Алиназар Эгамназаров, Иброҳимжон Алимов. Ғолиб армиянинг… қабоҳати (1996)

20-йиллардаги фуқаролар урушида қизил қўшинлар қилган ваҳшийликлар ҳақида ҳужжатлар гувоҳлик беради

 ОҚЛАБ БУЛМАЙДИГАН ЖИНОЯТЛАР

Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди, дейди халқимиз. Ўтмиш воқеалари ҳам тарихий ҳақиқатдир. Улар маълум даврларда турли сабаблар билан бирёқлама ёритилиши, нотўғри баҳоланиши мумкин, лекин ҳақиқат ҳақиқатлигича қолаверади ва бир кун сув остига чўккан гавҳардай юзага чиқади.

Ўзбек халқининг совет даври тарихи, шунингдек, бошқа даврлар тарихи ҳам нотўғри талқин қилинганлигини, тарихимизни янгидан ёзишимиз зарурлигини бугунги кунда кўпчилик тан оляпти. Тарихимизга умуминсоний қадриятлар нуқтаи назаридан эмас, балки синфий ёндашиш туфайли у бузиб кўрсатилди, тарихий ҳақиқат сохталаштирилди. Бунга Октябрь тўнтаришидан кейин бошланган миллий-озодлик ҳаракати атайин халққа қарши, реакцион ҳаракат сифатида баҳоланганлиги яхши мисол бўла олади. Туркистон халқлари мустақиллиги, озодлиги учун курашган мужоҳидлар қасддан босмачилар деб аталди.

Советларга, большевикларга қарши, мустақиллик учун курашганлар ўзларини мужоҳид деб номлаганликларини амир Олнмхоннинг «Бухоро халқининг ҳасратли тарихи» (Тошкент, 1991 йил, «Нур» матбаа кичик корхонаси) китобини ўқиб билиш мумкин. Шунинг учун ҳам, бизнингча, бундан буён тарихий ҳақиқатни тиклаб, большевиклар атайин, ғаразгўйлик билан «босмачи» деб номлаган халоскорларимизни ўз номи билан «мужоҳид» деб атасак ўринли бўлади, деб ўйлаймиз.

Биз, ўзбек тарихчилари, шу пайтгача мужоҳидлар ҳаракатининг фақат камчиликларинигина кўриб, салбий баҳолаб келдик. Қизил Армия фаолиятини эса фақат ижобий баҳоладик — «ой»нинг қоронғи томони ҳам борлигини жамоатчиликдан атайин яшириб келдик. Мана, жумҳуриятимиз мустақилликка эришиб, тарихимизнн холисона ёритиш, ҳақиқатни баралла айтиш имкониятига эга бўлдик. Эндиликда бу имкониятдан тўғри фойдаланишимиз керак.

Қуйида ихтиёрингизга ҳавола қилинаётган материаллар Қизил Армия тўғрисидаги ҳақиқатни тиклаш мақсадида Ўзбекистон жумҳурияти Марказий Давлат архивида олиб борган изланишларимиз натижасидир.

Биз матбуотда шу пайтгача эълон қилинган ҳужжатларда Қизил Армия қўшинларининг ўлкамиздагн фаолияти бир томонлама, ижобий томондан ёритилганлигини ҳисобга олиб, мазкур ҳужжатларда унинг илгари махфий ҳисобланган, ёритилмаган салбий ишларини — қонли ва қонсиз жиноятларини кўрсатишга ҳаракат қилдик.

Мазкур ҳужжатларнинг аҳамияти яна шундаки, улар жамиятдаги нотўғри жараёнларга қарши ўзининг ҳалол, ҳақ сўзи билан қарши турган олижаноб кишилар» ўша пайтда ҳам бўлганлигини исботлайди.

Қ. С. Отабоевнинг эълон қилинаётган маърузаси «Юность» ойномасининг 1990 йил 1-сонида Ю. Папоровнинг «Саҳродаги оқ қуёш» мақоласида қисман босиб чиқарилган. Биз қайта эълон қилаётганлигимизнинг сабаби, биринчидан, Ю. Папоров Қизил Армия отрядларининг қишлоқлардаги тинч аҳолини қирганлиги, талаганлиги тўғрисидаги маълумотларни матндан тушириб қолдирган. Иккинчндан, матннинг эълон қилинган қисмида археография қоидаларига зид равишда айрим жумлалар таҳрир қилиб юборилган. Биз Қ. С. Отабоев маърузасини Ўзбекистон Жумҳурияти Марказий Давлат архивида сақланаётган асл нусхасидан ўзбек тилига таржима қилдик.

Жумҳуриятимиз мустақилликка эришгунга қадар ёзилган тарихий асарларда мужоҳидлар тинч аҳолига нисбатан золимлик қилди, уларни қирди, мол-мулкини талади, деб кўп ёзилган. Тўғри, бундай ҳодисалар бўлган. Лекин ҳамма ерда, ҳамиша шундай бўлган, дейиш тўғри эмас.

Эълон қилинаётган ҳужжатлар шуни кўрсатадики, Қизил Армия отрядлари айбсиз, тинч қишлоқ меҳнаткашларини ўтакетган раҳмсизлик билан қийнаб, ёш-қари, аёл, эркак демай, айрим жойларда ёппасига отиб ўлдирганлар, талаганлар. Аҳвол шу даражага борганки, қишлоқ аҳолиси дўппи, чопон кийганлиги учун мужоҳид ҳисобланиб ёки уларга ёрдам берган ҳисобланиб, отиб ташланаверган.

Қизил Армия отрядлари жангчилари маҳаллий халқ — мусулмонларнинг урф-одатларини билишмас ва ислом динини, шариат қонун-қоидаларини назар-писанд қклишмас эди. Шу боисдан ҳам улар масжидларни Қизил Армия қисмларининг отхоналарига айлантирдилар, масжидларда намоз ўқиётган тинч аҳоли устига бомбалар ташладилар, қабристонларда тиловат қилаётган кишиларни отиб ўлдирдилар.

Шуни ҳам айтиш керакки, асосан, оврўпаликлардан ташкил топган ҳарбий отрядлар маҳаллий аҳолини отган ва талаган бўлса, бунинг учун рус, украин ёки бошқа халқларни айблаш адолатдан эмас. Ўша даврда Қизил Армия қўшинларининг оддий халққа нисбатан нотўғри хатти-ҳаракатлари фақат Туркистон ўлкасида эмас, балки чор империясининг барча ҳудудларида — Донда, Сибирда, Украинада ва бошқа жойларда ҳам юз берган. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун «Новый мир» ойномасининг 1988 йил 10-сонида эълон қилинган ёзувчи Бладимир Короленконинг «Луначарскийга ёзилган хатлар»ини, «Аргументы и факты» ҳафталигининг 1992 йил 19-сонида эълон қилинган «Будённий от устида» мақоласини эслаш кифоя.

Буюк рус ёзувчиси Владимир Қороленко 1920 йил август ойида Луначарскийга ёзган хатларида Украинадаги фуқаролар урушида «иккала томон шафқатсизликда ўзаро мусобақалашаётгани», хусусан, большевикларнинг бебошликлари ҳақида дарғазаб бўлиб ёзиб, «заиф овозимнинг кучи қанчага етса, сўнгги нафасим чиққунгача судсиз отишларга ва болаларни ўлдиришларга қарши норозилигимни тўхтатмайман», — деган эди.

Ўша пайтда Туркистонда ҳарбий отрядлар қилган номаъқулчиликлар буйруқни бажаришга мажбур бўлган оддий аскарларнинг эмас, балки уларга топшириқ берган давлат, партия, ҳарбий ташкилотларнинг ишидир. Ана шу ташкилотларнинг розилиги ва кўрсатмаси билан жазо отрядлари тузилди ва уларга «босмачи»лар жойлашган қишлоқларни бутун аҳолиси билан қириб ташлаш ва талаш буюрилди.

Эълон қилинаётган ҳужжатларда Қизил Армия қўшинлари сафидаги дашноқ отрядлари маҳаллий халқни раҳмсизларча қирганликларн ҳақида ҳам далиллар бор. Бундан арман халқи ўзбек халқини қирган экан, деган хулоса келиб чиқмаслиги керак. Бу отрядлар ўз даврида Дашноқцутюн арман майда буржуазия партияси томонидан тузилган ва унинг топшириғини бажарган. Бу партиянинг Совет ҳокимиятига қарши хатти-ҳаракатлари жуда тез ошкор бўлиб қолди. 1919 йил май ойида Дашноқцутюн партиясининг Тошкентдаги ўлка қўмитаси тугатилиб, шу дашноқ отрядлари тарқатиб юборилди.

Аҳолини Қизил Армия томонидан талаш хилма-хил шаклларда амалга оширилди. Юқорида айтиб ўтилган ошкора талашдан ташқари, яширин талаш усуллари ҳам кенг қўлланилган. Қизил Армия отрядлари, қисмларида ўз-ўзини таъминлаш усули кенг жорий этилган. Ҳарбий қисмлар қишлоқларда бўлган вақтларида аҳолидан озиқ-овқат ва ем-хашак олиб, пул ўрнига тилхат бериб, баъзида уни ҳам бермай кетарди. Бундан ташқари, ҳарбий қисмлар аҳолидан от, эшак, туя ва арава каби транспорт воситаларини маълум муддатга олиб, кўпинча қайтариб беришмасди. Натижада деҳқонлар дала ишларини бажаришга қийналиб қолишарди.

Озиқ-овқат развёрсткаси ҳам қишлоқ меҳнаткашларини талашнинг бир усули эди. Россияда бўлганидек, Туркистонда ҳам 1918-1920 йилларда ҳарбий коммунизм сиёсати амалга оширилиши туфайли озиқ-овқат развёрсткаси жорий қилиниб, ғалла ва бошқа маҳсулотлар деҳқон оиласига янги ҳосил йиғилгунга қадар етадиган миқдорда ва уруғлик учун қолдирилиб, ортиқчаси қизил аскарларга ва ишчиларга, деб тортиб олпна бошланди. Деҳқонлардан тортиб олинган озиқ-овқат маҳсулотларига одатда ҳеч қандай ҳақ тўланмасди.

Жазо отрядлари томонидан аҳолининг қирилиши, қишлоқларнинг вайрон қилиниши, таланиши натижасида, шунингдек, Қизил Армия қисмлари ва мужоҳидлар отрядлари ўртасидагн жанглар оқибатида қишлоқ хўжалигига катта зиён етказилди. Юзлаб қишлоқлар харобага айлантирилди, экин майдонлари йўқ қилинди, каналлар, ариқлар бузилди, иш ҳайвонлари ҳайдаб кетилди. Бунинг устига, қизил аскарлар ва мужоҳидлар ўртасидаги жанглар туфайли деҳқонларнинг қишлоқда турғун яшай олмаганлиги, қочиб юриши деҳқончилик билан шуғулланишга имкон бермасди. Россиядаги фуқаролар уруши туфайли иқтисодий алоқалар тўхтаб, Туркистон четдан ғалла олиш имкониятидан маҳрум этплди. Бундан ташқари, ўша йиллари қурғоқчилик бўлди. Натижада 1917-1922 йилларда Туркистонда очарчилик юз берди. Бу фожиа, айниқса, 1919 йил баҳорида кучайдн. Туркистон аҳолиси 1917-22 йиллардаги қирғинлар, очарчилик ва қатағон натижасида бир миллионга камайди.

Қизил Армиянинг Туркистондаги ҳарбий ҳаракатларидан асосий мақсад Совет ҳокимиятини мустаҳкамлашгина эмас, балки ўлкани аввалгидек Россиянинг мустамлакаси сифатида сақлаб қолиш, миллий-озодлик ҳаракатини бостириш эди. Айнан шунинг учун ҳам маъмурлар Туркистонда қулоқ бўлса ҳам русларни қуроллантирдилар, ерли аҳолига эса қурол бермадилар. Маҳаллий аҳоли томонидан мужоҳидларнинг қўллаб-қувватланишига, уларга озиқ-овқат, отларига ем-хашак берилишига кескин қарши чиқдилар. Бу масалада озгина бўлса-да, шубҳали саналган қишлоқларга Қизил Армия раҳбарлари жазо отрядларини юбориб, мужоҳидлар билан жанг қилиш ўрнига, тинч аҳолини раҳмсизларча қириб, мол-мулкини таладилар. Улар шундай йўл билан маҳаллий аҳолини қўрқитиб, мужоҳидларга қарши қўймоқчи бўлдилар. Аммо бу қирғинлар натижа бермади. Мужоҳидлар, юнон афсонасидаги Ҳеракл ердан қувват олиб турганидек, халқдан мадад олиб турдилар.

Мужоҳидларнинг орзу-умидлари мана энди рўёбга чиқди. Ўзбекистон мустақилликка эришиб, халқимиз ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имконига эга бўлди.

ҚИЗИЛ АРМИЯ ЖАЗО ОТРЯДЛАРИНИНГ АНДИЖОН ШАҲРИ ВА УЕЗДИ ҚИШЛОҚЛАРИНИ ВАЙРОН ҚИЛГАНЛИГИ, ТИНЧ АҲОЛИНИ ҚИРГАНЛИГИ, АЁЛЛАРНИ ЗЎРЛАГАНЛИГИ ВА ТАЛОНЧИЛИКЛАРИ ТУҒРИСИДА

(Андижон шаҳар аҳолиси вакилларининг мусулмон коммунистлар ташкилотларининг Туркистон ўлка бюросига маърузаси. 1919 йил, апрель)

Бизни Андижон шаҳрида яшайдиган меҳнаткаш мусулмон камбағаллар вакил қилишиб, Фарғонанинг ва хусусан, Андижон шаҳри, унинг уездлари барча мусулмон пролетариати бошдан кечираётган даҳшатларни жумҳуриятнинг марказий ҳукуматига ва Қоммунистлар партиясининг Марказий Қўмитасига маълум қилишни топширди.

Бир пайтлар гуллаган бутун Фарғона меҳнаткашлари оҳ-фиғон чекишяпти. Ҳамма жойда қарийб бир хпл ҳодиса, бир хил сабаб; бир хил натижа. Фарғона Эргаш, Мадаминбек, Маҳкам ва Холхўжа бошлиқ босмачи гуруҳлар маскани бўлиб қолди. Дастлаб унча катта гуруҳга эга бўлмаган, кейин эса оёққа туриб, уюшган босмачи тўдалар қилаётган қотилликларни ёзишга қалам ожизлик қилади. Буржуа унсурлари қўшни давлатларга кетиб ёки руслар яшайдиган жойларга яқин ерларда яшириниб, Фарғонанинг бу кулфатидан у ёки бу йўсинда ўзларини сақладилар. Лекин меҳнаткаш камбағаллар, ўртаҳол деҳқонлар ва косиблар босмачилар ҳамда уларни таъқиб қилувчиларнинг қурбонига айландилар. Коммунист-большевикларнинг мусулмон фракцияси майда босмачи гуруҳлар пайдо бўлганлиги натижасида юзага келган аҳвол жуда жиддий эканлигини бир неча марта кўрсатиб ўтган эди, лекин рус ўртоқлар етарли даражада ҳушёр ва эҳтиёткор бўлиб, мусулмон биродарларицинг овозига қулоқ солмадилар ва кескин чоралар ўрннга, юзаки чоралар кўриб, кўзда тутилган жойларга қизил армиячиларнинг майда отрядларини юбориш билан чекландилар. Бу отрядларга бошчилик қилиш ва кўрсатма бериш вазифасини «дашноқчи» арманлар бажардилар.

Ўғриларни жазолаш учун юборилган нияти ёмон кишилар эса, уларни таъқиб қилиш, қурол-аслаҳа, ўқ-дориларини ва уясини йўқ қилиш ўрнига, қуролларини тинч аҳолига қарши қаратдилар. Шундай қилиб, меҳнаткаш мусулмон камбағалларни муҳофаза этиш учун юборилган жазо отрядлари, уларни талаб, бойий бошладилар. Бусиз ҳам қўрқиб қолган аҳолига нисбатан қилинган, ҳеч бир оқлаб бўлмайдиган шафқатсизликлар, уларнн қаторасига отиш, уйларига ўт қўйиш, хотин-қизларни зўрлаш, гўдакларни ўлдириш — булар ҳаммаси йиғилиб, ранжитилган, ҳақоратланган, ночор аҳволга тушган, дарбадар ва оч камбағаллар миқдорини кўпайтириб юборди. Шу тўда «босмачи», «бўғмачи» деб ном олган ўғрилар томонига ўтиб, бу ишни бошқа йўли бўлмаганидан, иложсизликдан, ўзи истамаган ҳолда қилди.

Андижон уездида босмачи тўдалар янги пайдо бўлган пайтларда, биз юқори доираларга у ёки бу чораларни таклиф этдик, лекин ҳукумат тепасида турган рус ўртоқлар бизнинг турмуш тажрибамизни, маҳаллий аҳоли ҳаётини, руҳиятини, дунёқарашини билишимизни инобатга олишмай, таклифларимизни қўполлик билан инкор қилишди.

Арманлар томонидан гиж-гижланган рус ўртоқлар, айниқса, қизил армиячилар, йўлда учраган тўн кийиб, салла ўраган ҳар бир кишини ўғри деб билдилар. Мана шу ғалати ўхшатиш туфайли бир пайтлар меҳнат жўш урган ўнлаб обод қишлоқлар ва юзлаб уй-жойлар йўқ қилинди. Табиийки, жони омон қолган ва қочиб қутулган аҳоли босмачилар сафларини тўлдирди, гарчи босмачилар билан мулоқотда бўлиш ҳалол одам сифатида қадр-қимматларини ерга урса ҳам шундай қилишди.

Очлик — холанг эмас, дейилади рус халқ мақолида. Албатта, оч, бошпанасидан, кўзининг оқу қораси бўлган оиласндан айрилган маҳаллий деҳқонлар, пролетар ишчилар, чоракорлар ўзларини босмачиларнинг қучоғига отиб, бошпана, иссиқ жойга эга бўламиз, қорнимиз тўяди, деб умид қилдилар. Қароқчилар сафини тўлдирганлар учун эшиклар ланг очиб қўйилганлиги сабаби тушунарли, албатта. Шундай қилиб, ҳозирги вақтда, Қизил Армия ўзининг сиёсий вазифаси даражасида эмаслиги, рус ўртоқларнинг лоқайдлиги оқибатида бутун Фарғона босмачилик ҳаракати деб аталган ўт ичида қолди.

Маҳаллий аҳоли бу ҳодисани сиёсий ҳодиса деб ҳисобламаяпти ва бу ҳаракатга сиёсий тус беришга зўр ҳаракат ва интилиш мавжудлигига қарамай, уни оддий сўз билан босмачилик деб атаяпти. Бу вазият эътиборга молик ва тарихан муҳимдир. Бу ҳаракатда халқ — оми, саводсиз меҳнаткаш халқ қаҳрамонликни ҳам, озодлик ҳаракатига хос мардоналикни ҳам кўрмаяпти. Ҳозирча бахтимизга халқ қўзғолони эмас, босмачилик ҳаракати ҳисобланяпти.

Руслар ва арманлар орасидаги иғвогарлар, бу босмачилик ҳаракатининг ўз маъноси бор, бу ишда барча мусулмон халқларнинг Совет ҳокимиятини ағдариб ташлаш истаклари кўрнннб турибди, деб зўр бериб гап тарқатмоқдалар. Лекин бу маҳаллий камбағаллар ва меҳнаткашлар оммасига қарши қаратилган қабиҳ иғвогарликдир.

Сўзак, Ҳаққулобод, Пойтуқ, Жалолобод, Қўқон қишлоқ, Бозорқўрғон, Қашқар қишлоқ, Хайробод каби ўнлаб қишлоқлар ва шаҳарлар тўплардан ўққа тутилиб, ўт қўйилиб, култепага айлантирилди. Мана, жазо отрядларининг қилган ишлари!

Даҳшатли равишда ўт қўйиш, хотин-қизларнн қириш, бойларнинг данғиллама уйлари ва саройларини эмас, аксинча, камбағалларнинг гувалакдан қурилган кулбаларини вайрон қилиш босмачилар миқдорини камайтирдими? Йўқ, албатта. Тинч аҳолини қатағон қилиш мутлақо нотўғри иш эканлиги маълум бўлди.

Аксинча, босмачилар сафи ортгандан-ортиб боряпти.

Ҳаёт шуни исботладики, босмачиларга қарши шу пайтгача олиб борилган кураш усули тўғри эмас, аксинча, инқилоб учун ҳалокатлидир. Демак, бошқа йўллар, бошқа усуллар, бошқа қуроллар билан курашиш керак.

Қишлоқ кишисини отиш аҳолини ғазаблантиришдан бошқа натижа бермайди.

Шу боисдан, биз инқилобнинг буюк ғоялари йўлида, социализм интилаётган муқаддас идеаллар йўлида, ўз томонимиздан, жойларда воқеаларнинг пайдо бўлиши ва оқибатларини биладиган кишилар сифатида қўйидаги тадбирларни таклиф этишга бурчлимиз, деб ҳисоблаймиз. Бу тадбирлар ҳаётга оқилона жорий этилса, Совет ҳокимиятини мустаҳкамлайди, босмачилик ҳаракатини тубдан йўқотади.

Биз бу ерда босмачиларни қўлга тушириш қнйинлигини, уларнинг кураш усулларини ва бошқаларни ёзиб, эзмалик қилиб ўтирмаймиз, фақат шуни таъкидлаб ўтамизки, бутун Фарғона уездлари, шаҳарлар бундан мустасно, босмачилар ёки уларнинг йўлбошчилари қўлидадир.

Ҳозир экиш-тикиш даври, меҳнаткаш, маъмур ҳаёт кечиришга ўрганган деҳқон эса, юзага келган вазият оқибатида бир жойдан иккинчи жойга кўчиб, дала ишлари учун қимматли бўлган вақтларни бой беряпти, унинг ерни шудгорлаш, экиш-тикиш учун имконияти йўқ, сабаби, унинг деҳқончилик қилиш учун зарур асбоб-анжомлари, уловларини ёки босмачилар, ёки жазо отрядлари тортиб олишган. Шу боисдан, унинг тинч меҳнат билан шуғулланиш имкониятидан фойдаланиш ва унга ёрдамга келиш керак. Бунинг учун эса ихтиёрий равишда қуролларини топширадиган ва ўзининг қадрдон кулбасига қайтиб, тинч меҳнат билан шуғулланишни истайдиганларга умумий афв эълон қилиш керак. Афв эълон қилинганидан кейин ҳам ишонч қозона билиш, камбағалларни таъқиб этмай, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, қарз бериб, от-улов, асбоб-анжом, уруғликлар сотиб олишларига кўмаклашиш керак.

Бу хайрли ишдан мамнун бўлган маҳаллий камбағаллар ишчилар, деҳқонлар ҳукумати, пролетариат ҳукумати буржуазиядан нимаси билан фарқ қилишини билиб оладилар. Оми, саводсиз маҳаллий камбағаллардан биз шундай қилиб, меҳнаткашлар ҳукумати учун курашчиларни тарбиялаб етиштирамиз. Албатта, тўрт каллакесар: Эргаш, Холхўжа, Мадамнн, Маҳкам қонундан ташқари, деб эълон қилинишлари керак. Лекин бу ерда ҳам уларни тутиб келтиришни талаб қилиш керак эмас. Улар ҳеч қаёққа боришмайди ва қилмишларига яраша жазоларини олишади.

Фарғонанинг маҳаллий халқи табиатан босқинчи эмас, балки тинчликни истайдиган меҳнаткашдир ва ҳозирча меҳнатга иштиёқини йўқотганича йўқ. Унинг бу фазилатидан билиб фойдаланиб, яшаши, тинч меҳнат билан шуғулланиши учун имконият яратиш керак.

Ҳозирги босмачилардан қуролларини қабул қилиш учун қишлоқларга отрядлар юборилганда (афв эълон қилинганидан кейин, албатта), бу отрядлар таркибига алоҳида эътибор бериш керак, токи иғвогар кучлар улар орасига кириб олиб, яна ҳар икки томон учун ҳам фойдаси бўлмаган ишлар билан шуғулланмасинлар. Отрядга етарли миқдорда мусулмон фирқа аъзоларидан киритиш керак, токи улар ўзларининг яхши муомалалари билан қолоқ омманинг ишончини қозона билсинлар. Фақат мана шу шартларга риоя этилса ва афв эълон қилинса, фойдаси бўлмаган, меҳнаткаш халқ ҳукумати вазифасига кирмайдиган ишларни тўхтатиш мумкин.

Биз, мусулмонлар орасидан чиққан коммунистлар, меҳнаткашларнинг фарзандлари мусулмон пролетариатлар бошидан кечирган кулфатларни ички изтиробсиз эслай олмаймиз ва содда, жафокаш камбағалларга ёрдам бериш истаги билан яшаб, ушбу маърузада баён қилинган фикрларимизни марказнинг алоҳида эътиборига ҳавола қиламиз.

Бизнинг фикримизча, албатта, билими камроқ бўлган мусулмон ўртоқларнинг фикрича, инқилоб меҳнаткашларнинг қонини тўкмаслиги, ўз қўлини меҳнат аҳлининг қони билан ювмаслиги керак, аксинча, меҳнаткашлар манфаатларини ҳушёрлик билан қўриқлаб, жиддий хато туфайли ўз ўрнини йўқотиб қўйган мусулмон биродарини бақувват қўллари билан ўт ичидан тортиб олиши лозим. Буни эса совуқ ва очлик йилида уларни тўла афв қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўли билан амалга ошириш мумкин.

Яшасин меҳнаткаш камбағаллар диктатураси!

Битсин меҳнаткаш мусулмонларга ишончсизлик!

Холботиров, М. Алимов.

(Ўзбекистон Жумҳурияти Марказий Давлат архиви, 36-фонд, 1-рўйхат, 15-иш, 131-134 бетлар.)

* * *

ФАРҒОНАДА ДАШНОҚ ОТРЯДЛАРИНИ ҚУРОЛСИЗЛАНТИРИШ ТУҒРИСИДА

Туркистон АССР Советлари Марказий Ижроия Қўмитаси Фавқулодда Қомиссиясининг буйруғи

1919 йил 26 май.

Ички буржуазия ва халқаро буржуазияга қарши курашаётган Совет ҳокимияти жамиятнинг фақат пролетар ва меҳнаткаш қисмига таяниши мумкин.

Дашноқцутюн арман партияси, гарчи Совет ҳокимиятини қўллаб-қувватлашини маълум қилган бўлса ҳам, лекин ўзида аксарият аҳолининг буржуазия ва меҳнаткаш бўлмаган, пролетар инқилобини ихтиёрий ҳимоя қила олмайдиган қисмини бирлаштирган.

Ҳаёт тажрибаси натижасида биз шуни билдикки, инглиз қўшинлари Боку шаҳрини Дашноқцутюн партиясининг таклифи ва кўмаги билан эгаллашга муваффақ бўлдилар, душманларимизнинг Каспий ортидаги сафларида ҳам уларнинг вакиллари бор эди. Ниҳоят, Фарғонада қирғин отрядлари маҳаллий аҳолига нисбатан миллий муросасизликни намоён этишиб, Совет ҳокимиятига қарши ҳаракатга айланиб кетган кенг босмачилик ҳаракатининг кучайишига сезиларли даражада имконият туғдирдилар.

Туркистон Совет Жумҳурияти Марказий Ижроия Қўмитаси Фавқулодда Комиссияси Фарғона аҳолиси тинчлигини таъминлашга интилиб, Фарғона қўшинлари қўмондонига арман аҳолисига, Қизил Армия сафларига кирганлари бундан мустасно, ушбу буйруқ эълон қилинганидан кейин ўн соат давомида ўзларида бўлган барча қуролларни — ўт очиш қуролларини ҳам, совуқ қуролларни ҳам, ўқ-дориларни ҳам топширишни таклиф этишини буюради.

Бу вақт мобайнида қуролларни топширмаган ёки яширган кишилар жавобгарликка тортилиб, ҳарбий-дала судига бериладилар.

Қуролларини топширганларнинг шахсий хавфсизлиги қолган барча фуқаролар билан умумий асосда Совет қўшинлари ва жумҳуриятнинг бошқа кучлари воситасида таъминланади.

Туркистон АССР Марказий Ижроия Қўмитаси Фавқулодда Комиссияси (Турар Рисқулов. «Инқилоб ва Туркистоннинг маҳаллий аҳолиси». Тошкент, 1925 йил)

 

БОСМАЧИЛИК ҲАРАКАТИДА ҚАТНАШГАН ФАРҒОНА МЕҲНАТКАШ АҲОЛИСИНИ АФВ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА

Туркистон АССР Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ Қомиссарлари Қенгашининг

БАЁНОТИ

1919 йил 9 июль.

…Туркистон жумҳурияти ҳукумати қатъиян баёнот беради:

  1. Эргаш ва бошқа гуруҳларнинг босмачилик ҳаракатида қатнашган Фарғонанинг меҳнаткаш аҳолиси ўз душманлари — қулоқлар, бойлар ва чор режимининг малайлари томонидан чалғитилди, шу боисдан улар ушбу баёнот асосида афв қилинадилар ва ўз уйларига қайтишлари, қуролларини топширишлари ва кечикмасдан, тинч меҳнатларини. давом элтиришлари керак.
  2. Адашган ва босмачи гуруҳларида иштирок этган меҳнаткашлар ҳукумат томонидан жазоланишлари ва таъқиб қилинишлари мумкин эмас…
  3. Шу билан бирга, Қизил Армия сафларида тўла тозалаш ўтказиб, ундаги иғвогар шахсларни қуролсизлантириш ва асосан, чинакам ишчиларни ва Коммунистик партия аъзоларини қуроллантириб, тинч аҳолига зўравонлик қилинишига қарши кескин чоралар кўриш керак.
  4. Юқорида баён қилинган тадбирларни бажариш учун қуйидаги тартибда делегация юборилади: Комиссарлар Кенгаши раиси Сорокин (у ўлка Қўмитаси номидан ҳам вакил саналади), миллий ишлар халқ комиссари Турсунхўжаев, Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Рисқулов (у мусулмон коммунистлар ўлка Қўмитаси бюросидан ҳам вакил ҳисобланади) ва Марказий Ижроия Қўмита аъзоси Ҳ. Ҳусанбоев.

Бу делегация дарҳол Фарғона вилоятига жўнаб кетиб, зиммасига юклатилган вазифани бажариш учун дадил чоралар кўриши, ўз навбатида Фарғонанинг барча шаҳарларида митинглар ўтказиб ва Туркистоннинг марказий ҳукумати томонидан қўйилган қадамларни аҳолига тушунтириш учун баёнотлар тарқатиши керак.

Туркистон ҳукумати номидан:

Марказий Ижроия Қўмита раиси: (Казаков).

Комиссарлар Кенгаши раиси: (К. Сорокин).

Миллий ишлар бўйича комиссар: (Турсунхўжаев)

Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси котиби: (Теодорович).

«Известия» № 113, 1919 йил, 13 май, Қўқон шаҳри.

 

ҚИЗИЛ АСКАРЛАРНИНГ ФАРҒОНА ҚИШЛОҚЛАРИ ТИНЧ АҲОЛИСИНИ АЗОБЛАБ ЎЛДИРГАНЛИГИ, ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ НОМУСИГА ТЕККАНЛИГИ ТЎҒРИСИДА

(«Иштирокиюн» рўзномасининг ахбороти. 1919 йил, 1 июль.)

Самарқандда чиқадиган «Меҳнаткашлар товуши» рафиқимизда қизил аскарлардан Ахтам Имиш Мирзо Афанди ушбу сарлавҳа ила ёзган мақоласида, Фарғона босмачилар ва қизил аскарлар орасинда бўлган урушлар ҳақида жуда диққатга сазовор маълумотлар берадур. Тарихий бу воқеалар газетага кўп қайд қилиниб қолсин учун тубанда дарж этамиз. Мақола соҳиби ёзадир:

«Сариқўрғон билан Даштқишлоқ ўртасида аскаримиз истироҳат қилишга қўниб турганда душманлар туйқусдан ҳужум этдилар. Тўрт соат урушдан сўнг душман қочди. Биз икки пулемёт ва бошқа уруш олатлари (аслаҳалар) олдик. Шу жойда бир мингдан ортиқ одам ўлдирилди. Буларнинг тўрт-беш юзи душман бўлса, қолгани тинч қишлоқ халқи эди. Қишлоқ ичи ва атрофи одам ўлиги ила тўлди.

Қизил аскарлар орасидаги хоинлар бечораларнинг молини талаш, хотин-қизларнинг номусини таҳқир этиш каби қабоҳатлар ила машғул бўлдилар. Ҳеч ким билан ҳисоблашмай, бойми, бечорами — ҳеч ажратмасдан ётқиздилар, таладилар, ўлдирдилар. Таассуфки, қизил аскарлар орасиндаги баъзи мусулмонлар ҳам бундай қабоҳатларда руслар ва арманлардан қолишмадилар. Балки ортиқроқ иш кўрдилар. Хусусан, Ҳўқанд қўшинлари (Мулла Умар йигити бўлса керак) биринчиликни қозондилар.

Риштон волостига бораётганимизда йўлда қизил аскарлар орасидаги қора гуруҳлар ҳар кимнинг уйига кириб, бечора тинч ва гуноҳсиз халқнинг бор-йўғини талар эдилар, ҳеч бир қишлоқ таланмасдан, хотин-қизларнинг номуси таҳқир этилмасдан қолмади. Алҳосил, Қўқондан Риштонга боргунга қадар бутун қишлоқлар таланди, баъзилари ёндирилди. Бир кўрпа билан кетган солдатлар 4-5 кўрпа, чопон ва ипак каби нарсалар билан халта ва хуржунларини тўлдириб қайтдилар. Онгли синф мустасно.

Мана, бутун дунё ишчиларини қутқариш йўлида юрган инқилобчи аскарларнинг ичида қандай одамлар яшайдирлар.

Бечора халқ ўлдирилди, таланди, бир парча нонга, бир чопонга зор бўлиб қолди. Энди халқ душманлари байрам этадирлар. Мусулмонларнинг, фақир халқнинг моли билан арманларнинг киссаларинп тўлдириб, мусулмон хотунларнинг охирги кийимлари билан фоҳишаларини кийинтирурлар ёки бирига юз баҳо билан яна шул мусулмонларга сотурлар. Шулми ҳақиқат ва шулми инсониятчилик?»

Бу мақолани кўчиргандан сўнг, Ҳўқандда чиққан «Халқ газетаси», ўз тарафидан ушбу сўзларни илова қиладир:

«Агарда биз ҳар бир хабар ва аҳдларга ишонсак, Фарғона фожиаларинда яна даҳшатли ва ваҳшатли хабарлар оламиз. Шунга кўра, Сариққўрғон воқеаларида хоинлардан бири одам ўлдирншдан зерикиб, охири улар барча халқни кўчанинг бир тарафига йиғиб ётқизганлар ва устидан от юргизган ва чопиб ўтган. Лекин от одамларни босмай, орада очиқ жойларга қадам қўйган ёки оёғини букиб сапчиб ўтиб кетган. Қайси бир одамларнинг бошини қиймалаб пичоқ билан чопганлар. Бу хил ваҳшатли хабарлар бениҳоя кўп, агарда рост бўлса, ишчилар ҳокимияти учун хоинларнинг яширган ғоят катта қора ишлари шулар бўлур.

Ҳўқанд фожиасидан бери Фарғонада бир неча шаҳар, қишлоқ куйди, бозор расталари кулга айланди, уруш вақтида эмас, уруш тамом бўлиб, душман қочгандан кейнн ҳам ёндирилди. Ёнган-куйган жойлар ва моллар ишчи ва фақир халқнинг кундалик рўағорини адо қилиб турган сармояси эди. Бойларники бўлса ҳам ҳукуматга, ҳам юртга керак ва лозим эди. Уруш ўзи шу хил мулкни қўлга олиш учун эди. Таажжубки, бундай ваҳшатлар ҳам, албатта, ҳукумат душманлари, аскар орасида яширинган хоинларнинг ишидур.

Юртга маъмур ва амалдор бўлган майда милисия, мингбоши каби одамларда ҳам ришва (пора), қўрқитиб мол олиш, ўзича контрибутсия солиш ва ғайри-ғайри қабоҳатлар борки, бундан юқорироқ доираларнинг асло хабари бўлмайдир. Ҳатто меҳнаткашлар жамиятига аъзо бўлган баъзи бировлар ҳам кимни қўрқитиб, охранага айтиб уйингни талатдираман, деб нарсалар олиб юрганлиги билиниб, танбеҳ айтилмишдир.

Мана, душманлар тарафидан ишланган бу ишлар, бу қабоҳатлик халқ кўзида, хусусан, мусулмонларга, Советлар ҳукуматининг ўз иши, асосий қонун ва одати бўлиб кўринди ва кўринмоқда…

Ҳукумат барчадан кўра Туркистон ва Фарғонанинг шундай ҳолларига диққат этмаса, меҳнаткашлар иттифоқи умумий суратга кириб, халқ ҳокимияти чин маъноси билан халқники бўлиши қийин.

Хусусан, Фарғонанинг бугунги ўғриларини йўқотмоқда аввалги хатоларга йўл қолдирмаслик иложи қилинмаса, вой Фарғонанинг ҳолига!

 

* * *

ШАРҚИЙ БУХОРОДАГИ СИЁСИЙ АҲВОЛ, ҚИЗИЛ АРМИЯ ҚИСМЛАРИНИНГ АҲОЛИ МОЛ-МУЛКИНИ ТАЛАГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДА

(БХСР Марказий Инкилоб Қўмитаси раиси А. Ориповнинг Шарқий Бухоро диктаторлик комиссияси раиси Э. Ҳакимов билан телефон орқали суҳбатидан. 1921 йил).

Мен, Ҳакимов Эшмуроднинг шахсий котиби унинг хатини узатаман (Унинг ўзи йўқлиги сабабли).

Лекин ҳар ҳолда ўртоқ Ориповнинг келишини менга маълум қилинса бўларди…

Шарқий Бухоронинг Шеробод, Қарши, Ғузор, Бойсун ва бошқа вилоят ва туманларининг вакиллари қатнашадиган қурултой чақириладиган бўлди. Қурултой ўтказиладиган жой қилиб Бойсун белгиланди. Шарқий Бухорода лозим бўлган тартибни ва тинчликни ўрнатмасдан, аҳолидан олинаётган озиқ-овқат, бошқа энг зарур буюмлар ва от-улов учун ҳақ тўланмасдан, шунингдек, қизил аскарлар ва бошқалар аҳолига нисбатан зўравонликлар, масалан, фуқароларга нисбатан бебошликлар қилиш, уларни талаш ва ҳақоратлаш ҳолларига чек қўймасдан аввал қурултой чақириш мақсадга мувофиқ эмас, деб ўйлайман.

…Шарқий Бухоронинг транспорти ҳам мана шундай аянчли аҳволда. Бу шу билан изоҳланадики, от-улов эгалари отлари, эшаклари, туяларини фойдаланишга берганликлари учун ҳақ олмаяптилар. Юк ташиш учун олинган туялар ва бошқа уй ҳайвонлари эгаларига ўз вақтида қайтарилмайди. Уларни дуч келган одам сотиб юборади ёки ўзиники қилиб олади ёки улар қаровсизликдан оч қолиб ўлади. Шунинг учун от-улов топиш қийин, кўпинча зўравонлик билан тортиб олишга тўғри келади.

(Ўз.ЖМДА. 48-фонд, 1-руйхат, 66-иш, 235-бет).

 

* * *

МИЛЛИЙ СИЁСАТИМИЗ ВА БОСМАЧИЛИК ҲАРАКАТИ

(Туркистон АССР Марказий Ижроия Қўмитаси аъзоси Қ. С. Отабоевнинг МИҚ сессияси мажлисидаги маърузасидан. 1922 йил, 18 февраль).

Ўртоқлар, босмачилик бизнинг Туркистондаги ва эҳтимолки, ҳатто бутун Шарқдаги ишимизга катта дашномдир. Агар шундай бўлмаса, босмачилик тўрт йил мобайнида тугаши у ёқда турсин, балки, аксинча, у Фарғонада кенгайиб, бошқа вилоятларга ёйилди ва Самарқанд вилоятини, Сурхондарёнинг бир қисмини ва Туркманистон вилоятларини қамраб олди. Бу шу билан изоҳланадики, бизнинг тўрт йил мобайнида амалга оширган барча ишларимиз маҳаллий аҳоли орасида асрлар мобайнида шаклланган ҳаёт, турмуш тарзи, анъаналарига тўла зиддир. Бизнинг вазиятни ҳисобга ола билмаслигимиз ҳаммамиз учун умумий бўлган касалликдир. Бу касаллик у ёки бу даражада раҳбарлик ролини бажаришимизга тўғри келган бир қатор қўшнн давлатларда бизни оғир мушкулотларга рўпара қилди.

Бизнинг Фарғонадаги хатоларимизни, ножўя ишларимизни ва айрим ўринларда эса, бемазагарчилнкларимизни яққол кўрсатиш учун биз билан қўшнп бўлган давлатлардаги ишларимизга қисқача тўхтаб, таъриф бериш зарур деб ўйлайман…

Агар биз ҳозир Хивани мисол келтирсак, бу ердаги ишимизни ҳам бошқа жойлардагидан кам бўлмаган ачинарли йўсинда барбод қилганлигимизни кўрамиз.

Сизлар биласизки, Октябрь инқилобидан кейин биз нима қилиб бўлса ҳам Хивани инқилоблаштиришга интилдик. Биз бу ердаги ҳаракатимизда илгариги хон даврида бош вазир бўлган Жунайдхонга дуч келдик.

Биз Хива хонлигининг пойтахти — Хива шаҳрини босиб олдик. Хива хонини қамадик, лекин Жунайдхонни узоқ вақт йўқ қилолмадик, агар бизга бахтли тасодиф ёрдам бермаса, йўқ қилишимиз даргумон эди. Жунайдхонга қарши курашга тасодифан туркманларнинг бошқа йўлбошчилари, айнан Жунайдхонга қарши бўлган Ғуломали ва Қўшмамад деган шахслар жалб этилди. Натижада биз икки уруғнинг курашига эришдик, Жунайдхон эса, Ғуломали ва Қўшмамаднинг Қизил Армияга берган ёрдами туфайли жанговар қўшилма сифатида йўқ қилинди.

Лекин мана шу биринчи муваффақиятларимиздан кейин биз яна шу ерда, Хивада атрофдаги вазиятни билмаслигимизни ва ҳисобга олмаслигимизни, ҳайрон қоларли даражада сўқирлигимизни намойиш этаяпмиз.

Мен бу борада кўп тўхталмайман, балки Хивада икки халқ — ёмудлар ва ўзбеклар яшашини, улар қадимдан ўзаро, асосан, сув талашиш оқибатида бир-бирларига душман бўлиб келганликларини кўрсатиб ўтаман. Ўзбеклар ҳудудий жиҳатдан суғориш тармоқларининг бошини, қулоқ қисмларини эгаллаганлар, мавжуд сувнинг салмоқли қисмини олиш имкониятига эгалар, ёмудлар эса қуйи қисмларда жойлашганликлари натижасида оқава сувлардан фойдаланишга мажбурлар. Сувнинг бундай баравар тақсимланмаслиги доимий англашилмовчиликлар, жанжаллар, тез-тез бўладиган қуролли тўқнашувларнинг битмас-туганмас манбаи бўлиб хизмат қилган. Бу душманчилик янги ташкил этилган ҳукуматга — Нозирлар Кенгашига ҳам ўтди.

Туркманлар ҳам, шу жумладан, Ғуломали, Қўшмамад ҳам кирган Нозирлар Кенгашида сўнггиларга қарши фитначилик бошланди. Уларни давлатга хиёнат қилишда, давлат тўнтаришини тайёрлашда ва бошқаларда айблай бошладилар. Афсуски, ўша пайтда Хивада бўлган Федерациянинг мухтор вакиллари Шокиров ва Малишев шу фитнага ишондилар ва натижада Жунайдхонни йўқ қилишда бизга шундай катта хизмат қилган Ғуломали ва Қўшмамадни отряди билан тугатишга қарор қилинди. Уларни бутун кучлари билан тугатиш учун махфий йўсинда тез вақт ичида, гўёки Бухорога юриш тайёрланаётганлиги эълон қилинди ва барча йигитлари билан Хивага келиш таклиф этилди.

Менга бу иш тарихи билан ўзим аъзо бўлган Фавқулодда трибуналга берилган тергов материаллари асосида батафсил танишишга тўғри келди.

Қўшмамад ва Ғуломали ҳеч нарсадан шубҳа қилмай, Хивага келишди ва ўзларига кўрсатилган биноларга жойлашишди. Шу кеча Қўшмамадга бизнинг қизил армиячиларимиз тўсатдан ҳужум қилишиб, уни қамоққа олишди ва йигитларини қуролсизлантиришди. Қўшмамад қамалганидан кейин бир неча соат ўтгач, яқин ходимлари томонидан чопиб ташланди. Ғуломали қочди.

Ғуломали қочганлиги маълум бўлганидан кейин, уни қувадиган жазо отряди тузилиб, у ўз йўлидаги бир нечта қишлоқни йўқ қилиб юборди.

Ёмуд аҳолиси бундан хабардор бўлганида, улар ҳамма нарсани ташлаб, бировлари отда, бировлари туяда, ҳўкизда, пиёда хотинлари ва болаларини олиб, туркман вилояти томон қочишди ва сувсиз саҳрода минг километрлаб йўл босиб, Каспий денгизигача келишди ва Эронда тўхташди.

Бу воқеалар биз нақадар саводсиз эканлигимизни ва ижтимоий кучни ҳам, улар ўртасидаги нисбатни ҳам ҳисобга олишга қодир эмаслигимизни кўрсатади.

Булар натижасида қуйидагича аҳвол юзага келди: 1) жами ёмудлар хонавайрон бўлишди; 2) Жунайдхон бошчилигида бошланган босмачилик шу пайтгача давом этяпти; 3) бутун туркман аҳолиси ўртасида умумий норозилик кучайди.

Энди ўртоқлар, эътиборимизни Бухорога қаратайлик, бу ерда ҳам вазиятни тушунмаслик ҳолати яққол намоён бўлмоқда, бизга шундай аҳволда ишлашга тўғри келяпти. Биз икки йил муқаддам Қизил Армиямиз кучи билан қарийб бутун Бухорони эгалладик ва у ерни икки йил бошқарганимиздан кейин Анвар пошшодек кишиларнинг пайдо бўлиши учун қулай вазият юзага келяпти, Бухоронинг бутун аҳолиси Совет ҳокимиятига қарши бош кўтаряпти.

Мен бир неча кун муқаддам Бухорода бўлдим ва қисқа вақтда шуни аниқладимки, биз бу ерда ҳам нотўғри сиёсатимиз туфайли аҳолини ўзимизга қарши қилиб олибмиз.

Мисол тариқасида бир диққатга сазовор далилни келтираман: нотиқлар Бухородаги инқилобнинг моҳиятини тушунтириб, эмишки, бизнинг инқилобимиз бошқа инқилоблардан шуниси билан фарқ қиладики, у нафақат амирга қарши, балки Худога қарши ҳам қаратилгандир, дейишибди. Бу гап «шариф» деб аталувчи Бухорода, дин энг чуқур илдиз отган, бутун турмуш тарзи диннй асосга қўйилган ва аҳолиси энг диндор ва мутаассиб бўлган Бухорода айтилди ва табиийки, бутун аҳолини ўзларига қарши қилиб олишди.

Ҳозир Бухорода эълон қилинган ён беришлар туфайли, жумладан, қози калонлик тикланганлиги, вақфлар қайтарилганлиги ва бошқа бир қатор ён беришлар туфайли, аҳолининг кайфиятида маълум ўзгаришлар юз берди ва у босмачиликни тугатишда бевосита иштирок этяпти, шубҳасиз, Бухорода босмачиларга қарши кураш ниҳоясига етади.

Эндиликда қўшни жумҳуриятлардаги ишимизга қисқача таъриф берилганидан кейин Фарғонадаги ишимизга тўхтаб ўтиш керак, деб ўйлайман.

Фарғонага Совет ҳокимиятини темир йўл ишчилари олиб келишди, улар узоқ вақт маҳаллий аҳоли билан умумий тил топишолмай юришди. Фарғонада Совет ҳокимияти пайдо бўлиши билан бир пайтда бир гуруҳ мусулмон зиёлилари уламолар бнлан биргаликда мусулмон жангчилари ва деҳқонларининг қурултойини чақирдилар. Шу қурултойда Туркистон Мухториятининг ҳукумати сайланди. У барча талончи ва ўғриларга афв эълон қилиб, уларни Фарғонада ташкил этилган миллий армия сафига қўшилишга даъват этди. Дарвоқе, ўғрилиги ва талончилиги учун чор ҳукумати томонидан каторгага жўнатилган ва инқилобдан кейин қайтиб келган Эргаш ҳам шу ёққа таклиф қилинди. У «қўрбоши» этиб тайинланди. Бунинг таржимаси Қўқон шаҳар соқчиларининг бошлиғи деган сўздир.

Бу бандани тугатиш учун Қўқонга ўртоқ Перфильев бошлиқ отряд юборилиб, у шаҳарни қамал қилишга киришди. Мухтор ҳукумат Мурожаатнома эълон қилиб, барча мусулмонларни ислом динини, миллий озодликни ва Мухтор ҳукуматни ҳимоя қилиш учун миллий армия сафига қўшилишга чақирди. Ҳақиқатда ҳам яқин қишлоқлар бу мурожаатномани маъқуллашди ва Қўқонга кетмон, болта, ов милтиқлари ва бошқаларни кўтариб келишди. Жанг уч кун давом этди. Бу вақт давомида Мухтор ҳукумат йўқ бўлди, Эргаш ҳам кетди. Қўқон олинган пайтда шаҳарда унга ёрдамга келган қишлоқликлар қолишган эди. Ўшалар ҳаммадан кўп жабр кўришди.

Бизнинг отрядда фикри бузуқ кишилар анчагина эди. Улар юзага келган вазиятни тезда ҳисобга олишди ва пул тўплашга аҳд қилишди. Ҳужум, асосан, савдо расталарига қаратилди. Барча маҳаллий савдогарлар отиб ташланди, уларнинг мулклари омборларга ва вагонларга ташиб кетилди, қолгани эса ёқиб юборилди. Аҳоли зўрланди, таланди, шаҳар эса вайрон қилинди.

Фарғона аҳолиси, бундай шафқатсизлик билан жазолашни кўриб, мухториятчиларнинг большевиклар чиндан ҳам талончи ва каллакесар, улар ҳеч нарсани тан олишмайди ва динга, Худога қарши боришади, деган гапларига ишонишди…

Мухторият тугатилганидан кейин Совет ташкилотлари тузила бошланди. Советлар — Ишчи-Деҳқан ва Қизил Армия Советлари деб атала бошланди, маҳаллий аҳоли орасида эса ишчилар йўқ эди ва совет аппаратлари маълум вақт маҳаллий аҳолидан ажралган ҳолда фаолият кўрсатди. Юзага келган аҳволдан бу пайтда қайтиб келишган, чор ҳукумати томонидан фронт ортидаги ишларга ёлланган маҳаллий ишчилар «қутқаришди».

Сизларга маълумки, маҳаллий аҳолининг 1916 йилда мардикорликка олиниши Самарқанд ва Еттисув вилоятларида бир қатор қўзғолонларга сабаб бўлди. Фарғонада қўзғолон қилишмади ва аҳоли бу ташвишдан жуда эҳтиёткорлик билан пул бериб қутулиб қолди: у ўзига алоҳида солиқ солиб, тўпланган пулга қаланғи-қасанғиларни — қиморбозлар, киссавурлар, Фарғонада тўлиб-тошиб ётган ишсизларни ёллади. Улар фронтларда бир йил бўлганларидан кейин уйларига «ҳақиқий ишчилар» бўлиб қайтишди ва келган заҳотлари маҳаллий Советларга ишга жалб этилдилар. Фарғонада Совет ҳокимияти мана шундай вазиятда тузилди.

Бизнинг сиёсий ишларимиз у ерда қай йўсинда амалга оширилди? Бизнинг «Битсин эски дунё, битсин буржуазия!» шиоримиз тахминан қуйидаги тартибда ҳаётга жорий этила бошланди: «Эски дунё» деганда биз масжидлар, мадрасаларни тушуниб, уларни ёпдик, қози, уламоларни қамадик, диний хурофотларга қарши кураш шунда ифодаландики, Совет ҳукумати вакиллари Марғилонда мусулмонлар учун муқаддас бўлган Қуръонни ёқишди, Андижондаги жоме масжиди казармага айлантирилиб, у ерда баччабозликлар қилинди.

Бизнинг отрядларимиз масжидларга ҳужум қилиб, Қуръон тиловат қилаётган эшонлар, уламолар устига бомбалар ташлашди. Натижада уламолар ва эшонларнинг ҳаммаси босмачилар томонига ўтиб кетишди.

Маҳаллий бойларни биз Оврўпа буржуазияси қатори баҳолаб, ҳибсга олиб, қамоққа тиқиб, маълум миқдорда товон тўлаганидан кейин озодликка чиқардик. Бу ерда мен яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман. Ленинга суиқасд Фарғонада бойларга нисбатан қатағонга сабаб бўлди. Уларни: «Сиз, аблаҳлар, Лениннинг жонига суиқасд қилдинглар»,— деб қамай бошладилар… синфий кураш шундай давом этди.

Бизнинг хўжалик ишларимизга келганда, мутлақ деҳқончилик ва майда ҳунармандчилик ўлкаси бўлган Фарғона «Коммуна» деб эълон қилинди. Бу борада маълум декрет мавжуд эди. Барча ер майдонлари, энг кичик майдонларгача давлат мулкига айлантирилди. Натижада кўчага чиқариб ташланган ишчиларнинг катта қисми бир бурда нонсиз қолишди.

Агар бунга инқилобнинг биринчи даврида пахта тозалаш заводларининг катта қисми беркитилганлигини қўшадпган бўлсак, у ҳолда шу нарса маълум бўладики, Фарғонада ҳар жиҳатдан — сиёсий жиҳатдан ҳам, ташкилий- жиҳатдан ҳам қийин аҳвол юзага келган эди. Табиийки, бу кадрларнинг ҳаммаси босмачиларга бориб қўшилишди.

Яна шуни айтиш керакки, биз шу тадбирлар билан бирга отларни олдик ва мажбурий меҳнатга жалб қилдик, одамларни Қизил Армияга чақирдик. Биз шу ишлар билан баравар ғалла монополиясини ва озиқ-овқат развёрсткасини ўтказдик, натижада бутун аҳоли — бойлар ҳам, руҳонийлар ҳам, деҳқонлар ва ҳунармандлар ҳам, ҳамма ёппаснга совет тузумига, совет тартибига қарши бош кўтарди ва босмачилар томонига ўтиб кетиб, дастлаб бу ҳаракатга соф босқинчиликка хос йўсин, ғоявий мазмун бахш этишди. Шуни ҳам айтиш керакки, 1919-1920 йилларда Фарғонада бандитизм эмас, босмачилик ҳам эмас, маълум халқ қўзғолони юз берди. 4 йил давомида биз ҳатто бу ҳаракатнинг қай йўсинда эканлигини ҳам билолмай, у қўзғолон бўлгани ҳолда, босмачилик деб юрдик. Босмачиликнинг таржимаси, бандитизм демакдир ва уни бундай белгилаш мазкур масалани ҳал этганда нотўғри ёндашувга олиб келди. Ва биз 4 йил мобайнида бу ҳаракатни ҳеч тугата олмадик. Совет ҳукумати тобора кучайиб бораётган қўзғолонга дуч келганида, йирик шаҳарларда мустаҳкам ўрнашиб, унга қарши кураш олиб борди…

Дастлабки пайтда бизнинг Қизил Армия қисмлари ягона қўмондонлик остида бирлаштирилмаган эди ва ҳар бир шаҳар босмачиларга қарши мустақил кураш олиб борди. Қизил Армия отрядлари, асосан, маҳаллий аҳоли билан ҳеч бир боғлиқлиги бўлмаган ва ўзининг келиб чиқиши жиҳатидан унга душман бўлган кишилардан иборат эди. Арманлар тижоратчилар сифатида ўзларининг кундалик ҳаётида маҳаллий аҳоли билан рақобатлашиб келишган. Мана шу отрядлар у пайтда жуда кучли бўлган, бизнинг ҳар қандай отрядларимиз билан жанг қилиб, уларнинг сиқувига бардош бериб аксарият ҳолларда аҳолининг қўллаб-қувватлаши билан ғолиб чиқиши мумкин бўлган босмачиларга қарши курашдилар.

Маҳаллий ходимлар, ниҳоят, ўсиб, фақат маҳаллий тинч аҳолнни талаш ва зўрлик қплиш билан шуғулланган бу отрядларга қаршн норозилик билдирадиган бўлгунларича бир неча йил ўтди.

Бу отрядларнинг ҳаракатини таърифлаш учун мен икки-уч мисолга тўхталаман. Шулардан босмачиликка қарши кураш қандай олиб борилганлиги маълум бўлади…

Босмачиларга қарши бораётган бизнинг отрядимиз уларнинг отряди билан учрашди. Босмачнлар мудофаа кураши олиб бориш учун Сўзак қишлоғига кетишди. Бизнинг отрядимиз қишлоқни ҳимоя қилиб, уни пулемётдан ўққа тутди. Тинч аҳоли қишлоқдан қочиб чиқиб, дарё ўзанига яширинганда, уларнинг ҳаммаси пулемётдан ўққа тутилиб, битта қўймай қириб ташланди.

Сизларга шуни айтиш керакки, биз бир пайт босмачиликни милтиқ ва қилич воситасида йўқ қилишни ўйлаб, «босмачилик билан шикастланган» катта-кичик қишлоқларни раҳмсизларча йўқ қилдик, оқибатда, аҳоли Совет ҳокимиятидан тобора узоқлаша бошлади, бутун Фарғонани босиб олганлигимиз ҳам бизга ёрдам бермади. Бир пайт Фарғонага 30 минг қўшин ташланди ва барча йирик қишлоқларни Қизил Армия гарнизонлари ишғол қилди. Аҳоли бизга душман бўлиб қолди, босмачилар гарнизонларимизни йўқ қила бошладилар, ниҳоят, биз қўшинларни қишлоқлардан олдик.

Айрим бригадаларни бутун водий бўйлаб ҳаракат қилдириб, Фарғонани тозалаш тартиби йўлга қўйилди — босмачилар улар орасидан панжа орасидан ўтгандай ўтиб кетаверишди. Кураш жараёнида босмачилар катта тажриба тўплашди, бизнинг хатоларимизни ҳисобга олишди, ажойиб разведкани йўлга қўйишди: бизнинг отрядларимиз ҳаракати уларга олдиндан маълум бўларди, ҳамиша вақтида чекинишарди ёки ҳужумга ўтганимизда биз билан жанг қилмай, учқур отларига миниб, қочиб қолишарди. Ёки отрядларимиз ҳаракати йўналишини билиб, дарҳол жанговар сафларини тарқатиб, қуролларини яширишарди ва бизнинг отрядларимизни тинч аҳолидай кутиб олишарди, озиқ-овқат келтириб беришарди ва отрядлар кетиши билан орқадан зарба беришарди. Кўпинча улар бизнинг отрядларимизни 20-30 чақиримгача таъқиб қилиб, ёнбошдан ўққа тутишарди, йўлларнинг икки томони буткул боғлардан иборат бўлгани учун уларни кўриб бўлмас эди.

Бу аҳвол қизил аскарлар кайфиятига жуда ёмон таъсир этарди ва улар фиғонлари кўкка чиқиб, кўпинча мутлақо тинч аҳолини қиришарди.

Булар натижасида қўмондонликда ва қизил аскарлар ўртасида аҳолининг ҳаммаси босмачи, деган фикр вужудга келган эди.

Жазолаш сиёсати ҳам худди шундай тушунча асосида амалга оширилди. Улар нисбатан узоқ вақт гаровга олиш усулидан фойдаланишди. Гаровга олинганлар шу қадар кўпайиб кетдики, бутун Фарғонада уларни қамаш учун жой етишмай қолди. Гаровга олинганларни тўда-тўда қилиб отиш ҳам босмачилик ҳаракатини тўхтата олмади.

Тез вақт ичнда Фарғонада босмачилар билан алоқада шубҳа қилинмаган биронта ҳам мусулмон қолмади. Ниҳоят, бизнинг жазолаш сиёсатимиз босмачиларга қарши курашнинг янги тизими билан тугади, бу барча босмачиларни ҳисобга ва рўйхатга олишдан иборат эди. Шу йўл билан ишлаган қўлланмага амал қилиб, фавқулодда комиссиянинг маҳаллий ташкилотлари маҳаллий аҳолини сўроқ қилиш орқали босмачиларни рўйхатдан ўтказишга киришдилар.

Сотқинлик қилганларни босмачилар сўйиб кетишини билган ревкомлар аслида йўқ одамларнинг номларини айтишарди. Бу рўйхатлар асосида босмачиларни ушлаш мутлақо кутилмаган муаммоларни юзага келтира бошлади, ҳеч қачон босмачи бўлиши мумкин бўлмаган кишиларни ушлашди.

Шундан кейин Туркистон фронти штаби томонидан армиямизни соғломлаштириш бўйича бир қатор йирик тадбирлар белгиланди. Дашноқчи отрядларни Фарғонадан катта қийинчилик билан олиб чиқиб кетишга эришилди. Армияда темир интизом ўрнатилди, шубҳали шахслар армиядан ҳайдалди, қўмондонлик ягона раҳбарлик остида бирлаштирилди. Шу билан бирга, партия томонидан аҳолини (босмачилар томонига ўтганларни) тинч меҳнатга даъват этувчи бир қатор сиёсий, кампаниялар ўтказилди.

Айни пайтда узлуксиз ҳарбий ҳаракатлар натижасида тинкаси қуриган Фарғона аҳолиси вужудга келган аҳволдан қутулиш йўлини излашга киришди ва қўрбошиларга таъсир кўрсатиб, уларни Совет ҳокимияти томонига ўтишга ундай бошлади.

Ниҳоят, 1921 йил августда Фарғона босмачилари Туркистон Советларининг X қурултойига расман мурожаат қилиб, тинч музокара олиб бориш тўғрисида таклиф киритдилар, динга, хўжалик ва сиёсатга дахлдор бир қатор шартларни қўйдилар. Бу шартлар шариатни тан олишдан, масжидлар, мадрасалар ва мактабларни очишдан, вақфни, диний бошқарувни қайта йўлга қўйишдан, эркин бозорга, деҳқончилик хўжалигига ва ҳунармандчилик ишлаб чиқаришига йўл беришдан ва босмачилар отрядларини Қизил Армия сафига қабул қилишдан иборат эди. Музокараларда тинч аҳоли иштирок этди ва ҳеч шубҳасиз, бу талаблар айни вақтда халқ талаблари ҳам эди.

Биз ҳеч бир шартларга кўнмадик. Аслнда бу пайт биз учун энг қулай эди. Бу ерда биз аҳоли билан узил-кесил келишишимиз ва вилоятни тинчитиш борасида йирик муваффақиятларга эришишимиз мумкин эди. Тинч музокараларнинг билиб ва оқилона олиб борилиши, шубҳасиз, босмачилик сафларини анча парчалаб ташлаш имконини берар эди. Бу қисқа даврда икки воқеа содир бўлди. Биринчи навбатда нуфузли қўрбошилардан бири — Бойтуман таслим бўлди, таслим бўлганларни афв этиш тўғрисида буйруқ мавжудлигига қарамай, уни 40 йигити билан қўлга олиб, қамоққа тиқишди. Фарғонада Совет ҳокимияти томонига ўтган қўрбошиларнинг иккинчи гуруҳи хоинларча ушланиб, отиб ташланди.

Бу икки ҳодиса бутун аҳолини яна биздан бездирди, босмачилик эса янги куч билан аланга олди. Бироқ бу музокаралар биз учун самарасиз бўлиб қолмади. Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси кейинги ойларда бир қатор декретлар эълон қилиб, аҳоли талабларини ҳал қилди, ишимизда «сиёсий ён беришлар» номи билан янги йўналиш яратди: булар қозилар суди, вақфларнинг қайтарилиши, мадраса, мактабларнинг очилиши ва бошқалардир.

Бу сиёсий ён беришлар аҳолига хўжалик юритишнинг мўътадил шароитларига ўтиш имконини берган янги иқтисодий сиёсат (НЭП) ўтказилиши билан бир пайтга тўғри келди. Булар ҳаммаси йиғилиб, омма кайфиятида Совет ҳокимияти томонига маълум ижобий ўзгаришни юзага келтирди. Шу пайтгача аслида босмачиларнинг ғоявий раҳбари бўлган Ҳожимат Эшон бошлиқ руҳонийлар секин-аста босмачилардан узоқлашишди. Аҳоли кўз ўнгида «муқаддас» ҳисобланган, муридлари бўлган Ҳожимат Эшоннинг қизиллар томонига ўтиши, уламо ва эшонлар қурултойи, шундан кейин Фарғона руҳонийлари томонидан бир қатор баёнотлар ва мурожаатномалар эълон қилиниши барча тиич аҳолига сергаклантирувчи таъсир кўрсатди. Бир пайтнинг ўзида Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси таслим бўлган қўрбошилар ва уларнинг йигитларини афв этиш тўғрисида декрет эълон қилиб, уларнинг шахсий хавфсизликлари ва мулкий дахлсизликлари тўла кафолатланди.

Аҳоли босмачиларнинг бошлиқларидан Совет ҳукуматига таслим бўлишини қатъий талаб қила бошлади. Шу асосда аҳоли билан босмачилар ораси кескин бузилиб, баъзи бир туманларда тинч аҳоли босмачиларни отиб ташлади ёки уларнинг тўдаларини йўқ қилиб ташлади.. Кейинги юз берган жараёнлар босмачиларни таянч кучлардан маҳрум қилди, аҳоли уларни қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Босмачилар мунтазам талончилик билан шуғулланишга мажбур бўлишди. Тинч аҳоли вакиллари ўзларини босмачилардан муҳофазалашни қатъий талаб этиб, Совет ҳокимиятига мурожаат қила бошлади. Бизларга у ёки бу қишлоққа қизил аскарлар отрядларини гарнизон сифатида беришни сўраб оммавнй талабномалар тушди, гарнизонларни озиқ-овқат билан таъминлашни қишлоқ аҳолиси ўз зиммасига ола бошлади. Қўмондонлик уларнинг талабларини қондиришга қодир эмасди. Гарнизонлар қўйилган қишлоқларда эса ҳарбийлар ўзларининг бебошликлари билан аҳолини шундай безор қилдики, натижада улар устидан мунтазам шикоят қилишга мажбур бўлишди. Шуниси ҳам бор эдики, гарнизонларни у ёки бу қишлоқда узоқ қолдиришнинг иложи йўқ эди. Кўп ҳолларда улар ҳарбий топшириқни бажариш учун бир тумандан иккинчи туманга ташланар, натижада қишлоқлар ҳимоясиз қоларди. Қизил аскарлар кетиши билан қишлоқларга дарҳол босмачилар ҳужум қилишар ва барча нуфузли вакилларни сўйишарди. Бунинг оқибатида гарнизонлар қишлоқдан чиқиб кетиши билан, улар билан бирга, бутун аҳоли ҳам ўзининг барча мулклари ва экинларини тарк эта бошлади. Бу ҳол уларни оғир, иложсиз аҳволга солди, оч қолдирди. Бизнинг ёрдамимиздан ҳафсаласи пир бўлган аҳоли ҳукуматдан ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун қурол беришни талаб қила бошлади. Афсуски, ҳарбий қўмондонлнк босмачилар қўлига ўтиб кетишидан қўрқиб, қурол беришдан бош тортди. Аҳоли бу хўрликлар — босмачиларнинг талончиликларини, қатли омини, умумий вайронгарчилик ва ўз аҳволи яхшиланишидан умид йўқлигини тангри юборган жазо деб билди. Диний кайфият бутун Фарғонани чулғаб олди. Ҳажга бориш учун умумий ҳаракат бошланди.

Айрим шахслар, мусулмон гуруҳлар, кўпинча бутун-бутун қишлоқлар ўз хўжаликларини тугатиб, сўнгги игналаригача сотиб, ўз оилалари билан, фарзандсизлар олдиндан хотинларидан ажралиб, поездларга ўтириб, Маккага йўл ола бошлашди. Маккага кетиш ҳаракати шу даражада жиддий эдики, у Фарғонага катта хавф сола бошлади. Шундай вазиятда менинг раислигимда босмачиларга қарши кураш бўйича Алоҳида Комиссия таъсис этилиб, у 1922 йил 15 февралда Фарғонага келди.

Фарғонани биз қуйидаги аҳволда кўрдик. Бутун вилоят босмачилар қўлида эди. Қўқон шаҳри, Фарғона группаси штаби ва ҳарбий қисмларнинг анча салмоқли қисми жойлашган вилоят марказининг ярмигина бизники эди.

Қоронғи тушиши билан эски шаҳар босмачилар қўлига ўтар ва ўша томондан ёрдам сўраб қилинган дод-войлар эшитила бошларди. Эски шаҳар билан катта кўчалар жамланган янги шаҳарни битта кичик сой ажратиб турарди. Аммо у томондагилар эски шаҳардагиларга ёрдам бериш учун бирон-бир чора кўришмасди.

Қўмондон босмачиларни қўрқоқ бандитлар сифатида таърифлаб, улар эски шаҳарга ҳужум қилишганида, босмачилар сойдан ўтишга журъат қилмасликларини билиб, мутлақо хотиржам ухлаши ҳақида гапирди. Ихтиёрида Фавқулодда Комиссия отряди бўлган Алоҳида бўлим бошлиғи очиқ тан олиб: «Дод-вой қилганларга ёрдам бериш жуда хавфли, босмачилар ҳамиша пистирма қўйишади», — деди. Шаҳардан икки чақирим нарида, Афғонбоғ деган жойда босмачиларнинг олдинги постлари навбатчилик қилишарди ва уларни тугатишни ҳеч ким ўйламасди…

…Андижон шаҳри бундан ҳам оғирроқ аҳволда эди. Уезд ревкоми аъзолари, ҳеч бир муболағасиз, босмачиларнинг ўқлари остида ишлашарди, кечқурун соат 6 да ҳамма асосий кўчадан босмачилар билан отиша-отиша, янги шаҳарга келишарди. Жалолобод шаҳри бугун-эрта таслим бўлиши кутилаётганди. Ўш шаҳри ташқи дунёдан мутлақо узиб қўйилган эди.

Биз вилоятни биринчи марта катта таваккал билан айланиб чиқдик. Горчаково бекатига келиб кетганимиздан кейин икки соат ўтгач, босмачилар ҳужум қилишди. Зарба бизга қаратилган эди, лекин кечикди.

Биз вилоятдаги аҳвол билан танишгач, шундай қатъий фикрга келдикки, аҳоли курашга жалб этилмагунча, Фарғонада босмачиликнн ҳарбий тартибда тугатиб бўлмайди. Бизнинг фақат оврўпаликлардан иборат ҳарбий отрядларимиз босмачиларни топишолмасди. Жуда пухта тайёрланган ҳарбий зарбалар ҳамиша муваффақиятсиз тугарди ёки озгина ғалаба келтирарди. Ҳамма сир босмачиларнинг тактикасида эди: пистирмадан туриб ҳужум қилишарди, ҳеч бетма-бет жанг қилишмасди, жойларни яхши билишарди, тезда тарқалиб, яхши отларда қочиб қолишарди. Айтайлик, масалан, бизнинг отрядимиз куппа-кундузи йўлда бораётиб, босмачиларнинг қаттиқ ўқ ёмғири остида қолишарди. Қизил аскарлар отишга тутинсалар, одатда, паранжи ёпиниб, хотиржам бораётган ўзбек аёлига ёки ишлаётган деҳқонга, нонвойга ёки масжид олдида ўтирган нуроний мўйсафидга ва бошқаларга дуч келишар эди. Улардан: «Бу ерда ҳозир отаётган босмачи қани?» — деб сўрасангиз, қўллари билан бир тарафни кўрсатишарди, лекин қизил аскарлар узоқлашмай, орқадан ўзларига қарата узилган ўқ товушини эшитишарди. Босмачи, шундай қилиб, турли-туман усуллардан фойдаланади ва ҳар қандай қизил аскар оппа-осон унинг ҳийласи қурбони бўлиши мумкин. Босмачиларнинг бу тактикаси тинч аҳолини бизнинг отрядларимиз зарбасига рўпара қилиб, анча қайғули натижалар бериши мумкинки, бу босмачиларга жуда қўл келади, негаки, ранжитилган аҳоли ҳамиша уларга мадад бўлиб хизмат қилади.

Бундай аҳволда, шубҳасиз, ушбу боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли аҳолининг ўзини босмачиликка қарши курашга жалб этишдан иборат эди, чунки фақат аҳолигина ударнинг барча ўзига хос томонларини ҳисобга олиши, уларга мувофиқ кучларни қарши қўя билнши мумкин. Маҳаллий туб аҳолини курашга жалб этишнн нафақат стратегик мулоҳазалар, балки сиёсий мақсадлар ҳам тақозо этар эди, наинки, русларга қарши, динни, миллатни ҳимоя қилиш баҳонасида пайдо бўлган босмачилик маҳаллий оммани жалб этиш билан ўзининг асосий моҳиятини йўқотардики, бу вилоятда тинчликни барқарор қплиш ишининг муҳим томонидир…

(ЎзЖМДА, 17-фонд, 1-рўйхат, 90-иш, 325-338-бетлар).

 

БУХОРО ХАЛҚ СОВЕТ ЖУМҲУРИЯТИ КАРКИ ТУМАНИДА ҚУМДАН ҚИШЛОҚЛАРИГА ҚАЙТАЁТГАН АҲОЛИГА НИСБАТАН ҚИЛИНАЁТГАН ЗЎРАВОНЛИКЛАР ТЎҒРИСИДА

(Карки туманидаги Фавқулодда вакил Мукомиловнинг Халқ Нозирлар Кенгашига телеграммаси, 1922 йил, июнь).

Карки туманида босмачилик тугагандан кейин халқ қони тобора кўпроқ тўкилмоқда. Басучастка томонидан бизнинг бўлимимиз буйруғига биноан қумдан қайтаётган аҳолини ўлдириш, талаш ва зўрлаш ҳоллари тобора кўпаймоқда. Менинг РСФСР консулига, Басучастка штабига заставадагилар қилмишларига чек қўйиш бўйича чоралар кўриш тўғрисида қилган илтимосларим ҳеч қандай натижа бермади. Шу боисдан ҳам мен қумда турганлар заставалар олиб ташланмагунча жойларидан қимирлашмасин, деб аҳолига эълон қилдим. Ушбуни хабар қнлиш билан шошилинч чоралар кўрилишини сўрайман. Сизларнинг кўрсатмаларингизни кутаман.

Фавқулодда вакил МУКОМИЛОВ.

(ЎзЖМДА, 48-фонд, 1-руйхат, 60-иш, 303-бет).

 

* * *

АНДИЖОН ШАҲРИ ВА УЕЗДИ ҚИШЛОҚЛАРИДАГИ БЕБОШЛИКЛАР ТЎҒРИСИДА

(«Қизил Ўзбекистон» рўзномаси мухбири Абдулҳай Тожининг ахборотидан. 1925 йил, 10 июль).

Биз Фарғонага юборилган тафтиш комиссиясига ёрдамчи ўлароқ, ташвиқот, тарғибот ишлари ва оврўпаликлардан бошқа мусулмон исми ила юрган кишиларнинг бир дона ўлсун кўзга кўринмаслиги диққатимизни жалб қилди: Бу аҳволни кўриб, ажабо, Андижон мусулмонлари қирилиб битиб, ноҳақ қонларн ниҳоясиз бир дарё шаклини олганми, бу бечораларнинг ҳаммаси бу дунёдан охиратга сафар қилганми, деган ўйлар хаёлдан ўтиб, ихтиёрсиз оҳ тортиб, жонсиз каби қолурсиз!

Миллатчи арманлар ерли аҳолннинг бирини қолдирмасдан йўқ қилмоқ учун, кўчаларда юргизмай, кўрсалар ёнларидан қиличларини суғуриб, ҳеч бир сўз, саволсиз, нарсасиз бошларини олур ёки ёнларига Шўролар ҳукуматига қарши ёзилган бир қоғозними ёки қурол-асбоблариданми солиб, тафтиш ила топиб олган бўлиб: «Мана бу ўғриларнинг одами (босмачи демоқчи) бўлиб, Шўролар ҳукуматига қарши экан, ёнидан Шўролар ҳукуматига қарши ёзилган қоғоз чиқди, ўғриларга қурол олиб бориб сотар экан», — деб таҳдид қилиб, ҳисобсиз азоб ва жафолар ила қнйнаб ўлдирурлар. Андижонда эски шаҳар ила янги шаҳар ўртаси ғўзапоядан қилинган истеҳком ила айрилган. Ҳар куни кечаси бўладиган ўғрилар ҳужумидан фақат янги шаҳаргина сақланиб, эски шаҳар учун ўғрилар кечаси тушганда фақат тўғри эски шаҳарга тушиб, — 4-номи ила эслатилган ишчиларни кўрганда ўлдириб, молларини талаб, қайтиб чиқиб кетар.

Кундузи эса миллатчи арманлар тушиб, большевик, меньшевиклигига, қари-ёшига қарамасдан кўзга кўринганини қиличлари ила чопиб, «ҳамма мусулмон бир мусулмонсизлар, ҳам ўғриларга тарафдорсиз», деб молларини талаб, ҳаттоки, хотинларнинг номусига тегарлар. Демак, Андижоннинг эски шаҳарида кечаси ўғрилар, кундузи арманлар ҳоким бўлиб, миллатчи арманларнинг жабри ўғрилардан ҳам бир неча маротаба зиёддир.

Андижоннинг крепостпда бир қанча милтиқлар бор бўлиб, бу милтиқларни крепостда қолдиргани қўрқиб, крепостдан ҳам мустаҳкамроқ «Силаев»нинг заводига олиб бориб қўйилган, бунда турувчи арман қоровуллари ўғрилар ила сўзлашиб, милтиқларни сотганлар. Кечаси ўғрилар келиб милтиқларни аробаларга солиб олиб кетганлар. Эрталаб бўлганда, заводда милтиқларнинг йўқлиги эълон қилинпб: «Буни мусулмонлар олурлар, улардан бошқа ҳеч ким олмас. Мусулмонлар олурлар, тафтиш қилмоқ керак», — дерлар. Отрядлардагилар эски шаҳарга тушпб, турли уйларга кириб, баҳона ила молларини талаб, хотинларшшг номусларига тегиб, бир қанчаларини ўлдирганлар. Қайси уйга қулоқ солинса, оҳ-фиғон келар, фавқулодда мудҳиш аҳволни тасаввур қилганда инсон боласининг кўзларидан беихтиёр ёшлар оқар. Масалан, бир вақт эски шаҳарда мусулмонлардан икки юзга қадар кишиларни тутиб олиб: «Фалон жойда ўғрилар бор, борпб урушиб, ўғриларни қувламоқ керак, шунинг учун сиз бизга окоп қазиб берингиз, хизмат ҳақи берамиз», — деб мажбуран бир жойга олиб бориб, ҳандақ қаздиргандан сўнг бошларини олиб, ўзларини қазилган ҳандаққа кўмиб қайтиб келганлар.

Бнр вақтда бир қишлоқ ўғрилар тарафидан олиниб, буларни ҳайдамоқ учун арманлар чиққанда, ўғрилар қишлоқни ташлаб қочганлар. Қишлоқ мусулмонлари арманларни кўргандан сўнг турли ёққа тарқала бошлаганда, арманлар: «Қўрқмангиз, биз зарар етказмаймиз», — дея алдаб, икки мингга яқин қишлоқ аҳолисини бир ерга йиғиб, буларга қарши ўт очиб, бечора софдил мусулмонларни қириб тугатганлар. Андижоннинг эски шаҳарлари хароб бўлган, шекилли, қишлоқлари ҳам вайрон бир ҳолга келган. Хусусан, Бозорқўрғон, Ҳўқанд қишлоқ, Сўзак, Избоскан, Чувала исмли қишлоқлар қабристон ҳолига келган. Ҳар қайси жойга бошлиқ миллатчи арманлардангина қўйилган.

Хулоса: миллатчи арманларнинг мусулмонларга қилган зулми, ваҳшатларининг ҳисоби йўқдир. Мусулмонларнинг кўплари арманларнинг бундай ваҳшатидан қўрқиб, ўзларинн сақламоқ учун мол-мулкларидан кечиб, қишлоқларга чиқиб кетганлари, уйларига кириб ётганлари, ҳаттоки, Шўролар ҳукуматининг ҳақиқий программасини билмасдан, арманларнинг қилган ваҳшатларини кўриб, коммунистлик ваҳшийликдан иборат экан, дея ўғриларнинг ёнига бориб қўшилиб, фидойи бир суратда ҳукуматга қарши ишлаб турганлари маълум бўлди. Комиссарлар келганини эшитиб, атрофга қочган одамлар чиқа бошладилар ва вайроналарда йиғила бошладилар. Комиссарлар тарафидан масжидда катта митинг қилинди. Қизиллар ваҳшатидан қўрқиб, юрак олдириб қўйган бечора халқ ичидан митингга ишонмасдан, қўрқиб келмаганлари ҳам кўп бўлди. Комиссарлар, дружиначилар музика ила митингга тушиб, стол ёнига ўтирган вақтда бир қанча минг аҳоли йиғилган эди. Халқ ичидан бир қанча аризачи кишилар кўзларидан қонли ёшларини оқизган ҳолда қўлларида аризаларини олиб келиб, топшира бошладилар. Қайси аризани ўқима, буларнинг ичида хотини, бирининг укаси, бирининг акаси ваҳшиёна сифатда ўлдирилганлиги баён қилинган эди. Бугунги издиҳом митинг эмас, балки бир қиёмат ҳолини олди. Ҳар тарафда йиғи овози!.. Митингда комиссарлар ўзларининг қандай ҳуқуқ ила келганларини, эски ҳукуматнинг жабр-зулмидан қутулиб, Шўролар ҳукумати вужудга келганлигини, баъзи жойларда Шўролар ҳукуматининг бошига ёмон хоин кишилар ўлтириб, Шўролар ҳукуматидан мусулмонларнинг фойдаланмаганликларини, бунга сабаб фақат ҳукумат бошида ўтирган миллатчилар эканлигини, шунинт учун ўғриларга бориб қўшилган кишиларга ҳукумат тарафидан афву умумий эълон қилинганлигини, бу кишилар қайтиб келганларида ҳеч ким тарафидан зарар берилмаслигини, ҳаттоки уй-жойларндан айрилган кишиларга ҳукумат ёрдам қиладирганини ва коммунистик программасининг нимадан иборат эканлигини баён этилди. Халқнинг ичидан ҳам бир қанчаси кўрган-кечирган қийин аҳволларини сўйлаганларидан сўнг комиссарлар бундан сўнг Туркистонда, ҳаттоки ер юзида хоинларга йўл йўқлигини, бунга ҳукуматнинг қатъий киришганини баён этдилар. Ишчиларнинг тезда ишга киришиб, ишларни ўз қўлларига олмоқлари кераклигини, ҳукуматга қарши чиққан кишиларни ва тор миллатчиларни йўқ қилмоқ кераклигини, ўғрилик замони ўтиб, тинчлик замони келганини билдириб, ҳукумат тарафидан чиқарилган афву умумийни келган, эшитган халққа тушунтирилмоғини талаб қилиниб, митинг тамом бўлди. Комиссарларнинг таъсирли сўзларини эшитгандан кейин халқнинг руҳи кўтарилиб, ўзида ҳурлик ҳис қила бошлади. Тор миллатчилар томонидан қўйилган кишиларнинг ҳаммаси деярлик қамалиб, ишларини тафтиш қилиб турмоқ учун «ревтрибунал» сайланиб, раисликка Марказий Қўмита аъзоси Ҳаққул афанди Ҳусанбоев тайин қилинди…

 

ҚЎҚОН МУХТОРИЯТИНИНГ ТУГАТИЛИШИ, ФАРҒОНАДА БОСМАЧИЛИК ҲАРАКАТИНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ ВА КУЧАЙИШИ ТЎҒРИСИДА

(Турар Рисқуловнинг «Инқилоб ва Туркистоннинг маҳаллий аҳолиси» китобидан)

Бу ерда бир-икки оғиз босмачилик тўғрисида, бу ҳаракатнинг биринчилари, айтиш мумкинки, кашшофлари ҳақпда тўхтаб ўтиш керак. Инқилоб бошланиши билан чор ҳукумати даврида ўғрилик қилганлиги, одам ўлдирганлиги учун сургун қилинган кимса Фарғонага қайтиб келди. У келиши билан кичик шайка тузди ва касбини давом эттира бошлади. Шуни аниқ айтиш мумкинки, Қўқон мухторияти тузилгунга қадар Эргаш Фарғонада ягона эди.

Қўқон мухториятчилари ҳукумат тузганларида биринчи навбатда ҳарбий куч ташкил этишдан манфаатдор эдилар. Шу мақсадда улар ўғриларга кенг афв эълон қилиб, уларни янги ташкил этилган гвардияга таклиф этдилар. Шулар қаторида Эргашни ҳам шайкаси билан таклиф этишди ва уни Қўқон шаҳрига қўрбоши қилиб тайинлашди.

Перфильев дашноқлардан иборат бўлган отряди билан Қўқонни қамал қилганида, мухториятчилар ғалабани таъминлаш учун тантанали суръатда Эргашни «олий бош қўмондон» деб эълон қилдилар, унга яшил байроқ топшириб, мамлакатни «большевиклар босқинидан» ҳимоя этишни илтимос қилишди ва алоҳида чопарлар орқали мурожаатнома тарқатиб, гўёки большевиклар халқдан инқилоб туҳфа қилган озодликни тортиб олишяпти, деб тушунтиришди, маҳаллий аҳолини миллий озодликни, динни ва бошқаларни ҳимоя қилишга чақиришди.

Тарғибот Қўқонга яқин туманларда муваффақиятли бўлди. Аҳоли кетмон билан қуролланиб, «большевиклар» қамал қилган Қўқонга шошилишди ва бутун шаҳарни тўлдиришди. Жанг икки кун давом этди. Жанг мобайнида «большевиклар» қуролининг тактик жиҳатдан устунлиги боис, натижаси олдиндан маълум бўлиб қолгач, барча мухториятчилар қочишди, жанг охирида Эргаш ҳам қочди, шаҳарда фақат кетмон ва болға кўтарган, воқеадан ҳаммадан кам хабардор бўлган кишилар қолишди. Асосан, шу кишилар жабрланишди.

Қўзғолонни бостириш васвасасида тўққиз кун мобайнида Қўқонда ҳар хил талончиликлар бўлди. Ўз фойдаларини кўп ўйлайдиган дашноқлар дарҳол «пулдор» бўлиб олишга аҳд қилишди ва шаҳар яхшилаб «тозаланди». Бизнинг замонда мўъжиза бўлмайди, лекин инқилоб шаклланган бу фикрни ҳар қадамда суриб ташлайди. Жумладан, Қўқонга дашноқлар келишганидан кейин барча арманлар — баққоллар, виночилар, сартарошлар, қассоблар ва савдонинг бошқа соҳаларида ишлайдиганларнинг ҳаммаси ашаддий «инқилобчи» бўлиб олишди ва отрядга қўшилиб, шаҳарни тор-мор қилишга киришишди. Барча магазинлар вайрон қилинди, олиб кетиш мумкин бўлган нарсаларнинг ҳаммаси олиб кетилиб, қолганларига ўт қўйилди, оммавий қотилликлар рўй берди. Бу воқеалардан кейин халқ мухториятчиларнинг «большевиклар» зўравон, худосиз, мусулмонларнинг душмани, деган гапларига ишондилар

Бироқ босмачилар тинчишмади. Улар Андижонга анча муваффақиятли ҳужум қилишпб, 70 та милтиқ ва бир неча минг патронни олиб кетишди. Дашноқлардан иборат гарнизон бу ёвузликда бутун эски шаҳар халқини айбдор деб билди. Гарнизон қўшинлари митингга чақирилиб, унда тинтув ўтказишга қарор қилинди. Бир ҳафта тинтув ўтказиб, шаҳарни талашди, қотилликлар қилишди, хотин-қизларни зўрлашди. Мана шу тинтувдан кейин кўпчилик аҳоли босмачилар турган жойларга кетиб қолди.

Бунга жавобан бир неча кундан кейин кетган дашноқларнинг 170 кишилик отряди босмачилар ва аҳоли томонидан ўраб олинди ва битта ҳам қўймай қириб ташланди .

Аҳоли босмачиларни қўллаб-қувватлашда, уларга ҳамдардлик билдиришда айблана бошланди. 170 дашноқ ўлдирилганига жавобан Салаев бошлиқ 250 кишилик отряд тузилиб, Қўқон қишлоққа ҳужум қилиб, уни култепага айлантирди. Қишлоқнинг қочган аҳолиси 20 чақиримгача таъқиб қилиниб, битта қўймай қириб ташланди. Бошқа отряд босмачилар билан Сўзак қишлоғида учрашди, босмачилар қишлоққа яширинишди. Сўзак қуршаб олиниб, ўққа тутилди. Аҳоли қишлоқни тарк этиб, дарё ўзанига яширинди. Шу ерда уларни пулемётдан ўққа тутиб, битта қўймай қириб ташлашди. Кейин бу ердаги жасадлар бир ой мобайнида итларга ем бўлди.

 

КОНОВАЛОВ КОМАНДИРЛИГИДАГИ ҚИЗИЛ АСКАРЛАР ОТРЯДИ ВА НИКОЛЬСКИЙ ПОСЁЛКАСИНИНГ ҚУРОЛЛАНГАН ДЕҲҚОНЛАРИ БОЗОРҚЎРҒОН ҚИШЛОҒИ АҲОЛИСИНИ ЁППАСИГА ҚИРГАНЛИГИ ТУҒРИСИДА

(Турар Рисқуловнинг «Инқилоб ва Туркистоннинг маҳаллий аҳолиси» китобидан).

Коновалов бошчилик қилган учинчи отряд Бозорқўрғонга қараб йўл олди, маълумот бўйича шу ерда босмачиларга дуч келишлари керак эди; йўлда бу отряд ўзининг ҳаракатини душманга маълум бўлмаслигини кафолатлайдиган чоралар кўришга ҳаракат қилди (бошқа бир ҳужжатда айтилишича, йўлда ким учраса, ҳаммани битта қўймай отиб кетаверишган— нашриёт). Бозорқўрғон қишлоғи яқинида улар ҳақиқатда босмачилар билан учрашишди. Бир кун жанг бўлганидан кейин, босмачилар сездирмай қочиб қолишди. Коновалов Бозорқўрғондан жўнаб кетаётиб, руслар яшайдиган қўшни посёлка (Никольский) аҳолисига Бозорқўрғонни босмачилардан тозалашни топширди. Никольский посёлкаси қулоқлари Бозорқўрғонни 23 кун мобайнида босмачилардан «тозалашди». Аввал қишлоқни талашди, кейин одамларни ўлдиришди, охирида эса танламай, ҳаммани бир чеккадан отишди. Эркакларни босмачиларни қўллаб-қувватлаганликлари учун, болаларни эса бир неча йилдан кейин босмачи бўлиши мумкинлиги учун қатл қилишди. Улар бу ишларни уч марта тўхтатишди ва қочган аҳоли тўпланганда қайта ҳужум қилиб, яна ва яна қиришди. Ниҳоят, ҳалок булиб, жасадлари сасиб, атрофга бадбўй ҳид тарқатаётганларни кўмиш учун аҳолини таклиф қилишди. Тўпланган аҳоли ўликларни йиғиб, диний расм-русмни адо этишаётганда (қабрлар ёнида ўтириб Қуръон ўқишаётганда), деҳқонлар яна ҳужум қилишди ва милтиқлардан ўқ ёғдириб, ҳаммани ўлдиришди. Айтиш мумкинки, Бозорқўрғон воқеаси деҳқонларнинг қўмондонлик олдидаги мавқеларини ошириб юборди. Барча деҳқонлар қуроллантирилди, Жалолободда деҳқонлар армияси штаби тузилди. Фарғонада ҳам шундай қилина бошланди, натижада Еттисувда 1916 йилда бўлган ҳодиса юз берди (деҳқонлар Жалолободда Совет Ҳокимиятига қарши исён кўтаришди).

Дашноқлар, қулоқлар ва ношуд совет арбобларининг бундай хатти-ҳаракатлари, бу ҳақда яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин, албатта, босмачилар сафини ўстирди.

 

* * *

ТИРИК ГУВОҲЛАР СЎЗИ

Абдуваҳоб Каримов, Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги Султонобод қишлоғида яшайди, 92 ёшда

— 1919-20 йилларда Султонобод қишлоғининг атрофига қўрбошилар йигитлари билан жойлашиб олишганди. Чунки қишлоғимиз Қорадарё ва Хонтоғ адирлари билан туташлиги босмачиларнинг яшириниши ва жанг қилишлари учун қулай бўлиб, Саид қўрбоши, Йўлдош қўрбоши йигитларини қишлоқда деярли ҳар куни кўриш мумкин эди.

Қишлоғимизга қизил аскарлар биринчи марта келишганда 18-19 ёшлардаги йигитча эдим. Улар поездда келишиб, қишлоғимизнинг ёнбошида тўхташган. Шу пайт Йўлдош қўрбошининг йигитлари вагонда турган аскарларга қарата ўқ узди. Қизил аскарлардан уч-тўрттаси қулади. Шундан кейин қўрбоши йигитлари қишлоқ оралаб чекинди. Қизил аскарлар қишлоққа келиб, тўғри келган эркак кишини отиб, чопиб кетаверишди.

Қизил аскарлар қирғинни ҳозир биз яшайдиган Қизилоёқ маҳалласидан бошлашди. Шу куни 70 киши ўлдирилди. Маҳалладаги деярли ҳамма уйда аза бўлди. Бироқ одамлар товуш чиқариб йиғлагани ҳам қўрқишарди. Тунда бутун қишлоқни қандайдир ғўнғиллашга ўхшаган нидолар тутиб кетди.

Қизил аскарлар тинч аҳолининг оёғига арқон боғлаб, отга судратганларини ўз кўзим билан кўрганман. Улар келишганда биз 17 нафар ўсмир мактабда сабоқ олаётган эдик. Аскарлар мактабга кириб, домламизни отиб ташлашди. Биз талабалар турли томонга қочиб кетдик.

Қўрбоши йигитлари Андижонсойдан кечиб, нариги томонга ўтиб олишган экан. Қизил аскарлар уларни таъқиб қилишди, аммо дарёдан ўтишга журъат этишмади. Шу жойда отишма бўлиб, қизил аскарлардан анчагинаси ҳалок бўлди.

Қечки пайт қизил аскардар ҳарбий эшелонга қайтишди. Шу вақтда қўшни Хонобод қишлоғида ҳосил йиғим-теримига тушиш олдидан сайил бўлаётганди. Қизил аскарлар дурбиндан қараб, сайил қилаётган тинч аҳолини босмачи деб ўйлаб, уларни тўплардан ўққа тутишди. Сайилга чиққанлардан анчагинаси ҳалок бўлди, тирик қолганлари қочиб қутулишди.

Шу куни қўшнимиз Жўрабой аканинг ўғли Абдусалим ўроқчиларга овқат олиб кетаётганда йўлда уни қизил аскарлар отиб ўлдиришди.

 

Ҳошимбек Нишонбеков, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги Султонобод қишлоғида яшайди, 80 ёшда, нафақахўр

— Қишлоғимиз тарихи билан қизиқаман. Сабаби, отам Қосимбек Нишонбеков инқилобдан кейин қишлоғимизда Тўртинчиларнинг бошлиғи бўлган (Тўртинчи — большевикларнинг иккинчи номи. Чор Россияси пайтида Думага сайланган большевик депутатлар тўртинчи рақам бўйича рўйхатга киритилганлари боис шундай ном олганлар). Отам менга тарихга оид кўпгина ҳужжатларни қолдирган.

Ана шу ҳужжатларга асосланиб, айта оламанки, 1919 йилнинг август ойида Қизил Армия қисмлари ҳарбий эшелонда Жалолободга ўтиб кетишаётганда, кўприк устида босмачиларуларнинг йўлини тўсган. Ўртада отишма бошланиб, босмачилар қишлоққа чекинган. Шундан сўнг қизил аскарлар қишлоққа бостириб киришиб, босмачи қолиб, тинч аҳолини қиличдан ўтказа бошлашган. Маълумотларга кўра, ўша куни қишлоқда 70 киши ўлдирилган. Яна 120 кишини йиғиб, бозор майдонига олиб чиқиб отишга тайёргарлик кўрилаётганда дадам етиб келиб, қизил аскарларга бу кишиларнинг ҳеч қандай айблари йўқлигини тушунтирганлар. Шундан кейин улар қўйиб юборилган.

1920 йилнинг ёзида эса Султонободга татар отряди келди. Бу отряд ҳарбий эшелонда Жалолобод шаҳрига армия учун хашак йиққани ўтиб кетаётганида, яна босмачилар томонидан ҳужум қилиниб, тўхтатилган. Татар отряди ҳам қишлоққа кириб, тинч аҳолини қиришга ҳаракат қилтан. Қишлоқнинг у жой-бу жойида гуноҳсиз кишилар чопилган ҳам. Лекин қирғин Тўртинчилар томонидан тўхтатиб қолинган.

Босмачилар Қизил Армия аскарларини адирнинг ичига ҳужум қилиб боришга чорлаган. Лекин қизил аскарлар ҳарбий эшелондан узоқлашиш хавфли эканлигини билишиб, адирлар орасига боришга журъат қилишмаган.

1996 йил