(ёки П 31922 сонли жиноят иши ҳужжатлари асосида туғилган мулоҳазалар)
«Инсон бўлмоқ — курашчи бўлмоқдир» деган эди буюк Гёте. Бу, менимча, «ҳаёт — курашдир» деган ҳикматнинг бошқачароқ ифодаланган шаклидир. Инсон турмушнинг ҳар дақиқасида дуч келадиган ечимталаб, чораталаб муаммолардан ҳатлаб ўтиш ҳам ўзига хос кураш. Оч қолганда овқат ахтариш ҳам кураш… Ҳатто умр тугаб ўлим олдидан бир ҳўплам сув сўраш ва титраб-қақшаб ҳўплаш ёки яқинларига бирор нарса айтиш илинжида теваракка аланглаш ҳам — ҳаёт учун кураш кўринишларидир.
Мен ана шу катта курашнинг юксак бир тури — шахс эркинлиги, давлат мустақиллиги ва халқ истиқлоли йўлидаги курашни алоҳида, муҳим фаолият деб ўйлайман. Ва шу мавзуга қўл урдим.
Ўта мураккаб яқин ўтмишимизни ўрганишга қизиқиш, ўша давр шахсларининг чинакамига чигал ҳаёт йўллари, улар ҳақда юритилаётган қарама-қарши фикрлар мана шу мавзуга қўл уришимга сабаб бўлди.
* * *
…1920 йилнинг баҳорига келиб, Бухоро амирлиги чегарасида Совет Россиясининг бир неча минг кишилик армияси аэроплан, тўп ва бомбаларини шайлаб, ҳужумга тайёр бўлиб турарди. Қўлларида эса бир парча: «Мустақил демократик давлат қуришимиз учун ёрдам беринг, мазмунидаги қоғоз ва Москвадан берилган «Қандай қилиб булса ҳам Бухорони эгаллаш, уни Россия манфаатига мослаш» ҳақидаги кўрсатма мавжуд эди.
Ўйлаб кўринг: Болтиқ денгизидан Тинч океанига қадар чўзилган Россия инқилоб қилиб, оқибатда роса «инқиллаётган» эди. Шаҳар-қишлоқлар вайрон қилинган, саноат ва қишлоқ хўжалиги ишдан чиққан, оч-яланғоч халқ изғиб юрарди. Ички ва ташқи мухолифлар билан қонли жанг кетаётган эди. Давлат «жиловини» бошқарадиган механизм ишга тушиши оғир кечарди. Хуллас, ўзлари танг аҳволда қолган, ёрдамга муҳтож Россия бирданига Бухорога ёрдам кўрсатиш учун «бор-буди»ни ташлади. Уларга бухоро халқи ҳам, унинг ташвиши ҳам керак эмас эди. Ўз аскарларининг жонини, қонини қурбон қилиш учун йўналтириш лозим бўлган «фронт»лар ўзида етарли эди. Улар Бухоронинг тилласи, кумуши, пахта, узум, ипак, қоракўл тери, гўшт, мева-чеваларига ташна эдилар. Шунинг учун оч бўридай «қўй-қўзи»ларга ташланишди.
Амир Саид Олимхон 1920 йил 1 сентябрь куни Бухорони ташлаб чиқиб кетди. Қирғин ва қувғинлар, ўлдириш ва талашлар борган сайин кучаярди. Бухоро қўлга киритилди. Эндиги навбат — бу ерларни советлаштириш, аниқроғи, руслаштиришга келди.
Босқинчилар бўйсунишни, қуллик кишанини кийишни хоҳламаганларни босмачилар деб, мустақиллик ва озодлик йўлида қилинган ҳар қандай ҳаракатни «аниқ мақсади ва ғояси бўлмаган тўдаларнинг қонхўрлик ҳаракати» деб атадилар.
Курбақани ҳам нохосдан босиб қўйсанг «ва-ақ» этади деганларидек, жойларда баҳоли қудрат қаршилик кўрсатиш жанглари бошланди. Бу кураш узоқ йиллар бўйи давом этди. Ҳозир ҳам тўхтаган эмас. Дастлабки курашчиларнинг хорижга қочиб улгурганлари янги тузумни умр бўйи ёмонлаб ўтдилар. Қолганларини эса жисмонан йўқ қилиб ташладилар — иссиқ жонини олдилар, тилини, динини, эътиқодини таҳқирладилар. Лекин озодлик ва мустақиллик ҳайқириғи дилдан-дилга, руҳдан-руҳга кўчиб, доим садо бериб тураверди.
Ана шу йўлдаги курашчан шахслардан бири — Москвага, қизил инқилобга ишониб оёғи тойган Файзулла Хўжаев бўлиб, у «инқилоб» деб аталмиш «босиб олиш»нинг дастлабки кунлариданоқ майдонга отилиб чиқди. «Миллий тараққий», «Шўройи Ислом», «Иттиҳод ва тараққий» ташкилотлари тузилиб, фаолият кўрсата бошлади.
Бу ташкилотларнинг аъзолари, фаол курашчилари, фидойиларининг номларини шу ўринда санаб ўтиш лозим деб ўйлайман. Улар миллатнинг ҳақиқий қаҳрамонлари эдилар. Ҳар бири НКВД ҳужраларида азобга дучор бўлишган. Истибдод ўти уларнинг ҳаётларини хазон қилди.
Мана улардан айримларининг номлари:
Файзулла Хўжаев — Ўзбекистон Халқ Нозирлари кенгашининг Раиси.
Ота Хўжаев — Шарқий Бухоро деҳқон қўмитаси раиси бўлиб ишлаган.
Муинжон Аминов — Бухоро Марказий Ижроқўми раиси ўринбосари.
Мухтор Саиджонов — Марказий Ижроқўм котиби.
Муса Саиджонов — Озиқ-овқат халқ нозири.
Парда Хўжаев — Давлат назорати қўмитаси бошлиғи.
Наим Ёқубов — Ташқи ишлар нозири ўринбосари.
Раҳмат Рафиқов — Давлат Назорати раиси.
Ҳошим Шайхий — Ташқи ишлар нозири ўринбосари.
Йўлдош Қори Пўлатов — Маориф нозири ўринбосари.
Абдуқодир Муҳиддинов — Марказий Ревком раиси.
Абдувоҳид Бурҳонов — Тайёрлов бошқармаси бошлиғи.
Аҳмаджон Абдусаидов — Марказий ревком раиси муовини, адлия нозири ўринбосари.
Саттор Хўжаев — Молия нозири ўринбосари.
Усмон Хўжаев — Бухоро МИҚ раиси.
Абдурауф Фитрат — Давлат назорати раиси ўринбосари, маориф нозири.
Обрўй Қулмуҳамедов — Ҳарбий нозир ўринбосари.
Рафат Муҳиддин — Бухоро Фавқулодда Комиссияси раиси муовини.
Мукамил Бурҳонов — Бухоро адлия нозири.
Мирза Иззатулла — иқтисодиёт нозири ўринбосари.
Содиқ Муҳаммадиев — Бухоро диктаторлик комиссияси раиси муовини.
Қосим Қориев — Бухоро шаҳар ҳокими муовини.
Шавкат Сулаймонов — Бухоро Шарқий округ раиси.
Муҳиддин Маҳсум — Шарқий Бухоро Фавқулодда Комиссияси раиси.
Абдуҳамид Орипов — Ҳарбий нозир.
Абдурашид Мукамилов — Ўз ВКП(б) МК котиби.
И. Алимов — Бухоро адлия нозири.
Юсуфзода — Бухоронинг Кобулдаги ва сўнг Москвадаги мухтор вакили.
Раҳматулла Музаффаров — Бухоро уезд ижроқўми раиси.
Абдураҳим Сатторов — Бухоро савдо нозири.
Муқим Каримов — Фавқулодда Комиссия раиси, Бухоро Компартияси МК котиби. Туркистон прокурори муовини.
Равшанқул Боймуродов — Бухоро ҳарбий нозири.
Останақул Ибодуллаев — Шеробод ижроқўми раиси.
Сайдулла Омонов — Самарцанд ижроқўми раиси.
Эгамберди Мавлонбердиев — Бухоро касаба уюшмаси раиси.
Набиев — Бухоро вилояти касаба уюшмаси раиси.
Пўлат Турсунов — Бухоро округи ижроқўми раиси.
Ҳожибоев — Тошкент озиқ-овқат савдоси ходими.
Йўлдошбоев — Бухоро комсомоли МҚ котиби.
Баротов — Бухоро ер-сув бўлими мудири.
Хўжа Ўрол — «Пахтасоюз» бошқаруви раиси.
Бўри Хўжаев — Бухоро давлат хазиначиси.
Вафо Чўлибоев — Ички ишлар нозири муовини.
Бақожон Чўлибоев — Бухоро округи ижроқўми раиси.
Хўжа Ҳамро — Ф. Хўжаевнинг шахсий ёрдамчиси.
Восит қори Муҳаммадиев — Маориф нозирлиги ходнми.
Ҳайдар Ҳаётий — Ф. Хўжаевнинг шахсий котиби.
Мукамил Абдурашитов — Ўзбекистон гўшт-музлатиш корхонаси бошлиғи.
…Бу рўйхатни давом эттиравериш мумкин. Битта мақолада жами номларни санаб ўтиш қийин. Бунинг иложи ҳам йўқ. Ҳар ҳолда бу номларни тиклаш, хотирлаш, улар ҳаққига дуо қилиш ҳар бир қишлоқ, маҳалла, шаҳар аҳли учун, бугун мустақилликка эришган Ўзбекистон аҳли учун қарз ҳам фарздир. Улар номлари абадийлаштирилмоғи, хатми-Қуръон бағишловларида қўшилиб айтилмоғи керак…
* * *
1937 йилнинг 17 январь куни Ўзбекистон Ички ишлар нозири, давлат хавфсизлиги хизмати майори Загвоздиннинг топшириғига кўра, Бухоронинг эски шаҳар қисмида яшаган 46 яшар фуқаро — Муинжон Аминов тўсатдан Тошкентда қамоққа олинади. Уни Бухорода «Миллий иттиҳот» деб номланган аксилинқилобий ташкилот Марказий Қўмитаси раҳбарларидан бири, Совет ҳокимиятини ағдариб, мустақил давлат тузиш ҳаракатига одамларни жалб қилиш билан шуғулланган ва қуролли қўзғолон уюштириш учун босмачи тўдалари билан алоқада бўлиб, уларни яроқ ва маблағ билан таъминлаган, деб гумон остида қўлга олган эдилар. Уйда унинг хотини Фотима, фарзандлари Муҳаммаджон, Холида ва Муниралар зор қақшаб қолавердилар. Улар бошига шу машъум кунда тушган фалокат оилани хазон қилди. Буёғи — алоҳида бир достон.
Худди шу куни Бухоро шаҳрида, Ота Пўлат ўғли Хўжаев деган шахс ҳам ана шундай гумонлар билан қамоққа олинди. У 57 ёшда бўлиб, барвақт қариган, сочлари оқарган, ногирон киши эди. Шаҳар марказидаги озиқ-овқат дўконида ишларди.
Орадан икки кун ўтгач, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон кино санъати ходими, бухоролик Мухтор Саиджонов ҳам «ЭНКЭВЭДЭ» домига тортилди. Уйида икки ўғил ва хотини изиллаб қолаверди…
Россия қизил империяси «исковуч»лари озодлик истовчиларни ахтариб изғишда давом этарди.
17 март куни Бухорода юнг тайёрлов идораси ходими, 1897 йилда туғилган Саттор Хўжаев ҳибсга олинади. Бу зиёли одам юрак оғриғига чалинган, касали тез-тез ҳуруж қилиб турарди. Хотини Робия уйда, учта қизи: 16 яшар Муҳаррам, 12 яшар Мунира, 10 яшар Майрамлар «озодлик» олиб келган ҳокимият мактабига қатнашарди…
10 апрелда Самарқанд шаҳрида яна бир бухоролик авахтага олиб кетилади. У 1893 иилда туғилган Муса Саиджонов бўлиб, тарих-археология муассасасида илмий ходим бўлиб ишларди. Чўзиқ юзли, озғин, қотма киши бўлиб, оиласида 44 яшар Ризвон исмли хотини ва 5 нафар фарзанди бор эди. Тўнғич қизи Севара 20 ёшда, катта ўғли Нарзулла 18 ёшда бўлиб, институтга қатнашарди. 13 яшар Ҳабиб, 9 яшар Улуғбек, 3 яшар Салимжонларнинг ота-она бағрида яйраб ўсадиган даври эди. Афсус…
1937 йилнинг 25 майида Тошкент шаҳар уй-жой хўжалиги ходими Наимжон Ёқубзоданинг уйини босдилар. Уйда 80 ёшни қоралаб қолган муштипар она, тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишловчи 31 яшар хотини Хадича ва 8 яшар ёлғиз, эркатой Розиялар кўзёшларига ғарқ бўлганларича қолавердилар…
Орадан сал ўтмай, Самарқанд шаҳрида яна бир бухоролик — Мукамил махсум Бурҳоновнинг хонадонига тўппонча таққан 10 тача «абжир» кишилар бирваракайига епирилиб киради. Уйни тити-питини чиқариб тинтув ўтказишади. Ҳатто 2 яшар қизчаси Ракинанинг ўйинчоқ-қўғирчоқларининг ҳам «қорнини ёриб» кўришади. Мукамилни касал ҳолида авахтага олиб кетишади.
Навбат Бурҳоновлар «уруғи»га келади: Мукамилнинг мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаидиган укаси 40 яшар Мухамар Бурҳонов қамоққа олинади. 59 яшар Масхар Бурҳонов, 32 яшар Мисбах Бурҳонов Тошкент турмасига ташланади. Мисбах Бурҳонов «Тожикистони Сурх» газетасида ишлаган таниқли қаламкаш, журналистлар ва ёзувчилар уюшмасининг аъзоси эди. У бироз илгарироқ — 1933 йилда миллатчи сифатида суд қилиниб, жазо ўтаётган эди. Уни қамоққа олишда тўлдирилган ҳужжатдаги «яқинлари» деган жойига ўз қўли билан, «Укам — Мутал Бурҳонов, 40 ёшда, студент. Синглим Фотима, 23 ёшда, уй бекаси», деб ёзиб қўяди. (Бу йигит таниқли бастакор Мутал Бурҳоновнинг акаси бўлганлигини англагандирсиз?) Сўнгра орадан сал ўтмай, ушбу иш бўйича «тўпланган» маҳбуслар қаторидан қуйидагилар «ўрин» олишди:
Ўзбекистон гўшт-музлатиш корхонаси бошлиғи Абдурашид Мукамилов (ҳомиладор хотини, онаси ва 4 нафар қизи бўлган);
Бухоролик Раҳматулла Музаффаров;
Самарқандлик Ҳамро Хўжаев (13 яшар Фарид, 5 яшар Фазри, 8 ойлик Фават исмли уғиллари қолган);
Бухоролик Аҳмаджон Абдусаидов, Тошкент шаҳрида яшайди, ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, 60 ёшда (Анвар исмли ўғли ва бир қизи қолган);
Бухоролик Порсо Хўжаев, Тошкентда яшайди, 60 яшар (Ҳалима, Мусатбаҳ, Муҳабоат исмли қизлари, Исо, Зикриё, Роберт исмли ўғиллари қолган).
Бу материаллар, Файзулла Хўжаевга нисбатан юритилган, уни бадном қилиш учун тўпланган хуфиёна ҳужжатлар — «фалон жойда эшитдим, кўрдим» хилидаги мишмишпар асосида «пуф»лаб қаппайтирилган П 31922 сонли жиноят ишининг биринчи жилдини тўлдирган. Мазкур шахслар— 1921—22 йилларда фаол ҳаракатда бўлган, мақсади ватан озодлиги, мустақиллиги учун курашдан иборат бухоролик ватанпарварлар ташкилоти — «Иттиҳод ва тараққий»нинг аъзолари бўлиб, улар умр сўнггигача шу дард билан яшаб келган илғор фикрли одамлар эди. Улар аввалига инқилобга, қизилларнинг «мустақил демократик давлат бўласизлар» қабилидаги ваъдаларига ишонишган, улар билан ёнма-ён туриб курашган, сўнг эса Россиянинг ҳақиқий мақсади — Туркистонни қулликда асраб туриш, унинг табиий ва қазилма бойликлари қисобидан ўз «камчиликларини бутлаш» эканлигини сезиб қолишиб, хатоларини тузатиш учун жон куйдирган шахслар эди.
* * *
Бухоро «Миллий Иттиҳод» — озодлик учун кураш ташкилоти раҳбарлари Файзулла Хўжаев, Абдуқодир Мирза Муҳиддинов, Сайдулла Турсунхўжаев ва Ориповлар жуда кенг фикрловчи, сиёсий етук одамлар бўлганлигини тан олиш керак. (Москва ва Фрунзе тузоғига тушиб қолган пайтлари бундан мустасно, албатта.) Далил учун, улар муҳокама қилган ишларга эътибор бериш кифоя:
«Бир тан бир жон бўлиб (Ф. Хўжаев билан А. Муҳиддинов тарафдорлари ўртасида келишмовчилик мавжуд эди), асосий йўлни Бухорони мустақил ва озод қилишга бағишлашимиз шарт. Ўзаро номувофиқ қарашларимизни сўнг бир ёқли қилсак бўлади. Мустақил бўлиш учун эса Бухорони, аввало «қизил»лашиб, Совет Россиясига қоришиб кетишдан сақлаб қолиш лозим. Бухорога Совет Россияси таъсирини камайтириб боришда курашнинг ҳар қандай усул ва шаклидан фойдаланиш керак. Бу ерда асосий бир омилни эсдан чиқариб бўлмайдиким, Бухоро республикаси Совет Россияси билан ҳамма алоқаларини бирданига узиб кетади, деган фикрни жуда эҳтиёт қилиб, пинҳона асраш керак. Чунки иқтисодий важуғрофий аҳволимиз шундай аҳволдаки, биз бирорта кучли ва қудратли давлат ёрдамисиз муваффақиятга эришишимиз қийин. Бугун эса биз фақат Россия билангина алоқа қилаяпмиз. Демак, Совет Россиясидан бизга фақат советлаштириш сиёсати кириб келаверади ва биз Совет Россияси қамровида қолаверамиз…»
Улар бу фикрни яширин сақлаганлар. Бошқа қудратли давлатлар билан алоқа узилганлиги учун очиқ ҳаракат қилиш, Совет Россияси олдига масалани дангал қўйиш нақадар хавфли эканлигини тушунишган.
«Миллий Иттиҳод» ташкилоти Марказий Қўмитаси қарорида шундай жумлалар бор: «Совет Россияси назарида шундай йўл тутишимиз лозимки, улар бизни ажралмас бўлиб боғланган ва бошлаган йўлимиздан оғишмай бораверади, деб тушинсин. Айни пайтда бошқа қудратли мамлакатлар билан алоқа боғлашимиз керак. Бунинг учун Бухоронинг қолоқ давлат эканлигини, аҳолиси саводхон эмаслигини, халқда динга фидойилик томир отиб кетганини, ишчилар синфи йўқлиги учун саноат ривожланмай қолаётганини баҳона қилиб, бошқа чет мамлакатлар таъсирини кучайтириш керак. Шунда Совет Россияси ҳам хавфсирамайди.
Босмачилик деб аталаётган ҳаракатдан тўғри фойдаланишимиз керак. Бунинг учун, биринчидан, Совет Россияси, Москва ва унинг вакилларига турли йўллар билан «бизнинг халқимиз советлаштиришни қабул қилмаяпти, халқ буни хоҳламаяпти, кўп қон тўкилиши мумкин», деган фикрни сингдириб бориш керак.
Бир вақтнинг ўзида тарқоқ босмачи гуруҳларини йириклаштириш ва сиёсийлаштириш йўлида иш олиб бориш керак. Чунки яхши қуролланган ва курашларда тажриба орттирган бу кучлар орасида ажойиб командирлар ва ботир жангчилар пишиб етилган бўлиб, келажакда улардан миллий армияни жуда тез шакллантириш мумкин. Вақти келиб, Совет Россиясидан ажралиш масаласи кўтарилганда, реал кучга эга бўлинади.»
* * *
Файзулла Хўжаев Намиқ Камол деган турк шоири қаламига мансуб достон ва шеърларни ёнида олиб юрган. Улардан бирида ит билан овчи муносабатлари ҳақида мулоҳаза юритилиб, итнинг овчига садоқат билан хизмат қилиши, лекин унга суякдан бошқа «мукофот» тегмаслиги айтилади. Асар охирида «Атрофни қоплаган зим-зимистон тун, лекин тундан кейин келур ёруғ кун», деган жумла бўлган. Файзулла Хўжаевнинг ушбу мисраларни такрор-такрор ўқиб, чуқур хаёлга чўмган пайтларини кўрган дўстлари, бир кун келиб Ўзбекистонда ҳам ёруғ кун — Мустақиллик бўлишини орзу қилганлар.
1935 йилнинг кузги оқшомларидан бирида Файзулла Хўжаев хонадонига бирин-кетин меҳмонлар кириб келишади. Булар — Бухоро Халқ Совет Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси раиси ўринбосари, Бухоро ФКсининг раиси, Ички ишлар Нозири вазифасини бажарган, сўнгги пайтларда «Ўзбекбирлашув» маҳкамаси ходими бўлган Муинжон Аминов, ёзувчи Комил Яшин, артистка Ҳалима Носирова, Музаффаров ва бошқалар эди. Суҳбат орасида Файзулла Хўжаев: «Эй худо, Ўзбекистонимизнинг мустақилликка эришиб, ўз-ўзини бошқарган, гуллаб-яшнаётган кунини кўришни насиб этгин!» деб хитоб қилади…
Ф. Хўжаев Бухоронинг тўпга тутилиб, бомбалар остида вайрон қилинишида ўзини айбдор деб билар ва хатосидан афсусланарди. «Мени ҳеч ким кечирмайди, ўзим ҳам», дерди у, уз айбини сезиб, имкони борича Бухорони тиклаш, таъмирлаш учун жон куйдирар, ҳар бир илинжли ердан маблағ топиб шу йўлга харжларди.
* * *
Ота Хўжаев сўроғидан парча:
Савол: Ташкилотингиз амалга оширган ишларни гапириб беринг?
Жавоб: Жойларга ишончли вакиллар юбордик. Улар сиз «босмачи» деб атаган ҳаракатлар бошлиқлари билан учрашиб, тегишли йўриқномалар бериб борарди. Шарқий Бухорога менинг акам Усмон Хўжаев — Бухоро Республикаси Марказий Ижроқўмининг раиси — сафарбар қилинган эди. Анвар пошо боргандан сўнг, улар Қизил Россияга қарши курашга босмачи гуруҳларни бирлаштириб, очиқчасига жанг бошладилар.
Савол: Уларнинг ролини гапириб беринг?
Жавоб: Усмон Хўжаев обрўли шахс сифатида халқни курашга қўзғаши, даъват қилиши керак эди. Анвар пошо эса йирик ҳарбий ходим сифатида кучли армияни шакллантириши лозим эди. Бошқаларнинг ҳам роли бор эди. Масалан, Ҳарбий нозир Орипов Ванғози атрофида босмачиларни ўз ҳомийлигига олди. Ички ишлар нозири Муинжон Аминов Жаббор қўрбоши бошчилигида жанговар отряд тузди…
Савол: Бухоро ҳукумати асосан қайси давлатлардан умид қиларди?
Жавоб: Асосан Туркиядан, унинг мусулмон давлатлари орасидаги обрўсига эътиборан…
Савол: Сиз Туркияда бўлганмисиз?
Жавоб: Ҳа, 1909—13 йилларда Константинополда яшаб, ўқиганман.
Савол: Кимлар бирга борган эди?
Жавоб: Акам Усмон Хўжаев ва шоир Фитрат. Улар ҳам ўқишга борган эдилар.
Савол: Давом этинг.
Жавоб: Мен 1922 йил бошларида Москвага ишга юборилдим, ташкилотимиз ишидан анча узоқда эдим. Сўнгроқ қайтдим. 1923 йилда Россия ҳукумати бизга юборилган куп сонли Армиясини тўлиқ таъминот қилиш ва боқишни бизга юклади…»
«Кўпсонли Қизил Армияни таъминлаш ва боқишни бизга юклади!» Бу талаб амалга оширилганлигига мавжуд ҳужжатлар тўла гувоҳлик беради. Беихтиёр хаёлга толасан киши: сизларга озодлик, мустақиллик, демократия олиб келамиз, деган алдов билан мамлакатни босиб олишди. Тўпга тутиб, бомба ташлаб, шаҳрингни вайрон қилишди. Неча ўн минглаб фуқаролар хонадонидан, ватанидан жудо қилинди. Хазинадаги бор-будни талашди. Тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар тупроққа айланиб, оёқости бўлди. Аҳолининг мулки таланди. Пахта, қоракўл, олтин, ипак ва бошқа етиштирилган ҳосил текин олиб кетила бошланди. Турмуши издан чиққан хўжалик ва лойсувоқ, вайрона кулбаларда яшаётган фуқароларга чидаб бўлмас солиқлар солинади. Шу йўл билан тўпланган давлат хазинасининг маблағи билан аввало марказ — Москвани таъминлаш, Қизил Россия ташкил этган маҳкамаларни таъминлаш ва боқиш керак эди. Устига-устак, халқдан ўз босқинчилари, хунхўрлари бўлган бир неча ўн минг кишилик ўрис армиясини боқиш, от-улов ва уй-жой билан таъминлаш талаб қилинади. Халқ пулига унинг жаллодлари сақлаб турилади. Улар нонингни еб, оға-инингни, динингни, эътиқодингни ўлдирарди, руҳингни сўндирарди, ғурурли-орли одамларингни териб отишади. Янги-янги ҳибсхоналар очиб, уларни бегуноҳ маҳбуслар билан тўлдиради. Қўшни мамлакатлар билан минг йиллар мобайнида давом этиб келган муомала-алоқаларингни мутлоқ узади. Ерингни сим тўр билан ўрайди. Тилингни ва ёзувингни унутишга мажбурлайди. «Яшасин рус оғам-и-из!..», «Москва! Москва!..» деб куйлаттиради. Аксил-истибдод йўлини танлаганларни «аксилинқилобчи» тамғаси остида отади «сибирь» қилади…
* * *
1923 йилда Бухорода «Миллий иттиҳод» Ўрта Осиё ташкилоти раҳбарларининг ииғилиши бўлиб ўтди. Унда Файзулла Хўжаев қуйидаги ҳужжатни эълон қилади (парча келтирамиз):
«ИҚТИСОДИЙ МАСАЛАЛАР БЎЙИЧА
Бугунги кундаги Совет Россияси билан Бухоро муносабатлари Собиқ Рус империяси билан Бухоро амирлиги муносабатларидан фарқ қилмай қолди. Россия жаҳон революцияси ҳақдаги йўли амалга ошмаслигига амин бўлди, шу сабабли, ички тизимда факат фойда кўзлаб, ўзгача йўл тутяпти.
Қизил Россия коммунистик партия ва ҳозирги ҳукуматни ҳамда буюк давлатчиликни сақлаб қолиш учун, ташқи бозор ва жаҳондаги юритилаётган сиёсатдан ўзини ҳимоялаш мақсадида теварак-атрофидаги давлатларни йўқ қилиб, ўз қамровига олмоқчи. Шулар ҳисобидан бойиб, ўз мавқеини тиклаб олишга уринмоқда.
Бухорони мустақил республика сифатида СССРга киритмасликка уриниш бўлаяпти. Уни Ўрта Осиё иқтисодий тизимига қўшиб юбориш йўли билан йўқ қилиб, Англия ва бошқа давлатлар билан халқаро сиёсатда ютмоқчи.
МОЛИЯВИЙ МАСАЛАДА
Россия ҳар хил йўл билан бизнинг пулимиз қийматини пасайтириш ва шу йўл билан ўз пул бирлигини жорий қилиш ниятида.
Почта ва темирйўлларда бизнинг пулимизни қабул қилмай қўйди.
Россия бюджетига бўйсунишга мажбур қилиб, биздаги хўжалик ва қурилиш тараққиётини бўғиб қўймоқда.
Бизнинг 300 минг триллион пулимизга ўзларининг 50 триллион пулини тенглаштириб қўйиб, биздан катта миқдорда товар ва олтин эквиваленти олишни кўзлайдилар.
Бизнинг банкларни йўқ қилиб, ўз банкини очиш орқали бизни Россияга тобе қилиб қўйди. Ўз қоғоз банкнотларига биздан олтин, кумуш билан тўлов талаб қилаяпти. Мана бу телеграммага эътибор беринг: «Агар Бухорога пул керак бўлса, пулимизга олтин билан тўлов ҳақида вакилларимизга мурожаат қилсин. Ана шунда аванс тариқасида қоғоз пулимиздан берамиз.»
ВАЗИФАЛАРИМИЗ
Биздаги мавжуд товарлар ва пул ҳақидаги маълумотлар аниқ берилмаслиги керак. Чиқим-харажатлар киримга нисбатан 3 баробарга кўп кўрсатилсин.
Бухоро қоғоз пулини жуда кўп миқдорда чиқариш керак.
Россияда савдо-сотиқ ва бошқа йўллар билан, унинг пулини кўплаб келтиришни таъминлаш лозим. Бунинг учун хусусий савдога йўл очиш ва катта маблағ ажратиш керак.
Россия иқтисодий сиёсатини қўллаш ва уни амалга оширишдан қочиш керак.
БОШҚАРУВ ВА СИЁСАТДА
Раҳбарий лавозимларда ўз одамларимиз ишлашига эришиш керак.
ВКП(б)ни, улар руҳида ишлаётганимизга ишонтириш керак. Ота Хўжаев, Шазиддин Махсум, Фитрат, Қори Йўлдош, Уста Нур, Юсуфзода, Муҳиддин Махсум, Ибод Хўжаевлар бу ишларга бош-қош бўлиши керак.
Рус ваколатхоналарда ўз хуфя кишиларимиз тинмай кузатув олиб бориши лозим. Муҳиддин Махсум, Ағдаров ва Оқчуринларнинг ҳар бир қадами кузатиб борилсин.
Энг асосийси — ўзимиздан, ерли халқдан чиққан сотқинлар билан муносабат алоҳида бўлмоғи, улар билан турли йўллар орқали ҳисоб-китоб қилиш керак!..»
* * *
1923 йилнинг бошларида Мукамил Бурҳонов, Файзулла Хўжаевлар Германияда бўлишади. Улар «даволаниш учун борганмиз», дейишган. Аслида ўз дардларига эмас, эл дардига даво излаб борганликлари ҳақиқатга яқинроқдир. Улар жиддий масалалар юзасидан кўп ишларни амалга оширишган.
Файзулла Хўжаев Бухорода Германия элчихонаси очишга кўп уринган. Яқинларининг гувоҳлик беришича Ф. Хўжаев: «Немислар зўр халқ, Германия кучли мамлакат, улар ҳар қандай вақтда ҳам ўз сўзини айта оладилар. Бизда уларнинг элчихонаси очилса ва алоқаларимиз йўлга қўйилса, Россия ўз таъсирини ҳадеб тиқиштираверишининг олди олиниши мумкин», деган фикрлар билдирилган.
Москвада таълим олаётган талаба — Мисбах Бурҳонов турк элчихонаси вакиллари билан жуда қалин бўлган. У Ф. Хўжаевнинг Туркия билан ва у ерда яшовчи акаси Усмон Хўжаев билан муттасил алоқа қилиб туришида воситачилик қилган. Шарқ мамлакатлари билан муносабатлар асосан Фитрат, Ҳайдар Ҳаётий, Норбўтабеков каби шахслар кучи билан амалга оширилган. Ўрта Осиё минтақаси аралаштирилиб юборилганидан сўнг, Файзулла Хўжаев ўз фикр доирасини кенгайтиради: «Биз нафақат Бухорони ёки Ўзбекистонни, балки бутун Ўрта Осиёнинг мустақиллигини таъминлаш ҳақида ўйлашимиз керак!» Яна бир сўзида: «Бухоро ёки Ўрта Осиё озодлиги билан чегараланиш ҳам калтабинлик деб ўйлайман. Менимча, бутун турк-татарлар яшовчи ерларни бирлаштириб, Туркия йўлидаги мустақил давлат тузиш ҳақида ўйлаш керак. Япония билан яқинлашиш хусусида фикр юритиш вақти келди», дейди.
Файзулла Хўжаев доим билимли, саводхон, кенг дунёқарашли, маданиятли бўлиш лозимлигига эътибор берган. Мана, унинг ўз яқинлари даврасида айтган сўзлари: «Сизлар ўқимай қўйдинглар. Ўз устимизда ишламаяпмиз. Маданий даражамиз ва маънавий қиёфамиз ачинарли ҳолга келиб қолди. Биз ана шу саводсизлигимиз ва маданиятсизлигимиз оқибатида Бухорони, Ватанни бой бериб қўйдик. Шу сабабли ҳам, ўз юртимизда раҳбарлик ишларини қўлга ололмадик, мустақиллик йўлида ақл билан иш юрита билмадик!»
Фитрат: «Акмал Икромов ва унинг атрофида ўралашиб юрганлар руслар билан ароқхўрлик қилиш билан обрў орттириб, миллий руҳини ҳам тоббости қилиб юбордилар», деб луқма ташлайди.
Муин Аминов: «Троцкий Сталиндан ўн баробар ақлли. Қўлида армия, катта ваколати бўлатуриб Сталинни йўқ қилолмай, ўзи хор бўлиб юрибди. Агар менда унинг юздан бир имконияти бўлганида, Икромовга ўхшаган сотқинларни бир ҳамла билан йўқ қилиб ташлардим», дейди.
Бу сўзлар кейинроқ партия ва давлат раҳбарига суиқасд қилиш деб баҳоланади ва уларнинг айблов ишларига тиркалади.
Жиноий иш ҳужжатлари орасида шундай маълумотлар диққатни тортади: «1925-26 йилларда миллатчилик ва аксилинқилобий руҳда асарлар ёзиб юрган Абдулла Қодирий (Жулқунбой) деган ёзувчи қамоққа олинади. Шунда Фитрат ҳар куни Файзулла Хўжаевнинг қадамига тўғаноқ бўлиб, Қодирийни озод қилиш ҳақида талаб қўябошлайди. Охири Файзулла Хўжаев ёрдам беришга ваъда қилади ва сал ўтмай Абдулла Қодирий қамоқдан озод қилинади».
Иккинчи ҳужжат: «1932—33-йилларда Фитрат асарларида аксилинқилобий-миллатчилик руҳи борлиги «фош бўлиб», унинг устидан иш очилади. Бундан хабардор булган Файзулла Хўжаев ҳукумат комиссияси тузиб, ўзи шу иш билан шуғулланади. Фитрат асарлари ғоявий тоза, ҳеч қандай миллатчилик ва аксилинқилобий руҳ йўқ, деган хулоса билан ишни ёпдириб юборади».
Учинчи ҳужжат: «Миллий иттиҳод» ташкилотининг фонди — ҳар бир аъзодан ойига 60 сўмдан тушадиган бадалдан, Файзулла Хўжаевнинг катта пул маблағидан, кўпчилик аъзоларнинг уйларини сотиб келтирган хайриясидан, Фитратнинг ўз кутубхонасини сотиб йиққан 20 минг сўм пули ва шу кабилардан жамғарилган».
Тўртинчи ҳужжат: «Файзулла Хўжаев хорижда яшовчи Мустафо Чўқаевни моддий жиҳатдан таъминлаш учун турли йўллар билан унинг номига тилла, пул юбориб турган».
1921 йилда Файзулла Хўжаевнинг топшириғи билан Шарқий Бухоро—Душанбега босмачилик ҳаракатини ўрганиш ва «чора» кўриш учун Ота Хўжаев, Содиқ Муҳаммадиев ва Наимжон Ёқубзодалардан иборат комиссия юборилади. Юқоридаги шахслар у ердаги Қизил Армия қисмлари қўмондонлиги билан «келишиб», Кўлоб вилоятининг Балжувон туманида ҳаракат қилаётган босмачи гуруҳларининг қўрбошилари Давлатмандбий, Комилбой ва Қаюм Тўқсаболар билан учрашади.
Олдиндан келишилган тавсияларга кўра, у ерда тубандагича битим тузилади (парча келтирамиз):
«БИТИМ — КЕЛИШУВ
Оллоҳ ва Ислом динига чексиз ҳурмат билдириб, Бухоро аҳли-фуқаросининг тинчлиги ва осоиишталиги йўлида тубандаги шартлар асосида келишиб олдик:
Биз — Шарқий Бухоро халқи розилиги билан Мустақил Бухоро Республикасини тан оламиз ва унинг қонунларига оғишмай амал қиламиз;
Муқаддас Бухорони босиб олган Россия қўшинлари дарҳол олиб чиқиб кетилиши керак. Давлатда тартиб ўрнатиш — Мустақил Бухоро ҳукумати қўлида, ўз армияси кучидан фойдаланган ҳолда бўлиши керак;
Бирорта ҳам ҳорижий мамлакат муқаддас Бухоронинг ички ишларига аралашмасин;
Ҳамма бўғинлардагн раҳбар ходимлар фақат аҳли Бухоро орасидан танланиши керак. Улар бизнинг дин, урф-одат ва анъаналаримизни билиши, ҳурмат қилиши шарт;
Тўнтаришдан сўнг Россия армиясининг махсус отрядлари халқни қириб, мулкларини талади, Шарқий Бухорони шип-шийдон қилиб кетди. Бу талаб кетилган мулк ва бойлик Россия ҳукумати томонидан Бухорога қайтарилсин;
Ушбу шартларга риоя этилса, биз ўз ислом армияларимизни тарқатиб юборамиз ёки ҳукумат ихтиёрига ўтамиз. Лозим бўлса, муқаддас Бухоро давлати вакилларига қуролларимизни топширамиз. Бухоро душманлари — бизнинг душманимиз, дўстлари — дўстимиз бўлиб қолажак;
Агар бизга ўз ҳукмини ўтказиш сиёсатини тўхтатса — Россия давлатини ҳурмат қиламиз;
Ички ишларимизга аралашишга уринаётган инглизларни миллатимиз, давлатимиз ва динимиз душмани деб биламиз;
Халқимизга тазйиқ ўтказган, миллатимиз олдида жиноят қилган (12 кишининг исми ёзилган рўйқат бор)лар жазога тортилиши керак;
Булар амалга оширилмаса, қамма уринишлар бекор кетади ва кураш давом этаверади.
Бухоро вакили: Ота Хўжаев; — Давлатмандбий Камолиддин ўғли».
Бу ҳужжаг юзасидан Москвада бўлган муҳокамада СССР Ташқи ишлар нозири Чичерин Файзулла Хўжаев ва ўзбекистонликларни қаттиқ сўкади…
* * *
Муинжон Аминов сўроғидан парча:
Савол: Сиз «Иттиҳод ва Тараққий» ташкилотида нима вазифани бажаргансиз?
Жавоб: Мен Файзулла Хўжаевнинг шахсий топшириқларини бажарардим, жумладан, унинг Афғонистонга қочган амакиси Усмон Хўжаев билан алоқани амалга ошириш менга юкланган эди.
Савол: Сиз Бухорода раҳбар ходимлардан бири бўлгансиз, ташкилотнинг фаолияти ва таркибини айтиб беринг.
Жавоб: Ҳа, мен Файзулла Хўжаевга яқин турган раҳбарлардан эдим. Ички ишлар нозири, ҳукумат аъзоси бўлганман. «Иттиҳод ва Тараққий» ташкилоти Тошкентдаги Мунаввар Қори Абдурашитов бошлиқ «Миллий Иттиҳод» ташкилоти билан алоқа қиларди. Биз Бухорога келган Анвар пошо — Туркиянинг собиқ ҳарбий нозири — билан алоқа ўрнатдик, Анвар пошо Бухорода Файзулла Хўжаев, Абдуқодир Муҳиддинов, Мунаввар Қори, Ҳошим Шайх, Ота Хўжаев ва 20—30 киши билан учрашган эди. Шу учрашувда Анвар йиғилганларга ўзаро аҳил бўлишни, миллат озодлиги учун бирдамликда кураш юритишни, давлат органларида қандай йўл тутиш ҳақида маслаҳат берди.
Савол: Файзулла Хўжаевнинг амакиси Усмон билан қандай алоқалар бўлган?
Жавоб: Файзулла Хўжаевнинг қариндоши Ота Хўжаевнинг гапига қараганда, улар Усмон Хўжаев билан яширин ёзишмалар олиб боришган. Анвар пошо ҳам бизнинг тавсиямиз билан Душанбега — Усмон Хўжаев олдига юборилган эди. Усмон Хўжаев 1922 йилда Афғонистонда туриб Файзуллага, Бухорога қайтсам бўладими, деган мазмунда хат юборган эди. Файзулла йўқ, деб жавоб юборди. «Иложи бўлса бошқа давлат ҳудудига ўтиб кетинг. Қайтсангиз тутиб олиб отиб ташлашади», деб ёзади у. Оқибатда Усмон Хўжаев Туркияга ўтиб кетади. Кейинги алоқаларни Файзулла Хўжаев Москвадаги Турк элчихонаси орқали амалга оширади. Бу алоқалар Ота Хўжаев, Ибод Хўжаев, Ҳамро Хўжаев ва Мисбах Бурҳоновлар орқали бўлар эди.
Савол: Икромовга алоқадор нималарни биласиз?
Жавоб: Файзулла Хўжаев уни, собиқ Бухоро республикаси кадрларини йўқотиш учун иш олиб бораяпти, деб айтган эди. Жумладан Файзуллани ҳам йўқотиш учун иш олиб бораётган экан. Умуман, Акмал Икромов 1923 йилда Бухородан Марказга ишга ўтказилган ва раҳбар вазифаларида ишловчи бухороликларни қувғинга олганлиги ҳақида фактлар етарли эди. Буни Файзулла ҳам, биз ҳам билардик. Ф. Хўжаев «Икромов укам Ибод Хўжаевни партиядан ва ишдан ҳайдаб, ўз-ўзини ўлдиришига сабаб бўлди» деган эди. Бунга унинг хотини Фотима ҳам гувоҳ…
Савол: Фитрат ҳақида нималарни биласиз?
Жавоб: Фитрат таниқли шахс… Унинг «Мана сизга мамлакат» деган поэмасида, гуллаб-яшнаётган мамлакатга душман — Англия хавф солаётгани куйланган. Аслида Россиянинг Ўзбекистонга муносабати ёритилган эди. Бу поэмани Файзулла Хўжаевнинг топшириғи билан таниқли артист Қори Ёқубов куйларди…
Савол: «Миллий Иттиҳод» ташкилотининг катта маблағи ва олтин жамғармаси бўлган. Улар қаерда?
Жавоб: Билишимча, олтинлар Мукамил Бурҳоновда сақланарди. Кейинроқ Ота Хўжаевга ўтказилди. Улар кимга тегишли бўлганлиги ва ҳозир қаерда эканлигини билмайман…
Савол: Бухородан чет элга ўқишга юборилганлар хусусида нималарни биласиз?
Жавоб: 1920 йил охирида Германияга бухоролик бир гуруҳ ёшлар таълим олиш, касб ўрганиш учун юборилган эди. 1922 йилда Куйбишев мен ва Файзулла Хўжаевдан уларни қайтаришни, Москвада ўқитишни талаб қилди. Хўжаев қатъий рад жавобини берди. Сўнг Умар Фахриев деган кишини хат билан Германияга жўнатди ва у ерда таълим олаётган бухоролик талабаларга «Совет ерига қайтмай туринг» деб топшириқ берди.
Савол: Мустафо Сейфул-Мулюков ким?
Жавоб: У Бухоронинг Тифлисдаги савдо вакили бўлиб ишларди. Унинг турклар билан алоқасидан хабарим йўқ. (Муаллифдан: таниқли журналист Фарид Сейфул-Мулюков аждодларидан эмасмикан?)
Савол: Усмонхон Эшон Хўжаев ҳақида нималарни биласиз?
Жавоб: У Самарқандда 1925 йилда миллатчи-троцкийчи гуруҳ раҳбари сифатида гумонга олиниб, Москвага чақиртирилган эди. Уни Файзулла Хўжаев жуда ҳурмат қиларди, ақлли одам, дерди. У билан, менимча шоир Фитрат яқин алоқада эди…
* * *
Файзулла Хўжаев 1935 йиллардан бошлаб ўзи устидан Россия, давлат хавфсизлиги ва ички ишлар комиссарлиги хуфия хизмати иш олиб бораётганини сезган ва одамларни асраб қолиш учун кўп уринган. Буларга далил қилиб айрим фактларни келтириш мумкин.
Муинжон Аминов шундай кўргазма беради: «1935 йилда Файзулла Хўжаев менга С. А. Қ. деган шахсдан огоҳ бўлиш керак, у НКВД агенти… деб айтди. Сўнг бир йиғинда уртоқларига, вақтинча Тошкентдан узоқроқ жойга кетинглар. Атрофимда тушуниб бўлмайдиган ишлар бўляпти, деди».
Шоир Фитрат: «1936 йил октябрида мен Файзулла Хўжаевнинг уйига келганимда, у менга: «Келганингдан хурсандман, лекин огоҳ бўл, мен билан учрашган ҳар бир одам руихатга олиниб, қадами кузатиляпти», деб ёзиб қолдирган. Бу каби далиллар ишда анча-мунча бор.
1935 йил баҳор кунларидан бирида Файзулла Хўжаев хонадонида унинг онаси, Ота Хужаев, Саттор Хўжаев, Раҳматулла Музаффаров, Муинжон Аминовлар чой ичиб утиришарди. Шунда хаёлга чўмиб ўтирган Файзулла онасига қараб: «Онажон, Сиз мени бахтсиз қилиб дунёга келтирган экансиз. Мен ватаним, миллатим, халқим учун жонимни жабборга бериб ишлаяпман. Лекин… мен Россия буйруғини қул мисоли бажаришдан бошқа ҳеч нарса қилаолмаяпман!» дейди. Сўнг узоқ вақт ўксиб-ўксиб йиғлайди.
Ота Пўлатович Хўжаев — Файзулла Хўжаевнинг амакиси Усмон Хўжаевнинг укаси. Бухорода амир ва унинг маслакдошлари юритаётган сиёсатдан қаттиқ норози бўлганлардан бири эди. У Бухоро ва унинг халқи, миллат учун жонкуярлардан бўлган. 1915 йилда Бухоро амири томонидан 45 кун зиндонда сақланган. 1917 йилда Бухоро амири иккинчи бор уни қамоққа олди. Шу сабабдан ҳам амирликка қарши «қизил»лар тарафида туриб қаттиқ кураш олиб боради. Амирлик ўрнида адолатга таянган демократик ва мустақил давлат тузиш ҳақидаги Россия алдовларига лаққа тушганлардан. Инқилобдан сўнг хатоларини англаб, қаттиқ қайғуради, «шамолдан қутулиб, довулга дуч келган»ини тушуниб етади. Чора ахтаради. Аввалига Тошкентда ташкил этилган эсер (социал революционер)лар партиясига ўзини уради. Бу ерда ҳам руслар, асосан Россия учун жон куйдираётганини сезиб, у ердан чиқади. Умри сўнгигача Файзулла Хўжаев ёнида, мустақиллик ва озодлик учун курашда иштирок этади. У «Шўройи Ислом», «Иттиҳод ва Тараққий», «Миллий Иттиҳод» ташкилотларига аъзо, фаол раҳбарлардан бири эди.
НКВД қамоқхонасида терговчи саволларига берган жавоблари:
Савол: Аксилинқилобий ташкилотлар тузиб курашишдан мақсадингиз нима эди?
Жавоб: Биринчидан, Совет қизилларининг таъсирини Бухорога ўтказмаслик; собиқ Бухоро давлати ўрнида Россиядан мустақил давлат тузиш учун кураш; Россиянинг давлатимиз ички ишларига аралишиши ва бойликларни ташиб кетишига барҳам бериш; ўз армиямизни тузиш орқали Бухоро мустақиллигини қўриқлаш; бу ишларни амалга ошириш учун яширин ташкилот ва унинг аъзоларини жамлаш; Афғонистон, Эрон, Туркия билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш; Босмачи деб аталувчи гуруҳларни сиёсийлаштириш, уларнинг бошини бириктириб, мустақиллик учун курашга ёппасига йўналтириш каби мақсадлар бор эди.»
Анвар пошо 1921 йил ёзида бир ҳафтача Бухорода бўлган. Файзулла Хўжаев ва Абдуқодир Муҳиддиновларга хатоларини тушунтириб берган. Босмачилик ҳаракатини сиёсийлаштириш ғояси Анвар пошадан чиққан. У деярли ҳамма нозирлик ва давлат идораларини кезиб чиқади. Раҳбарий ходимлар билан суҳбат қуради. Кураш услуби хусусида маслаҳатлар беради. Раҳмат Рафиқ деган кишининг уйида меҳмон бўлади. Сўнг Шарқий Бухоро (ҳозирги Сурхондарё ва Тожикистон) тарафларга йўл олади…
* * *
Файзулла Хўжаев ўзи ишлаб чиққан дастурда тубандагилар назарда тутилган:
«Бухоро мустақиллиги учун курашни ташкил қилиш ва озод давлатнинг ташкилий тизимида, қонунларга кўра, бирор бир шахсни миллатига, динига, ирқига ажратмаслик;
Ҳар бир фуқаро эркин, ўзига ёққан касб ва фаолият билан бемалол шуғулланиши;
Мулк дахлсизлиги таъминланиши;
Бухоро давлати ўз миллий армиясига эга бўлиши ва у давлат мустақиллигини таъминлашга хизмат қилиши;
Ўз давлат бюджети ва хазинаси, пул бирлиги бўлиши;
Ер ва Сув мутлақ унга ишлов берувчиларга тегишли бўлиши, деҳқон ернинг ҳақиқий эгаси эканлиги;
Амир ва унинг амалдорларидан ташқари ҳамма фуқаро ўз ерига эга бўлиши;
Диний мактаблар ва диндор-руҳонийларнинг мутлақ мустақил ва эркин фаолияти таъминланиши».
Эътибор қилинг, бугунги танлаган йўлимиз ва дастуримиздан нимаси билан фарқ қилади?
Файзулла Хўжаев Совет давлатининг қулоқ қилиш сиёсатини ва ер-сув ислоҳотини амалга ошириш дастурини қаттиқ танқид қилган ва бу ишларга доим норозилик билдириб келган. (Қаранг, тарих ҳам бу сиёсатларнинг хато эканлигини тасдиқлади!)
* * *
Мукамил Абдуқодировни гўшт корхонаси ходимлари «сотади». Иосиф Матковский деган ўринбосари ҳатто энг қабиҳ хабарларни ҳам ёзиб беради: «Абдуқодиров учига чиққан миллатчи экан. У қассобхонада моллар сўйиладиган жойни кўриб, бу ерда чўчқа билан қўй-сигир бир ерда сўйилишини билгач, бизларни сўкди. Бундан кейин чўчқа сўйсанглар изидан яхшилаб тозаланглар, дезинфекция қилинглар, сўнг бошқа молларни сўйса бўлади ёки алоҳида-алоҳида сўйинглар, деди. У бундай миллатчилиги билан ходимлар орасида норозилик туғдирмоқда…»
Георгий Нюссер деган киши: «Унинг чўчқага муносабатини Россияга қарши сиёсат деб биламан», деб ёзиб беради.
* * *
Мукамиловни партия сафидан чиқариш ва ишдан бўшатишда Усмон Юсупов шахсан иштирок этади ва уни айбли деб топади. «Сенинг ҳаракатларинг — миллатчилик, сен сотқин ва миллатчи Ибод Хўжаев (Ф. Хўжаевнинг укаси)га хайрихоҳсан», деб айблайди.
Мукамилов билан бирга ўсган керкилик дўстлари: «қизиқ, конституцияда сўз эркинлигига йўл қўйилади деб ёзишибди-ю, лекин амалда «ғиқ» этсанг қамашади деди», деб, уни Совет Конституциясини ҳақорат қилганликда, сиёсатга қарши иш юритганликда айблаб ёзиб беришади.
Ҳарҳолда, мени яратганнинг ўзи кечирсин, дейман. Ахир «гумон имондан айиради» деган гап бор!
* * *
1920 йил ёзида Ота Хўжаев Қарши шаҳар Инқилобий Қўмитаси (ревком) раиси вазифасига ишга юборилади. Кунларнинг бирида уни Оғалиқ исмли кишининг уйига шошилинч чақириб қолишади: Бухоро Компартияси Марказқўмининг котиби Сайдулла Турсунхўжаев келган экан. У ерда Отахонов деган киши ҳам бўлади. Ота Хўжаевни улар аввал таҳорат олишга ундашади. Тозаланиб ўтиргандан сўнг, озодлик ва мустақиллик йўлида кураш олиб борувчи ташкилот тузилгани ҳақида хабар қилишади ва унга киришга розилигини сўрашади. Ота Хўжаев ҳеч иккиланмасдан рози бўлади. Шунда унинг олдига Қуръон ва маузер қўйишиб қасам ичиришади. У: «Мен ушбу ташкилотга кирар эканман, унга содиқ хизмат қиламан, бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмайман ва сотмайман. Акс ҳолда Қуръон урсин, маузер ўқидан ўлим топай», дейди…
Ота Хўжаевнинг «Миллий Иттиҳод» ташкилотига кириши тафсилотини келтиришимдан мақсад — бу ташкилотга жалб қилинган ҳар бир шахс учун шундай ёки шунга ўхшаш қатъий тартиб ўрнатилганлигини англатишдир.
* * *
Жиноий ишда бухоролик таниқли мударрис Бурҳон Алимов оиласида туғилиб ўсган ака-укаларга тегишли маълумотлар алоҳида эътиборга молик.
Мукамил Бурҳонов, Файзулла Хўжаевга яқин, ҳаммаслак бўлган. «Миллий Иттиҳод» ташкилотининг хазиначиси вазифасига Ф. Хўжаевнинг тавсияси билан тайинланган. Олтин жамғармалари, асосан, унда сақланган. Маориф Нозири бўлган Фитрат каби илғор фикрли кишилар даврасидан. Олмонияда яшовчи Олимжон Идрисий, миллионер Амин Сулаймон, бухоролик яҳудий савдогари Эдельман деган шахслар билан мустақиллик учун кураш йўлида алоқа қилиб турган.
У — бухоролик 40 нафар ёшни Олмонияга ўқишга юборишни ташкил қилганлардан. Уларга фунт стерлинг (инглиз пули) юбориб турган. Унда Файзулла Хўжаев томонидан тақдим қилинган, чет элларда дахлсизликдан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат бўлган. 1937 йил 25 октябрда машъум «учлик» қарори билан отиб ўлдирилади.
Мухамар Бурҳонов. Туркиянинг Истамбул, Бурса, Кастамуна шаҳарларида яшаган ва таълим олган. Мукамилнинг укаси. 1921 йилда Бухорода милиция Бош бошқармаси раҳбари, ҳукумат бошлиғи котиби бўлган. Чоржўй, Шаҳрисабз вилояти милициясини бошқарган. 1924-25-йилларда Туркияда истиқомат қилаётган оиласидан хабар олиш учун бир неча марта у ерга бориб, миллий озодлик ҳаракати фидойилари Усмон Хўжаев ва Носир Ҳакимовлар билан учрашган. 1937 йил 25 октябрда акаси ёнида «учлик» ўқидан жон беради.
Масхар Бурхонов. Туркияда таълим олган зиёлилардан. Файзулла Хўжаев билан 1910 йилдан буён таниш, инқилобдан сўнг яқин алоқада бўлган. 1922 йилда Бухоро Маорифи Нозири ўринбосари бўлиб ишлаган. 1932—1933-йилларда Сталинобод (Душанбе)да, 1933—1936 йилларда Тошкентда яшаган ва ишлаган. Сўнг Самарқанд шаҳрига кўчиб кетиб, ўқитувчилик қилган, нафақачи бўлган. Бухоро маорифчилари тузган «Нашри маориф» ташкилоти таркибида фаолият кўрсатган. 1937 йил 25 октябрда укала-ри ва жияни билан елкама-елка туриб, шаҳид бўлади.
Мисбах Бурҳонов. Тақдир бу иқтидорли йигитни ҳам аччиқ савалади. У 14 ёшда Бухоро амири томонидан отаси Музаил билан бирга зиндонга ташланади. Инқилоб пайтида орзу-умидли, ўқишга чанқоқ ёш ўспирин эди. Аввал ўрта мактабда, сўнг 1928 йилгача Москвада таълим олган. Бухоро республикаси раҳбарлари билан доимо бирга бўлган. Журналист, ёзувчи эди. Инқилобни тўғри тушунади, лекин юритилаётган сиёсат билан келишолмайди. Миллий озодлик учун жонкуярлик қилабошлайди. 1933 йилда Тожикистонда қамоққа олинади. Шу билан ёруғлик кўрмай, 1937 йил 25 октябрда амакиваччалари ёнида ўлимга рўбарў бўлди…
Унинг ҳужжат-қоғозлари орасида, бир варақда форс мутафаккири Бузургмеҳрнинг қуйидаги сўзлари кўчириб ёзиб қўйилган экан:
Ҳаммаси — тақдирдан, тақдир ўйинидан ҳеч ким, ҳеч қачон қочиб қутула олмаган.
Бу изтиробларни сабр-бардош билан енгишдан ўзга чора — йўл йўқ.
Шукур қил, ахир бундан ҳам баттар аҳволга тушишинг мумкин эди-ку!
Балким озодлик дақиқалари яқинлашиб келаётгандир-у, сен бундан бехабар ўтиргандирсан?..
Қамоқхона туйнугига термулиб туриб, бу сўзларни неча бор шивирлаган экан унинг лаблари…
* * *
Мен ҳеч қандай янги гап айтаётганим йўқ. Булар илмий изланишлар ҳам эмас. 20—30-йилларда жамиятимиз ҳаёти еа одамлари хатти-ҳаракатига сиёсий баҳо бериш фикридан ҳам йироқман. Мен фақат сир сақлаб келинган айрим тарихий маълумотлар билан мавжудларини тўлдирмоқчи эдим.
Масалан, бухоролик тарихчи олим Ражаб Қиличев «Бизлар босмачилар эмасмиз…» мақоласида («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1992 йил 21 февраль) Бухоро амирлигининг ағдарилиши, Қизил қўшинларнинг киритилиши ва Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида бу ҳудуддаги сиёсий аҳвол, озодлик ва мустақиллик учун ҳаракатларга бирмунча яқин ёндашади. Қизил Россиянинг маккорона ҳаракатларини фош қилади. «Босмачилик» деб номланган халқ ҳаракатига ўзининг тўғри муносабатини билдиради, далиллар билан исботлайди.
Бухоронинг «озод қилиниши» тафсилотларини Р. Қиличев тубандагича якунлайди: «1) Бухоро амирлиги ҳукмронлиги ўрнини эгаллаган БХШЖ ўзининг мустақил давлат сифатида шаклланишини тугатди. Чунки Москва учун жуда катта табиий бойликларга эга бўлган ўлкани қўлдан чиқариш фойдали эмас эди. Шунинг учун ҳам улар бу ўлкага марказдан кўплаб ҳарбий кучларни ташладилар, қуролларнинг барча турларидан ваҳшийларча фойдаландилар. 2) Ватаннинг асл фарзандлари қирғин қилинди, қишлоқлар, шаҳарлар вайрон қилинди. Аҳолининг тўқсон фоизи деҳқонлар бўлган ўлкада деҳқончилик ва сув хўжалигига катта зарар келтирилди. 3) Бухоронинг ўн минглаб аҳолиси ўз она юртини ташлаб бошқа мамлакатлар (Хитой, Афғонистон, Эрон, Туркия, Покистон, Саудия Арабистони)га бош олиб кетишга мажбур бўлди. 4) Бухоронинг миллий бойликлари таланиб, марказга олиб кетилди, амир хазинасида бўлган ўттиз беш миллион сўмлик олтин ва кумуш қуймалар халқдан яширинча ўғирлаб кетилди. Ер ости ва усти бойликларини талаш системаси ишлаб чиқилиб, бу систама Шўро Империясининг емирилишига қадар бетўхтов ва хатосиз ишлаб турди».
Бу фикрлар билан юз фоиз келишиш тўғри бўлади. Лекин муаллифнинг «ота-боболаримиз олиб борган миллий мустақиллик ва озодлик ҳаракатига қарши кураш охир-оқибатда мана шулар билан тугади», деб хулоса қилиши салгина ноўринроқ туюлди назаримда. Менимча, юқоридаги фактлар — алдов, фириб, риёкорлик билан озодлик, инқилоб шиори остида жаҳон жамоатчилигининг кўзини шамғалат қилиб, ғаразгўйлик билан Бухорони босиб олишнинг натижалари эди.
Бу эса «ота-боболаримиз олиб борган озодлик ҳаракати ва уларга қарши кураш… тугади», дейишга асос бўлмайди. Бу кураш ҳеч қачон тугаган эмас. У бир кун ҳам сўнган эмас. Кураш ҳозир ҳам давом этмоқда. Сотқин, ғоясиз, ватан ва миллатини унутганлар бундан истисно, албатта. Чунки «беайб — парвардигор», «шоли курмаксиз бўлмайди» деганларидек, орамиздан хиёнаткорлар чиқиб турган. Мустақиллик учун курашчилар ҳам, уларга қарши курашувчилар ҳам ҳамиша бор эдилар. Яқингинада республикамизда «азиз меҳмон» бўлганлар, Гдлян — Иванов гуруҳлари ва уларга қўшилиб халқимизни «тепкилаган» ўз қўйнимиздаги газандалар бунга далил эмасми? Фарғона, Ўш, Паркент ва бошқа жойларда оға-инилар орасига нифоқ тушуриб, одамларимиз қонига завол бўлган Қизил Москва «аскар»ларининг фитналари ва уларга қаршилик кўрсатиш ҳаракатлари — ўша курашларнинг давоми эмасми? Марказ матбуотининг қатор хуружлари-чи?
Ёки, мисол тариқасида, куни-кечаги чиқишлардан фақат биттасига тўхталиб ўтишнинг ўзи кифоя: тошкентлик юридик фанлари доктори Б. Меренскийнинг «Инсон ҳуқуқларининг «ҳимоячилари» нима учун жонбозлик қилмоқдалар?» мақоласи республикамиздаги «Халқ ва демократия» ойномасининг 1992 йил февраль сонида босилиб чиқди. Бу «асар» билан танишар эканман, миямга биринчи келган фикр шу бўлди: «Борис Меренский ўзининг қайси давр ва қайси сиёсат олими эканлигини яққол баён этибди!» Чунки жаноб Меренскийнинг Ўзбекистон мустақиллигини ҳазм қилолмай жуда қийналганлиги кўриниб турарди.
У миллатлараро муносабат мавзусига қўл уриб, унинг турғунлик давридан мерос бўлиб ўтган муаммо эканлигини ва етарлича маълумлигини, бу муаммони ҳадеб таҳлил қилавериш катта хато эканлигини ёзади. Бу билан муаллиф, ўзини иссиқ бағрига олиб, фанлар доктори даражасига етказган ўлканинг тарихидан, тарихий жараёнларидан мутлақо йироқ эканлигини намойиш қилади. Акс ҳолда у, Ўрта Осиёда, хусусан Ўзбекистонда минг йиллар давомида ўзбек, тожик, эроний, турк, қозоқ, мўғул, араб, уйғур, қирғиз, афғон, ҳинд, яҳудий ва бошқа элу элатлар яшаб келганидан, улар орасида ҳеч қачон миллий ихтилофлар келиб чиқмаганлигидан огоҳ бўларди. Ўзбек халқи империя босқини, қизиллар ҳукмронлиги даврларида ҳам, ҳозир ҳам ҳеч кимни миллатига ажратиб оломон — тошбўрон қилган эмас. Аксинча, ўзи емаса ҳам — меҳмонга едирган, киймаса ҳам — кийдирган, сиқилишиб жой берган. Фақат бир нарсани — ўз ери, тупроғи, халқи, руҳи устидан ўзгалар ҳукмрон бўлишини хоҳламаган, ўзгаларнинг «Онангдан тонасан» қабилидаги сиёсатини ҳазм қилолмаган, қоришиб ўзлигини йўқотишдан қўрққан.
Б. Меренский айтмоқчи бўлган «миллатлараро муносабатлар муаммоси»ни эса зулукка айланган империя вакиллари, ўзгалар ҳисобидан тараллабедод яшашга ўрганиб қолганлар ва улар чалган ноғорага йўрғалашдан баҳра оладиганлар ўйлаб топмоқдалар. Фарғона, Ўш, Паркент, шунингдек, Болтиқбўйи ва Кавказорти ҳудудларидаги миллатлараро жанжалларнинг махсус ишланган «саҳна асари» эканлиги аллақачон жамоатчиликка маълум бўлди. Буни жуда нари борса, содда, гўл одамгина билмаслиги мумкин, лекин, юридик фанлари доктори бундан бехабар бўлса… «Э. Юсупов ва Г. Ҳидоятовлар русийзабон аҳолини туб ерли аҳолига тўлиқ бўйсундиришни ёқладилар, ташаббуслар ўз таркибига кўра бир хил бўлмаган миллий уюшмалар қўлига ўта бошлади, улар жойлардаги давлат органларига тазйиқ ўтказиш билан шуғулландилар», деган туҳматнамо фикрлар билдириши — Меренскийнинг ҳуқуқшунос олим эмас, балким иғвогар эканлигидан гувоҳлик беради.
Б. Меренский Олмаота декларациясини имзолаган давлатларда «миллатнинг ҳам, диннинг ҳам аҳамияти бўлмайди», деган фикрни олға сурибди. Ёпирай, наҳотки мустақил давлатлар бош қўшган анжуманда ёки унинг якуний ҳужжатида миллат ва диннинг аҳамияти муҳокама қилинган бўлса? Ахир миллатнинг аҳамиятини ҳар миллат, диннинг аҳамиятини унга эътиқод қилувчилар мутлақ ўзгача ва ўз ўрнида баҳолашади-ку!
«Олим»нинг давлат тили хусусидаги алаҳсирашлари, рус тилини умумдавлат тили сифатида қабул қилишнинг афзаллиги ҳақидаги лўттибозлиги, русийзабон ходимлар Ўзбекистонни бошқаришдан сиқиб чиқарилаётганлигини ва оқибатда улар кўчиб кетаётганликлари ҳақидаги фикрлари ҳам ҳали мустақиллигимизга қарши кучлар мавжудлигига яққол далилдир.
Туркий халқлар яшайдиган республикаларнинг яқинлашишга, ҳамжиҳатликка томон ҳаракатлари, ислом партиясини чигаллаштиришга уринишлардан у жуда қўрқиб кетган кўринади.
Давлатимиз тинчлиги ва осойишталиги учун Президентимиздан тортиб ҳар бир ақли-ҳуши жойида аҳли фуқаро жон куйидараётган бир пайтда, Меринскийнинг нуқтаи назарини оммалаштиришдан нашрнинг мақсади нима экан?
Меренский ўзича, бир жафокаш ўзбек фарзанди — Боймирза Ҳайит шахсига баҳо беришга уринади. Ҳатто Ўзбекистонни «унинг собиқ ватани» деб атайди. Боймирза Ҳайит бутун умрини фашистлар Германияси равнақи йўлига эмас, ўзбек юрти Туркистон элининг озодлиги, мустақиллигига бағишлади. Унга Гитлер эмас, Ўзбекистонни тутиб турган қуллик занжирларининг парчаланиши керак эди. Қолаверса, у фашизм сиёсатини қўллаган эмас, қўлини қонга ботириб, фашистларга қўшилиб яҳудийларни отган ҳам эмас!
Меренский ўз мақоласида яна шундай дебди: «Жиноят кодексининг 64-моддаси республикамизда қарийб ўттиз йил давомида қўлланилмаган. Кўплар ҳозир ҳам туб ерли аҳолига бевосита ёки билвосита имтиёзлар бериш бобида миллий сиёсатни рўёбга чиқаришни, жиноят таркиби сифатида кўзда тутилган шундай хатти-ҳаракатлардан фарқлай олмай бошлари гаранг». Кўряпсизми, ҳуқуқ доктори яна ерли халқнинг қатағон қилинишини истаб қолибди!
Наҳотки халқ ўз тарихий ватанини ўзи бошқариб, ўз тилида сўзлашишни мақсад қилгани жиноят бўлса, жаноб Меренский? Ёки элнинг, миллатнинг ўзлигини англагани, ўз ерига, бойлигига эгалиги, она тилини тиклаши — имтиёз деб тушунилса? Бу унинг ҳаққи-ку, ахир!
Хуллас, муаллиф собиқ КПСС ва КГБнинг империяни сақлаб қолиш йўлида миллатлар ўртасига қутқу солиш услубини танлайди, ҳатто машҳур Жириновский, шовинизм илинжида юрган собиқ «марказ»чилар, марказий матбуот органларининг «муқбил тошотар»лари даражасига чиқади.
Меренскийга ўхшаганлардан, республикамизнинг мустақиллиги, равнақи, миллатларнинг тинч-тотув яшаши учун фойда йўқ. Ҳеч бўлмаса зарари тегмай турса маъқул бўлармиди?
Хуллас, ҳали кураш тўхтаган эмас…
* * *
Бухоролик оддий ишчи оиласидан чиққан Ҳалимжон Каримов 30 ёшида — 1932 йилда қамоққа олинади ва 10 йил муддатга концлагерга ташланади. 1937 йилда уни жазо ўтаётган жойидан Тошкент турмасига қайтариб келиб, сўроқ қилишади.
«Савол: Бухорода Советларга қарши бўлган қандай ҳаракатлар сизга маълум?
Жавоб: 1920 йилдан бошлаб, Бухоро давлат мустақиллиги учун курашувчи миллий ташкилот тузилган эди. Унинг фаолларидан Муин Аминов, Фитрат, Ота Хўжаев, Ибод Хужаев, Саттор Хўжаев, Қорийўлдош Пўлатов, Раҳмат Рафиқ, Холботиров, Масхар Бурҳонов, артист Қори Ёқубов, Мукамил Бурҳонов, Хидир Алиев, Ҳамро Хўжаев, Нажаб Қурбонов, Юсуфзода, Исмоил Шарипов ва бошқаларни билардим. Хивалик Отажонов, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона водийсидан вакиллар келиб турарди…»
Эътибор қилинг, Каримов «Советларга қарши» деган саволга «мустақиллик учун кураш» сўзи билан жавоб бераётир. Бухорога Қизил Армия кирганидан бошлаб юқоридаги шахсларнинг бирлашиши — кураш биринчи кунлардаёқ бошланганидан далолат беради. Демак, Бухоро халқи, бизга ўқитиб келинганидек, «Россия инқилобини, Қизил Армия ва Совет ҳокимиятини олқишлар билан кутиб…» олмаган!
1936 йил 6 сентябрдан бошлаб Нажаб Қурбоновнинг уйида Тош Раҳматуллаев, Исмоил Шарипов, Жўра Мўминов, Шукрулло Оқсоқол, Шавкат Сулаймонов, Аҳмад Алимов ва бошқалар тўпланишади. Йиғилишда суҳбат қуйидагича якунланади: «Москва Бухоронинг жами бойлигини эгаллади. Олтинимиз, пахтамиз, қоракўл терилар ташиб кетилмоқда. Ўзларида катта саноат корхоналари, завод-фабрикалар қуриб, мамлакатини бойитяпти. Биз эса аҳмоқ бўлиб, уларга қўшилиб амирни ағдардик, энди бармоғимизни… тиқиб ўтирибмиз. Бирор ҳаракат қилиб бўлмаса…»
Эътибор қилган бўлсангиз, бу фикр билдирганлар мутлақо бошқа гуруҳ одамлари. Демак, мустақиллик, ватан эрки ҳақида бундай фикрловчилар аҳолининг турли қатламларида мавжуд бўлган.
Фикрнинг ўзига келсак — у ҳеч қандай таҳлил, изоҳ талаб қилмайди. Улар рус халқидан ҳам, Совет ҳокимиятидан ҳам норози бўлмаган. Балки Совет ҳокимияти номидан юритилаётган талончилик ва истилочилик сиёсатидан норозиликлари билиниб турибди. Шундай ҳолда бу бечоралар «халқ душмани» тамғаси билан отиб юборилган. Ҳеч ким: «булар қайси халқнинг душмани?» деб сўраб ҳам ўтирмаган…
Ҳужжатлар орасида Қози Саид Эшон Хўжаевнинг 1937 йил 27 июнда берган кўргазмасида эътиборга молик маълумотлар мавжуд. Ўзининг айтишича, 1910-йилларда У Туркияда таълим олган. Бу ерда жамики туркий халқларни ягона давлат остида бирлаштиришни мақсад қилиб қўйган «Турон» ташкилоти фаолият кўрсатган. Унинг таркибида Туркистондан, жумладан Бухородан жуда кўп шахслар бўлган. (Қизиқ, ҳозир ўша ташкилот фаолиятига оид ҳужжатлар сақланиб қолганмикан?) 1918 йилда Бухоро амири қабулига турк офицери Козимбек ва ҳиндистонлик Мавлави Баракатулло келади. Улар Туркиянинг жами мусулмон давлатларининг бирлашиши ҳақидаги таклифини олиб келишади. Лекин амир уларни қабул қилмайди. Сўнг улар Хивага ҳам боришади. Туркман Жунаидхон билан учрашишга уринишади. У ерда ҳам қабул қилинмайдилар…
Қози Саид «Миллий Иттиҳод» ташкилотининг фаол аъзоларидан бири сифатида ёзувчи Садриддин Айнийни тилга олади.
Сўроқ охирида ўзини ёмон сезиб, йиқилиб тушади…
* * *
1936 йил бошларида Тошкентда Файзулла Хўжаевнинг укаси Ибод Хўжаев ўзини отиб ўлдиради. Марҳумнинг танасини Масхар Бурҳонов ювади. Файзулла Хўжаев бу фожиадан қаттиқ изтироб чекади. Фитратнинг елкасига осилиб йиғлайди ва атрофидагиларга: «Бу одам бизнинг кадрларга бошдир. Уни севинг ва ҳурмат қилинг. Бундай шахслар ҳамма вақт ҳам туғилавермайди!..» дейди.
Иш ҳужжатлари орасида Фитратга тегишли яна бир маълумот бўлиб, унда 1934 йилда «Ўзбеккино» трестининг директори Мухтор Саиджонов Фитратга: «амир даври, жадидлар ҳақида ҳаққоний асар ёзиб бер, биз ўша даврни ҳозирги хароб аҳволимиз билан солиштириб ҳужжатли кино яратайлик», дегани айтилади.
Фитрат Бухоро инқилобига атаб «Тўлқин» номли пьеса ёзади. Лекин бу пьеса, Файзулла Хўжаев ва бошқаларнинг минг уринишларига қарамасдан ёруғлик юзини кўрмай, Санъат Бош бошқармаси сандиқларида қолиб кетади. (Бу пьесанинг тақдири ижод олами ходимларига, зиёлиларга маълумми-йўқми, билмайман — Ф. Қ.)
* * *
Файзулла Хўжаев сўроғидан парча:
«1930 йилда Ўрта Осиё, Қозоғистон, Татаристон ва Бошқирдистон миллий озодлик ҳаракатлари раҳбарлари қатнашувида пантуркчи ташкилот тузилди. Уни Рисқулов бошқарар эди. Таркибида мен, Пурмаков, Хўжанов, Абдураҳмонов, Холиқов, Тожикистондан Қосим Қориев, Саъди Муҳаммадиев, Восиқ Муҳаммадиев (ёзувчилар), Ҳамидхонов («Чирчикстрой» бошлиғи), Али Расулов (Тошкент банки бўлимидан), Ҳаниф Турнашев, Муслим Шермуҳамедов, Абдулҳай Тожиев, Қозоғистондан Турсун Хўжаев, Қушбегиева, Ўзбекистон раҳбарларидан Акбар Исломов, Рустам Исломов ва бошқалар бор эди…»
Шу йилларда Афғонистонда ташкил этилган «Барои дин» («Дин йўлида») деб номланган ташкилотнинг Бухоро бўлими ҳам миллий ва эътиқод озодлиги учун фасуг ишлаб турган. Унинг аъзолари ҳам Қизил Россия агентлари томонидан қўлга олиниб, шафқатсизларча йўқ қилиб юборилганлар.
* * *
Қизил Россия гумашталари томонидан миллий озодлик, мустақиллик ҳаракатларининг «Ўзбекистонни СССРдан ажратиб, мустақил демократик давлат тузишга интилган»ликлари тан олинган ҳолда, уларга «босмачи», «аксилинқилобчи», «авантюрист», «халқ душмани» тамғалари босилиб, минг-минглаб аъзолари судсиз отиб ташланган.
Масалан, судсиз, фақат «учлик»нинг 1937 йил 14 сентябрдаги қарори билан Муинжон Аминов, Ота Хўжаев, Мухтор Саиджонов, Саттор Хўжаев, Муса Саиджонов, Ёқубзода, Абдурашид Мукамилов, Раҳматулла Музаффаров, Ҳамро Хўжаев, Аҳмаджон Абдусаидов, Порсо Хўжаев, Абдулла Абдуллаев, Абдураҳим Юсуфзода ва 4 нафар Бурҳоновлар отиб ўлдиришга ҳукм қилинганлар. Ҳукм 25 сентябрь куни ижро этилган. Ота — фарзандининг тақдиридан, хотин — эрининг, ака — укасининг ўлимидан бехабар, ўмид билан йўлларига кўз тикиб юраверган…
Бу ишдаги айрим ҳужжатларни кўриб, юрагинг эзилиб кетади, беихтиёр муштинг тугилади, кўзларингга ёш келади.
1937 йил 25 сентябрда отиб ўлдирилган Наимжон Ёқубзоданинг ногирон волидаси Орзибиби 1939 йил 10 февралда кўзёшлари томган дафтар варағига ариза битиб, ҳукумат идораларига йўллайди: «Ёлғиз фарзандим қамалганида юпун эди. Соғлиғи яхши эмасди. Балким касали хуруж қилгандир? Совуқ қотаётган эмасмикан? Озроқ доридармон билан кийим олиб борсам, ўғлимга берсангизлар. У қаерда ўзи?»
Бу дардни фарзанди борлар яхши тушунади. Боласини юраги тагида 9 ой кўтарган, бир парча гўштни асраб-авайлаб, бағри тафтида ўстирган она билади. Ёлғиз ўғли қамоққа олиб кетилиб, унинг қайтишини кутиб ўтирган бағри қон, ногирон онани кўз олдингизга келтиринг. Бечора, сўнгги нафасигача эшикка қараб, илҳақ бўлиб ўтириб, очиқ кўз билан дунёдан кетгандир?..
Отиб юборилган Мукамиловнинг хотини 1939 йил октябрда ёзади: «Эрим қамалгандан сўнг, 5 нафар гўдак билан кўчада қолдим. Болаларим оч, устлари юпун, хор бўлиб қолди. Биз чидаяпмиз ва паноҳимизни кутаяпмиз. Дарак беринглар, қаерда фарзандларимнинг отаси?..»
Бу аризалар ўша пайтда Ўзбекистон прокуратурасини бошқарган Силниченко, Ярашенко каби халқ дардидан йироқ кишилар қўлида кўрилмасдан қолиб кетади.
«Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун» шиори остида иш юритган Москва «инсонпарварлари», қамалган одами бўлган оналарни, қари, ёш, касал, гўдак демасдан, деярли яланғоч ҳолда кўчага ҳайдаганлар ва муттасил таъқиб этаверганлар. Масалан, Муинжон Аминов қамоққа олиб кетилгач, унинг уйига «бўкирадиган» машиналарда келишади-да, уйдаги бор-будини рўйхат қилиб, олиб чиқиб кетишади, Рўйхатда бўялган, эски симтўрли темир каравот, бир оёғи синиқ болалар табуреткаси, кийилган 3 та чопон, 13 та аёллар ичкўйлаги, болалар ўйинчоғи (от), 5 та фойдаланилган дастурхон, ёстиқ, қоплама чойшаб, болалар иштончалари, телпакчалари, пойафзали, қиз бола кўйлакчаси, болалар калишлари, эски, кийилган пальтоларигача ёзилган.
Сўнг оила кўчага ҳайдаб чиқарилган…
1956 йил Москвада Бош прокурор Р. Руденко ва Олий Кенгаш Раёсати раиси К. Ворошилов номига Туркманистоннинг Керки шаҳридан М. Мукамилова хат йўллайди:
«Эрим Абдурашид Мукамилов 1901 йилда туғилган бўлиб, 16 ёшидан қўлига қурол олиб инқилоб учун курашганлардан эди. 20-йилларда мен тўрт йиллаб ҳандақ-сандиқларда партизаннинг хотини сифатида яшириниб яшадим. Фақат 1924 йилдан сал-пал одамга ўхшаб яшай бошладик. Эримга Меҳнат Қизил Байроқ, Ҳурмат белгиси орденлари берилди. Бор-йўғи 11 йил бирга ҳаёт кечирдик. Шу даврда 5 та бола кўрдик. Каттаси 11 ёшда, кичиги ёшига ҳам тўлмаган пайтда эрим қамалди. Бор-будимизни тортиб олишиб, билан кўчага ҳайдашди. Сўнг ҳам ҳеч қаерга сиғмадик. Кўрган азобларимизнинг адоғи йўқ. Шу аҳволда Тошкентдан Керкига келиб қолдик. 70 яшар касал онам ҳам биз билан бирга кўп хорликларга дуч келди. Икки болам очликдан ўлиб кетди. Қолганлари саводсиз ўсди — мактабга олмадилар. Болаларимнинг отасини излаяпмиз. Тирикми, қаерда у, қачон келади? Хабар беринг, бошқа ҳеч қаердан жавоб ололмадик…»
Кўряпсизми, ўз қўллари билан отиб ўлдирган одамларнинг яқинларига, қариндошларига. «Эрингиз ёзишма ман қилинган жойда жазо ўтаяпти», «касал бўлиб ўлди» ва ҳоказо ёлғонлар айтиб, ҳақиқий аҳволни 20 йиллаб сир сақлашган… Бундан маъно нима. Сабаб-чи? Сабаби менимча, айбсиз одамларни ноҳақ ўлдириб юборганликлари очилиб қолишидан қўрқув! Шундан бошқа нарса эмас!
Самарқандлик М. Хўжаева 1937 йилда отиб юборилган эри Ҳамро Хўжаевни 20 иилдан ортиқ излаган, 2 та гўдакни етаклаб юриб, кирмаган эшиги, сарғаймаган идораси қолмаган.
Ваҳоланки, улар излаган одамлар бор-йўғи она юртнинг мустамлака бўлиб қолишидан норози эдилар, Мустақиллик истардилар!
* * *
Мунаввар Қори Абдурашитов, Файзулла Хўжаев, Салим Тиллахонов ва бошқаларнинг суддаги кўрсатмаларини ўргансангиз, бунга амин бўласиз.
Мунаввар Қори: «1920 йилда Бухоро инқилобини нишонлаш учун Бухорога бордик. Турккомиссар вакили Сафаров билан бу ердаги мачит-мадрасаларда руслар от боғлаб қўйганининг, бебошликлар қилганининг гувоҳи бўлдик. Сафаров уларни тартибга чақиришга уринди. Лекин сал ўтмай, рус командирларидан Сафаровни миллатчилик ва аксилинқилобий ҳаракатда айблаб имзолаган хатлар тушди. Оқибатда…»
Фитрат Мунаввар Қорини қучоқлаб йиғлайди: «Биз бундай инқилобни хоҳламаган эдик. Биз фақат амирни ағдариб адолатли жамият барпо қилмоқчи эдик…»
Юзлаб хат, арзномалардан сўнг 1957 йилда ишлар қайта ўрганиб чиқилади. Лекин адолатсизлик булганлиги яна яширин қолиб кетади. Қариндошларига тубандаги каби ёлғон хабар жунатилади: «Саиджонов 1937 йилда 10 йилга меҳнат-аҳлоқ тузатиш лагерига юборилиб, жигар касалидан ўлган…»
* * *
Яна йиллар ўтади.
Ниҳоят бегуноҳ одамлар номи тўла оқланади…
Лекин ўлганлар ҳеч қачон тирилмайдилар. Хазон бўлган умрлар кўкармайди. Бир умр азоб чеккан оналарга, ота меҳрини кўрмай ўтган болаларга ҳеч нарсани қайтариб булмаиди. Фақат бу жабрдийдаларга биз бугун ҳамдардлик билдиришимиз мумкин, холос. Қарзи дуоларимизнн ҳам дариғ тутмай:
«Илойим, мустақиллик йўлида ҳаётдан эрта кетганларнинг охирати обод бўлсин дард чекканларнинг кейинги авлоди ташвиш тортмасин!» деймиз…
“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 7-сон