Бо Цзюйи (白居易, бошқа тахаллуслари: Бо Лэтянь 白乐天, Бо Сяншань 白香山) — Тан давридаги хитой шоири. Бо Синцзяннинг акаси. Хэнан шаҳрида туғилган. Тайюань шаҳрида яшаган. Уни “Самовий Бо” деб аташган. Сабаби шоир ижоди қадимги Хитой лирик шеъриятининг энг юқори чўққиси, деб баҳоланган.
ҒАМГИН МУСОФИРГА
Ёмғирдан зах тортган заминнинг бағри,
Соҳилда мажнунтол эгилган хомуш.
Изғирин эринмас, қорни дараклаб
Кўкда чинқиради адашган оққуш.
Қирғоққа қўнаркан мусофир ғамнок,
Олис йўл олдидан тин олмоқ бўлди.
Сувўтларни ювар дарё, соҳилда
Қайиқ қучоғига тўлиной тўлди.
ЭСИЗ, ГУЛЛАР…
Кузги гуллар, э-воҳ, кечиккан гуллар…
Айни очилганда чиройли, нафис.
Бир кечада ногоҳ узилди, сўлди
Беаёв шамолнинг илкида, эсиз!
Тонгда нохуш сезди ўзин зарғалдоқ,
Қадрдон маконин йўқлашга борди.
Бу не ҳол? Йиғлади-сиқтади зор-зор,
Фарёди яланғоч шохларда қолди.
ЧИРИЛДОҚЛАР ГУРУНГИ
Қаердадир чирилдоқлар бошлар гурунг,
Калавадек чўзилгайдир тун хотиржам.
Рутубатли куз ғазабга миниб баттар,
Ёмғир билан таҳдид қилар кўк юзи ҳам.
Ғуссаларга берилмоқдан балки қўрқар,
Бир лаҳзага кипригимга қўнса ғафлат.
Кўчиб ўтди ёнгинамга… чирилдоқлар,
Давом этди тун бағрида қизғин суҳбат.
Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржималари