Урушда беш фарзандидан айрилган Зулфия она ҳақида
Ўн етти йил муқаддам Ғалаба байрами куни Хонобод қишлоғидаги ўрта мактабнинг сўлим ҳовлисида, баҳорда тўлиб оқадиган Чирчиқнинг шовуллаши шундоққина эшитилиб турадиган жойда Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган ҳамқишлоқлар хотирасига ўрнатилган обиданинг тантанали очилиши бўлди. Маросимга кўп одам тўпланди. Марҳумлар хотираси, ўтган уруш машаққатлари, Буюк ғалабамизнинг аҳамияти ва бугунги тинч ҳаётимиз ҳақида яхши гаплар айтилди. Пионер ва ўқувчилар уруш қаҳрамонлари шаънига шеърлар ўқишди. Устидаги оқ сурп олинган, турфа гулларга тўлиб кетган обида атрофи тушдан кейин жим-жит бўлиб қолди.
Оқшом мактаб ҳовлисига оқ шол рўмол ўраган, нуроний бир аёл кириб келди. У обида ёнига аста борди-да, мармарга зарҳал ҳарфлар билан ёзилган исмларни кўздан кечира бошлади. Нигоҳи «Холматов»лар фамилиясига тушганда беихтиёр тиззалари қалтираб ўтириб қолди, кўзларидан шашқатор ёш оқди. «Холматов Исоқжон, Холматов Аҳмаджон, Холматов Мамажон, Холматов Ваҳобжон, Холматов Юсуфжон» — мармарга беш ака-уканинг исм-шарифи кетма-кет ёзилганди. Обида ёнида ўтириб, уларнинг фамилияларини силаб йиғлаётган аёл эса шу йигитларнинг яккаю-ёлғиз синглиси эди.
Манзура опа Тошкентда — Ўқчи маҳалласида яшайди. Ўша куни у Хонобод қишлоғидаги обиданинг очилишига вақтида етиб келолмади. Лекин кеч бўлса ҳам боришга аҳд қилди. Ўша оқшом у обида ёнида ўтириб узоқ йиғлади, доғи-ҳасратда ўтган муштипар онасини, навқирон умри хазон бўлган акаларини кўз олдига келтирди…
Мен Хонободда туғилиб ўсганман. Шу боисдан бу қишлоқда эскидан яшайдиган кишиларни яхши биламан. Хонободдан фронтга кетган йигитлар орасидан қишлоққа биринчи бўлиб Йўлдош подачи қайтиб келган. Уни 1943 йилнинг баҳорида Қорасув райкоми секретарининг «Эмка»сида олиб келишган.
Кейин фронтдан бирин-сирин бошқа йигитлар қайта бошлашди. Аммо улар орасида соғидан майиб-мажруҳи, уруш туфайли соғлиғидан айрилганлари кўп эди.
Бизнинг оиладан икки акам фронтга кетганди. Каттаси Украина фронтида, кичиги Карелия-Фин фронтида жанг қилган. Уруш тугагач, кичик акам қайтдию, каттаси — Абдуназар акам қайтмади…
Онам ўқимаган, содда бир аёл эди. Баъзан сокин саратон кунларида ҳовлида ёлғиз юмуш қилиб юрганларида Сергели томондан поезднинг, менга қандайдир мунгли туйиладиган чўзиқ чинқириғи эшитилиб қоларди. Шунда онам ўзига-ўзи гапириб, «Ҳа овозгинанг ўчсин-а, қарағайдай ўғлимни ўт ичига олиб бордингу, йўқ қилдинг-а» деб поездни қарғардилар. Баъзан эса бувим иккиси супачада гурунглашиб ўтириб, акамни эслаб йиғлашарди.
— Ўтган ҳафта Назираникида сумалак қилганимизда Зулфия ўғлига ёзган марсияни ўқиб берди, — дерди бувим. — Бир айвон аёлнинг ҳаммаси йиғлади. Вой, бу аёлни билмас эканмиз, метин экан-а! Акобирдай беш ўғлидан жудо бўлиб, қаддини тутиб юрибди-я! Онам бувимнинг фикрини қувватларди.
— Келинларини яхшилигини айтмайсизми. Тўрттовиям бири-биридан меҳнаткаш, бири-бириден хушмуомала, қайноналарини бошларига қўйишади.
Менда ҳамқишлоғим Зулфия Зокирова ва унинг келинларига ҳурмат-эҳтиром ўша йилларда туғилган. Вақт ўтган сари бу туйғу кучайиб борди. Ҳамон халқ бошига кулфат тушган ўша олис йилларда ўзининг метин бардоши билан бутун қишлоққа таскин берган буюк аёл — Зулфия она матонати ҳақида ўйлайман.
Зулфия она эридан барвақт айрилди. Беш ўғил, бир қизини ўзи ҳам она, ҳам ота бўлиб ўстирди. Уруш арафасида ўғилларидан тўрттаси уйли-жойли бўлиб, яхши турмуш кечиришаётганди.
Исоқжон колхозда ветврач, Аҳмаджон ҳисобчи, Мамажон аравакаш, Ваҳобжон кетмончи эди. Беш ўғилнинг орасида Юсуфжоннинг зеҳни ўткир чиқди. Уруш арафасида у Тошкент педагогика билим юртини тамомлаб, Ўрта Осиё Давлат университетининг физика-математика факультетига ўқишга кирди.
Аммо шунда бирдан уруш бошланиб кетди.
* * *
Мамажон 1941 йилнинг июлида, Аҳмаджон ундан бир ой кейин фронтга кетишди. Кузга бориб Ваҳобжон билан Юсуфжонни ҳам кузатишди. 44-йилнинг март ойида зса Исоқжон ҳам урушга кетди.
Аҳмаджондан атиги битта хат келган. Унда, мактубни йўлдан ёзаяпман, ҳозирча менга хат ёзманглар. Биз Сталинград томонга кетаяпмиз. Етиб боргач, аниқ адрес билан яна хат ёзаман, деган эди. Шундан кейин у кишидан дом-дарак бўлмади.
Мамажондан ора-сира хат келиб турди. У «Москвани ҳимоя қилаяпмиз, оташ-олов ичидаман», деб ёзарди. 1943 йилнинг охирида ярадор бўлиб қайтиб келди. Бироз ўзига келгач, колхозда бригадир бўлиб ишлади. 1944 йилнинг ёзида яна фронтга кетди. У кишидан охирги мактуб уруш тугашидан сал аваал келган. «Карнай-сурнай»нинг товуши келиб турибди, ҳадемай, охирги катта «тўй»га кирамиз. Шундан омон чиқсам, дийдор кўришиб қоламиз», деганди ўша мактубида. Шундан кейин кўп ўтмай у кишидан қора хат келди.
— 1943 йилнинг ёз оқшомларидан бирида уйимга колхоз бухгалтери Раҳим Жовилбоев кириб келди, — деб эслайди Зулфия бувининг иккинчи келини Ҳамронисо Холматова. — У: «Ҳамронисо, дарвозани беркит, синглим, сенда бир муҳим гапим бор», деди. Айтганини қилдим.
— Кенжа қайнинг Юсуфжон Ленинградда ҳалок бўлибди, мана, идорага қора хат келди, — деди у. Йиғлаб юбордим.
— Ўзингни тут, ёш бола эмассан, — деди Раҳим ака, — кампирга бу хабарни қандай етказамиз, сен билан шуни маслаҳатлашгани келдим.
— Мамажон акамни чақирай.
Катта ҳовлига чиқиб, Мамажон акамни секин имлаб чақириб келдим. У киши киргач, яна дарвозани тамбаладим. Раҳим ака, қора хатни кўрсатди. Учовлашиб яна йиғладик. Шунда бирдан ойим хавотир олиб чиқиб қолса-я, деган фикр келди. Лип этиб туриб бориб эшикни очиб келдим. Ўйлаганимдай бўлди. Ўрнимга келиб ўтиришга улгурмасимданоқ, қайнонам кириб келдилар.
— Ҳа, тинчликми, уч киши тўпланиб нимани маслаҳатини қилаяпсизлар, — дедилар.
Мамажон акам ҳозиржавоблик қилдилар.
— Фронтда бирга жанг қилган пискентлик қадрдон ошнам бор эди, Ўша хат ёзган экан, шуни ўқидик.
— Йўқ, ёлгон гапираяпсан, дедилар қайнонам. — Бир нохушлик бўлган, юрагим сезиб турибди.
Биз сир бой бермасликка қаракат қилдик. Эртаси куни яна кенгашиб, кампирдан хабарни яширмай айтиш керак, деган хулосага келдик. Кенжа, севимли ўғли ҳалок бўлганлигини эшитиб, қайнонам фарёд кўтарди, бир пастда катта ҳовли қий-чув бўлиб кетди.
Кейин бошқа ўғиллари ҳалок бўлганлиги, бедарак йўқолганлиги ҳақида хабарлар келди, уларни кампирга билдирмадик. Кампир ҳаммадан ҳам Юсуфжонга кўп куйдилар. Тўрттасидан «туёқ» қолди, Юсуфжоним бенишона кетди, деб йиғлардилар.
* * *
Хонобод қишлоғида уруш йиллари анча донг таратган Мавлон Қўшаев деган одам колхозга раис бўлган. Бундан беш-олти йил аввал вафот этган бу кишининг уйида — меҳмонхонасининг тўрида яқин вақтларгача ҳам ойнаванд рамкага солинган ташаккурнома илиғлиқ турарди. Унда тўртта танкка етадиган маблағ тўплаб бериб, Ғалабамизга муносиб ҳисса қўшган, фронтни зарур нарсалар билан таъминлаш учун кунни тунга улаб меҳнат қилаётган колхоз меҳнаткашларига қизғин миннатдорчилик изҳор этилганди.
Ўша пайтларда колхоз далаларида меҳнат қилганлар кимлар эди? Қари-қартанглар, ўсмир болалар, эри фронтда жанг қилаётган бева аёллар эди. Зулфия бувининг тўрт келини — Лазокат, Ҳамронисо, Ҳидоят, Рихси Холматовалар битта бригадада меҳнат қилишган. Қишлоқда эркак зоти кам, энг оғир ишлар аёлларнинг зиммасида эди. Шунинг учун ҳам бу аёллар вақти келганда хотин бошлари билан арава минган, оқсой қўшган, гектар-гектарлаб сув суғорган пайтлар бўлди. Болаларига эса қайноналари қаради.
— Бир куни далада пахта тераётгандик, — деб ҳикоя қилади келинлардан бири Ҳамронисо Холматова. — Бир йигит Ҳидоятга икки марта кўрак отди. Фиғоним осмонга чиқиб кетди. Агар шунда вақтида дакки бермасангиз, бошқа ҳунарни ҳам қилади. Шартта пахтамни ерга қўйдиму, ҳалиги эррайимнинг олдига бордим.
— Ҳа, имонсиз! — дедим унинг кўзига тик қараб. — Кўнглинг Ҳидойни тусаб қолдими?! Эри йўқ буни, нима хоҳласам, шуни қиламан, деб ўйладингми?! Янглишасан, шундай ўйласанг! Ҳидойнинг хўжайини мен бўламан. Тўрт овсин эрларимиз келгунча бир-биримизга қоровулмиз. Кейин ихтиёримиз эрларимизга ўтади. Ҳе, кўнглингни кўчасига ўт кетсин, сени!
Ҳалиги йигит нима дейишини билмай сўррайиб қолди. Унга бошқалар ҳам дашном беришди. Шу-шу бизга ҳеч ким қинғир кўз билан қарамайдиган бўлди.
— Қайнонам ҳамиша мен билан яшаганлар, — деди Мамажоннинг рафиқаси Ҳидоят Холматова. — Ўғиллари дом-дараксиз кетгач, у киши қаттиқ куйдилар. Лекин буни бизга сездирмасликка ҳаракат қилардилар. Келинларимнинг ўз ташвиши ўзига етарли, яна уларни кўз ёшим билан эзиб нима қиламан, деб ўйлаган бўлсалар керак-да, раҳматли, эсли кампир эди. Лекин биз унинг куйиб жизғанак бўлаётганини сезиб турардик, қандай бўлмасин кўнглини кўтаришга, тасалли беришга ҳаракат қилардик.
Кечқурун даладан чарчаб келмасмидим, овқатни еб бўлгач, бошимни ёстиққа қўйишим билан донг қотиб ухлаб қолардим. Қайнонам эса кўпинча ухламасди. Ярим кечада ҳовлини айланиб, худди биров эшитиб қолишидан қўрққандай, паст овоз билан ўғилларининг номларини бир-бир айтиб йиғлаб юрганларини уч-тўрт кўрганман. Шунда мен ўрнимдан турардим-да у кишини овутиб, ўринларига олиб келиб ётқизиб қўярдим. Баъзида қўни-қўшнилар уйимизга кириб «кампир бечорага қийин бўлди-да», деб бошларини сарак-сарак қилиб чиқиб кетишарди.
Лекин бошига тушган кулфат қай даражада оғир бўлмасин, кампир чидади, кўз ёшлари билан атрофидагиларнинг дилини хуфтон қилаверишни ўзига эп кўрмади. Юраги кенг, сабр-бардошли, қаноатли аёл эди — дардини ичига ютди…
Урушдан кейин бир кун кампир тўрт келинини ёнига ўтқазди-да, шундай деди:
— Ўргилиб кетай, сенлардан, мен барчангдан розиман. Лекин бир қарз гапни ўзимдан соқит қилмоқчиман. Тўртовинг ҳам эрдан ёш қолдиларинг. Энди жойи чиқса турмуш қилларинг, мингдан-минг розиман. Мени ҳеч ўйламанглар, оғирлигимни ер кўтаради, ризқимни худо беради.
Шунда ҳамма овсинлар йиғлаб юборишди.
— Йўқ, ойи, — деди Ҳидоят опа. — Биз болаларимизни бегоналарга муте қилмаймиз. Доим сизнинг паноҳингизда яшаб, фарзандларимизни ҳам ота, ҳам она бўлиб тарбиялаймиз. Болаларимиз вояга етиб, ўзларидан кўпайса, юрагимиздаги яралар битиб кетар…
Шунда кампир келинларини йиғлаб дуо қилган экан.
Зулфия буви ҳали яна яшаши мумкин эди. Лекин умрининг сўнгги йилларида кетма-кет икки фалокат рўй берди. 1957 йилда икки келини билан шаҳарда турадиган қизиникига кетаётганда, трамвай зинасидан йиқилиб, бели синди. Шунда уч йил шифтга қараб ётди. Тўрт овсин кампирга навбатма-навбат қарашди. Энди қўлтиқ таёқда юрадиган бўлганида яна бир кўнгилсиз ҳодиса рўй берди: яккаю-ягона қизининг эри автомобиль фалокатида ҳалок бўлиб, Манзура опа олти фарзанди билан бева қолди. Кампир шу кулфатни кўтаролмай ётиб қолди.
Ўшанда 1960 йилнинг майи, Зулфия буви 77 ёшда эдилар.
— Қайнонам оғир ётган кезлар ипак қурти боқилаётган кунлар эди — деди Ҳамронисо опа. — Бош қашишга вақт йўқ. Шундай бўлса ҳам тез-тез кампирнинг олдига чиқиб турдим. Олдиларида бирпас ўтирсам, у киши: «Бор болам, қуртингга қара, тезроқ кўмишни пайидан бўл, мен тузукман», дердилар.
Узиладиган кезлари яна олдиларига чиқдим. Ёнларига ўтириб:
— Ойи, тузукмисиз? — дедим.
— Шукур, тузукман, — дедилар. Кейин сўрадилар: — Қуртингни кўмиб олдингми?
— Кўмдим, ойи, қутулдим, — дедим.
— Ҳайтовур, — дедилар.
Кейин ҳовли томонга хиралашган кўзлари билан қарадиларда: — Биронтаси келмадия… — дедилар.
Шундан кейин кўпам вақт ўтгани йўқ. Икки кўзларидан икки томчи ёш оқди-да, «пуф» этиб жонлари чиқиб кетди.
* * *
Агар ҳозир Зулфия Зокирова бир мўъжиза бўлиб кўз очса, беш азамат ўғли урушда ҳалок бўлганига ишонмасди. Сабаби, кампирнинг беш ўғли ўрнини беш невараси — Турғунжон, Раҳимжон, Анваржон, Маннопжон, Раҳматжонлар босишди. Уларнинг вояга етиб, элга қўшилганига анча йиллар бўлди. Ҳаммаси ҳам оталари сингари келбатли, меҳнатсевар, одамгарчиликни биладиган йигитлар бўлишди. Аҳмаджоннинг невараси Шуҳрат эса ҳарбий хизматни Афғонистонда ўтади. Фарзандлар бувилари, урушдан қайтмаган оталари хотирасини ҳамиша ҳурмат билан тилга олишади.
— Бизни бувим катта қилган, десам нотўғри гапирмаган бўламан,—дейди Турғун Муҳаммаджонов. — Ҳар куни оналаримиз далага кетишарди. Биз набиралар эса катта ҳовлида бувим билан қолардик.
Мактабни битиргач, бувимнинг далдаси билан Эски шаҳарда очилган ҳайдовчиларнинг олти ойлик курсига кирдим. Ҳар куни эрталаб ўқишга кетаётганимда бувим қўлимга бир сўм берарди. У киши офицер бўлиб ҳалок бўлган кенжа ўғилларига 22 сўм нафақа олардилар. Ҳар куни менга шу нафақадан бир сўмини берардилар… Мана ҳозир ишим ёмон эмас. Аммо бувимнинг менга қилган яхшиликларини қайтара олмаганим армон бўлиб қолди.
Мен кампир ҳақидаги шундай миннатдорчилик сўзларини бошқа набираларидан ҳам эшитдим.
Турғун илгари отаси сўнгги бор ёзган хатга қараб, Берлинда ҳалок бўлган бўлсалар керак, деб юрарди.
1970 йилда у туристик саёҳат билан Германия Демократик Республикасига борди. Берлинда бўлишганида уларни совет жангчилари дафн қилинган «Ольшанский» қабристонига олиб боришди. Вақт зиқроқ эди. Турғун катта қабристонга қарийб югургилаб айланиб, отасининг қабрини қидирди. У ерда юзлаб «Холматов»лар ётибди, бироқ улар орасида Холматов Мамажон йўқ эди. Лекин Турғуннинг қуруқ қайтгиси келмади, қабристон тупроғидаи бир ҳовуч олиб қайтди.
Қишлоғига келгач, маҳалла қозонида ош дамлаб, мўйсафидларни, дадасининг ўртоқларини чақирди. Германиядан олиб келинган тупроқни қутичага солиб, бахмал ёстиқ устига қўйиб, қариндош-уруғлари билан бирга бувисининг қабри ёнига олиб бориб кўмди.
1975 йилда эса Турғун кенжа амакисининг қабрини қидириб топди. Лейтенант Юсуф Холматов Ленинграддаги Пискаров қабристонига дафн этилган экан.
Яқинда Мамажон Холматовдан келган ва сўнгра йўқолган қора хат топилди. У 1945 йил 24 февраль куни Польшанинг Вембрандава районида ҳалок бўлган экан. Энди Турғун ўша ерга онаси билан бормоқчи бўлиб юрибди.
* * *
Фарзанд доғи оғир! Бундай фожиа ота-онани ғам-ҳасрат ўтида куйдириб, адл қаддини дол қилиб, умрини қисқартиради. Киши битта фарзандидан жудо бўлса шу кўйга тушади… Аммо бирдан беш азамат ўғлидан айрилган бева она қай кўйга тушаркин? Мен илгари бундай фожиани фақат бир она — Тошкент область, Калинин район, Хонобод қишлоғилик Зулфия Зокирова бошидан кечирган, деб юрардим. Лекин янглишган эканман. Икки йил аввал туристик йўлланма билан Белоруссияга боргандим. Бизни Минск областидаги машҳур «БелАЗ» автомашиналари чиқадиган Жодино шаҳрига олиб боришди. Шунда Москва— Минск автомобиль йўли яқинида қурилган, бронзадан ишланган маҳобатли бир монументни кўрсатишди.
…Унча баланд бўлмаган гранит супада она турибди. Деҳқон кийимида, қўллари қадоқ. Аёлнинг олдида, гуллар ўсиб турган йўлда елкасига милтиқ осган беш йигит бораяпти. Уларнинг охирида бораётгани онасига қайрилиб қараб, нимадир деяпти. Бу беш йигит шу аёлнинг ўғиллари. Уларнинг ҳеч бири фронтдан қайтмаган…
Мазкур Монумент 1975 йилда Минскда хотин-қизларнинг урушга қарши, тинчликни ҳимоя қилишга бағишланган халқаро конгресси бўлиб ўтган кунларда очилган экан.
— Бу монументга ватанпарвар она Анастасия Фоминична Куприянова асос қилиб олинган, — деб изоҳ берди бизни бошлаб юрган аёл. — Ўғилларининг энг кичиги — Совет Иттифоқи Қаҳрамони Куприянов — душман дзоти амбразурасини кўкраги билан беркитиб, мислсиз жасорат кўрсатган.
Бу ҳақда монументга ҳам ёзиб қўйилган. Уни ўқиётганимда хаёлимга ўзбек Куприяноваси — Зулфия Зокирова келди.
Биз ҳаётимиздаги қаҳрамонлар, турмушимизнинг нурли томонлари ҳақида кўп гапирамиз. Аммо чинакам қаҳрамонлар бир чеккада қолиб, сохта қаҳрамонларга кўпроқ қарсакбозлик қилдик. Вақт келиб, мусаффо эпкинлар эсди-ю, бу «қаҳрамонлар» юзидаги ниқобни олиб ташлади… Аммо у йилларнинг машъум сояси ёшларнинг эътиқодларида ўз муҳрини қолдирган экан.
Агар шундай бўлмаса, Усмон Носирдай оташнафас шоиримиз хокини қидириб топишга, унинг пок номи оқланганидан сўнг ўттиз йил ўтгач киришармидик? Агар шундай бўлмаса, Абдулла Қодирийдай буюк адибнинг боғ ҳовлиси харобага айланиб ётармиди? Агар шундай бўлмаса, халқ бошига кулфат тушган йилларда ўзининг сабри, бардоши билан одамларга ибрат бўлган, бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг руҳий кучи, қалб гўзаллигини ифодалаган, буюк уруш машаққатларини ўзининг нозик елкаларида кўтарган Зулфия Зокирова ва унинг келинлари тақдири эл-юрт назаридан четда қолармиди?!
Ҳа, турғунлик йиллари биз кўп хатоликларга йўл қўйдик. Энди эса бу хатоларни тузатиш пайти келди. Шундай экан, бугун биз матонатли аёл Зулфия Зокировага ўрнатилган ҳайкал қани, унинг номи билан аталган кўча қани, деб баралла айтишга ҳақлимиз. Биз бу ишни фақат марҳумлар хотираси учунгина эмас, балки келажак авлодни ўйлаб ҳам қилишимиз керак. Ёшлар сохта қарамонлардан эмас, ҳақиқий қаҳрамонларимиздан намуна олиб ўссин. Ана шунда турмушимиз янада гўзал, сермазмун бўлади. Ана шунда ҳаётимизда ўзаро иззат-ҳурмат, вафо, садоқат деган эзгу фазилатлар олис уфқдаги шарпадай бўлиб қолмайди. Ана шунда бўлар-бўлмасга ўз фарзандини етимхона эшигига ташлаб кетиш ҳоллари ҳам камроқ юз беради.
Суратларда: Зулфия она, Мамажон, Исоқжон, Аҳмаджон, Юсуфжон ва Ваҳобжон Холматовлар.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 5 май