Вазир Оға (وزیر آغا) – шоир ва ёзувчи, эссенавис, Лаҳорда нашр қилинган адабиёт журнали муҳаррири. Унинг кўплаб шеърий ва адабий танқид ҳақидаги китоблари нашр қилинган. Покистоннинг замонавий шоирлари Вазир Оғани устоз сифатида эъзозлашади. У Нобель мукофоти номинанти бўлган.
ЧАНГАЛЗОРДАГИ ҚУШЛАР
Чангалзорда яшашдан зериккан қушлар
Сўз парчалари каби кўтарилар самога
Учадилар юксаклардан юксак бир жойга –
Жаннатга томон,
Оҳиста қўнарлар қуёшга, ойга.
Сочилиб тўкилар қушлар
Майдалаб туйилган ҳарфларнинг
ушоқларидай.
Ва яна жамланар
манглайда тақдирнинг
битикларидай.
Биз эса, одам эмас, йўқ,
нотавон жонзотлар.
Гўё жойланган
вужуд халтасига
қабр туғлари.
Гўёки кулол чархининг овозларидан
Сопол каби вужудга келган
Туман буғлари.
Гўё ялангоёқ арвоҳлармиз
чангалзорда чўғланиб турган
кўмирлар узра
юриб бораётган.
Гўёки ҳавонинг енгил титроғи
Кулни кулга қўшган
Кулдай тупроғи.
Рус тилидан Азиз Саид таржимаси