Раҳбарлар ўз фаолиятларидаги ҳар қандай жиддий камчиликни хаспўшлаб, бўяб-бежаб кўрсатишга интилар эдилар. Бу бюрократик кўникма оммавий ахборот воситаларига ҳам таъсир этган эди. Бирор камчилик ҳақида қўрқа-писа фикр юритадиган журналист ўша йилларда «воқеликни бузиб кўрсатиш» деган ёрлиқдан ўзини муҳофаза қилиш мақсадида «бу ҳол якка-ярим бўлса-да, учрайди» деб ёзар, сўнг факт-ҳодисанинг ўткир жиҳатларини бир мунча силаб-сийпалаб, хаспўшлашга ўтар эди. Бундай кўникма ҳозир ҳам кўзга ташланади. «Аёлларнинг ўзига ўт қўйиш ҳоллари, — дейилади бир мақолада, — кам, албатта. Аммо кам бўлса-да, жуда ташвишли воқеадир».
Худди шу мақолада бир йилда 300 га яқин ўзига ўт қўйиш воқеаси содир бўлгани қайд этилади, ўз жонига қасд қилишнинг бошқа усуллари бу ҳисобга кирмайди. Бу дегани уч юзта тақдир, уч юзта ўзига хос олам, уч юзта оғир фожиа, демакдир. Буни «ташвишли воқеа» дейиш камлик қилади. Ўзига ўт қўйиш жамият ҳаётига жиддий моддий-руҳий зиён етказа бошлаган ижтимоий муаммодир.
Ўзини ёқиш Европа халқлари воқелигига хос нарса эмас. Бу ҳол Ўрта Осиё аёллари орасида тарқалган. Демократия ва ошкоралик давридагина бу ҳақда матбуотда очиқ гапириш имконияти туғилди. Шу ҳақдаги публицистик мақола ва очеркларда ҳодисанинг моҳиятини талқин этиш, сабабларини очишга интилиш сезилади. Чунки, сабаби аниқланмаган касалликни даволаш қийин.
Оилавий келишмовчилик ва можаролар ўзини ёқиш ҳодисасининг сабабларидан биридир — Гулчеҳра Алибоева, Ж. Маматов, Дадахон Ёқубов ва бошқаларнинг мақола ҳамда телекўрсатувларида шундай мулоҳаза юритилади. Оилавий келишмовчиликлар ва можароларнинг моддий сабаби иқтисодий етишмовчилик бўлса, маънавий-аҳлоқий сабаби эр-хотин орасидаги муҳаббатнинг барбод бўлишидир.
Кўпгина очерк ва мақолаларда «иккаласи ҳам севишиб турмуш қурган» қиз-йигитлар тез орада ажралиб кетганлиги ҳақида афсус-надомат билан фикр юритилади. Ёшларнинг оилавий турмуш ҳақида юзаки ўйлаганликлари, қайнона-келин можароларининг кескинлашганлиги ва бошқа шу каби енгил-елпи жанжаллар бундай ажралишга олиб келганлиги айтилади. Бундай можароларнинг ҳам таъсири бор, албатта. Аммо, аслида, оилавий можаро, биринчи навбатда, оилавий бурчга хиёнат, муҳаббатнинг барбод бўлиши ва бошқа ички хуфя сабаблар оқибатида юз беради.
Ж. Маматовнинг «Аччиқ қисмат» очеркида ўзини ёққан бир неча ёш аёл ўлими олдидан бу фожианинг сабаби «севгисиз турмуш» эканини айтади. Дадахон Ёқубовнинг «Ҳаёт ташвишлари ва қувончлари» туркум телекўрсатувларида ҳам ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган бир қанча аёл ҳам худди шундай фикрни изҳор этади.
Маълумки, «севгисиз турмуш» ҳаммавақт ҳам фожиага олиб келавермайди. «Севгисиз турмуш» қурган кўплаб ёшлар никоҳни бекор қилиш билан оилавий можароларга нуқта қўйиб тинчийдилар. Бироқ, «севгисиз турмуш» иборасининг моҳиятига теранроқ разм солинса, унда анча жиддий маъно яширингани маълум бўлади.
«Аччиқ қисмат» мақоласида келтирилган бир-икки факт ҳақида мулоҳаза юритиб кўрайлик. Малика Мирзақобилованинг итоаткорлиги ўз бошига бало бўлди, дейди публицист. Аввало шуни айтиш керакки, маъноли, андишали итоаткорлик азалдан аёл қиёфасига ўзига хос ҳусн-латофат, гўзаллик бағишлаган фазилат ҳисобланган. Бу ҳол оилада аёлга ҳурмат ва меҳр уйғотган. Аксинча, аёлнинг бетга чопарлиги, жангарилиги аҳлоққа зид ҳисобланган. Самарқанд областидан уюштирилган «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» (1988) телекўрсатувидаги ургутлик Салима деган келинчакнинг эр, қайнона, маҳалладагиларга беандишалиги, бетгачопарлиги томошабинларда нохуш таассурот қолдирди. Уч ойлик эмизакли боласини эрига аччиқ қилиб, икки ҳафта ташлаб кетган, гўдакнинг ўлимига сабабчи бўлган бу аёлнинг хатти-ҳаракати оналик шаънига исноддир. Ўзини ҳаммага ғазабкор тутишидан ғоят нодон ва тарбиясизлиги яққол кўриниб турибди.
Нега Маликанинг нафис итоаткорлик фазилати қайнона, эр томонидан қадрланмайди? Нега улар келинга нисбатан, аксинча, зулмни тобора кучайтириб, фожиа даражасига олиб борадилар? Ўзига ўт қўйиб касалхонада оғир аҳволда ётган Малика нега «даъвом йўқ» деб тилхат ёзиб, эрининг уйланишига розилик беради? Малика нега шунчалик мутелик даражасига тушган? У эр ва қайнона олдида шу қадар муттаҳамми?
«Унга турмушга чиқиб, бахтли бўламан, деб ўйлаган эдим. Бир ҳафтадан кейин орзуларим барбод бўлди», дейди ўзига ўт қўйган Офият деган бошқа бир аёл. Оилада Офиятнинг ижтимоий фаолиятига тўсиқ бўладилар, фабрикада ишлашини қаттиқ таъқиб остига оладилар. Яна бир ёш аёл Қоқиянинг тақдири бундан ҳам аянчлироқ. Оилада учинчи фарзанд туғилганда ҳам эр ва қайнона зулми тобора авжга чиқади. Шифохонадан келган Қоқияга ҳатто фарзандларини ҳам кўрсатмайдилар, таҳқирлаб ҳайдайдилар. Болага ғоят меҳрибон ўзбек оиласида ёш онага нисбатан бу қадар тошбағирликнинг сабаби нимада? Бу икки аёл «севгисиз» турмушга чиққан бўлса, эрлар яхши кўриб уйланган эдилар-ку? Йигит севмаса бир ёстиққа бош қўярмиди? Йигит севгисининг бу қадар тез айниб, тошбағир бўлиб қолишига сабаб нима? Шуларни ўйлаганимизда «севгисиз турмуш» деган сийқа иборанинг асл моҳияти ойдинлашади. Бу — нопок никоҳ, деган маънони англатади. Никоҳга қадар қизлик иффатини сақлай олмаслик ўзбек оилаларидаги мазкур можаро ва фожиаларнинг бош сабабидир. Бироқ, иффатсизлик ҳаммавақт ҳам ўзини ёқишга олиб келавермайди, албатта. Иффатсизлик туфайли оилада вужудга келган қаҳрли ва таҳқирли вазият иродаси бўш баъзи аёлларни шундай фожиага етаклайди.
Публицистларимиз оилавий бурчга хиёнатнинг бу илк кўриниши ҳақида негадир лом-мим демайдилар. Биз ижтимоий ҳаётдаги нопокликни қаттиқ қоралаймиз. Оилавий ҳаётдаги бундай нопокликка келганда, беписанд муносабатда бўламиз. Бундай нопокликни қоралашни маданиятсизликка йўямиз, бой-феодалларча турмуш тарзи ақидаси, деб қараймиз. Жиддий оилавий можароларга сабаб бўлаётган, ёшлар тақдирини ларзага келтирадиган даражада амал қилаётган бу аён ҳақиқатни нега тан олишни истамаймиз? Ёки публицистларимиз қизлик иффати ҳақида фикр юритишни ҳозирги замон маданий удумларига номуносиб, деб ўйлайдиларми?
Қизлик иффати халқимизнинг юксак ахлоқий фазилатларидандир. «Сизга иффатли ва севимли рафиқа билан Қутидордек қайнота, Ҳасаналига келин» муборак бўлсин, деб Отабекни табриклайдилар. Қизлик иффати виждоний поклик, номус-ҳаё демакдир. Қизлик иффати оилавий ҳалолликнинг негизи. Иффатли келин йигит учун эл-юрт олдидаги ғурури, ор-номуси, оилавий бахти, бир умрлик ҳалол турмуш рамзидир. Қиз бўлажак ёри — йигит кўзига ҳалоллик тимсоли бўлиб туюлади.
«Никоҳга қадар алоқа оилавий хиёнатга олиб боради», дейди Ф. Энгельс. Қизлик иффатининг топталиши аёл бахт-саодати, келажак тотув турмуши, оналик бахти, фарзандлар тақдирининг топталишидир. Иффатсизлик — ахлоқий умидсизликдир. Доғжанинг «Муҳаббат бозори», И. Хушевнинг «Иффат керакми?», Ф. Қиличевнинг «Исловатхона «малика»лари» ва бошқа публицистик материалларда умидсизлик балосига учраган, севги гадоси бўлиб, сарсонсаргардонликда бузуқилик йўлига кирган хотин-қизларнинг ахлоқий фожиаси кўрсатилган.
Йигит севги идеалининг сароб бўлиб чиқиши, эзгу ишончининг икқирозга юз тутиши унинг учун оғир маънавий фожиа. Илк оилавий нопоклик йигитнинг маънавий айнишига олиб келиши мумкин. Бундай ҳодиса кўп ҳолларда икки ёш тақдирида ўчмас из қолдиради. Ёш келинга нисбатан фавқулодда тошбағирликнинг негизи ҳам худди ана шунда.
Оилавий турмуш ижтимоий ҳаёт ва фаолият билан шу қадар бирикиб кетган бизнинг замонада оилавий ҳалоллик шахснинг ижтимоий фаолияти учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Оилавий ҳалоллик ижтимоий ҳалолликнинг негизидир. Оилада виждонли, ҳалол турмуш кечирган киши ижтимоий бурчга ҳам содиқ ва ҳалол бўлади, деган эди В. И. Ленин.
Иффат талаби халқимизнинг эзгу маънавий-ахлоқий анъаналаридандир. Паранжига «ҳужум» йилларида хотин-қизлар озодлигига қаршилик кўрсатиш ҳаракати негизида ҳам аслида ана шу талаб мужассамлашган эди. Оилавий бурч, ҳалоллик, номус-ор, эркаклик иззат-нафсни ҳимоя қилиб майдонга чиққан эдилар. Бундай кураш ҳозирги вақтда хуфя тарзда амал қилмоқда.
Оилавий можаронинг иккинчи сабаби йигитнинг оилавий бурчга хиёнатидир. Бундай хиёнат маънавий негизда — муҳаббатнинг барбод бўлиши ёки меҳнатсиз бойлик, текин даромад, яъни ижтимоий нопоклик оқибатида юз бериши мумкин. Бундай оилавий ҳақоратли вазият келин учун боши берк кўча бўлиб туюлади. Аёл ҳаётдан воз кечишнинг энг даҳшатли усулини танлайди ва амалга оширади.
Ўзини ёқиш ҳодисасининг учинчи сабабини ижтимоийиқтисодий муносабатлардан излашга тўғри келади.
Самарқандлик врач Э. Ғаффоров аёллар орасида ўзини ёқиш рўй бераётганига сабаб оиладаги моддий етишмовчилик, деб тўғри қайд этади. «Бизга маълумки, — деб ёзади у, — кўпгина оилаларда овқатланиш илмий асосланган нормалардан жуда фарқ қилади. Нон, конфет, қанд, чой — кўпинча эрталабки нонуштада ҳам, тушликда ҳам дастурхонда бўладиган ноз-неъмат ана шундан иборат. Кечки овқатга, эрнинг келишига шўрва ёки лағмон тайёрланиши мумкин. Янги бўшанган аёл ва унинг кичик ёшдаги болалари шундай овқатланишлари керакми?»
Бироқ, ҳурматли врач моддий етишмовчиликнинг илдизини ижтимоий-иқтисодий муносабатларда эмас, балки оилавий-ахлоқий муносабатлардан излайди. Оиланинг бундай қашшоқ турмуш кечиришига сабаб кўпфарзандлиликдир, деб таъкидлайди. Шундан кейин кўп фарзанд кўришнинг физиологик ҳамда иқтисодий зарари ҳақида мулоҳаза юритади. Унинг фикрича, кўпфарзандли оилада аёл саломатлиги заифлашади, бунинг устига оиладаги бой-феодалларча муносабатлар қўшилиб, уни ҳаётдан воз кечишга, ўзини ёқишга олиб келади. Хуллас, фожианинг олдини олмоқ учун фарзанд кўришни режалаштириш керак, деган фикрни олға суради. Автор «чеклаш» сўзи ўрнида юмшоқроқ маънода «режалаштириш» сўзини қўллайди.
Тажрибали врачлар билан суҳбатимиз ва ҳаётий тажрибалар шуни кўрсатадики, кўпфарзандлилик аёл соғлигининг ёмонлашувига эмас, аксинча, яхшиланишига ёрдам қилади. Шаҳар ва қишлоқларда олти-саккиз, ҳатто ўнталаб фарзанд кўриб, келинчакдай яшнаб, очилиб юрган аёллар кўпчиликни ташкил этиши ҳеч кимга сир эмас. Агар қишлоқларда серфарзанд эмизикли аёллар соғлигининг ёмонлашуви юз берган бўлса, бунинг сабабини иш шароитининг ёмонлигидан, пахтакор меҳнатининг оғирлиги, унга тўланадиган ҳақнинг номутаносиблиги масалаларидан излашга тўғри келади.
Энг қимматли техника экини пахтага бошқа экинларга нисбатан энг оз ҳақ тўланаётганлиги Бутуниттифоқ XIX партия конференцияси минбаридан ҳам айтилди. Бир кубометр тахтанинг аҳолига сотиладиган нархи 150 сўм бўлгани ҳолда бир центнер олий нав пахтанинг нархи икки баравардан кам — 70 сўмни ташкил этади. Ҳолбуки, бу икки предмет моддий-иқтисодий моҳияти жиҳатдан бир-биридан ер билан осмонча фарқ қилади. Кўп жойларда колхозчи-пахтакор табиий туғма инвалидлик пенсиясидан ҳам кам — ойига 30-40 сўм иш ҳақи олади. Турғунлик даврида шаҳримиз баланд иморатлари пештоқига ёзилган «Оқ олтин» ни олтин қўллар яратади!» деган сийқа шиор пахтакорнинг иқтисодий қашшоқлигини масхаралаш бўлиб туюлмайдими?
Халқимиз асрлар бўйи иқтисодий қашшоқлик юки остида эзилиб, яшаб келган даврларда ҳам аёлларнинг ўзини ёқиш ҳодисаси ҳозиргидек авж нуқтага кўтарилмаган эди. Иқтисодий танглик ўзбек аёлларининг фарзандга бўлган меҳрига ҳеч қачон рахна сололмаган. Оғзаки ва ёзма адабиётнинг ўтмиш ҳақидаги асарлари бу фикрни тасдиқлайди. Меҳнатга ҳақ тўлашда ижтимоий адолатни барқарор этиш иқтисодий қийинчиликни енгиллаштиради. Бу эса, ўз навбатида оловкуш дардини камайтиришга олиб келиши мумкин.
Атоқли адиб Одил Ёқубов «Қишлоқдаги фожиа» мақоласида пахтакор аёлнинг оғир иш шароити ҳақида гапириб, аёлнинг колхоз даласидаги ҳозирги аҳволи ўтмишда паранжи тутқинлигидан бир неча баравар оғир эканини таъкидлади. Нега аёл саккиз соатлик иш куни ўрнига тонг саҳардан қоронғи тушгунча қирқ беш даражадан баланд жазирама иссиқда ғўзага сепилган заҳардан нафас олиб меҳнат қилади? Нега ҳомиладор ва эмизикли аёлларга далада имтиёзли меҳнат шароити яратилмаган? Нега зарарли шароитларда меҳнат қилганлик учун қўшимча ҳақ тўланмайди?
Далада ишлаётган болали аёлларга «меҳнат ва дам олиш учун қулай иш режими белгиланиши, зарурият туғилганда, бошқа енгилроқ ишга ўтказилиши, бунда уларнинг илгариги ишидаги ўртача маоши ва барча имтиёзлари сақлаб қолиниши зарур. Қишлоқ хўжалиги техникасида ишлаётган аёлларнинг иш нормаси умумий нормалардан 60 фойиз кам қилиб белгиланиши шарт. Аёлларнинг ўн беш килограммдан ортиқ юк кўтариши ёки ўн килограммдан ортиқ юкни 1,5 метрдан юқорига кўтариш тақоза қиладиган ишларга қўйиш таъқиқланади. 16-18 ёшгача бўлган балоғатга етмаган қизлар қўлда кўтариши мумкин бўлган юк 10, 25 килограммдан ошмаслиги керак», дейилади агросаноат комплекси ходимлари касаба союзи республика комитети раисининг тушунтириш хатида («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1987 йил 15 май).
Бироқ, бу қонуний кўрсатмаларга кўп жойларда амал қилинмайди.
Инсон ҳуқуқларини, жумладан, аёллар меҳнати ҳуқуқини поймол этган куч бюрократизм — тўрачиликдир. Тўрачилик социалистик меҳнатнинг моҳиятини — ҳар кимнинг қобилиятига яраша, ҳар кимнинг меҳнатига яраша, деган принципини барбод этиб, меҳнатчининг «сиқиб сувини чиқариш» (В. И. Ленин) сиёсатини қўллади. Бунинг эвазига ишловчига қарийб ҳеч нарса берилмади. Тўрачилик меҳнатни социалистик моҳиятдан, ҳузур-ҳаловат, шодлик — бахт туйғусидан маҳрум этди. Жабр-зулм, зўровонлик меҳнатига айлантирди. Тўрачилик меҳнат замиридаги инсон омилини барбод этиб, планни бош омил деб эълон қилди. Инсон фақат планга илова қилинган қўшимча материалга айланди. Хуллас, тўрачилик айниқса қишлоқ меҳнаткашларига кўп жавр келтирди.
М. Абдуллаевнинг «Исён» очеркида колхозчи қиз Гулчеҳранинг ўлими сабаблари ишонарли очилган. Гулчеҳранинг ҳалокатида бош қотил тўрачиликдир. Бригадир қизни меҳнатдан бўйин товлаганликда айблаб, қаттиқ таъқиб ва таҳқир этади. Кичиклигидан меҳнатда суяги қотган камтар ва камсуқум масъум деҳқон қизининг меҳнатдан бўйин товлаши мумкин эмас эди. У дугоналари сафидан ҳеч қачон ажралиб қоладиган қиз эмасди. Гулчеҳра меҳнатни ҳаётидаги овунчоғи деб билган. Бригадир таъқибига қарамай, унинг қайта-қайта далага келиб, қизлар даврасида ишламоқчи бўлганлиги ҳам бунинг яққол далилидир. Қиз аллергия — чанг ва бегона ҳидлардан қаттиқ таъсирланувчи касаллик сабабли узоқ чўлга бориб ишлашга рози бўлмайди.
Тўрачилик, маълумки, инсонга тошбағирлик, жаҳолат негизида таркиб топади. Гулчеҳра бюрократизмга қарши, ўзини ҳимоя қилиб кураша олармиди? Гулчеҳра турғунлик йилларида кўп оилаларда аёлнинг оналик, гражданлик, хотинлик ҳуқуқи топталаётганини, меҳнаткаш аёл қадрсизланганини, ҳуқуқсизликка маҳкум этилаётганиии кўриб ўсган қиз эди.
Меҳнатсиз даромадга муккасидан кетган эр бузуқликка берилади, оилавий бурчга, аёл манфаатларига хоҳласа ҳуфя, хоҳласа ошкора сурбетлик билан хиёнат қила бошлайди. Бу нопокликка тоқат қила олмаган аёл тегишли ташкилотларга мурожаат қилади. Эр билан ҳамтовоқ бўлган мутасадди бошлиқлар аёл шикоятига таҳқирловчи-масхараловчи муносабатда бўладилар. Оилавий нопоклик ҳамда ижтимоий адолатсизлик икки темир панжа бўлиб, аёлни руҳий исканжага олади. Бу иллатга қарши ўзида маънавий қудрат топа олмаган аёл норозиликнинг бирдан бир йўли деб ўз жонига қасд қилишга журъат этади.
Маънавий қашшоқлик — қишлоқ аҳолиси учун мутелик асоси эди. Маънавий қашшоқ, онгсиз меҳнатчини қаерга етакласангиз кетаверади, нимани буюрсангиз бажараверади. Тўрачилик (бюрократизм) меҳнатчида қуллик руҳиятини шакллантирган. Ижобий эҳтиросдан маҳрум бўлган оломонни қаҳр-ғазаб туғёнига маҳкум этган эди. Қаҳрли меҳнат вазияти, қаҳрли муомала, қаҳрли турмуш шароити халқ учун маънавий зиндон эди.
Инсон руҳиятини ҳаракатга элтувчи куч соғлом эҳтиросдир. Ижобий эҳтирос сабот-матонатнинг маънавий негизи. Маърифат, санъат, адабиётдан ҳосил бўладиган соғлом ҳис-туйғу инсон маънавий камолотида айниқса ҳал этувчи аҳамиятга эга. Гулчеҳра булардан маҳрум бўлиб ўсган маънавий қашшоқ қиз эди. Севги — ёш юракка ижобий эҳтирос бахш этадиган ҳароратли куч. Гулчеҳранинг севган йигити ҳам бўлмаган. Зўрға тирикчилик кечириб келаётган оилада ҳам ижобий эҳтирос уйғотадиган шароит йўқ эди. Вақтида турмушини топиб кетмаган қизга нисбатан ота-она, ака-укалар ҳам кўпинча хушкўрмаслик муносабатида бўладилар. Хуллас, Гулчеҳрани ҳаёт билан мустаҳкам боғлайдиган маърифий ҳамда эстетик шодлик, хурсандчилик омиллари ғоят заиф эди. Қизлар даврасида ишлаб, улар билан мулоқотдан, меҳнатдан ҳосил бўладиган ижобий эҳтирос — қизни ҳаётга боғлаб турган ягона ип узилгач, қиз қаттиқ руҳий ларзага тушган.
Биз қизни фожиага олиб келган сабаблар ҳақида фикр юритдик. Бироқ бу сабаблар қизнинг ўлимини оқлаш учун асло далил бўлолмайди. Бошқача айтганда, мазкур сабабларга биноан қиз ўзини ўлдиришга ҳақли эди, деган хулоса чиқариш асло мумкин эмас.
Дарҳақиқат, публицистикамизда бу ҳодисанинг моҳияти, айни жараённинг ўзи — яъни қизнинг фожиали хатти-ҳаракати қандай баҳоланмоқда?
Очеркда ёш пахтакор қизга зулм ўтказган тўраликни қоралаш жабрдийда қиз тақдирига беихтиёр ачиниш туйғусини ҳосил қилади. Бу ҳол қизнинг тўралик тазйиқи остида ўзини ёқиб ўлдиришига нисбатан беихтиёр ачиниш, хайрхоҳлик туйғуси бўлиб туюлади. Очеркнинг «Исён» деб аталиши ҳам шундай таассурот қолдиради. Лўнда маъноли, жозибали бу сўз бошқа бир қанча катта-кичик муаллифларга ҳам маъқул тушиб, матбуотда ўзини ёқиш мавзуига бағишланган материалларда тез-тез такрорлана бошлади. Журналист Ж. Маматов бу ҳодисани «аёллар исёни» деб атайди. «Офият бардоши қалқиб, исёнга айланди, бир зумда у гулхан ичида қолди», деб ёзади. «Исён» сўзи шу ҳодисага бағишланган бошқа материалларда ҳам учрай бошлади.
«Исён» — хоҳ илғор, хоҳ тескари, хоҳ руҳий, хоҳ жисмоний бўлишидан қатъи назар турғунлик ҳолатига нисбатан моҳиятан курашни англатади. Кураш эса ижобий маънога эга. Реакцион исён тарафдорлари ҳам ўзлари учун ижобий мақсадни кўзлаб курашганлар. Ўзини ёқишни «Исён» деб атасак, бундай фожиага журъат этган аёлни исёнкор, яъни курашчи, дейишга тўғри келади. «Исён» ва «исёнкор» деб аташ бу ҳодисага муайян хайрхоҳлик билдириш демакдир. Хайрхоҳлик сўзи замирида эса маъқуллаш маъноси ифодаланган. Шу туфайли «исён» ва «исёнкор* деб таърифланган материаллар иродаси бўш баъзи кишиларда ижобий таассурот қолдириши, аллақандай рағбатга монанд туйғу ҳосил қилиши мумкин.
Ўзини қурбон қилиш ҳам қора кучларга қарши курашнинг бир кўриниши дейишлари мумкин. Тўғри, урушда ўзини танк остига ташлаган, душман ўқ отиш нуқтасини ўз гавдаси билан қоплаган жангчилар жасорати юксак қаҳрамонлик сифатида рағбатлантирилганлиги маълум. Ёки сиёсий ва ижтимоий зулмга норозилик сифатида очлик эълон қилган маҳбуслар ҳаракати ҳам курашдир.
Курашда мақсад ва восита бир-бирини тақозо этиши лозим. Ўз гавдаси билан душман ўқ отиш нуқтасини барбод этган Тўйчи Эрйигитов, Александр Матросов сингари икки юздан ортиқ совет жангчисининг онгли фидойилиги минглаб совет жангчиларининг ҳаётини сақлаб қолди, янги ғалабаларга йўл очди. Пировардида бундай фидойилик Улуғ Ватан уруши ғалабасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Очлик эълон қилган маҳбуслар аввало амалий кураш имкониятидан маҳрум бўлган кимсалардир. Иккинчидан, улар ўз норозилиги ва талабларини ошкора баён этиб, очлик эълон қилдилар. Ўз ўлими орқали зулм ва ноҳақликка зарба беришни мақсад қилиб қўядилар. Бундай талаблар бир қанча ҳолларда бажарилади, очлик эълон қилган шахслар ғалаба қозонадилар. Бу воқеа фожиа билан тугаган тақдирда ҳам курашчилар сиёсий-маънавий ғалаба қозонадилар. Уларнинг сиёсий ёки шахсий талабларини бажармаган мутасадди шахслар жамоатчилик кўзи олдида очликдан ҳалок бўлганларнинг қотилига, демак, жиноятчиларга айланадилар. Бундан қатъи назар, очлик эълон қилиш ҳам курашнинг мақбул шакли эмас, албатта. Жамоатчилик фикрини оёқости қилган реакцион бошлиқлар етук халқ курашчилари, истеъдодли йўлбошчиларнинг талабларини рад этиб, уларнинг беҳуда ҳалок бўлишларига атайлаб йўл қўйиб берадилар.
«Ўзимни ҳалок қилиш орқали жаноби олийлари подшога мамнунлик бахш этишга ҳеч бир мойил эмасман», деган эди буюк Герцен аччиқ киноя билан. «Мен ўзини ўлдиришни кураш усули сифатида маъқуллай олмайман», — дейилади қозоғистонлик райком секретари аёлнинг ўзини ўлдириши воқеаси баён этилган «Бағритошлик» («Правда», 1988 й. 9 ноябрь) очеркига муносабат билдириб ёзилган хатлардан бирида, — чунки мақсадига эриша олмаган инсон шундай йўлни танлайди. Бундай ўлимни унинг душманлари ўзларининг ғалабаси деб ҳисоблайдилар ва адолат учун курашиш беҳудадир, деб талқин этадилар. Бундай норозилик ўлими иккиланишга мойил иродаси бўш кишиларда ярамас одамлар (тўралар, сафсатабозлар, туҳматчилар, лаганбардорлар, мансабпарастлар, тилёғламачилар, хуллас, одамларнинг кайфиятини, ҳаётини, ташаббусини барбод этувчилар) билан талашиб-тортишиш, курашишдан барибир ҳеч бир фойда чиқмайди, деган фикрни тасдиқлашга олиб келади» («Правда», 1988 й. 6 декабрь).
Гулчеҳранинг ўзини ёқиши тўрачиликка, ижтимоий адолатсизликка нисбатан норозилик белгиси, албатта. «Норозилик сўзида муайян даражада кураш маъноси мавжуд. Аниқроғи, норозилик курашнинг куртаги. Лекин ички хуфя норозиликдир. Гулчеҳра ҳам очлик эълон қилганлар сингари ўз норозилигини ошкора баён этиши мумкин эди. Ўлимидан кейин аён бўлган норозилик руҳи кимга фойда келтиради? Ҳуфя норозилик — беҳуда ҳалокат йўли курашни инкор этади. Юқорида таъкидлаганимиздек, Гулчеҳранинг ўлими тўрачиликнинг ғалабаси ҳисобланади ва бошқаларни ҳам тўрачилик зулмига қарши ошкора курашдан четлаштиришга олиб келади. Бундай ўлнмларнинг гуноҳкорлари яширин қолиб, ўз разил кирдикорларини давом эттираверадилар. Тўрачилик бундай ўлимлардан қанча-қанчасини ҳеч нарса бўлмагандай ими-жимида тинчитиб келди. Ошкоралик ва демократия давридагина бу миллий фожиа матбуот орқали кенг халқ оммаси муҳокамасига ҳавола этила бошланди.
Хуллас, Гулчеҳра танлаган йўл зулмга норозилик мақсадига зиддир.
Тўрачилик зулми ҳақида гап кетганда одамнинг жони тош эмас, қар қандай сабр-тоқатнинг ҳам чеки бор, дейдилар. Тўғри, одамнинг жони тош эмас, лекин тошдан ҳам қаттиқроқ. Ҳар қандай оғир ва қаҳрли шароитларда ҳам инсон сабот-матонат билан яшашга қодирдир. Ҳаёт — инсонга бир марта бериладиган табиат эҳсони. Ҳаёт — кураш, машаққат, бахт-саодат, азоб-уқубат, қийноқларни енгиб ўтиш, мағлубият ва ғалаба, деган сўз. Кураш тугаган куни ҳаёт ҳам тугайди.
Гулчеҳранинг ўлимига сабабчи бўлган тўрачиликни, бошқа куч ва омилларни қоралаган публицист қизга раҳмдиллик, хайрхоҳлик билдиради. Очеркда қизнинг ўзини ёқиш хатти-ҳаракати заррача қораланмайди. Юқорида биз «исён» сўзи публицистикамизда кўникма сифатида амал қила бошлагани ҳақида айтган эдик. Ўзини ёққан аёлга нисбатан хайрхоҳлик руҳи ҳам муайян фикрий кўникмага айланиб, бир қанча публицистик материалларда такрорлана бошлади. Ж. Маматовнинг юқорида эслатганимиз мақоласида шундай руҳ сезилади. Журналист ўзини ёққан Офият деган аёлни қабристонга дафн этишга розилик билдирган шахсларни «корчалонлар» деб атайди.
Сийқа кўникма ижодий мустақилликка зиддир.
Одатда зулм қоралаганда унинг қурбони оқланади. Гулчеҳра ўлимида эса, икки томонни қоралашга тўғри келади. Мазкур ўлимнинг икки қотили бор. Биринчиси — зулмкор тўра-раҳбар бўлса, иккинчиси — қизнинг ўзи. Ўз жонига қасд қилиш хайрихоҳлик ва раҳмдилликка сазовор эмас. Бир киши иккинчи бир кишининг ҳаётига қасд қилса, уни қотил сифатида қаттиқ жазолайдилар. Ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган аёллар ўз ҳаётларининг қотилларидир.
Иккинчидан, инсон ижтимоий муносабатлар мажмуасидир. Шу сабабли шахснинг ҳаёти бир кишининг мулки бўлиб қолмай, жамият бойлиги, нодир ижтимоий ҳодисадир. Ўз ҳаётининг қотили бўлгая кимса инсоний ҳаётнинг ҳам қотилидир. Ўз жонига қасд қилиш табиатнинг олий мўъжизаси инсон ҳаётига, жамият бойлигига хиёнат қилишдир. Бу — энг олий ва оғир жиноятдир.
«Ёш ленинчи» газетаси мухбири Гулчеҳра Алибоева бу ҳақиқатни биринчи бўлиб қайд этган журналистлардан. «Куйганларнинг инграшига раҳмим келмайди», дейди Гулчеҳра «Бунчалар ширинсан, ҳаёт» очеркида. Унинг бу сўзлари асло тошбағирлик белгиси эмас, балки инсон ҳаётига астойдил ачиниш, ҳақиқий инсонпарварликдир. «Улар тириклик олдида гуноҳга ботган. Уларни ҳеч ким ачиниш билан тилга олмайди. Улар ўлимни тилаб, чақириб олган гуноҳкор бандалардир».
Ўз жонига қасд қилиш исломнинг бош китоби «Қуръон»да ҳам қораланади. Бундай шахс ўлимидан кейин одатдаги эл эъзози ва хотирасидан маҳрум этилади. Ўзини ёққан кишиларнинг жасадини қабристонга қўйишга норозилик билдирган шахсларнинг хатти-ҳаракатини ахлоққа зид ҳодиса, деб бўлмайди. Буни ўз жонига қасд қилиш, ўзини ўлдириш ҳодисасига халқ норозилиги рамзи деб ҳисоблаш керак.
Ногирон бўлиб қолган бундай кишилардан эса, эл ҳазар қилади. Гулчеҳра Алибоева мақоласида айтилишича, автобусга кирган чол ўриндиқда ёлғиз ўтирган аёл ёнидан жой олади. Аёлнинг куйган башарасига қарагач, чолнинг авзойи бузилади. «Қизим, ножўя иш қилибсиз. Ёнингизда ўтириб мен гуноҳга ботмайин, — дейди ва ўрнидан туриб кетади. Иккинчидан, ўз ҳаётининг қотили бўлган кимсалар ўғил-қизларига, қариндош-уруғларига, иснод келтирадилар. «Онасини кўр, қизини ол» деганларидек, уларнинг фарзандларига истеҳзо ва ишончсизлик билан қарайдилар.
Хуллас, бу ҳодиса жамоатчилик томонидан ахлоққа зид, мудҳиш фожиа сифатида қаттиқ қораланиши лозим.
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 4-сон