«Ҳурматли таҳририят! Яқинда газетадаги бир мақолани ўқиб, республикамизда ҳозир 30 дан ортиқ болалар уйи борлигини билдим. Мен урушдан анча кейин туғилганман. Ёшим ўттизда. Лекин 1941—45 йиллардаги уруш даврида душман вақтинча босиб олган шаҳар ва қишлоқлардан ота-онасиз қолган ўн минглаб болалар Ўзбекистонга кўчириб келтирилганлиги, улар бу ерда ташкил этилган ўнлаб болалар уйларидан, меҳри дарё ўзбек оилаларидан паноҳ топганлигини биламан.
Рейхстаг устидаги Ғалабанинг байроғи ҳилпирай бошлаганига ярим асрдан ошди. Уруш даврининг болалари аллақачоноқ вояга етиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишди. Ҳозир халқимиз фаровон турмуш кечиряпти. Шундай шароитда республикамизда ўнлаб болалар уйлари борлиги мени таажжубга соляпти. Норасидалар қандай қилиб бу ерга келиб қолишган?
Маъмуржон ҲАМРОЕВ, Самарқанд вилояти, Ургут тумани, «Ҳақиқат» жамоа хўжалиги».
Аввало, бор ҳақиқатни таъкидлаб ўтмоқчиман. Етимлар ҳамма замонларда бўлган. Улар келгусида бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Дунёда ҳар хил фалокатлар, бевақт ўлимлар, ноаҳил оилалар, қолаверса, урушлар мавжуд экан, етим болалар пайдо бўлиши ҳам муқаррардир. Бизнингча бу ерда етимларнинг қай даражада кўп ёки озлиги, уларга жамиятнинг муносабати энг муҳим масаладир. Масалан, етимларга муносабат масаласига келсак, у турли замонларда турлича бўлган.
Етимлик нимадир бизлардан сўра,
Ўнинчи йилларнинг саргардонлиги…
Шоир Ғафур Ғуломнинг машҳур шеъридаги бу сатрлар аср бошидаги етимларнинг оғир қисматини ёдга солади. Дарҳақиқат, эски мустамлака Туркистонда кўчада қолаётган ота-онасиз болалар жамиятнинг мушкул муаммоларидан бўлган. Етимлик инсон боласининг бошига тушадиган энг оғир кўргилик саналган.
Ҳозирги Ғарб дунёсида она ва болага муносабат ҳар вақтдагидан ҳам аянчлироқдир. У ерда фан-техника тараққиёти ишсизлар армиясининг кўпайишига, инсоннинг қадрсизланишига олиб келяпти. Бу ҳодиса, ҳеч сўзсиз, она ва болага муносабатда ҳам ўз аксини топиб, хор-зор, ташландиқ болаларнинг кўпайишига кенг йўл очяпти.
Шу йил 5 апрелда Москва телевидениесининг «Халқаро панорама» кўрсатувида Американинг Нью-Жерси штатининг Хакенсак шаҳридаги суд жараёни кўрсатилди. Маҳаллий суд гўдак тирноғига зор бўлган эр-хотин Элизабет ва Уильям Стернлар билан Мэри Уайтхед ўртасида тузилган битишувни қонуний деб тан олиш ҳақида қарор чиқарди.
Воқеа бундай бўлганди. Муҳтожликда кун кечираётган Мэри Уайтхед 1985 йилнинг февраль ойида Стерн шаҳватидан сунъий равишда ҳомиладор бўлишга рози бўлиб, икки томон ўзаро шартнома тузганди. Бунинг учун аёлга пул тўлаш кўзда тутилганди. Мэри чақалоқни «биологик» отасига қайтариб бериши лозим эди. Орадан бир йил ўтди. Мэрининг кўзи ёриб, у жажжигина қизалоқли бўлди. Онанинг болага меҳри товланди. Қизидан ажралолмаслигини ҳис қилди. Буни Стернларга айтиб, ўзига ваъда қилинган пулдан воз кечишини маълум қилди.
Стернлар эса аёлни судга беришди. Суд ишни Стернлар фойдасига ҳал қилиб, болани уларга олиб берди.
Катта шов-шувга сабаб бўлган бу ишнинг ҳуқуқий жиҳатлари атрофидаги тортишув анча вақт давом этди. Кўпчилик Хакенсакдаги суд ҳукмидан норози эканлигини айтди. Адвокатларнинг фикрича, мазкур суд ҳукми шу тахлитдаги битишувларнинг қонунийлигини тасдиқлаб, аёлларга бола оламга келмасидан илгариёқ ундан воз кечиш учун мажбурият олишга рухсат беради, ташландиқ болаларнинг янада кўпайишига йўл очади.
Бизнинг жамиятда эса она боласини еотиши, кўчага ташлаб кетиши учун ҳеч бир моддий ва ижтимоий асос йўқ.
Журналхон М. Ҳамроев ўз мактубида ўртага қўйган масала хусусида республика Маориф вазирлигининг болалар уйлари бошқармасида бўлдим. Бошқарма бошлиғи М. Юнусова билан бир соатдан ортиқ гурунглашдим. Малика Қаюмовна аввал мактаб-интернатда тарбиячилик қилган. Кейин Маориф вазирлигига ишга ўтган. Ҳозирги вазифасида икки йилдан бери ишлаяпти. У суҳбатимиз бошидаёқ «жуда зарур, ғоят долзарб масала» билан қизиқаётганлигимни қайд этди. Кейин ишидан «ҳасрат» қилди.
— Биласизми, ишим жуда оғир, — деди у. — Аввало, кишининг юраги бақувват, иродали бўлиш керак. Қўлимдан ўнлаб делолар ўтади. Ҳозирги тўқликдан туянинг қорни ёрилай деяётган замонда аянчли аҳволга тушиб қолган болаларнинг қисмати билан танишганимда кўзимга ёш келади… Биз инсон қўли билан яратилаётган моддий бойликларни асраш-авайлаш ҳақида ваъзхонлик қиламиз, лекин табиатнинг энг олий маҳсули бўлган инсон тақдирини ўйламаймиз. Ахир, бизнинг жамиятимизда инсон энг қимматли сармоя саналади-ку?! Наҳотки ҳануз бу ҳақиқатни тушунмаган кишилар бўлса…
— Республикада нечта болалар уйи бор?
— 29 та болалар уйи, 5 та мактаб-интернат, тарбияси бузилган болалар учун 2 та махсус мактаб бор. Буларда ҳозир 6500 дан ортиқроқ бола тарбияланмоқда. Бундан ташқари, ота-онасининг ичкиликбозлиги оқибатида онасининг қорнидалигидаёқ ҳар хил жисмоний ва руҳий касалликларга чалинган гўдаклар ва болалар тарбияланадиган ўнга яқин болалар уйи бор. Бу уйларда тарбияланадиган болаларни ҳам етим ҳисоблаш мумкин. Улар умр бўйи давлат қарамоғида бўладилар.
— Малика Қаюмовна, ҳозирги болалар уйлари ва мактаб-интернатларда тарбияланаётганлар қандай қилиб бу ерларга келиб қолишади?
— Лев Толстой: «Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир»,— деган. Мен ҳозирги болалар уйларида бўлиб, уларда тарбияланаётган норасидалар тақдири билан қизиққанимда кўпннча шу сўзлар ёдимга келади. Уларнинг қисмати турлича, ҳар бири ўзича бахтсиз.
Ҳозирги болалар уйларига ота-онаси вафот этганлиги сабабли келиб қолган болалар бор. Аммо улар кўпчиликни ташкил этишмайди. Асосий қисмини никоҳсиз туғилган, онаси туғруқхоналарга ташлаб кетган, нототув, маънавий юзтубан кетган оилаларда тарбияланиб, турли йўсинда оиласини тарк этган болалар ташкил этади.
Болалар уйларидаги ҳар бир боланинг оиласидан болалар уйига келгунча бўлган ҳаёти бутун бир драмадир. Аввал бола уйидан қочиб кетади, ертўлаларда, томларда, вокзалларда ётиб юради. Кейин уни милиция ходимлари овора-сарсон бўлиб, қидириб топишади. Ёки баъзида оиладаги боланинг ночор аҳволи ҳақида тегишли ташкилотларга қўни-қўшнилар хабар беришади. Текширилганида фактлар тасдиқланади. Кейин боланинг тақдири масаласи туман ижроия комитети қошидаги махсус комиссияда кўриб чиқилгач, зарур ҳужжатлар тайёрланиб, бола болалар уйига топширилади. Бундай боланинг ота-онасини халқ суди ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилади. Баъзилари ота-оналик ҳуқуқидан ўз ихтиёрлари билан воз кечишади. Бундай кишилар давлатга маълум миқдорда нафақа тўлаб турадилар.
Каккунинг қизиқ одати бор. У бошқа қушларнинг уясида жўжа очади. Жўжалари тухумни ёриб чиққач, уяни тарк этади. Жўжаларни уянинг эгаси бўлган қуш боқиб, учирма қилади. Каккуда ақл йўқ. Аммо миллион йиллик эволюция мобайнида унда жўжалари оч қолиб, ҳалок бўлмаслигини сезадиган инстинкт шаклланган. Ҳозирги айрим енгилтак аёллар эса ўз қилмишлари билан мана шу қушдан ҳам паст турадилар…
1985 йил 7 февраль куни эрталаб қаттиқ совуқ эди. Ёмғир аралаш ёғаётган қор юзга тикандек урилаётганди. Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани Катта Олмазор кўчасидаги кўпқаватли уйлардан бирида истиқомат қилувчи бир аёл қўлида бир челак ахлат билан ташқарига чиқди. Кўчани кесиб ўтиб, катта кўприк ёнидаги ахлат қутисига ахлат ағдармоқчи бўлди. Шунда қути ичида эски латтага ўроғлиқ бир нарса қимирлаётганига эътибор берди. Латтани кўтариб қараса, ичидаги чақалоқ экан. Аёл болани уйига олиб кирди. Бечора гўдакнинг ҳали киндиги ҳам кесилмаган экан. Дарҳол милицияга хабар берди, қўни-қўшниларни чақириб чиқди. Тез вақтда милиция ходимлари етиб келишди, акт қилиб, гўдакни яқин жойдаги туғруқхонага олиб кетишди. У ерда бир ой она сути билан боқилгач, зарур ҳужжатлари расмийлаштирилиб, Чилонзордаги гўдаклар тарбияланадиган болалар уйига топширилди.
1984 йилнинг март ойида Тошкентдаги «Халқлар дўстлиги» кўчасида, «Ўзбекбирлашув» биноси рўпарасидаги бекатда йўловчилар эгасиз катта рўзғор сумкаси турганлигига, ичида нимадир қимирлаётганлигига эътибор беришди. Сумкани очиб қарашса, эски латтага ўроғлик эгиз чақалоқлар экан. Йўловчилар милицияга хабар бериб, акт тузишди. Болаларни шаҳардаги туғруқхоналардан бирига олиб кетишди.
Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси болалик бўлимининг мудири Мая Муҳамедовна Йўлдошеванинг айтишига қараганда, республикамиз пойтахтида ҳозир 12 та туғруқхона бор экан. Бу туғруқхоналарда ҳар йили аёлллар ўртача 200-250 тага яқин болани давлат ихтиёрига ташлаб кетишаркан. Бундан ташқари, 25-30 нафар болани (уч ёшгача бўлган болалар назарда тутиляпти) кўчаларга ташлаб кетишади. Шундай ҳоллар бўладики, кечқурун аёл туғруқхонага дард тутиб келади. Анкетага исм-фамилиясини ҳам, адресини ҳам нотўғри ёздиради. Эсон-омон қутулгач, эрталаб кўзни шамғалат қилиб, қочиб кетади. Баъзи аёллар туғруқхонага келганларида ғирт маст бўладилар. Болани туққач, бош шифокор хонасида лабларига сигарет қистирганча, юрист-консультант гувоҳлигида боладан воз кечиш ҳақида тилхат ёзишади.
— Ҳаётда бола тирноғига зор бўлган оилалар бор. Биз бу гўдакларнинг асосий қисмини ўшаларга берамиз,— деди Мая Муҳамедовна. — Акс ҳолда, ҳаммаёқни болалар уйи босиб кетган бўларди.
Хўш, аёл учун ёруғ дунёдаги энг муқаддас вазифа — оналик бурчини бажаришдан бош тортаётганлар кимлар экан? Буларнинг бир тоифаси инсоний муҳаббатга ўта енгилтаклик билан муносабатда бўлиб, алданганидан кейин кўзёш қиладиган нодон қизлардир. Иккинчи тоифаси оналик бурчидан умри қисқа кайфу сафони, шахсий фароғатни устун қўядиган калтабин, мешчан аёллардир. Учинчи тоифаси бузуқликни касб қилиб олган аёллардир. Бундайлар боласининг отаси ким эканлигини ҳам айтиб беролмайдилар.
Бу аёллар боладан воз кечиш ҳақида тилхат ёзаётганларида нималарни баҳона қиладилар? Масалан, алданган талаба қизлар иснодга қолишларини, бебахт–бўлишларини, ўқишларини битиролмасликларини айтишади. Иккинчи тоифаси квартираси йўқлигини, ёлғиз қўллигини, ҳам ишлаб, ҳам бола тарбиялаш оғирлигини рўкач қилади. Учинчи тоифаси дангалига кўчиб, боласиз яшаш яхшилигини, ёшлигида ўйнаб қолишни хоҳлашини айтади.
Туғруқхоналарда эса онанинг раъйига қараб иш тутишади. Чақалоғини ташлаб кетишни истовчиларга монелик кўрсатишмайди. Аёлнинг қилмиши сир сақланади. Бу қонунда кўзда тутилган. Афсуски, айрим ёшлар давлатимизнинг чуқур инсонпарварлик руҳи билан суғорилган мана шу қонун-қоидаларидан бехабарликлари оқибатида ёки хабардор бўлсалар ҳам, ўзларича из қолдирмаслик мақсадида, жиноят йўлига қадам қўядилар. Енгилтакликлари оқибатида дунёга келган гўдакнинг тақдирига лоқайд қарайдилар.
Мен илгари фабрика директори бўлиб ишлайдиган бир эркакшода аёлни кўргандим. Ёнидаги ходимлари уни таърифлаб: «Бу киши бизнинг опамиз эмас, «акамиз», — дейишган эди. Дарвоқе, бу аёлнинг бутун хатти-ҳаракати, гап-сўзлари эркакча эди. У ҳатто, қўл остидаги ходимларни койиганда ҳам хона эшигини ичидан қулфлаб, эркакчасига сўкаркан. Мен шу аёлни таърифлаган кишидан: «Аканг»лар оиласида ўзини қандай тутади?» — деб сўрадим. У: «Вой, қўяверасиз, эри бечорани токчага ўтқазиб қўяди. Бу эр, у хотин», — деди. Мен шунда беихтиёр шу аёлнинг қўлида ўсган болалар қандай одамлар бўлиб етишар экан-а, деб ўйлаб қолдим.
Ҳадисда: «Оллоҳ аёлларга тақлид қиладиган эркакларни ва эркакларга тақлид қиладиган аёлларни лаънатлайди», — дейилган.
Хўш, бизда эркакшода, оиладан бирмунча узоқлашган, аёлга Оллоҳ ато этган бурч ва вазифани унутган, фарзандларини она меҳридан бебаҳра қиладиган аёллар қандай пайдо бўлди? Нега бугунги кун аёли ҳам иқтисодий жиҳатдан, ҳам шуури билан кўчадаги ишга боғлаб ташланган? Нега кўчадаги меҳнат — ижтимоий меҳнат бўлади-ю, уйда фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш иккинчи даражалп иш бўлиб қолди? Нега бугунги кунда уйида болаларини гулдай қилиб ўстирган, оқшом турмуш ўртоғини гулдай очилиб қарши оладиган аёллар тобора камаймоқда? Нега аёлларимиз на идора ишини, на уй ишини эплай олмай, «икки олам овораси» бўлиб қолдилар? Аслида бу ҳам хотин-қизларни «тўрт девор орасидан» олиб чиқишга аҳд қилган чаласавод большевиклар пала-партиш қилган ишларнинг аччиқ меваларидандир, дейиш мумкин.
«Хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза этиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб, эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилиш муаммоси кўп асрлардан бери инсониятнинг диққат марказида бўлган, аммо ҳамон ўз ечимини топа олмаётган ўткир муаммолардандир, — деди биз билан суҳбатда файласуф олима Ҳафиза Насруллаева, — Коммунистлар бу муаммони бир зарб билан ҳал қилмоқчи бўлдилар. Яъни хусусий мулкчиликка барҳам бериб, мамлакат барча фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини тенглаштириш билан ўз-ўзидан хотин-қизлар озодлиги ҳам таъминланишини таъкидладилар. Дарҳақиқат, мулкнинг умумийлиги меҳнатнинг умумийлигини тақозо этади. Яъни унда аёл ва эркак ҳуқуқи тенг бўлиши керак. Коммунистлар қурган «казарма социализми»да шундай бўлди ҳам. Бунда аёллар «ижтимоий фойдали меҳнат»га тортилди-ку, лекин унга табиат томонидан ато этилган бурч, яъни оила, бола тарбияси иккинчи даражали иш бўлиб қолди. Никоҳнинг муқаддаслигини унутган аёллар кўпайди…
20-йилларда ўтказилган, қонли воқеаларга бой бўлганлиги билан одамлар хотирасида мудҳиш таассуротлар қолдирган «Ҳужум» кампанияси остида хотин-қизлар тақдирларига эмас, балки ўзбек халқининг маданиятига, динига, анъаналарига, удумларига ҳужум қилинди. Бу ҳужум Туркистон халқлари тақдирида маълум бир муддатда эмас, балки турли шакл ва кўринишларда Шўро ҳукуматининг дастлабки давридан сўнгги кунларигача давом этиб қелди, дейиш мумкин».
Ҳозир аҳолиси 2 миллиондан зиёд бўлган Тошкентда 4 та болалар уйи (етимхона) бор. 30-йилларда аҳолиси 500 мингга етар-етмас бўлган Тошкентнинг ўзида 30 та болалар уйи бўлган. Бу болалар уйларида тарбияланганлар қандай инсонларнинг фарзандлари эди? Улар аксарият «Ҳужум» кампаниясида, қишлоқ хўжалигини зўрлик билан жамоалаштириш оқибатида 1932—33 йилларда юз берган даҳшатли қаҳатчиликда ҳалок бўлган ёки Шўро давлатининғ душмани сифатида қатағон қилинган кишиларнинг фарзандлари эди.
Дарҳақиқат, кейинги даврда аёл кишининг жамиятдаги эркини бошқача тушунадиган, «эркакчасига» юргиш-туришга ҳавас қиладиган аёллар пайдо бўлаётганлиги ҳам сир эмас. Бундай ҳавасмандлик аслида оилани барбод қиладиган, болаларни тирик етимга айлантирадиган, аёл ҳаётини маъносиз, пуч бир нарсадан иборат қилиб қўядиган ўта хавфли йўлдир. Бундай хотин-қизлар ароқ ичиб, сигарет чекадилар… Турмушга чиққач эса, эркак кишининг елкасига миниб олишга ҳаракат қиладилар. Иложи бўлса эри сочларигача тараб, жамалак қилиб қўйса… Бола эса бундай аёллар учун ортиқча юк. Уларнинг «яшаб қолишлари»га, маишат қилишларига халақит беради.
1984 йилда Горький шаҳридаги университетда ўқийдиган 200 талаба қиз билан психологлар савол-жавоб ўтказишган. Савол-жавоб мобайнида бу қизларнинг 15 фоизи эркакча кийинишга ишқибоз эканлиги, 29 фоизи аёллардай кийинишни хоҳлаши маълум бўлди. Икки қутбни ташкил этган бу гуруҳлар солиштирилгайда, шим кийиб юришга ишқибоз қизлар орасида болаларни севадиганлари икки баравар кам, боласиз оила қуришни истовчилар эса икки баравар кўплиги маълум бўлди. Улар ўртасида кашандалар тўрт баравар кўп, бўйдоқ йигитлар билан улфатчилик қилиб, беғам, беташвиш вақт ўтказишни истовчилар эса етти баравар кўп экан.
Бу ерда асосий мақсад қандай кийинишда эмас. Дид ҳақида баҳслашиб бўлмайди. Энг муҳими, болаларга меҳр-шафқатли, иболи, шарму ҳаёли қизларни тарбиялашда. Чунки, бола — ниҳол. У меҳр-шафқатга, эътиборга муҳтож. Бундай фазилатлар биринчи навбатда онада бўлиши керак. Она болага энг яқин инсон, оиланинг чароғбони саналади.
Минг афсуски, ҳозирги қизларимиз орасида эркакча кийиниш ҳам майлику-я, ҳатто каратэ тушадиганларини ҳам кўриш мумкин. Мен шундай қизларда туққан фарзандларига нисбатан кучли оналик меҳри бўлишига кам ишонаман. Бундай қизлар кўпроқ ҳиссиз, бераҳм оналар бўлишади. Айнан шундайлар «шўхлик қилиб қўйгач», чақалоғини ахлат қутисига ташлаб кетишдан тойишмайди.
Тошкент шаҳридаги 21-болалар уйида 160 бола тарбияланади. Бу болалар уйига тажрибали педагог Нуриддин Иброҳимов директорлик қилади. Шу киши билан дастлаб учрашиб, суҳбатлашганимда:
— Ишингиз қийин эмасми?—деб сўрадим. У:
— Осон томони ҳам бор, қийин томони ҳам бор,— деди
— Масалан?
— Осонлиги шундаки, биз педагоглармиз, тарбияси ҳар қанча ишдан чиққан бола бўлса ҳам унинг қалбига йўл топишга, тўғри йўлга солишга ҳаракат қиламиз. Аксарият бунга муваффақ бўламиз ҳам. Бизни фақат ота-оналар қийнайди. Бу ўринда баъзида энг яхши педагогик методлар ҳам иш бермайди.
— Яқинда хонамга бир жувон кириб келди, — деб ҳикоясини давом этказди директор. — Устига Бельгия пальтосини кийган, қулоғида қимматбаҳо тақинчоқ, бармоқларига бриллиант узуклар таққан, савлатидан от ҳуркийди. У бизда тарбияланаётган бир боланинг онаси эди, бир йилдан бери қорасини кўрсатмасди. Аёлнинг саломига алик олгач, нима иши борлигини сўрадим.
— Менинг ўғлим шу ерда тарбияланяпти. Болам борлиги ҳақида маълумотнома берсангиз.
— Маълумотнома нима учун зарур бўлиб қолди?
— Квартирамни кенгайтирмоқчиман. Туман ижроия комитетининг квартира бўлимидан талаб қилишяпти.
— Болангизни бир йилда бир марта келиб кўришга ярамаяпсиз. Янги уй олмоқчи бўлганингизда бола ёдингизга тушдими? Уни сиз эмас, давлат тарбиялаяпти. Сизга маълумотнома йўқ, чиқинг хонадан!
Аёл тарсаки еган киссавурдай бўлиб чиқиб кетди.
Ота-оналарнинг бошқа бир тоифаси шанба, якшанба кунлари ичиб, маст бўлиб олишгач, тош юраклари «эриб», фарзандлари ёдларига тушаркан. Болалар уйига келиб, боламни беринглар, деб хархаша қилишаркан. Тарбиячилар қаршилик кўрсатишса, уларни сўкиб, ҳақоратлашар экан.
— Баъзан соппа-соғ келиб, болаларига икки кунга уйга боришига рухсат беришни илтимос қилишади — дейди Нуриддин Муҳитдинович. — Биз рози бўламиз. Аммо икки кун ўтгач, қарайсизки, бола келмайди. Уйига қидириб борсангиз, она ғирт маст бўлиб ётган бўлади, бола эса магазинга шиша топширгани ёқи сигарет келтиргани кетган бўлади.
21-болалар уйида бундан тўрт-беш йил бурун Самад ва Шавкат деган болалар тарбияланиб кетишди. Ҳозир улар ҳунар-техника билим юртини тамомлаб, шаҳардаги қурилиш ташкилотларидан бирида монтажчи бўлиб ишлашяпти. Уларнинг отаси йўқ, онаси қамоқда. Болалари 21-болалар уйидалиги пайтида она ўғилларига икки-уч марта хат ёзди. Тарбиячиларнинг даъватига қарамай, Самад онасига жавоб ёзмади. Шундан кейин она шаҳар халқ маорифи Бош бошқармасига шикоят хати ёзди. Маориф бошқармаси йўриқчиси хатни кўтарнб келиб қолди. Нуриддин Муҳитдинович Самадни хонасига чақириб, йўриқчи олдида у билан жиддий гаплашди.
— Самаджон, мана кўрдингми, сенинг лоқайдлигинг бутун жамоанинг обрўсини тўкяпти. Онанг бизнинг устимиздан юқори ташкилотга шикоят ёзибди. Нега унга хат ёзмайсан, айт ҳозир очиғини?
Бола оёғи билан ер чизиб, бир оз сукут сақлади. Кейин унинг кўзларидан дувиллаб ёш оқиб кетди.
— Нега йиғлаяпсан? Нима бўлган ўзи?
— Қандай қилиб бундай онани эслаш мумкин? У укам иккимизда ёмон хотиралар қолдирган.
— Нечун?
— Ўшанда мен тўққиз яшар, укам етти яшар эдик. Онам билан Чилонзордаги квартирамизда яшардик. Қиш кунида, кечаси йигирма градус совуқда онам укам иккимизни кўчага чиқариб қўйиб, бегона киши билан…
— Ота-она қандай бўлмасин, уни ҳурматлаш фарзанднинг бурчи саналади. Сен бари бир онангга хат ёзишинг керак. Бизни ҳурмат қилсднг, шундай қиласан.
Шундан дейин Самад ноилож онасига хат ёзди.
21-болалар уйида яна Алёша Фёдоров деган бола тарбияланган. Ҳозир у Тошкентдаги Ёш томошабинлар театрида электрик бўлиб ишлаяпти. Кунларнинг бирида Алёшанинг онаси келиб, паспортини гаровга қўйиб, ўғлини бир ойга Чоржўйга олиб кетди. Орадан бир ярим ой ўтгач, бола асабий бўлиб қайтиб келди. Тарбиячилар анча вақтгача уни ўзига келтиролмай юришди. Орадан беш-олти ой ўтгач, онаси вафот этганлиги ҳақида ҳабар келди. Аёлнинг паспорти болалар уйида қолди. Алёшанинг болалар уйидан кетганига беш-олти йил бўлди. Бу орада у ҳунар-техника билим юртини тамомлади. Армия сафида хизмат қилиб келди. Аммо болалар уйини унутгани йўқ, ора-сира келиб туради. Алёша дастлаб бир-икки келганида тарбиячилар онасининг паспортини эсдалик учун олиб кетишни таклиф этишди. У эса кўнмади: «Онамнинг ёмон ҳунарларини шу даражада кўп кўрганманки, уларни ҳали-вери унутолмасам керак. Унутганимдан сўнг олиб кетаман, ҳозирча паспорт шу ерда турсин», — деди.
Бизнингча, Алёша бу хотираларни унутиши қийин. Чунки болалик хотираси худди тошга битилган ёзув сингаридир.
Республика Маориф вазирлигининг ходими А. Аблятипов бир воқеани гапириб берди. Бундан икки йил муқаддам у Тошкент шаҳар Яккасарой туман маориф бўлимида болаликни ҳимоя қилиш бўйича йўриқчи бўлиб ишлаётганида Богдан Хмельницкий кўчасидаги 67-уйда яшовчи Г. Муслимова деган аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган экан. Бу аёлнинг мунтазам ичкиликбозлик билан шуғулланиб, икки ёш қизига қарамай қўйганлиги ҳақида қўни-қўшнилари хабар беришган эди. Текширишда фактлар тасдиқланди. Масалани туман ижроия қўмитаси комиссияси кўриб чиққач, бири ўн бир, иккинчиси саккиз ёшли қизларни болалар уйига топширишга қарор қилинди. Халқ суди Г. Муслимовани оналик ҳуқуқидан маҳрум этди.
— Шундан кейин участка йўриқчиси билан аёлнинг квартирасига бордик, — деб ҳикоя қилади Айдар Аблятипов. — Қиш, ҳаво совуқ эди. Қизлар эса квартирада ярим яланғоч юришарди.
— Қизларнинг кийимлари қани?—деб сўрадик онадан.
— Ювганман, батареянинг устига қуритиш учун ёйиб қўйдим.
— Бошқа кийимлари йўқми?
— Йўқ.
Биз қўшнилардан илтимос қилдик. Улар болаларининг эски-туски кийимларидан беришди. Қизларни кийинтиргач, бундан буён улар болалар уйларида яшашларини айтдик. Норасталар индашмади. Фақат саккиз яшар қиз уйидан чиқиб кетаётиб, кичкина кучугини қўлтиқлаб олди. Мен:
— Қизим, кучугингни ташлаб кет, энди бу ерга келмайсан,— дедим. У эса:
— Йўқ, амаки, кучугимни бу ерда қолдириб бўлмайди. Анави ҳамма нарсамизни сотиб ичди. Энди итни ҳам сотади, — деди онасини кўрсатиб.
Бизнинг кўзларимизга ёш келди.
* * *
Биз бу ерда ота-онаси маънавий юзтубан кетганлиги оқибатида тирик етимга айланиб, давлат муассасаларида тарбияланаётган болалар тақдири ҳақида сўз юритдик. Аммо ҳали қисмат етимхона эшигига етаклаб келмаган, ота-онаси ажрашиб кетганлиги оқибатида тирик етим бўлиб қолаётганлар нечта экан? Тошкент шаҳар ЗАГС бюросида бизга маълум қилишларича, фақат 1986 йилнинг ўзида шаҳарда 7395 оила ажралишибди. Агар бу оилаларда ўртача битта-иккитадан бола бор эди, деб фараз қилсак, 10 мингдан ортиқ бола тирик етим бўлиб қолди деган сўз. Энди бутун республика миқёсида қанча шаҳар ва туман борлигини, уларда ҳар йили қанча бола тирик етим бўлиб қолишини тасаввур этиш қийин эмас.
Хўш, халқ судлари ажралиш ҳақида ариза берган оилаларни яраштириш учун ҳаракат қилишадими? Ҳаракат қилишади, ҳатто ўйлаб кўриш учун икки-уч марта муҳлат ҳам беришади. Афсуски, аксарият ҳолларда бу уриниш беҳуда кетади.
— Суд пайтида ҳар икки томоннинг яқинлари қатнашади. Болаларни ҳам олиб келишади,— деб ҳикоя қилди бизга Собир Раҳимов туман халқ судининг судьяси Мухтабар Ҳошимова. — Ҳар икки томон арзимаган латтани талашиб, даҳанаки жанг қилаётганида ота-онасига жавдираб қараб турган жажжи болаларни кўрганингизда раҳмингиз келади. Беихтиёр: «Ҳей, ноинсофлар, нега бургага аччиқ қилиб кўрпага ўт қўясизлар? Болаларда нима гуноҳ, улар отасиз ёки онасиз бўлиб» ўксиниб яшаш учун дунёга келмаган-ку?»— деб юборгинг келади. Аммо бу пайтда ота-она кўзига бола эмас, латта кўринади.
Одатда эр-хотин ажралишганидан кейин ҳар бир ота, агар у оталик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган бўлса, ўз фарзандини кўриб туриш ҳуқуқига эга. Бу айни пайтда боланинг ҳам ҳуқуқидир. Айрим оналар фарзандларини мана шу ҳуқуқдан ҳам маҳрум қилишади. Аввало, боланинг қулоғига отасининг «ярамаслиги», «ифлослиги» ҳақидаги бўҳтонларни қуяди. Табиийки, ёш бола бу сўзларга ишонади. Отасини кўрса қочадиган бўлади. Она бу билан ҳам кифояланмайди. Боласи қатнайдиган боғчага, мактабга бориб тарбиячиларга, ўқитувчиларга мабодо отаси келса болани кўрсатманглар, деб тайинлаб қўяди. Шу йўсинда бола бир умр ўз отасига бегона бўлиб кетади.
1983 йилда Чирчиқ шаҳрида 300 тага яқин оила ажралишган. Буларнинг асосий қисми эндигина 4—5 йил турмуш қурган ёш, мустақил оилалар бўлган. Мутахассислар ўрганишганида мазкур оилаларнинг 35—40 фоизи битта болали бўлгунича яхши яшаб, кейин ўртада низо чиқиб, ажралишгани маълум бўлган. Яна 30 фоиз оиланинг ажралишига ичкиликбозлик сабаб бўлган. 20—25 фоиз оила эса эр ва хотин ўртасида ўзаро ҳукмронлик учун кураш натижасида низо пайдо бўлиб, ажралишган.
Биринчи сабабга тўхтайлик. Икки ёш учрашиб, севишиб турмуш қуришади. Аммо бу пайтда ҳали иккиси ҳам оила масъулиятини чуқур англаб етмаган, ҳаётларидаги шу муҳим ўзгаришга яхши тайёрланмаган бўлишади. Масалан, қиз овқат қилишни, йиртиқ-ямоққа қарашни билмайди. Оила бюджетини расамади билан сарфлашни ҳам унга ҳеч кйм ўргатмаган бўлади. Шундай шароитда «чилла» ойлар ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб, биринчи фарзанд туғилади. Беихтиёр аёл рўзғор юмушларига кўмилиб қолади, эри атрофида парвона бўла олмайди.
Бу эса «бойвачча» эрга ёқмайди, хотинига муносабати ўзгара бошлайди. Эр хотин ҳақида «патриарҳал» замонидаги тасаввурга эга. Хотиним уйда мисоли чўри бўлиши, ботинкамнинг ипигача боғлаб қўйиши керак, дейди. Хотин эса амалдаги тенг ҳуқуқлиликни орзу қилади. «Нега баравар ишлаб келиб, яна болани яслидан олиб келишим, овқат қилишим, кир ювишим, у эса оромкурсига ястаниб, телевизор кўриши ёки чойхонада улфатчилик қилиши керак?» — дейди. Шундай қилиб, ўртага совуқчилик тушади. Эр биттани, хотин иккитани айтади, даҳанаки жанг бошланади. Эрнинг тили айланмай қолган пайтда муштига зўр беради. Қарабсизки, эртаси куни хотин кўзини «олхўри» қилиб, онасиникига аразлаб кетади. Шундай аҳвол икки-уч такрорлангач, икки томондан бири судга ажралиш ҳақида ариза ёзади. Судьяларнинг ҳаракати эса беҳуда кетади. Чунки бу пайтда ғишт қолипдан кўчган, эр-хотин бир-бирини кўрса, сочлари тикка турадиган аҳволга тушган бўлишади. Бундай ҳоллар аксарият мустақил яшайдиган ёш оилаларда юз беради.
Бундай ёшларга нима дейиш мумкин? Аввало, оилада эрдир, хотиндир адолатли бўлиши, бир-бирини ҳурмат қилиб яшашга ўрганиши керак. Эр-хотиннинг бири генерал, иккинчиси аскар бўлмай, ҳар иккиси ҳам аскар бўлиб яшасин. Уй-жой, рўзғор иши, бола тарбияси қадимдан кўпроқ аёлнинг вазифаси бўлиб келган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айнан шунинг учун ҳам Давлатимиз рўзғордаги аёл меҳнатини енгиллаштириш ҳақида ғамхўрлик қиляпти, болали аёллар учун янгидан-янги имтиёзларни жорий этяпти. Аммо бу аёл уйда чўри бўлиши, эркак тараллабедод қилиб юриши керак, деган сўз змас. Эр рафиқаси ўзи қатори кун бўйи меҳнат қилиб келишини унутмай, инсофли бўлиши лозим. Айтайлик, хотинидан барвақтроқ ишдан қайтган эр боғчадан боласини олиб келса овқат учун зарур масаллиқни тўғраб, тайёрлаб қўйса, ишдан ҳориб келадиган рафиқасига анча осон бўлади-ку? Бу билан кишининг йигитлик шаъни ерга урилиб, хотинига «банди» бўлиб қолмайди-ку?! Қолаверса, ҳар икки томон ҳам қийинчиликлар вақтинча эканлигини, болалар дастёр бўлиб қолса, рўзғор юмушлари енгиллашувини ўйлаши керак.
Оилаларнинг ажралиб кетиши сабабларидан бири ичкиликбозлик эканлигини таъкидладик. Бу иллат аслида фақат оилаларни бузибгина қолмай, бутун жамиятнинг турмуш тарзига катта моддий вл маънавий зарар етказаётганлиги, ҳаётимиздаги кўпгина бахтсизликларнинг сабабчиси эканлиги бугунги кунда ҳаммага аён. Ҳозир кўчаларимизда ичкилик ичиб гандираклаб юрган, жамоат тартибини бузаётган кишилар камайди. Аммо бу ичкиликбозлик таг-томири билан тугади, деган гап эмас. Ичкилик ҳамон ичиляпти. Фақат ҳозир у кўчадан уйга кирди. Туғилган кун, гап-гаштак, мукофотни ювиш, турли байрамлар баҳонаснда уйларга тўпланиб, болалар кўз ўнгида «ихтиёрий жинни бўлиш» ҳамон давом этяпти. Бу ўз навбатида оилавий жанжалларни кўпайтириб, эр-хотиннинг ажралиб кетишига сабаб бўляпти.
Ўзбек оилаларида қайнона ва келиннинг муроса қила олмасликлари, молпарастлик оқибатида ўртага совуқчилик тушиб, эр-хотиннинг ажралиб кетиш ҳоллари ҳамон кўп учраб турибди. Аслида бу иш кўҳна оламдай қадимий муаммодир. Бир куни газетада қизиқ бир хабар ўқидим. Туркиядаги уч минг йиллик эски бир шаҳар харобасидан қадимшунослар ёзув битилган тош топишибди. Уни ўқишса, келиннинг қайнонасини ёмонлаб эрига ёзган мактуби экан. Мен шу хабарни ўқиганимда беихтиёр: «Э-ҳа, инсоният уч минг йил мобайнида шунча кам ўзгардими?» — деб ўзимга-ўзим савол бергандим. Қайнона ва келин муносабатларини узоқ йиллардан бери ўрганиб келаётган бир фольклоршунос олимнинг ёзишича, келинларнинг (яхшилари бундан мустасно) ўз эрлари қариндош-уруғлари шаънига айтган, эшитган ҳар қандай кишини ранжитадиган сўзлари — қарғишлари тури уч юздан ортиқ экан.
Ҳеч шубҳасиз, оқила қайноналар ҳам, дилбар келинлар ҳам кўп. Аммо томонлар ўйлаб иш қилмаган, калтабин бўлган оилаларда, назаримизда, қариялар билан ёшлар ўртасидаги фикрлашдаги ҳозирги кескин тафовут ўзаро зиддиятни кучайтириб юборяпти.
Баъзи бир келинларнинг хатти-ҳаракатини кузатганингда ҳайрон қоласан, киши. Унинг учун эри яхши, аммо қайнона ва қайнотаси ёмон. Бу ҳам маълум маънода аёл эрқини суиистеъмол қилиш оқибати бўлса керак. Бундай келинлар битта-иккита болали бўлишга улгурмай, дарҳол алоҳида яшашни орзу қилишади. Бунга муваффақ бўлишгач, қайнота ва қайнона билан ишлари бўлмай қолади. Охири шундай бўладики, бир ота-она етти-саккиз фарзандни боқиб катта қилади-ю, аммо саккиз фарзанд ўртасида бир ота-она сарсон бўлиб, вақти келса бир чойнак чой дамлаб бера оладиган одамга муҳтож бўлиб, қийналиб қолишади. Бу ғирромлик ҳеч сўзсиз, уларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлади. Оилавий жанжалларнинг юзага келишига замин яратади.
Халқимиз қари бор уйнинг зари бор, дейди. Бу ҳикматли сўзнинг маъноси катта. Негаки кекса киши елкасидаги катта ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб, тўғри гапларни сўзлайди. Шундай бўлгач, ёшлар кексаларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ солишлари, уларни ҳурмат қилишлари фойдадан холи бўлмайди. Тўғри, баъзи кексаларимиз, бир томони қарилик, фикрлаш қобилияти сусайганлиги оқибатида баъзан шу кунимизга тўғри келмайдиган гапларни ҳам айтишлари мумкин. Бундай ҳолларда бетгачопарлик қилмай, бардошли бўлиш, уларни кечириш керак.
Аммо ҳозирги баъзи бир ёш қайноналар орасида ҳаддидан ошадиганларини ҳам кузатиш мумкин. Қизиғи шундаки, бундай оналар ўз қизига ғоят меҳрибон бўлади, билмаганларини сидқидилдан ўргатади. Қелин билан муносабатда эса тўнини тескари кийиб олади. Ваҳоланки, келин ҳам фарзанд, бир умрлик ҳамхона-ку! Наҳотки, унга сабр-тоқат, ширин сўз билан билмаганларини ўргатиш мумкин эмас?
Келин ишлайди, эрта кетиб, кеч келади. Қайнонага бу ёқмайди. Бундан 35—40 йил аввал қайнонаси унга қандай ҳукмронлик қилган бўлса, у ҳам кёлинига шундай ҳукмронлик қилгиси келади. Бунинг устига келин ҳали ёш, овқатни лаззатли тайёрлай олмаслиги, «келинг-кетинг»ни қайнонаси истаган даражада қилолмаслиги мумкин. Шундан кейин қайнона билан келин орасида гап қочади, ўртага совуқчилик тушади. Эр эса ўртадаги жанжалда бетараф бўлиб туради ёкн аксарият ҳолларда ота-онасининг ёнини олади. Бундай пайтда келин бардошли, эс-ҳушли бўлса бир нави, шим кийиб, брейк ўйнаб юрган енгилтак қизлардан бўлса, оиланинг «достон»и етти маҳаллага маълум бўлиб, иш эр-хотиннинг ажралиши, боланинг тирик етим бўлиши билан тугайди.
Эридан ажрашгач, аёл учун болани боқиш янада мушкулроқ бўлиб қолади. Бунинг устига ҳали у ёш, яна турмуш қуришни истайдй. Эрга тегиш учун эса боласиз бўлиш яхши. Шундай қилиб, у фарзандини болалар уйига топширади ёки қари ота-онасига қолдириб, турмуш қуриб кетади. Чол ва кампир неварасини ёшлигида тарбиялаши мумкин. Каттароқ бўлиб, кўчадан ўртоқлар орттиргач, аксарият эплолмай қолишади. Ўсмир ёмон болаларга қўшилиб, ҳар хил тартиббузарликлар қилади. Охири чол билан кампир бола тарбияси мутлақо издан чиқиб кетишидан қўрқиб, уни болалар уйига топширишади.
Ёки она боласидан воз кечмай, яна турмуш қурди дейлик. Иккинчи эр аксарият қаердадир ўз оиласини ташлаб келган одам бўлади. Ўз фарзандига ачинмаган инсоннинг бегона боланинг бошини силаши даргумон. Беихтиёр ўгай ота билан бола ўртасида зиддият чиқади. Бола уйдан қочиб кетади ёки уни онасининг ўзи болалар уйига топширади.
Биз бу ерда эр-хотиннинг ажралиб кетишига олиб келаётган айрим асосий сабабларга тўхтадик. Аслида эса бунинг сабаблари кўп. Собир Раҳимов туман халқ судида менга бир воқеани гапириб беришди. Ўн беш кунлик келин эрига: «Менга кўпроқ кўкрагида ёли бор йигитлар ёқади»,— дебди. Ўйламай айтилган шу бир оғиз сўз эр-хотиннинг ажралишига сабаб бўлибди.
— Биз бундай оилаларни «обкатка»дан чиқолмаган оилалар ҳисоблаймиз, — деди кулиб Мухтабар Раҳматовна. — Ўлар «завод»ларидаёқ бўлажак синовдан ўтишга ноқодир қилиб тайёрланганлар.
Хўш, оилалар бузилиб кетишининг олдини олиш учун нима қилмоқ керак? Ажралаётганларнинг асосий қисми эндигина 4—5 йил турмуш қурган ёш оилалар экан, ҳеч сўзсиз, бу оилалар бутун жамоатчиликнинг назоратида бўлиши зарур. Тошкент шаҳридаги, бошқа жойлардаги яхши маҳаллалар тажрибаси бизга шундай хулоса чиқариш имконини беради. Аҳолиси уюшган, жамоат ишлари яхши йўлга қўйилган, қўни-қўшнилар бир-бирининг ҳолидан хабардор бўлган маҳаллаларда оилаларнинг бузилиб кетиши кам. Шу муносабат билан шаҳарларда янги қурилишлар сабабли маҳаллалар бузилиб, оилалар кўчирилаётганида аҳолининг яна бир жойга жойлашувига эътибор бериш лозим. Чунки яхши маҳалла соғлом, бақувват организм сингаридир. У ўзидаги касалликка қарши фаол курашади. Афсуски, Тошкентни қайта қуриш жараёнида дастлабки йилларда бу муҳим масалага эътибор берилмади…
Ҳозир кўп қаватли уйларда яшаётган оилалар, аксарият ҳолларда ташқи оламдан ажралиб, мисоли бир оролдай бўлиб яшаяпти. Оилада нималар бўлаётгани билан қўни-қўшниларнинг ҳам, ишхонанинг ҳам иши йўқ. Қўни-қўшнилар фақат ўзларининг тинчликлари бузилгандагина юзаки аралашишлари мумкин. Бу пайтда кўпинча эр-хотин бир-биридан қўлини ювиб, қўлтиғига урган бўлади.
Муҳаббат, оила қуриш шахсий иш. Лекин бунинг замирида учинчи шахс — бола пайдо бўлади. Эндиликда муҳаббат ижтимоий аҳамият касб этади. Шунинг учун оила қурганлар жамият олдида масъулият ҳис этиши лозим. Ҳозирги пайтда мана шу масъулият сусайиб, никоҳнинг муқаддаслиги олис уфқдаги шарпадай бўлиб қоляпти. Бундай шароитда оила қуришга тайёрланаётган ёшлар ўртасида тарбиявий иш олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Чет элларда ҳозир бу масалага жиддий эътибор бериляпти. Ўрта мактабларда оила ҳаёти психологияси дарси ўтилиб, ёшлар олдида психологлар, юристлар, шифокорлар маъруза қилишяпти. ЗАГС бюролари қошида турмуш қураётган ёшлар учун консультация пунктлари очиляпти. Оила ҳуқуқи масалалари, ёш оналарга яратилган енгилликлар кенг тарғиб қилиняпти.
Оиланинг тотувлиги, асосан, аёлнинг оқила, дилбар, болаларига меҳрибонлигига боғлиқ. Шу боисдан оилани мустаҳкамлаш учун курашда хотин-қизлар ўртасида тарбиявий ишлар олиб боришга кўпроқ эътибор бериш, хотин-қизлар кенгашлари фаолиятини кучайтириш лозим.
Менинг заводда токарь бўлиб ишлайдиган бир танишим бор. У саккиз боласи билан 51 квадрат метрли квартирада яшайди, уйи торлик қилаётганидан кўп нолийди. Мен бир куни: «Квартирангиз дастлаб олганингизда шундай тормиди ёки кейинроқ кўпайишиб тиқилиб қолганмисизлар?» — деб сўрадим. У: «Эскидан шунақа, — деди, — ҳовлим бузилганида туман ижроия комитетига чақиришди. «Олсангиз мана шу квартира, йўқ десангиз яна бир-икки йил кутасиз», — дейишди. Саккиз болам билан кимникига сиғаман, тор бўлса ҳам шу квартирани олишга мажбур бўлдим».
Мен яна бир жувонни танийман. У бир ўзи уч хонали ярқираган квартирада яшайди. Эри билан ажралишган, қизчаси аллақайси шаҳарда бувиси билан яшайди. Ҳалиги жувон уйида хўтикдай ит асрайди…
Республика Ички ишлар вазирлигининг вояга етмаган болалар ўртасидаги жиноятчиликка қарши кураш бўлимида менга ҳар йили республикада 600—700 бола уйидан қочиб кетаётганлигини, ўсмирлар орасида гиёҳвандлик, кашандалик, жамоат тартибини бузиш ҳоллари кучаяётганини, ёш-ёш қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолиш ҳоллари учраётганлигини айтишганида юқоридаги икки далил ёдимга келди. Бола нима учун оиласидан безиб, қочиб кетади? Нима учун ёш қизлар ҳомиладор бўлиб қолишади? Бу фақат ота-она яхши тарбия бермаганлиги ёки телевидениедан ҳар хил бемаза фильмларнинг намойиш қилиниши оқибатими? Маълум даражада шундай. Аммо нега шаҳарга нисбатан қишлоқда яшайдиган болалар ўртасида шундай кўнгилсиз ҳодисалар кам учрайди? Масалан, республика Ички ишлар вазирлигидан бизга маълум қилишларича, шу йилнинг биринчи чорагида Бўка туманида болалар ўртасида биронта ҳам жиноят содир бўлмаган. Қишлоқ болалари баъзида жиноят қилишади. Лекин улар аксарият ҳолларда бу ишни билмасдан, моҳиятини англаб етмасдан қилишади. Шаҳарда эса битта туманда ҳар ойда болалар ўнлаб тартиббузарликлар содир этадилар.
Нега шундай? Чунки қишлоқда бола мунтазам катталарнинг назоратида! Ота-она боланинг кўз ўнгида меҳнат қилади. Гўдак дала шийпонида ташкил этиладиган яслидаги беланчакда ётган пайтиданоқ ота-онанинг жонли намунаси билан тарбияланиб, ўз-ўзидан меҳнаткаш бўлиб ўсади, бемаза ишларга вақти қолмайди. Шаҳарда эса бола бундай имкониятдан маҳрум. Эрта кетиб, кеч қайтадиган ота-онаси қайси корхонада ишлаб, қандай вазифани бажаришини кўпгина болалар билишмайди ҳам. Улар мактабдан қайтгач, ўз ҳолларига ташлаб қўйиладилар. Бу ҳам етмагандай, биз воқеаларнинг думида юрамиз. Бола тақдири ҳақида у обдан расво бўлиб, тарбияси издан чиққанидан кейингина ўйлаймиз.
Оиласи билан 51 квадрат метрли квартирада яшайдиган танишимга қайтайлик. Ўн жоннинг ётиш-туриши уч хонада бўлганида, қандай қилиб болалар ўртасида шарму ҳаёни, уят-андишани тарбиялаш мумкин? Сўзсиз, бундай шароитда болаларнинг бети тез очилади, уят-андишани яхши билмайдиган бўлиб ўсади. Шундан кейин қарабсизки, ёш қиз кўчада ким биландир «донлашиб», туғруқхонага тушади. Бу жамият учун янги ташвиш пайдо бўлади, демак. Ахир бунинг олдини олиш, оилага мўътадил яшаш шароити яратиб бериш мумкин эди-ку?!
Шу сатрларни ёзяпман-у, масъул вазифада ишлайдиган бир дўстимнинг сўзлари ёдимга тушади. У қишлоқда ўсган, ҳозир шаҳарда кўп қаватли уйлардан бирида яшайди. У бир куни менга шундай деди: «Оғайни, очиғини айтсам, болаларимга раҳмим келади. Улар залда ўйнаса хотиним ҳайдайди: «Бу ер зал, меҳмонлар, ўтирадиган жой», — дейди. Ётоқхонага чиқиб ўйнашса, у ердан ҳам ҳайдайди: «Бу ер дам олиш хонаси, чиқинглар, чангитманглар», — дейди. Ўзинг ўйла, бечора болалар қаерда ўйнашсин?!».
Эҳтимол, ҳовлига тушиб ўйнаш мумкиндир? Йўқ, мумкин эмас. Ҳовлидаги болалар ўйнайдиган майдон аллақачон «томорқа» тариқасида тақсимланиб, панжара билан ўраб олинган, кўк пиёз, болгар қалампири барқ уриб, кўкариб турибди. Бу ерда ўйнаш у ёқда турсин, қани, копток тушиб кетсин-чи, еттинчи қаватда деразадан қараб турган кампир қўлини пахса қилиб қийқира бошлайди. Шундан кейин бола ўйнайдиган жой қидириб, бошқа микрорайонларга кетади. Бемаза болаларга қўшилиб, ҳар хил тартиббузарликлар қилади. Ота-онаси исканжага олаверса, қочиб кетади. Бундай шароитда бола топилгач, ота-онасига озгина меҳр-муҳаббати бўлса қайтиши мумкин. Акс ҳолда болалар уйидан паноҳ топади.
Милиция ходимлари менга битта болани 3-4 кун қидириш давлатга 350-400 сўмга тушишини айтишди. Дарҳақиқат, ички ишлар органлари чор тарафга телеграммалар юборишади, боланинг расмини кўпайтириб, тарқатишади. Бирор кимса уни кўрдим деса, йўриқчилар ўша ерга бориб суриштиришади. Булар ҳаммаси оворагарчиликни, харажатни талаб этади.
Янгийўл шаҳридаги Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасига қарашли болаларни қабул қилиш, тарқатиш пунктида менга Ю. Газизов деган ўн уч яшар болани кўрсатишди. Уни милиция ходимлари Тошкент аэропортида ушлашган. Бу бола бир ярим ойдан бери уйи қаердалигини айтмас экан. Милиция ходимлари унинг ота-онасини топамиз деб Самарқандга ҳам, Қаттақўрғонга ҳам бориб келишди. Тарбиячилар жилла қурса онангнинг исми-шарифини айт, кимлигини билайлик дейишса, у: «Айтмайман, айтсам мени яна уйга олиб бориб ташлайсизлар, онам ёмон, у уятсиз ишлар қилади», — дермиш.
Мен қишлоқда туғилиб, ўсганман. Болалигим уруш даврига ва урушдан кейинги оғир йилларга тўғри келган. Ўша пайтларда қишлоғимизда турмуш оғир, ўзига яраша нобоп оилалар ҳам бор эди. Лекин қишлоқда биронта бола уйидан қочиб кеттанлигини эсламайман. Сабаби, ўша пайтда уйидан қувонч тонмаган бола кўчадан топар эди. Мактабнинг яхши стадиони бўларди. У ерда ўйнаб чарчасак, тўлиб оқадиган анҳорда маза қилиб чўмилардик, колхоз боғига бориб, колхозчиларга кўмаклашиб, мевалар ердик.
Мана шу фикрлар хотирамга келганда XIX аср файласуфлари шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовутни йўқотиш ҳақидаги ғояларни илгари сурганларида, қишлоқни шаҳарга яқинлаштириш билан бир қаторда, бунинг аксини ҳам назарда тутишмаганмикин, деб ўйлаб қоламан.
Ҳозирги шаҳар шароитида нобоп оилаларда тарбияланаётган болаларга уйида ҳам, кўчада ҳам яйраш учун шароит йўқ. Боланинг мурғак қалби қувонч ахтариб, ўзини ҳар кўйга солади. Оқибатда беихтиёр жиноят кўчасига кириб кетганини сезмай қолади.
Шундай экан, биз ҳар бир микрорайонда қишин-ёзин ишлайдиган спорт комплекслари, болалар учун боғлар бунёд этиш ҳақида ўйлашимиз керак. Республикамизнинг бошқа жойларини қўя турайлик, ҳатто Тошкентдай шаҳри азимда ҳам бу масалага фақат шаҳар марказида эътибор берилган. Атрофдаги даҳаларда болаларнинг ўйнаб-кулиши учун деярли ҳеч қандай шароит йўқ.
Ушбу сатрларни ўқиётган ўқувчи: «Ахир нимасини ваҳима қиламиз, биз дунёдаги энг инсонпарвар жамиятда яшаяпмиз-ку?! Мамлакатимиз учун энг оғир дамларда — 1941—45 йиллардаги уруш даврида ҳам бизда кўчада қолган болалар бўлмаган-ку, энди бўлармиди?» — дейиши мумкин. Дарҳақиқат, «Ҳамма яхши нарсалар — болаларга!» деган шиор амалда. Бизда кўчада қолган болалар бўлган эмас, бундан сўнг ҳам бўлмайди. Халқимизнинг болажонлигига ҳеч ким шак келтиролмайди. Бу фазилат ёшларимизнинг ҳозирги авлодида ҳам керагича бор. Эндиликдаги асосий вазифамиз бу ажойиб фазилатимизни кўз қорачиғидай асрашдан, унинг азлоддан-авлодга мерос бўлиб қолишига эришишдан иборат. Қолаверса, Ҳукуматимиз баркамол инсонни тарбиялаб етиштиришни бирламчи вазифа қилиб қўйган. Бунинг учун, эса аввалб, яхши оила, аҳил ота-она зарур. Бусиз бу улкан вазифани ҳал этиш қийин.
Мен болалар уйида биринчи бор бундан ўн йилча муқаддам бўлганман. Шунда кенг, ёруғ хоналарда яшаётган, озода кийинган, тўқ болаларни кўриб, бир томондан хурсанд бўлганман, Ҳукуматимизга таҳсин айтганман. Иккинчи томондан, кўнглим бузилиб, кўзимга ёш келган. Сабаби, юзаки қараганда бу ерда болалар учун ҳамма нарса муҳайё. Аслида эса улар энг муҳим нарсадан — ота-она меҳридан маҳрум. Тўғри, болалар уйларида қалби ўксик норасидаларга ота-она ўрнини босишга ҳаракат қиладиган яхши тарбиячилар кўп. Аммо улар бари бир ота-она бўлишолмайди. Мутахассисларнинг фикрича, ота-она меҳридан бебаҳра бўлиб ўсган инсон катта бўлгач, ўз болаларига ҳам бемеҳр, лоқайд бўларкан.
Бола тарбиясига лоқайдлик ўз келажагимизга лоқайдлик демакдир. Келажакка лоқайдлик эса инсонийликка зид ишдир.
1987 йил.