Ёса Бусон (与謝蕪村) япон шеъриятида хоккунависликнинг пири комили ҳисобланган Мацуо Басёдан кейинги ўриндаги улуғ шоирдир. У 1716 йилда Осака шаҳри яқинидаги қишлоқларнинг бири – Кемада дунёга келган. Унинг отамерос фамилияси Танигути бўлган. Онаси Ёса деган жойдан бўлгани учун у Ёса Бусон тахаллусини олган деган нақл мавжуд.
Тахминан 17-19 ёшларида у хоккунавислик ва тасвирий санъат сурларини эгаллаш мақсадида Эдо (бугунги Токио) шаҳрига бориб, ўша даврнинг машҳур шоирларидан бўлган Хаяно Хадзинадан сабоқ олади. Устози вафот этгач, Ёса Бусон Эдони тарк этиб ўн йил давомида Японияни кезиб чиқади. Кейинчалик Киото шаҳрида қўним топиб,олимигача шу ерда яшайди. Ўтган вақт мобайнида у нафақат етук шоир, балки моҳир мусаввир сифатида ҳам ном чиқаради.
Ёса Бусон шеър ёзиш санъати улуғ Басё ўлимидан кейин таназзулга учраган бир пайтда яшаб,ижод қилди. У Басёнинг шеърий рунини жонлантиришга киришди ва бу йўлда катта муваффақиятларга эришди. Шоирнинг мероси “Етти шеър китоби” номи билан машҳур.
Ёса Бусон 1783 йилда Киотода оламдан ўтган.
* * *
Шабнам тушди саҳарга яқин.
Тоғолчанинг тиканкарида
Шода-шода марварид порлар.
* * *
Қуйиб берди шаррос ёмғир!
Чумчуқчалар галаси
Қўнган ўтлар чайқалар.
* * *
Зерикарли баҳор кунлари.
Мен эса яна
Ўтмиш ёди билан сармастман.
* * *
Деҳқон кетмон чопмоқда.
Боғ орти – саждагоҳдан
Қўнғироқ саси келар.
* * *
Сарҳадсиз денгиз ёқда
Баҳор қуёши порлар.
Тоғларда олча гуллар.
Олис қишлоқда
Ўткинчи савдогарнинг
Ортидан ит акиллар.
Шафтоли гуллаётир.
* * *
Ёсинода ўғри йўқ!
Гуллаган олча шохин
Ўғирлаб олмас ҳеч ким.
* * *
Баҳор ҳам кетаётир…
Фақат кетгиси келмас
Кечиккан олча гули.
* * *
Оғир,чўян қўнғироқ.
Унинг тилига қўниб
Қотиб турар капалак.
* * *
Тўрт ён шумғиё гули.
ғарбда кун ботаётир,
Шарқдан ой чиқаётир.
* * *
Олисларда,тоғ чўққисида
Оқариб кўринар кўҳа бир қалъа –
Сабза барглар қуршаган уни.
* * *
Булбуллар саси ила
Қучоғи тўла баҳор
Кунлари ўтиб кетди.
* * *
Сандални қўлга олиб
Сокин ёз жилғасини
Кечмоқ қандай ёқимли.
* * *
О,қандайин бедодлик!
Саллагуллар гуллабди
Мен кирмаган жомеда.
* * *
Салқин шабада эсар.
Қўнғироқни тарк эта
Сузар оқшомги жаранг.
* * *
Ой нури бунча порлоқ!
Мен билан тўқнашаркан,
Кўр қаҳқаҳлаб кулади.
* * *
Қароқчилар бошлиғи.
Ҳатто у шундай тунда
Ой ҳақда қўшиқ битди.
* * *
“Бўрон яқинлашмоқда!” –
Йўлим тўсган қароқчи
Хатардан огоҳ этар.
* * *
Титраб кетдим: ётоқда
Босиб олдим марҳума
Хотинимнинг тароғин.
Хуршид Даврон таржималари
* * *
Буталар тикони ёноқларига
Исирға бўлиб
Шам тушди.
Рус тилидан Абду Наби таржимаси
* * *
Масъум атир!
Гуллаган олхўри новдаси
Ажин босган қўлларда.
* * *
Тутунга бурканган ой…
Қурбақалар лойқалатди ҳовузни.
Қайда сув? Қайда осмон?
* * *
Ой нури Ғарбга қараб
Кезар. Гуллар сояси
Шарққа қараб юради.
* * *
Ит ҳуради қаттиқ
Остонада савдогарга.
Шафтолилар гуллаган қийғос!
* * *
Мана, қутилардан чиқдингиз…
Наҳот, қиёфангиз унута олсам?
Бир жуфт байрам қўғирчоғи.
* * *
Оғир қўнғироқ.
Унинг пўлат гардишида
Мудрар капалак.
* * *
Ёз туни қисқадир!
Капалак ғумбагида ялтираб кетди
Тонгги шудринг томчиси.
* * *
Атрофда сариқ гуллар.
Ғарбда қуёш ботади.
Шарқда эса ой туғар.
* * *
Тошиб келган тўлқинлар
Кўк қарқара оёғин ювар.
Кунботар шабадаси.
* * *
Тепаликка чиқдим мен,
Кўнглимга ғам тўлди, не бўпти?
Ана, гуллаб ётар наъматак!
* * *
Фудзияма чўққиси фақат
Пойидаги ёш япроқларнинг
Тепасидан тупроқ тортмайди.
* * *
Тош йўнади тоштарош!
Оловли учқунлар
Дарё бўйлаб сузади.
* * *
Икки ёки уч дона япроқ
Бир-бирининг устига тушди…
Саллагуллар учади.
* * *
Бир тутамсан, ёз туни!
Қамишзорлар орасидан
Сузар енгил кўпиклар.
* * *
Икки монах-қароқчи кураш
Тушмоқ учун бир-бири билан
Ўт ичига кўмилиб кетар…
* * *
“Мана, сизга совға хонбалиқ!”
Дея тун ярмида балиқчи
Дарвозани тақиллатади.
* * *
Изғирин уфурар тун!
Ўз соямни босаман
Дарё қирғоғи бўйлаб.
* * *
Салқин шабада.
Қўнғироқдан учиб чиқиб
Таралади кечки занг.
* * *
Қишлоқдаги эски қудуқ.
Сакраб пашша тутди балиқ…
Зулмат шалоплади тубанда.
* * *
Шиддатли дўл ёғар!
Тармашади зўрға майсага
Қарғаларнинг галаси.
* * *
Шундоқ йўлнинг бўйида
Очилдилар тунги ёмғирда
Ташландиқ чинни гуллар.
Турсун Али таржималари
***
Ёғду сочди ой!
Кўр туртиниб кетди мен билан
Ва кулди у…
***
Қароқчи қўрбоши ҳам
Шундай тун ой ҳақида
Қўшиқ тўқир, эҳтимол!
Рауф Парфи таржимаси