Абул Бозоров. Аждодингизни биласизми? (1991)

http://n.ziyouz.com/images/shajara.jpg

Ўзбеклар Ўрта Осиёдаги энг қадимий халқлардан саналади. Ер юзидаги барча миллатлар, элатлар, қабилалар сингари, ўзбек улуси ва унинг кўп сонли уруғ-аймоқлари ҳам ўзига хос хусусиятларга эга бўлган. Шулардан энг диққатга сазовори ўз аждодларини — етти пуштини унутмасликдир. Ўтмишда ўзбеклар бобокалонларининг номлари келажак авлодларга маълум бўлиши учун шажаралар битишган, ота-боболарини билмаслик айб саналган. Миллатнинг урф-одати, расм-русмини бузганларни тўпга қўшмаганлар.

Биз мазкур мавзуда ўқувчига кенгроқ тушунча бериш учун миллатимиз тарихига мурожаат қиламиз. Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Аҳмадали Асқаровнинг ёзишича, Мовароуннаҳр ҳудудида милоддан бурун ҳам кўчманчи қипчоқ-ўзбеклар элат ҳолида яшашган. Эрамизнинг дастлабки асрларида икки дарё оралиғига турк қабилалари келиб жойлашиб, ерли элатлар билан биродарликда истиқомат қила бошлайдилар. Олтинчи асрнинг ярмига келиб бу элатлар Шош, Фарғона ва Зарафшоннинг қуйи оқими ҳамда Бухоро воҳаси чегараларигача етиб, жойлашиб олишади. Бунгача турклар қадимдан Сирдарё қирғоқларидан Олмаота ва Марказий Еттисувгача бўлган ерларда қипчоқ-ўзбеклар билан ёнма-ён яшаб келганлар. Икки дарё оралиғига кўчиб ўтиб, муқим яшаб қолганларидан кейин маҳаллий халқ билан аралашиб кетадилар ва уларни ҳам ўтроқ ҳолда ҳаёт кечиришга одатлантирадилар. Кейин уруғ-аймоққа бўлиниб яшаш таомилга айланади. Миллий жиҳатдан турклашган ерлилар араблар истилоси даврида ҳам ўзларининг қабилачилик урф-одатларини сақлаб, туркий забонда гаплашишни тарк этмайдилар. Улар ўз юртлари ва манфаатларини ғанимдан асрашда ҳамда турмуш осойишталигини келажак авлодларга етказишда бирлашиш йўлини тутганлар.

Ўша замондан бошлаб сўғд халқи турк тилида сўзлашга ўтган. Аслида туркий тилда сўзлашувчи қабилалар Сирдарёнинг ўрта, қуйи оқими ҳамда шарқий қисмида ривож топган. Қабила, уруғ таркибининг энг бурунги ҳолатини Ҳ. Дониёровнинг «Ўзбек халқининг шажара ва шевалари» («Фан» нашриёти, 1968 йил) тадқиқий асарида кўриш мумкин. Муаллиф бу китобида уруғларга ажралиб яшашнинг келиб чиқишидан шундай маълумот беради: «Кўчманчи қипчоқ-ўзбеклар илк даврларда туркий халқларнинг қипчоқ гуруҳига кирувчи минг, юз, қирқ, қипчоқ (уруғ), найман, қангли, қиёт, қўнғирот, манғит, ўйшинлар ва кенагас, жалойир, дўрман, қутчи, бурқут, баҳрин каби уруғ ва қабилалар асосида ташкил топган бўлиб, кўҳна замонлардан Идил (Волга), Дунай дарёлари, Ҳазар (Каспий) денгизи, Орол денгизи, Урол тоғлари ва Ғарбий Сибирдаги Иртиш ва Енисей дарёлари ҳамда Еттисувда маконлашганлар. Еттисувда тузилган турк ҳоқонлигида, ундан кейин маркази қадимий Ясси ёнидаги Сиғноқ (Сувноқ) шаҳри бўлган Оқўрда давлати даврида ҳам турклар анча катта мавқега эга бўлдилар».

Шундай улкан ҳудудни эгаллаган туркий халқларнинг ирқий турлари ва урф-одатлари ҳар хил бўлиши табиий. Биз мазкур мақолада ҳозирги жумҳуриятимиз ҳудудида яшаган, яшаётган ўзбекларнинг ўз дастурлари тўғрисида сўз юритмоқчимиз. Умуман илмий манбаларда ўзбек халқининг 92 қабиладан иборат эканлиги хусусида ривоятлар борлиги айтилади. Бунга шуни қўшимча қилиш мумкинки, уруғларнинг шартли миқдоридан қатъий назар, уларнинг қабила, уруғлари номи билан аталадиган жойлар Ўрта Осиё жумҳуриятлари ва ундан ташқаридаги ҳудудларда ҳали-ҳануз сақланиб қолган. Тарихчи-этнограф ва тилчи олимларимиз «насабнома», шажара ва васиятномаларни ўрганиб, тадқиқ этиб, аниқ хулосалар чиқариш йўлида ишламоқдалар.

Ёдгорлик номлар тўғрисида гап кетганда Хоразм, Бухоро, Тошкент вилоятларида Дўрмон, Қўнғирот, Қиёт, Манғит, Жалойир, Қутчи, Қипчоқ, Боёвут, Қотоғон, Қолач (Халач), Оғар, Минг каби қишлоқлар шу кунларда ҳам ўша номлари билан юритилишини айтиш керак. Туркистон кенти атрофидаги элатларда найман, қипчоқ, қанғли, орғин, минг, олчин сингари уруғларнинг насллари мавжуд. Минг йиллик тарихи бор Кунгай (Чоға) қишлоғида эса, мингбой (минг, дўлонбой, чувуллоқ), тоғай тўпларидан бўлган авлодларнинг кенжа уруғлари яшамоқдалар. Лекин афсусланарлиси, шундай кўҳна тарихга эга бўлган элатларимизнинг вакиллари ўз халқи, авлоди, юрти тарихини, ўз миллатининг урф-одатларини унутиш даражасига етдилар.

Тил миллатнинг миллат эканлигини билдирувчи асосий белгилардан саналади. Кейинги етмиш йил мобайнида у ҳам обдон булғаниб, мусаффолигини йўқотди. Халқ орасида оврўпалашган, ўзини ўта маданиятли инсон ҳисоблайдиган, лекин кўпчилик ўртасида тўрт оғиз сўзни ўз она тилида гапиришга қийналадиган кишилар пайдо бўлди.

Мен Иттифоқимизнинг кўп жойларида, турли миллатлар истиқомат қиладиган шаҳар ва қишлоқларда бўлганман. Сизлар ҳам бўлгансиз, албатта. Аммо менга ҳаммасидан ўзимизнинг Туркистон халқлари, айниқса, ўзбек халқининг урф-одатлари, одамгарчилиги кўпроқ ёқади. Одамларнинг ўз юртида муқим яшаб, униб-ўсиши, туғишганлари — авлод-аждоди, ёр-дўстларига, умуман мўминларга меҳрибонлиги, бобокалонларини ёдда тутиши, уларнинг руҳларини шод этиши, катталарни ҳурмат қилиб, кичикларга, камбағалларга меҳр-шафқатли бўлиши халқнинг отадан болага ўтиб келаётган азалий одатларидир. Ўтмишда халқимизнинг одилона, ҳалол, хушчақчақ кун кечира билганлигини айтмайсизми! Фарзанд туғилганидаги, турмуш қургандаги тўйлар, табиат уйғониши, ҳосил пишиши билан боғлиқ ҳамда диний байрамлар жуда ҳам завқли ўтган. Қариндош-уруғ, қуда-анда, ёр-биродарлар бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишган. Шаҳар ва қишлоқлар ўртасида дўстона мулоқот, ҳунарманд билан деҳқонлар ўртасида ҳалол муносабатлар қарор топган. Бозордаги дўконнинг ҳам, уйдаги эшикнинг ҳам қулфи бўлмаган… Бугунга келиб эса буларнинг ҳаммаси тушда кўргандек ғойиб бўлди-кетди.

Нима учун шундай бўлди? Бу миллат эволюциясидаги қонуний жараёнми ёки казарма социализми ва зўрма-зўраки байналминалликнинг кейинги етмиш йилда унган «мевасими»? Ҳарҳолда зўрма-зўраки байналминалликнинг «меваси» бўлса керак.

Эндиликда эса мана шу хатоларни тузатиш, вилоятларимизнинг айрим шаҳар ва қишлоқларида қисман сақланиб қолган, миллатни безайдиган, қадр-қимматини оширадиган, унга ўзига хослик бахш этадиган гўзал урф-одатларимизни аниқлаб, кенг тарғиб қилишимиз керак.

Тошкент вилоятининг Хумсон кентида 76 ёшли Қудратилла Акрам ўғли яшайди. Меҳнат, партия, Улуғ Ватан уруши ветерани бўлган Қудратилла ака асли тарих ўқитувчиси бўлиб, анча йиллар партия, совет идораларида ишлаган. Бу киши туғилиб ўсган Жийдали қишлоғида бобоколонларини билмаслик айб ҳисобланади.

— Раҳматликларнинг арвоҳлари шод бўлсин, отам Акрам, боболарим Саид, Мирзабек, Темур, Давлат, Холмат, Каримбек деганлар бўлган, — деди биз билан суҳбатда Қудратилла ака. — Ҳаммалари ўз туғилган ерида муқим туриб, зироат ва чорва билан шуғулланганлар.

— Айтинг-чи, қуда-андачилик масаласи қандай ҳал этилган?

— Баъзилар ўзингдан топилса, ўзгага борма, тарзида, уруғимиз тарқалиб, бегоналашиб кетмасин деб, қариндош билан қиз олиб, қиз беришган. Очиғи, бундайлар насли яхши ўсмаган. Бизникиларнинг аксарияти ёт билан оғайинлашган. Масалан, мени Тошкентнинг Олмазор мавзеидаги Нурулла хўжанинг қизи Каримага уйлантиришган. Нурулла хўжа Ғуломжон эшоннинг ўғли. Авлодлари Тошкентнинг илгариги машҳур қозиси — Олим қози, мулла Аъзам уламо ва Турсунхўжа, Тошхўжалар каби ҳурматли, обрўли зотлар бўлишган. Кариманинг онаси, менинг қайнонам Манзура ая Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романидаги Юсуфбек ҳожининг қизи эканлар. Юсуфбек ҳожининг аёлини — қайнонамни Қинта буви дейишган. Шундай қилиб, Карима Юсуфбек ҳожига чевара бўлади. Юсуфбек ҳожининг оиласи Каллахона мавзеида, Катта масжид ёнидаги ҳовлида истиқомат қилган.

Шукр, олти ўғил, икки қиз тарбиялаб ўстирдик. Четдан келин олдик. Катта ўғлимиз Фурқат, келинимиз Гулчеҳрадан Ҳасан-Ҳусан, кичик ўғлимиз Фарҳод билан келинимиз Раънодан Фотима-Зуҳралар дунёга келди. Жами 17 невара, 6 чевара, 9 эваралик бўлдик, ҳаммаси соғ-саломат.

Авлодни унутмаслик насллар, жойлар, даврлар тарихини ҳам аниқлайди. Авлодларни унутмаслик, айниқса, Жанубий Қозоғистонда яшовчи ўзбеклар орасида кучли. Бу маълум даражада қўшни халқ уруғлари турмуш тарзи таъсири натижаси дейиш мумкин. Қозоқларда етти наслини билмаслик ҳозир ҳам катта айб ҳисобланади. Жанубий Қозоғистондаги ўзбек жамоаларида аввалдан шажара битиш одат бўлган. Туркистон шаҳридаги Хилват масжиди имоми Абдуқодир ва Пўлатхўжа, Мақсудхўжа, Мурот Отахон ўғли, Олимхўжа, Маман махсум, Тарағай тўпи, Каримхўжа каби авлодларнинг барчасида шажаралар мавжуд. Кўп оилаларнинг шажаралари инқилобдан сўнг, айниқса араб алифбоси ман этилган йилларда йўқ қилинган. Шунга қарамай номлари оғиздан-оғизга ўтиб келаётган авлодлар бор. Шаҳардаги Чироқчи тўпи, Юнус хўжа авлоди, Олти оға-ини тўпи, Ҳалимчи хўжалар, хонкўчаликлар, Олтинжилов авлоди каби уруғларнинг узоқ томирларигача маълум. Еттиота мавзеида (ҳозир Ўртоқ маҳалла) турувчи Дўрман Асқархўжа ўғли 18 бобокалонининг номларини айтиб беради. Аҳмад Яссавий ҳикматларида тилга олинган, қадимда боғ-роғлари билан машҳур бўлган Қорачуқ работидаги Қулой тўпининг улуғлари 92 ёшга кирган Маман маҳсумдан таълим олиб, бобокалонларининг номини кўнгил тумори қилиб олганлар. Чоға қишлоғидаги, Учавлод, Чимир, Минг, Дувлон, Тоғай, Иқондаги Абдумавлон, Турсунмуҳаммад, Аллобқороғон тўпларининг бугунги илдизлари ҳам маълум. Учавлодлик Зулфия опа етти отасининг исми, касб-корларини гапириб берди.

Шажаранинг шарофатидирки, буюк бобокалонимиз, дунёга машҳур Аҳмад Яссавийнинг қарийб 1500 йиллик авлодлари исм-шарифлари, умр кечирган жой — қадамжоларини «Насабнома»дан билиб олдик.

Юқорида жумҳуриятимизнинг баъзи вилоятларида шажара битиш кам қўлланилган, дедик. Шундай бўлса-да, айрим эътиқодли оилалар ўтмиш авлодларини яхши эслайди. Масалан, Жиззах вилоятининг Бахмал тумани, Беккелди қишлоғидаги 82 ёшли Жаҳонгир бобо олти отасининг номини айтди. 5 ўғил, 3 қиз ўстирган, келинлари четдан, 4 невара келин туширган, 26 невара, чевара, эвара, дувара кўрган.

Самарқанд вилоят, Пойариқ тумани, Оллоёрқудуқ қишлоғидаги 68 ёшли колхозчи Тўрақул ака эса фақат отаси Али, бобоси Турдиқулнинг номини билади, холос. Икки қорин ошган туғишгани (амакиси) қизига уйланган.

Қашқадарё вилоят Чироқчи туманидаги Сўлиқ қишлоғидан Исматилла Акрам ўғли икки отадан нарига ўтолмади. Қорақалпоғистоннинг Кегейли тумани «Кегейли» давлат хўжалигидаги Худоёр Оллоёр ўғли ҳам отаси Оллоёр, бобоси Сойит номини билади, холос.

Хулоса қилиб айтганда, биз бировни айблаш, камситиш ниятида эмасмиз, шунчаки бор ҳолатни таҳлил қилиб, фикр-мулоҳаза юритмоқдамиз. Бизнингча, авлодларини билмаслик, қариндош-уруғлари билан яқин, алоқада бўлмай, тентираб, тарқалиб кетишдан бўлади. Бундай оилаларда ўсган фарзандлар қариндошлар меҳридан маҳрум бўлиб, муқаддас урф-одатларимизни унутиб юборадилар. Дунёга ёлғиз келгандай, умрлари термулиб ўтади. Турмуш мушкулотлари билан қийналиб, эзилиб кетадилар. Бурунгилар «бўлинганни бўри ер», деганда шундай кишиларни назарда тутганлар.

Энди бир неча калима халқимиз — миллатимизнинг одат, одоби хусусида. Ўзбек халқининг, умуман мусулмон оламининг одоб, ахлоқ, урф-одатлари дунёнинг жуда кўп миллатларига ибрат бўларлидир. Бу урф-одатларнинг бир қисми қабилачилик давридаёқ таркиб топган. Масалан, катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат билан қараш, аёлларни ишлатмаслик, ҳалол меҳнат қилиш, хиёнат, ўғрилик қилмаслик ва бошқа яхши одатлар халқимизда қадим-қадим замонлардан бери мавжуд.

Мовароуннаҳр халқларининг маънавий камолатида Ислом динининг таъсири кучли бўлди. Қуръони каримда ота-онага оқ бўлмасдан (юзи қора бўлмасдан), уларнинг розилигини олиш, қариндош-уруғчилик ришталарини маҳкам тутиш ва бошқа мўмин-мусулмонлар билан меҳр-оқибатли бўлиш таъкидланади. Ер юзида бузғунчилик қилиб юрган, одамлар ичида фитна-фасод қўзғаш, иймон-эътиқод йўлларига тўсқинлик қилиш ва бошқа бузуқ ишлар билан машғул бўлиш қораланади.

Ҳадисда: «Одамларга яхшилик қилиш ва қариндошлар билан яқин алоқада бўлиб, ҳол-аҳвол сўрашиб туриш — бу, савоби тез тегадиган хайрли ишлардандир. Одамларга кенг юракли бўлинглар. Зоту насабларингни яхши таниб олинглар, токи қариндошлар билан алоқа яхши бўлсин. Ўз яқинларига мурувватли бўлмаса, унинг яқинлигидан фойда йўқ, ўзи узоқ тургани билан мурувватли бўлса, узоқлигининг зарари йўқ», дейилган

Ўтган асрда чоп этилган «Саодати турк» китобининг «Болани тарбия қилмоқ» бобида шундай дейилади: «Фарзандингга озор берма, аммо бадхўйликка ўргатма. Фарзандга илм, одоб ўргатмак, яхши таълим бермак лозим».

…Бола катталар орасига бормасин, ўтирмасин, ўсмир аёллар, қизларга қарамасин. Фарзанд ота-онасидан берухсат сафарга отланмағай. Фарзанд ҳажга боришдан маъно қилса (хоҳласа), тўхтатмоқ (ота-она рухсат этмаса) дуруст, ва лекин, илм ўрганмоқ учун беижоз (рухсатсиз) сафар қилса, жоиздир». Шу китобнинг «Никоҳ тўғрисида»ги бобида яна айтиладики, «Дуруст эрмаски, оғайиндан — хешдан қиз (келин) олмоқлик. Ондоғ қилинса, фарзанд ожиз бўлғай». («Саодати турк», 284-бет.)

Яқинда Андижон вилоятининг Балиқчи ноҳиясида истиқомат қилувчи Ўғилхон Рўзиқулова деган ажойиб аёл билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. Саксонни қоралаб қолган, авваллар давлат идораларида ҳам ишлаб, эл-юрт орасида кўп юрган бу аёлдан оилавий атамаларни сўрадим. Келинлар бир-бирларини «овсин», уйдаги катта қиз — аёлни «эгачи», «отин-опа», қайноғани — «муллака», «каттака» деб номлашаркан. Қайин сингил, қайин укаларни «кенжатой», «муллабача», «тўражон», «сулув қиз», «қорасоч», «пошшоқиз», дея чақираркан.

Ўғилхон аядан яна шуни билдимки, фарзандга отасининг ака-укаси «амаки», онасининг опа-синглиси «хола», отанинг опа-синглиси «амма» ҳисобланаркан. Ака-укаларнинг фарзандлари бир-бирларига амакивачча, опа-сингилнинг болалари бир-бирларига «бўла» бўларкан. Фарзанд отасининг ака-ука, опа-сингилларига жиян, отанинг ака-укаси унга тоға аталаркан. Куёв қаллиғининг синглисини «болдиз» деса, болдизи уни «язна» (туркистонча) — почча деяр экан. Бир оила, бир авлоддан икки қизга уйланган йигитлар бир-бирига «божа» бўлар экан.

— Энди унашиш, қуда-андачиликка келсак, «қайчи қуда», «қарши қуда» деганларимиз бор, — деб сўзини давом этказди Ўғилхон ая. — «Қайчи қуда» — ўша уй, уруғдан, авлоддан йигит томонга яна бир келин олинса, «қарши қуда» — иккала томон қиз бериб, қиз олишса айтилади. «Ич куёв — ит куёв» дегани ҳам бор. Бу, келинни узатиб олмай, куёв келиб-кетиб юрса ёки қайнотасиникида муқим яшаса айтилади. Бундайи жуда кам учрайди. «Ит куёв» дегани номусдан айтилгани.

Суҳбатимиз охирида Ўғилхон аянинг ўз авлоди билан қизиқдим. Ота томондан бобоси Пирмат ота 84 ёшида вафот этган. Она томондан бобоси Нормат бобо 96 ёшида дунёдан ўтган. Онаси Ўлуғча биби 104 ёшга етган, ҳаётлар. Аммаси Рисолат биби 106 ёшда, ҳали тетик. Ўзи тўрт ўғил, икки қиз кўриб, тарбиялаб катта қилган. 25 невара, 5 чеваралик бўлганлар. Энди авара кўряптилар. «Дувара, бегоналарни кўролмасмиз», деб қўяди.

— Бегона нима дегани, деб сўрадим.

— Бегона, нима десам экан, узоқлашган, етти авлоддай бўлиб кетади-да.

Мақоламизнинг якунида халқимизнинг яна айрим урф-одатлари хусусида тўхталмоқчиман. Илгари жумҳуриятимизда ерли халқ жуда тўкин, осойишта яшаган. Шаҳарда ҳунарманд, савдогарлар, қишлоқда деҳқонлар, чорвадорлар истиқомат қилганлир. Хотин-қизлар ишламаганлар. Шаҳар ва қишлоқларда рўзғорни эркаклар тебратган, озиқ-овқат тўкин бўлган. Аҳолининг аксарият қисми ўтроқ ҳаёт кечирувчи халқ бўлганидан тинч-тотув яшаганлар. Кишилар ўртасида ўзаро ишонч, ҳақгўйлик, ҳалоллик ҳукм сурган. Ҳовлиларнинг дарвозалари қулф нималигини билмаган.

Маъракалар, тўйлар байрамона ўтказилган. Шаҳар майдонларида сайллар бўлиб, полвонлар, чавандозлар, масхарабозлар, кўз боғловчилар томошалар кўрсатишган. Меҳмонхона, чойхоналарни машшоқлар, ҳофизлар обод қилишган. Йигитлар гап, тўкмаларда юрганлар. Қишлоқларда жўрабўза, кураш, қўчқор уриштириш, кўпкари, пойга, қовун сайили давом этган. Буғдой, тариқ, жўхори ва бошқа экинларни ўришда ҳашар тўйлари қилишган. Шаҳар ва қишлоқларда ҳайит, рўза ифтори, хатим, худойи, ҳалим, сумалак йиғинларига таклифсиз жамоа бўлиб келишган. Мачитларда қовм (жамоа) муаммолари ва тартиботдан маслаҳатлар қилиниб турилган. Қиш кечалари маҳалла, гузарларда китобхонлик бўлиб, унда «Ҳикмат», «Рустам-достон», «Амиррамза», «Бедил», «Боқирғоний», «Сўфи Оллоёр», «Машраб» каби китоблар тингланган. Хотин-қизлар ўз иффати, жамоли ва назокатини сақлаб, ичкарида уй-рўзғор юмушларини бажарган. «Қиз оқшоми», «Келин тушди», «Бешик тўйи», «Қутлуғ бўлсин» ўтказганлар.

Ҳар вилоятда ўз одатларича сайиллар ўтказилган. Бухорода «Наврўз», «Гули сиёҳ», ҳайит сайиллари, «Мушкулкушод», «Ошисешанба» маъракалари расм бўлган. Бундай ҳайит, сайил, маъракаларга халойиқ йиғилиб, дўстлик, бирлик ўз-ўзидан туғиларди. Қани энди, ўша урф-одатлар тикланиб, меҳрибонлик ошса…

Қисқаси, бизда бундай ажойиб одатлар ва расм-русмлар жуда кўп бўлиб, халқимизнинг катта маънавий мулки саналади. Бу мулкни кўз қорачиғидай асраб, кўпайтириб, келажак авлодларга мерос қилиб қолдириш ўз халқининг фарзанди бўлган ҳар бир инсоннинг шон-шараф ишидир.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 11-сон