламай қўйган, бировнинг қайғусини ҳис этмайдиган бўлиб қолган. На худодан, на бандадан қўрқмайдиган шахслар кўпчиликка бош бўлиб олганига, таълим-тарбия берадиган, маърифатга чорлайдиганларнинг виждони тоза эмаслигига кўникдик. Бефарқлик қонимизга сингиб кетди. Қаердаки бефарқлик ҳукмрон экан, у ерда адолат тантана қилиши, одамлар бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиши, юксак ғоялар учур жонини фидо этиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Шарқ мутафаккирларидан бирининг: «Ҳуббул ватани минал имон», яъни ватанни севиш имоннинг нишонасидир, деган гапи бор. Чиндан ҳам ватанни севиш учун имонли, виждонли одам бўлиш керак. Ватан-ку бир парча замин, шу тупроқда яшаётган одамларни севиш, уларга яхшилик қилиш учун қандай сифатларга эга бўлиш керак?
Эътиқодли одам бўлиш учун фақатгина Ватанни ёки халқни севиш кифоя қилмайди. Барча инсоний фазилатлар эътиқоднинг маълум қирралари холос. Кимки ўзини таниса, роббини танийди, деган ҳикмат бор. Одам ўзини танимагунча на ватанини, на халқини севади. Бунинг учун инсон илм-маърифатли бўлиши керак. Маърифатли одам инсониятга тааллуқли ҳамма нарсадан баҳра олади, динга ҳам, тарихга ҳам, урф-одатларга ҳам ҳурмат билан қарайди. Афсуски, бизда шу пайтгача бунинг аксича бўлиб келди. Ҳалигача тарихимизни, улуғ алломалар ҳаётини, адабиётимизни бир ёқлама, ўзимизнинг тор қолипимизга солиб ўрганяпмиз. Бу ҳалигача биз ўзимизни танимаганимизни кўрсатади. Ваҳоланки, «Огонёк» журнали саҳифаларида инсоният тарихидаги ҳеч қандай ҳодисани, шу жумладан динни ҳам четлаб ўтмаслик кераклиги ҳақида фикрлар айтиляпти. «Инжил» шундай тарихий обидаки, бу китобсиз фақат ўтмишдаги тарихни эмас, балки инсоният тараққиёти босқичларини ҳам билиш маҳол», — деб ёзади Днепропетровск дорилфунунининг илмий коммунизм кафедраси доценти С. И. Жук. Биз эса Қуръоннинг аҳамиятини ўрганиш тугул бу китобда нима ёзилганига қизиқишдан ҳам чўчиймиз. Бу қўрқув қачон пайдо бўлди? Нега одам одамдан қўрқиши керак? Дин шундай таълим берадими? Ахир «Инсонларнинг ҳаммаси худди тароқнинг тишидек тенг қилиб яратилган», деган доно фикр бор-ку. Ҳамма тенг экан, нега бир халқнинг вакили айтган фикрни иккинчи халқнинг вакили ўртага ташлолмайди? Нима монелик қилади бунга? Қўрқув!
Қўрқув — имони заиф, эътиқодсиз одамга хос хусусият.
Тарихдан маълумки, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Навоий сингари даҳолар имонли, эътиқодли бўлгани учун ўлмас асарлар яратишган. Афсуски, биз уларга муносиб ворис бўлолмаяпмиз. Бунга жуда кўп нарсалар қатори эътиқодимизнинг сустлиги монелик қиляпти. Оқибатда, шахсимиз ҳам, адабиётимиз ҳам ўртамиёна савиядан нарига ўтгани йўқ.
Тўғри, Совет Иттифоқида 1923 йилдан то эллигинчи йилларнинг ўрталаригача мисли кўрилмаган хунрезликлар юз берди. Ватан учун, янги ғоя учун жонини фидо қилган кишилар таъқиб остига олинди, қамалди, сургун қилинди, отилди. Урушда тасодифан ёки мажбуран асирга тушганларнинг ҳаммаси ажал лагерларига жўнатилди. Шу ўринда Шарқ мутафаккирларидан Жомий Тирмизий келтирган ҳикматни эслатиб ўтиш ўринли: «Одамлар кўра била туриб золимга ихтиёр берса, унинг қўлини қисқартириш чорасини кўрмаса, уларнинг ҳаммаси баробар азобда қолади».
Тўғри, тарих ҳақида четдан туриб ҳукм чиқариш осон. Агар ўттизинчи йилларда яшаганимизда эҳтимол биз ҳам бу воқеалардан четда қолмаган бўлардик. Лекин, барибир, вақтли матбуот саҳифаларини варақлай туриб, ҳайратдан ёқа ушлайман. Биз худони рад этиб, диний эътиқодларни топтаб, ўзимиз ботил худо яратдик, унга сажда қилдик. М. Исаковский, М. Рильский, А. Сурков, Ҳ. Олимжон, Ғ. Ғулом сингари улкан шоирлар ҳам Сталинни мадҳ этиб, шундай асарлар яратишганки, ҳали худо ҳам бунчалар таъриф-тавсиф этилмаган. Гапимнинг исботи ўчун машҳур бастакор Исаак Дунаевскийнинг 1949 йилда нашр этилган китобида чиққан хатидан бир парча келтираман: «Сталин фақат бизнинг давримизнинг буюк одами эмас, инсоният тарихида биз улуғворлик ва буюкликнинг, маълум ва машҳурликнинг, ҳурмат ва эҳтиромнинг бунчалик зўр ифодасини кўрмаганмиз. Биз у билан замондош, иш фаолиятида лоақал кичкинагина хизматчи бўлганимиздан фахрланишимиз керак. Афсуски, биз (айниқса ёшлар) Сталиндек одам биз билан бир ҳаводан нафас олаётганини, битта осмон остидаги заминда бирга яшаётганимизни унутиб қўйяпмиз».
Бу одамни худога айлантириш эмасми? Ваҳоланки, орадан кўп ўтмай Сталин мукофоти билан тақдирланган буюк бастакор ўз жонига қасд қилди. Кавказ тарихини ёзган олим Гусейнов «Башар қуёши» инъом этган мукофот билан тақдирланганидан кейин боғидаги дарахтга ўзини осди. Фадеевдек истеъдодли ёзувчи ўзини отди. Ўзимизда-чи? Чўлпон, Фитрат, Элбекнинг номига қора чаплаганлар, Абдулла Қодирийни, Усмон Носирни ўлимга ҳукм этганлар, Мақсуд Шайхзодага ўла-ўлгунча азоб берганлар, Ҳамид Сулаймоннинг ўн беш йиллик умрини сургунда ўтказганлар ҳали ҳам орамизда юрибди. Улар виждон азобига чидолмай ўз жонига қасд қилишдими, ҳеч бўлмаса ҳамма айбни даврга ағдариб узр айтишдими? Йўқ. Улар энг катта мукофотлар билан тақдирланиб, фахрли унвонлар олиб, давраларнинг тўрини эгаллаб, минбарларда чиройли нутқлар сўзлаб юришибди. Улар кечалари хотиржам ётиб ухлашади. Сизга ўхшаб эътиқод сусайиб кетаётгани ҳақида қайғуриб, изтироб чекишаётгани йўқ.
Олимбой! Ленин асос солган жамият доҳийнинг вафотидан кейин кимларга қолганини, социализм хақида қандай чалкаш фикрлар уйғотишганини биз энди рўй-рост кўриб турибмиз. Ленин диндорларга чуқур ҳурмат билан қарагани ҳолда коммунистлар ҳам ўз эътиқодига содиқ, ҳар томонлама покиза одам бўлиши керак, деб таълим берган эди. Афсуски, Лениндан кейин давлат тепасига чиққан одамларнинг фаолиятига назар ташласак, этимиз сесканади. Сталин ашаддий хунхўр, каллакесар бўлиб чиқди, Жданов, Молотов, Берия, Ежов, Ворошилов, Микоян шафқатсизликда ундан қолишмаслиги репрессиядан тасодифан омон қолган давлат арбобларининг, ёзувчиларнинг хотираларида баён этиляпти.
Сталиндан кейин давлат тепасига келган Хрушчев мамлакатни бутунлай парокандаликка солди, қишлоқ хўжалиги, айниқса, чорвачиликни издан чиқарди, одамларни бир бурда қора нонга зор қилиб қўйди.
Брежневнинг кўрсатган кароматларини гапиришга тил бормайди. Ўзи таъмагир, шуҳратпараст бўлгани етмагандек, куёвининг порахўрлигини, қизининг давлат миқёсида тиллафурушлик қилганини айтмайсизми? Турғунлик деб ном олган йилларда биз «Доҳий»ни бақрайтириб қўйиб, сизнинг ғояларингиздан руҳланиб фазога учяпмиз, янги ер очяпмиз, китоблар ёзяпмиз, деб ялтоқлик қилдик. Бундай кимсаларни ер ютгани йўқ, ҳали ҳам уларнинг ошиғи олчи. Ошкоралик ниқоби остида энди қайта қуришга киришиб, меҳнаткашларнинг дунёқарашини ўзгартириш билан шуғулланиб юришибди. Шундай кимсаларни кўриб, Маркснинг «Худо одамни эмас, одам худони яратган» деган фикрига ишонгинг келади. Сабаби, биз кўп худоларни, республикаларда эса худочаларни яратдик, ҳокимият тепасида турганда уларга сиғиндик, амалдан олиниши ёки ўлиши билан кирдикорларини фош этиб, устидан мағзава тўкдик.
Совет Иттифоқи ер юзидаги худони рад этган биринчи давлат. Лекин, худони инкор қилган ҳолда унга шунчалик эҳтиёж сезарканмизки, илоҳсиз кунимиз ўтмас экан (Эҳтимол, одамнинг табиати кимгадир сиғинишга, кимдандир мадад олишга мослаб яратилгандир). Оқибатда, ўзимизга ўхшаган одамларни худди юнонлар македониялик Александрни худолар қаторига қўшгандек маъбудага айлантирдик. Алалоқибат, македониялик Александр «Бевақт ўлим топаётганда ажабланиб: «Мен худо бўлсам, нега ўляпман», деб кўнглидан кечирган. Худди шунга ўхшаб Сталин ўлганда унга сиғиниб, унга суяниб ўрганиб қолган одамлар: «Йўқ, бундай зот ўлиши мумкин эмас, ахир у бизни урушдан олиб чиқди, унингсиз фашизмдан қутулолмасдик», — дея хитоб қилишган. Аслида мана шу оми, соддадил одамлар ўзларини ҳам, бутун мамлакатни ҳам бало-қазолардан асраб қолишган, тўкилган қонлар, берган қурбонлар эвазига уруш офатини даф этишган.
Ўзбекистонда то эллигинчи йилларгача нималар юз берганини бир эсланг: ҳамма имонли, эътиқодли одамлар бесўроқ отилди, араб имлосини билган, бу ёзувда китоб ўқиган кишилар йўқотилди, миллий урф-одатлар оёқости қилинди, миллий ғурур топталди, ҳатто олтмишинчи йилларда тўйда карнай-сурнай чалиш эскилик сарқити сифатида тақиқланди, етмишинчи йилларда болаларни хатна қилдиргани учун партиявий жазо берилди. Саксонинчи йилларнинг ўрталарида ўлган отасига жаноза ўқитгани ёки мозорга бориб кўз ёши тўккан одам шармандаларча ишдан олинди. Бу калтабинликларни халқ эмас, республика раҳбарлари ўйлаб топишди. Улар худди ўттизинчи йиллардагидек, одамларни баҳор байрамини нишондашдан маҳрум қилишди. Бунга эътироз билдирган ёзувчиларни сиёсий кўрликда айблашди. Ўша кунларда Асқад Мухтордек ҳурматли ёзувчимиз ножўя ҳаракатларга эътироз билдириб, ўз сафдошларини ҳимоя қилса бўлмасмиди? Абдулла Ориповдек таниқли ва талантли шоир жасоратли қаламкашларни ёқлаб эмас, нуфузли раҳбарларга хуш келадиган шеърлар ёзди. Бугун у доҳийчалар йўқ. Аниқроғи, улар қамоқда. Энди бир-биримизнинг юзимизга қандай қараймиз. Мен давлат жиноятчиси деб эътироф этилган Шароф Рашидов ҳақида асар ёзган Мирмуҳсин, уни асарларига прототип қилиб олган ва саховатларидан баҳраманд бўлган Ҳамид Ғулом, «Кашмир қўшиғи»га сўзбоши ёзиш бахтига мушарраф бўлганидан боши кўкка етган Туроб Тўла ва бошқа ўнлаб қалам соҳиблари бугун тавба-тазарру қилмаётганига, халққа эмас, раҳбарларга ёқиш учун интилиб яшашнинг фожиаларини очиб, ёшларни ҳушёрликка ундамаётганига заррача ажабланмайман. Ҳар кимдан яраша нарса талаб қилиш керак. Тўғри эмасми?
Рус ёзувчилари ўттизинчи йилларда қораланган қаламкашларни оқлаш, чет элга кетиб қолганларнинг асарларини чиқариб, элга танитиш ғамини еяётган бир пайтда ўзбек адиблари нималар қилиб юришганини кўрмаяпсизми? Орамизда ҳалигача Чўлпону Фитратларни оқлашга монеълик қиладиганлар, ҳатто беш аср муқаддам яшаб ижод этган Бобурдек буюк алломага ўзининг гази билан баҳо бериб, қоралайдиганлар бор. Сиз эса мендан эътиқод ҳақида сўраяпсиз. Эътиқодни қўйинг, орамизда виждони тоза одам топиладими, деб сўранг. Эҳтимол бу саволингизга жавоб бериш осонроқдир.
Олимбой! Негадир бизда юлғич, виждонсиз деган иборалар фақат савдо ходимларига нисбатан ишлатилади. Уларнинг юлғичлиги исботталаб гап эмас. Лекин савдо ходимлари орасида мард, муҳтож қўшнисига ёрдам қўлини чўзадиган, маҳалланинг юмуши учун жон-тани билан хизмат қиладиганлари ҳам бор-ку. Афсуски зиёлиларнинг, ҳаттоки ёзувчиларнинг орасида бировга астойдил жони ачиб ёрдам берадиган мардни учратганим йўқ. Ойбек домла ёшларга беғараз ёрдам берганини кўп эшитганмиз, М. Пришвин қартайган чоғида нашриёт директорига қўнғироқ қилиб, икки жилдлик танланма асарлар ўрнига тўртта ёш ёзувчининг китобини чиқаришни ўтинганини, Твардовский В. Тендряковнинг, Ф. Абрамов Ч. Айтматовнинг асарларини юрак ютиб чиқарганини, кўпгина бошловчи қаламкашларга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам берганини биламиз. Бироқ, бугунги тирик ёзувчиларимизнинг қайси бири бу зоти муборакларга ўхшайди? Наҳотки олижаноблик, инсонпарварлик удумдан чиқиб кетган бўлса? Ваҳоланки, шарқ мутафаккирлари: «Ўзингга раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўр», — деб таълим беради. Нега биз унга амал қилолмаяпмиз? Нега ҳамма фақат ўз манфаатию, ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлайди? Ахир, инсоннинг ҳаракатига яраша баракат берилишини, бахилнинг боғи кўкармаслигини ҳамма яхши билади-ку. Нега билатуриб… Қўйинг, беҳуда саволлар билан бошингизни қотирмай, бунинг сабаби аён — имон, эътиқод йўқолган.
Сиз аргентиналик ёзувчи Хулио Кортасарнинг «Изма-из» ҳикояси ҳақида тўлқинланиб гапирганингиз ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳикоя қаҳрамони ўтмишда яшаган классик шоир ҳақида жуда ажойиб асар ёзади. Унинг асари шов-шувларга сабаб бўлади. Уни юксак лавозимга, мукофотларга тавсия этишмоқчи бўлган пайтда асар қаҳрамони ўзи кўкларга кўтарган классик шоирнинг аслида ўта разил, манфур кимсалигини аниқлайди. Ўз қўли билан маъшуқасига ёзилган тўртинчи хатини топади-ю, барча имтиёзлардан воз кечиб, классик шоирнинг муртадлигини фош этишга киришади.
Бу ҳикояни эслаганимнинг сабаби, бизнинг ҳаётимизда ҳам шунга ўхшаш ҳодисалар тўлиб-тошиб ётибди. Кечагина беқиёс заковот эгаси, тенги йўқ ташкилотчи дея кўкларга кўтарган кишиларимиз бугун давлат жиноятчиси бўлиб чиқяпти. Лекин ҳалигача бирон ёзувчимиз Кортасарнинг қаҳрамонидек ўз руҳиятини ҳам, ён-веридаги одамларнинг тасаввурини ҳам ағдар-тўнтар қилиб ўзига қарши, айни вақтда шу пайтгача юритилган нотўғри сиёсатга қарши бош кўтаргани йўқ. Йўқ, мен ундай қаламкашларга тиз чўкиб хато қилгани учун кўз ёши тўксин демоқчи эмасман. Аксинча, ўша ёзувчилар ўзларининг аччиқ қисматлари, йўл қўйган хатолари, таъмагирликлари туфайли юзтубан кетганлари мисолида ёшларни ҳушёрликка чақиришлари лозим деб ҳисоблайман. Бундан фақатгина адабиётимиз эмас, балки келгуси авлод ҳам манфаат кўради, адолат тикланади. Виждонимиз покланмаса-да, лоақал гарди кетади. Шунинг ўзи ҳалоллик, покланиш сари қўйилган қадам-ку. Бугунги ошкоралик, Бутуниттифоқ XIX партия конференцияси белгилаб берган йўл шуни тақозо этади. «Ошкоралик, танқид ва ўз-ўзини танқид пировардида халқ манфаатига хизмат қилади, жамият сиёсий таркибини рўй-рост акс эттирибгина қолмай, унинг куч-қудратини, ҳаётийлигини, маънавий соғломлигини намойиш этади», дейилади бу анжуманда қабул қилинган ҳужжатда.
Куни кеча сиз таниқли бир олимнинг телевидениедаги мунофиқона чиқиши ҳақида куюниб гапирдингиз. Эътибор берган бўлсангиз гапингизга ҳеч қандай муносабат билдирмадим. Куюнишингизни ёшликка, қизиққонликка йўйдим. Олимбой, кимларгадир яхши кўриниб, тузукроқ амалга кўтарилишдан бошқа қайғуси йўқ бу одамдан нима кутиш мумкин? Аслида фан доктори, академик унвонига сазовор одам халқ манфаати учун катта ишлар қилиши керак. Академик Сахаровнинг, Вегасовнинг ядро физикаси соҳасидаги кашфиётларини ҳамма билади, профессор Нозима Деҳқонхўжаеванинг илмий изланишлари, халқ саломатлигини сақлаш йўлидаги ишлари таҳсинга сазовор, академик Отабой Эшоновнинг тарихимизнинг қора чапланган саҳифаларини очишдаги уринишлари кишини қувонтиради. Лекин сиз айтаётган олим фанга, халққа нима берди? Қайси асари қўлма-қўл қилиб ўқилади? Тарих билан шуғулланадиган бу олим Ўрта Осиёнинг Россияга ўз ихтиёри билан қўшилмаганини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида монументал китоб ёзиши мумкин эмасми? Мумкин. Бунга у кишининг илми ҳам, қобилияти ҳам етади. Лекин ёзмайди. Ёзолмайди! Майли, қайсидир нобакор тарихимизни юз карра сохталаштирсин, неча минг йилдан бери инсоният не-не алломаларни берган энг қадимий, энг маданиятли, энг саводли туркий халқини бор-йўғи рус алфавитини билмагани учун ялписига саводсизга чиқаришсин, инқилоб арафасидаги маданий ҳаётимизда прогрессив ишлар қилган янгилик тарафдорлари бўлмиш жадидларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш тақиқлансин, адабиёт тарихимизда Ҳамза билан бирга ўнлаб истеъдодли шоирлар бўлганини атай сир тутсин, бугунги кунга келиб халқ пахтага сепиладиган ўнлаб заҳарли дорилардан қирилиб кетсин, туғиш чеклансин — у кишига барибир. Муҳтарам академик ҳамма нарсага кўз юмиб, тилини тишлаб юраверади, ишқилиб, лавозимидан, ҳурмат-эътиборидан маҳрум бўлмаса бас.
Қачонки кишининг виждони ўлса, имон-эътиқоддан айрилса, унинг вужудини бефарқлик карахтлиги эгаллайди. Ҳозир адабий ҳаётимизда шундай карахтлик ҳукм сурмаяптими? Биз мақтаб, классикка чиқариб қўйган ёзувчиларнинг асарлари ҳеч қандай маънавий фазилатларга эга эмаслигини ҳеч ким юрак ютиб айтмаяпти-ку. Не-не фан докторлари, кандидатлар олимман дея кўкрак кериб юришибди. Улар адабий танқидчи эмас, аслида адабий маддоҳлардир. Ўтган йилги йиллик проза йиғилишидаги сизнинг чиқишингиздан беҳад қувондим. Ваҳоланки, мажлис раиси сўзлаш имтиёзи берилган вақтингиз тугаганини, олдин Нобель мукофоти олинг-да, кейин бошқаларга ақл ўргатинг, қабилида луқма ташлаб бемалол гапиришингизга имкон бермади. Ўшанда сиз танқидчи Умрзоқ Ўлжабоевга: «Сиз менинг нарсамни умуман ҳикоя эмас дегандан кўра, бу нарса ўғирланган десангиз қувонардим. Сабаби, бу ҳикоямни Кортасарнинг «Васваса» ҳикоясига тақлид қилиб ёзганман», дедингиз. «Васваса» жаҳон халқларининг ўнлаб тилларига таржима қилиниб, севиб ўқилса-ю, ўзбек адабиёти мутахассиси шу руҳдаги асарни умуман ҳикоя эмас деб ҳисобласа. Бу нима, фикрий мажруҳликми ёки саводсизлик? Биз ҳалигача бир пайтлари ёзилган адабиёт дарсликлари савиясида фикрлаймиз. Бу ўз ишимизга виждонан ёндошмаслигимиз, зиммамизга одамларни маърифатли қилиш масъулияти юклатилганини ҳис этмаслигимиз оқибатидир. Нега бизда адабий танқиднинг савияси бунчалик паст? Эҳтимол, адабиётимиз танқиддан паст турар? Эҳтимол… Ҳар қандай эҳтимолларга барҳам бериб бор маҳсулотимизнинг ўзини нега холис баҳоламаймиз. Ёки В. Астафьев: «Менинг назаримда танқидчи фаррош бўлиши, тасарруфимиздаги майдонни ҳар хил хору хаслардан тозалаши керак. Бироқ ўнлаб докторлар, академиклар орасидан фаррошликка лойиқ одам топмадим», деганидек бизда ҳам чинакам фаррош йўқмикин?
Олимбой, Андерсеннинг яланғоч подшо ҳақидаги эртаги эсингиздами? Унда шир яланғоч нодон подшони: «О, кийимингиз мунча чиройли, мунча ўзингизга ярашган», қабилидаги гаплар билан лақиллатишади. Ҳеч ким унинг эгнида ҳеч вақоси йўқлигини айтишга журъат этмайди. Алалоқибат шундай мард топилади-ю, подшо ўзининг алданганини билади. Вақти келиб биз ҳам шундай аҳволга тушиб қолмасмикинмиз?
Кейинги пайтларда матбуот саҳифаларида Ўзбекистон халқ ёзувчилари Мирмуҳсин, Иброҳим Раҳим, профессор Ҳафиз Абдусаматовнинг чиқишларини ўқиб, ҳайратдан ёқа ушладим. Улар ошкораликни шахсий иддаоларини айтиб, шармисорлик қилиш имкони деб тушунишган шекилли. Ёши етмишга бориб, бу дунёдан у дунёси яқинлашиб қолган одамларнинг дилида наҳотки халққа айтадиган зарур гаплари, ушалмаган орзулари, вужудини сирқиратадиган ўкинчлари, адабиётимизнинг катта дардлари, халққа тўкиб соладиган армонлари бўлмаса?
Бу нарсаларни ўйласанг миянгда санчиқ туриб, юракларинг эзилиб кетади. Афсуски, ўйламай иложинг йўқ. Сабаби, бугунги ошкоралик шунга ундайди, токи, биздан кейингилар яланғоч подшонинг аҳволига тушиб, фақатгина оғриқли муаммолар билан эмас, маънавиятни юксалтирадиган масалалар билан шуғулланишсин, одамларга кўпроқ фойда етказишсин.
Инсон виждонини қийнайдиган ишларни қилмаслиги керак. Бунинг учун ўзини таъмадан тийиши, хусусан ўзига ўхшаган одамдан бирон нарса умид қилмаслиги лозим. Таъмагир худди суяк тутган эгасининг олдида думини ликиллатиб турган итга ўхшайди. Эътиқодли одам ҳеч қачон, ҳеч кимдан мурувват кутмайди. У фақат ўзига ишонади, виждонига қулоқ солиб яшайди. Ер юзида биттагина имонли одам бор экан, қиёмат бўлмайди, деган башорат бор. Мен шу башоратга ишонаман. Ҳамонки, ҳали қиёмат бўлмаётган экан, ён-веримизга холис кўз ташлашимиз, эътиқодли кишиларни топсак, бошимизга кўтариб юришимиз керак.
Эътиқод — инсонни тубанликдан, ҳар қандай таъмадан, разолатдан асровчи ҳидоят нури! Лекин бу нарса ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Эътиқодли одам ўзига раво кўрган нарсадан тезроқ бошқаларни ҳам баҳраманд этишга шошилади.
Олимбой, етмиш йилдан бери алдов-қалдовлар билан ўзимизни алдаб яшадик, қўлбола худоларга чўқиниб, разолатга юз тубан кетдик. Келинг энди ошкоралик, тенглик шабадаси эсган бугунги дориламон кунларда «ҳақиқатни ботил, ноҳақ нарсаларга ўраб яширманглар, уни халқ кўзидан пинҳон тутманглар», деган доно ҳикматга амал қилиб одамларнинг қалбига эътиқод нурини етказишга уринайлик, шояд ер юзида имонли, покдомон одамлар сони кўпайишига сабаб бўлсак…
Эҳтиром билан Эмин Усмон.
“Ёш куч” журнали, 1989 йил, 3-сон