Се Ань

НАСТАРИН ЧОРБОҒИ

* * *

Қадимги донолар
давридагидек
Бизлар ҳам
навбаҳор сайрин истадик.
Қирлар, адирларга
талпинди юрак,
Бойчечак қидирдик,
лола изладик.

Дарахтлар осмонга
бўй чўзди бирга,
Яйловлар тўшалди
яланғоч ерга.
Булутлар ўрлади
кўкка тутундек,
Пилдираб музларни
эритди жилға.

* * *

Фаровон кунларга
айлаб шукрона,
Ёнма-ён ўтирдик
жам бўлиб яна.
Осмонни тўлдириб
булутлар кўчди,
Шамол қанотлари
қайиқни қучди.
Чорбоғда биз
шароб ичиб қувондик,
Буюк Фу Си ҳамда
муҳтарам Тандек.
Дунёда ҳамманинг
қисмати бирдир –
Хоҳ гўдак боладир,
хоҳ қари чолдир.

Рус тилидан Турсун Али таржимаси.