Аслида халқ орасида бу ибора: “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас” , деб юритилади. Қаёққа қарамайлик, Аллоҳ яратган наботот оламини, дориворлару табиат бойликларини ўз билганларича босиб – янчиб, очофатларча топтаб ўзлаштиришларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Шундай ёвузликларга ўзларини ураётганларнинг деярли барчаси табиблик ниқобини кийиб олишган. Қайси ўт қандай дардга даво бўлишини ўзларича эринмай тушунтирмоқчи бўлишади, шу каби йўллар билан мижоз ахтаришади. Нима бўлса бўлсин, уларга деса ҳамма ёққа ўт тушиб кетса ҳам кундан-кунга мўмайроқ пул топсалар бас. Ишлари юришгани сайин эса қиру адирлар, тоғу тошлардаги шундоқ ҳам камайиб қолган дориворларни баттарроқ қийратишга киришадилар.
Аллоҳнинг ўзи юқтирган чин табиблар азал-азалдан халқ орасида яшаб, барчанинг хизматини қилган ва ҳурматини қозониб келган. Уларнинг давомчилари ҳозир ҳам бор. Улар ўз қадр-қийматларини яхши билишади, иззат нафси ва ғурурини бировга оёқости қилдириб қўйишмайди. Чунки, юқорида айтганимиздек, уларга юксак хислат ва иқтидорни аввало Аллоҳнинг ўзи юқтирган, қолаверса, Луқмони Ҳакимдан тортиб шу пайтларгача яшаб ўтган табобат илми аҳлининг йўл-йўриқларини чин ихлос билан ўрганишган, улар қолдирган нодир китобларни астойдил ихлос билан ўқиб чиқишган…
Йигирма беш-ўттиз йиллар муқаддам тошкентлик бир табаррук инсон бизни йўқлаб қишлоғимизга келган эди. Унинг яқин бир одами оғир бетоб экан, Оқтош томонларда машҳур табиб борлигини эшитиб, шул зотни топишга ёрдам берармикан, деган илинжда ташриф буюрибди. Мен ёшлигимда ишим тушган бир табибни – қўшни Сойлиқ қишлоғида яшаб ўтган Маҳаматкарим отани билардим. “Машҳур синиқчи” номини олган бу инсондан нажот тилаб бир Ўзбекистон эмас, қўшни давлатларнинг ҳамма тарафидан бирор жойи шикастланганлар мудом келиб туришарди. Бу галги меҳмонимиз ўша машҳур “синиқчи”ни эмас, шифобахш дориворлар билан даволовчи табибни излаб келган экан.
Шунда дадамиз жонимизга оро кириб, бу табиб ҳам Сойлиқ қишлоғида истиқомат қилиши, исми Шомирза ота эканлигини айтди-да, “Менинг номимдан салом айтинглар, биз у киши билан қадрдонмиз”, деб қўйдилар. Шомирза отани излай-излай, Қорақия тоғлари этагидаги боғида қаттиқ меҳнат қилаётгани устига бориб қолдик. Қийиқча билан пешонасини танғиб олган ўрта бўй, қорамағиз юзу кўзлари жиддий ва кескин боқувчи миқти жуссали Шомирза ота (Аллоҳ у кишини раҳматига олган бўлсин) дастлаб биз билан гаплашгиси ҳам келмади. Чунки шу даврларда обдан омади чопиб қолган атеистлар бу отани ҳам “обориб-обкелишган”. Роса жонига тегиб бўлган эканлар. Дадамнинг саломини айтганимиздан сўнг табиб отанинг рухсори юмшаб, шинамгина боғига олиб кирди. Буларни ҳикоя қилишдан муддао шуки, Шомирза отанинг боғи бошдан-оёқ доривор ўсимликлару кўркам дарахтларга тўла эди. Ҳатто Кавказ томонлардан атайдан олиб келиб ўстирилган шифобахш ўсимликлар ва бутасмионларнинг турларигача бор экан бу жойда. Ота-боболари таниқли табиб ўтган Шомирза ота ҳам ўз навбатида кўркам боғию, табобат оламидан ўзлаштирган барча сир-асрорларини ўғли Обиддинга мерос қилиб қолдириб кетди.
Бу каби табобат оламининг ҳақиқий табибларидан яна бир инсонни биламан. Тошкент тиббиёт олийгоҳини тамомлагандан сўнг табобат илми билан астойдил шуғулланган сижжаклик Аҳмаджон Мираҳмедов ҳам ўзига, илмига ишонган кучли табиблардан биридир. Иқтидорли бу инсон табобат илми даҳолари, хусусан, Абу Али ибн Синонинг шифокорликка оид асарларини обдан берилиб мутолаа қилган, изланиш ва интилишлардан ҳеч қачон чарчамайдиган табибдир. Шунинг учун ҳам нажот сўраб келганларни сира ноумид қилмай қатъий ишонч билан даволайди. Бўстонлиқ тумани бўйича мана шу саноқли инсонларгина ҳамма тан олган чин табиблар эди. Ҳозир-чи?! Кўчага чиқиб, таваккалига дуч келган одамни тутиб сўрасангиз, икки кишидан биттаси табиблик даъвосини қилаверади. Кошки эди, улар Шомирза ота, Аҳмаджон Мираҳмедовга ўхшаб ҳовлию томорқаларида ҳатто уйининг хоналарида хилма-хил дориворлар ўстириб беморларни даволасалар ва ортганини бозорларга олиб чиқиб пулласалар! Қаёқда дейсиз, илк баҳордан то атрофни қор босгунга қадар далаю тоғларни аямай ғорат қилишади, дориворларни обдан қийратишади, сўнг билиб-билмай уларни беморларга тавсия этишади… – Бунинг оқибатида юртимизда мавжуд бўлган доривор гиёҳлар кескин суръатда камайиб, турлари ҳам тезлик билан йўқолиб бормоқда. Масалан, анча йиллар аввал ҳаммаёқни тутиб ётадиган исириқ, эрмон, марвартак, чойўт, бўзноч каби айримларини умуман топа олмайсиз. Уларни эндиликда тоғнинг энг хилват жойларида учратиш мумкин.
Табиат муҳофазасидек ўта масъулиятли вазифани ўз зиммаларига олган қатор-қатор идоралар, уларда хизмат қилаётган юзлаб назоратчилар нима учун бу каби тартибсизликларни тартибга солмаяптилар?! Табиат муҳофазасига тегишли бир ташкилотга баҳор чоғида кетаётган эдик, у ердаги назоратчиларнинг қаёққадир шошилинч жўнаётганларига йўлиқдик. “Йўл бўлсин?” дедик уларга. “Доривор гиёҳларни топтаб олиб келиб сотувчилар бозорларни тўлдириб юборишибди, шуларни бир тартибга солиб қўяйлик…”
Ажабо, фақат бозорни тергаш орқали бирор натижага эришиш, ҳаммаёққа изғиб юрган юзлаб табиат кушандаларини тартибга солиш мумкинмикин?! Ўнлаб ташкилотларнинг идораларида ўтирган табиат ҳимоячиларининг қўлларидан келган энг зўр иш шу бўлдими?! Улардан ташқари, ҳамма қишлоқ ва аҳоли яшайдиган жойлардаги ҳудудларда эгалик қилаётганлар, бевосита табиат бағрида фаолият олиб бораётган миллий боғ, ўрмон хўжаликлари каби жамоаларнинг аъзолари ўзларига тегишли майдонларда нега тартиб ўрнатмайдилар?!
Ёки бўлмаса бу ишларнинг келажакдаги хунук оқибатларини инобатга олиб атроф-муҳит муҳофазаси, айниқса, доривор гиёҳларнинг бутунлай нобуд қилинаётганига қарши кескин чоралар кўрилармикин?! Бу томонлари, энди, табиат муҳофазасининг мутасаддилари эътиборларига ҳавола.
“Қишлоқ ҳаёти” газетаси,
2000 йил 28 апрель сони.