Ўтган ХХ асрнинг энг катта яраларидан бири “…изм”лар эди. бу асрни айнан мана шу “..изм”лар қаритди. Лекин улар ҳеч кимга ўзлари ваъда қилган бахтни бермади. Аксинча, нацизм миллионлаб оламларни бошини еди. Социализм “тенглик” ниқоби остида ҳақиқий халқлар турмахонасига айланди. Коммунизм эса қарийб етмиш йил бахтли келажак ваъда қилиб, оқибатда ўзининг сароблиги аён бўлди. Фақат бизнинг кимларгадир олтми миллион тонналаб пахта териб берганимиз ва улкан йўқотишларимиз қолди, холос.
Инсоният ана шу алфозда “…изм”лар ботқоғидан чиқди. Энди нафасини ростлаган эди… Таассуфки, унинг XXI асрдаги илк қадами яна бир “…изм” тўфонига келиб тушди. Бу тўфон – терроризмдир.
Терроризм бошқа қариндош “..изм”ларидан кўлами жиҳатдан кенгроқ ва хавфлироқдир. Чунки мозийга дўнган аср “..изм”лари билвосита ҳаракатда бўлган бўлса, терроризм бевосита ҳаракатдадир. Лекин бу “..изм”ларнинг бир-бирига ўхшаш жиҳатлари ҳам авжуд. Яъни, улар инсон эътиқодини махв қилиб олтин сароб ваъда этишда муштаракдирлар.
Ўтган аср “..изм”лари илоҳиётни инкор этди. Инсониятга ўзини “Худо ҳам, пайғамбар ҳам ўзимман”, деб таништирди. Кейинчалик ана шу номига муносиб саъй-ҳаракат бошлади. Бу фаолият қандай оқибат билан интиҳо топгани ўзингизга аён. Бугунги терроризм эса, аксинча, художўйликни даъво қилган ҳаракатдир. Бу фаолиятнинг оқибати нималарга олиб келаётгани ҳам ўзингизга аён. Хулоса шуки, ХХ аср “…изм”лари Худони инкор қилган худосизликдир. Бугунги терроризм эса художўйликни даъво қилган худосизликдир.
Бу дунёда иккита бир хил фикрлайдиган одамни учратиш душвор. Лекин иккита бир хил – фикрламайдиган одамни топиш мумкин. Бугунги терроризм ана шу фикрламайдиган одамлар жамоасидан ташкил топган. Яъни, бугунги ақидапараст террорчи миллионлар ичидан сархиллаб олинган қулдир. Бу қулларнинг бор айби – фикрламайди. Бу ҳолатни адабиётчилар “манқурт” деб изоҳлайдилар. Манқуртлик – хотирасизликдир. Лекин уларнинг манқуртдан бироз фарқли жиҳатлари бор. Уларда хотира бор, лекин бу хотира хотирасизлик каби даҳшатлидир. Ўзига хос фикри бор, лекин бу фикр фикрсизлик каби аянчлидир. Бу хил фикрсизлик –ҳеч нарсани билмаган кишининг ҳамма нарсани инкор қилиш ҳолатидир. Бу хил фикрсизлик – радикализмдир.
Аслида инсон билан тўрт оёқли маҳлуқотнинг ўртасидаги тафовут ҳам уларнинг фикрлай олиш қобилиятида, холос. Айниқса, бугунги кунда замон эврилишларини фикрий илғаб ололмаган киши янгиланишлар “оёғи остида” қолиб кетмоқда. Бундай мавжудотдан эса ҳар қандай куч истаган шаклидаги қуролни ясаб олиши мумкин. Худди шу маънода айтиш мумкинки, терроризм жаҳолатнинг қуролидир. Бугунги жаҳолат – дунёга бешинчи аср ҳижоби ортидан мўралаётган фикрдир.
Бугун терроризмга қарши ҳам ҳарбий, ҳам маърифий ҳаракатлар бошланган. Аслида ҳар қандай уруш инсониятнинг ютқизиғи. Афсуски, бу можаролар замирида бошқа бир ютқизиқнинг шарпалари ҳам кезиб юргандек. Бу ҳам бўлса муқаддас дин номидан бошқаларга фатво бериш ва қўлига қурол олиш ҳолатидир. Биз бугун нақадар аччиқ бўлмасин бир ҳақиқатни тан олишга маҳкуммиз. Асосан бугунги терроризм муқаддас Ислом дини танасидан чиққан чипқондир. Ваҳоланки, ҳар қандай дин жаҳолатга қарши реакция! Ислом дини ҳам ана шундай реакциялардан биридир. У ҳам адолатсизликнинг ҳар қандай кўринишига мухолиф. Шундай экан, ҳамма замонларда ҳақ билан ботил ўртасида бўлиб келган Ислом дини бу сафар ҳам ўз адолатини намоён қилиши шубҳасиз.
Аслида ҳеч қандай ғоя осмондан тушмайди. У ерда пайдо бўлади. Ердан униб чиқаётган ҳар қандай гиёҳ нимадандир озиқлангани каби ҳар қандай ғоя ҳам нимадандир озиқланади. Бугун ана шу ғайриинсоний ғояларни “озиқлантираётган” манбаларни топиш мавриди келди. Шундай экан, ўзини Ислом динидек озода либосларга ўраётган терроризм балосига ҳар томонлама зарба беришимиз ва бу ишда барча фуқароларимиз қаторида, айниқса, диншунос олимларимиз, улаомларимиз кўпроқ жонбозлик кўрсатишлари лозим бўлади.
“Ҳуррият” газетасида чоп этилган.