Асад Асил. Қўш муаммо ҳақида (1989)

“Тошкўсак”ка айланмасин

“ Таёқнинг икки учи бор. Бир томони билан бировни урсанг, иккинчи томони ўзингга тегади…” Халқимиз бисотида бундай тагли гаплар кўп. Улар аччиқ ҳаёт ҳақиқати. Улар – дилидагини тилига чиқара олмаган, юрак-бағрини ўртаб ётган дардини, ноҳақликлар туфайли туғилган ғазабини очиқ-ойдин айтиш имконига эга бўлмаган зукко одамларнинг пардага ўралган исёни.

Барибир таёқнинг икки учи борлигини унутмаслик керак, чамаси. Ҳамма гапиряпти, дилида туғён ураётган дарду ҳасратларини, кўрган, билган ва эшитган муаммоларини дангалига кун тартибига қўйяпти. Бу-ку, яхши. Аммо, ижро-чи? Ўртага ташланган муаммолар ҳал қилиняптими? Ижрони таъминлаши керак бўлган масъул ўртоқларимиз мабодо “тошкўсак”ка айланиб қолмаяптими?..

“Тошкўсак” сўзининг маъноси баъзиларга қоронғидир, балки. Дейлик, болалар шохдаги пишмаган ёнғоқни тош ва кесаклар билан ёвлаб, тушириб олмоқчи бўладилар. Тош ва кесаклар тегаверади, пўстлоқларини тирнаб, тўзғитиб ҳам юборади-ю, ёнғоқ тушмайди. Чунки унинг банди қаттиқлашиб, “тошкўсак” бўлиб қолган. Ҳар қандай зарба унга таъсир этмайди…

Экологик мушкулларни бартараф этиш, хусусан, Бўстонлиқ табиатини сақлаш учун масъул айрим ўртоқлар ҳам “тошкўсак”ка “айланиб кетган” кўринади. Ҳаммага маълум: Бўстонлиқ ҳавоси ва суви – фақат туманнинг ўзи учунгина эмас, балки йирик саноат шаҳри Чирчиқ, республикамиз пойтахти Тошкент, қолаверса, бутун Ўзбекистон учун ҳаётий зарурат. Шу боис Чотқол тоғларидан бошланувчи Чирчиқ дарёси, Чотқол шамоли мусаффолигини сақлаб қолиш учун бутун республика аҳли курашди, натижада бир тўхтамга келинди. Яъни, бу туман бағрида ҳар қандай йирик корхона қуриш қатъий таъқиқланади. Бўстонлиқ келажакда миллий боққа айлантирилади… Шу ҳақда туман партия конференциясида, вилоят ва республика миқёсидаги давраларда қайта-қайта айтилди.

Яқинда Бўстонлиқда қурилаётган йирик бир корхонанинг бошқа ёққа кўчириб юборилишини амалий натижанинг бошланиши, деб билмоқ керак, албатта. Халқ талабининг инобатга олиниши бўстонлиқлик меҳнаткашларни жуда хурсанд қилди. Лекин орадан кўп ўтмай тарқалган бир совуқ хабар кўпчиликнинг кўнглига яна муз солиб қўйди. Гап шундаки, Бўстонлиқнинг энг кўркам ва манзарали жойида яна бир катта корхона қурилиши бошлаб юборилган эди. Ажойиб боғ-роғлар ва кўчатзорлардан ташкил топган 52 гектар майдонни қурилиш учун эгаллаб олган Чирчиқ шаҳридаги “Узбекхиммаш” заводи раҳбарлари ўз ниятларига эришиш учун ҳар қандай “миш-миш”лар тарқатишдан қайтмаяптилар. Гўё бу қурилиш анчайин (52 гектар) филиал эмиш, атроф-муҳитга заррача зарари тегмасмиш… Бу ваъдаларнинг таги пуч эканлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Ахир, эллик икки гектардаги боғ ва кўчатзорлар йўқ қилинади-ю, атроф-муҳитга зарар етмайдими?! Бу улкан қурилишнинг яна бир катта ташвишли томони бор. У ёнгинасидан ўтаётган Чирчиқ сувининг тозалигига жиддий хавф туғдиради. Шу ўринда завод раҳбарлари, қолаверса, ёлғон ваъдаларни кўпайтириб юбораётган баъзи “тошкўсак” ўртоқларга бир гапни айтгимиз келади: тобора ифлосланаётган Чирчиқ дарёси сувидан ўзларингиз ҳам ичяпсизлар-ку! Таёқнинг бир учи ўз бошларингизда синаётганини наҳотки, ҳис этмаётган бўлсангиз?!

МИЛЛИОН ДУМАЛАСА ҲАМ

Ичаётган сувимизнинг нақадар тез ифлосланиб бораётгани ҳақида ҳозир ҳамма гапирмоқда. Ҳар қанча аччиқ бўлса-да, бор ҳақиқат гапирилмоқда. Чирчиқ дарёсининг бир ўзани бўлмиш Бўзсув ифлослана-ифлослана шу даражага етдики, қараб туриб, унинг чиндан ҳам сув эканига кишининг ишонгиси келмайди. Бунчалик ифлос нарсалар сувга қаердан қўшиляпти? Чирчиққа қуйилувчи тармоқ булоқларнинг анча қисми тоғ қишлоқлари оралаб ўтади. Хўш, тоғ томонларда яъни сувнинг бошида аҳвол қандай?

Мен тоғ қишлоқларининг кўпчилигида бўлганман. У жойлардаги аҳвол, сувга муносабат хусусидаги тубан кетишлар шундоққина кўз ўнгимизда содир бўляпти. Қадимий бу қишлоқлар тоғдан келувчи сойлар, булоқларни ёнариқлар орқали буриб келиниб, сув билан таъминланардилар. Ёнариқлар суви экинзорлар, боғ-роғларни ҳам яшнатган. Мироблар сув тозалиги ва дахлсизлигини кечаю-кундуз назорат қилишарди…

Аммо энди қадимги мироблар йўқ. Қадимги саришталик билан ҳозирги аҳвол орасида осмон билан ерча фарқ бор. Кўпчилик ҳаром билан ҳалолнинг, тоза билан ифлоснинг фарқига бормай қўйди. Одамлар қадим сувни табиатнинг табаррук инъоми сифатида қадрлар эдилар. Энди бўлса ариқ ва сойларни кўра била туриб, ифлослик манбаига айлантирмоқдалар. Кукун, кул, нишхўрд, супуринди ва бошқа чиқиндиларини сувга тўкмайдиган бирон инсофли хонадонни топиш мушкул бўлиб қолди. Бу ҳам бир нави экан, бора-бора гўнгтепаларни, ҳатто, молхоналарни ариқ ёқасига ўрнатиш одат тусига кираётганини айтмайсизми?! Янада даҳшатлироқ бир одат пайдо бўлибди: ариқ ичида кир ювадиган бўлишибди!

Сув етти думаласа ҳалол бўлармиш! Афсус, ҳозирга келиб, сув миллион марта думаласа ҳам ҳалоллана олмаяпти. Аксинча, хонадондан хонадонга ўтган сайин ифлосликларга тўйиниб, бўтанага айланиб, тобора булғаниб боряпти…

Сув муаммосининг иккинчи томони бундан ҳам ташвишлироқдир. Минг хил ташландиқлар билан тўлиб-тошган ўша ёнариқларга яна бир назар ташлаймиз. Шу ариқларга минглаб хонадонлар кўз тикиб ўтирадилар-у, келаётган сув беш-ўн хонадондан пастга ўтмайди. Нега шундай экан? Бу саволга жавоб топиш мақсадида ариқлар бўйлаб юқорига кўтариламиз. Нақадар хўжасизлик! Сув мўл-кўл, аммо, кераксиз томонларга оқиб ётибди: сойларга, тошлоқларга, овлоқларга ёйилиб, ерларни балчиққа айлантиряпти, тош ва қумлар орасига сингиб кетяпти. Бунинг олдини оладиган бирон жонкуяр йўқ. Ифлосланган жами оқавалар эса Чирчиқ дарёсига қўшилади. Миллион-миллион кишилар ичаётган сув бошидаги бундай аянчли аҳвол қачонгача давом этаркин? Унга барҳам беришнинг чораси борми? Бу саволга ҳам юқори қишлоқларда яшаётган одамлар жавоб топиб беришди. Уларнинг айтишларича, ерли раҳбарлар бош-қош бўлиб, мушкул муаммони ҳал этишлари керак. Биринчи навбатда мироб штатини тиклаш лозим. Шу вазифани зиммасига олган киши сув ифлосланишига ва исроф бўлишига жавоб беради.

Маълумки, ёнариқларнинг суви тоғлар орасидан оқиб келади. У томонларда ёз кунлари оёқ босишга жой йўқ: биров кир ювяпти, кимдир сув кечиб ҳовуз ясаяпти, хуллас, ариқ тўла яланғоч одам. Теварак-атрофдаги ҳордиқ масканларида дам олувчилар, ўз истаганларича дайдиб юрган минг-минглаб одамлар ёз бўйи сувдан чиқмайдилар. “Ахир шу сувни қишлоқ кишилари ичяпти-ку”,- десангиз улар ҳайратдан ёқа ушлашади.

Ундан ҳам юқорида – булоқлар бошидаги аҳвол-чи? Чорвадорларининг ўтовлари ҳам, мол-қўтонлари ҳам айнан сув ёқасига ўрнатилган. Улар ҳам баҳордан то кеч кузгача сувни булғатишади. Ёнариқларнинг сувидан мудом гўнг ҳиди анқиб туришининг боиси шундан!

Тоқат қилиб бўлмайдиган бу ҳангомалар ҳақида қишлоқ кишилари юқориларга арз қилавергач, қишлоқларни водопроводлаштириш ҳаракати бошлангандек бўляпти-ю, бироқ тайинли натижа кўринмаяпти.

Бу мавзуда баҳс юритар эканмиз, табиат жонкуярлари ҳар қандай ғайритабиий интилишларнинг йўлларини тўсмоқдалар, атроф-муҳит муҳофазаси учун астойдил жон куйдирмоқдалар. Бир мисол: белоруссияликлар республикадаги кичик дарёлар муҳофазаси хусусида ибратли ташаббус билан майдонга чиқишди. Бу даъватга ўқувчилардан тортиб пенсия ёшидаги кишиларгача ҳамжиҳатлик билан бош қўшмоқда. Жами кичик дарёларнинг бошланишидан то қуйи оқимига қадар даҳлсиз зоналар ташкил этиляпти. Бу зоналар фақат дарахтзор, чакалакзорлар қуршовида бўлади. Сувни ҳамма одамлар назорат қилишади. Асосий назоратни эса вилоят, туман ижроия қўмиталари ўз қўлларига олишибди…

Бўстонлиқ туманида-чи? Ижроқўмдаги масъул ходимлар ҳануз чекка-чеккада томошабин бўлиб қолмоқдалар.

Ота-боболаримиз қадим-қадимдан сувни булғалаганни, ҳаттоки, тупурганни лаънатлар эдилар. Энди бўлса, ҳаммамиз қатор туриб сувга тупуряпмиз, булғаяпмиз, уни яна ўзимиз ичяпмиз!.. Чамаси, хунук бу иллатларга барҳам бериш, “тошкўсак”ликни тарк этиб, қуруқ сўздан амалий ишга ўтиш вақти келди.

“Тошкент ҳақиқати” газетаси,

1989 йил 1 июнь сони.