Тарихимизда ўтган алломаларимиз тўғрисида ҳужжатларга таяниб, улардан иқтибослар келтириб асар яратиш тажрибасини, адашмасам, академик Азиз Қаюмов домла бошлаб берди. Олимнинг “Ажойиб кишилар ҳаётидан” туркумидаги “Абу Райҳон Беруний” ва “Абу Али ибн Сино” қиссалари ўзбек адабиётидаги шундай хусусиятга эга илк асарлар. Машҳур тарихчи Бўрибой Аҳмедовнинг “Амир Темур” романи тўлиғича ҳужжатлар асосига қурилган. Хуллас, бугунга келиб ўзбек адабиётида ҳужжатли прозанинг, илм кишилари томонидан яратилаётгани боис, “олимлар насри”, деб номлаш мумкин бўлган ўзига хос бир кўриниши юзага келди. Бу асарлар ўқувчиларнинг кўнгли, сезимларига қараганда кўпроқ тафаккурига таъсир кўрсатиш ниятида ёзилганидан уларда турли-туман тарихий, маърифий ҳужжатларга таяниш устуворлик қилади. Демак, ҳужжатларга асосланиб яратилган, бадиий образ тасвиридан кўра илмий-маърифий маълумотларни бериш бирламчи ўрин тутадиган асарлар сираси юзага келди.
Кўринадики, янги эстетик ҳодиса пайдо бўлди. Энди ана шу ҳодиса замиридаги қонуниятни топиш ва бу ижодий ҳодисага доир тенденциялар хусусида фикрлашиш лозим бўлади. Истиқлолдан кейинги йилларда Пирмат Шермуҳаммедовнинг “Буюк Хоразмий” (1994), “Хоразм маликаси ёхуд Амир Темурнинг келини” (2006), “Мирзо Улуғбекнинг қизи ёхуд Робия Султонбегим қиссаси” (2008), “Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати” (2009), “Яхшилар баҳори ёхуд Маҳмуд Замахшарий даҳоси” (2010) сингари асарларнинг дунёга келишиёқ ушбу маърифий-эстетик ҳодисаларни илмий-эстетик жиҳатдан изоҳлаб, шу йўсиндаги битикларга баҳо бериш хусусида ўйлаб кўришни тақозо қилади.
Ҳар қандай ҳужжатли насрий асар қаршисида унинг компилятив битик бўлиб қолиш хатари туради. Чунки ҳужжатли проза муаллифи турли манбалардан йиғилган ҳужжатларга таянади ва улар билан иш кўради. Агар у ҳужжатларни бадиий мақсадига бўйсундира олмай, уларнинг етовига тушиб қолса, турли ҳужжатлардаги маълумотлар бир-бирига қуралган, янги компиляция қилинган битик юзага келиб қолиши мумкин.
Ҳужжатли наср тарихий шахс, тарихий ҳодиса ёки ижтимоий воқеликни тўлиғича ёки қисман ҳужжатли материалларга таянган ҳолда бадиий тадқиқ этишга қаратилади. Кўринадики, бадиийлик ҳужжатли наср учун ҳам энг асосий ва бирламчи белгидир. Айни вақтда, у соф бадиий насрдан бадиий тўқиманинг минимал ҳолатдалиги, таянилган ҳужжат ва тарихий маълумотларнинг ўзи муҳим ижтимоий қимматга эгалиги, қаҳрамонлар табиатидаги ўзига хос белгиларни кўрсатишга ортиқча уринилмаслиги билан ажралиб туради. Шунингдек, ҳужжатларга бадиият нуқтаи назаридан ёндашилгани, ҳаётий далиллар тарихий истиқболда кўрсатилгани, қаҳрамонларнинг кейинчалик нечоғли машҳур бўлганининг тасвири берилиши жиҳатидан ҳужжатли наср журналистикадаги ҳужжатли мақола ва очерк, фандаги илмий тадқиқот ҳамда балиий адабиётдаги тарихий насрдан фарқланиб туради. Ҳужжатли насрда персонажлар ифодасига бадиий тасвир талаби асосида ёндашилса-да, ҳужжатларга суяниш, унинг теран илмий талқинини бериш ва фақат мавжуд материаллар доирасида бадиий тадқиқ этиш лозим бўлганидан ундан тарихий ва илмий аниқлик талаб этилади.
Таъкидлаш керакки, ҳужжатли насрга хос хусусиятлар, унинг жанр белгилари, тасвир тамойиллари, мавзу йўналиши, ифода воситалари каби бир қатор назарий масалалар адабиётшуносликда илмий жиҳатдан етарлича ўрганилмаган. Юқоридаги мулоҳазаларни ўзбек ҳужжатли насри ҳақидаги илк илмий кузатишлар, дейиш мумкин.
Пирмат Шермуҳаммедов ўзи ёзган ҳужжатли насрий асарлар жанрини “рўмон-бадеа”, “бадеа-роман”, “илмий-маърифий роман”, “илмий-маърифий қисса” тарзида белгилайди. Аслида ҳужжатли насрнинг бу намуналарида деярли бир хил тамойилларга амал этилган бўлиб, тасвирда ҳужжатларга таяниш етакчилик қилади. Албатта, бирор асарнинг қайси жанрга мансублигини, биринчи навбатда, ёзувчининг ижодий нияти белгилайдию, аммо муаллиф жанрга хос белгиларни ҳамиша ҳам тўғри тайин эта олмаслиги, бу эса ўқувчиларни чалғитиши мумкин. Шунинг учун ҳужжатли насрнинг жанрий мансублигини тўғри белгилаш адабиёт учун катта аҳамият касб этади.
Ҳужжатли прозада асосий эътибор қаҳрамондан ташқаридаги нарсалар: материал ва ҳужжатга қаратилиши лозим бўлади. Образли қилиб айтганда, ҳужжатли насрда сабаб оқибатдан келтириб чиқарилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, П.Шермуҳаммедов қаламига мансуб ҳужжатли наср намуналарининг жанрини “маърифий қисса” ёхуд “ҳужжатли қисса” тарзида белгилаш ҳақиқатга мувофиқ бўлади. Ўрни келганда, “роман” деб аташ билан бирор насрий асарнинг савияси кўтарилиб қолмаганидек, “қисса” дейилиши туфайли тушиб ҳам кетмаслигини таъкидлаш жоиз.
Пирмат Шермуҳаммедов тарихнинг ғоят сирли, бундан жуда кўп замонлар олдин юз берган воқеаларини бадиий тадқиқ этишни хуш кўради. Аммо аёнки, ундай даврларга доир ҳужжатли маълумотлар жуда ҳам кам. Айни жиҳат ушбу муаллифнинг ҳужжатли насрига хос яна бир белгини тайин этади: асл ҳақиқатни ойдинлаштирувчи ҳужжатлар кам бўлганидан ёзувчи хаёлотга, бадиий тўқимага муносиб ўрин беради. Айни вақтда ёзувчи тасвир фокусидаги тарихий шахсни уни қуршаб турган воқеликни кўрсатувчи ҳужжатлардан узмаган ҳолда текширишни истайди. Натижада, ижодкор хаёлотини бир ҳужжатдаги маълумот билан бошқасини боғлаш, мувофиқлаштириш мақсадида йўналтириш зарурияти пайдо бўлади.
Пирмат Шермуҳаммедовнинг ҳужжатли прозасидаги тарихий шахслар нафақат Туркистон, балки жаҳон тарихида қанчалар машҳур ва қомусий билимга эга даҳо кишилар бўлмасин, улар ҳамиша ватанга интилган, уни қўмсаган, жаҳоний шону ва шоҳона мулку давлатдан кўра отамакон бағрида яшашнигина эмас, балки ўлишни ҳам саодат билган, кўпинча шунга эришолмаганидан армонда кетган зотлар сифатида тасвирланади. Муаллифнинг маърифий қиссаларига хос яна бир қирра, менинг назаримда, уларнинг номланишида парцелляцияга амал қилинганидир. Парцелляция асарнинг “Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати” тарзида икки бўлиб номланиши ва номнинг бир қисми иккинчисига изоҳ вазифасини ўташидир. Парцелляция йўсинида номлаш муаллифнинг шунчаки бошқачароқ кўринишга уринишидан иборат истак бўлиб қолмай, бадиий тасвирда асосий эътибор нимага қаратилганига ишора қилиш орқали ўқувчини муайян бадиий мақсадни илғаб олиш сари йўналтиришга ҳам хизмат қилади.
Адиб давр нуқтаи назаридан бир замон ва яқин маконда умр кечирган тарихий шахсларни бир-бирига дахлдор қилишга, уларни учраштириб, тарихий шахсиятларни бир-бирларининг назари билан кўрсатишга уринади. Шу боис Замахшарийни Нозомулмулк, Ғаззолий, Умар Хайём, Хоразмийни Бухорий, Фарғоний билан учраштиради ва бунинг учун бадиий, ҳаётий сабабларни топа билади. Муаллиф йирик шахсга хос жиҳатлар ўзга бир йирик шахсият нуқтаи назари билан ҳам кузатилса, тасвир асосли, эстетик тўхтамлар салмоқли бўлишини кўзда тутади.
Ёзувчи ҳужжатли наср турида, бадиий-тарихий йўналишда, маърифий қисқа жанрида бешта асар яратиб, муайян тажриба тўплагач, 1994 йили ёзган “Буюк Хоразмий” рўмон-бадиасини тубдан қайта ишлаб, “Муҳаммад Хоразмийнинг сўнгги манзили” номли маърифий қиссага айлантирди.
Ёзувчининг олдинги маърифий асарларида тарихнинг шахсиятга кўчган манзарасини чизишдан кўра, илмий ҳодисанинг тарихи, мазмуни ва қамровини кўрсатишга уриниш устувор эди. Пирмат Шермуҳаммедов ҳужжатли насрининг деярли барча бош қаҳрамонлари илму фандан бўлак нарса билан иши йўқ инсонлар сифатида тасвирланар, уларда на бошпана, на оила, на фарзанд борлигига урғу бериларди. “Муҳаммад Хоразмийнинг сўнгги манзили” асарида улуғ олим уй-жойли, оилали, бола-чақали, тириклигидаёқ дунё таниган, суҳбатига ташна бўлганлар саноқсиз аллома, ҳукмдор саройида эътиборга эга амалдор, айни вақтда ғурбатдан, ватан соғинчидан озурдажон инсон, юртига қайтиш орзусини на аёли ва на фарзандларига зўрлаб тиқиштиришни истамайдиган, айни мана шу сабаб фожиаси янада кўламли бир шахс сифатида кўрсатилганининг ўзидаёқ муаллифнинг тасвирлаш тамойилларида муайян ижобий силжишлар бўлаётгани кўринади.
Бу асар адибнинг 1994 йили босилиб чиққан “Буюк Хоразмий” рўмон-бадиаси билан солиштирлганда, муаллифнинг ҳужжатларни саралаш, уларни текшириш, маъно чиқариш, тўхтамга келиш борасида жиддий тадрижий йўлни босиб ўтгани сезилади. Агар рўмон Муҳаммаднинг туғилиши билан бошланган бўлса, “Муҳаммад Хоразмийнинг сўнгги манзили” маърифий қиссаси кекса олимнинг ҳамишалик армони бўлмиш ота юрт Хоразм сари сўнгги йўлга тушиши билан бошланади. Алломанинг онаси, яқинлари, шогирду сафдошлари образлари тасвири ҳам тамомила янги тамойиллар асосида амалга оширилган. Қиссадаги чинакам бадиият намунаси бўлган: “Куз фаслининг сўнгги кунлари… Ҳаво нам. Ўрикларнинг барглари қизариб, терак япроқлари сарғайган. Майсалар шудринг билан қопланган. Дайди шамол хазонлар билан ўйнашади…
Бағдоднинг жануб қисмида жойлашган Қатраббул қўрғони… Ҳамиша меҳмонлар билан гавжум бўлиб турадиган кенг саҳнли, тош деворлар билан ўралган ҳовли бугун сукунатга чўмган. Токчаларда ёнган шамчироқларнинг шуълалари Шероз гиламларининг нақшлари билан ўйнашиб, турли манзаралар ясайди” сингари тасвирлар тасаввурни конкретлаштирибгина қолмай, ҳолатни, вазиятни ўқувчи кўз ўнгида жонлантира олиши билан ҳам қимматга эга чизгилардир.
Айтиш керакки, қиссада аксар тўқима персонажларнинг табиати, уларнинг феъл-атворлари анча теран очилган. Қисса муаллифи Хоразмийни кўпроқ ҳужжатларга таянган ҳолда кўрсатишга интилади. Аммо баъзан бу таомилга риоя қилмай, тасаввурига эрк бериб, “Аллома умрида биринчи бор булутларни оёғи остида кўрди. Бу тушунтириш қийин бўлган ажабтовур ҳолат эди. Баайни борлиқнинг турмуш икир-чикирларига ўралашган танаси пастда қолган-у, юксакда фақат унинг абадий руҳи учиб юргандай…” каби тасвирлар ёрдамида алломанинг оддий кишилар каби сезимларга эга шахс эканини кўрсатади.
“Муҳаммад Хоразмийнинг сўнгги манзили” асари бир қатор фазилатларга эгалиги билан ўзбек ҳужжатли насрининг яхши намуналари қаторидан жой олишига умид қилган ҳолда, асарда бир қатор тасвирий, ифодавий камчиликларга йўл қўйилганидан кўз юмиб бўлмаслигини ҳам таъкидлаш лозим. Чунончи, асарда китобхонга маълумот берадиган, унинг ақлига таъсир кўрсатадиган жиҳатлар кўп бўлишига қарамай, ўқувчининг кўнглига таъсир кўрсатиб, сезимларини мувозанатдан чиқаришга хизмат қиладиган, эстетик реакция уйғотишга туртки бўладиган тасвирлар камроқ.
Таниқли ёзувчи Пирмат Шермуҳаммедовнинг “Муҳаммад Хоразмийнинг сўнгги манзили” сингари маърифий қисса ва романлари улкан истеъдод ва тинимсиз меҳнат одамни юксалтиришини, аммо инсон ўзга маконларда нақадар улуғланмасин, ўзининг сўнгги манзили, кўнглидан жой олган макони бўлмиш Ватанига интилаверишини бугунги глобаллашув гирдобида яшаётган замондошларимиз руҳиятига сингдиришга хизмат қиладиган асарлар экани билан катта аҳамият касб этади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 11-сонидан олинди.