Асад Асил. Қайга борсин, бечоралар (2000)

Ҳеч ким инкор эта олмайдиган бир ҳақиқат бор: бутун оламни, шу жумладан, ерни ҳам Буюк Аллоҳ яратган. Одамлар эса ерни ўзаро тақсимлаб, чегаралаб олишган. Одамлардан бошқа барча тирик жонлар ҳам, табиат ҳам бундан мустасно. Тоғлар, дарёлар, паррандаю даррандалар ҳеч бир чегарани тан олмайдилар. Тоғлар виқор оғушида мудрайди, дарёлар қудрати толгунча, тугагунча ўз йўлида давом этади, қушлар истаган томонига учади, жониворлар эса тинч ва осуда макон излаб, ҳаёт кечиради. Одамлар-чи?! Одамлар ҳеч ким ва ҳеч нарсани тан олмасдан ўзлари чегаралаб олган жойларида табиатга мудом путур етказиб келмоқдалар. Ўз қўл остидаги бойликларини адойи тамом қилганларидан сўнг эса қўшниларининг ерларига ҳам кўз олайтириб, ёввойи жониворларни, наботот оламини ҳароб қиладилар, топтайдилар. Атрофимизда бўлаётган бу каби ҳангомаларни кўриб-кузатиб, ҳаёт шу хилда давом этаверса, юз бериши муқаррар бўлган унинг аянчли оқибатидан одамнинг юраги зирқираб кетади…

ЎЗИНИ ЎҚҚА ДУЧОР ҚИЛГАН ОНА КИЙИК

Мен тоғлар бағридаги қишлоқда туғилганман. Агар вақт топсам, ҳар куни тоғларга чиқсам, дейман. Бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан кўра юксакроқ чўққиларга кўтарилгим келади. Тобора кўркамроқ, гўзалроқ табиатни қўмсайман. Шу зайлда эллик йилдан зиёд вақт ўтди. Олис йўл давомида кичик-кичик ҳаяжонли воқеалардан ташқари каттакон даҳшатли ҳодисаларнинг ҳам гувоҳи бўлганман. Аммо барчасидан келиб чиқадиган хулоса шуки, табиатдаги ёввойи жониворларнинг тури ҳам, ҳисоби ҳам тобора камайиб бормоқда. Бунга асосий сабаб нима?..

Шу ўринда бир воқеани мухтасар ҳолда келтириб ўтаман. Мудом табиат бағрига ошиқиб яшаб келган дўстларимиздан бири беш-олти йил аввал мени узоқ ва нотаниш тоғлар бағрига таклиф этган эди. ”Пском тоғлари бағридаги “Урунгач” кўлларини томоша қиласиз, бунақаси ер юзининг бошқа жойида топилмайди!” деган эди у мени баттар қизиқтириб. Жон, деб рози бўлдим. Чунки ўзим ҳам шу томонлардаги пурвиқор чўққиларга ҳавасланиб, қандай боришнинг чорасини тополмай юрардим. “У томонлардаги тоғлар бағирларида пода-пода кийиклар бор, ҳар бир сойда тўнғизлар тўдалари учрайди, ҳатто айиқлар, баланд қоялар оралиқларида эса қор қоплонларига ҳам дуч келасиз”, деган гапларни кўп эшитардим. Устига-устак “Урунгач” кўлларини томоша қилсак… қандай ажойиб!..

Биз олис сафарга отландик. Ерли овчилар ҳам бизларга ҳамроҳ бўлдилар. От ва эшакларга юкларни ортиб, тонг саҳарда нуқул тош сўқмоқлар орқали “Урунгач” кўллари томон кўтарила бошладик. Бир соатлар чамаси йўл босгач, ҳажми унча катта бўлмаган зилол сувли биринчи кўлга етиб бордик. Унинг ҳамма томони топ-тоза тошлар билан қуршалган эди. Унга қўшилаётган бирон жилға йўқ, аммо кўл этагидан кичик бир дарёча Пском дарёси томон оқиб тушяпти. Худди эртаклардагидек! Биз яна йўлда давом этдик. Сўқмоқлар ҳам, атроф ҳам фақат катта-кичик тошлардан иборат. Икки соатча йўл босиб, иккинчи кўлга дуч келдик. Буниси аввалгисидан икки-уч ҳисса катта ва чуқур эди. Қизиғи шундаки, бу кўлга ҳам бирон-бир ариқ қўшилмайди, ундан чиқиб ҳам кетмайди. Яна йўл юриб, тушдан кейин бу улкан тоғларнинг нақ елкасида жойлашган энг катта учинчи кўлга рўпара бўлдик. Ҳар қандай кемалар бемалол суза оладиган, теварак-атрофи кўркам манзара билан қопланган улкан бу кўлга тоғлардан зилол сувли кичик дарёча қўшиляпти-ю, ундан пастга оқиб чиқиб кетмаяпти. Демак, кўлларни сув билан таъминлаб турувчи дарёча бошдан-оёқ қалашиб ётган катта-кичик тош ва шағаллар остидан сизиб ўтиб, асло лойқаланмай, теварак-атрофга заррача путур етказмай, то Пском дарёсига қадар оқиб тушаркан. Тикка тоғ бағрида маржондек тизилиб турган, бир-биридан кўркам бу кўллар чиройини таърифлашга сўз ожиз. Ушбу табиий гўзалликдан баҳра олиш учун у жойларга атайлаб бориш ва мароқ билан томоша қилиш лозим. Ер юзининг бошқа тарафларида бундай гўшалар топилмаса керак! Афсуски, кўлларнинг атрофидаги тоғлар ва чангалзорларда бирон-бир ёввойи ҳайвон кўзга ташланмайди. “Диёримиздаги шундай жаннатмакон жойлар тароватидан, зилол сувларидан, ҳар қандай дардга шифо бўлувчи мусаффо ҳавосидан халқимиз нега тўла баҳраманд бўлолмайди?! Ахир бу гўшалар “Угам-Чотқол Давлат миллий табиат боғи” таркибига киради-ку! Чет эллардаги сингари олис чўққиларни бир-бирига туташтирувчи осма йўллар қурилса, шинам оромгоҳлар барпо этилса, атроф-муҳитга ғоят юксак ғамхўрлик кўрсатилса, теварагингизда гўзал оҳулар ўйноқлаб юрса, манави ажойиб кўлларда эса мағрур оққушлар, ўрдак ва ғозлар сузиб юрса!” Кўнглимда беихтиёр уйғонган бу ширин орзулар юрагимни орзиқтириб юборди.

– Шундоқ жойларда нега лоақал кийиклар ҳам йўқ? – сўрадим ҳамроҳларимдан.

– Бугун кўл бўйида тунаб, тонг саҳарда йўлга чиқсак, эртага кийиклар маконига етиб борамиз, дейишди улар. Тонгда эмас, ярим тундаёқ йўлга чиқдик. Хуллас, қуёш кўринмасданоқ Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегарадош Пском довонларининг энг тепасига етиб бордик. Овчилар от ва эшакларини пастқам бир жойга боғладилар-да, катта тош панасида туриб бир-бирига уланиб кетган олис ёнбағирлар, керага тошлар ва зовларни дурбин орқали кўздан кечира бошладилар. Сал фурсат ўтгач, ўзаро имо-ишора билан пана бир жойга тўпланишди. Мени ҳам ёнларига чақиришди ва қўлимга дурбин тутқазиб, энг олисдаги кунгай бир ёнбағирга ишора қилиб шивирлашди: “Ана, ўнтача кийик ўтлаяпти, тош устида қотиб турган така эса пойлоқчилик қиляпти…” Дурбин орқали ҳам кўзим зўрға илғаётган қора нуқталар ғимирлаётгани учун уларнинг кийик эканлигини англадим. Ахир масофа кам деганда ўн чақиримча нарида эди-да.

– Нега шивирлаяпсизлар, кийиклар эшитиб қолишмайди-ку? – дедим овозимни сал баландлатиб.

– Жим бўлинг! – кўрсаткич бармоғини лабига босди овчилардан бири, ёнгинамиздаги сойнинг нариги тарафида қатор турган керагалар орасига ишора қилиб. – Анави кийик шарпамизни сезиб қочиб қолмасин, тағин. Сиз от-эшакларни бўрилардан қоровуллаб, шу ерда дам олиб ётаверасиз, биз овни бошлайверамиз…

Улар шу заҳоти тошларнинг ораларига кириб, кўздан ғойиб бўлдилар. Мен ҳарчанд тикилмай, нариги ёнбағирдаги кийикни кўролмас эдим. Узоққа отувчи милтиқнинг юракни увиштирувчи ўқ овози эшитилгач, кийикка кўзим тушди. У тошдан-тошга урилиб, зовга қулаб тушаётган эди. Шу дам кийик қулаган жойда кийик боласининг зорланиб маърагани эшитилди. Кийикча тош устига чиқиб, бетиним маърар, ҳозиргина йўқотиб қўйган онасини жон борича чақирар эди. Шу заҳоти яна бир ўқ овози янграб, улоқчани ҳам онаси ортидан зовга қулатди. “Она кийик овчилар шарпасини сезса ҳам боласини ташлаб кетишга кўзи қиймай, ўзини ўққа дучор қилди-я” – деган аламли ўй юрагимни қиймалаб ўтди…

ЮҚОРИДАН КЕЛГАН “БУЮРТМАЛАР”

Бу машъум кун воқеалари тафсилотига ортиқча тўхтаб ўтирмайман. Чунки у ҳақда батафсил ҳикоя қилганман. Ўтиб кетган ҳангомаларни қайтадан эслаб ўтиришнинг ҳожати бормикан, деган савол туғилиши, табиий. Гап шундаки, мақола чоп этилгандан сўнг вилоят бўйича катта шов-шув тарқалиб, югур-югур бошланиб кетди. Бу ҳаракатлар атроф-муҳит муҳофазаси борасидаги аҳволни яхшилаш, нураб бораётган табиатни тиклаш, йўқолиб кетаётган ёввойи жониворлар ва наботот оламини асраб қолишга қаратилса, кошки эди! Вилоятдан келган текширувчилар ҳам, туман ҳокимият раҳбарлари ҳам: «жанговар ўқотар қуролларни ва қонунга зид ҳаракат қилган овчиларни топиб беринг!» деб қисталанг қилишди. Уларнинг мақсади мақолада ёритилган аччиқ ҳақиқатдан хулоса чиқариб, атроф-муҳит мувозанатини тиклаш эмас, “ички сир”ларни бутун Ўзбекистонга ошкор этган мақола муаллифини жазолашга қаратилган эди. Махсус тузилган комиссия билан биргаликда кийик отилган тоғ оралиқларидаги қишлоқларга бориб, ерли халқ вакиллари билан суҳбатлашдик. Улар табиатнинг шафқатсизлик билан топталаётгани, агар бунинг олди олинмаса, бора-бора тоғлару дарёлар ғариб ва бўм-бўш аҳволга тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида қайта-қайта куюниб гапиришарди. Уларнинг айтишларича, жанговар ўқотар қуроллар ҳамма жойдаги табиат кушандаларининг қўлларида бор. Рўйхатдан ўтказилмаган бу қуроллардан яширинча фойдаланаётган қонунбузарлар ёввойи ҳайвонлар ва қушларга мудом қирон солмоқдалар. Бутун умри давомида тоғ қишлоқларида яшаб келган оқсоқолларнинг гувоҳлик беришларича, ҳозирги кунда тоғлардаги йирик ҳайвонлар бўлмиш, масалан, ҳар юзта кийикдан тахминан тўртта, ҳар юзта айиқдан ва тўнғиздан биттадан “вакил” қолган, холос. Қор қоплони эса бутунлай йўқолиб кетди, дейиш мумкин. Сувсар, тулки, бўрсиқ сингари жониворлар тақдири бундан ҳам аянчли аҳволда. Бўрилар эса… кўпайиб бормоқда. Улар қишлоқ хўжалигига жуда катта зарар етказиш билан бирга, ёввойи жониворларнинг қирғин қилинишига ҳам ўз “улуш”ларини қўшмоқдалар. Уларни “тартибга солиш” масаласи эса ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти.

Бу ва бошқа қонунбузарликларга ерли табиат кушандаларигина айбдор, дейиш унчалик тўғри эмас. Тоғ қишлоқлари одамларининг таъкидлашларича, кўп йиллар давомида “юқори”дан келган “буюртма”ларни рўкач қилиб олувчи табиат кушандалари отган ўрдакларнинг ўнтадан биттасини “буюртмачи”га юбориб, кўнглини овлар, тўққизтасини эса ўзаро хомталаш қилишаркан. Бундай ишларга ҳатто вертолётлар ҳам жалб этиб келинган. Қуроллари эса ов қилинадиган узоқ тоғларнинг ўнгирларида, гадойтопмас жойларда сақлаб келинаркан. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас, деганларидек, авваллари тўлиб-тошиб турган тоғу дарёларимиз бугунга келиб ғариб аҳволга тушиб қолди. Аянчли бу аҳволни кўтариб чиққанлар эса, юқорида таъкидлаганимиздек, турли тазйиқлар, дўқ-пўписалар, ҳатто жазоларга дучор бўлдилар. Балки, матбуот, радио, телевидение шу важдан ҳам атроф-муҳит муҳофазаси хусусида тўлақонли материаллар бермаётгандир? Табиат муҳофазасига тегишли саналарда у ер-бу ерлардаги омон қолган жониворлар ёки ўткинчи қушларни бир амаллаб тасвирга тушириб, намойиш этиш, ўрмон хўжаликлари, қўриқхоналар фаолиятларига доир қуруқ мақтову мадҳиялар билан чекланмоқда, холос. Аҳвол шу зайлда давом этадиган бўлса, ҳаётимиз давомчилари, барчамизнинг жони- дилимиз бўлмиш севимли фарзандларимизга нимани мерос қилиб қолдирамиз?

Унинг олдини олиш мумкинми? Бизнингча, табиат таназзулини тўхтатиш ва қайта тиклашга фақат мустаҳкам ҳамкорлик асосида астойдил киришиш орқалигина эришиш мумкин. Ахир ёввойи жониворлар тоғма-тоғ кезиб юришади. Одамлар ҳар томонлама уларни беомон қирғин қилаверса, бечоралар қайга борсин?! Табиат кушандалари йўлини тўсиш учун эса, аввало, бу соҳанинг юқоридаги мутасаддилари ўз нафсларини тиймоқлари керак. Шундан кейингина барча қонунбузар бағритошларга қарши кескин курашиш учун йўл очилади. Бу масалада оммавий ахборот воситалари узлуксиз кураш олиб бориши зарур.

Мақола сўнггида бир таклифим бор: келгуси йил нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни республикаларда ҳам “Табиатни муҳофаза қилиш йили”, деб белгиланса-ю, муҳимдан-муҳим бу ишга ҳамма бир жон, бир тан бўлиб бараварига киришса.

“Марказий Осиё” халқаро газетаси,

2000 йил 3 март сони.